МУҚАДДИМА
Бундан анча вақт олдин бухоролик бир киши билан учрашиб қолиб, бу шаҳарнинг қанақалигини сўраган эдим, у шунчалик мақтов сўзларини айтдики, ўша пайтдан бошлаб бу шаҳарни зиёрат қилишни кўнглимга тугиб қўйдим.
Бу йил ниҳоят ниятимга етдим. Бухоро сафарига отландим. Шаҳарга киргунга қадар бутун йўл давомида ҳикоя қилишга арзигулик воқеанинг гувоҳи бўлмадим. Неча ой давомида Бухоро шаҳри ва бухороликларнинг аҳволини ўргандим ва уларнинг қарийб барча ишларидан хабардор бўлдим.
Жуда катта таассуф билан айтиш мумкинки, бухороликлар фақатгина исломнинг умумий емирилишига «ҳисса» қўшмаган, балки ислом оламининг айрим қавм-қабилаларини ҳам ғафлат оламига тортган эканлар.
Саёҳатимиз тафсилотини баён қилишдан олдин Бухоро ва бухороликлар ҳақида ўзимда пайдо бўлган қисқагина фикримни билдириб, ҳурматли ўқувчиларни мухтасар бўлса-да, уларнинг аҳволидан хабардор этишни зарур деб биламан. Бухоро аҳолисининг жами уч тоифадир: уламо, умаро ва фуқаро…
УЛАМО
Маълумки, Бухоро қадимдан ўта доно ва зукко фузало аҳлини тарбиялаб, вояга етказган. Ҳар куни бир Абу Али, Форобий ва бошқаларни жаҳонга ҳадя этиб, шу тариқа ўзининг шарафли довруғини дунё халқларининг қулоқларига зирак этиб таққан. Аммо, мана икки юз йилдирки, ўзининг илмий қийматини йўқотди. Мирзожон Шерозийнинг кириб келиши билан, Бухоро уламолари лафз-сўзлар маънисини тадқиқ этишдек фойдасиз ишга берилиб, адашдилар. Туркистонликларнинг кўпчилиги бу ерда таҳсил кўрганлиги туфайли, бухороликларга эргашиб жаҳолат ва ғафлат ботқоғига ботдилар. Оқибатда маданият осмонининг порлоқ юлдузи, инсоният китобининг нурли саҳифаси бўлган Туркистонни дўсту душман олдида уятлик бир ҳолга етказдилар, ҳалокатга мубтало этдилар.
Бухоро руҳонийларининг энг мўътабар мақомига эга бўлган бир жамоа кишилар бугунги ҳақиқий илмдан мутлақо хабарсиздирлар. Йигирма йил таҳсил олиб, яна йигирма йил дарс бериб, ундан кейин муфтийлик мансабига эришиб, яна араб китобларини ўқишда қийналадилар, ўзларининг форс тилидаги фиқҳ китобларини афзал билиб, оятларни қандай истасалар шундай шарҳлайдилар, ҳадис тўқиб чиқарадилар. Масалан, кези келганда шуни ҳам таъкидлаймизки, ўзлари чексиз зулм ва гуноҳларни содир этадилар, бироқ билмагандек ўтирадилар, бечора авом халқни озгина гуноҳ учун «кофир» деб айблаб, тепкилайдилар.
УМАРО
Бу даҳшат тўла тўдалар онгсизлик туфайли бўлса-да, бахтга эришган тўдалар ёрдамида бир-бирларини қувиб, ҳукмронлик отига миниб, бечораю бадбахт халқнинг мол, жон, арз, номус ва шарафини шафқатсизларча поймол этадилар. Бу «иқтидорли» (!) ҳокимларнинг тўдаси ҳеч вақт ҳеч кимнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлмаган икки тоифадан тузилган. Биринчиси жоҳил ҳокимзодаларки, оталарининг ҳукмронлик даврида фисқ-фужур ва бемаънилик билан маишатга берилиб, барча инсоний фазилатлардан, ҳатто саводдан ҳам бебаҳра қолганлар. Бошқа тоифа — аттор ва баққоллар бўлиб, ҳар иккала дунёнинг саодатидан имкони борича баҳрамандликни истайдилар ва илму фазл таҳсилини инсоний фазилатлардан деб биладиларки, ҳаммалари бирлашиб, турли йўллар билан ҳокимликликнинг олий мартабасига етганлар.
Бу «азизлар» мактаб кўрмаганлар, ҳукмронлик қонунларини эшитмаганлар, маъмурий идоранинг одоб ва қоидаларини билмайдилар. Миллат қандай юксалади, мамлакат қайси йўл билан бойийди, давлатнинг хазинаси қандай тўлади каби масалалар хаёлларига ҳам келмайди. «Маълум бир мансабдор ҳокимнинг халқ олдидаги вазифаси нимадан иборат, халқнинг ҳокимга нисбатан ҳуқуқининг даражаси қанчалик» каби фикрларни ҳеч қачон эшитмаганлар. Бироқ, бирон-бир вилоятнинг ҳокимлигига тайинланишса, ўша ер ҳуқуматини дўзах оловининг бароти ёки босқинчилик манбаи деб биладилар. Натижада улар ўзларига қарашли барча кишилари ва дўстлари билан бало лашкари мисоли у ерга қўниб, бадбахт аҳолидан нафслари истагунча мол-ҳол оладилар ва подшоҳнинг хазинаси…га ҳам инсофлари етгунча топширадилар. Ҳеч ким улардан бу дарёсимон ғоратгарчилик ва томчисимон топшириш сабабини суриштирмайди.
ФУҚАРО
Бу бечораларда айб йўқ, улар ҳар томонлама қобилиятлидирлар. Шунчаликки, буни ўзлари «билмайдилар». Энди уларнинг аҳволини асарнинг асл моҳиятига ҳавола этиб, ҳикоятимизни бошлашни маъқул билдик.
ҲИКОЯТ
Когонда вагондан тушгач, юкларимни бир фойтунга ортиб, шаҳарга йўл олдим. Йўлда божхона текширувидан ўтиб, шаҳар дарвозасига етиб келдик. Арава тўхтади.
— Нима гап? — дедим.
Бир киши жавоб берди:—Қуёш ботганидан кейин тўрт соат вақт ўтибди. Шунинг учун шаҳар дарвозасини беркитганлар.
Аравадан тушдим. Кишилар бир одамнинг атрофига тўпланиб, унга ёлборар эдилар. У одам қўполлик билан бир нарсалар деб дўнғилларди. Шу пайт «йўл беринг» деган овоз эшитилди. Миршабнинг кишилари одамларни ҳайдаб четга суришди. Дарвозани очдилар. Ўз кўзим била кўрдим: икки-уч аравадаги арманилар ичкарига кириб кетишди. Дарвозабондан сўрадим:
— Биродар, арманиларга-ку рухсат бердинг, биз мусулмонларга нега қаршилик қиляпсан?
Дарвозабон жавоб бермасдан бошқа томонга қараб кетди. Шу пайт яна «йўл беринглар» деган товуш эшитилди. Одамларни орқага суриб, дарвозани очдилар. Энди бир неча арава тўла яҳудийлар шаҳарга кирдилар. Бундан жуда изтиробга тушиб, баланд овозда: «Ё раббий, Муҳаммад умматларининг гуноҳи нима?» деб қичқирдим. Чеҳраси ёқимли, қиёфасидан нур ёғилиб турган йигит орқамдан келиб: «Жаҳолат!» деди.
Шу пайт яна шаҳар дарвозасини очдилар. Бояги арманилардан бири ичкаридан чиқиб, баланд овозда кимнидир чақирди. Шунда бир ит югуриб келиб эгасининг этагини искалаб, ғингший бошлади. Маълум бўлишича, у шу арманининг ити бўлиб, шаҳардан ташқарида қолган экан. Итнинг эгаси ярим йўлдан уни олиб кетиш учун қайтибди. Ит ҳам ичкарига киргач, шаҳар эшигини яна бекитишди. Энди бу ерда туришга тоқатим қолмади. Бир чойхонага кириб, ҳузур қилиб тонггача ухладим.
Эрталаб турганимда атрофимда жуда кўп одамлар ҳам ухлаб ётар эдилар. Демак, кеча ҳеч кимни шаҳар ичкарисига киритишмабди. Обдастани олиб, таҳорат қилдим. Бомдодни ўқиб бўлганимдан кейин юкларимни бир аравага ортиб, аравакашдан илтимос қилдим.
— Бу шаҳарга биринчи бор келишим, паст-баландини билмайман, мени бирон саройга олиб бориб қўйсангиз — деб илтимос қилдим аравакашдан.
— Жуда яхши,— деди-да, йўлга тушди. Бозорнинг ўртасида аравамиз тўхтаб қолди. Мен манзилга етиб келдик, деб ўйлабман. Юкларимни олиб тушмоқчи эдим, у. — Ҳали келганимизча йўқ,— деди.
— Бўлмаса нега тўхтаб турибмиз?—дедим.
— Рўпарамиздан ҳам арава келяпти,— деди аравакаш. Фойтундан тушдик. Икки-учта арава ва фойтун биз билан юзма-юз бўлиб тўхтаб қолди. Йўл тор, ўтиш жуда мушкул эди.
— Нима қиламиз?
— Бир томоннинг аравалари йўлнинг пича кенгроқ жойигача тисарилиб боришлари керак.
Мен: Кенг йўл қайси томонда?
Аравакаш: Ҳар иккала томонда ҳам бор.
Мен: Биз билан юзма-юз бўлганлар нега орқага юрмайдилар?
Аравакаш: Ор қиладилар.
Мен: Бўлмаса сизлар орқага юрингиз.
Аравакаш: Нима, бизда орият йўқми?
Мен: Сизларда ҳам, уларда ҳам орият бор. Лекин, биз нима қилайлик?
Аравакаш: Бир оз ўтириб туринг.
Бу пайт ғала-ғовур бошланиб кетди… Аравакашни шу ерда қолдириб олдинроққа юрдим… Ҳаял ўтмай «ушла», «қўйма», «ушладингми?», «ур!» каби товушлар ҳамма ёқни босиб кетди. Томошабинлар жанжалкашларни бўш келмасликка ундаб бақирар эдилар. Ёнимда турган бир кишидан сўрадим:
— Биродар, ҳокимнинг одамлари йўқмикин, буларни ажратса? У киши менинг саволимдан ажабланди:
— Ҳоким одамларининг булар билан нима иши бор?
«Ҳоким одамларики бунга аралашмас экан, ўзимни эҳтиёт қилай», деб, минган аравамга бориб ўтиришни ният қилиб орқага қайтмоқчи бўлдим, бироқ бетартиб томошабинлар йўлни тўсиб қўйишган эди. Жуда кўп машаққатлар билан бир дўконнинг суффасигача етиб олдим-да, жанжалнинг тугашини кута бошладим. Ниҳоят, одамлар ўртага кириб «паҳлавон»ларни ажратдилар. Енгилган томон араваларини орқага ҳайдаб, бир чорраҳада тўхтадилар. Биз бошқа йўлдан ўтиб кетдик.
Арава бир сарой олдида тўхтади. Саройбонлар юкларимни тушириб, мени тор ва қоронғи ҳужрага бошлаб киришди. Нарсаларимни ҳужрада қолдириб, ташқарини томоша қилгани чиқдим. Бу шаҳарда ҳеч кимни танимаслигим туфайли жуда зерикардим. Икки-уч кундан кейин, ёлғизликдан юрагим тарс ёрилар даражага етгач, саройбонни чақириб:
— Менга бирон хушманзара жойни айтсангиз, бориб бир оз вақтимни хуш қилсам,— дедим.
У:
— Ҳавзи Девонбеги атрофини бориб томоша қилинг,— деб жавоб қилиб, йўлни ҳам кўрсатиб берди. Бориб кўрдим: одамлар атрофида сартарошлик дўконлари, самоворхоналар бўй чўзган катта ҳовуз четидаги йиртиқ гиламлар устида ўтириб чой ичар эдилар. Ҳовузнинг қибла томонида кенг ва баланд майдон, майдонда эса катта масжид қурилган бўлиб, Бухоронинг кўпчилик аҳолиси намозларини шу масжидда ўқир эканлар. Ана шу намозхонларнинг барчаси шу ҳовузда таҳорат қиларканлар. Ҳовуз атрофидаги супалардан бирида бир оз вақт ўтирдим. Бухоро муллаларидан иккитаси келиб ёнимга чўкди. Ташқи қиёфамдан бегоналигимни билиб, тез-тез разм солар эдилар. Яккалик жонимга теккани учун ўзимча «булар билан бир оз суҳбатлашсам-чи», деб ўйладим-да, яқинроқ бориб саломлашдим. Алик олиб, бир пиёла чой узатишди, сўнг:
— Қаерликсиз?—деб сўрадилар.
— Ҳиндустондан,— дедим мен.
Улар яна ўз суҳбатларига берилишди. Мени эсларидан чиқаришди чоғи. Шунда уларнинг биридан сўрадим:
— Анчадан бери кузатяпман: одамлар катта-катта мешларни тўлатиб ҳовуздан сув олиб кетадилар-да, бўшатиб яна келадилар. Ажабо, бунча сувни қаёққа олиб борадилар?
Мулло: Хонадонларга олиб борадилар.
Мен: Не учун?
Мулло: Ичиш учун.
Мен: Сизлар ҳам шу ҳовуздан сув ичасизларми?
Мулла бир оз аччиқланиб:— Бу сувга нима қилибди?— деди.
Мен: Унинг соғлиқ учун катта зиёни бор.
Мулла: Важаална минал маъи кулли шайъин ҳай ,— сувнинг инсон соғлиғига фойдаси бор, наинки зарари бўлса?
Мен: Албатта сув инсон учун зарарли эмас, лекин бу ҳовузнинг суви ҳеч ҳам сув эмас, турган битгани кир ва ифлосликдир.
Мулла: Нега ҳаммаси кир экан?
Мен: Бир қаранг, кўплаб одамлар ҳовузда таҳорат қиладилар, оғиз чаядилар, бурунларини ювиб ташлайдилар, лой оёқларини тозалайдилар. Агар бу сартарошлик, соморхоналар , калла ва балиқ пиширувчиларнинг чиқиндиларини ҳам ҳисобласак, ҳар куни тахминан ярим ман кир бу ҳовузга ташланади.
Мулла: Ушбу гаплардан мақсадингиз нима? Бу ҳовуздан сув ичманглар демоқчимисиз?
Мен: Ундай эмас. Бу ҳовузда таҳорат қилманглар, бурунларингни, оёқларингни ювманглар, ахлат ва чиқиндиларни ташламанглар демоқчиман, чунки бу сув ичиш учундир ва у тоза бўлиши керак.
Шу вақт азон айтилди. Манзилим томон юрдим. Йўлда бир ёш йигит салом берди. Дарров танидим, бу ўша — шаҳар ташқарисида мен учратган йигит эди. Алик олдим. Айтди:
— Мулла билан ҳовуз тўғрисидаги баҳсингиздан мамнун бўлдим.
Айтдим:
— Ташаккур. Камина бу мулкда мусофирман, ҳеч кимни танимайман, агар малол келмаса, гоҳида менинг манзилимга ҳам ташриф буюрсангиз.
Йигит:
— Таклифингизни мамнуният билан қабул қиламан. Манзилингиз қаерда?
Мен яшаб турган жойимни айтдим. Хайрлашиб, ажралдик. Уйга келгач, саройбондан «бу шаҳарнинг яна томоша қиладиган жойлари борми?» деб сўрадим. Айтди:
— Эртага сешанба. Ҳазрат Баҳовуддиннинг мозорига боринг.
Кечани ҳужранинг бир бурчагида ўтказдим. Эрталаб ташқарига чиқай деб турганимда, эшик тақиллади.
— Марҳамат, киринг,— дедим. Кечаги йигит бир шериги билан келган экан.
— Сизни уйга олиб кетмоқчиман,— деди у.
— Банда бугун ҳазрат Баҳовуддин мозорини зиёрат қилишни мақсад этган эдим. Агар бирга борсангиз, мамнун бўлар эдим.
Йигит: Албатта бораман. Аммо жаноблари бундан кейин бу саройда турмасликлари керак. Уйимнинг тўри сизга мунтазир. Юкларингизни дўстимга топширинг, бизникига элтиб қўяди. Биз эса биргаликда зиёратга борамиз.
— Жуда яхши,— деб, юкларимни ҳалиги кишига топширдим ва янги дўстим билан ташқарига чиқиб, аравага ўтирдик. Манзилга етгач, бир оз яёв юриб, кенг бир майдонга чиқдим. Кенг саҳнда янги қурилган бино бор экан. Масжид майдонини босиб ўтиб, зиёратгоҳ эшигидан кирдик. Кўрдик: кенг жой, мақбара бўлиб, одамлар уни бот-бот зиёрат этар, таъзим қилар эдилар. Мен ҳам (тавоф қилиш учун эмас, балки тавоф этувчиларнинг ҳолатини кузатиш учун) улар даврасига кирдим. Қабрнинг ҳар жой-ҳар жойига икки-учта қўй шохини қадаганлар, бошқа икки-уч жойда эса от думининг қилларидан йўғон, катта туғлар ясаб, осиб қўйган эдилар. Хўжалар қишлоқлардан келган зиёратчиларнинг ёқасидан ушлаб, «пирингнинг шохини зиёрат қил» дея, ўша шохларни ўптирар ва шу баҳона улардан пул ундирар эдилар. Бечора қишлоқилар чин дилдан бу шохларни ўпиб, кўзларига суртар эдилар. Шу пайтда хўжалардан бири от думидан ясалган туғни олиб, «зиёрат этгин» деб, юзимга суртди. Ғазабим жўшиб кетганидан қулоғининг тагига бир мушт туширдим. Қабрнинг зиёратидан қайтган ҳар бир киши бошини мозорнинг байроғи кўтарилган чўпга қўйиб, уни ўпиб, кўзларига суртар ва йиғлаганча чўпдан бошини олмас, гўё ана шу қуруқ чўпга ўзининг паришон рўзғоридан шикоят этиб, неча йиллардан бери тўпланган ҳожатларини чиқараётгандай эдилар.
Ташқарига чиқдим. Дўстимнинг истаги билан чойхонага кириб ўтирдим. Дўстимга гўё таниш бўлган икки-уч бухоролик келиб, бизнинг ёнимизга ўтирдилар. Бирга чой ичдик. Улардан бири менга қараб, деди:
— Бу файзли мозорни қандай қилиб топдингиз?
Мен:
— Нақшбанд ҳазратларининг мақбаралари жуда файзли ва эҳтиромга сазовор жой. Фақат унинг зиёратида жуда катта хатоликни кўрдим.
У киши:
— Нима хатолик?
Мен: Ана шу қабр устида кўтарилган чўп нима?
У киши: Мозорнинг аълами — байроғидир.
Мен: Баҳовуддиннинг ўзидан қолганми?
У киши: Йўқ… бу чўп авлиёлар қабрининг аломатидир. Ора-орада тозалаб туришади. Баҳовуддинга ҳеч қандай дахли йўқ…
Мен: Ундай бўлса нега одамлар бу чўпга тавба-тазаррулар қиладилар?
У киши: Сажда этмайдилар, балки бошларини қўйиб, ҳожатларини билдирадилар.
Мен: Шу ишнинг ўзи сажда этиш эмасми?
У киши: Бу иш ҳам сажда этишдир, бироқ ибодат этиш саждаси эмас, таъзим саждасидир, бунинг зарари йўқдир.
Мен: Насронийларни нега кофир деб атайсизлар?
У киши: Улар бутга сиғинувчилардирлар.
Мен: Улар китоб аҳлидирлар. Масиҳ ҳазратларининг умматидурлар, бутга сиғинувчилардан эмаслар.
У киши: Улар бутга ўхшаш бир нарсага сиғинадилар.
Мен: У нима?
У киши чўнтагидан қалам чиқариб, бир қоғозга салиб шаклини чизиб, деди:
— Мана будир.
Мен: Бу ниманинг сурати эканлигини биласизми?
У киши: Бутнинг сурати.
Мен: Бутун дунёда ҳеч бир аҳмоқ киши топилмайдики, бир маънисиз шаклга худо деб сиғинса. Насронийларки, бугун уларнинг илмий асарлари барча жойда маълум ва машҳурдир, бу шаклга ҳеч вақт худонинг номини бермаслар. Сиз бут деб атаган бу сурат дор шакли бўлиб, насронийларнинг эътиқодига кўра, Исо пайғамбарнинг танига тегиб, табаррук бўлган. Шунинг учун насронийларнинг бир гуруҳи унга таъзим юзасидан сажда этадилар. Уларнинг саждаси ҳам таъзимдир, ибодат эмас. Макка кофирлари ҳам мусулмон бўлишдан олдин бутга сиғинар эдилар, гўё ўша бутлар қиёмат куни уларни асрар экан. Жуда ҳайратланарли жойи шундаки, сизлар бошқаларни бутпарастлик ва салибга сиғиниш жиҳатидан кофир деб атайсиз, шу қатори ўзингиз ҳам мозор чўплари ва яловларига сажда қилиб, ҳожатингиз раво бўлишини Баҳовуддиндан тилайсиз ва яна ўзингизни мусулмон деб айтасиз.
Сажда этиш эса, уни таъзим деб атасалар ҳам, ибодат деб атасалар ҳам — фақат Оллоҳгагинадир. Сизга ислом тарихидан озгина қисса этсам: Муҳаммад пайғамбар ҳазратлари Макка кофирларининг мурувватсизликларидан хафа бўлиб, ўз яқинларига Ҳабаш томон йўл олишларини буюрди. Саксон икки эркак ва йигирма бир аёл йўлга тушиб, Ҳабаш шаҳрига етдилар. Нажоший (Ҳабаш подшоси) ислом муҳожирларининг тупроғига келганларидан хабар топиб, уларни ўз ҳузурига чақирди. Муҳожирлар Нажоший ҳузурига кирдилар, бироқ унга сажда этмадилар. Дарбор аҳли уларнинг бу ҳаракатларидан ҳайратда қолиб, сўрашди:
— Биз, одатимиз бўйича, подшоҳимизга таъзим ва сажда қиламиз. Сизлар нега ундай қилмадингизлар?
Ҳазрат Алининг биродари Жаъфар ибн Абу Толиб уларнинг орасида эди, бундай жавоб берди:
— Биз пок Оллоҳдан бошқа ҳеч кимга сажда этмаймиз. Пайғамбаримиз бизни кишиларга сажда этишдан манъ қилганлар ва худованддан ўзгага сажда этмаслигимизни амр этганлар.
Нажоший Жаъфарнинг бу жавобидан хушвақт бўлиб, айтди:
— Оллоҳ ҳаққи айтаманки, менинг учун Оллоҳдан ўзгага таъзим этмайдиганлар энг қадрли кишилардир.
У киши: Сиз ҳазрат Баҳовуддин ҳаққига одобсизлик қиляпсиз.
Мен: Оллоҳ асрасин, фақир ҳеч вақт авлиёларга нисбатан одобсизлик қилганим йўқ, қилмасман ҳам. Ҳазрат Баҳовуддин ёмон одам эди демайман ва одамлар унинг зиёратига келмасинлар деб ҳам айтмайман. Пайғамбар ҳазратлари «қабристонни зиёрат этингиз, чунки бу сизларга охиратни эслатади», деб уқтирганлар. Албатта, мозорларни зиёрат этиш, агар ўликлар ва қиёматни эслаш учун бўлса, яхши ишдир. Лекин, масала шундаки, бу зиёратни бутпарастлик даражасига етказиш керак эмас. Инсоф қилинг: ҳазрат мозорида намоз ўқийсиз, бу мозор туғининг чўпига сажда этасиз, ҳожатларингизни чиқаришни Баҳовуддиндан тилайсиз. Бугун Бухорода ҳеч ким йўқки, «ё Оллоҳ» ўрнига «ё Баҳовуддин» демаса. Буларнинг ҳеч бири шариатга мос эмас. …Биз Баҳовуддин ҳазратларини яхши кўрамиз, эҳтиром этамиз, зиёратларига келамиз, лекин бу муҳаббатимиз, эҳтиромимиз, зиёратимиз бизни шариат қонуниятидан чиқариб, баҳовуддинпарастликка олиб келиши мумкин эмас.
Шу пайтда биз ўтирган чойхона рўпарасида, йўлнинг ўртасида бир киши тушунарсиз шева билан, баланд товушда байт ўқиб, барчанинг диққатини ўзига тортди. Дўстимдан сўрадим:
— Бу ким?
Дўстим: Маддоҳ. Воиз ҳам дейишади.
Мен: Ҳа… Воизлар яхши кишилар, мусулмонларни ҳақ йўлга даъват этадилар. Уларнинг айтганларига қулоқ солиш керак.
Дўстим кулиб, деди:
— Агар шундай бўлса, қулоқ солинг!
Маддоҳ киши кулгили сўзлар билан ҳикоятини бошлади. Аммо қанақа ҳикоят денг?! Ўзининг маймунсифат ҳаракатларидан ҳам ажиброқдир. Бу ҳикоятни бирон-бир китобдан топиб ўқиёлмайсиз: пуч, бемаъни, ёлғон, кулгили. Масалан, бундоқ айтар эди:
— Ҳазрат Али бир наъра тортишда ўн олти фарсаҳ ерни ларзага келтириб, гумроҳ ювиқсизнинг белбоғидан олиб, осмонга қараб улоқтирган эдилар, халойиқ кўз ўнгидан бутунлай йўқолди. Бир соатдан кейин осмондан лапанглаб туша бошлади. Яна қўл узатиб, белбоғидан олиб, боши узра айлантириб ерга қараб урган эдилар, сурма сингари уқаланиб кетди.
Содда одамлар ушбу сафсаталарни эшитар эканлар, ҳазрат Алини ўзларича тасаввур этиб, ғолибона табассум билан унга таҳсин ва офаринлар изҳор этар эдилар!!! Тўсатдан бу маддоҳ ўз ҳикоясини ярмида тўхтатиб, Эрон торчиларининг ўйинчиси сингари типирчилаб ётиб-туриб, турли ҳаракатларни қилишга киришди. Шунчалик ўзини ерга урди, югурди, чапак чалди, наъра тортди, кўкракларига мушти билан урди, саллаларини ерга отиб юбордики, аниқ девона бўлди деб ўйладим. Дўстим деди:
— Пул истаяпти.
Мен: Ҳали ҳикояти тугаганича йўқ-ку?
Дўстим: Тўғри, агар ҳикоятини тугатиб сўраса, ҳеч ким бермайди. Шунинг учун қиссасини энг қизиқ жойида тўхтатиб, пул сўрайди.
Туриб кетдим. Дўстим ҳам менга эргашди. Қолган вақтимизни атрофни томоша қилиш билан ўтказдик. Кечаси хўжалардан бирининг уйида меҳмон бўлдик. Эрталаб вақтли туриб, шаҳар айланишга чиқдим. Ўнг томонда жойлашган чойхоналардан турли товушлар қулоғимга чалинди. Дўстимдан сўрадим:
— Нима гап?
Дўстим: Ҳофизлар ғазал ўқимоқдалар.
Мен: Бориб кўрайлик.
Дўстим: Кўришга арзигулик эмас.
«Нима бўлса ҳам, кўрмасдан кетиш яхши эмас» дедим-да, ўша томонга қараб юрдим. Иложсиз қолган дўстим ҳам ортимдан эргашди. Беш-олти қадам юрганимни биламан, нимани кўрдим денг? Ҳайҳот! Бу шарофатли жаннатнинг ёнида жаҳаннам дарвозалари очилибдир. Бу муқаддас мозорнинг ёнида Лут қавмининг разолати пайдо бўлибдир! Одамлар чойхоналарнинг ўртасида беш кишилик-ўн кишилик давра тузиб, давранинг ўртасида биттадан ёш ўғил болани ўтирғизишган. У масъумлик ва уятчанлик билан икки-уч ёдлаган байтини айтиб берар эди. Атрофдагиларнинг ҳар бири, худди шайтондек, унинг атрофини ўраб олишган, ўзларининг шаҳват тўла нигоҳларини бечорага қадаган эдилар!!! Ушбу ваҳимали ва куфрли томошадан бутун вужудимни титроқ босди. Девоналарга хос бир ҳаракат оёқ-қўлимни эгаллаб олган эди. Ўз-ўзимча айтар эдим: «Ё Муҳаммад! Агарчи қийин бўлса ҳам тикка тургин! Тургин! Эй маданият қоидаларининг ношири, ушбу ваҳшийларнинг ҳаракатига бир назар сол! Эй оламни халқ этганнинг мусаллаҳ ҳомийси! Ёки буларни тарбиялашнинг бирон чорасини топ ёки Лут қавми сингари ер тагидан буларга ҳам жой кўрсат! Бу уятсиз ва шармандаларнинг ифлос вужуди Қуръоннинг обрў-эътиборига путур етказишига йўл қўйма!»
Дўстим қўлимдан ушлаб:
— Кетайлик,— деди.
Таклифига қўшилиб, йўлга тушдим. Биз фойтунга ўтириб, дўстимнинг уйига келдик. Кечам жуда нотинч ўтди. Тонгда дўстим уйғотди. Намоз ўқиб, таом тановул қилдик. Дўстим сўради:
— Бугун қаёққа боришни мўлжалламоқдасиз?
Мен: Агар фурсатингиз бўлса, мадрасаларни зиёрат этсак.
Дўстим таклифимни қабул этди. Кийиниб ташқарига чиқдик. Катта мадрасага етиб, ичкарига кирдик. Бу мадраса жуда олий даражада эди. Дўстимдан мадраса тўғрисида батафсил сўзлаб беришини сўрадим. Деди:
— Буни Кўкалдош мадрасаси дейдилар. Бир юз қирқ ҳужраси бор. Дарсхона, кутубхона, умумий таомхонаси ҳам мавжуд. Йиллик вақф пулининг миқдори бир юз эллик минг танга бўлиб, ҳар йили минг тангаси кутубхонага берилади. Йигирма тўрт минг тангани мударрислар оладилар. Қолган қисми эса имом, сўфи, фаррош, мешкоб, сартарош ва ҳужра эгалари ўртасида тақсимланади.
Ташқарига чиқдик. Қаршимизда яна бир мадраса юксалган эди. Дўстим айтди:
— Буни эса Девонбеги мадрасаси деб атайдилар. Етмиш бир ҳужраси, Кўкалдош мадрасаси сингари умумий таомхонаси ва дарсхоналари бор. Йиллик вақфи бир юз эллик минг тангани ташкил қилади. Ушбу маблағдан йигирма тўрт минги мударрисларга тегади. Қолганини эса муаззин, фаррош, мешкоб, сартарошлар бўлиб оладилар.
Дўстимнинг ушбу сўзларидан жуда қувониб:
— Алҳамдулиллоҳ. Бухоро бу жиҳатдан ўзининг шарафини тўла ҳимоя қилган экан,— дедим.
Дўстим таъсирланиб, гўё сўзларим жароҳатини янгилагандек, ғамгин нигоҳини менга қадади-да;
— Оҳ… шунақа!—деди. Ва жуда катта машаққат билан ўзини босди. Мен яна хурсандчилигимни изҳор этиб, дедим:
— Ҳақиқатан ҳам шундай олий мадрасалар ва катта миқдордаги вақфларга эга бўлиш ҳар бир мулкнинг шараф ва саодатининг белгисидир. Бухороликларнинг юксак толеи ва Бухорога таҳсил учун келадиган талабаларнинг хушбахтлигидир.
Дўстим бу сўзларимдан яна паришон аҳволга тушди ва бу ҳолатини сездирмаслик учун қўлимдан тутиб, тушкун оҳангда:
— Кетдик,—деди.
Уч-тўрт соат шаҳар бозорини томоша қилдик. Бу шаҳарнинг дўконлари эски услубда қурилган. Айрим расталарда Ғарб услубида қурилган бир-икки дўкон кўзга ташланади. Бухоро аҳолиси жуда катта давлат ва бойлик эгаси бўлиши мумкин. Эронга нисбатан маънисиз такаллуфлар бу мулкда камдир, илло бесоқол болаларга нисбатан таъзим ва эҳтиромни бандалик даражасигача етказадилар! Агар йўлдан бирон бесоқол бола ўтадиган бўлса, атрофини таъзим ила букилган қоматлар ўраб олади ва уни ўз давраларидан ҳаёсиз сўзлару оҳ-воҳлар билан кузатадилар. Абу Али ва Форобий фарзандлари учун нақадар пасткашлик бу!!! Дўстим мени ушбу ҳаёсизлик мусобақаси аро олиб ўтиб, яна икки-уч мадрасани зиёрат этишимга ёрдам берди.
Кун ботарга яқин уйга қайтдик, хуфтон намозига қадар дам олдик. Менинг таърифимни дўстимдан эшитган шекилли, бир маҳал икки киши кириб келишди. Танишганимиздан сўнг бир оз суҳбатлашдик. Дўстимга айтдим:
— Сизнинг илтифотингизнинг баракоти туфайли, айрим мадрасаларни томоша қилдим. Жуда мамнун бўлдим.
Дўстим: Албатта, сизни мамнун этиш менинг бурчимдир. Агар истасангиз, эртага ҳам мадрасаларни томоша қиламиз.
Мен: Саломат бўлинг. Сиздан умидим ҳам шудир. Бироқ, Бухоронинг барча мадрасаларини кўриш шарт эмас. Эртага бошқа жойга борамиз, аммо бу кеча Бухоро мадрасалари ҳақида бир оз маълумот берсангиз, жуда мамнун бўлар эдим.
Дўстим чой қуйилган пиёласини ерга қўйиб, ҳикоясини бошлади:
— Бухорода икки юзга яқин мадраса бўлиб, улар уч тоифага бўлинади: олий, ўрта ва ибтидоий.