Шайх Санъон ўз замонасининг пири муршиди эди. Илму ирфон, каромату кашфда ягона эди. Унинг камоли ҳақида сўз айтиш ортиқча, чунки Макканинг ўзида эллик йил шайхлик қилганди, тўрт юзта муриди бор эдики, ҳар бири тариқатда бир ёрқин сиймо эди. Аммо ўзи ҳам, муридлари ҳам риёзат ва тоатдан тўхтамас эдилар, кеча-кундуз Аллоҳни ёд этиб яшардилар. Шайхнинг илми ва амали баробар бўлиб, яширин ва ошкора равишда ишора ва асрор кўрсатиб турарди. Эллик марта ҳаж қилганди, бундан ташқари умра ҳажини ҳам умр бўйи канда қилмади. Бирор суннатни тарк этмади ва намозу рўзани беҳад кўп адо этар эди. Барча пешволар бу пешво шайхни ўзларидан баланд ҳисоблардилар. Беморлар ва касалманд одамлар ундан шифо топарди. Хуллас, шодлигу ғамда халқ билан бирга ва мададкор эди у.
Даврининг ягонаси бўлган бу улуғ муршид бир кеча туш кўрди. Тушида кўрсаки, Румда сайр этиб юрган эмиш ва бир бут-санамга сажда қилаётган эмиш. Кўнгли бедорларнинг бедори, огоҳларнинг огоҳи бўлган бу улуғ шайх кўрган тушидан ғамгин бўлди:
– Эй аттанг, имон элтай деб шунча жон чектим, наҳотки тоатларим Аллоҳванди каримга маъқул бўлмади? Доюнлар ошиб, манзилга етаман деган одам охирги довонда бутун ишлари абас эканини сезгандай, наҳотки мен ҳам парвардигор марҳаматидан ноумид бўлиб қолсам?
Оқибат, Шайх Санъон муридларини йиғиб, Румга боришни ният қилганини айтди. Бу тушнингтаъбирини билмоқчиман, деди у. Тўрт юз муриди ҳам шайхга эргашиб, Рум сафарида унга йўлдош бўлдилар. Каъбадан Рум мамлакатигача узоқ йўл босишга тўғри келди.
Билло ниҳоя, шайх билан муридлари бир неча ой йўл юриб, охири Рум мамлакатига етиб келдилар. Улар бир шаҳарнинг кўчаларидан ўтаётганда, баланд айвонли ҳашаматли бир бинога кўзлари тушиб, унга яқинлашдилар. Баланд айвонда бир гўзал насроний қиз ўтирарди. Руҳоний қиёфали (монах қизи) бу насроний қиз ҳусну жамолда тенгсиз, нафосат оламининг қуёшидай порлаб турарди. Унингжамолига қара-ганнинг кўзи қамашар, ақлу ҳуши шошар эди. Ҳалқа-ҳалқа зулфи ошиқлар доми, фаттон кўзлари, камон қошларидан юракларга синон ўқини отар, қип-қизил ёқутдай лаблари чўғ бўлиб дилни ўртар, оғзи оби ҳаётдай жонбахш эди. Сочларининг ҳар толаси минг мусулмонни куфрга йўллаб, белига зуннор боғлашга мажбур этарди. Оловдай ловуллаб турган юзининг ярмини бир даста сочлари беркитиб турар, гўё қуёш булут пардаси ортидан боққандай эди. Қизнинг бугун вужуди дилкаш ва малоҳатли, дилбар ва ҳаловатбахш эди. Нафосат ҳайкалидай муҳташам айвонда ўтирар, сочига тақилган бир дона гавҳар кундай порлар, юзига тортилган қора ҳарир тўр гоҳ-гоҳида шамолдан липиллаб, очилгандай бўларди.
Қизга яқинлашганда, Шайх Санъон отини тўхтатиб, унга тикилди. Не ажабки, шу пайт тарсо қизи юзидан ҳарир қора парда кўтарилди – булут ортидан қуёш чарақлаб чиққандай олам мунаввар бўлди. Шайх Санъон бу гўзал чеҳрани кўрди-ю, ўзини йўқотди, ҳолсизланиб, аъзойи бадани бўшашди. Авва-лида сир бой бермасликка ҳаракат қилиб кўрди, аммойшқ оташи нишона уриб, атрофидагиларга сирини ошкор этди. Бу қиз ўша Маккада шайх тушига кирган санам эди.
Шайхнинг вужуди титрар, ичга олов тушгандай бетоқат бўлар эди. Унинг ихтиёру инони қўлдан кетган, дили дилбар ихтиёрига ўтган эди. Шайх эллик йиллик тоат-ибодати, обрў-еътибори, имон-еътиқодини тарсо қизи ишқига алмашди-қўйди, тарсозода унинг имонини сотиб олган, имону дин ўрнига расволик ва бадномлик инъом этган эди. Шайх Санъон ҳаммасига кўника бошлади. Кўнглидан умидини узди, чунки кўнгил энди унга итоат этмас эди. Жонини ҳам жононаси учун қурбон қилишга тайёр турарди. Шайхнинг сўзи ҳам, сози ҳам ишқ бўлиб қолди. Ўзга гап қулоғига кирмас, ўзга нарсалар мутлақо эътиборини тортмас эди. Тарсо қизи унинг муҳиби, қибласига айланди.*
Шайхнинг муридлари бу ҳолни кўриб, қаттиқ қайғурдилар, нима қилишларини билмай ҳайрон қолдилар. Сарсону раргардон бўлиб, гоҳ шаҳар кезар, гоҳ шайх олдида йиғилиб, уни бу йўлдан қайтаришга уринардилар. Аммо шайх Санъонга гап ҳам, насиҳат ҳам кор қилмас, оламни унутган эди у. Қалби тарсо қизи фармонида бўлгач, бошқанинг гапи қулоғига кирармиди? Ошуфта ошиқнинг подшоси ҳам амру фармон берувчиси ҳам маъшуқадир. Бу дарднинг бедаволигини ишқ дардига чалинганлар билади, бедардлар буни қаердан билсин? Шайх учун кеча ва кундуз баробар эди. Кундуз кечадай қоронғи, тун эса фироқ зулматидай узун ва ваҳимали эди.
Шайхнинг ишқи туғён уриб, ўзини ҳам, оламни ҳам унута бошлади, бошига тупроқ сочиб, ўз ҳолига ўзи мотам тутди. Кўзига уйқу келмас, гоҳ нола чекар, гоҳида ўртаниб ёнарди. Қопқора тунларнинг зулмати – фироқ зулмати поёнсиздай эди.
– Эй Аллоҳ, — деб нола қиларди Шайх Санъ-он, – наҳотки, бу тунларнинг охири кўринмаса, наҳот менинг қуёшим порлаб чиқмаса? Ё фалак машали ўчдими абад, сўндими тириклик олови? Беҳад кўп тунларни риёзатда ўтказган эдим, аммо бундай зулмат тунларни кўрмаган эдим. Шамъдай ёниб адо бўляпман, жигарим ёниб, ичимдаги олов аланга урмоққа! Нафасимдан ўт чиқади, эй парвардигор! Ишқ мени ўз қонимга ташна қилди-қу, йўқ-йўқ, бош-оёғимни қонга белади. Бир кечада юз кечанинг азобини тортаётирман, билмадим, кундузим қандай ўтар экан? Тун одамзод учун шунча машаққатлими, шунча азоб эканми, энди билдим буни. Кеча-кундуз иситма ичидаманки, қачон кундуз бошланиб, қачон кеч киришини англамасман. Магар вужудим тарҳини тузганда парвардигор шу бир кеча учун асраб қўйганмиди мени? Дунёда ғам шунча кўпми, ишқ шундай беинтиҳо қудратми? Бу қиёматнинг аломатими ё оҳимдан гардун шамъи хиралашдими ё дилбаримдан уялиб, қуёш парда ичига кириб кетдими?
Куйдиму ёндим бу тун азобидан, иложин тополмадим ишқ дардининг, энди тоқатим ҳам қолмади бу ғавғоларга. Тоғдай саботим-сабрим қани, ҳашамату матонатим қаён кетди, ўткир зеҳним, заковатимдан айриддим: қилни қирқ ёриб, не-не мушкил масалаларга жавоб топган ақлим хиралашди. Бироқ ошиқ учун ақл нима керак, ишққа ақлнинг кучи етармиди? Ёрни излаб эшигига борай десам, оёғим қимирламайди. Овоз чиқариб, маҳбубамни чақирай десам, тилим сўзга келмас, қон оқавериб кўзларим кўрмайдиган бўлдилар.
Ақл кетди, сабр кетди, кетди жон, Бу не савдо, не азобу не фиғон?!
Шайх Санъоннинг муридлари йиғлашиб, унинг қўнглини кўтармоқчи бўлдилар. Яқин маҳрамларидан бири деди:
— Эй шайхи кибор, ўрнингдан тур, васвасани ўзингдан улоқтир, таҳорат олиб, намоз қил, шайтони лаъинни қувгин нари.
Шайх деди:
— Эй бехабар, бу кеча жигар қони-ла юз дафъа таҳорат қилдим, юз ракаат намоз қилдим Аллоҳга, маҳбубим висолига эткизгин деб.
Бошқаси деди:
— Тасбеҳинг қани, тасбеҳсиз шайх шайх бўладими? Тасбеҳни қўлга олиб зикрга туш.
Шайх деди:
— Белимга зуннор боғлаш қулай бўлсин учун қўлларимни тасбеҳдан бўшатиб олдим.
Бошқаси деди:
— Эй мўйсафид, агар гуноҳу хато содир бўлган бўлса, тавба қил, парвардигор раҳм қилувчидир.
Шайхдеди:
— Аллақачон тавба қилганман, аммо шайхлик ору номусидан, қилу қолидан тавба қилганман.
Бошқаси деди:
— Пушаймон эмасмисан, шайх? Ахир мусулмонликдан эмас бу ишинг.
Шайх деди:
— Ҳа, нега шу пайтгача ошиқ бўлмадим, деб пушаймонман.
Бошқаси деди:
— Сени дев йўлдан урибди, бадбахтлик ўқи билан қалбингни пора қилибди.
Шайхдеди:
— Тўғри айтдинг, ишқ деви бизнинг кўрага олов қўяди, айтгин, яна ҳам гуркиратсин оловини. Оҳ, қандай чиройли олов қалар у!
Бошқаси деди:
— Хабар топган ошнолар, биродарларимиз нима дейди, бундан огоҳ бўлганлар шайхи кабир гумроҳ бўлибди, демайдиларми?
Шайх деди:
— Мен ному нанг, яъни обрў-иззат талашишдан қутулдим, риё шишасини тошга уриб чил-чил қилиб синдирдим.
Бошқаси деди:
— Кел, дўстларингга қўшилгин, бу кеча Каъбага қараб йўл олайлик.
Шайх деди:
— Агар Каъба бўлмаса, дайр (насронийлар ибодатхонаси) бор-ку. Қарагин, мен ҳушёру каъбам дайрда мастдир, яъни маъшуқам насронийлар ибодатхонасида яшар ҳусни билан мағрур.
Бошқаси деди:
— Қадимий ёру дўстларинг сендан хафа, кўнгиллари ярим бўлиб, сарсон-саргардон юрибдилар, ахир.
Шайх деди:
— Тарсо қизи қандай гўзал! Кўнглим бошқа алоиқлар, ранжлардан бегона. Менинг дўстим дайрда, парда ортида.
Бошқаси деди:
— Тур, йўлга туш. Маккага бориб узрхоҳлик қил, тавба келтир.
Шайх деди:
— Бошимни ул нигорнинг остонасига қўйиб, узр сўрайман. Бошқа нарса керак эмас, мени йўлдан урма, танҳо қўй!
Бошқаси деди:
— Эй шайх, бу йўл — дўзах йўли. Огоҳ бўлмаган одам дўзахийдир.
Шайх деди:
— Майли, менга дўзах ҳамроҳ бўлсин, илло бир эмас, этти дўзах менинг оҳимдан куяр.
Бошқаси деди:
— Жаннатдан ноумид бўлма, эй шайх. Жаннатдан умидвор бўлсанг, бу ёмон ишни қилма.
Шайх деди:
— Жаннат менинг ёримнинг юзидир. Агар жаннат керак бўлса, унинг кўйи-кўчасига бораман.
Бошқаси деди:
— Эй шайх, Аллоҳдан уялгин, ҳақтаолодан инсофу адолат, ҳаё ва имон тила.
Шайх деди:
— Бу ўтни менинг вужудимга ҳақнинг ўзи солди, мен буни ўз ихтиёрим билан ўзимдан кеткизолмайман
Бошқаси деди:
— Ўзингга келиб, ҳушингни йиғ, хотиржамъ бўл, янгидан имон келтириб, мусулмон бўлгин.
Шайх деди:
— Мендек ҳайрону зордан куфрдан бошқасини сўрама, кофир бўлган одамдан имон талаб қиласанми?
Шайх Санъонга сўз таъсир қилмади. Муридларнинг қалби қонга тўлди. Улар олдинда яна қандай ҳодисалар юз бери-шини билмасдан ҳайрон эдилар. Ғайб пардаси ортида не ҳикматлар бор, қисмат кимнинг бошига нима солади — номаълум эди.
Тун ёришиб, ёруғлик султони — қуёш лашкарини тортиб чиқиб келди. Шунда хилватда ўлтирган Шайх Санъон тарсо қизи уйи томон йўл одди. Қизнинг уйига кирмоқчи бўлганди, аммо хизматкорлар уни қувиб ҳайдадилар, орқасидан итларни қўйиб юбордилар. Шайх ноилож ташқарига чиқиб турди, ташқарида нигори уйининг тупроқ йўлида ўтириб олди. Ёрим чиқармикан деб икки кўзи тўрт эди. Маъшуқаси даргохи йўлидаги тупроқни кўзига суртар, кеча-кундуз уй ёнидан кетмас, дашном-таъналарга, маломатларга чидаб, сабру трқат билан қизнинг ташқари чиқишини кутарди. Оқибатул амр, силласи қуриб, касал бўлиб қолди. Нола-фиғон ўтган-кетганларнинг бағрини эзар, одамлар атрофига тўпланиб, қизиқиш билан тамошо қилардилар, ачинардилар. Бу юқеани эшитган қиз бир кун ташқарига чиқди ва шайхни кўриб, ундан сўради:
– Агар сен чинданам ошиқ бўлсанг, бу йўлга мардонлардек киришган бўлсанг, қуйидаги тўрт ишни бажаришинг керак: биринчидан, бутга сажда қиласан, иккинчидан, Қуръонни ўтга солиб ёндирасан, учинчидан, шароб ичасан, тўртинчидан, имондан қайтасан.
Шайх деди:
– Майли шароб ичаман, қолган учтаси билан ҳеч бир ишим йўқ. Жамолинг ҳақи май ичишга розиман, ҳуснингни майга қўшиб ичарман, аммо қолган уч шартни бажара олмайман.
Қиз деди:
– Майли, тургин, май берай, ич, қонингни қизитиб, ҳушингни зойил этсин, кейин кўрамиз.
Шайхни дайри муғон — ибодатхонага олиб кирдилар. Мурилларнинг фиғони осмону фалакка кўтарилди. Шайхни бир мажлисга олиб бордилар. Қиз унда тенгсиз ҳуснини намойиш қилиб, мезбон каби меҳрибонликлар кўрсатарди. Шайх бу ҳусну жамолни мушоҳада этиб, ақлу ҳушидан бир зарра қолмади, оҳ чекиб, бир гўшада ўтирди. Шайх ўзини қизнинг ёнида кўрди: унинг лаъл лаблари, хушбўй зулфи билан ўртоқлашди, қизнинг кулгиларини кўрди, қиз қўли-дан бода олиб ичди, маҳбубаси сочларини ушлаб силади. Дин илмида юз хил китобни тўрт мазҳабда туширган эди. Қуръонни ёддан биларди. Аммо ҳаммаси бирдан ёдидан кўтарилди, бода келиб барини барбод берди. Май унинг замиридаги лавҳни ювиб, хотирадаги ёзувларни ўчириб ташлади. Ул санам қўлидан бода ичиб, шайхнинг бутун ихтиёри қўлдан кетди. Май таъсирида сархуш бўлиб, қўлини қизнинг бўйнига солмоқчи бўлди. Қиз деди:
— Эй шайх, сен маъно одами эмас экансан, ишқда мудтсао аҳли – даъвогар киши мард эмас. Муддао аҳлининг ҳақиқий ишқ билан ишлари йўқ, ошиқликни куфр устувор сақлайди. Агар ишқда қадаминг маҳкам бўлса, бу ҳалқа зулфимнинг мазҳабига кирмокчи бўлсанг, менинг фикру одатимга иқтидо қил, ўшанда мен билан ўтириб, қўлингни бўйнимга соласан. Агар иқтидо қилмас экансан, мана таёғинг ва мана ридо (тўнинг), ол-да, жўна!
Шайх Санъон энди ошиқ бўлиб қолган, ишқ домига гирифтор одам эди. Ошиқ шайх маст бўлиб, дилини қўлдан бериб, ўзи ҳам буткул беҳуш ва бехуд аҳволда эди. Май эски ва ўткир эди, шайхнинг миясига тез таъсир этди, май эски, ишқ – ёш, ошиқ эса қари эди. Аммо дилбар ошиқнинг олдида ҳозир эди, шундай бўлгач, сабр қилиб бўладими?
Шайх деди:
— Эй ой юзлигим, тоқатим қолмади, мен бедилдан яна нима истайсан, айт. Ҳушёрлигимда бутпараст бўлмаган бўлсам ҳам, бироқмастликтса бутга сиғиниб, Қуръонни ҳам ёндиришга тайёрман.
Қиз деди:
— Мана, энди менинг одамим бўлдинг, менинг мазҳабим, табъимга бўйин эгдинг. Шу пайтгача сен ишқда хом эдинг, энди пишдинг, вассалом! Бу хабар барча тарсолар орасига
тарқалди, шундай улуғ шайх тарсолар мазҳабига кирибди деб шодландилар.
Шайх Санъонни маст ҳолида ибодатхонага олиб келдилар ва белига зуннор боғладилар. Шайх ўз динидан кўнглини узди. Каъбани ҳам, шайхликни ҳам буткул эсдан чиқарди.
Шайх тарсо қизга қараб деди:
– Эй дилбар қиз, нима деган бўлсанг, қилдим, барча шартларингни бажардим, хўш, бизнинг орамизда монеълик қиладиган яна нима қолди? Ишқ туфайли май ичдим, бутга сажда қилдим. Ишқ йўлида кўрган азобларимни ҳеч ким кўрмасин. Эллик йил шайхлик қилдим, кўнглимда роз дарёси
мавж урарди. Аммо илмдаги пухталик ишқда абжадхон — алифбо сабоғидай гап экан. Ғайбнинг сиршуноси ишқ йўлида саргардону овора экан.
Қиз яна деди:
– Эй асири ишқ бўлган пир, сен жуда фақир – қашшоқсан, аммо менинг қалиним катта – кучинг етармикин? Мен кўп миқтсорда олтин ва кумуш талаб қиламан, олтининг бўлмаса, ишингнинг натижаси бўлмайди. Шунинг учун мендан умидингни уз, қуёш каби ёлғизлик йўлини танла,
мардлар каби сабр қилиб, танҳоликка чидагин.
Шайх деди:
— Эй сарв қадду сиймбарим, айтганларинг тўғри, лекин мени сендан ўзга одамим йўқ бу шаҳарда. Бу сўзларингни қўй. Сенинг ишқинг йўлида бор-будимдан ажралганман, барча ёру муридларим ҳам мендан юз ўгирганлар, менинг душманимга айланиб қолганлар. Сен билан дўзахга боришга ҳам тайёрман, аммо сенсиз биҳишт мен учун дўзахдир.*
Оқибат ул гўзалнинг шайхга раҳми келди, шайхнинг сидқу вафоси мустаҳкамлигини яна синаш мақсадида деди:
— Қалин пули ўрнига менга бир йил чўчқаларимни боқиб берасан. Бир йил ўтгач, сенинг хоҳишинг амалга ошади. Бирга умр ўтказамиз.
Каъба шайхи, пири кибор шайх Санъон чўчқабоқарлик касбини қабул қилди. Воқеан, ҳар бир одам ичида юз чўчқа бор, киши ичидаги чўчқани ўлдириши керак ё зуннор боғлаши керак. Сен бу иш фақат шайх Санъон бошига тушган деб гумондасан. Лекин бу хатар ҳар бир киши ичида бор. У ҳар замон бошини чиқариб, одам боласини безовта этади. Агар сен ўзингдаги чўчқадан огоҳ бўлмасанг, тариқат йўлига кирган солик эмассан, мени маъзур тут. Эй мард, агар тарикатга қадам қўймоқчи экансан, бу йўлдаги бутлар, чўчқалар каби минг турли балолардан қўрқма. Агар тариқат йўли шундай азобли бўлмаганда, Шайх Санъондай дин одами расво бўлиб, Рум шаҳрида ғавғо кўтармас, саргардон бўлмас эди.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.