Олмон файласуфи Яков Бёме Саксонияда камбағал деҳқон оиласида туғилди. Бёме улғайгач, отаси уни этикдўзга шогирдликка беради. У буюк файласуфлар асарларини мустақил равишда мутолаа қилади.
Яков Бёме болалигида бир сирли ҳодисага дуч келган… Бир куни у бирга пода боқадиган ўртоқларидан қочиб, тоққа чиқиб кетади ва унинг чўққисида жойлашган ғорга олиб кирадиган йўлакка рўпара бўлади. Бёме қизиқсиниб, ғор ичига киради ва у ерда олтин билан лиммо-лим катта идишга кўзи тушади. Болакай эсанкираб қолади ва қўрққанидан орқасига қарамай ғордан қочиб чиқади. Шундан сўнг Бёме бу ғорнинг оғзи очилганини қайтиб кўрмайди…
Бёменинг бутун ҳаёти қашшоқликда ўтган. У бир неча фалсафий асарлар муаллифи: «Аврора» (1612), «Уч ибтидо ҳақида» (1619), «Илоҳий мушоҳадаларга чорловчи бебаҳо дарвозалар» (1622), «Илоҳий муждалар», «Заминий ва осмоний сирлар ҳақида» ва бошқалар.
Яков Бёме 1624 йилда саёҳатга чиқади ва безгак касалига учраб, қишлоғига қайтишга мажбур бўлади. Орадан кўп ўтмай вафот этади. У ўлимидан бир неча соат аввал ўғлини ҳузурига чорлайди ва ундан: «Сенга ҳам ажойиб мусиқа эшитилаяптими?» — деб сўрайди. «Йўқ», — деган жавобдан сўнг эшикни очиб қўйишни буюради-да, соат неча бўлганини суриштиради. Соат иккига яқинлашиб қолганини эшитиб: «Йўқ, ҳали менинг вақтим келгани йўқ, яна уч соатлик умрим бор», — дейди. Соат миллари бешга бонг урганда эса файласуф яқинларига: «Энди мен жаннатга йўл оламан», — деган сўнгги сўзларини айтади-ю, жон беради.
* * *
Ёвузликнинг эзгуликка айланиши қанчалар осон бўлса, эзгуликнинг ёвузликка айланиши ҳам шунчалар осон.
* * *
Сирлар китобида инсоннинг ўзи ҳам бор. Инсон барча моҳиятлар жо бўлган бир китобдир. У буюк сирларни ўзида пинҳон айлаган илоҳий мавжудотдир.
* * *
Қарама-қаршиликсиз ҳеч нарса юзага чиқмайди. Зеро, кўзгунинг бир томони қора бўлмас экан, унда ҳеч нарсанинг акси кўринмаслиги кундек равшан. Бас, шундай экан, айтиш мумкинки, қарама-қаршилик тенгликнинг бир кўринишидир.
* * *
Ёвузлик – ўз-ўзига душманлик, тўхтовсиз равишда ўзликдан қочишга ундовчи безовталик ибтидоси.
* * *
Яратувчини табиатдан айри ҳолда мавжуд деб тушунмаслик керак. Табиат ва Яратувчи тан ва руҳ кабидир.
* * *
Олов ёқилганда биз икки моҳиятни англаймиз. Уларнинг бири – оловнинг ўзи, бошқаси эса унинг ёғдусидир. Биз Парвардигорни ҳам шу йўсинда англашимиз жоиз.
* * *
Мен оламнинг кўз илғамас теранликларини таҳлил қилдим. Қуёшни, юлдузларни, булутлар, ёмғир ва қорни кузатдим. Фикран бу оламнинг яралишини тасаввур қилдим. Шу тариқа эзгулик ва ёвузлик нафақат инсонлар ва жониворларга, балки онгсиз моддиятга ҳам хослигини англаб етдим.