Не тилагинг бўлса, Аллоҳдан тила,
Йўқса ишинг тўхтар, узаяр оҳинг.
Ҳар ишни бошлагин Аллоҳ номи-ла:
“Бисмиллаҳир роҳманир роҳим…”
* * *
Аллоҳга ҳамд бўлсин, чексиз беадад.
Унинг ҳукмидадир осмону замин.
Мақтовга лойиқ зот Аллоҳдир фақат:
“Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламин…”
* * *
Борлигига келтир имон,
Тоғу тошлар бунга шоҳид.
Аллоҳ бирдир, бунга инон:
“Иннама илаҳун ваҳид…”
* * *
Шафқат, марҳамат-ла ёрлақар бизни,
Махлуқотлар ризқ-рўзин етказур доим.
Тақдир этган Удир ҳар ишимизни:
“Залика тақдирул азизир-роҳиим…”
* * *
У ирода этса мутлақ бўладир,
Унга пинҳон эмас ҳар ён, ҳар иқлим.
Ҳатто кўнглингдаги сирни биладир:
“Ваҳува бикулли шайъин алийм…”
* * *
У қулни кечиргай, У раҳм қилар,
Гўзал исмлари Рауфу Роҳийм.
Тавба қилганларни билгин афв этар:
“Иннаҳу ҳуваттаввабурроҳийм…”
* * *
Аллоҳ ваъдасидир: етказар ризқинг,
Шубҳасиз, бу қулга буюк марҳамат.
Намоз ўқи. Закот бер қодир бўлсанг:
“Ва ақимус-солата ва атуз-закат…”
* * *
Инсон тафаккурда, ҳаракатда ҳур,
Амалларда сокин, хотиржам бўлинг.
Аллоҳ қилганингиз ҳар ишни кўрур:
“Валлоҳу басийрун бима йаъмалун…”
* * *
Унинг измидадир замину само,
Ҳар иш амри ила бўлади содир.
У ҳар ишга моҳир, қодир доимо:
“Валлоҳу ъала кулли шайъин қодир…”
* * *
Аллоҳ сабр айлаган қулни севади,
Мўмин юксалади сабр этган сайин.
Аллоҳ сабрлилар билан биргадир:
“Инналлоҳа маас-собирийн…”
* * *
Аллоҳга кўп шукр айтган бахтиёр,
Зеро, У ҳар дамда – сиздан хабардор.
У билар чин шокир банда асли ким.
“Фаинналлоҳа шакирун алийм…”
* * *
Унинг оятлари кўп,
Кофий бунга кўк ва сув.
Ундан ўзга Тангри йўқ:
“Ла илаҳа илла ҳу…”
* * *
Ким у ўзин санар жуда қувватли?
Ахир ҳамма учун ҳисоб бор, ҳисоб.
Аллоҳнинг азоби, қаттиқ шиддатли:
“Ва инналлоҳа шадидул азаб…”
* * *
У афв этгувчидир, кечиргай албат,
Надомат чекиб, чин тавба қилайлик.
Аллоҳ гуноҳларинг айлар мағфират:
“Инналлоҳа ғофурур роҳийм…”
* * *
Ёмонликка яхшилик қилсанг ажр бор,
Яхшилик, гўзаллик – шиори диннинг.
Аллоҳ эҳсон этган қулларни севар:
“Инналлоҳа юҳиббул муҳсинийн…”
* * *
Фасод бир илондир, бошин дарҳол эз,
Фасодчининг иши охири барбод.
Аллоҳ фасодчини ёмон кўради:
“Валлоҳу ла юҳиббул фасад…”
* * *
Инсонлар барчаси бир аслдандир,
Бўлса ҳам бири оқ, бири қоратан.
Бир миллат бўлгани шундоқ аёндир:
“Канан – насу умматан ваҳидатан…”
* * *
Мумкинми бир нима Ундан яширмоқ?
У ҳаммасин кўрар, билар – қолмас сир.
Ҳамма ишимизни кўрмоқда Ҳақ-рост:
“Инналлоҳа бима таъмалуна басийр…”
* * *
Энг тўғри қарорни Сен берасан, Сен,
Эй улуғ Аллоҳим, эй улуғ Раббим.
Ҳар нени эшитиб ҳам биласан Сен:
“Иннака антас-самиъул алийм…”
* * *
Мусулмон ҳеч кимни урмас ва сўкмас,
Қидирмас кимсани қийнамоқ йўлин.
Шубҳа йўқдир, Аллоҳ золимни севмас:
“Валлоҳу ла юҳиббуз-золимийн…”
* * *
Сабр этган доимо муродга етар,
Эй мўминлар, сиз ҳам муродга етинг.
Аллоҳ ҳам сабрли қулларин севар:
“Валлоҳу юҳиббус-собирийн…”
Турк тилидан Абдумурод Холмуродов таржимаси,
“Ҳикмат ёғдулари” китобидан олинди.