Биринчи боб
Баҳор қуёши кўкнинг тиниқ ферузасида Ҳиротнинг Гавҳаршод мадрасасининг ҳайбатли гумбази устида порлар, гумбазнинг азамат пештоқларининг нақшлари шўлаларда жонли, ҳавоий бир чаманзор каби турли-туман олов ранглар чақнатар, кабутарлар дам учиб, дам сирпаниб қўниб, гумбаз теварагида қувонч билан иноқ ўйнашар эди. Бир томони хонақоҳ, уч томони катакча-ҳужралар билан ўралган мадрасанинг кенг, текис, чорбурчак саҳнидан кеча шовдираб ўтган ёмғир кўзга илинар-илинмас буғ бўлиб ҳавога кўтарилмоқда эди. Толиби илмларнинг аксари букун ҳовлига чиқишган. Улар япалоқ ғишт ётқизилган йўлкаларга бўйралар солиб дарс тайёрлашади. Уларнинг қай бири «Қофия»да, қай бин «Ҳошия»да, қай бири «Шамсия»да. Мана бунда бири китобни тиззасига қўйиб катта саллали бошини узлуксиз чайқаб, кўзларини чирт юмган ҳолда ғўнғиллаб «Арабиёт»ни ёдлайди. Нарироқда уч муллабачча бир бўйра устида ўтириб, мушкул бир масалани баҳслашади. Улардан бири — серсоқол, рангпар ва ориқ — ўз мантиқининг кучини кўрсатишга ва «ҳақиқат мезони»ни ўзича таъриф этишга астойдил тиришар, шерикларининг далилларини рад этарди. Ундан ёшроқ, лекин ўжарликда ундан асло қолишмайдиган шериклари қичқириб, янги-янги далиллар, мулоҳазаларнинг тилсимли қўрғонини бир зумда сўз билан ясаб қўярдилар. Баъзан асл мавзу-баҳс ғойиб бўлар, улар баҳс асносида келиб чиққан янги нуқталарга берилиб, сўз чангалзорининг тиканли мушкилот билан тўла соҳаларида урина-урина, яна асли масалага қайтишади. Баҳслашувчилар баъзан мунозара алангасида ўзларини унутиб, бир-бирларига дағал иборалар айтишар, баъзан бургутдай ҳурпайиб, бир-бирларига чанг солмоққа тайёрлангандай қизиқ бир вазиятда бир зумгина қотишарди. Бу ҳои мадраса дунёсида жуда оддий ва табиий ҳодиса бўлгани учун уларнинг асабий шовқинига атрофдагилардан ҳеч ким эътибор қилмас эди.
Ҳужралар бўм-бўшдек кўринса ҳам, хонақоҳнинг пинжига тиқилган, қуёшга терс бир ҳужрада тўрт киши ғуж бўлиб, одатдагича, гурунглашиб ўтиришар эди. Ҳужра тор, захкаш. Эшикчанинг ланг очиқ бўлишига, баҳор қуёшида кўз қамаштириб порлаган кундузга қарамай, бу ерда ним қоронғилик ҳукм сурарди. Бу нарса ёлғиз бу ҳужрага хос сифат эмас, албатта. Мадраса ҳужралари — толиби илмлар масканла-рининг кенг, баҳаво бўлиши гўё одатга, анъанага, бутун зеҳниятга зид бўлгандек, Шарқда мадраса ҳужралари бир-биридан ҳеч фарқ қилмайди дейиш мумкин… «Илм игна билан қудуқ қазиш» деган қадимги фикрга ҳужраларнинг андозаси ёрқин бир мисол бўлсин, деб бир замонлар меъморий санъатда1 толиби илмлар учун шу андозани қабул қилган бўлсалар эҳтимол…
Ним қоронғи, захкаш ҳужрада улфати чорнинг суҳбати узилмас эди. Булардан учи толиби илм бўлиб, тўртинчиси бу ҳужра соҳибининг меҳмони эди. Буларнинг илм даражалари, ёшлари, феЪ1-ҳуйлари орасида катта тафовут, ҳатто зиддият бўлишига қарамай, мадрасанинг энг қашшоқлари болганларидан, аксар вақт тўпланиб, «икки ярим — бир бутун», дегандай овқат тадорикини бирга кўришар эди. Букун ҳам худди шу мақсадда йиғилишиб, декча қайнатиш ғамида бош оғритишарди. Ёш жиҳатдан энг каттаси — ҳужра соҳиби Алоиддин Машҳадий бўлиб, чувак юзини дағал қора соқол босган, пайваста қуюқ қошли, ҳар вақт ярим юмуқ хира кўзли, паст бўйли, чамаси қирқ ёшдаги киши эди. У ўн беш йилдан буён «Гавҳаршод» мадрасасида, шу ҳужрада истиқомат қилар, бундан бирон ёққа қўзғалиши ҳам белгисиз эди. Алоиддин Машҳадий ўз замонасининг энг пешқадам мударрисларида ўн йиллаб дарс олган бўлса ҳам, бирон илмда ўзини ёрқин кўрсата олмаган. Бир неча йилдан буён илмлардан кўнгли совиб, дарсларга кўпинча қатнашмайди ҳам. Лекин замонанинг бир кўп одамларига муяссар бўлган шоирлик бахти ёки бахтсизлиги уни ҳам бенасиб қолдирмаган. У шеърнинг турли навларида қалам юритади. Тунларни уйқусиз кечириб, девон ҳам тартиб қилган; муаммўда ўзини ягона бўлмаса-да, ҳар ҳолда энг чапдастлардан ҳисоблайди. Аммо унинг бу соҳадаги маҳорати ҳам худди девони каби ҳануз шеър оламига танилган эмас, бу аҳволга у ғоят қайғуради, дард уни ич-ичидан кемиради. Умидсизлик, ўксиз раҳ уни бир зум ҳам тарк этмайди. Шуҳрат, илтифот қидирган шоир шоҳларга бўлмаса-да, бекларга, вазирларга, ҳатто булардан қуйироқдагиларга ҳам қасидалар ёзиб тақдим этади. Саводсиз бекни «Жоми ул-улум», «Хазинаи маоний», «Фузало ва шуаро ҳомийси» деб юксалтиради. Унинг султонларга, ҳатто бекларга навкар бўлиб ўтган ота-бобосини офтоб оламтоб яратилгандан бери давлати, иқболи завол кўрмаган олий насабли «салтанат спеҳрининг хуршиди» ва ҳоказо пучак, лекин кўз қамаштиргич ялтироқ сўзлар билан мадҳ этмоққа моҳир. Алоиддин Машҳадий асабий, жиззаки, сезгир шахс; арзимаган нарсага кишидан кўнгли қолади. У кимдан ранжиса, ўша соатда бир ҳажв ила ўз «душман»ини сўз балчиғига шундай булғайдики, ўқир-кан, энг чиркин ҳид бурқиб туради.
Иккинчи муллабачча ҳиротлик ўрта ҳои оилага мансуб Зайниддин, қадди-қомати нозик, хушмуомала, хушсуҳбат, ҳавойи табиатли йигирма-йигирма бир яшар йигит эди. У тўрт-беш йилдан буён таҳсил кўриб, баъзи илмларда анча илгарилаган. Араб ва форс тилларини яхши эгаллаган. Лекин ҳавойи табиатли бўлиши ва ҳаётда зийнатни, хурсандчиликни севиши орқасида таҳсилга унча қунт қилмайди. Кўпроқ вақтини санъатларга бағишлайди. Мадраса аҳли орасида у ўзининг ҳуснихати билан машҳур. Бундан ташқари, яхши куйлайди, ғижжакни гўзал чалади: кейинги вақтларда отаси билан ораси бузилиб қолгач, фақирликка тушди. Бу мадрасада ва ўзга мадрасаларда бўлган асилзода, соҳиби давлат талабаларнинг ва Ҳиротдаги бекзода, вазирзодаламинг кечки базмларига, йиғинчоқларига бориб, куйи, сози билан ўлтиришни қизитиб, қорнини тўйдирар эди.
Учинчи талаба икки йил бурун Шаҳрисабздан таҳсил учун келган дўнг пешонали, миқти гавдали, ўткир, йирик кўзли ўн саккиз яшар Султонмурод эди. Бу йигит Шаҳрисабзда машҳур сангтарош устанинг ўғли эди. Уста Самарқандда иш вақтида катта бир бино тепасидан йиқилиб ўлганда, Султонмурод уч яшар бола эди. Ўқимишли, жонкаш-жафокаш онанинг тарбиясида улғайиб, дастлаб ўз шаҳрида, сўнгра Самарқандда таҳсил кўриб, ниҳоят, қариндошларининг ёрдами билан Ҳиротга келиб, бу мадрасага жойлашган эди. Унинг истеъдоди мадраса аҳлигагина эмас, балки Ҳиротнинг аксар олимларига маълум. У барча мавжуд илмларни эгаллаб, замона олимларининг пешвоси, «саромади» бўлишга тиришади. Диний илмлардан ташқари, риёзиёт, илми нужум, мантиқ, адабиёт ва ҳоказоларда кенг, пишиқ маълумот касб этган эди. У ўн тўрт яшар вақтида Самарқандда бир домласи унга шундай деган эди: «Қадим замонда бир олим ўтган экан. У, агар рубъи маскундаги барча олимларнинг хотирларидан барча улум ва фунун баногоҳ кўтари
лса, у илмларнинг ҳаммасини аслидай тиргизишга қодирман, дер экан. Ўғлим, сизда ўшандай зако ва истеъдод кўраман, саъй-ғайратни асло қўлдан бермангиз!» Илмларда ана шу афсонавий олимнинг даражасига кўтарилиш Султонмуроднинг ғояси эди.