Бизнинг бошқа кўп эллардан бир фарқимиз шуки, сизлаб гаплашамиз. Бошқалар умрида энди кўриб турган, бунинг устига ёши катта одамга ҳам сенсираб муомала қилса, биз ўзимиздан кичикларга, ҳатто нотаниш ёш болага ҳам сиз деб гапирамиз. Қонимизга сингган-да. Бунинг тарихий сабабларидан бири шуки, ўзбек элида улуғлар бисёр. Аввало шунинг учун ҳам биз уларни сизлаймиз. Ахир рўпарадаги шу нотаниш одам эҳтимол саид ё тўрадир – ким билади? Бекларнинг, хонлар, мир ва мирзоларнинг, шо(ҳ)ларнинг авлоди ҳам орамизда бисёр. Қай бир бобоси бек ўтган, хон ўтган, султону амир бўлиб, шоҳ бўлиб ўтган кишиларнинг ҳурматини жойига қўйгимиз келади. Уларнинг аждоди Аллоҳнинг ердаги сояси саналган. Шундай экан, бу зотларни ҳурматлашни ҳам фарз биламиз.
Оилада янги меҳмон – фарзанд дунёга келса, унга китоб кўриб от танланади, яъни Қуръонда келтирилган исмлардан бири қўйилади. Қуръон – Аллоҳнинг сўзи. Исми шарифини Аллоҳ таоло зикр этган бола нечун азиз бўлмасин? Яна Оллоқул, Худойберди, Абдулқодир, Муҳаммадқул, Ҳожимурод каби юзлаб исм эгалари бор. Уларни ҳурматлаб, сизлаб мурожаат қилмаслик ҳам шаккоклик туйилади. Ўғиллар ичида Бобоқул, Отабек, Тоғаймурод, Дадамирза…, қизлар орасида эса Онахон, Момоқиз, Бибинорлар ҳам кам эмас. Баъзи олимлар бундай исмларнинг келиб чиқишини оилавий шажарага боғлашади. Чунончи, биров ўғлига отаси ё бобосининг отини (Тошпўлат) қайта қўйди, деяйлик. Аммо “ҳов Тошпўлат!”, деб чақира олмайди, бундай қилса, марҳум отасининг руҳи озор топадигандай туйилади, шунинг учун отасининг исмида бўлган ўғлига “Ота!” (Отажон, Отабек) деб мурожаат қилади. Демак, Отабек деган исм замирида шу одамнинг отаси номи бор, “Энахон” дейди, аслида эса бу фарзанди аржуманднинг исми шу кишиларнинг онаси ё бувиси билан бир хил, қулоғига онаси ё бувиси сингари Сора ё Ҳалима… деб азон айтилган. Шунинг учун уларга юмшоқ гапирилади, сўкиб ҳақоратланмайди.
Айрим вилоят одамлари ҳатто ўз болаларини ҳам сизлайди: “Ўғлим, сиз шу ишни пешингача битириб қўйинг” дейди, қизини-ку, қўяверинг – “Она қизим”, “Пошша қизим” деб бошига кўтаради. Негаки, бир хирмон буғдойнинг баракаси битта донда бўлади, шунинг учун ҳар бир донани увол қилмаслик керак деган удумимиз бор. Шу сингари, саиду тўралар юрти бўлган бу эл фарзандларида – айнан мана шу қизимиз ёки бу ўғлимизда пайғамбаримиз руҳи покининг бир қатраси қайта ҳувайдо бўлган эса, не ажаб? Эзгу ният билан ўғлингизга Қосимжон деб пайғамбар ўғли исмини, қизингизга Ойшахон дея Ойиша онамиз отини қўйгансиз-ку?” Хуллас, шу каби талай сабабларга кўра ҳам халқимиз кўпроқ сен эмас, сиз дейди. “Сен бошла” дейиш ўрнига “ўзларидан бўлсин”, “анови айтди” эмас, “у киши айтдилар” каби. Бир-биримизни улуғлаймиз, иззат қилиб бошга кўтарамиз. Танишларга эҳтиром-ку, ўз-ўзидан, аммо нотаниш бўлса, ҳурмат изҳори яна ортади. Бир-биримиз билан кўришиб қолсак, қўл кўксимизда, бош эгиб, таъзим бажо этамиз. Қўшқўллаб сўрашиб, кафтимизни юзга суртамиз – бу, баъзилар ўйлагандай, дуои фотиҳа эмас, тавофнинг эркакларга хос шакли. Умуман, ҳар бир кишига инсон деб қараш, унинг одамлигини улуғлаш ўзбекка айрича равишда хос. Бир қарашда “майда” бўлиб туйилган ана шундай хусусиятлар мажмуи ўзбек халқининг менталитетини ҳосил қилади. Уларнинг қай бири камайса ё бузилса ўзбекнинг фитрати фаторат топа боради. Шунинг учун ҳам эл ўз удумларини, урф-одатларини аввайлаб асрайди, азиз тутади, иримлар чиқариб бўлса ҳам, янглишганларни тўғри йўлга қайтаради, мақол-маталлар, нақлу эртаклар тўқийди, достонлар айтади, юмшоққина қилиб (буям ўзбекка хос-да), дакки беради. Энг қадимги достонимиз қаҳрамони Алпомиш мусофир юртда биров унинг қадрига етмаган чоғда “ҳар ким ўз элида бекми, тўрами” дегани ҳам ўзгаларга дашном-ку, аслида…
Оддий бир мисол. Метрога тушсангиз, ҳар бир вагон эшигига “Илтимос, суянмангиз” деган мулойим калом битилганини кўрасиз. Остидаги “Не прислонятся” деган тақиқ эса тақиллаб кўзга урилади. Шугинанинг ўзи икки хил дунёқараш, икки хил менталитет фарқини аён кўрсатиб турибди. Бу даромади гаплардан муддао нима экан, дерсиз. Алпомиш бобомиз айтганидай, лоақал ўз элимизда бек бўлайлик, тўра бўлайлик, бир-биримизни “мода” учун сенсирашиб юрмайлик, буниси энди шарт эмас, демоқчимиз. Бошқа халқ вакиллари отаси ё бобоси тенги, бунинг устига нотаниш одамни ҳам сенсираб, қолмишига сўкиниб гаплашса, бу уларнинг иши, борингки, миллий хусусияти ҳам бўла қолсин. Аммо нега бизлар – қадим ва улуғ ўзбек халқининг вакиллари, кўп минг йиллик маданияту маънавият ворислари бўлатуриб, ўзаро муомалани бошқалардан ўрганишимиз, уларга таассуб қилишимиз керак экан? Кошкийди, бу ибрат бизникидан маданийроқ, чиройлироқ бўлса! …Сочи бўйнига чулғанган бир қизгина (кейин маълум бўлдики, йигит экан) ноз уйқуда. Соат қўнғироғи чалинади. У апил-тапил ўрнидан туриб, юзини ҳам ювмай кўчага отилади-да, аллақайси муйилишга бориб, соатига қараб бировни кута бошлайди. Бир маҳал нима учундир велосипедини миниш ўрнига орқалаб олган яна бирови шу ерга келиб қолади. – Ҳамма қаерда? – деб сўрайди чилвирсоч йигит (На салому на алик!). – “Ф1”да! – дейди униси ва алланима эсига тушгандай, велосипед ҳамон елкасида, чопқиллаб орқасига қайтади. Тавба, у нима дедию буниси нима деб жавоб қайтарди, тушунган киши бўлса – айтсин.
Ўзбек тилида биров бошқа одамдан “фалончи қани” ё “бошқалар қаерда” деб сўраши мумкин, аммо “ҳамма қаерда” дейиш мумкин эмас, ўзбек бунақа деб гапирмайди. Сўзи ўзбекча бўлса-да, ўзи ўзбекча эмас бу ифоданинг. Аввалида “Ф1” ўзи нима – шуни тушунолмай ҳайрон қолдик. Кейин маълум бўлдики, қиморнинг “свежий”си чиқипти. Фарқи – бу “ишончли ўйин” экан. Уйида ўзбекча гаплашмайдиган маданийлардан бири чиқиб, “Ф1” – ишончли ўйин! Сен ҳам иштирок эт!” деб қисталанг қилади. Ҳов ука, эҳтимолки менинг ёшим сенинг отанг қатори бўлса. Нега мени сенсираяпсан? Телевизор қаршисида катта бувангу катта бувинг тенгилар ҳам ўтирибди… ва умуман, одамларни сенсираш қайси қуюшқонга сиғади ўзи? Лоторея чиқариб – қимор уюштириб бойимоқчи экансан, нимаям дердик, ҳозирча шундоқ бўлиб турибди, аммо нега энди ҳаммани беписанд сенсирайсан, ким сенга бунчалик ахлоқсизликка изн бериб қўйди?.. Яна туриб-туриб ўзингга тасалли берасан киши – ҳа энди, бир хато ўтса-ўтибди-да, қўявер, сени қизиштирган нарсаларнинг қай бири ўнгланиб, қайси бири тузалар эди, дейсан.
Метрога тушасан, вагонга киришинг биланоқ “Саркор” провайдерининг рекламасига кўзинг тушади, бир азамат кўрсаткич бармоғини нақ пешонангга тўппончадай ўқталиб, “Ти – саркороветс!” деб турибди. Ажаб, масалан мен “Саркороветс” эмасман, хўш, нима қилай энди? Бор ана, “Саркороветс” бўлсам ҳам… нега сенсирайсан? Таажжубки, кейинги пайтда, кимларга тақлид қилиб бўлса экан, оммага сенсираб муомала қилиш оммавий тус олди. Эҳтимол, буни ўзаро яқинлик уйғотиб, ётсирашни йўқотадиган, янги замоннинг тезкор руҳига, шу кунда мода бўлаётган ғарбча демократияга ҳам мос келадиган янгилик, дейишар. Балким. Аммо бошқа нарса бой берилади – ўзбек тилидаги нутқда бора-бора ўзбекнинг руҳи сезилмай қолади, ҳалигидай рекламалар туфайли эса она тилимизнинг жони – миллий ўзига хослиги йўқолади. Ори рост, халққа сен деб муомала қилиш ўзбекларда мутлақо йўқ эмас. Ҳ. Олимжоннинг “Қўлингга қурол ол!”, Э. Воҳидовнинг “Эркин ўғлингман, қабул эт, Ўзбегим, жон ўзбегим!”, А. Ориповнинг “Она халқим, сен ўзинг буюк…” каби мисралари бунга мисол. Лекин бу ҳолатда бутун халққа ялпи мурожаат бор, унинг ҳар бир аъзосини кўзда тутиб, лотореяга чорлаш каби ўринларда эса марҳамат қилиб, сизлаб гапириш лозим. Кўрасизми, тил нақадар нозик, нақадар мураккаб воқелик! Уни ҳеч бир формула ёки алгоритмга сиғдириб тугатиб бўлмайди, тушунтириш ҳам амри маҳол – фақат ҳис қилибгина моҳиятини англаш мумкин. Ўзбекнинг тафаккур тарзини, руҳини бузишнинг энг осон йўли – ўзбек тилини, нутқини бузиш. Чунки тил билан тафаккур бир нарса-да. “Чанқоғингга ишон!” деган чулчутча бир ифода матбуотда роса урилганди. Энди янгиси чиқипти – “Коском” уяли алоқа тармоғи “Реал. Ўзингга ишон!” деб реклама беришга тушди. Сенсирашию қора кўзойнак таққан оч арвоҳдай бир одамнинг суратини ҳисобга олмасак, ҳар ҳолда, дурустдай – ҳар ким ўзига ишонса, иродали бўлса яхши-да. Аммо унинг негизида, бошқа ҳеч кимга (ҳатто ота-онангга ҳам!) ишонма, ўзгалар фикрини инобатга олма, ўз билганингдан қолма, деган қабиҳ бир маъно жо этилмаган, деб ўйлайсизми?
Ўзбекнинг боласи баъзи бировларнинг ўғил-қизлари сингари, ўн беш-ўн олти ёшида уйдан чиқиб кетиб, ўз билганича, яъни фақат ўзига ишониб, амалда эса ахлоқан бузуқ ҳаёт кечирадиганлардан эмас. Биз қураётган янги жамият ҳам, иншооллоҳ, бунақа жамият бўлмайди. Бир ёқдан – асл ўзликка қайтмоқчимиз, бунинг бир шакли сифатида маҳалланинг ролини кучайтиришга уриняпмиз, “бир болага етти қўшни ота-она” деган мақолдаги етти қўшнини етти маҳалла қилиб ўзгартиришга ҳам рози бўляпмиз, бошқа томондан – маҳалламиздан кўп олисдагилар турли тили расво рекламалар, ФМ радиоканаллари, бош-кети йўқ сериаллар, дискотека, интернет ҳамда бузуқ ғояли видеофилмлар орқали ҳар бир болага ўзбекка ёт дунёқарашни тиқиштиришга уриниб ётибди. Яшириб нима қиламиз, кўзлаган ниятига ҳийла ҳам етиб қолди. Шу ўринда аксар оммавий ахборот воситаларида урф бўлган бемаъни бир таомилга муносабат билдириб ўтсак. Истаган газета ё журнални олиб қаранг: охирги саҳифада бирон эълон ё реклама босиладиган бўлса, муҳаррирнинг имзоси ундан аввалроқ қўйилади – буёғига мен жавобгар эмасман, дегани бу. Ҳақиқатан ҳам, кейинги матн тамоман бошқа: ўқишга тил келишмайди, жумлалар ғирт ажнабийча. Телевидениеда эса аҳвол бундан ҳам баттар. У энг оммавий, қудратли ахборот воситаси бўлиш билан бирга, энг оммавий, кўп қудратли тилбузар қуролга айланаяпти. Жумладан, ўзбек тилида сенсираб муомала қилиш айнан ўзбек телевидениесида берилаётган ҳисобсиз сериаллару рекламалар касрига кучайиб боряпти. Бизнингча, газета-журнал бўладими, ё радио-телевидениеми, бундан қатъи назар, ОАВ орқали берилаётган ҳар бир нарса лоақал тил нуқтаи назаридан бенуқсон чиқиши шарт ва бунга унинг муҳаррири албатта масъул бўлиши лозим. Шу кунларда “шаҳар бедарвоза эмас” деган матални қўллашга хўп ружу қўйганмиз, ҳар гал унга турли кўчма маънолар ҳам берамиз. Аммо ажабки, ўзбек тилининг дарвозаси йўқдай – хоҳлаган одам хоҳлаганича бетутуруқ жумла тузиб, матбуотга опчиқадиган бўлиб қолди. Ҳали рус тилига хос, ҳали инглизча тарзда тузилган жумлалар, иборалар…
Албатта, ўзга эллар билан алоқа қиламиз ва бу жараён тобора кенгайиб бораверади. Зеро тараққиёт мулоқот орқали юз беради. Эндиги гап – ана шу алоқани ўзимизга мувофиқ бир шаклга солишда, ўзбекча тарзга келтиришда, дуч келган нарсани ўшандай ҳолича ола бермасдан, мундоқ мулоҳаза қилиб ҳам кўришда. Онангни отангга бепардоз кўрсатма, дейдилар. Ахир, ўзингиз ўйланг: юзингда кўзинг борми демасдан сенсираб, “НАТС” Миянгга озиқ бер!” деб топшириқ юкласа! Ёки одамдан катта ҳарфлар билан “Чёрний ТWИХ. Танаффус қил!” деб буюришларига нима дейсиз? Бор-йўғи тўртта сўзни учта тилда ёзиб, ўзбек маърифатини остин-устин қилганлардан ўргилиб қўйдим. Нима, реклама ўтса, ҳисобми? Рекламада аввало маданият бўлиши керак. Бусиз таъсири сусаяди. Чет элларда буйруқ-топшириқ шаклидаги ундов реклама аллақачон оёқдан қолган, савияси паст нарса ҳисобланади. Уларда истеъмолчи – сотувчининг подшоҳи, сотувчи – истеъмолчининг мулозими. Харидорга пўписа билан, сенсираб буйруқ қилинмайди, балки таъзиму тавозе билан таклиф айтилади. “Қорнинг очдими? “Сабо”дан баҳра ол!” сингари “ғамхўрлик”ка, “Камолот – сенинг ҳаракатинг!” ёки “ЎзЛиДеп – сенинг партиянг” каби кўрсатмаларга кўникиб қолгандаймиз. Шунақа ўдағайлаш ўрнига бироз мулойимроқ, сал одамшавандароқ қилиб “сиз” шаклини қўлласак, масалан, “Азизлар, ўзингизни, ўз уйингизни ўзингиз асранг!” десак, кимнинг асакаси кетади? Билъакс, таъсири яхшироқ ҳам бўлади.
Байт: Сен азиз этган кишини ҳеч киши хор айламас, Сен агар хор айласанг, ҳар қайда борса – хордур…
Ўзимизни ўзимиз хор қилмайлик. Бир-бирига сенсираб мурожаат қилгани билан билан ҳеч ким илғор бўлиб қолмайди. Дунё борган сари янгиланиб, йил сайин тезроқ глобаллашиб боряпти. Бу улкан жараёндан четга туришнинг иложи йўқ, унақа қилган ютқизади. Аммо бир масала бор – минг йиллик миллий тарихга, бетимсол маънавий маданиятга эга ўзбекнинг қай хислатию фазилати оммалашиб, нимаси умумжаҳон мулкига айланади? Бу – биргина биз эмас, айни шу кунларда барча миллат кишилари онгу шуурини банд қилиб турган улкан бир масала. Ўзбек халқининг дунёдаги барча эллар ибрат олса арзийдиган урфу удумлари бисёр. Такаббурликка берилмаган ҳолда дангал айтадиган бўлсак, муомала маданиятида ўзбекнинг олдига тушадиган халқ йўқ.
Танишу нотаниш кишиларнинг бир-бирига эҳтиром билан сизлаб муомала қилиши ҳам ана шундай ажойиб таомилларимиздан бири. Биз уни бошқаларга ҳам улги қилибгина иззат топамиз, ундан воз кечиб, сенсирашиб эмас. Мавзуимизга қайтайлик. Яхши гап билан илон инидан чиқади, ёмон гап билан қилич қинидан, деган мақолимиз бор. Яна айтадиларки, сиз ҳам бир оғиздан чиқади, сен ҳам. Бу – оталар сўзи. Улар ўзбек халқининг тийнати қандайлигини кўрсатади. Ўзбекнинг руҳиятини теран билган Ғафур Ғулом ҳам шуни кўзда тутиб, ўз шеърида “Бир оғиз ширин сўз – нондек арзанда” деб ёзган эди. Шундай экан, майли, буғдой нонингиз ўзингизга сийлов, аммо буғдой сўзингизни дариғ тутманг, рекламага ружу қўйган бойбаччалар!
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ
“Ҳуррият” газетасидан олинди.