Абдулла ибн Искандархон ибн Жонибек султон ибн Хожа Муҳаммад ибн Абулхайрхон
(1534-Миёнкол, Офарикент қишлоғи – 1598 йили 8 феврал Самарқанд, Бухоро яқинида Баҳоуддин мажмуасига дафн этилган)
(1583-1598)
Ўзбек давлатчилиги тизимидаги Бухоро хонлигининг шайбонийлар сулоласидан энг йирик ҳукмдор (1583-1598), давлат арбоби, саркарда, илм-фан, маърифат, маданият ҳомийси. Тошкент ҳокими Бароқхон (Наврўз Аҳмадхон) билан Косон ёнида (1548), Мўнгилистон хони Абдурашидхон ва шайбонийлардан Дўстум султонлар қўшинига қарши Фороб ёнида (1554) жанг қилган. Ёш Абдулла султон ўзининг ҳукмдор сифатидаги бутун ғайрат шижоатини 1551 йил Карманада намойиш этган; вилоятга Тошкентдан Бароқхон ва Самарқанддан Абдуллатифхон ҳужум қилганлар, Искандар султон Амударё ортига қочган. Абдулла султон отаси вазифасини ўз зиммасига олиб бу ҳужумни муваффоқиятли қайтарган. Кейинги йилларда (1552-56-й.) ўз мулкини Ғарбга – Бухоро томонга ва жануби-шарқ – Қарши ва Шаҳрисабз томонга кенгайтиришга интилган. Бу сай-ҳаракат дастлаб муваффақиётсиз чиққан, хатто 1556 йилда у ота мерос мулкини ташлаб Майманага қочишга мажбур бўлган. У амакиси, Балх ҳокими Пирмуҳаммаддан ҳарбий ёрдам олиб ва пири Хожа Муҳаммад Ислом кўмакида Бароқхон, кейинчалик унинг ўғиллари Дарвешхон ва Бобо Султонларга қарши узоқ муддат кураш олиб борган. Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон) вафот этгач (1556-й.), дарҳол Кармана ва Шаҳрисабзда ўз ҳукмронлигини тиклайди, 1557 йили майда Бухорони қўлга киритади ва уни ўз пойтахтига айлантиради. 1561 йилда отаси – Искандархонни давлат бошлиғи – хон деб эълон қилиб, унинг номидан мамлакатни ўзи бошқара бошлайди. Марказий ҳокимиятга бўйсунишдан бош тортган шайбоний султонлар билан курашиб, Балх (1574-й.), Самарқанд (1578), Тошкент, Сайрам, Туркистон (1583) ва Фарғона (1583-й) ни эгаллайди. 1582 йилда Даштга юриш қилиб, Улуғтоғга қадар борган. 1583 йилда отаси Искандархон вафот этгач мамлакатни ўз номидан бошқара бошлайди. Марказий ҳокимиятга қарши кўтарилган Маймана ва Гарчистон (1583-й.), шунингдек, Бадахшон (1585)даги ғалаён, тартибсизликларни бостирган. Хоразмга икки марта юриш (1594 ва 1596) қилиб, у ерда марказий ҳокимият ҳукронлиги қайта тикланган. Абдуллахон II сафавийлар билан Хуросон, Гилон учун курашиб ўз тасарруфига киритган. Шарқий Туркистонга қилинган юришда Қашқар ва Ёркент вилоятларини олган. Бобурийлар ҳам Бадахшон, Шимолий Афғонистон ва Хуросон учун Абдуллахон IIга қарши курашганлар. Абдуллахон II бунга қарши Синд (1583), Кашмир(1586) ни эгаллаб давлатнинг жанубий чегараларини мустаҳкамлаган. Абдуллахон II даврида мамлакат ҳудуди Қашқардан Орол ва Каспий денгизлари соҳилларигача, Туркистон ва Сайрамдан Хуросоннинг шарқий қисмигача бўлган ерлардан иборат эди.Абдуллахон II ҳаётининг сўнги йилларида ўғли Абдулмўмин билан чиқишмай қолган. Улар ўртасидаги муносабатлар кескинлашганидан ҳабар топган қозоқ хони Таваккалхон Тошкент вилояти ва Тошкент – Самарқанд оралиғидаго ерларга бостириб кириб, унга қарши юборилган қўшинни енган. Унга қарши сафарга отланган Абдуллахон II Самарқандга етганида ўғли Абдулмўмин 1598 йил 8-февралда амир Муҳаммад Боқибий билан келишиб отаси Абдуллахон II ни захарлаб ўлдиради.
Абдуллахон II фаол ташқи сиёсат олиб борган. Унинг мамлакат ички сиёсатидаги, давлат бошқарув тизимини мустаҳкамлаш, айниқса пул ислоҳати ўтказиш йўлидаги фаолияти натижалари кейинги даврларда ҳам сақланиб қолган. У кўплаб турли иншоотлар қурдирган.
Унинг даврида мамлакатда шаҳарсозлик, адабиёт, илм-фан тараққий этган. Бухоро маданият, илм-фан марказига айланган. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг ,,Абдулланома” ( ,,Шарафномайи шоҳий”) (1584-89), Амин Аҳмад Розийнинг ,,Ҳафт иқлим” (1583), Мутрибийнинг дунё харитаси илова қилинган ,,Таскирати шуаро” (тахминан 1593-95) ва бошқа илмий асарлар яратилган. Бухорода машҳур Абдуллахон мадрасаси ташкил қилинган. Ҳасанхўжа Нисорийнинг ,,Музаккири аҳбоб” асари Абдуллахон II га бағишланган.
Абдуллахон II нинг ўзи ҳам истедодли шоир бўлиб, “Хон” тахаллуси билан ўзбек ва форс тилларида шеърлар ёзган.