Табиатда ҳеч бир нарса соф, кристал ҳолатда учрамайди. Хусусан, ёруғликни олайлик. Тун бағридан ёруғлик сизиб чиққани сингари, ёруғлик оғушида туннинг қорамтир сояси аста-секин бўй тортади. Ҳар куни кўравериб ўрганиб қолганимиз — тундан кейин тонглар отиши, кундузнинг охири қоронғу кечаларга уланиб кетиши, Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, такрорланади. Бу табиатнинг ёзилмаган қонуни. Табиатнинг сеҳрли мўъжизаларини қарангки, иссиқ билан совуқ, кун билан тун бир-бирини инкор қилади. Лекин, айни пайтда, ана шу жараёнда бири иккинчисидан қувват олади, бири иккинчисига таянади.
Табиатдаги зиддиятларнинг юзага келиш, намоён бўлиш шакл-шамойилларининг жамият ҳаётига, инсон тириклигига кўчиб ўтган ҳолатлари, кўринишлари маъносини бадиий идрок ва ифода этиш сўз санъаткорининг азалий ва абадий изланишлари меҳварини белгилаб келмоқда. Табиат — жамият — инсон ҳаётидаги зиддиятлар — шодлик билан қайғу, озодлик билан зулм моҳиятини бадиий умумлашмаларда тажассум этиш адабиётнинг етакчи мавзуларидан биридир. Барча замонларда ижодкорлар эътибори инсон ҳаёти, фаолияти жамият тараққиётини белгилаб берувчи беназир қадрият эканлигини ижтимоий-фалсафий йўсинда намоён этишга, тасдиқлашга қаратилган.
Дарҳақиқат, “Ҳолбуки, тун”, “Офелиянинг ўлими”, “Пушкин”, “Ўзбекистон”, “Бахт тўғрисида”, “Дунё гўзал кўринар сенга”, “Тинимсиздир ёлғиз шаббода”, “Ўлка”, “Тунни излаш”, “Ўрик гуллаганда”, “Мизимта дарёси”, “Ишим бордир ўша оҳуда”, “Хаёлимда бўлдинг узун кун”, “Чимён эсдаликлари”, “Энг гуллаган ёшлик чоғимда” сингари XX аср ўзбек лирикаси классикасини ташкил этган бадиий баркамол шеърлар, “Она”, “Роксананинг кўз ёшлари” балладалари, “Ойгул билан Бахтиёр”, “Семурғ” поэмалари, “Муқанна” тарихий драмаси, адабиёт тарихи, халқ оғзаки ижодига оид тадқиқотлари Ҳамид Олимжон закосини белгилаб беради.
Тўғри, унинг ижодида замонасозликка берилган шеърлар, сатрлар ҳам учрайди. Улар шоирнинг ижодий изланишлари эволюциясидаги тафаккур эврилишлари сифатида, ижодининг турли даврларидаги бадиий тафаккур табиатини, динамикасини ўрганиш тариқасида муҳим аҳамият касб этади.
Ҳамид Олимжон ижодини бахт ва шодлик куйчиси сифатида таърифлаш, баҳолаш илмимизда русум бўлиб келди. Қувонч, бахтиёрлик шоир шеъриятининг бадииятини белгиловчи муҳим унсурлардан бири, деб қаралади. Айни пайтда, унинг шеъриятида, хусусан, лирикасида фожеликни бадиий пафоснинг бошқа кўринишлари билан муқоясада кузатиш, шоирнинг бадиий онгига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бири сифатида ўрганиш образлар системасининг бетакрор ўзига холислигини ёритиш имконини беради. Худди, ёруғликнинг ортида қоронғулик кўланка ташлаб тургани сингари бахт ва шодликнинг сим-сим томирларида ўкинчга чўмган тун шарпасини пайқаш қийин эмас.
Ҳамид Олимжон шеъриятида туйғу-кечинмалар драматизми, гўзаллик ва хунуклик талқинлари маҳзун оҳанглар билан қоришиқ ҳолда воқе бўлади. Ушбу ҳол, хусусан, бадиий пафоснинг турфа кўринишлари билан алоқадорликда намоён бўлиши фожеликнинг типологик хусусиятларини аниқлаш имкониятини ҳам юзага келтиради.
Тун саҳарларда бир гўзал юлдуз
Ўтнинг учқунлари каби учар, ёлғиз…
Кўлкасин акс этар севинчларнинг
Гул-баҳор қўйнида кундуз —
деб ёзади шоир 1928 йили битган “Бир нашъа” шеърида.
Қиш чолар чолғисин, эсар еллар,
Кўк ва ерларда қор — кулар, ўйнар.
Наҳот эй воҳ!… Кўринмагич йўллар
Ёш ҳаётим баҳор куйин куйлар —
дейди “Баҳорни соғинганда” шеърида.
Эътибор берсак, шоирнинг 20-йиллар ўрталари ва охирларида битган мазкур шеърларида тун образи ёлғизлик, йўлсизлик мотивларини, ғояларини ёритишга хизмат қилаётир. Ҳатто тун саҳарлардаги лирик қаҳрамоннинг севинчлари кўланкасини акс эттираётир. “Баҳорни соғинганда” шеъридаги қиш тасвири ижтимоий ҳаётга ишора бўлмаганда бунчалар таъсирчан маънодорлик касб этмасди. Хусусан, изғирин, совуқ еллар қаҳратон қишнинг нағмаси, қўшиғи. Еру кўкда қор қуюни кулиб ўйнайди. Гўё борлиқ, ҳаёт муз қотгандек. Ана шундай музтариб ҳолатда лирик қаҳрамонга ҳаёт йўллари аниқ кўринмайди. Ана шу ўй-кечинма лирик қаҳрамон вужудини қиш кечасидек дийдиратади.
Шу боисдан, лирик қаҳрамон баҳорнинг тезроқ келишига интиқ. “Эй баҳор, кел, очил ва дилбар кул! Ёш кўнгил танларингдан ўргилсин. Дала, қир бағрингни-да безатсин гул. Ҳур табиат ипак кийим кийсин”, дея кўнгли ҳалак. Баҳорни қучиб ўпишга, сўнгра булоқ, сув бўйларида — гўзаллик қўйнида эркаланиб ухлашга орзуманд.
Ҳамид Олимжон шеъриятида олам ва одамнинг уйғунлиги фалсафаси, ҳаёт ва унинг боқийлиги инсоннинг борлиги билан гўзал, нашъали, деган концепция етакчилик қилади. Ана шу фалсафий ғояни бадиий талқин қилишда тун ила тонг, қоронғулик билан ёруғлик, боқийлик ва онийликнинг узвийлиги, боғлиқлиги, гармонияси бадиий тасдиғини топади.
Дунё гўзал, нечунким унда,
Сенинг билан биз бормиз доим.
Унда одам қолмаган кунда,
Бошланажак “қиёмат-қойим”.
Дунёнинг азалий ва абадийлиги оғушида инсон умри капалак умри мисол онийлиги лирик қаҳрамон юрагига титроқ солади. Бироқ ҳаётга муҳаббат, тириклик завқи унинг қалбини тарк этмайди.
Ҳаёт беҳад гўзал, ундан узилиш, айрилиш хаёли лирик қаҳрамон туйғулари талқинидаги маҳзун оҳангларни кучайтиради. Ўлимни ўйлаганда ҳамиша юрагим орқага тортиб кетади, дейди у, ”Ва босади муздек совуқ тер, сесканаман, ғамим ортади”, дея дилида кечаётган кечинмалар бўҳронининг суратини чизади.
Тириклик нашидасидан баҳрамандлик ҳисси, ҳаёт гўзаллигидан тўйиб-тўйиб қониқиш туйғуси шоир шеъриятида севги-муҳаббатни қадрлаш, гўзалликка садоқат, тирикликнинг қадрига етиш ғояларини кучайтиради.
Шоирнинг 20-йиллар ўрталари ва охирларидаги “Баҳорни соғинганда”, “Етим”, “Бир нашъа” сингари шеърларида тун ва тонг талқинидан юзага келган йўлсизлик, ёлғизлик ғоялари 30-йилларга келиб ҳаётсеварлик, дунё гўзалликларидан баҳрамандлик ғоялари билан ўрин алмашинганини кузатишимиз мумкин. Шунда ҳам, барибир, лирик қаҳрамон юрагида қўрқув ва ҳадик бор. Бу ҳол лирик қаҳрамонни умидсизликка, гўшанишинликка чорлаётгани йўқ. “Тупроқ узра қаттиқ курашиб, Дўст бўлармиз балки қабрда”, дейди у ўлимга қарата. “Кечир мени нозли малагим, Сени мақтай олмасим тайин. Сенга шунча чирой берган ким? Айтиб бергин, уни мақтайин”, дейди лирик қаҳрамон. Гўзалликдан баҳрамандлик ҳисси шоир шеърларида шодлик сафоларининг қатъий йўналиш касб этишини таъминлайди, дунёга янаям қаттиқроқ боғланиш, дунёнинг азалий ва абадий гўзаллигини туйиш, севиш, қадрлаш ғояларининг туғилишига сабабчи бўлди. “Ҳолбуки, тун”, “Офелиянинг ўлими”, “Мизимта дарёси”, “Ишим бордир ўша оҳуда”, “Тунни излаш”, “Дунё гўзал кўринур сенга”, “Тинимсиздир ёлғиз шаббода” сингари беназир классик шеърлар ана шу маънавий эҳтиёж, руҳоний зарурат тақозоси билан яратилди.
Лаҳзалар, сониялар, дамлар, кунлар ва тунлар, афсуски, ўткинчи, тутқич бермайди. Фақат лирик қаҳрамон кўзлари ўнгида суратланган ҳаёт гўзаллигининг бетакрор лаҳзалари, юрагига кўчиб ўтган завқли, тотли, серғулув нашъалар, туйғуларга айланган яшаш, тириклик сурури кўнгил мулкига айланади. Ана шу онийлик ва боқийлик ўртасидаги кескинлик лирик қаҳрамон кўнглида кечаётган туйғулар драматизмини, сокин изтироб тўлқинларини таъминлайди. Ҳамид Олимжон шеърларида лирик қаҳрамоннинг эмоционал ҳолатларини, ҳаётнинг шафқатсиз ҳақиқатлари қошида юрагини ҳовучлаб ҳаяжонга ботган дардли сурур завқларини суратлантириш устувор.
Шағирлайди бетиним дарё,
Шағирлайди ваҳм тўлган жар.
Шағирлайди қоронғу дунё,
Шағирлайди водий, даралар.
Бу шоирнинг шоҳ шеърларидан бири — “Ҳолбуки тун”нинг дастлабки сатрлари. Улар боқийликка айланган муаззам ҳаётнинг садолар тусини олаётган манзараси. Лирик қаҳрамон юрагида титроқ, ғулув, ҳаяжон. Сокин кечага шиддатли шовқин солиб гувиллаб оқаётган дарё бетиним шағирлаётгандек лирик қаҳрамон юрагига жойланаётир; онги-шуури, тасаввурида михланаётир; тубсиз жар ҳам унинг юрагига ваҳм солиб шағирлайди; зулматга ўранган сукунат борлиқни ўз садолари билан тўлдираётир. Водий, дараларда ҳам шағирлаган шовқин ҳукмрон. Шағирлаган садолар такрори тасаввуримизда таҳайюллар уйғотади. Шағирлаётган, шовуллаётган товушлар жим-жит қоронғу тунда ҳам тегирмон тошидек бир маромда давом этаётган, кечаётган залворли ҳаёт нафаси. Борлиқни маҳв этган сукунатнинг чўнг зарблари. Шағирлаган тун жаранглари лирик қаҳрамонга уйқу бермайди. Кўнглининг туб-тубида бир овоз бош кўтаради. Ҳолбуки тунда, одатда, бутун борлиқ ухлаши керак эди. Ҳориган, толиққан ер кўрпа мисоли осмонга ўраниб тин олиши зарур эди. Ваҳоланки, тунда ҳам ҳаёт дошқозони бўғриқиб қайнаётир. Лирик қаҳрамон сойга тушса, уни кўкка балққан ой қарши олади: “Нур ёғилди қоронғи жарга”.
Сутга чайилган оппоқ ойдин нур қоп-қора кечада лирик қаҳрамон билан бирга борлиқ узра одимлашга тутинади. Кўзларида учқунлар ёнади. Ерга эгилган ой зилол сув сатҳида жилоланади; Ой сувга сирдош, кўкдан тушиб сирларини сувга айтаётир. Қўнғир тош ҳам оппоқ ой нурига чўмилиб, ялтирайди.
Лирик қаҳрамон туйғулари тун товушларига ботиб, синиқиб қолаётгани йўқ. Сўник ва сўлғин ҳам эмас. Кечинмалари қартайиб, мункиллаб, қадди-басти обкашдек букилиб қолмаяпти. Яшаш бахти, тириклик сурури зулмат кечага жон бағишлаяпти; қоронғуликдан маъно — нур ахтаряпти, топаяпти. Ана шу ёруғликни ҳаётнинг сўнмас бокиралигига, синмас сафосига айлантириб кўнглимизга олиб киряпти. Дилимизнинг тўрига жойлаяпти. Шу боисдан ҳам, у кўзини тикса парқув булутлар зилол, тоза эпкини билан кўкдан сирғалиб тушади; қиёқ майсалар қулоғига булутларнинг долғали суронини, ва яна алланималарнидир шивирлайди.
Тикилганда кўзим қоғозга,
Қўлларимда титрарди қалам.
Қуршамишди уни ҳаяжон,
Бир интилиш, бир орзу бу дам.
Шағирларди осмон ва ҳаво,
Шағирларди бутун коинот.
Шағирларди дарёда ҳаёт.
Ҳолбуки, тун…
Ҳаво, сув, тупроқ, олов, нур — ҳаётнинг азалий ва абадийлигини таъминлаётган боқий қадриятлар. Уларга шунчалар гўзаллик мақомини берган, уларни улуғлаётган инсоннинг ўзи ҳам муҳташам бир қадриятдир. Унинг яшашга, ҳаётга, гўзалликка бўлган ишонч-эътиқоди беназир маънавий қадрият тариқасида бўй кўрсатаётир. Ҳаётнинг қоронғи кучлари ёнида ёруғликнинг ҳам боқийлигини тасдиқлаётган оппоқ нур мавжудлиги инсоннинг яшашга, келажакка бўлган ишончини орттиради, меҳр-муҳаббатини мустаҳкамлайди. Эртанги куни билан боғлиқ орзу-умидларига қанот бахш этади.
Борлиқ билан йўқлик, кун билан тун, шодлик билан ғам ҳаётнинг рангларга, кечинмаларга кўчган кўриниши. Улардан қандай маънолар излаш, уқиш ва англаш инсон закосига боғлиқ. Ҳамид Олимжон шеърларида ҳаётсеварлик туйғуларининг устунлиги ҳам шундан.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 51-сонидан олинди.