Абдурауф Фитрат. Бухоро уламоси (1917)

Бухоро уламосини, асосан, икки фирқаға тақсим этиш мумкиндир. Бири Бухоро ва унинг теваракиндан тўпланиб таҳсил қилатурған бухорийлар, иккинчиси Бухоро хонлиғининг Шарқ тарафиндағи Кўлоб деган тоғлиқ ердан келган кўлобилар. Тарихи исломдакиси бани Ҳошим[1] бани Умавия[2] ўртасида бўлғани каби Бухоро уламоси ва кўлобилар орасинда эски бир даштлик[3] бордир. Бу душманликнинг бош сабаби ҳозирги Бухоро қозикалони бўлған Бурҳониддиннинг бобоси қози Садриддин Мулла Тўхмақ ўғли[4] деган зотдир.

Қози Садриддин(дан) бурун бўлған Бухоро муллаларининг барчасига бир кўз қараб ҳар бириға мустаҳиқ[5]буйдиги илмий мансабларни бера(р) эканлар, Мазкур Мулла Садриддин Мулла Тўхмақ ўғли Бухорода қозикалон ўлғач, иши тезлашиб кетган. Бу одам аввал Бухоронинг вақфлариға ва бошқа ишлариға буюк хиёнатлар қилган: халқ устига «аминона»[6] деган бир солуғки ёлғондан шаръий деб юклаған, кўб вақт ерларини, вақф оқчаларини ҳукумат хазинасига оғдарған, шу йўллар билан амирни(нг) ўзига тобеъ қилиб олғандан кейин Бухоронинг ёғли мансаблари (ки) ўз кўлобиларига олиб берган.

Бу одам диний илмлардан (Қуръон ва Ҳадисдан) бутун хабарсиз бир одам экан. Бир кун буюк бир илмий мажлисда Қуръонни очиб саҳифа бошиндаги сурадан ибтидоси бўлган «ҳамаси»[7] жумлайи шарифини «ҳам ишқ» ўқудиги Бухоро уламоси орасинда машҳурдир. Унинг бу ҳоллари бухороли уламонинг нафратлариға сабаб бўлди. Қози Садриддиндан неча йил кейин ўғли Бадриддин қозикалон бўлди. Бу одам дахи отасининг йўли билан юра бошлади. Ўзи илмсиз бир киши эдуги учун маълумотли уламодан қўрқар ва унларни иш бошиндан тушура эди.

Ўз кўлобилари орасиндан жоҳилларини сайлаб Бухоронинг буюк илмий мансабларини шунларға бера эди.

«Бухороли уламо» илмий мансаблардан маҳрум бўлдилар. Бухоронинг тубчаклари[8] бош кўтара олмай қолдилар. Бадриддиннинг бу ишлариндан ғайратли неча уламолар ҳаяжонга келдилар ва унга қаршу бир варақа чиқардилар. Бу варақанинг бошинда ғайратли уламолардан самарқандли марҳум Муфти Бурҳониддин тура эдилар. Қози Бадриддин ёлғон хабарлар чиқориб, муфти Бурҳониддинни Бухоро амирининг доимий ғазабига учратди. Муфти Бурҳониддин шу илм билан дунёдан ўтди.

Бу зот ўрниға фирқа бошинда устодим марҳум Охунд Мулла Ғиёсиддин ҳазратлари ўтдилар. Марҳум устодим диний ва шаръий илмлардан бошқа илми калом ва эски юнон фалсафасиндин тамоман воқиф бир зот бўлуб, сўзга ҳам кўб уста эдилар. Шунинг учун қози Бадриддинни бош кўтарарга қўймас эдилар. Кўб вақтлар қози Бадриддиннинг оғуси билан амирнинг ғазабиға учрасалар ҳам парво қилмасдан ўз ниқоблариға давом этиб, дунёдан ўтдилар.

Бу зотнинг ўрунлариға қози Бадриддинга қаршу бўлған фирқанинг бошиға уч зот келдилар, бунлар марҳум шайхулислом Бақохўжа ҳазратлари, марҳум устодимнинг укалари Маснаф ва Бухоронинг олим қозикалони бўлған қози Абдушукурнинг ўғиллари Шарифхон махдум эдилар[9].

(«Ҳуррият», 1917 йил, 48-сон)


[1] Бани Ҳошим — Қурайш қабиласининг Ҳошим ибн Абдуманнофдан туғилган фарзандлари, яъни унинг авлодлари бани Ҳошим номи билан юритилтан. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам шу уруғдан бўлиб, тўртинчи бўғинни ташкил қилади (Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдумуталлиб ибн Ҳошим). Ҳошим ибн Абдуманноф ўғлининг фарзанди Абдумуталлиб вафотидан сўнг уруғ ичида ўзаро нифоқлар кўчайиб кетади. Айниқса, бани Ҳошим авлодлари билан Абу Суфён авлодлари ўртасида нифоқлар кескин жангларга айланиб кетган. Бунинг биргина мисоли Бадр ғазотидир.

[2] Бани Умавия — Абу Суфён авлодларидан бўлиб, Пайғамбаримиз ва чаҳорёрлардан сўнг халифаликка мушарраф бўлгаи Муовия ибн Суфёндир. У Имом Ҳасан истеъфосидан сўнг халифаликка муқаррар бўлган бўлса, халифаликда наслий сулолани расм қилдирди (бунгача халифалик Пайғамбаримиздан бошлаб бир кишининг ҳаққи эмас эди, мусулмонлар кимни сайлашса ўша халифа бўлар эди). Дастлаб, унинг ўғли Язид, сўнг Валид бинни Абд ал-Малик ва сулоланинг охирги бўғини Марвон бинни Муҳаммад бўлган.

[3] даштлик — душманлик, нифоқ маъносида. Юқоридаги сулолалар ўртасидаги нифоқ каби бухоролилар билан кўлоблилар ўртасида ҳам нифоқ бўлиб, маълум маънода мана шу нифоқ XX аср бошларидаги Бухоронинг таназзулини келтирган сабаблардан биридир.

[4] Садриддин Мулла Тўхмақ ўғли — Бухоронинг амир Музаффариддин ва амир Абдулаҳадхон давридаги қозикалонларидан. Шу кишининг сайъ-ҳаракатлари билан қозикалонлик Бухорода наслий шакл олган. Шундайлардан бири унинг набираси Бурҳониддин эди.

[5] мустаҳиқ — лойиқ, сазовор.

[6] аминона — Бухоро амирлигидаги солиқлардан бир тури; ердан олинадиган солиқ бўлиб, вақф ерларидан ташқари шаръий диний масалаларда фойдаланиш учун амирнинг ҳаққи деб белгиланган солиқлардан. Қозикалон Садриддин даврида урф бўлган.

[7] Қуръони каримнинг «Ал-Бақара» сурасидаги жумла.

[8] тубчак — туб аҳолиси, асил бухоролилар назарда тутилади.

[9] Мақола сўнгида «Боқияси (яъни давоми) бор» ибораси келтирилган. Бироқ айни шу номдаги бошқа мақола чоп этилмаган.