Омон Жорқинбоев. Портрет (ҳикоя)

Йўлдош ака бир қўлини кўча эшикнинг кесакисига тираб тархашлик қилади, кулганча «зорланади»:
— Қўйиб, юбор-э, кирмайман, даданг мени ёмон кўради.
Беш яшар ўғилчам йиғламокдан бери бўлиб унинг қўлидан тортқилайди.
— Неварам бояқишни қийнамай, қирақолинг энди, тоғаси, — дея «ёлворади» ойим.
— Оббо, тирмизак-эй, қўймадинг, қўймадинг-да. — Йўлдош ака оғзи қулоғида, ўғилчамнинг етагида келиб сўрига ўтиради. Оғзидан «гул» иси анқийди.
— Йўлдошалининг қўлига сув қуй, келин, — дейди дадам.
Қора терга тушган ўғлим ҳаллослаганча Йўлдош аканинг ёнига чиқиб ўтиради, аввал ош сузилган лаганни, кейин аччиқ-чучук солинган ликопчани у томон суриб қўяди, яна нима қилиб кўнглини овлашни ўйлайди.
— Буни қара, жиян, сувни иссиқроқ ҳам қилиб келмабсизлар, — дейди Йўлдош ака қўлини сочиққа артаётиб.
Ўғилчам қовоқларини уйиб ойисига қарайди. У кулади:
— «Бундан иссиқ бўлса, қўлингиз куяди», дегин. Йўлдош ака кулади. Ўғлимнинг юзи ёришади. Гўштни тўғраб бўлган дадам таклиф қилади:
— Қани, Йўлдошали, ошга қаранг.
— Мени маъзур кўрасиз, тоға, — дея Йўлдош ака унга одатдаги эркалигини қила бошлайди.
Дадам ҳам «ўйин»га қўшилиб, чинакам ҳайратланган бўлади:
— Нега, Йўлдошали?
— Анови… қора-қуралар нима?
— Зирк булар, майиз, Йўлдошали. Сизга ёқмаса, мен териб олақолай. — Дадам кўринган майиз ва зиркларни бармоқ учи билан туртиб-туртиб ўзи томон суради.
— Бе-э! Бир-икки чўқим олсам, яна чиқади-да.
— Сиз аввал бошланг, яна чиқса — тоғангизга тан,— дейди ойим.
— Келин шаҳарлик-да, пишиқ, — дейди Йўлдош ака.
— Нимага ундай дейсиз, ака? — деб хотиним «ўпкаланади».
Йўлдош ака «қора-қура»ларни териш билан овора бўлган дадамни кузатганча оғзидаги ошни жўрттага узоқ чайнайди, яна лаганга қўл узатиб «пўнғиллайди»:
— Яли-яли билан қўшиқни кўпайтиргандай ошингизни сабзи-пиёз билан кўпайтирибсиз-у, яна зирку зира солиб тоғамни қийнайсиз.
Ҳаммамиз куламиз.
Йўлдош ака ошни майда чайнайди, дастурхонга тўкилган гуруч доналарини битта-битта териб оғзига солади. Уни кўриб ўғлим ҳам шундай қилади.
Болаларни ўзига оҳанрабодай тортадиган одамнинг юраги, ички дунёси қандай бўлиши керак? Бу қудратни қандай ифодалаши мумкин?
— Ҳали ҳам менинг суратимни, чизяпсанми? — дейди Йўлдош ака худди дилимдан кечган фикрни уққандек.
— Ҳа, — дейман ва унинг сўз оҳангида жиддийлик сезиб, ҳазилга бураман: — Менинг сиздан бошқа кимим бор, Йўлдош ака?
У астойдил койинади:
— Бўлмаса, айтганимни қилгин-да!
Мен куламан. Йўлдош аканинг қовоғи осилади.
— Менинг суратимни чизяпти-ю… — дея у ўзига тарафкаш қидириб ҳаммага бир-бир қараб чиқади, кетмоним йўқ, янга!
— Ана холо-ос! — деб ойим ёқасини тутади. Ўғирлаб кетишибдими? Қаэрда эди?
— Янга, сиз тушунмадингиз. Суратда кетмоним йўқ, деяпман.
— Ҳаҳ! — Ойим кўкрагига туф-туфлайди. – ўтакам ёрилаёзди-я, колхозимизда ўғри пайдо бўлибдими, деб. Вой, ошга қаранглар, совиб қоляпти.
Йўлдош ака энди дадамга гап маъқуллатади:
— Тўғрими, тоға? Мана бу Беҳзодингиз ҳам мени кетмонсиз кўрмаган. Шунинг учун чизганларини ўхшатолмаяпти.
Ойим мени муросага келтирмоқчи бўлади:
— Бир чеккасига кетмонни ҳам қўшиб қўй-да, ўғлим. Карнайчидан битта пуф, деган экан машойихлар.
Ўзини зўрға тийиб ўтирган хотиним қаҳ-қаҳлаб юборади. Дадам кўзлари юмилиб, селкиллаб кулади. Ўғлим кўзлари мўлтираб Йўлдош акага қарайди, жилмаймоқчи бўлади.
— Мен ҳам сиз айтганни уқтирмоқчи бўлдим, Йўлдошали, — дея унга ҳомийликка ўтади дадам. — Каттанинг сўзини қулоғига олмаса, нима бўларди?
— Нима бўларди? — деб ойим гапни илади. — Беҳудага уриниб, бир йил топган-тутганини еб-ичиб, икки қўлини бурнига тиқи-иб шўппайганча шаҳарга тушиб боради-да.
— Ана, бу ёғи ҳам бор, — дейди Йўлдош ака ташвишланиб. — Ундан кейин, мен сенга айтсам, давлат анойи эмаски, менинг суратимни чизганинг учун пул тўласа.
Лекин мен ҳаёлимда аллақачон ўнинчи, йигирманчи… эҳтимол, юзинчи эскизни чизяпман…
— Қандай одамсиз, туринг, кузатиб чиқинг! — деб хотиним елкамга туртади.
Кўча эшик томон кетаётган Йўлдош акага кўзим тушиб, ичимда куламан: у гўё алоҳида-алоҳида чўплардан ип билан омонатгина туташтириб қўйилгану биров кўтариб олгандек — узун-узун қўллари, оёқлари шалвираганча чиқиб кетмокда.
Наҳот шу одамнинг портретини ишлай олмасам! Шошиб орқамга қайтаман, устахонага мослаштирган ойнаванд айвон томон юраман.
— Яна ўша қафасига кириб кетяпти, — деб койинади дадам.
— Отпускасидан қанча қолди? Тезроқ кета қолинглар, худо хайриларингни берсин, — дейди ойим хотинимга. — Кечаю кундуз тош бўлиб тикилиб ўтирганига юрагим торс ёрилай дейди.
Мен молберт қаршисида ўтириб портретга тикиламан. Кутилмаганда, мисдек яракдаган кенг ва дўнг пешана териси таранг, бирорта ажин йўқлиги тимни тортади. Юрагини кафтга олиб кўриб бўлганда эди! Аммо бунинг иложи йўқ. Уни фақат ақл билан идрок қилиш керак. Эшитишимча, урушда, жангларнинг бирида ўқ парчаси теккан экан. Гўзалликни кўриш учун берилган кўзларга дунёни идрок қилиш учун берилган мияга ўлим тимсоли — темир парчаси суиқасд қилган-у, «Бошинг тошдан бўлсин, ой бориб омон қайт!», деган Она тилаги олдида ожиз қолган. Назаримда, унинг ўрни ўша ботиқлик киприклари сийрак қўйкўзларга, чорпахил юзга маъно бера бошлайди. Портретда аллақандай руҳ пайдо бўлади. Юрагим ҳаприқиб, ип учини яна йўқотиб қўймасликка ҳаракат қиламан. Бироқ нина санчилгандек, кўзларимда оғриқ сезаман, кейин хотинимнинг «Бу нима ўтириш, қоп-қоронғида!», деган овозини ва включателнинг чиқ этганини эшитаман.
— Сизнинг нима ишингиз бор-а мен билан? — дея бўғилганча ўрнимдан туриб кетаман. Қуюқ қоронғилик мендан молбертни яширганида хаёлимда жонланган портретни қайта тиклаш учун кўзларимни юмаман, аммо уринишларим беҳуда кетади. Кейин Йўлдош аканинг ички дунёсини тушуниб етиш истагида бисотимдаги «оғзаки эскиз»ларга гоҳ ақл ва қалб, гоҳ қалб ва ақл кўзи билан «тикиламан». Мана, улардан бири:
«…Ҳамма Йўлдош акани, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган одам, дейди. Аслида ҳам у мудом бир қиру бир сирда: кўзлари осойишта-ўйчан, юзида, хатти-ҳаракатларида ички, руҳий бир мувозанат сезилиб туради. Ортиқча қувонганини ёки изтироб чекканини сиртига чиқармайди, кимдандир, нимадандир шикоят қилганини ҳам ҳеч ким эшитмаган. Бировга биринчи бўлиб сўз қотмайди, гўё унинг осойишталигини бузгиси, фикрини бўлгиси келмайди: дунёнинг ишини ўйлайвер, ақл тарозисига солавер, деяётгандек. Агар ўзингиз сўз очиб суҳбатга тортсангиз, шундай оҳангда гапирадики, худди у сиз билан анчадан бери гурунглашаётган эди-ю, овозини энди эшита бошлагандек бир ҳисни туясиз ва бундан беихтиёр ҳайратланасиз. Сизни ҳамиша қалбида олиб юрганини, ҳар дам юрагингизга қўл солиб турганини тушуниб етиш учун ҳайрат ҳисси халақит бераётгани хаёлингизга ҳам келмайди…»
Бирдан қулоқларим том битиб қолганини сезаман ва ўзимни дала йўлининг бошида кўраман. Юлдузлар тўла осмонга, тўғрироғи, осмонни тўлдирган юлдузларга қарайман. Мен улардан ёғилган кўкимтир со-кинликка кўмилиб турибман. Қоронғилик ўт-ўланлар ичига, дарахтларнинг қуюқ барглари орасига яширинган. Бошимни чайқаб-чайқаб, қулоқларимни тўлдирган сокинликни «чиқариб ташлайман» ва… Ер билан Осмон оралиғида лимиллаган кўкимтир сокинлик бағрида муаллақ сузиб юрган Йўлдош аканинг аввал шарпасини, кейин ўзини кўраман. У менга қараб жилмаяди ва пешанамда иссиқ нафасини сезаман…
«…Мен эсимни таниганимда у пешанамдан чўлп-чўлп ўпарди ёки у пешанамдан ўпаётганида мен эсимни танидим. Ҳар қалай, ўша дақиқадан бошлаб кўп нарсаларни хотирлайман.
Ўшанда эса мен соддат йигитнинг тиззасида ўтириб, кўкрагидаги юмалоқ-юмалоқ иккита медални шилдиратиб ўйнардим. Кейин мени ойим ўзининг ёнига олиб ўтқазди. Ҳовлига эркагу аёл гуррос-гуррос кириб келар, солдат йигит билан қучоқлашиб кўришар, кўзларидан дув ёш тўкилар, хушчақчақ кулишиб, алланималар деб елкасига қоқишар эди. Мен ярақлаган медаллардан кўз узмасдим. Кейинчалик улар оддий жез эмас, зар юритилган шонли медаллар эканини билдим; яна кейин уларнинг бири «Сталинградни мудофаа қилгани учун», иккинчиси «Берлинни олгани учун» медали эканини тушундим; яна кейин Сталинград билан Берлин орасидаги қонли, оловли масофани тасаввур қилдим.
— Йўлдош ака, уруш йилларидан, жанг хотираларидан гапириб берасизми?
Бу саволни нечанчи карра берганимни билмайман, лекин охирги марта у шундай деб жавоб берган эди:
— Отанг темирчи эмас-ку! Битта гапни ҳадеб ҳижжалайверасанми! — У менга қаттиқ тегиб қўйганини сезиб, юмшади: — Уруш — уруш-да, ука. Унга қолганда суяксиз тил ҳам тарашадай қотади…»
Йўлдош ака урушни эслашни ёқтирмайди. Нима учун? Бу саволга жавоб истаб унга қарайман. У ҳамон Ер билан Осмон оралиғида лимиллаган кўкимтир осойишталик денгизида сузиб юрибди ва менга фақат шунинг учун туғилгандек, «Мен одамзод ўзининг бўйнига ўзи сиртмоқ солишга, ўзининг юрагига ўзи найза санчишга, ўзининг пешанасига ўзи қўрғошин қадашга қодир эканини тан олишдан уяламан», деяётгандек туюлади.
«Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган одам»? Нотўғри. Лекин бу гапнинг замирида бир нима ётибди. Эҳтимол…
…Урушгача от кетидан окучник тутиб юрган фронтчи йигитни колхоз кассирлигига лозим топишади. У эса орадан бир йил ўтар-ўтмас, банкдан олиб келган ярим қоп пулни йўқотиб қўяди, саккиз йилга қамалиб кетади. Уйда уч ойлик хотини билан қари онаси қолади.
У муддатни ўтаб қайтиб келган куни — бошқа эрга тегиб кетган хотинининг уйида суннат тўйи бўлаётган экан. Икки кундан кейин она, беш йил жон ҳовучлаб урушдан ўғлини кутган, яна саккиз йил пойлаб юрак-бағри эзилган она оламдан ўтади.
Аммо, Йўлдош аканинг қадди тиклигича қолади…
Эҳтимол, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган одам, дейишлари шундандир? Лекин бу ёлғон. Назаримда, буларнинг ҳаммаси Йўлдош ака учун уруш даҳшатлари олдида арзимайдиган нарсалар.
Мен унинг ички дунёсига калит топгандекман, унинг ҳаёт мантиқи деб аталмиш қизил ипнинг учидан тутгандекман. Мен уни қўйиб юбормай, идрокнинг машаққатли йўли бўйлаб изланишда давом этишни истайман.
Яна бир «эскиз»:
«…У йигирма тўрт йилдан бери сувчи бўлиб ишлайди: Тўрт фарзанднинг отаси. Қишлоқда фақат ундагина эшак бор. Кейинги вақтда шалпангқулоқ ноёб зотлигини «тушуниб қолиб» сиполик қиляптими ёки ёлғиз ўзига эриш туюляптими, ҳар қалай, кам ҳанг-райди. Бу қишлоқдаги бир иғвогарнинг ҳазилига ҳам сабаб бўлган.
— Йўлдошали, сўфини йўлдан урманг-да, азон айтиб турсин.
— Бахайр, биродар. Юқорига юмалоқ хат ёзган экансиз, ишдан бўшатилгани ҳақида қоғоз олган. Бундан бу ёғига сўфи — ўзлари!
«Иғвонинг қурбони бўлган сўфи» ҳар куни эрталаб оёқлари ерга тегар-тегмай жилдиллаганча Йўлдош акани далага олиб бориб, кунботарда икки боғ ўтнинг остида кўриниб-кўринмай қайтариб келади.
Йўлдаги ака одатда далада ювиниб олган бўлади, ҳовлида ўтни эшакдан туширадию юз-қўлини чайиб, томорқа айланади; саҳарлаб туриб қиладиган хўжалик юмушларини чамалайди; ўғилларига ул-бул ишни тайинлаб, кўча эшикка чиқади: бир дам гузар томонга қараб туради, сўнг кўчанинг бир четига ўтиб аста йўлга тушади.
Гузарда, анҳор устида буфет бор, олтита стол қўйилган. Йўлдош ака ихтиёр қиладиган ягона кўнгилхушлик — шу ерга келиб вино ичиш.
— Кел, Йўлдош.— Буфетчи— Суяр ака ёғоч оёғини ғичирлатиб, курсида бир қўзғалиб қўяди: бу унинг дўсти истиқболига ўрнидан тургани. Улар тенгқур, иккаласи ҳам фронтчи.
— Ҳали ҳам бормисан, Суяр? — дейди Йўлдош ака одатдагидек ва биқини билан пештахтага суянади, икки дўст ўртасида қандай суҳбат бўлишини билиб, кулганларича кузатиб ўтирган таниш-билишлар билан бош ирғаб сўрашади.
— Ҳали вино кўп. Мен уни сенга қуйиб бериб, сен уни ичиб тугатмагунингча иккаламиз ҳам бормиз.
— Унақада сен билан менинг бошимиз тошдан экан.
— Ҳа, ўртоқ, завод ишлаб турибди. Ич, дунё тургунча туришимиз учун ич.
Йўлдош ака стаканни бўшатиб, тердан шўрлаб кетган кўйлагининг кўкрак чўнтагидан бир сўмлик олиб узатади.
— Жон ўртоқ, бундан кейин сўлкавой олиб юр-гин,— деб «илтижо» қилади Суяр ака. — Қоғоз пулингдан тер иси анқиб, банка қабул қилмаяпти.
— Сен уларга тушунтир. «Тер иси чиққан пул — ҳалол, меҳнат билан топилган», дегин, — деб «маслаҳат» беради Йўлдош ака. — Тушунмаса, сандиққа босиб қўйган пулингдан олиб бор, кўрсат, «Бундан куядорининг иси келади, ҳаром пул», дегин.
— Ўшандан бир сўм берай, соқолингни олдирвол.
— Гапни айлантирма, қолганини чўз!
— Яна келганингда вино қуйиб бераман.
— Майли-ю, менинг ўттиз тийиним учун дўзахга тушмагин, дейман-да.
— Нафасингни иссиқ қил, ўртоқ. Ҳали вино кўп, ўлмайман.
— Йўлдан қолдиряпсан, Суяр. Газета олиб қўйдингми?
Суяр ака унинг учун «Союзпечат» дўконидан болалар газетаси ёки журнали олиб қўйган бўлади. Йўлдош ака шу ернинг ўзидаёқ ўқишга тутинади. Ана шунда Суяр ака ўртоғига ёки ташқарида ўтирганларга: «Фалон жойда уруш бўлаётган экан, фалонча одам ўлибди» ёки «Фалон мамлакатда янги бомба ишлаб чиқарилаётганмиш» қабилида сўз қотади.
— Бойўғли! — деб пўнғиллайди Йўлдош ака ва газетани буклаб қўлтиғига қисади. — Киндиги ердан узилганлар уруш қилади. Сен ҳам бу ерда тўртта тахтадан кавак қилиб олиб сайрайверасанми?
У жўнаб қолади. Суяр ака ва атрофдагилар кулишади. Йўлдош ака нарироқ боргач, қўлтиғидан газетани олади-да, аста ўқиб кетади.
Катта жигарранг дарвоза олдида ҳар кунгидек Собир ака пойлаб ўтирган бўлади. У узоқ йиллар колхозда омборчилик қилган; гавдаси йўғон, юзлари лўппи, оёғи хасталаниб беш йилдан бери юролмай қолган, ҳар оқшом кўчага бир амаллаб чиқиб олади-да, пастак курсида салқинлаб ўтиради. Узоқдан Йўддош акани кўриши билан қўшнисининг кўча эшигига ўқтин-ўқтин қарай бошлайди. Худди шу пайт паст бўйли, хипча, кампирдаҳан, оғзи тўла тилла тиш, оқ-сариқ юзли, юм-юмалоқ бошини ҳамиша қиртишлаб юрадиган Олтинбой ака ердан чиққандек пайдо бўлади. Турган жойида аввал ўнгга, сўнг сўл томонга қарайди ва Йўлдош акани кўргач, ҳалим товуш билан: «Ана-ана, масхарабоз келяпти, масхарабоз», деганча қўшнисининг ёнига пилдирайди.
Йўлдош ака қўшнилар билан кўришиб, ўтиб кетмоқчи бўлади. Собир омборчи шошиб сўз қотади:
— Йўлдошбой, Суярнинг олдидан келяпсизми? Қалай, дурустми?
— Суярми? Мендан от ёғи сўради. Сизда йўқмиди?
— Нима қиларкан?
— Икки кундан бери ўнг оёғи оғриётганмиш.
— Ўнг оёғи-и-и.. — Собир омборчи ҳайрон бўлиб Олтинбой акага қарайди. У тескари бурилиб пиқ этиб кулади. — …протез-ку, Йўлдошбой?
— Ўша, ўша.
— Ёпирай! — Собир омборчи «Протез оёқки оғриса, ҳали ҳам меникига тўзим берсин» дегандек оёқларини силайди.
— Ўзингизники қалай?
— Меники… энди… — Собир омборчининг хаёлида ҳамон «Протез оёқки оғриса..» деган фикр туради ва нолишдан — ношукрчилик қилишдан қўрқади. — Ҳамиша бирдай, Йўлдошбой.
— Оғриқ хуруж қилганида айтинг, дори топиб бераман.
Олтинбой ака томоғига дон тиқилган хўроздек қийқиради.
— Тулки! — Собир омборчи ҳассасини кўтариб пўписа қилади: — Агар ўшанда рўпара бўлганингиз-а!-
Йўлдош ака ўзини олиб қочган бўлади.
Бу воқеа шундай:
Қишлоқда Шарвон буви деган сўққабош кампир бор эди. Раҳматли бир парча ерида кўкат, резавор етиштирар, баъзан эрмак учун бозорга ҳам элтар эди. Бир куни Йўлдош ака ҳол-аҳвол сўрамоқ учун унинг ҳовлисига кирса, ипга қалампир тизиб ўтирган экан. Ҳамияти қўзғаб, «Мана бунга гўшт олиб кенг», деб пул беради. Кампир уни алқайди, кетаётганида қўярда-қўймай бир тизим қалампир тутқазади. Йўлда, албатта, Собир омборчи «кутиб» ўтирган бўлади.
— Нима кўтариб юрибсиз, Йўлдошбой? — деб сўрайди у.
— Дори, Собир ака, дори.
— Ёпирай!
— Туни билан оёқларим зирқирайдиган бўлиб қолди.
— Энди, меҳнатга бўйин берибсизки, сувчилик қиласиз. Оёққа етти қават пайтава ўраб, мана бу савилни, — Собир омборчи ҳассаси билан Йўлдош аканинг брезент этигини ниқтаб кўрсатади, — кийганингизда ҳам зах ўтади. Нега? Таглиги резинка, чарм эмас.
— Тўғри айтасиз. Яқинда сизнинг қаторингизга қўшиламан, чоғи.
— Йўқ-йўқ! Зинҳор, Йўлдошбой! — Собир омборчи тоқатсизланганча ўрнида қўзғалиб олади. — Дард билан ҳазиллашманг, уни эскиртирманг. Дарҳол дори-дармон қилинг.
— Асло ташвишланманг, Собир ака. Мана, давосини топдим.
— Ёпирай! — Собир омборчи ишонқирамай бир қалампирга, бир Йўлдош ака қарайди.
— Ишончли одам айтди.
— Қани-қани?
— Унга ҳам биров айтган экан.
— Ишончли одам?
Йўлдош ака пинак бузмайди:
— Ишончли одам. «Ўн беш дона қалампирни доғ сувга майдалаб тўғраб, бўйнимдан пастини ўн минут буғладиму уч йил азоб берган бодни кўрмагандай бўлиб кетдим», деди.
— Буни қаранг-а! — Собир омборчи қўшнисининг кўча эшигига қараб-қараб қўяди. Зорланган оҳангда минғирлайди: — Олтинбой тушмагур нега чиқмаяпти? — Кейин гап нима ҳақда бораётгани бирдан эсига тушиб, шошиб қолади: — Қаранг-а! Заҳарни заҳар кесади, деганларидай, а! Тизимингизда… ўн бештадан кўп-ку?
Йўлдош ака унинг муддаосини дарров тушунади.
— Керакли тошнинг оғирлиги йўқ.
— Бўлмаса… менга ҳам беш-ўнта…
— Ана энди! Кўргандан — кўз ҳақи, денг.
— Савоб учун, Йўлдошбой, савоб учун!
Йўлдош ака қалампирни санаб унга узатади, қай-тариб олиб яна санайди.
— Ўн олтита бўлиб кетибди.
— Ҳа-ҳа, олинг бир донасини, — дейди Собир омборчи. — Банияти шифо бўлганидан кейин расамади билан бўлгани дуруст. — У Йўлдош ака узатган қалампирга иккала қўлини ҳовуч қилиб тутаркан, яна қўшнисининг эшигига қарайди. — Шу пайтгача Олтинбой бедарак?
Йўлдош ака унинг лаққа тушишини хаёлига ҳам келтирмайди, эртасига Олтинбой ака кула-кула гапириб берганида эса ҳанг-манг бўлиб қолади: наҳотки, умр бўйи тарозининг палласини ўйнатган, чўт қоққан одам шунчалик гўл бўлса?!
Олтинбой аканинг айтишича, ўша куни Собир омборчининг уйидагилар қаёққадир кетишган экан. Оёғини судраб юриб сув иситади, қалампирларни мясорубкадан ўтказади. Сувга тушиб, ўзини бир оз буғлайдию дод сола бошлайди. Олтинбой ака югуриб чиқса, Собир омборчи қип-яланғоч, хонанинг у бурчагидан бу бурчагига юмалармиш, яккаш: «Алининг қиличига йўлиққур, Йўлдош!», деб қарғармиш. Олтинбой ака туни билан сув ташиб, устидан қуйибди.
Собир омборчи икки кунгача кўчага чиқолмайди. Унга рўпара келишдан уялган Йўлдош ака эса тўрт кун гузар юзини кўрмайди. Бешинчи куни кўчанинг нариги бетидан пусиб ўтиб кетаётганида жигарранг дарвоза ғийқиллаб, Йўлдош ака таққа тўхтаб қолади.
— Ҳорманг, Йўлдошбой!
Йўлдош ака сал ҳаялласа, Собир омборчи югуриб келиб, айб иш устида қўлга туширишидан қўрққан каби кўчани жадал кесиб ўтиб у билан кўришади, товушида, юз-кўзларида на ғазаб ё аламни, на гинахонликни сезади, балки чеҳрасининг очиқ, боқишларининг самимийлигини кўриб, негадир узр сўрашга ботинолмайди. Кейин-кейин у ўша воқеага шама қилиб ҳазиллашадиган, Собир омборчи бундан алланечук ҳузурланадиган ва ҳатто ҳассасини кўтариб пўписа билан Йўлдош акани рағбатлантирадиган бўлиб қолади…»
Мен аввалги «эскиз»лар билан бу «эскиз» ўртасида муштараклик қидираман, аммо тополмайман. Ҳайратланаман: ахир, улар бир одам-ку? Йўқ, муштараклик бўлиши керак, шарт. Мен уни топишим, палитрамга асос қилиб олишим зарур. Уни топмагунча мўйқаламни қўлга олишга юрагим дов бермайди. Юрак шаклидаги тахтача — палитрадаги бўёқлар қоришиғи ёқмайди. Уни ҳафсала билан қириб ташлайман, юваман. Бирдан рангларнинг инсон ички дунёсини ифодалашга нақадар ожизлигини сезиб қоламан. Бунга қарши исён кўтариб, оламни остин-устун қилиб юборгим келади. Лекин кўз ўнгимда устозларим пайдо бўлади, улар қўлимдан тутиб курсига ўтказиб қўйишади. Энди ношуд шогирдни таҳқирловчи, азобловчи ҳис руҳимни эза бошлайди, бир оздан кейин ўзимни мажруҳ сезаман.
— Атайин овқат буюриб, бу нима ўтириш энди? – деганча хотиним иккинчи марта деразадан бошини суқади.
Мен унга еб юборгудек бўлиб қарайман, овозимга бутун қаҳр-заҳримни жойлаб, аммо дадам билан ойим эшитмасликлари учун шивирлаганнамо ўшқираман:
— Тинч қўясизми, йўқми? Ағдариб ташланг қозонни!
Бу ғазаб ва нафрат ношуд рассомга — ўзимга нисбатан эканини у қайдан тушунсин? Киприклари пирпираб, кўзларида ёш ғилтиллаганча қараб туради-да, бурилиб кетади. Кетидан мен ҳам аста чиқаман.
— Таомни маҳтал қилиш — гуноҳ, деганлар машойихлар, — деб ойим танбеҳ беради ва менинг тунд бўлиб, хотинимнинг тумшайиб ўтирганини кўриб, дадам билан кўз уриштириб олади, бошқа сўз қотмайди.
Бу зил-замбил жимлик чангга беланган ўғилчамнинг кириб келишига қадар давом этади. Ўғлим тирмашиб сўрига чиқади, алланималар деб вижирлаганча елкамга опичади.
— Ҳай-ҳай, туш пастга! — дея ўшқиради хотиним унинг билагидан тутиб. Мен ўғлимнинг қўли оғриганини жисман ҳис этиб, хотинимга чақчайиб қарайман-у… лекин дадам мендан олдин гапиради:
— Қўй, қизим. Дадасига эмраняпти-да.
— Кўрпачани тупроқ қилди! — деб ҳовридан тушмайди хотиним. Буни мен — «Шу қўрс меҳрни биладими!», деб тушунаман, бошимни кўтармайман.
— Кўрпача боладан азиз эмас, қизим, — дейди ойим.
— Юр, чўмилиб келамиз, — дейман мен. Ўғлим севиниб, қийқирганча сўридан пастга сакрайди.
Муздек сувдан руҳим тетиклашади. Оламни минг хил рангда кўраман ва уни холстга шунчаки, ўйнаб ўтириб кўчиришга қодирдек ҳис қиламан ўзимни. Йўлдош аканинг портретини ишлаш нима бўлибди! Ҳозир, ҳозир мўйқаламни оламану… мана бундай қилиб… Ҳозир. Ҳозир! Ўғлим иккаламиз ҳовлига бир-биримизни қувалашиб кириб келамиз, қаҳ-қаҳ уриб куламиз.
— Тавба. Кап-катта киши-я! Бу, сураткашлик ҳам одамни нашадай жинни қилиб қўяркан-да,— дейди ойим чорсини кунгиралаб ўтириб. Ўндан «сабоқ» олаётган хотиним бошини кўтармайди, менга қочириқ қилади:
– Вой, энди биляпсизми? Ўғлингиз ҳамиша шунақалар!
Мен унга эътибор бермай шаҳд билан устахонага кираман, қўлимга топ-тоза палитрани, мўйқаламни оламану молберт қаршисида қотиб қоламан: бўёқлар нақадар ожиз! Йўлдош аканинг ички дунёсини ифодалашга уларнинг қудрати етмайди. Аста курсига ўтираман, тугалланмаган портретга тикилиб, «оғзаю эскиз»ларимни яна бирма-бир хотирлашдан, улар ўртасидаги муштаракликни қидиришдан бошқа иложи қолмайди…
…Ва ниҳоят уни қалбимнинг тубида туйғулар билан илғаётганимни, аммо идрок қилолмаётганимни сезаман, бўёқларнинггина сеҳрига умид боғлаб, қўлим мўйқалам олишга журъат этаман. Ҳақиқатан ҳам фикрларим матога кўчаётгандек бўлади: портрет жонланаётгандек, юз-кўзларини маъно касб этаётгандек. Бўёқларнинг қудрати олдида фикран тиз чўкаман. Мўйқаламни тез, ишонч билан юргизаман. Қанча муг дат ишлаганимни билмайман, аммо бирдан ранглар фикрларимни ифодалашга ожизлик қилиб қолаётганини сезаман, сўнгги марта мўйқалам тегизган жойларим сохта жилоланаётганини кўраман. Мўйқалам қўйиб, ҳовлига чиқаман. Дарахт баргларининг яшиллигида, турфа гулларнинг рангида, ҳатто ернинг тусида ҳам сохталик, айни пайтда уларнинг барчасида бир хил бўёқни сезаман. Худди улар устига оч кулранг кукун ёғилиб тургандек. Осмонга қарайман ва ўзимча бир нарсани кашф этаман: эрталабки феруза жилош нур тўзони яширган. Демак, бўёқларга ҳам ўша тўзон аралашган. Лекин нима учун илгарилари буни сезмадим? Не-не кишиларнинг, ўнлаб ролларни ўйнаган машҳур артистларнинг шахс сифатидаги, такрорланмас ҳис-туйғуларга тўла ички дунёсини очиб берган эдим шекилли… Мана шу бўёқлар билан! Табиий ёруғлик бўлса бас эди. Энди эса Йўлдош аканинг ички дунёсини ифодалаш учун бўёқлар мусаффо ёруғликни, ўзининг ибтидоий рангида матога тушишни истамоқда.
Негадир худо одамни лойдан ясаб, жон киритгани ҳақидаги ривоят хаёлимга келади. «Ҳа, унга осон бўлган, — деб ўйлайман. — Мен эса унга жон киритиш учун бўёқ танлашим, нур танлашим, уларни ақл, ҳис-туйғулар тарозисида ўлчаб, уйғунлаштиришим керак». Ҳар қалай, бир сирни англаб етдим: Йўлдош дқанинг портретини олам ибтидоий рангда жилолан-ганда, осмон тиниқ пайтда, қуёшни тўзон чулғагунга қадар ишлашим керак. Ана шу пайтдагина бўёқлар унинг ички дунёсини очиб бериш сеҳрига эга бўлади.
Мен эртанги тонг умидида, энди қўрқмасдан, ақл сўзи билан «оғзаки эскиз»ларимга бирма-бир «тикила бошлайман».
«…Кунларнинг бирида Йўлдош ака гузардан қайтаётиб жигарранг дарвоза олдида тўхтаб қолади.
— Нима бўлди, Йўлдош ака? — деб сўрайди болаларини ўйнатиб юрган аёл.
— Кўчада бехавотир юришга ҳам қўймайсан, — дейди Йўлдош ака нима учун тўхтаганига ўзи ҳам ҳайрон бўлиб.
— Нега, Йўлдош ака?
— Қаэрга оёқ қўяй десам бир тирранча ўйнаб ўтирган бўлади. — Йўлдош ака тиззаларини қучоқлаб олиб, бир-бирига гал бермай чуғурлашаётган болакайларни эркалайди, энг кичигини қўлига олади. — Кимсан, десам, «Қамбар аканинг ўғлиман» дейди. — У ияги билан гўдакнинг бўйнини қитиқлайди, болакай қийқириб ўзини тортади. — Бу ҳам сеникидир ҳали?
— Бўлмаса-чи!
— Ўзи ҳам ўн бештага бориб қолган-ов?
— Ўн иккитагина, Йўлдош ака.
— Йўқ, мана бунисини қўшмаяпсан. — У яна бир болакайни қўлига олади. — Эртага ҳолва олиб келсанг, ҳаммаси дастурхон бошида тўпланади, Қамбар иккаланг сананглар. Адашманглар.
Шу пайт Собир омборчининг, «Йўлдошбой!», деган овози эшитилади.
— Собир тоғани кўрмаганингизга ҳушингиздан айрилиб турган эдингиз-у, тағин менинг болаларимга тўнкайсиз-а, — дейди жувон ўпкаланиб.
— Шуни ҳали айтмайсанми! — деб Йўддош ака қўлидаги болакайни унга тутқазади. — Ҳов, Собир ака!
— Бу ёққа киринг, гап бор!
Йўлдош ака кириб борганида Собир омборчи сўрининг тўрида ўтириб олиб думба ёғ тўғраётган, кампири ҳовлининг бир бурчида гулхан ёқиб калла-поча куйдираётган, келини ўчоқбошида куймаланиб юрган бўлади.
— Келинг, Йўлдошбой, келинг-э! — Собир омбор-чи худди отаси тирилиб келгандек севинади. — Бугун қўчқорни ағдардик. Ўзингизни учратолмадим, чақир тириб келарканман-да, деб турган эдим. Олтинбой! эс қурсин! Бугун уйида йўқ эди-ку. Келин, жигарнтс ёғда бир-икки айлантириб олакелинг, она қизим. Кампир, девордан Мадрайимни чақир, «Йўлдошбой келди», де. — Собир омборчи Йўддош акага гал бермаслик учунми, тинимсиз гапиради, ҳаяжони баралла сезилиб турибди, уни яширишга уринмайди ҳам. Йўлдош ака уни биринчи марта бундай ҳолатда кўрганидан ҳайратланиб ўтиради.
— Энди, Йўлдошбой, бир иш қиламиз. Ҳа, мен судралиб юрмайин. Ўғилгина ҳам келақолмади, ертўлага ўзингиз тушинг, бир нима бор. Келин, бу ёғини тезлатиб юборинг, она қизим.
Йўлдош ака ертўлага тушади. Собир омборчи ҳамон гапиради:
— Ўзимизнинг узумдан, қўлбола. Тўрдаги идишлардан танланг, Йўлдошбой. Келин, уч-тўрт дона памилдори ҳам берасизми, она қизим? Кампир, Мадрайим нима дейди? Ҳа майли, келиб қолар. Йўлдошбой, бедарак кетдингиз? — Йўлдош акани кўриши билан бошини чайқайди, ўрнидан туришга тараддудланади. — Ҳе аттанг, ҳе аттанг! Полизга кириб, хамак ейсизми?
Чўтга ошна бўлган ҳар қандай одам сингари ҳисобдон, тўғрисини айтганда, хасислик даражасида ҳисобдон саналган Собир омборчининг сахийлигига Йўлдош аканинг лол қолгани шунчаликки, ҳатто унинг ертўлага тушишига кўмаклашиш ҳам хаёлига келмайди. У ерда алланима гурсиллаб тушганида ҳам ўрнидан жилмайди. «Қўлтикдан олиб юборинг, Йўлдошбой!», деган овоз эшитилганидагина сергак тортиб, Собиг омборчини ўрнидан турғазади.
— Фалокат-да, фалокат. — Собир омборчи деворни пайпаслаб чироқни ёқади. — Ҳу анови уч литр банкани олинг. Ҳа, уч йиллик ўша, уч йиллик.
Йўлдош ака бир амаллаб Собир омборчини юқорига тортиб олади.
— Дард қурсин, бу дард қурсин. — Собир омборчининг овози кўз ёшидан намланиб чиқади. — Кўп арқон қоляптида бунинг дастидан.
Йўлдош ака унга раҳми келиб, негадир тўлиқиб кетади. Бир пиёла мусалласни ичиб, Собир омборчи ортиқча такаллуф билан узатган жигарни газак қилгач, ўзини тийиб туролмайди:
— Собир ака, сизнинг олдингизда гуноҳкорман. ўшанда… айтганимни қиласиз, деб сира ўйламаган эдим.
— Йўқ, Йўлдошбой, йўқ, — деб Собир омборчи унинг гапини бўладию бир муддат индамай қолади. — Мени ҳар нима қилсангиз арзийди.
— Ундай деманг, Собир ака. Мен сизни бунчалик гўл…
— Ўттиз икки йил бўлди, Йўлдошбой, — деб Собир омборчи яна унинг гапини бўлади, — ўзимга бир дард илаштирганман. Ёш ўтган сари у мени ҳалок қиляпти. Бировга ёрилолмайман. — У яна индамай қолади. — Турмушингизни, фарзандларингизни ўйлаб сал енгил тортаман. Кайфингизни чоғ кўрсам, елкамдан босиб турган юк ағдарилгандай бўлади…
Чордана қурган Йўлдош ака қўлларини тиззаларига қўйганча энкайиб, кўзларини юмиб ўтиради. Гўё кўпдан-кўп бўронларни кўрган қоя яна бир довулни бошдан кечирмоқ-да.
— Бироқ, Йўлдошбой, озмунча савдо ўтдими ёлғиз бошингиздан? Қайлиқдан ажраш, саккиз йил қамоқ, онангиз раҳматлининг оҳ-фиғони… Гапимни бўлманг, гапимни бўлманг, — дейди Собир омборчи ва фикрларини жамламоқчидек бир неча лаҳза индамай қолади. — Сиз темир сандиқни қулфламай чиқиб кетдингиз. Мадамин — илойим ер бориб хабар тортмасин, ўзингиз биласиз, бош ҳисобчи эди — менга: «Пулни олиб беринг, бир тентиратамиз», деди. Олиб бердим, қопи билан шкафга яшириб қўйди. Сиз қайтиб келдингиз-у, сандиқни очиб кўрмай қулфлаб, яна чиқиб кетдингиз. Ўша куни ярим тунда Чўлпон чўлоқ келиб, биласиз, идора қоровули эди, саҳарлаб чўлга, чорвани тафтиш қилишга кетишим кераклигини айтди. Бу гап аввал ҳам бор эди-ю, муддати аниқ эмасди. «Саҳарлаб бўлса саҳарлаб-да», дедиму чўлга жўнаб кетдим.— Собир омборчи гапдан тиниб, дардли тўлғанади. — Мадаминнинг бу қадар қабиҳлигини билмас эканман. Қор босиб, чўлда, бир ҳафта қолиб кетдим. Уйга қош қорайганда келиб, оғилхонада отни боғлаб турсам, Мадамин кирди. «Худо урди, Собиржон, — деди. — Ҳазаднинг таги зилга айланиб кетди. Энди ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолсин». Айтишича, хаёлидан кўтарилиб пул ўша шкафда қолганмиш, эртасига келиб қараса, йўқ эмиш. «Оғиз очсанг, иккаламиз балога қоламиз», деди. «Йўлдошбой жувонмарг бўлиб кетади-ку?», дедим. «У фронтчи, медаллари бор, Сталиндан раҳматнома олган, уни қамашмайди. Сен билан мен илиниб қолсак, омон қўйишмайди», деди. Ўшанда мана бу хумкалла, — Собир омборчи пешанасига мушти билан икки марта уради, — панд берган, ишламаган, мени дўзах ўтига ташлаган…
— Қўйинг, Собир ака, ўтган ишга салавот, — дея Йўлдош ака унинг гапини бўлиб, бошини кўтаради. Собир омборчи бошини кўтармай давом этади: — Ўттиз икки йилддн бери тутайман. Бир неча бор ўзингизга айтишга оғиз жуфтладим. Аммо қайси юз билан! Ўзи билиб, абжағимни чиқариб ташласа эди, деб орзу қилардим. Қалампирга ҳам тушуниб туриб ўзимни буғладим. Сизнинг айтганингизни қилиб азоб тортсам, елкамдан босиб турган юк ағдарилармикан, деб ўйладим. Яна чидамаганимдан, сизни қарғадим, хафа бўлманг, чин кўнгилдан эмас, шунчаки, этим ачишганига чидамаганимдан, холос…
— Жонингизни қийнаб нима қилардингиз? — Йўлдош ака кулишга уринади.
— Йўқ, юк оғир, жуда оғир. Ўйлаб кўрсам, ёш ҳам ўтиб қолибди. Дард ичимда кетмасин, дедим-у, мана, юзимни сидириб ташладим. Бор гап шу, Йўлдошбой.
— Ҳеч нарса эмас экан-ку!
Собир омборчи мижжалари қизариб кетган кўзларини унга тикади. Йўлдош аканинг кулимсираб турганини кўриб, ичида нимадир узилиб кетгандек, юзлари оғрикдан бужмайганча бошини эгади.
— Эркакмисиз? Сизда зарда деган нарса борми?— дейди у бўғилиб, таънали оҳангда.
— Менинг гумонларим тўғри экан.
— Нимага ўшанда айтмадингиз — деб хуноб бўлади Собир омборчи.
— Кунига чойимиз бир, нонимиз бир, ука-ука қилиб юрардиларинг. Гумонимни айтишга уялдим. Лекин судда оғизларингга тикилдим. Индамадиларинг. Ўлимга ҳукм қилишмаяпти-ку, қайтиб келиб ана шулар билан яшайман-ку, қолаверса, онам билан қайлиғим шу ерда, ўртага совуқчилик тушмасин, дедим.
— Йўлдошбой! — дея Собир омборчи оғриқни базўр енгиб бўғилади, аммо бошини кўтармайди. — Кетинг! Сиз бу дунёга янглиш келиб қолгансиз ё анча эрта келгансиз. Бу дунё Мадаминларнинг, Собирларнинг дунёси! Бу тошларга сиз посанги бўлолмайсиз.
— Йўқ, сиз мени одамликка қайтардингиз, Собир ака, — дейди Йўлдош ака уни тинглашга мажбур қиладиган самимият билан. — Қамоқдан қайтганимдан кейин ҳам узоқ вақт одамларнинг оғзига қараб юрдим. Мадамин ака оламдан ўтди. Сиз индайвермадингиз. — У бир муддат тин олади. — Наҳотки, одам боласи шунчалик ифлосликка қодир бўлса, деб ўйланиб, ўзимдан-ўзим хафа бўлиб юрардим…
— Сендан хафа бўлиб юрардим, денг, шундай денг!..
— Бари бир эмасми? Сиз ҳам одамсиз, мен ҳам. Йўқ, одам боласи қабиҳликка қодир эмас экан. Одам бўлиб туғилганингга хурсанд яшайверсанг арзиркан.
— Йўлдошбой, туринг, жўнанг, кетинг, — дейди Собир омборчи ва бошини ёстиққа қўяди. — Сиз бу дунёга янглиш келиб қолгансиз…»
Мен ҳам одам бўлиб туғилганимдан хурсанд, хиргойи қилганча мўйқаламни тез ва ишонч билан юргизаман. Бирдан палитрамга яшил — сержилва ўйноқи ва шўх рангни аралаштираётганимни сезаман. Нима учун у матога тушишни истаб қолди? Портретнинг вазмин, ўйчан руҳига путур етказмайдими? «Одам бўлиб туғилганингга хурсанд яшайверсанг арзиркан! Ўйланиб қоламан, ҳатто молбертдан подрамникни олиб, янги мато қўйиш, бўёқларга яшил рангни аралаштириб, портретни бошқатдан ишлаш фикри туғилади. Лекин шошмайман, «оғзаки эскиз»ларим орасидан «яшил»ларини қидираман ва бир донишманднинг «Ҳаётни худди кўзгу каби акс эттириш ҳали санъат эмас, санъат — ўша кўзгу ташқарисидаги ҳаёт ҳақиқатини тасвирлашдир», деган фикрини эсладим.
Шу пайт ўғлимни елкасида кўтариб Йўлдош ака кириб келади.
— Тоға, — дейди у ўғилчамни кўз-кўз қилгандек сўридан анча нарида тўхтаб, — ҳамма пошшолар болалардан бўлса, жа ажойиб бўларди-да! Одам умрини ўйнаб-кулиб ўтказарди.
— Оббо, авлиё-эй! Оббо, авлиё-эй! — Ёнбошлаб ётган дадам ўрнидан туриб ўтиради. — Топган гапитс-гизни қаранг-а!
— Рост, тоға. — Йўлдош ака ўғлимни пастга тушириб, дадамнинг ёнига ўтиради, у томон энгашиб дил-дилидан гапиради: — Анови Кратер деган кожбаҳс ҳам… — У менга юзланади: — Шундайми, Америка пошшосининг оти Кратермиди?
— Йўқ, кратер — ойдаги доғлар…
— Ановининг оти-чи?— деб сўзимни бўлади Йўлдош ака.
— «Анови»нинг оти — Картер.
— Фарқи йўқ экан-ку, бошни айлантирасан. Бу ҳам ердаги доғ-да. Ўша Кратер кожбаҳс ҳам тахтини бирорта болага бўшатиб берганида! Бола халқининг ирқию миллати йўқ, давлатининг чегараси ҳам бўлмайди. Лекин тоға, икки юз йил, уч юз йил яшардик-да…
Хаёлларим учиб кетади. Шунча кун машаққат чекиб, нур танлаб, ранг танлаб, мўйқалам учи билан яратган портретим чиппакка чикди. Йўлдош аканинг ҳозирги қиёфасини, юз-кўзларидаги маънони ифодалаш қудратига эга бўлган сўзлар, ранглар оламда йўқ. Эҳтимол, уни матога кўчириш учун эрталабки қуёш нури керакдир! «Авлиё! Авлиё!», деб хитоб қиламан ичимда ва қаэрдадир кўрган суратим эсимга тушади: ям-яшил майса ва ранг-баранг дала гулларига тиззасидан кўмилган қип-яланғоч болакай юз-кўзлари кулгидан яшнаб, икки қўлини ёзганча қуёшга талпиниб турибди. Миямга яна шундай фикр келади: Йўлдош аканинг портретини ишлашдан Одам Атонинг суратини чизиш осон. Ер, Қуёш ва қип-яланғоч Одам Ато! Эҳтимол, юзида, кўзларида оламнинг шип-шийдамлигидан ҳайратланиш ифодаси бўлар? Борингки, Момо Ҳавони кўрганида қувонсин ҳам. Унинг суратини чизиш осон! Аммо ҳозирги одамлар… Агар Одам Атони Ер бетида тасвирлаш лозим бўлса, Ерни ҳозирги одамларнинг юрагига сиғдириш керак. Унинг тебранишию ларзага келиши билан, бор қувончию ташвиши билан! Ҳа, Одам Атонинг суратини чизиш минг карра осон. У эндигина пайдо бўлган эди, бизнинг бугунги кунимизга етиб келиши учун эса миллион-миллион йилларни яшаб ўтиши, юзлаб асрларнинг юкини елкасига олиши керак. Унинг суратини чизиш осон. Аммо ҳозирги одамлар… Агар уларнинг бири Йўлдош ака бўлса… Авлиё у, авлиё!