Абдулатиф Абдуллаев. Игнабоғич (ҳикоя)

Ёшим етиб, мактабга қатнай бошладим. Ҳар тонг ажиб завқ билан уйғонаман. Чой ичаётиб лабларимни куйдириб оламан. Шундай шошиламанки, соатга қараш хаёлимга келмайди. Мактабга етай деганда катта серқатнов йўлни кесиб ўтиш керак. Бу ердан ҳатто узоқларга кетадиган юк машиналар ҳам қаттиқ «бобил»лаб ўтади. Шундай бўлса-да, мактабга кимдир мени етаклаб қатнаганини эслолмайман. Бу менинг мустақил юриб ўрганишим учун атайдан қилинмаган, балки катта оиланинг кенжаси эканим, боз устига, энг кичик акам билан орамиз саккиз ёш бўлгани учун менга алоҳида эътибор беришга вақт ажратадиган одам бўлмаганидан шундай эди. Лекин сиз чўчиманг. Йўл билан боғлиқ ҳеч қандай бахтсиз ҳодиса содир бўлмаган.
Хуллас, ҳали синфдошларимнинг ҳаммасини танимайману, катта акамнинг ўғли Азамат, амакиваччаларим Турсунбой ҳамда Будалай (унинг асл исми Беҳзод эканини кейин билганман) тўрталамиз кичик парталарга иккитадан ўтириб олганмиз. Дарсдан тез зерикаману, танаффус пайти бўладиган ўйинлар завқи ҳар доим бўлакча-да. Жинсимизни фарқлаб қолганмиз. Сочларига лента-ю, капалакнусха бир нарсалар тақиб қўйилган қизчаларга тегишиб ўйнаш ёқимли туюлади. Журъатли, тўғрироғи, мақтовга ўч мен лақма, ошналарнинг гиж-гижлаши билан қизларга ҳаддан ташқари яқин бориб, таёқ ҳам еб қоламан. Сўнг ғўрра бўлган жойимни силаб, кулги бўламан.
Эрталаб отамдан ундирган пулни сарфлаш ҳам қизиқарли. Буфетчига юзида 3 ёки 5 ёзилган рангли қоғозни узатсанг, сенга истаган нарсангни беради. Ош-овқатимиз шу ерда берилгани учун егулик сотиб олмайман. Кўпинча пероми, рангли қалам ёки конвертми олиб, ўзимча ҳарбийга кетган акамга хат ёзишга тутинаман. Лекин ҳеч охиригача ёзмаганман. Шундай кунларнинг бирида уйда онамнинг игнабоғич излагани, тополмай хуноб бўлгани эсимга тушди. Чўнтагимдаги пулнинг борига игнабоғич сотиб олдим. Дарсларнинг тезроқ тамом бўлишини кутдим. Сўнг уйга югурдим.
— Вой, менинг меҳрибон улимдан! Энасини ўйлаган шунқорим! Бунча кўп игнабоғич олиб келибсан… — онам ростдан ҳам қувониб кетганди.
Бир қоп семирдим. Айниқса, онам отамга менинг ишимни мақтаётганда акаларимга «Кўрдингларми, менча ақлларинг йўқ», дегандай ғўддайиб қараб қўйдим. Отамдан яна пул сўрадим.
— Дуруст, улим, — деди отам пул бераётиб. — Энди бирон нарса олиб егин. Ё киссангда тураверсин. Ўғил боланинг ёнида пул тургани яхши. Зарур бўлганда уятга қолмаслик учун-да. Хўпми?!
Бошимни ликиллатган бўлсам ҳам бу гаплар у қулоғимдан кириб бунисидан чиқди. Мен қанча кўп игнабоғич олиб келсам, онам шунча хурсанд бўлиб, алқайдилар, деб ўйладим. Бирваракайига уни ҳайратда қолдирсам-чи. Муаллима қандайдир онажонлар байрами яқин қолганини айтганди. Шу кунни мўлжаллаб пул йиға бошладим.

* * *

Боғча-синф бўлганимиз учун ўқув биноларидан алоҳида ажратилган, ўйинчоғу, каравотлари бор икки хона муаллимамизнинг ихтиёрида. Бири дарслар ўтиладиган синф, иккинчиси ухлаш ва лозим бўлганда жазони ўташ бўлмаси. Моҳитоб муаллимамиз намуна қилиб кўрсатадиган аълочи ўқувчи бўлганим учун анча вақтгача «жазони ўташ» қаерда амалга оширилишини билмаганман. Бир сафар устознинг дилини ранжитганимда «қамал»дим. Воқеа яна қизларнинг ғашига тегиб ўйнашдан бошланди. Мен ҳар галгидай ўзимча қаҳрамонлик кўрсатиб, лўппигина, қўлини тез-тез оғзига солиб, одамга ҳурковуч кийикдай хавотирли қарайдиган қизнинг лентасидан тортиб қочмоқчи бўлдим. Қизча ҳаддан ташқари қўрқиб кетган одам беихтиёр қиладиган ишни қилди — худди мен унинг калласини кесишга шайлангандай, кўзлари косасидан чиққудай, қаттиқ чинқириб, айни пайтда мушт тушириб юборди. Кўзимдан олов чиқиб кетди. Ўртоқларим бирваракайига кулишар, мен юзимни бекитганча ўтириб қолгандим. Ўзимга келгач, қизчани уриб ташладим.
— Ай, нима қиляпсан?! — энг ақллимиз Будалай орага тушди. — Бу малимнинг қизи-ку. Бирга келганини ўзим кўрдим.
Бу гапдан дамим ичимга тушган бўлса-да, сир бой бермасликка уриндим. Чақмачақарлар синфга югурди. Қизнинг бурни қонаганини кўриб, муаллиманинг жаҳли чиқди.
— Нега урдинг?!
— Ўзи биринчи бошлади, — ғудрандим мен.
— Ахир у қиз бола-ку.
— Шунинг учун мени урмасин эди…
Юзим гувиллаб кетди. Чайқалиб нари бориб қолдим.
— Нега урасиз? Униям уринг. У биринчи бошлади.
— Урадиган жойини қолдирмабсан-ку, аҳмоқ.
Энди бу томонимдан шамол эсди. Йиғлаб юбордим.
— У қизингиз бўлгани учун мени уряпсиз. Ўғлингиз йўқ-да…
Муаллиманинг ўғли, умуман, боласи бор-йўқлигини билмасдим. Шунчаки, аламимдан оғзимга келган гапни айтиб юборгандим. У ҳаракатдан тўхтади. Термулиб турди-да, билагимдан судрагудай тортиб ётоқ бўлмасига киргизди. Хонага қаноат қилмай, кийимларимизни иладиган шкафга «қамади». Шу ердан чиқсам кунимни кўрсатишини айтиб шкафни ёпди. Менга бир дўқлади-ю, ўзи йиғлаб юборгандай туюлди. Бироз пиқиллаб, хўрсиниб тургач, чиқиб кетди.
Аввал эътибор бермадим. қўнғироқ чалиниб, дарс бошланган, ҳаммаёқ жимиб қолганди. Тор шкафнинг ичида сукунат билан ёлғиз қолганимдан секин-аста ваҳм босди. Минғирлаб қўшиқ айтдим. Узоққа чўзилмади. Йиғлай бошладим. Қўрқувим зўрайди. Итариб кўргандим, шкафнинг эшиги очилди. Бир зумда эшик ёнига бордим. Аммо бу сафар «сим-сим» иш бермади. Устимдан қулфлаб кетибди. «Энди шу ерда қолиб кетсам-а?» Аксига олиб, нариги хонада ғўнғиллашиб дарс қиладиган болаларнинг ҳам уни ўчган. «Кетиб қолишган бўлса-я». Аммо ҳали яна қўнғироқ чалинишига умид қилардим. Ўзимни чалғитиб, отчага, машинага миндим. Ботинкамни ечиб, каравотчага чиқиб сакрадим. Йиғилиб, чўнтагимда бужмайиб қолган пулларни санадим. Ҳеч вақт ўтай демасди. Охири бақириб йиғлаганча эшикни тепа бошладим. Қўнғироқ чалиниб қолди. Тезда кўзёшимни артдим. Ўртоқларимга қўрқмаганимни исботлашим керак-да. Аммо қайтаётганимизда Азаматнинг масхара қилганидан билдимки, йиғлаганимни ҳамма эшитган экан. Муаллима эшикни очди-ю, бир сўз демай синфхонага кириб кетди. Унинг қаттиқ ҳафа бўлганини сездим. Ютиндим. Ёнига боришга бетламадим. Нима ҳам дейман. Бир аҳволда уйга келдим. Нонушта ҳам қилмай, қўйларни жодратишга ҳайдадим. Оқшомданоқ бошимни буркаб ётиб олдим…

* * *

Энди мактабга аввалгидай ошиқмай қўйгандим. Муаллима ҳам мақтамас, аниқроғи, дарсларим ўлда-жўлда эди. Мен устознинг ҳануз ранжиб юрганини билардим. Унинг кўнглини топиш илинжида «қизи» билан иноқлашиб олдим. Лекин у бунга аҳамият бермади. Шундай ғурбат кунларнинг бирида онам билан опамнинг суҳбатини эшитиб қолдим.
— Эна, Моҳтоб малим укасининг қизини боқиб олибди, — деди опам муҳим янгилик топгандай.
— Қайси малим?
— Манавининг устози-да, — мени кўрсатиб деди опам.
— Бечора, — ачиниб гапирди онам. — Алкаш эрдан таёқ ейбериб зада бўган-да. Нимаям қисин?!
Миямда яшин чақнади. Синфдошлар «қизи» дейишаётган ўша лўппи юз нега бунча қўрқоқ бўлиб қолганини тушунгандим. Ундан ҳам ёмони, муаллимага айтган гапим эди.
Ўша кундан бошлаб айбимни ювиш йўлини ахтара бошладим. Танаффусда устознинг сумкасига конфет солиб қўйдим, «қизи»га хўрозқанд олиб бердим. Яна шаҳд билан дарсларимни қилиб, фақат «беш» олишни бошладим. У «беш»ни индамай қўйиб берар, жилмайиб ҳам қўймас, ҳануз сал ортиқча ҳаракат қилсам ўқрайиб қарарди. Кутилмаганда миямга: «Устозга ҳам игнабоғич совға қилсам-чи?» деган фикр келиб қолди. Ўзимга қойил қолиб, танаффусни пойладим. Қўнғироқ чалиниши билан дўконга югурдим.
Йиққан пулим анча-мунча бўлиб қолган шекилли, сотувчи «бу пулларни отасининг чўнтагидан ўғирлаб келган-ов», деган шубҳа билан боқди. Балки ҳансираб борганим учун шундай қарагандир.
— Мана бу пулларга игнабоғич беринг.
— Ҳаммасигами?!
— Ҳимм.
— Пулингга лойиқ чиқармикин, кўрайлик-чи?
Безовталандим. Чиқмай қолса нима бўлади. Лекин сотувчи мени хурсанд қилиб, ҳовучимни тўлдириб игнабоғич топиб берди. Ҳамма чўнтагим қаппайиб қолганидан энди югурмасдан, йўртиб борардим. Келсам, дарс бошланиб кетибди. Муаллиманинг қошлари чимирилди.
— Қаерда санғиб юрибсан?
— Анави, ҳалиги… — довдираб қолдим.
— Ўтир, — устоз негадир дарров юмшай қолди.
Жойимга ўтиришим билан ўнтадан қилиб тизилган игнабоғичлар шимимнинг чўнтагидан сирғалиб полга тушиб, сочилди. Муаллима ёнимга келди. Менга юзланди.
— Бу нима?
— Игнабоғич… — ўрнимдан турдим.
— Нима қиласан буни? А, гапир тез.
— Сизга… Байрамингиз учун олувдим… — бошимни эгдим.
Муаллима секин эгилиб уларни териб олди. Калтак ейман деб ўйловдим. Қанча турдим — билмайман. Бошимни кўтариб қарасам, у юзимга термулганча йиғлаяпти. Кўзёши яноқларига оқиб тушган.
— Ҳаммасими?
— А? — мен дарҳол тушуна олмадим.
— Бошқа чўнтакларингдаги ҳамми?
— Ҳимм… — мен яна негадир бошимни эгдим.
— Бер! — деди муаллима. — Биттаям қолдирмай, ҳаммасини!
У бошимни силаб қўйди. Рўмолчасини олиб ҳаммасини авайлаб уради-да, бағрига босди. Бизни ўз ҳолимизча қолдириб ташқарига чиқиб кетди…
— Энди ўлдинг, — деди мен исмини билмайдиган, партага ранг тўкиб, қўли билан шуваб ўтирадиган семиз бола. — Завучга кетди.
Лекин мен муаллиманинг бундай қилмаслигини ҳис этардим…

* * *

Орадан бироз фурсат ўтиб, Моҳитоб муаллима келмай қўйди. Бизни анча вақт бошқа устоз қўлига топширишди. Бу вақтга келиб биз иккинчи синфга ўтгандик. Бир куни синфга кирсам, болалар тўпланиб олиб шивирлашаяпти-ю, ҳар томонга тарқалиб кетиб кулаяпти. Қизиқиб кетдим.
— Нима бўлди, менгаям айтинглар?
— Малимимиз қариганда тувипти, иххиххи, — деди бу пайтга келиб, исмини билиб олганим, хўппа семиз Элнур шивирлаб.
— Қайси малим?
— Мотаб малим-чи? Қиз. Исмини-чи, Уйтўла деб қўйғанмиш. Вах-хах-ха.
Унинг гапига болалар яна кулишди. Лекин бу гап менга кулгили туюлмади. Аксинча, негадир йиғлагим келарди…

2012