Абдулла Қаҳҳор. Жонфиғон (ҳикоя)

Жонфиғонни танисангиз керак – ўша, ўтган йил баҳорда маст бўлиб, кўчадан ўтган одамга “ҳозир айтасан: бошимни қайси деворга уриб ёрай”, деб ёпишган, кейин соқолига ўзи ўт қўйиб, гугурт чиқарганни сўккан киши.
Кеча шунинг уйидан хотин кишининг аччиқ-аччиқ йиғлаган товуши эшитидди. Жонфиғон бу яқин йилларда хотинини урган эмас, ҳатто бир куни самоварда ўзи: “Хотин кишини номард уради, қўлинг қичиса, ўзингга ўхшаган қўли қичиганни топиб муштлаш, мен сени мард билай”, деган эди.
— Нима бўлди?
— Уч-тўрт киши бўлиб аста кирсак, ҳовлининг ўртасида катта гулхан, хотини Малоҳатхон унинг атрофида додлаб юрибди. Тўхтатдик.
— Нима гап?
— Шўргинам қурсин… кўрмайсизларми… Беш-олти йилдан бери битта пайпоқ олиб бергани йўқ-ку, ишлаб-ишлаб топган пулимга қилган ҳамма кийимларимга керосин сепиб ўт қўйди… Шу устимдаги иш кийимим билан қолдим…
Жонфиғон деразадан бошини чиқариб бақирди:
— Гапир, ҳа, гапир!.. Сенинг гапинг гапу бизники гап эмасми!..
Жонфиғон катта бир ҳақиқатни очишга шошилгандай, уйдан югуриб чиқди, бизга зўр ҳақсизликдан шикоят қилаётган қиёфада туриб, аллақаерда ўтган бир авлиёнинг ўз ўглига “хотинлар бевафо” деб қилган насиҳати, жиноят қонунлари мажмуасининг алланечанчи моддаси тўғрисида гапирди ва бехосдан йиғлаб юборди. Кейин билсак, кеча эр-хотин уришган, хотин: “Қўй энди, мен сен билан умр қилмайман, эртага хатимизни оламиз”, деган экан.
Уриш, қўйди-чиқтси ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи уришлар шундай арзимаган нарсадан чиқадики, орада қанча совуқ гаплар ўтиб “ҳордиқ чиққандан кейин” уриш нимадан чиққанини на эр эслай олади, на хотин. Буларнинг ҳам жанжали шу хилда бўлса яраштирайлик, иккови ЗАГСнинг ўша “Ўлим ва талоқ” бўлмасига қадам босмасин деб, гап сўрадик. Эр-хотин айта берса, бу жанжалнинг тарихи бирон ёзувчининг қўлига тушса каттакон бир китоб бўладиган.
Жонфиғон бундан беш-олти йил бурун қайси бир идоранинг извошини минар экан, киракашлик қилиб қўлга тушиб ишдан ҳайдашибди; кейин сабзавот дўконига мудир бўлган экан, “жуда арзон моллар, буларнинг устига сўм қўйиб бўлмаса, тийин қўйиш билан қачон бой бўлади киши” деб ўзи ташлаб кетибди; таниш-билишлари заводга ишга жойлаб қўйган экан, “ойлигидан бўлак даромади йўқ” деб бормай қўйибди, шундан кейин қилмаган иши қолмабди деса бўлади: гулфурушлик дейсизми, томшувоқ дейсизми, қассобчилик дейсизми… бир-икки ҳафта бозорда қовун тилиб ҳам сотибди.
Малоҳатхон, Жонфиғон извозчиликдан ҳайдалган йили, маҳалладаги актив аёлларнинг ҳимояси остида, эрининг қаршилигига қарамай, раён Кенгашига уборшитса бўлиб кирган экан; ўқибди, ҳадемай саводи чиқибди, бир йил-бир ярим йилдан кейин ҳатто мажлисларда докладчига: “Ўртоқ, сизга саволим бор”, дейдиган бўлибди. Раён Кенгашининг шофёри Тишченко деган аёл унинг соғломлигига, кучига, абжирлигига, айниқса, зеҳнига қойил бўлиб юрар экан, бир куни уйга чақириб, “сен шофёр бўлгин, нима ёрдам керак бўлса бераман”, дебди. Малоҳат ҳам шундай бир нарсани орзу қилиб юрар экан, дарров кўнибди. Шундан кейин Тишченко уни бирмунча вақт шофёрлар курсига тайёрлабди, оқибат киргизиб ҳам қўйибди.
Жонфиғон авваллари унинг ниятига, ўқишига “нотавон кўнгил… орзуга айб йўқ” деган назар билан қараб юрар экан, бир вақт қарасаки, Малоҳат курсни битириб, грузовой миниб юрибди! Жонфиғон бунга ҳам кўникибди: “Ҳа энди, минса минибди-да, шу ҳам мартабами, машинани ўзи ўйлаб чиқариптими”, деб ўзига тасалли берибди. Бироқ Малоҳат икки йилда уч марта мукофотланибди. Жонфиғон мукофотни ўз гази билан ўлчагани учун бунга ҳам унча парво қилмабди: “Олган мукофотига от билан туя берармиди”, дебди. Жонфиғон ўтган йил баҳор кечаларининг бирида (ўша куни эртасига бошини ёрмоқчи бўлган, соқолига ўт қўйган) истироҳат боғига кирган экан, қараса, шаҳарнинг манман деган стахановчилари қаторида хотинининг ҳам каггакон портрети турибди! Севинч, қўрқув, бахиллик — ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб, Жонфиғоннинг боши ғовлаб кетибди. У дарров уйига келиб, ҳар қалай, хотинини суйибди, ўпибди, лекин суҳбат жанжал билан тугабди. Бу кунгача бўлиб ўтган учта йирик жанжалнинг бири шу экан.
— Шунда жанжал нимадан чиқди? — деди шерикларимиздан бири.
Жонфиғон жавоб бермоқчи эди, Малоҳат гапини оғзидан олди.
— Туппа-тузук ўтирган одам бирдан айниб, энди ундоқ бўласан, бундоқ бўласан, жазман чиқиб қолади деб, жаҳлимни чиқардилар. Хаёлимда йўқ гаплар…
— Хаёлингда йўқ-а, хаёлингда йўқ! – деди Жонфиғон кесатиб.
— Ҳа, хаёлимда бўлиб нима қилдим?
— Хаёлингда бўлмаса нима учун буқоғингни кестирдинг? Хўш? Қани мана шу тўртта одамнинг олдида жавоб бер-чи?
Малоҳатнинг кўк пиёладан кўра кичикроқ буқоғи бўлиб, шуни ўтган йил кузда кестирган экан. Иккинчи йирик жанжал шунда бўлиб, яқин бир ҳафтага чўзилибди.
— Кестирсам ёмон бўлиптими?— деди Малоҳат.— Ахир… хотинингизман…
— Нима, менга ёқиш учун кестирибсанми? Ҳеч-да! Менга буқоғинг билан ҳам ёқа берар эдинг. Бошқага ёқаман деб кестиргансан!..
— Уялинг! Илгарилар, буқоғинг бор деб, кўз очиргани қўймас эдингиз-ку! Неча марта йиғлатгансиз?
Жонфиғон, нима дейипхини билмай ерга қаради ва дўнғиллади:
— Мен йиғлатган эмасман… ўзинг йиғлагансан…
Биз кулгидан ўзимизни тиёлмадик, аммо баралла кулиш тўғри келмагани учун биримиз мўйловимизни силаб, биримиз йўталиб, дегандай кулгимизни яширдик. Жонфиғон:
“Малоҳат энди мени ташлаб кетади” деб ҳадиксираб юрса, Малоҳат эрининг бу юриш-туришидан хижолат тортиб юрар экан. Шунинг учун Малоҳат кўзга кўринган сайин эрини эл қатори ишлашга ундар, ялинар, баъзан қаттиқ гапирар, ҳатто йиғлар экан. Жонфиғон охири инсофга келиб, шу бу йил қишда нон заводига ишга кирибди, аммо бир ой ишламасдан прогулчи тарзида ишдан ҳайдалибди. Жонфиғон буни, албатта, талай вақтгача хотинидан яшириб юрибди; бу маъ-лум бўлиб қолгандан кейин хотинига неча-неча тавба-тазаррулар қилиб, энди бирон жойга кириб ишлашга, астойдил ишлашга сўз берибди. Малоҳат ишонибди ва ўзи иш топиб, ўтган ойнинг ўн биринчи числосида жойлаб қўйибди. Ўтган куни қараса, мулла Жонфиғон яна бекорлар! Малоҳат суриштиргани корхонага борибди; суриштириб қараса, Жонфиғон фақат ўн етти кун ишлабди, холос; бюллетен олгани докторнинг олдига чилимнинг сувини ичиб лоҳас бўлиб кирган экан, доктор ичини чайқабди ва “кўр бўлдингми, нега тамаки ейсан” дебди. Бу гап корхонага овоза бўлиб, Жонфиғонни ўша замониёқ ишдан ҳайдашибди. Мана, учинчи йирик жанжал мана шундан чиқибди.
— Нега бундоқ қиласиз, ахир? — дедик. Жонфиғон ер чизиб ўтирар экан.
— Шайтон…— деди.
— Бекор айтибсиз! — деди Малоҳат жаҳли чиқиб,— чилимнинг сувини ичиб докторга киришни шайтон сиздан ўргангандир!..
Ҳаммамиз жим қодтсик, Жонфиғон бирпасдан кейин бо-шини кўтариб:
— Бўладиган гап шу,— деди,— менинг қўядиган хотиним йўқ. Агар зўрлик билан хат топширсанг, товонимга қоласан.
Мана шу йигитлар гувоҳ. Айтдим-қўйдим, икки қулоч арқон…
У, ўпкасини тутолмай йиғлаб юборди. У, йиғлар экан, яна хотинига сўз берди. Малоҳат уни ҳеч қачон бу аҳволда кўрмаган бўлса керак, юмшади.
— Мен сизга айтайин,— деди,— пулингизнинг кераги йўқ, ишласангиз бўлгани! Мен сизни ҳозир эрим дегани номус қиламан!
Жонфиғон қасамнинг ҳар хилидан ичди, кейин бизнинг кафил бўлишимизни сўради. Биз охирги синоқ бўлиши шарти билан кафил бўлдик, аммо ҳар қайсимизнинг дилимизда: “Бу хотиндан уялиб қолмасмиканмиз”, деган бир анди-ша бор эди. Малоҳат кўнгандан кейин биз чиқиб кетдик. Самоварда ўтирган эдик, бирпасдан кейин Жонфиғон чиқди ва ёнимнзга келиб:
— Шу гап гап бўддими, ё тағин жиннилиги тутармикин? — деди.
Биз ҳали жавоб бермасдан Малоҳат эшикни очиб қараган эди, Жонфиғон югурганича борди, иккови кириб кетди.
Eртасига эшитсак, Жонфиғон йўқлаб келган такасалтанг оғайниларини уйига киргизмабди.

1939