Инсоният пайдо бўлибдики, Она Заминда яшаб, унинг имкониятларидан фойдаланади. Кишилик жамиятининг ибтидосидан то бугунигача Ер ўз бағрида инсонларни асраб-авайлаб, ноз-неъматлари билан таъминлаб келмоқда. Турли даврлар, тарихий воқеаларнинг ягона гувоҳи ҳам Ердир. Чунки Замин башарият онаси саналади.
Аммо шуниси ачинарлики, биз ундан ўзимизга керагини олишни ўйлаяпмизу унга керагини беришни унутиб қўйгандекмиз. Аслида эса унинг ҳали келажак авлодларга ҳам хизмат қилиши лозимлиги ҳақида ташвиш тортишимиз зарур.
Ер авлодларга ҳам етиб борсин
Ниҳоят, жаҳон афкор оммаси Ер учун ҳам нимадир кераклигини англаб етганга ўхшайди. «Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди», деганларидек, Она Замин имкониятларининг чегараси бор, улар ҳам қачондир тугаши мумкин. Бу ҳақиқатни тан олмай иложимиз йўқ. Ана шундай муаммоли масаланинг халқаро миқёсда ҳал қилиниши Ер куррасидаги ҳар бир мамлакат ва унда истиқомат қиладиган аҳоли учун аҳамиятлилигини ҳисобга олган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2008 йилни – «Ер cайёраси йили» деб эълон қилди.
БМТнинг «Ер сайёраси йили»ни ўтказишдан мақсади – юзага келган муаммоларни ҳал қилиш билан бирга инсонларнинг сайёрамиз ҳақидаги турли билимларини ошириш, уни авлодларга хавфсиз, кучли ва гуллаб-яшнаган маскан ҳолида сақлаб, етказишдан иборат. “Ер сайёраси йили”ни ўтказиш асносида Ерда содир бўлаётган ҳодисаларни тўғри англаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, исрофгарчилик ва бузғунчилик ҳолатларининг олдини олиш каби жараёнларга дунё ҳамжамиятини сергаклантириш ҳам кўзда тутилган.
Учинчи мингйиллик «туҳфа»лари
Мана, башарият учинчи мингйиллик билан ҳамнафас равишда яшамоқда. Она заминимиз эса унга хизмат қилишдан тўхтагани йўқ. Лекин ундаги ресурсларнинг қанча муддатга етишини ҳеч ким билмайди. Шуниси аниқки, кейинги йилларда инсонларнинг Ердаги ресурсларга бўлган эҳтиёжи тобора ортмоқда. «Тҳе Тимес» газетасининг хабар беришича, охирги 20 йил ичида табиий ресурслардан фойдаланиш тезлиги «Инсониятни яшаб қолиш чегараси»га олиб келди. БМТ учун махсус ўтказилган экологик текширувлар натижаси шуни кўрсатдики, айни пайтда ҳар бир инсон учун сайёрамиз бера оладиган ресурс миқдорига нисбатан уч баробар кўпроқ талаб этилаётган экан. Кейинроқ бу кўрсаткич яна ошиши мумкинлигини ҳисобга оладиган бўлсак, юзага келган муаммо кўламини тасаввур қилиш қийин бўлмайди. Лекин шунда ҳам инсоният ўз эҳтиёжларини камайтиришни хаёлига келтираётгани йўқ.
Шунга ўхшаш турли ҳолатларнинг олдини олиш учун «Ер сайёраси йили» каби тадбирлар воситасида одамлар онгида Ерга бўлган меҳр-муҳаббат, ҳурматни уйғотиш шарт бўлади. Таҳлилларга кўра, табиатдан олинган маҳсулотларнинг ўрни тўлдирилмай қолаяпти. Масалан, ҳозирги пайтда дунёда ҳайвонларнинг 30 фоизи, қушларнинг 12 фоизи, сутэмизувчиларнинг 23 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Ҳар йили Ер юзидаги ҳар 10 та йирик дарёдан биттаси қуриб, 73 минг кв. км. ўрмон йўқолиб бораётгани ҳам маълум бўлди. Шунингдек, сўнгги 20 йил давомида ердан қишлоқ хўжалиги учун фойдаланиш 39 фоизга ошган.
2050 йилда янада кўпаямиз(ми?)
Бугун дунё бўйича барча давлатларни ташвишлантирган яна бир муаммо – Ер юзидаги аҳолининг кундан-кунга ортиб бораётгани бўлса керак.
Ер ўз имкониятлари билан инсоният эҳтиёжларининг 1/3 қисмини қониқтира олаётган бир пайтда дунё аҳолисининг яна кўпайиши замин тақдирига хавф туғдириши эҳтимолдан холи эмас. Кўпчилик дунё мамлакатларида туғилиш кўрсаткичи камайишига қарамай, 2050 йилга бориб, дунё аҳолиси ҳозирги 6,4 млрд.дан 8,4 млрд.га ошиши кутилмоқда.
Хитойликлар Ерни асраб қолмоқчи
Хитойда Ерни асраш учун пластик халталардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилди. Маълумки, полиэтилен маҳсулотлари узоқ вақт давомида (70-300 йил) чирийди ва бу билан табиатга катта зарар етказади. Шу боис хитойликлар энди пластик халталар ўрнига мато сумкалар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Табиатни ҳимоя қилиш учун мамлакат ҳукумати аллақачон чора-тадбирлар кўришни бошлаб юборган. Чиқарилган қонунларда белгиланишича, агар пластик халталарни ишлаб чиқариш тўхтатилса, Ер атмосфераси сезиларли тарзда тозаланади.
Кейинги йилларда дунёнинг кўп мамлакатлари, хусусан, Бангладеш, Сингапур, Тайван, Ҳиндистон ва Исроил давлатлари полиэтилен халталар ишлаб чиқаришни камайтирди.
Орол – Ер дарди
Ердаги турли ўзгаришлар биринчи ўринда экологияга таъсир ўтказмай қолмайди. Бунга мисол қилиб бир неча йиллардан буён бутун қитъа бўйича илгари суриб келинаётган Орол муаммосини келтириб ўтишимиз мумкин.
Осиё қитъаси учун энг катта экологик фожиа Оролбўйи ҳавзасидаги аҳволдир. Орол муаммоси бугун нафақат Қозоғистон ёки Ўзбекистон учун, балки бутун қитъанинг оғриқли нуқтасига айланди, дейиш мумкин. 1960-1995 йилларда Орол денгизи тахминан 1000 куб.км. миқдоридаги дарё сувларини қабул қилиш имкониятини йўқотган. Натижада 17 метрга пасайиб, унинг сатҳи 75 фоизга қисқарган. Денгиз тубининг қуриб бораётгани оқибатида унда кўп миқдорда ҳосил бўлаётган туз ҳамда чанглар турли касалликлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Оролнинг қуриб бораётганлиги атроф-муҳит атмосфераси ва экологиясини ҳам издан чиқарди.
Аҳвол шу даражага бориб етди-ки, Орол денгизи ҳавзасидаги экологик инқироз оқибатларини бартараф этиш бўйича халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдек муҳим масала БМТ Бош ассамблеясининг 48-сессияси кун тартибидан жой олди. Энди эса «Ер сайёраси йили»да ҳам бу муаммо янада кенгроқ тарзда ўрганилиб, керакли чоралар кўриш БМТ томонидан амалга оширилиши мўлжалланаётган тадбирлардандир. Орол муаммосининг нафақат қитъамиз, балки кейинроқ бутун сайёрамизнинг дардига айланмаслиги учун ҳам ушбу йилда зарур чора-тадбирлар кўриш ниҳоятда муҳимдир.
«Ер сайёраси йили»да «Экополис»
2008 йилда Испаниянинг Риоха провинтсиясида атроф-муҳитга зарар етказмайдиган дунёдаги биринчи «Экополис» шаҳар қурилиши мўлжалланмоқда. Айтишларича, «Экополис» фақатгина тоза ва қайта тикланувчи энергия ҳисобига яшайди. Масалан, ундаги барча бинолар қуёш батареялари билан таъминланиб, шаҳарнинг 20 фоизини яшил ўсимликлар ташкил қилади. Барча чиқиндилар ажратилиб, қайта ишланиб, туриб қолган сувлар ҳам тозаланади, дея тушунтириш беради провинтсия маъмурияти вакили.
«Экополис»да экологик тоза транспортдан фойдаланилади, пиёда ва велосипедлар учун ҳам алоҳида йўллар қуриш режалаштирилган. Қишда иситишга, ёзда совутишга минимум энергия талаб қиладиган лойиҳалар асосида фақатгина бир неча қаватли бинолар қурилади.
Инсоният эҳтиёжлари ва тасаввур олами ниҳоятда кенг. Айни пайтда унинг қадами етмаган жой, онги етмаган ҳодиса қолмади ҳисоб. Хусусан, «Экополис» шаҳарни қуриш ва уни режадагидек кўринишга келтириш оддий иш эмас. Нима бўлганда ҳам, бундай экологик тоза шаҳарларнинг бунёд этилиши Еримиздаги турли ташвишли ҳолатларнинг олдини олиши мумкин. Бу каби «экополис»лар дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам қурилса, айни муддао бўларди. Балки бу келажак орзусидир. Кейинчалик бутун Ер юзи фақат «экополис»лардан иборат бўлар. Ана шунда Она Заминимиз гуллаб-яшнаган маскан сифатида авлодларга етиб борса, ажаб эмас.
Райҳона Хўжаева
“Маърифат” газетасидан олинди.