Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қилган ғазотларидан бири тугагач, бир мусулмон хотин тушиб қолган ярадорларни излаб топмоқчи бўлди: ўликлар орасига кирди. У ён-бу ённи излар чоғда “Оҳ… сув!..” деган бир товуш эшитди. Бир ярадор мусулмоннинг сувдонини кўрди.
Озроқ сув топиб шу ярадорнинг олдига келди. Бошини астагина кўтариб, сувни ичтирмоқчи бўлди. Ярадор мусулмон дудоғини сувга еткузар чоғда бошқа ёқдан “Оҳ… сув!..” деган ўзга бир товуш келди. Ярадор сув келтирган хотинга дедики:
– Бу сувни мендан бурун шу товуш эгасига элтиб бер. Бир йўлдошим яраланиб сувсаб ётар экан, мен ичолмайман.
Хотин сувни иккинчи ярадорга олиб борди. У ҳам сувни ичайин деб турган чоғида “Оҳ… сув!..” деган яна бир товуш эшитди, хотинга дедики:
– Шу йўлдошим сувсиз экан, мен ичолмайман, бер сувингни шунга.
Хотин сувни учинчи ярадорга етказди. У сувни ичаётганда биринчи ярадорнинг “Оҳ… ўолдим… сувсизликдан” деган товуши келди. Бу ҳам хотинга:
– Сувингни мендан бурун шу товуш эгасига бер! – деди ва ўзи ичмади.
Хотин яна қайтиб биринчи ярадорнинг олдига келса, бечоранинг ўлиб ётганини кўрди. Иккинчи ярадорнинг олдига борди, у ҳам ўлиб ётган экан. Учинчи ярадор ҳам сувсизликдан ўлиб қолмасин дея югуриб кетди:
– Эй, воҳ!.. Бу ҳам ўлиб қолибди! – деб сувни тўкди.
Мусулмонларнинг ўлим чоғида ҳам бир-бирларини қанчалик севишларини ўйлаб кўз ёш қилди.
Абдурауф Фитрат
“Ўқи” китоби, Боку, 1917 йил