ТУЛКИ ВА ЭЧКИ
Бахтсиз тасодиф туфайли бир Тулки ўрага тушиб кетибди. У ҳеч ўрадан чиқишнинг иложини қилолмабди. Бир пайт тепадан Эчки ўтиб қолибди. У Тулкидан пастда нима қилаётганини сўрабди.
— Эй, ҳали эшитмадингми? — дебди Тулки. — Яқинда қурғоқчилик бўлармиш, шунинг учун мен бу ерга сув борлигига ишонч ҳосил қилиш учун тушдим. Балки сен ҳам тушарсан? Эчкига бу маслаҳат маъқул келиб, пастга сакрабди. Аммо Тулки тезлик билан унинг орқасига чиқиб, оёқларини унинг узун шохларига қўйибди-да, ўрадан чиқиб олибди.
— Хайр, дўстим, — дебди Тулки, — кейинги сафар эсингда турсин: Ҳеч қачон ўзи мушкул аҳволда қолганнинг маслаҳатига қулоқ солма.
БАЛИҚЧИ ВА БАЛИҚЧА
Балиқчи кун бўйи балиқ тутишга ҳаракат қилиб фақат кичкинагина Балиқчани тутибди.
— Ёлвораман, мени қўйиб юбор, — дебди Балиқча. — Мен ҳозир ейишинг учун жудаям кичкиналик қиламан. Агар ҳозир мени дарёга қўйиб юборсанг, мен тезда ўсаман, кейин сен мендан ажойиб таом тайёрлайсан.
— Йўқ, йўқ, Балиқчам, — дебди Балиқчи, — мен сени ҳозир ейман, бундан кейин сени тутолмаслигим мумкин.
Қиссадан ҳисса: Келажакдаги насия катта нарсадан кўра, қўлингдаги нақд кичик нарса афзал.
СИЧҚОНЛАР КEНГАШИ
Мушукнинг доимий хавф солишидан тушкунликка тушган сичқонлар муаммоларини ҳал қилиш учун кенгаш чақиришибди. Улар бирин-кетин билдирилган режаларни таҳлил қилиб, уларни рад эта беришибди. Охири бир ёш Сичқон мушукнинг бўйнига қўнғироқ осиб қўйишни таклиф қилибди.
— Қандай ажойиб фикр, — деб қичқиришибди улар, — бу Мушук келганда қочиш учун жуда яхши огоҳлантириш!
Улар бу таклифни завқ-шавқ ва олқишлар билан қабул қилишибди. Шунда кекса бир Cичқон ўрнидан туриб:
— Бу ростдан ҳам жуда яхши маслаҳат ва, шубҳасиз, бизнинг муаммомизни ҳал қилади, — дебди. — Бироқ Мушукнинг бўйнига қайси биримиз қўнғироқни иламиз?!
Қиссадан ҳисса: Таклиф қилиш бошқа, уни бажариш бошқа.
ИККИ ДЎСТ ВА АЙИҚ
Икки дўст ўрмонда айланиб юрганларида тўсатдан айиққа дуч келиб қолишибди. Улардан биринчиси шошиб дарахтга чиқиб олибди ва айиқнинг чангалидан қутулиб қолибди. Иккинчиси эса, ҳеч нарса қўлидан келмаслигини билиб, ўзини ўлганга солиб ётиб олибди.
Айиқ ерда ётган кишининг олдига келиб, қулоғини ҳидлабди. Ҳатто уни туртиб ҳам кўрибди. Кишини ўлган деб ўйлаб, унга тегмасдан кетиб қолибди.
Айиқ кетгач, ҳалиги кишининг дўсти дарахтдан тушиб келиб:
— Дўстим, айиқ қулоғингга нима деб шивирлади? — деб сўрабди.
— У менга: қийинчилик пайтида ташлаб кетадиган дўст билан саёҳатга чиқишни яхшилаб ўйлаб кўрмабсан-да, деди, холос, — деб жавоб берибди дўсти.
Қиссадан ҳисса: Дўстлик қийинчиликда синалади.
ТОВУҚ БИЛАН ТУЛКИ
Баланд дарахт шохига қўниб, қағ-қағлаб ётган Товуқнинг товуши бутун ўрмонга таралиб, очликдан силласи қуриган Тулкининг эътиборини тортибди. Товуқнинг баланд шохда турганини кўрган Тулки уни ҳийла билан пастга тушириб, емоқчи бўлибди.
— Кечирасан, қадрдоним Товуқ, — деб гап бошлабди у, — сен йиртқичлар билан қушлар, умуман, ўрмонимиздаги барча жонзотлар ўртасида тузилган тинчлик битими ҳақида ҳали эшитмадингми? Бундан кейин биз бир-биримизни овламаймиз, алдамаймиз ва ўғирламаймиз, балки тинчликда, ҳамжиҳатликда яшаймиз. Пастга туш, бу ҳақда яхшилаб гаплашиб оламиз.
Тулкининг муғомбирлигини яхши билган Товуқ ҳеч нарса демай, худди бир нарсага тикилгандек йўлга қараб тураверибди.
— Нимага бунча тикилиб қолдинг? — деб сўрабди Тулки.
— Мен бир тўда итларни кўраяпман, — дебди Товуқ, — адашмасам, улар биз томонга келишаяпти, жаноб Тулки.
— Шунақами, унда мен кетишим керак, — дебди Тулки.
— Илтимос, жаноб Тулки, кетмай туринг, — дебди Товуқ, — мен энди тушмоқчи бўлиб турувдим. Келинг, итларни кутиб турамиз, улар келгандан сўнг тинчлик битимини бирга муҳокама қиламиз.
— Йўқ, йўқ, — дебди Тулки, — мен кетишим керак, итлар ҳали тинчлик битими ҳақида эшитмаган бўлишлари мумкин.
Қиссадан ҳисса: Тўсатдан таклиф қилинган дўстликдан эҳтиёт бўлинг.
КЎРШАПАЛАК, ҚУШЛАР ВА ЙИРТҚИЧЛАР
Қушлар билан йиртқичлар ўртасида катта низо чиқибди. Иккала томон ҳам ўзига қўшин йиға бошлабди. Кўршапалак қайси тарафга қўшилишни билмай, иккиланиб қолибди. У турган шох олдидан ўтиб кетаётган қушлар:
— Юр, бизлар билан, — дейишибди.
Аммо Кўршапалак:
— Мен йиртқичман, — дебди.
Кейинроқ ини тагидан ўтиб кетаётган йиртқичлар тепага қараб шундай дейишибди:
— Юр, бизга қўшил.
Лекин у: — Мен қушман, — дебди.
Хайриятки, охирги лаҳзаларда тинчлик ўрнатилибди, ҳеч қандай уруш бўлмабди. Шунда Кўршапалак қушларнинг олдига бориб улардан ўзини хурсандчиликларига шерик қилишларини сўрабди. Аммо ҳамма қушлар ундан юз ўгириб, учиб кетишибди. Шундан кейин Кўршапалак йиртқичларнинг олдига борибди. Бироқ тезда у ердан ҳам чекинишга мажбур бўлибди, зеро, йиртқичлар уни бурда-бурда қилишга шай турардилар.
Шунда Кўршапалак ўзига шундай деди:
— Фазилати бўлмаганнинг дўсти ҳам бўлмас экан.
ҚАФАСДАГИ ҚУШ ВА КЎРШАПАЛАК
Сайроқи Қушни қафасга қамаб ойна ташқарисига осиб қўйишганди. У фақат тунда, ҳамма қушлар уйқуга кетгандагина сайрарди. Бир куни кечаси Кўршапалак келиб қафас панжарасига чирмашиб олибди. У Қушдан нега кун бўйи тинч ўтириб, кечаси сайрашини сўрабди.
— Бундай қилишимнинг ўзига хос сабаби бор, — дебди Қуш. — Бир куни кундузи сайраётсам овчи овозимга мафтун бўлиб қолди ва тўрини қўйиб мени тутиб олди. Шундан бери фақат тунлари сайрайман.
Кўршапалак шундай дебди:
— Лекин ҳозир қафасдалигингда бундай қилишинг фойдасиз-ку. Агар буни сен қўлга тушишингдан олдин қилганингда эди, ҳозир озод юрган бўлардинг.
Қиссадан ҳисса: Фалокатдан кейин қилинадиган эҳтиёткорлик фойдасиздир.
МУШУК — КEЛИНЧАК
Кунлардан бир куни Олимп худолари тирик мавжудотларнинг табиатини ўзгартириш мумкин ёки мумкин эмаслиги устида тортишиб қолишибди.
Юпитер:
— Ўзгартирса бўлади, — дебди. Аммо Венера бунга қарши чиқибди. Муаммони ҳал қилиш мақсадида Юпитер мушукни қиз болага айлантириб қўйибди ва уни ёш бир йигитга турмушга берибди. Рисоладагидек тўй бўлибди, келин-куёв тўй базмида ўтиришибди.
— Қара, — дебди Юпитер Венерага, — келин ўзини қандай муносиб тутаяпти. Ким ҳам уни кеча мушук эди, деб айта олади? Шубҳасиз, унинг табиати ўзгарди.
— Бир оз кут, — дебди Венера ва тўйхонага сичқонни қўйиб юборибди. Буни кўрган Келин жойидан сакраб турибди ва сичқон устига ўзини отибди.
— Ана, кўрдингми? — дебди Венера.
Қиссадан ҳисса: Қон билан кирган — жон билан чиқади.
ИТЛАР ВА ТУЛКИ
Шер терисини топиб олган итлар уни тишлари билан бўлакларга бўла бошлашибди. Буни кўрган Тулки шундай дебди:
— Агар бу Шер тирик бўлганда эди, сизлар унинг панжаси тишларингиздан қанчалар кучли эканлигига амин бўлар эдингиз.
Қиссадан ҳисса: Ётган одамни тепиш осон.
БАҚА ВА БУҚА
— Ота, — дебди кичкина Бақа кўлмакда турган катта Бақага, — мен шунақанги бир қўрқинчли махлуқни кўрдимки! У тоғдек улкан эди. Унинг бошида шохи, узун думи, туёқлари бор эди.
— Болам, — дебди қари Бақа, — бу бор-йўғи чорвадор Оқйигитнинг Буқаси, бироқ сен айтгандек катта эмас. Бўйи мендан озгина баланд бўлиши мумкин. Мен ҳам ўзимни шунақа катта қилиб кўрсатишим мумкин. Мана, қараб тур. Шундай деб катта Бақа ҳавони ютиб ўз ичига пуфлабди, пуфлабди.
— У шунақа каттамиди? — деб сўрабди у ўғлидан.
— Анча каттароқ эди, — деб такрорлабди ёш Бақа.
Қари Бақа яна ўз ичига пуфлабди ва Бақачадан: — Буқа шунчалик каттамиди? — деб сўрабди.
— Каттароқ эди, дада, каттароқ, — деб жавоб берибди Бақача. Шундай қилиб Бақа чуқур нафас олиб, ичига пуфлайверибди, шишгандан шишиб кетаверибди.
— Ишончим комилки, Буқа бундан катта бўлган эмас, — дебди бир маҳал шишиб кетган Бақа ва шу пайт пақ этиб ёрилиб кетибди.
Қиссадан ҳисса: Ортиқча чираниш белни синдиради.
ЭЧКИ ВА ПОДАЧИ
Подачи адашиб қолган Эчкини подага қайтариб келиш учун роса қидирибди. У ҳуштак чалибди, сурнай чалибди. Аммо буларнинг фойдаси бўлмабди: орқада қолиб кетган Эчки бу товушларга аҳамият бермабди. Охири, подачи унга тош отибди, Эчкининг шохи синибди. Шунда подачи Эчкидан бу ҳақда хўжайинига айтмасликни илтимос қилибди.
Эчки шундай деб жавоб берибди:
— Эй, эси йўқ одам, мен индамаганим билан шохларим ҳаммасини айтиб қўяди-ку!
Қиссадан ҳисса: Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади.
ҚУЁНЛАР ВА ТУЛКИЛАР
Қуёнлар бургутлар билан уруш бошлашибди. Уруш чоғида улар тулкилардан ёрдам сўрашибди.
Шунда тулкилар уларга бундай деб жавоб беришибди:
— Агар биз сизларнинг кимлигингизни, кимлар билан урушаётганингизни билмаганимизда эди, сизларга бажонидил ёрдам берган бўлардик…
Қиссадан ҳисса: Бирор нарсага розилик билдиришдан аввал унинг оқибатини ўйла.
ЭМАН ВА ЎТИНЧИ
Ўтинчи Эманни қулатиб, уни саржинлабди. Танасини бўлаклаш учун Эманнинг ўз шохларидан пона ясабди.
Эман хўрсиниб, шундай дебди:
— Мен илдизимга тушаётган болтанинг зарбига чидайман, аммо ўз шохларимдан қилинган пона билан бўлакларга бўлинишимга чидолмайман.
Қиссадан ҳисса: Энг чидаш қийин бўлган нарса — ўзимиздан келиб чиққан кулфатдир.
ТУЛКИ БИЛАН МУШУК
Тулки Мушукка ўзининг душмандан қочиш учун қўллайдиган ҳийлалари ҳақида мақтанаётган эди.
— Менда душмандан қочишнинг юз хил усули тўла ҳийлақопим бор, — деди у.
— Менда фақат биттагина, — деди Мушук. — Лекин мен шунинг ўзи билан ҳам ҳамма нарсанинг уддасидан чиқаман.
Шу пайт улар ўзлари томон келаётган бир тўда тозининг овозини эшитиб қолишибди. Мушук дарров дарахтга чиқиб бутоқлар орасига яшириниб олибди.
— Бу мен билган усул. Сен нима қилмоқчисан? — дебди Мушук.
Тулки аввал биринчи йўлни ўйлабди, кейин бошқасини. Шундай қилиб то у ўйлаб бўлгунча тозилар етиб келиб уни ушлаб олишибди-ю, овчилар уни ўлдиришибди.
Буни кузатиб турган Мушук шундай дебди:
— Битта хавфсиз, аммо синалган йўл юзта ишониб бўлмайдиган усулдан афзалроқдир.
Феруза Тўхлиева таржимаси
ЁВВОЙИ ЭЧКИЛАР БИЛАН ЧЎПОН
Чўпон эчкиларини яйловга қўйиб юборди. Бир пайт қараса, эчкилари ёввойи эчкилар билан ўтлашиб юрибди: хурсанд бўлди-ю кеч киргач, ҳаммасини ўзининг ғорига қамади. Эртасига ҳаво бузуқлиги туфайли эчкиларни одатдагидек яйловга олиб чиқолмади: ғордаёқ боқишига тўғри келди. Чўпон ўзининг эчкиларига номи-гагина — ўлмагундай ем солгани ҳолда, қўлга ўргатиб олиш ниятида ёввойи эчкиларга мўл-кўл қилиб тўкди. Эртаси, ҳаво юришиб кетгач, эчкилар тоғга қараб ура қочдилар. Чўпон уларни яхшиликни билмайдиган нонкўрлар, дея койишга тушди: «Ахир мен сизларни ўзимнинг эчкиларимдан-да яхшироқ боқмадимми?» Ёввойи эчкилар айтдилар: «Шунинг учун ҳам сендан нарироқ юришимиз маъқул кўринди-да. Бизлар кечагина сенга йўлиққандик, сен эса бизни ўзингнинг эски эчкиларингдан-да яхшироқ боқдинг. Демак, эртага яна янгилар келиб қўшилса, унда уларни бизлардан афзалроқ кўраркансан-да?!»
Алқисса, янги дўстларни эскилардан афзал тутувчилар билан дўстлашишга шошилманг, зеро яна янги дўстлар орттирганда сиз ҳам эскилардан бўлиб қоласиз.
КИЙИК БИЛАН ТОКЗОР
Овчилар таъқибидан қочган кийик токзорга яширинди. Овчилар пайқамай ўтиб кетишгач, энди хавфдан қутулдим, деб хаёллади-ю ток баргларини мўтаб ейишга тутинди. Иттифоқо шу пайт ортига ўгирилган овчи кийикни пайқаб қолди: дарҳол ўқ узиб, жониворни ярадор қилди. Ўлими яқинлашганини сезган кийик афсус-надоматда ингранди: «Қилмиш қидирмиш: ток мени қутқарганди, мен эса уни нобуд қилишга қасдландим».
Алқисса, кимки ўзига яхшииик қилганларга ёмонлик соғинса, у албатта Худонинг қаҳрига йўлиққай.
БЎРИ БИЛАН ЛАЙЛАК
Бўрининг бўғзига суяк тиқилиб қолди-ю жони кўзига кўриниб, ёрдам истаб югургилаб қолди. Бахтини қарангки, лайлакка дуч келди: суякни чиқариб ташласанг, мукофотлайман, дея ваъдалар бериб ёрдам сўради. Лайлак тумшуғи-ю бошини бўрининг бўғзигача тиқиб, аранг суякни чиқариб олди-да, ваъда қилинган мукофотни талаб қилди. Бўри бунга жавобан деди: «Ҳа, азизим, бўрининг оғзидан бошинг омон чиққани камми, яна мукофот дейсан-а?!»
Алқисса, айрим бадфеъл кишилар ёмонлик қилмаганларининг ўзиниёқ яхшилик қилганга йўядилар.
ЭШАК БИЛАН БАҚАЛАР
Устига ўтин ортилган эшак ботқоқдан ўтаётганди, тойиб кетиб йиқилди. Эшак ўрнидан туришга ҳарчанд уринмасин — бўлмади: оҳ-воҳ қилиб фарёд чека бошлади. Ботқоқда яшовчи бақалар унинг ҳолини кўриб дедилар: «Биродар, ботқоққа эндигина йиқилганинг ҳолда шунчалар нола чекасан, бизга ўхшаб умринг шу ерда ўтганида нима қилардинг?!»
Алқисса, айрим кишилар кичкинагина қийинчилик олдида ҳам эсанкираб, руҳан чўкиб қоладилар, ҳолбуки, бошқалар бундан ўн чандон оғир машаққатларни-да сабр-ла енгадилар.
УСТИГА ТУЗ ЮКЛАНГАН ЭШАК
Устига туз ортилган эшак дарё кечувидан ўтаётиб тойиб кетди — сувга йиқилди: туз сувда эриб кетиб, юк анча енгиллашди, эшак бениҳоя севинди. Кейинги гал ўша жойдан ўтаётиб, эшак: «Сувга йиқилсам юким енгиллайди, кейин туриб кетавераман», деб ўйлади-да, атайин йиқилди. Иттифоқо, бу гал эшакка ювғич ортилган эди: ювғич сувни шимиб олиб, юки оғирлашиб кетган эшак эпланолмай қолди-ю сувга чўкиб кетди.
Алқисса, айримлар ишлатган ҳийла-найранг уларнинг ўз бошига етаркан.
БУРГУТ, ЗАҒЧА ВА ЧЎПОН
Юксак қоядан шиддат билан қўзғалган бургут сурувдаги қўзичоқни илди-ю кетди. Зағча буни кузатиб турганди, ҳасаддан ичи куйиб, ўзининг ҳам шундай қилгиси келиб қолди. Зағча жон-жаҳди билан чинқирганича бориб қўчқорга ташланди: панжалари қалин жунга ўралашиб қолди-ю, учишга ҳам, қочишга ҳам имкони бўлмай қолди. Унинг жон халфида питирлаётганини кўрган чўпон гап нимадалигини фаҳмлади-да, дарҳол тутиб олди: қанотларини қирқиб, ўзини эрмак учун болаларига элтди. Болалари чувиллашиб: «Бу қандай қуш?» – дея сўраганларида, чўпон айтди: «Мен-ку бунинг зағчалигини биламан-а, бироқ унинг ўзи ўзини бургут ҳисоблайди-да?!»
Алқисса, ўзингдан зўрроқлар билан беллашаман, деб чиранганинг билан ҳеч иш чиқаролмайсан, кулги бўлганинг қолади, холос.