Фарангистонлик файласуф Шарль-Луи Секонда Монтескьё обрўли оқсуяклар хонадонида дунёга келди. Унинг отаси аслида унчалик бадавлат бўлмаса-да, омади чопиб, тагли-тугли, давлатманд хонадоннинг қизига уйланганди. Монтескьёнинг онаси асли инглиз миллатига мансуб бўлиб, жуда ақлли, тақводор ва мистикага мойил аёл эди. У Шарль-Луи 7 ёшга тўлганда вафот этади.
Шарль-Луи 10 ёшидан бошлаб Жюльи шаҳридаги ибодатхонада очилган коллежда ўқий бошлайди. Монтескьё бу ерда мумтоз адабиёт, фалсафадан таҳсил олади. Ўқишни тугатгач, отаси яшайдиган Ла-Бру қалъасига қайтади ва мустақил равишда ҳуқуқ илмини ўрганишга киришади.
Шарль-Луи Секондага бефарзанд амакисидан катта мерос қолади. Шундан сўнг олим амакисининг фамилиясини қабул қилади ва уни Монтескьё деб атай бошлашади.
Унинг жаҳон ҳуқуқшунослик ва қонуншунослик илмига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. У ўзининг машҳур «Қонунлар руҳи ҳақида» номли илмий-тадқиқий асари учун манбалар йиғиш мақсадида бутун Оврўпо ва Англияни кезиб чиқади. У Англия парламентининг қарийб 12 соатга чўзилган йиғилишида қатнашиб, ҳукумат билан унга мухолифат бўлган гуруҳ ўртасидаги мунозараларнинг гувоҳи бўлади. Англия сафари Монтескьёда ҳокимиятнинг бўлиниши ҳақидаги назариянинг шаклланишига олиб келади. Монтескьё қаттиқ шамоллаб, 1755 йилнинг 10 февралида вафот этди.
Шарл-Луи Монтескьёнинг қуйидаги асарлари маълум: «Сулла ва Эвкрат», «Римликларнинг улуғворлиги ва тушкунлиги сабаблари тўғрисида мулоҳазалар» (1734 й.), «Қонунлар руҳи ҳақида», «Инсоннинг вазифалари ҳақида умумий мулоҳазалар», «Ғоялар тизими ҳақида мулоҳазалар» ва бошқалар.
* * *
Муҳтожлик қанчалик оғир бўлса, қонунлар ёрдамида давлатмандликни ҳам шундай оғир юкка айлантирмоқ жоиз.
* * *
Мустабид тузумни идора этувчи ҳукмдор бир вақтнинг ўзида қул ҳамдир.
* * *
Асрий тарихий тажрибалар шуни кўрсатадики, ҳокимиятга эга бўлган ҳар қандай одам мансабини суиистеъмол қилишга мойил бўлади ва у то мақсадига эришмагунча шу йўлдан кетаверади.
* * *
Сиёсий эркинлик хоҳлаганча иш тутиш дегани эмас. Эркинлик қонун йўл қўйган ҳар қандай ишни бажариш ҳуқуқи билан белгиланади. Агар фуқаро қонунда тақиқланган ишга қўл урса, эркинликдан маҳрум бўлади.
* * *
Оролда яшовчи одамлар қитъада истиқомат қилувчиларга нисбатан кўпроқ эркинликка мойил бўладилар.
* * *
Ҳар бир давлатда учта ҳокимият мавжуддир: қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти.
* * *
Борди-ю, суд ҳокимияти қонун чиқариш билан машғул бўлса, фуқароларнинг ҳуқуқлари топталади.
* * *
Агар суд ҳокимияти ижро ҳокимияти билан бирлашса, у ҳолда суд ҳаками ситамгарга айланишига имконият туғилади.
* * *
Агар ижро ҳокимияти қонун чиқарувчи йиғинни тарқатиш ҳуқуқига эга бўлмаса, у ҳолда қонун чиқарувчи ҳокимият ҳокими мутлаққа айланиб, қолган барча ҳокимиятларни йўқ қилади.
* * *
Қонун чиқарувчи ҳокимият ижро ҳокимиятининг фаолиятини чеклаш ҳуқуқига эга бўлмаслиги мумкин. Чунки ўз табиатига кўра чекланган нарсани яна чеклашдан не ҳожат? Бундан ташқари ижро ҳокимиятининг фаолияти тез ҳал қилиниши керак бўлган ишларга қаратилган бўлади.
* * *
Шахс ва фуқаро эркинлиги ҳамма вақт ҳам бир-бирига мос келавермайди.
* * *
Ҳар қандай улуғворлик, куч-қудрат ва ҳокимият нисбийдир.
* * *
Меъёридан ортиқ тафаккур ҳар қачон ҳам қўл келавермайди. Чунки одамлар деярли ҳамма вақт ўртамиёналикка тезроқ мослашадилар.
* * *
Диннинг қудрати унга бўлган ишонч билан белгиланса, қонуннинг кучи унга нисбатан юзага келадиган қўрқув билан белгиланади. Қадимийлик дин учун қулайлик туғдиради. Чунки эътиқоднинг даражаси унинг манбаи биздан қанчалик узоқ эканлигига боғлиқ. Бизнинг ақлимиз эътиқодимизга қарши турувчи узоқ ўтмишдаги турли қарашлар таъсиридан озоддир. Қонунлар эса аксинча: қанча янги бўлса, шунча устундир. Янги қонун, қонун чиқарувчининг унинг ижросига қаратилган алоҳида, жонли эътиборини ифодалайди.
* * *
Луизиана ёввойилари аввал дарахтни кесиб, сўнг унинг мевасини териб ейдилар. Мустабид тузумнинг моҳиятини ҳам шунга ўхшатиш мумкин.
* * *
Бургундия қироли Гундобад ўғрининг хотини ёки фарзанди унинг қилмишлари ҳақида ҳукуматга хабар қилиши шартлиги, акс ҳолда, ҳар иккиси ҳам қулликка маҳкум этилиши тўғрисида қонун чиқарди. Лекин бу қонун табиатга зид эди. Хотин ўз эрининг қораловчиси бўлиши мумкинми? Ўғил отасини қандай қилиб сотади? Қирол шу тариқа бир жиноий ҳаракатни жазолаш учун ундан ҳам оғирроқ иккинчи бир жиноятга йўл очиб берди.
* * *
Болаларда Ватанга муҳаббат уйғотишнинг энг яхши воситаси оталарнинг Ватанни севишларидир.
* * *
Муаллифлар актёрлардир.
* * *
Қонунларнинг шафқатсизлиги уларнинг бажарилишига тўсқинлик қилади.
* * *
Шундай ҳақиқатлар борки, уларга ишонч уйғотишнинг ўзи камлик қилади, уларни ҳис этишга шароит ва имкон яратмоқ керак. Ахлоққа доир ҳақиқатлар шулар жумласидандир.
* * *
Инсондаги баъзи иллатлар ўзини ўзи етарли даражада ҳурматлай олмаслигидан келиб чиқса, айрим нуқсонлар бу ҳурматнинг меъёрдан ошиши туфайли пайдо бўлади.
* * *
Инсоннинг табиати шундайки, у ўзига яхшилик қилган одамдан кўра, ўзининг яхшилигидан баҳраманд бўлган одамга кўпроқ боғланиб қолади.
* * *
Одатда фикр саёзлигини уни узайтириш воситасида қоплашга уринадилар.
* * *
Бирор одамнинг қайсарлиги мени лоқайд қолдириши мумкин. Лекин одамлардаги қўполликка бефарқ қаролмайман. Қайсар одам ўз қарашларини – демакки, шаънини ҳимоя қилади. Иккинчи тоифа одамлар эса ўзгаларнинг фикрига, яъни умумнинг шаънига тажовуз қиладилар.
* * *
Биз шунчалар сўқирмизки, қачон қайғуриш ва қачон шодланишни билмаймиз. Деярли ҳамма вақт сохта қайғу ва сохта шодликни бошимиздан кечирамиз.
* * *
Ҳаёт эзгулик қилиш учун инъом этилган. Мен эзгуликдан тўхтаган куним ҳаётимни «қайтариб бераман». Чунки сабаб тўхтаганда ҳаракат ҳам тинмоғи жоиз.
* * *
Битта одамни бахтли қилиш учун қанчалар тер тўкмоқ керак-а!
* * *
Менинг дардим шундаки, китоб ёзишга киришаман-у, у ниҳоясига етгач, ёзганларимдан уяламан.