Ойбек. Қутлуғ қон (роман)

БИРИНЧИ БОБ

I

Вақт пешиндан оққан эди. Июль ойинииг қуёши ҳамма ёқни олов сели билан тўлдирган, ҳаво аллақандай оқ аланга билан жимгина ёнгандай… Кенг дала йўлида қатновчилар сийрак: эски кир қалпоғини бурнига қадар тушириб, иссиқдан мудраган ва ҳорғин ориқ отининг ялқов қадамига бардош қилиб шаҳардан қайтаётган четан аравали деҳқон икки оёғи билан эшакнинг қорнига ниқтаб, муттасил «хих-хих» билан ҳалқумини қирган бир мўйсафид узумчи, қатиғини пуллаб, хурмачаларини орқалаган, иссиққа қарамай, гоҳ аравага осилган, гоҳ қуш уясини қидириб дарахтларга кўз тиккан уст-боши кир-чир шўх болалар… Иссиқ тобора ортар, «ғир» этган шамол йўқ, от-арава кўтарган чанг ҳавода узоқ вақт қимирламай туриб қолар, юзларга қизган темир учқуни каби ёпишар, нафасни бўғар эди.
Қаҳратон қишда яланг оёқ муз босиб, саратонда қизгин қум кечиб иссиқда, совуқда обдан пишган бизнинг йигитни ҳам (катта масофани пиёда босгани учунми) кун хийла бетоқат қилган эди. У куйиб ётган билқ-билқ юмшоқ тупроқда салмоқли оёқларини илдам ва йирик-йирик босар, кўзлаган жойига тезроқ етишга ошиқиб ўткинчилардан сўрар эди:
— «Тўпқайрағоч»га яқин қолдими?
— Ҳали бор. Кўприкдан кейинги гузар.
Унинг очиқ ёқали узун кўйлаги, устидаги олача яктаги сувга пишгандай жиққа ҳўл бўлган; баъзан ғаши келиб, баданига ёпишган кўйлакни кўчирар ва елпинар эди.
Кўприкдан ўтиш биланоқ гузар бошланди: кўчанинг икки томонида бир-бирига қарши икки чойхона, бир қассоб дўкони, бунинг ёнига суқулган кичкина баққолчилик.
Кўча ифлос, лскин сув қалин сепилган; ҳар ёққа тарвақайлаб ўсган бесўнақай, қари толларнинг кўланкаси қуюқ.
Йигит сўл ёқдаги чойхонанинг каравотига ўтирди. Чанг ва тердан ҳосил бўлган кирни яктак этаги билан юзидан сидириб ташлади. Кичкина халтани ёнига қўйиб, чой сўради. Самоварчи чувак юзли, эти суягига ёпишган, жиккак ва шу билан баравар гирт кўса одам эди. У устанинг қўлига туша-туша хўп эзилган, қорни пачақ, чиркин катта самоварнинг олдида ёғоч елкасини қисиб ўтирар, келган-кетган одамлар билан унчалик иши йуқ; ис босган кир латта билан дам самоварни, дам ёнида қалашган пиёла-чойнакларни артар, ҳар куни минг марталаб қўлида тутадиган пиёлаларни олиб, гўё биринчи дафъа кўргандай, кўзини айлантирар, товушини баланд қўйиб, ўзича валдирар эди: «Одамларга ҳайронман-да! Агар сиғсам эди, самоварнинг оташдонига тушиб, кўмир ўрнига ёнар эдим. Жаббор кўсадан бир ҳовуч кул қолган булар эди. Шу ҳам тирикчиликми? Мана бу хумсанинг ҳам лаби учган! Мана буниси дарз кетибди… Ҳой, аравакаш бола, отингни торт, нақ тезагини дўппингга солиб бераман!»
Ниҳоят, шанғи самоварчи жўмраги учига жез қопланган чойнакни ва бир пиёлани йнгитнинг олдига дўқ этиб қўйиб кетди.
Чойхонада одам сийрак. Йигитлардан юқорироқда, ўрта ёшли икки деҳқон ўтирар, бу йил сабзи-пиёзнинг бозори касодлигидан ва уловсизликдан ҳасратлашар эди. Бири сўзлаб-сўзлаб, қамчи дастаси билан елкасини қашир, иккинчиси эса қўнжи бир қарич, чурук чориғини кўрсатиб: «Бу қачон янги бўлади? Сен от-уловдан гапирасан! Деҳқончиликда баракат қолмади. Деҳқоннинг сира маэаеи йўқ»-, дейди. Униси: «Ҳа, ишқилиб, бош омон бўлсин, биродар», деган сўзни такрорлар эди. Чойхонанинг бурчагида, куннинг даҳшатли ёнувига қарамай, қалин, қора жун чакмон ўралган бир қозоқ деворга суялиб мудрар, минут сайин кўзини очиб лоқайдлик билан самоварчига буюрар эди: «Шилимни узат!» Самоварчи нуқул кул билан тўлган сархонага чўғ қўяр, буришиб-туришиб, чилимни олиб борар ва ўдағайлар зди: «Торт, торт, сира ҳақинг кетмасин!» У чилимни бутун кучи билан, кашандалардай тортиб, оғзига қитдай тутун илашмаганидан тескари бурилиб микгар-дарди: «Сартнинг қудой урғани сен экансен, ўнгмағур…»
йиғит ғоят чанқаган эди, чойни қуйиб, пуфлаб-пуфлаб ичди. Белбоғига тугилган қирқ тийин чақадан тегишлисини айириб олиб, пиёла ичига ташлади-да, ўрнидан турди. Лекин бир муддат тараддудда қолди: қай томонга қадам босишини билмас эди. Самоварчининг «ит феъл» эканини пайқаган бўлса ҳам, ноилож унинг олдига борди.
— Мирзакаримбойнинг боғи қаерда, билмайсизми?— деди мулойимлик билан.
— Нима ишинг бор?
— Йўлиқмоқчи эдим-да.
— Ҳм… Мирзакаримбойни Тошкентнинг тўрт даҳаси билади. Ҳов анав кўчага бурил. Данғиллама дарвоза. Уша Искандар Зулқарнайн ҳам бунақа қўрғон солган эмас! — Самоварчи қўшалоқ бармоқли панжасини чўзиб бир кўчани кўрсатди. Кейин бу бегона йигитга бошдан-оёқ кўз югуртириб, ҳаваси келиб гапирди:
— Роса мучанг бор экан, иним. Баданингдан куч ёғидиб турибди-я. Қаерликсан, сайрамликми? Бой бобонинг омади…
Чойхонанинг ичкарисидан бир товуш янгради:
— Туф де, кўзинг тегади, касофат! Шу сўзингни менга айтсанг, тишингни суғуриб олардим.
— Кошкийди манда тиш бўлса, санда гавда бўлса, симён!
Йигит уларнинг сўзига болалардай жилмайиб, йўлга тушди.
Яшил бўёқ билан бўялган, уст томони ўймакор панжарали, катта ва оғир дарвозага етганда, йигитнинг юраги бир оз ўйнаб кетди. Дарвозанинг бир тавақаси очиқ. У узоқдан ичкарига қаради. Қаршисида дарахтлар остидаги катта супада, дастрўмолчаси билан елпиниб ўтирган, қордек оппоқ кўйлакли, оқ соқоли бир тутамгина чолга кўзи тушди. Юраги яна пўкиллади. «Тошкентнинг тўрт дахаси» танийдиган бу давлатманд кишининг олдига қандай киради? У содда, уятчан, камтарин йигит эди. Лекин бир лаҳзада аллақандай куч уни итаргандай бўлди. У дарвозадан кириб, супага ўн-ўн беш қадам қолганда, қўл қовуштириб, таъзим билан: «Ассалому алайкум» деди. Фақат, салавот босганидан, унинг овози истагига қарши баланд жарангламади. Аллақандай бўлиниб, сиқилиб чиқди. Чол ўтирган жойидан қимир этмади, бир қўлини қош устига қўйиб, кексаларга хос боқиш билан бир зум тикилди:
— Кел, чироғим, нима хизмат?
Йигит супа олдида тўхтаб, халтасини қўйди, узун, бақувват қўлларини чолга чўзди. Супанинг четига омонатгина ўтириб, бошини қуйи солди: «Қаерга келдим? Мирзакаримбой шу кишимикан? Балки бу бошқа бировдир деб ўйлади.
Чол бу бегона йигитнинг вазиятида тараддудланиш сезиб, қайтадан сўради:
— Хўш, ўғлим, нима арзинг бор? Айт…
йигит бошини кўтарди ва унга тикилиб қараб, жилмайди.
— Мирзакаримбой сиз бўласизми?
Чол боши билан тасдиқлагач, йигит давом этди:
— Мен Хўжакент қишлоғидан келдим, жиянингизнинг ўғли бўламан.
— Э, Хўжакентдан?
— Хушрўйбибининг ўғлиман.
— Э,— Мирзакаримбой бутун гавдаси билан бир қўзғалиб қўйди,— жияним Хушрўйбибининг ўғлиман дегин, баракалла. Раҳмат, жиян, йўқлаб келибсан. Қалай, онанг бақувватми? Ҳар ерда бўлса, омон бўлсин. Отинг нима, жиян?
— Отим Йўлчи. Аям, шукур, соғ-саломат. Сизга салом деб қолди.
— Даданг… Э, Шерали қалай, бардамми?
— Дадам ўлган, икки йилдан ошди чамаси. Мирзакаримбой қўллари билан соқолини енгилгина сийпаб, марҳумга фотиҳа ўқиган бўлди.
— Боёқиш кўп яхши одам эди; инсофли, ҳамиятли эди. Бир вақтлар ўртада борди-келди бўлиб турар эди. Даданг бу ерда ҳам, шаҳар ҳовлимизда ҳам бўлган. Сен ҳеч келганмидинг?
— Ёш палламда дадам, аям билан бирга шаҳардаги ҳовлингизга келганим ғира-шира ёдимда бор…
Чол ўтмишни эслади. Йўлчи ўз онасидан юз марталаб эшитган гапларни ҳикоя қила бошлади, яьни опасидан икки ёш қиз етим қолгани, улардан Хушрўйбиби ўз отаси тарбиясида қолиб, унинг синглиси Ойимбибини Мирзакаримбой ўзи тарбия қилиб, нақ эрга бериш олдида вафот этгани, Хушрўйбибининг толеи пастлик қилиб, ота ўлгандан сўнг амакилари қишлоққа, Шералига эрга берганликлари ва ҳоказони сўзлади. Сўнг чол сукутга ботди, кичкина, лекин ҳали тетик кўзларини мудроқ босган одам каби, секингина юмди. У ҳозиргина ёдига олган қишлоқи Хушрўйбибини ҳам, унинг камтарин, меҳнаткаш марҳум эрини ҳам, кутилмаган вақтда йўқлаб келган бу арслондай қишлоқи жиянчани ҳам унутган, унинг фикрини ёлғиз ўз ишлари ишғол этган эди. У банкалар орқали ўз рақибларига қарши олиб бормоқчи бўлган сирли ишларни, ўз қарздорларига нисбатан қандай муомала ва муносабатда бўлишни ўйлар эди. У қарздорларни уч гуруҳга бўлди. Биринчи гуруҳдагилар билан савдо муомаласини аввалгича давом эттираверади. Чунки буларнинг «қўли узун», қўр-қути кўп. Улардан бир кун озни кўп қилиб олади. Иккинчи гуруҳдагиларга бирмунча дўқ қилади, шу билан складларда чўкиб қолган газламаларни яхши баҳо билан уларга ўтказиб юборади. Учинчиларнинг эса думларидан маҳкам ушлаб олиб, маймундай ўйнатади… Сўнг катта ўғли Ҳакимбойваччанинг пахта савдоси юзасидан ўрис фирмалари билан яқинда тузган шартномаси устида ўйлаб, бу ишнинг қалтис томони сира йўқлигига ва тажрибакор ақлнинг кўрсатишига мувофиқ, бу ишдан фойда дарёдай тошиб келишига яна чуқурроқ ишонгач, завқланиб кетди-да, кўзларини яна маҳкамроқ юмди.
Сўзамол, бадавлат қари тоғанинг бирдан кўз юмиб сукутга ботишининг сабабини, табиий, Йўлчи тушунмади. Келганим унга ёқмади шекилли, деган андишага ҳам борди. Лекин у энди бошини кўтариб, чолга ва атрофга дадилроқ қарай бошлади. Мирзакаримбойнинг гавдаси кичик, қўллари ингичка бўлса ҳам, зуваласи пишиқ кўринади. У гўштдор ҳам эмас, ориқ ҳам эмас, кичик, айёр юзи хўрознинг тожисидай қип-қизил; оппоқ соқоли ва мийиқлари тоза ва таралган…»
Бир танобдан мўлроқ чор бурчак ташқарининг ҳар томони диққатни жалб қиларли эди. Ўртада супа ва ҳовуз. Танаси иккита катта қулочга сиғмайдиган бир туп сада теваракка тангадай офтоб туширмайди. Ҳовузнинг нариги четида бир-бирига яқин ўтқазилган, шохлари бир-бирининг ичига кирган уч туп олма дарахти. Бир тупида олмалар энди сарғайиб йилтирамоқда, бир тупида муштдай йирик олмалар ҳали кўм-кўк, уларга боқиш билан кишининг тиши қамашиб, оғзи сўлакка тўлади; бир туп жайдари қизил олма, мевасининг мўллигидан ҳовузга энгашиб тушган; ҳовуз сувида бир қанча қизил олма ёқутдай товланиб, жимиллаб сузади. Ҳовуздан йигирма қадамлар нарида тўрт томони очиқ, устунлари чиройли нақшланган, ердан одам бўйи баланд кўтарилиб солинган каттагина шийпон; бунинг атрофи гулзор. Қуёшда майин товланиб, хилма-хил ранглар билан мавжланган майда гуллар орасида кўркам юксалган қизил духоба гуллар олов парчаси каби ёнади.
Йўлчи кўзлари билан атрофни сайр этаркаи, рўбарўдаги қўрғон — ичкари ҳовли эшигидан ёш-ёш ўғил ва қиз болалар чувиллашиб чиқишди. Буларнинг кийимлари тоза ва янги эди.
Мош ранг духоба дўппили, тўққиз-ўн яшар, чиройликкина бола — болаларнинг энг каттаси эди. У ичига катта оқ каламуш қамалган қопқонни ерга қўйди, эшикчасини очди. Семиз каламуш ерга тушиб, лапанглаб дарвоза томонга қочди. Болалар қийқириб, уни қувлаша кетди: «Устига лампа мой сепиб ёндирамиз!» Набираларининг ҳаддан ошган суюнчли ҳангамаси чолнинг кўзларини очди… У қўли билан гўдакларга дўқ қилди: «Гугурт ўйнаманглар, ҳой!» деб қичқириб ҳам қўйди. Сўнг, қаршисида ўтирган жиянини унутаёзганидан огоҳ бўлиб, юпатиш учун:
— Оббо жиян-э, бизникини топиб келдингми-я? Ҳа, сўраб-сўраб Маккани топадилар… Ҳай, Ойниса, бувингни чақир!—Болаларга аралашмай бир чекада турган рангпар, безгакнамо қизга буюрди бой.
Қўрғон эшигидан аёл овози эшитилди:
— Нима керак?
— Мунда кел — чол қўли билан имлади.
— Киши бор-ку.
— Қариндош… Хушрўйнинг ўғли,— деб тушунтирди
— Қайси Хушрўй? Эсим ҳам қурсин, ҳа, қишлоқданми?— ўрта бўйли, тўла, лекин кенг юзининг гўштлари сарғайиб, салқиб тушган эллик саккиз ёшларда бўлган касалнамо хотин аста-аста юриб келаверди. У супага яқинлашгач, Йўлчи ўрнидан туриб салом берди ва онасининг саломини топширди. Аммо кеккайган хотин унинг сўзини тингламади, эрига қараб сўзлади:
— Қишлоқдаги жиянингизнинг ўғлими? Тоғдек йигит бўлибди. Ёшлигида ҳам бўлали бола эди… кўзимга таниш кўриниб турибди.
Мирзакаримбой хотинига дастурхон олиб чиқишни буюргач, у кетиш олдидагина, кўринишда самимий, лекин аслида сохта ва масхарали товуш билан Йўлчининг онасини ва укаларини сўради.
Бой энди иссиқдан шикоятланиб, уҳ-уҳлаб ўтирди. Унинг кампири патнис ва бир чойнак чой олиб чиқди. Патнисда тўртта кулча, икки бош қизил чиллаки ва бир бош қуш чўқиган қандайдир оқ узум бор эди. Йўлчи қишлоқдан келтирган халтани кампирга узатди.
— Аям бериб юборди, қурт…
— Садағаси кетай,— қампир халтани ушлагиси ҳам келмай, қўл учи билан тутиб гапирди,— койиб нима қилар эди бечора.
Набиралар халтадаги қурт эканини эшитиб, кампирнинг оёғи остида ўрмалашди ва: «Манга битта, буви», «Манга анча беринг, буви» деб қий-чув кўтаришди. Кампир хўмрайиб, набираларни жеркиб ташлади. Болалар ёпишавергач, халтани очишга мажбур бўлди-да, лабини буриб вайсай бошлади:
— Хаҳ, шумтакалар, оғизларингда эриб кетадиган сузма қуртни берсам олмайсизлар, шу тош қуртни талашасизлар. Мана, кўрдингларми, қаттиқ — тишларингни ушатади. Бай-бай, бу болаларнинг дастидан ўлиб бўлдим, ахир бу тош қурт, жиғилдонларингни тешиб юборади-ку.— Меҳмоннинг қизарганини пайқаган кекса бой, ўз хотининииг катта оғиз ва бетамизлигига аччиқланиб, юзини тескари бурди, лекин хотини яна валдирамасин учун, юмшоқ гапирди:
— Ҳай, ичкари кир, чағир-чуғурдан қулоғим битди. Йўлчи қурт олиб келганига пушаймон қилди. Онаси қўшнилардан қурт йиғиб, бой тоға учун совғача тайёрлаб, суюна-суюна унинг қўлига тутқазгач, яхши-ёмонлигини суруштирмай, у ҳам олиб жўнаган эди.
Бой тоға нопни ушатиб, патнисни Йўлчининг олдига суриб қўйди.
— Ол, жиян, йўл юриб келгансан. Бир парча ерларинг борлигини эшитар эдим, қўлларингдами?
— Йўқ,— патнисдан бир бурда нон олиб жавоб берди Йўлчи,— ер сотилиб кетган.
Мирзакаримбой ерга ўч одам эди. Ерли-сувли одамлар, қандай бўлмасин бир сабабдан қийналиб қолсалар, дарров уларнинг пинжига тиқилар, ё ўртага киши қўйиб, ерни тезроқ ўз қўлига ўтказишга тиришар эди. Ҳатто, ер сотишни хаёлга келтирмаган одамларнинг ерларини,— агар уларнинг ерлари ўз ерларига чегарадош бўлса,—ўзиникига қўшиш учун ҳеч нимадан тоймас, ҳар қандай номус ва адолатнинг бетига тупирар эди. Аммо, Йўлчининг сотилиб кетган ери унга ҳеч алоқасиз бўлгани учун, ернинг қадр-қиймати ва бу хусусдаги маҳкам қаноатларини тушунтира бошлади:
— Чакки бўлибди, жиян. Ер сотган эр бўлмайди, эр ер сотмайди. Мана бу гапнинг мағзини чақ… Ер сотганларнинг кўпини кўрдик, ахири гадой бўлади, Тўғри, ерни пулга сотадилар, нақд пулни жарақ-жарақ санаб оладилар. Пул ҳамма нарсанинг отаси. Пул белга қувват, бошга тож. Пулдор одам қанотли одам, бу қанот билан мағрибдан машриққача учасан, ҳар ерда ошна-оғайни, дўст-ёр топасан… Пулдор одам Маскавгача, Варшавгача боради. Пулсиз одам ўз жойидан бир қадам силжисин-чи! Бе!.. Пул шундай азиз нарса, жиян. Лекин пулни жуда мақтаб юбордим, шошма, ерда ҳам хосият кўп. Ер туғади. Ерга чўпни тиқиб қўйсанг, кўкариб, қулочга сиғмас дарахт пайдо бўлади. Пул-чи? Пул ҳам туғади. Жуда кўп туғади, тез туғади. Айниқса, бу замонда пул сертухум бўлиб кетган. Аммо, пулни тутиш қийин, еб, ичиб қўйиш жуда осон. Пул асов қушга ўхшайди, сал бўш туттингми, қўлингдан учади-кетади. Ер ҳам туғади ҳам пулга кишан солади. Ер олган кўкаради, ер сотган қурийди Мана бу гапнинг мағзини чақ, жиян!
— Ночорлик, тоға,— Йўлчи пиёладаги совиган чойни икки қултумда бўшатиб, гапирди,— дадам бир йил тўшакда ётиб қолди. Экинимиз яхши бўлмади. Қўл калта бўлгандан кейин, қаёққа узатасиз?
Йўлчи ҳали гапини битирмаган эди, Мирзакаримбой уни кесди:
— Бир терининг ичида қўй неча озиб, неча марта семиради,— деди салмоқланиб бой,— кишининг бошига ёмон кунлар ҳам келади, кўниш керак бунга. Бундан ўттиз беш йил илгаримикан, растада дўконни очган йилим эди-да, бошимга бир мушкул иш тушди: баъзи вақтда савдогарлар ҳам сиқилиб қолади, сен бунга тушунмайсан. Менга пул керак, қаердан оламан! «Ракат» мавзуида отадан қолган уч таноб жой бор эди, коранда ишлатар эди. Баъзи оғайниларим, шуни сот, дейишди. Вақти келганда, жиян, дўстлар қўлтиғингга кириб, балчиқдан тортмайди. Мен дўстларга сира ишонмайман. Маслаҳатга ҳаммаси чаққон. Нега десанг, маслаҳатгўйлик осон нарса-да; тили қимирлайди, холос. Мен уларга қулоқ солмадим. Бошни у ёққа урдим, бу ёққа урдим, ахир бир эвини топдим, жиян. Сандиқдан хотинимнинг кийим-кечагини чиқардим, уйни безашдан бошка нарсага ярамайдиган асбобларни йиғиштирдим, барини сотиб пул қилдим. Биласан, хотин аҳли молга ўч бўлади, алалхусус, сандиқдаги молни ер-кўкка ишонмайди. У йиғлади-сиқтади. «Сандиқда чириб ётган молдан ердаги ахлат аъло, аблаҳ», дедим унга. Хотин эрнинг қули; хотиннинг кўнглига, раъйига қараш иш қилган эркак одам эмас, жиян. Ишим тўғриланиб кетди, ерим ўзимда қолди.
— Тоға, бошқа иложимиз йўқ эди. Мана сизда нарса бор экан, сотибсиз, бизда бир парча ердан бошқа, кўзга илинарли ҳеч нарса йўқ эди. Мен қараб турмадим, пода боқдим, ўроқчилик қилдим, отбоқар бўлдим. Аям бошоқ терди. Қишлоқда тирикчилик қилиш жуда қийин. Очлик-яланғочликка кўникиб, тирикчилигимизни қилар эдик, лекин бир нарсага бошимиз гаранг бўлиб қолди: дадамнинг гарданида қарзи бор экан. Озгина. Ўттиз сўмга ҳам етмайди. Дадам, касали оғирлашгандан кейин, ташвишга туша бошлади. «Кўзим очиқ экан, қарздан қутулиб олай, гўримда тинч ётай, Йўлчи рўзғорга қарайдими, қарзимни узадими», деди аямга. Хуллас, ер жуда арзонга кетди. Кишининг ҳақидан қутулганига биз ҳам суюниб қолавердик.
— Ҳа, бундай дегин,— Мирзакаримбой оёқларини гиламга узатиб, силаб, гапни давом эттирди:— Бу энди бошқа гап. Қарз ёмон нарса, жиян. Қарздан қутулиш учун ер тугул, киши ўзини қул қилиб сотиши керак. Одамнинг ҳайвони киши ҳақидан қўрқмайди, киши молига кўз олайтиради. Шундай одамлар борки, ўзларида ҳеч нима йўқ, бошқанинг мулкига ҳасад қилади, кўролмайди. Фақирликка бўйсунмайди, яхши еб, яхши кийишни орзу қилади. Жиян, ақлинг бўлса, кишининг бир тийинига хиёнат қилма. Тийин ҳам пул, юз минг сўм ҳам пул. Сен ҳар нарсани Оллодан кўр. У берс — хўп; бермаса — хафа бўлма, тақдирга шукур қил, номусли камбағал бўл. У дунёда фойдасини биласан. Қани, нон ол, узумга қара.
Йўлчининг қорни жуда оч эди. У тунги салқиндан фондаланиб, тўхтовсиз юриш билан қиём вақтида шаҳарга келгач, анҳор лабида ўтириб қишлоқда белига тугиб олган битта нондан бошқа ҳеч нима емаган эди. Лекин Мирзакаримбой, савдогар назокатиданми, ёки одатланганиданми, нонни жуда майда ушатган эди. Йўлчи бир бурдасини оғзига тиқса, лунжининг бир чеккасида йўқолиб, кетар, патнисга кетма-кет қўл чўзаверишга ийманар эди. Содда қишлоқ йигити такаллуфни билмаса ҳам, одоб-таъзим хусусида онаси анча-мунча гапларни уқтириб юборгани учун, давлатманд қариндош ҳузурида овқатдан тортинишни маъкул кўрди, дастурхонни тезгина йиғиштириб, чой ича бошлади.
Мирзакаримбой қишлоқи жияни билан сўзлашишдан тўхтаган бўлса ҳам, фикри йигитни ўрганиш, унинг келишининг чин сабабларини мулоҳаза қилиш билан машғул эди. У ўз ичида шундай ўйлади: «Қариндошларнинг аҳволи пачава, тирикчилиги бемаза. Ерсиз, от-уловсиз қишлоқининг кун кечириши — ўлим азоби. Онасининг узоқлашиб кетган тоғасини йигит бекорга йўқлаб келадими? Йўқ, мандан кийим-кечак, пул-мул олиш умидида келган. Буни онаси юборган, албатта. Хотинларнинг хулқи, одати маълум. Тўртта қўшни хотин орасига кирса, бой тоғам бор, эшигини ел очиб, ел ёпади, деб мақтанса керак. Яхшиям ўзи келмабди… Бўлмаса ҳалигича неча марта кўз ёшини тўкиб, тирикчилигидан зорланган бўларди. Бу йигит ақлли кўринади, ҳам улуғвор, вазмин йигит…»
Мирзакаримбой илоннинг ёғини ялаган одам эди: ҳамма бойлар каби, айёр, муғамбир, пухта-пишиқ; у юраксиз эмас, балки ҳар ишда эҳтиёткорликни маъқул кўрар эди. Мана шулар орқасида у, камтарин маҳалла баққолининг ўғли Карим читтак — кичкина, лекин ҳаракатлари чаққон ва илдам бўлганидан, ёшликда шундай лақаби бор эди,— ҳозир кимсан Мирзакаримбой!.. У Тошкентнинг энг олдинги бойларидан. Тошкентнинг эски  ва янги шаҳарларида тўплаб сотувчи икки газлама дўкони, Туркистон ўлкасининг турли шаҳарларида катта-кичик айрим дўконлар, Тошкент теварагидаги турли мавзуларда ер-сув ва ҳоказо унга қарайди. Бундан ташқари, унинг катта ўғли Ҳакимбойвачча йирик пахта савдоси билан машғул…
Бой ўз умрида кўпни кўрган, кўпни таниган, турли шаҳар ва турли одамлар билан муомала қилган, унинг қўлидан жуда кўп хизматкор, қарол, чоракор ва ҳоказо ўтган. Шунинг учун одамни тез англаб олар эди. Ўзининг бу хислатига чуқур ишонар, бу билан бошқаларга мақтанмаса ҳам (мақтанчоқликни ёмон кўрар эди у), баъзи вақт ичидан фахрланарди. Мана ҳозир унинг қаршисида муштипар жиянининг ўғли. У билан турли нарсалар ҳақида узоқ суҳбатлашди, лекин йигирма уч ёшли йигитнинг ақлида сира нуқсон кўрмади. Унинг арслондай кўркам гавдаси, кенг пешанаси, чуқур самимият ифодаси билан тўла йирик, ҳушёр кўзлари, кир яктаги ичидан қавариб турган кенг кўкраги, бақувват қўллари, сўзларидаги қишлоқча соддалик ва тўғрилик (бу хусусиятни камбағал одамларда катта фазилат деб топар эди бой) унга жуда ёқди. «Обдан чиниққан йигит, унга берилган овқат беҳуда кетмайди», деб ўйлади у. Лекин шу билан баравар, Мирзакаримбой Йўлчининг бутун сиймосида катта жасорат ва ғурур. сезди. Бу сифат унга жилла маъқул тушмади. Кейин, унинг эҳтиёткорлиги «синамаган отнинг сиртидан ўтма» деган халқ мақолини эслатди, агар Йўлчи уникида ишлашни орзу қилса, бир қанча вақт синамоқчи бўлди: «Оқибат яхши бўлса, қўлимдан сира чиқармайман. Ялқов ва ғирром, ё қўли эгри бўлса, силлиқлик билан ҳайдайман», деб ўйлади.
— Жиян,— оҳиста мурожаат қилди Мирзакаримбой,— ўйлаб қарасам, аҳволларинг чатоққа ўхшайди. Нима қиласан, яна қишлоққа қайтасанми?
Бойнинг саволига Йўлчи қандай жавоб беришни билмай қолди. Қишлоқдан чиқаркан, бой тоғасидан, албатта, хизмат сўрашни онаси уқтирган эди. Энди у «қайтаман» деса, эрта-индин қншлоққа жўнаши керак, у вақт онаси хафа бўлади: «Шундай катта даргоҳдан ўрин тополмай қўлингни бурнингга тиқиб қайтдингми, ношуд!» дейди. «Қоламан, бирон хизмат топиб беринг», дейишга ғурури йўл қўймади, Чол такрор сўрагач, у жавоб берди:
— Тошкентда иш топсам, балки қоларман. Мирзакаримбой соқолининг учини бармоқлари билан чимдиб, кулиб қўнди:
— Шаҳарда қаёқдан иш топасан? Бизда юра тур. Нон-насибанг бизда бўлса қоларсан, бўлмаса, қишлоғинггами ё бошқа томонгами жўнарсан. Ризқингнн Олло таоло қаерга сочган, биз биламизми?
— Хўп. Ихтиёр сизда,— бошини қимирлатиб деди Йўлчи.
Мирзакаримбой астагина ўрнидан турди. «Ёрасулулло» деб минғирлади, супадан тушиб, кечагина сотиб олингандай, ярқираган чиройли, ихчам «содиқи» кавушни оёқларига илди, кавушни ғижирлатиб, қари бўлса ҳам хўроздай кеккайиб, қўрғон томонга юрди. Нақ шу паллада дарвозадан катта қора сигир шаталоқ отиб, орқасида бир кишини уриб кирди. Бой чўчиб, ўзини четга олди. Ҳалиги киши орқага ташланиб ориқ-чандир бўйнидаги томирлари ўқловдай қабариб, сигирни базўр тўхтатди: «Ҳеч кучга бўйин бермайди бу занталоқ…»,— бойга қараб деди у. Кейин бирдан Йўлчини кўриб қолиб, кўзларида «у ким?» деган савол жавдирар экан, бой кулиб унга гапирди: «Ёрмат, бу бола жияним бўлади. Таниш, иш ўргат!» У индамади, сигирни узоқда, девор тагидаги бир дарахтга боғлаб қайтгандан сўнг, Йўлчи билан кўришар экан, қўрғон ичига кириб кетган бой бир зумда яна эшикда кўринди:
— Ёрмат, шаҳарга отни тезроқ олиб туш, Ҳакимжон кутиб қолмасин, бугун меҳмонлар бор-а…
— Беда ўриб қўйиш керак эди-ку,— бошини қашиди Ёрмат.
— А, кун ҳам кечикиб қолибди.
— Мен ўраман бедани, бедаларинг қаерда?—Ёрматта қараб деди Йўлчи.
Мирзакаримбой жиянининг ишга тайёрлигидан рози каби кулди-да, индамасдан ичкари кириб кетди.
— Меҳмонни ишга солар эканмиз-да,— деди Йўлчини бирга олиб жўнаркан Ёрмат,— ҳа, қари келса ошга, ёш келса ишга.
Ёрмат Йўлчи билан ёнма-ён юриб эски таниш каби ундан-бундан сўзлашиб борди. У қирқ беш ёшларда, новча, чайир одам, юзида сийрак чўтир изи қолган, соқол, мўйловларига анчагина оқ тушган эди. Қўш белбоғи чапаничасига паст боғланган, юриши ҳам олифталарга тақлидни кўрсатар, унинг бутун қомати, ҳамма ҳаракатлари ўзига зеб берган, мақтанчоқ камбағални тасвирлар эди.
Улар пича юриб, тўрт-беш таноб жойни ишғол этган бедазорга чиқишди.
— Мана бедам!— қўлини белига тираб, кўзи билан узоққа ишорат қилиб деди Ёрмат.— Ҳафсалангиз бўлса, беданани шунда тутинг-да.
— Йўнғичқа сизникими? Ёш экан ҳали, жуда бақувват ўсибди,— Ёрматга қараб деди Йўлчи.
— Хах-хах-хах…— қаттиқ кулди Ёрмат ва ўроқни Йўлчига тутқизиб гапира бошлади:— Мирзакаримбой отамнинг остоналарида ўн олти йилдан буён ишлайман, йигитча. Шундай бўлгандан кейин «сизники, бизники» дейишга ўрин қоладими? Бу бедаларга озмунча терим тўкилганми, эҳ-ҳе! Кейин кўрсатаман, бойнинг кўп ерларини ман ёлғиз ўз кучим билан кўкартирганман. Қани, мана шу ёқдан ўраверинг. Бир аравани мўлжаллаб ўринг. Бу кун пайшанба, Ҳакимбойваччанинг меҳмонлари чиқади. Агар укалари Салимбойвачча ҳам улфатларини бошлаб чиқса, томошани унда кўрасиз: ҳамма ёқни от тутиб кетади.
Йўлчи ўроққа диққат билан тикилиб қаради ва энкайиб ўра бошлади. Ўзини чапдаст-эпчил ўроқчи ҳисоблаган Ёрмат Йўлчининг ишидан камчилик топиб, ўз маҳоратини унга кўрсатиш умидида, бир муддат кузатиб турди. Лекин унинг тажрибали кўзи Йўлчининг ишида ҳеч қандай камчилик кўра олмади, Баъзи жиҳатдан, масалан, илдамликда бу йигитни ўзидан устун кўрди. Бошқаларнинг ишини камситишни яхши кўрган бу «ўзбиларман» одам бу гал жиндан ён беришга мажбур бўлди.
— Дуруст, сартарош соч олгандай қиртишлаб ўрар экансиз. Мен кетдим.
Беда ораси жуда иссиқ, гўё қуёшнинг бутун олови беда ичига яширингандай қизғин, бўғувчи ҳаво юзга уради. Йўлчи мўл-мўл тер қуйиб, ҳеч қаёққа қарамай ишлайверди. Ўроқ ўткир эди. Ўралиб-чаплашиб ўсган қалин майсани «шар-шар» йиқиб борар экан, ўзи ҳам завқланди.
Ҳозир унинг кўнгли бир қадар кўтарилган: «Бой тоғам инсофли одам бўлса керак. Мана, ҳалиги одам шунча йил ишлабди. Хизматкор қул эмас, фойда кўрмаса турадими? Гапига қараганда, хурсандга ўхшайди. Қишлоқда кўп одамларнинг юмушини қилдим, майли, бу ерда ҳам ишлай. Яхши ишласам, албатта, чакки бўлмайди. Негаки, булар қариндошларим, ҳаммадан юлсалар ҳам, мендан юлмаслар. Тоғам қанча насиҳат қилди, мен билан қанча гаплашди, Энди ишим ўнг бўлади, энди аям, укам, синглим зориқмайдилар. Лекин гап яхши ишлашда…» Шунинг сингари ўй-хаёлларга ботиб, мўлжаллаган миқдорини ўриб бўлди. Сўнг, уюм-уюм тўплаб, кенг қулочига сиққанча кўтариб, бойнинг ташқарисига ташимоққа бошлади.
Қуёш яширинган бўлса ҳам, кундузнинг ёруғлиги ҳали тамом сўнмаган эди. Аллақандай майин, мулойим жимжитликни атрофда сигир, бузоқларнинг маъраши, дарахтлар орасидан қушларнииг ора-сира янграб, яна бир зумда тинган сайраши сескантиради. Ҳамма нарса ҳорғин, мудрашга бошлаган каби… Аллақандай поёнсиз ғариб оқшом.
Бойнинг ташқарисида Йўлчидан бошқа ҳеч ким йўқ. Бу ерда ҳозиргина бемалол ўйнаб юрган икки бола, Йўлчини кўриш билан, ундан ҳурккан каби, ичкари ҳовлига қочишди. Қишлоқи йигит супа лабида бошини қуйи солиб ўтирар, камбағал қишлоқдаги чордевор уйини, меҳрибон онасини, севикли укаларини кўз олдига келтириб ўйлар экан, кўчада бирдан отларнинг дукурини эшитди, сакраб туриб, дарвозага югурди. Чиройли саман отнинг жиловини тугиб, эгасини қўлтиқлаб ерга туширди. У — оқ жужун камзул устидан беқасам тўн кийган, ўрта бўйли,малладор, қора бурама мўйловли, димоғдор, қарашлари ўткир ва, тез, ёши қирққа яқин бир одам эди: бу Мирзакаримбойнинг ўғли Ҳакимбойвачча. Отдан тушиб шошиб-пишиб гапирди:
— Ёрмат менга айтди сени, жиян. Яхши, отларга қара, қариндош!
Тўнининг этаклари билан этигини нари-бери уриб, ичкарига кирди.
Йўлчи гали билан меҳмонларнинг отларини дарахтларга ҳам деворга қоқилган махсус темир қозиқларга қантариб боғлади. Бир нечасини отхонага олиб кирди. Кейин алла-паллага қадар қўрғон, ичкари ҳовли эшиги билан шийпон орасида бўзчининг мокисидай қатнади, меҳмонлар учун дам ясоғлик патнислар, дам чой, дам нон оч қоринни кемирадиган лаган-лаган мантилар, дам косаларда шўрвалар ташиди Ёрмат шаҳардан пиёда қайтиб, ўлгудай ҳоригани учун, ҳамма отларга Йўлчи қаради. Бир меҳмонга қарашли извошчи Жўра ака билан бирга қоронғида ўтириб, меҳмонлардан қолган овқатдан едида, Ёрмат топиб берган бир эски кўрпачани қуруқ ерга ёйиб, бошини бир боғ ҳўл бедага қўйиб уйқуга кетди…

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.