Ассалому алайкум!
Ziyouz порталини ташкил этишдан мақсад инсонларга ҳақиқий маънода зиё улашишдир. Зеро, зиё деб жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликка айтилади. Илм зиёдир, маърифат зиёдир, иймон зиёдир, сабр зиёдир. Бекорга халқимиз илм-маърифатли, иймон-эътиқодли инсонларни зиёли деб атамайди. Улар илм-маърифат орқали инсонларга зиё улашадилар ва икки дунё саодатига эришадилар. Жамиятни фақат маърифат зиёсигина залолатдан сақлаб қолади. Ҳақиқатни англаш, билиш ва уни тарқатиш билан инсон зиёга эришади. Қалбида зиё бўлган зотлар ҳеч нимадан қўрқишмайди. Уларнинг йўлларини зиё ёритади. Зиё уларни улуғликка етаклайди.
Ҳозирги замонда ёшларимизнинг илм-маърифатдан оғиб кетишаётганлари, ўткинчи орзу-ҳавасларга берилиб, ҳақиқатни унутаёзганлари бор гап. Информацион дунёда тараққий этган технология инсонни дангаса қилиб қўяяпти. Инсоният тобора илм-маърифатдан, зиёдан бебаҳра қолмоқда. Ота-боболаримиз эришган илмий-маърифий ютуқларга бугун эришиш эртакка айланиб улгурган. Башарият фақатгина бугунги куни билан яшашга ўрганиб қолмоқда…
Илм-маърифатнинг орамиздан кўтарилиши даҳшат эмасми? Нега ёшлар орасида кучли тафаккур эгалари кам? Навоийлар, Улуғбеклар бизнинг ёшимизда эришган илм чўққиларининг 10 дан бирига биз ҳам етдикми? Нима учун 10 ёшгача Қуръони каримни ёдлаб мукаммал билиш, минг-минг мисра шеърни ёддан айтиш, маълум кашфиётларни ёш бўлатуриб амалга ошириш, жуда кўп тилларни мукаммал билиш ва унда бемалол ижод қилиш каби ҳолатлар оддий ҳодиса эмас? Нега уйимизда кутубхоналаримиа йўқ? Нега илм, китоб талаш эмас? Нима учун кутубхоналаримиз гавжум эмас, бозорларимиздек? Олган кийимимизни мақтаймизу, нега янги ўқиган китобимиздан, олган билимимиздан мақтамаймиз? Биз – ёшлар нега дангаса бўлиб қолдик? Турли хил компьютер ўйинлари, видео билан ҳамнафас ўсаётган кичик ёшлилардан кейин нимани кутиш мумкин? Нима учун илмга рағбат сўниб бормоқда? Бу каби минглаб саволлар зиё истаган кўнгилларни доимо безовта қилиши аниқ. Зеро, бизнинг мақсадимиз ҳам ёшларимизни илмга, зиёга чорлашдир.
Сайтимизни қизиқарли хабарлар, маърифий мақолалар, шеъру ҳикоялар, китоблар, борингки зиё билан тўлдириб бориш бизнинг вазифамиздир. Берилган материаллар сизларда ҳам қизиқиш уйғотиб, озгина маърифий зиё улашган бўлса, ўзимни бахтиёр ҳис этардим.
Қалбингизни маърифат зиёси мунаввар этсин!
Сизларга чексиз ҳурмат ила,
Давронбек Тожиалиев,
Ziyouz портали Бош муҳаррири
2004 йил 9 апрель