АЪМОЛИМИЗ ЁИНКИ МУРОДИМИЗ
Маълумдурки, дунёда ҳар ким умид ва аъмол ила яшайдур. Кеча-кундуз меҳнат ва машаққат тортмоқ оянда учундур. Ҳар ким ўз ояндасини яхшиликка ҳаракат этар ва келар замонда ўз орзуси ва ҳавасиға етмоқ учун ҳеч дам олмасдан ҳол қадаринча ҳаракатдадур. Тириклик кулфати ва меҳнати асносинда ҳар ким ўз ояндаси ва истиқболиға бир нав яхши умид ила қараб ва ўзиға бир муддао қарор бериб ва ўшал муддао ва ёинки муродин ҳосил қилмоқ учун қўшиш этиб, ҳар кун чекатурган кулфатини ўшал муддаосини ҳосил қилдирмоқ учун ўзига олмай яна зиёдароқ интиладур. Ва баъзан ўшал муроду муддаосини, гўё ҳосил бўлди, деб роҳатланиб ўзиға тасалли берадур. Ва ҳеч аҳади ушбу муддаоу муродни орқасидан югурмоқдан холи эмас. Ана шул муддао ва муродларни илми ислоҳ ила аъмол дерлар.
Энди аъмолимизға диққат қилмоқ керак. Аксар халқимизни аъмоли шулки, ишласа ва фойда қилса. Шоядки, ўғил ва қизини тўй қилса ва ҳам қандай! Ўз қаториндаги одамларни қилган тўйидан зиёдароқ!
Бечора косибни аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузки 18, балки 20 соатни меҳнатға ўткаратурғон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Ана, бечорани аъмоли. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом. Яна Аҳмад порина ҳавли ва хона гирад. Тўй мусрифи учун қарз эгаларидан қочадур. Катта тўй қилиб хотун олғон бир қисм бечораларни ҳолиға йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйни азоси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто, бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронликға сабаб бўлур. Бир косибни ақду никоҳиға, тўю обрўсиға минг сўм. Бир ўртаҳол учун 2000 ё 3000 сўм. Нимбой учун тўрт-беш минг сўм керак. Бу сўмларни юздан етмиш беши ейилиб-ичилиб… кетар.
Бу сўмлар аслинда кимники эди? Бонка, фирма, фойдахўрники. Табиий, буларға пулларини бермоқ лозим, на берилур? Боғу хона ва уйи ичиндаги асбобни сотиб бермоқ керак. Бечора келин ва куёвни кўрпа ва либосиғача сотилур, қарзхоҳға берилур. Нимбойлар синар. Тириклигинда бўлмаса, ўлганда синар. Аҳлу аёли дарбадар бўлур. Ой, бу нима? Тўғриси, бир нав девоналик эмасми? Субҳоноллоҳ, қарз олиб халқға ош бермоқ ақлсизлик эмасми? Ҳамда иллати бедавосидур.
Ҳар киши бир уйланса ва сўнгра оиласидан бир ўлук кўмса, оллоҳи акбар. У хона аҳли косиб бўлса, бу дунёға ўзиға келмасдан кетар. Ҳоло, баъзи бечора ўлса, ани бой қариндошлари, обрў қилурмиз, деб сағир молини халқға эллар ила йиртиш, палов қилиб берар. Бечора сағирлар нонини бой кишилар қўлтуғига олиб кетар. «Ло такулуъ амволил ятима. Кулуъ ва ишрабу ва ло тасрафу»[1], қанда қолди?..
Эй мусулмонлар, бу ояту масъалаи шаръиға ким амал қилур? Ва муни халойиқға ким билдурар? Ҳар кун бир мусулмонни нимарсалари бозорға дини учун… сотилур. Ва ҳар кун судда нақадар ҳовли, хона, боғ сотилур. Ҳар кун нақадар векселлар «протест», нақадар дўкон, корхона ҳажз (печать) бўлур. Бу ниманинг жазоси? Тўй, маърака, Тазия, кўпкари, базм. Бир маҳаллада аҳли савод йигирмадан бир йўқ. Имони исломни далиллари ила билатурғонларни нари қўйдук. Эрта қозилар барҳам бўлса, замонча қози бўлатурғон биргина киши бутун ўн милйўн Туркистонда йўқ… Йўқ, яна йўқ.
Ҳой, ҳой, халойиқ! Бизлар девонами соғ? Албатта… Биз тўй ва маърака хаёлидан лаззат олардук. Тўю маъракамиз ила фахр қилар эдук. Тўю маъракага сарф қилинатурғон оқчани жамламоқ иа ё қўлға киргузмоқ учун ҳаракат этардук. Агарда тўй ва маъракаға қадимгидек оқча тўкмасак, ул оқчани на қилмоқ керак? Мунга жавоб берилурки, тўй ва маърака қилинсун. Аммо ҳозиргидек исроф этмасдан қилинсун. Ва мумкин қадаринча кичик қилинсун. Ва ортуқча пул ила болаларни мусулмон ва руси яхши ўқитулсун. Тўю маъракаға сарф қилинатурғон оқчани эски мадраса ва мозору масжид ҳамда мактабларни шикаст-рехтлариға сарф қилинсун. Тўй ва маърака оқчасидан болаларни ҳукумат мактабларига берилсун ва бу оқчадан талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулға ва Русия дорилфунун ва дорулсаноатлариға юборилиб диний ва дунёвий ва замоний одамлар етишдурмоқға саъй қилинсун.
Бизни Туркистонда муаллим оздурки, тўю маъракаға сарф қилинатурғон оқча ила Кафказ, Қирим, Урунбург ва Қозонға усули таълим ўрганмоқ учун бола юбормоқ керакдур. Ҳукумат мактаблариға кирмоқ учун русча билмоқ ва имтиҳон бермоқ лозим. Ва бу имтиҳонни бермоқ учун ҳар болани икки сана русча ўқутуб, тарбият этмоқ керак. Ва бул икки сана учун ҳар бир болаға 600 сўм ақча керакдур. Ақчалик оталар, албатта, тўй ва маъракага қизғонмаганларидек, болани ўқутишға ҳам қизғонмасалар керакдур. Болалар учун тарбиятхона (пансиён) очмоқ керак. Ва бу тарбиятхоналар замонча ва ҳам миллий ва диний руҳда бўлиши керакдур. Бу тарбиятхоналарни очмоқ учун ва ҳукумат мактаблариға бола тайёр қилмоқ учун нашри маориф ёинки жамияти хайрия ва ёинки тарбияти атфол жамияти ва ё ўзга исм ила, хулоса, жамиятлар керакдур. Токи бул жамият(лар) халқдан оқча жамлаб миллат болаларини ўқутиш ва миллатни ояндаси учун керак бўлатурғон қози, яъни судья, закунчи, яъни ҳуқуқшунос, инжинер, яъни муҳандис, муаллим, яъни замона мактабдори, миллатни ҳомийси ва ходими, яъни Давлат Думасиға депутат, миллий саноатхоналаримизни ислоҳ ва иҳё этгувчи, яъни техник, тижоратхона ва бонкаларда бизға ёрдам бергувчи, яъни тижорат илмини ўқуғон коммирсант, шаҳар думахоналариға ва минбаъд Туркистонда очилатурғон земства идораларинда бизни тарафдан кириб ва сайланиб, биз учун, ватани Рус учун, дин, мубаййини ислом учун, зауфо учун, фуқаро учун ишлайдурғон одамларни етушдурмоқ керакдур.
Ҳозирги мўйсафидларимиз турсун, ўрта ёшлар яқинда ўлиб кетар, замона ҳар куни янгилашур. Янги илм ва янги фикрлик ва фунуни замонияни дарбар қилган одамларни талаб қилур. Букундан бошлаб, ҳар шаҳардан ҳар сана ўн-йигирмалаб ҳукумат мактабларинда бола берилса, ўнбеш сана сўнгра ҳар шаҳарда 4—5 замона одами тайёр бўлур ва ҳукумат мансаблариға, замона доиралариға, тижорат ва саноатхоналаринда кириб, бизларға манфаат еткурар. Келар замон бошқадур. Ҳатто, ҳозирда иккимиз урушсак, яҳудий ва ажнабий закунчилариға борурмиз. Бошимиз оғриса, ажнабий дўқтуриға борурмиз. Сабаб надурки, ўзимиз ўқуб замоний одам бўлмаймиз? Ана энди биз учун тўй ва маърака ва кўпкари ўрнинда шул юқоридаги айтулғон ишлар аъмол — идеал — мурод — тилак — муддао бўлсун. Вало, мун(и)сиз биз кундан кун йўқ ва забун бўлармиз.
«Ойина» журнали, 1913 йил, 6—7-сонлар, 130—132, 154—156-бетлар.
[1] Таржимаси: «Етимнинг молини еманглар. Енглар, ичинглар, исроф қилманглар».