1987 йилда туғилган. “Келажак овози” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлган. Шеърлари ва ҳикоялари даврий матбуотда мунтазам чоп этилмоқда.
* * *
Менинг кўзларимда жўш урар севинч,
Бошимга бахт қуши қўнди, биродар.
Яшамоқ, гулламоқ келди имкони,
Бизнинг давронимиз осмонга қадар.
Шу улуғ заминда энг буюк неъмат,
Эркинлик демакдир, осуда яшаш.
Ором топар бунда боболар руҳи,
Ватан меҳринг худди қуёшга ўхшаш.
* * *
Ким бўлибман, сизни севишга,
Сизни севсин: Фарҳод, Мажнунлар.
Ҳаққим йўқдир, ёрим дейишга,
Сочингизни эркалар тунлар.
Мен – бир оддий, содда боламан,
Сиз – самода порлаган юлдуз.
Сиз – бутун борлиқнинг маликасисиз,
Мен эса яшадим, тунларда ёлғиз.
Охири йўқ соғинчман балки,
Тўфондайин учади дардлар.
Сизга бориб – етмай, қайтади,
Ой нуридан битилган хатлар…