Саҳар осмондаги тун рангини артди. Аммо қуёш ҳали кўрингани йўқ. Уни баланд тоғлар тўсиб турибди. лтлар вовиллаб, хўрозлар қичқирди. Қишлоқ уйғона бошлади. Ҳовлиларда челак, супурги ушлаган келинчаклар кўринди. Сиз ҳам уйқунгизнинг энг ширин дамларидан кечиб ташқарига чиқсангиз, ажойиб манзаранинг гувоҳи бўласиз. Келинларнинг ҳаммаси кўзни қамаштирадиган ялтироқ кўйлаклар, тафта ва парча халату лозимлар кийишган. Атласнинг минг хил тури бор дейсиз. Улар кўча супуришга эмас, миллий либослар кўригига отланишгандай. Супур-сидирдан сўнг кўчаламинг чиройи очилди, гул-дарахтлари кўринди. Қуёш ҳам тоғларортидан мўралади. Келинчаги йўқ хонадон эшиклари бугун сал кечроқ очилади. Дам олиш куни оналар бўй етган қизларини бир оз аяшади. Уйқуга тўйиб олишсин. Қуёш уфққа кўтарилганда кўчанинг энг чекка эшиги очилиб, челак кўтарган Раъно кўринди. Эгнида оқариб кетган чит халат, сап-сариқ гулли рўмолини қошигача тушириб олган. Раъно челакларидаги сувни ҳафсаласизгина сепди-да, уйига кирди. Ётоқда пишиллаб ётган эрининг ёнига чўзилди. Жаннат хола келинининг қадам товушларидан уйғонган эди. Ана, сув сепиб бўлди, ошхонага кирдими? Йўқ. Зарда билан ўмидан турди. Тарақа-туруқ билан нонушта тайёрлашга тутинди. Қудрат ака хотинининг чойнакни ушлаб туришидан кайфиятини сезди.
– Бошқалар қани? — деб сўради-ю, тилини тишлади. Бекор хотинининг оғриқ томирига тегиб кетди-да.
— Қаерда бўларди эрта саҳардан? Ширин туш кўриб ётгандир. Бошқаларнинг ҳовлиси ёғ тушса ялагудек, бизникида эса номига супурги айланади. Икки йил ўтди, ҳеч ўргана олмади, ўргана олмади-да. Бунинг устига уйқучи ҳам бўлиб қолди. Шаҳарлик келин бизга тўзмайди, деб неча марта айтгандим сизга. — Жаннат хола Қудрат акага эмас, қўни-
қўшнига гапираётгандек, бор овози билан жаврай бошлади.
– Балки…
– Э, қаёқда?! Шу пайтгача бир этак бола туғса бўларди. Бу келинингизга ишонч йўқ. Шамол турса, райҳондан олдин эгилади. – Қудрат ака хотинига сирли қараш қилди.
– Ахир ўзинг ҳам беш йил туғолмаганингни унутдингми?
– Шунинг учун-да, Худодан тилаб олган яккаю ёлғизим ўзидан кўпайсин дейман. Шаҳарликлар битта-иккитадан оширишолмайди.
– Бу ер шаҳар эмас. Худо берсин, бир орқа-олдинг тўлиб, қимирламай қол!
Жаннат хола йиғлаб юборди.
– Келинингиз мени бийситмайди. Бошқа келинлар қайнонасини ойижон деб чақиришади. У бўлса…
– Э… хотин, ойижон деса Жаннат отингга бир нарса қўшилиб қолармиди? Келинимиз шундай одобли, босиқ. Икки йил ичида “сан-ман”га бормаган бўлсанг. Ойижон деган келинларнинг баъзилари “жонъиаб жонини олади.
– Ахир бу ҳам орзу-ҳавас, дадаси.
– Ўғлинг билан келининг қўш кабутардай “ку-ку”лашиб юрибдими, шу орзу-ҳавасингга етганинг, шукр қилавер, онаси!
Умид кириб келиши билан Қудрат ака юзига ўзгача тус берди:
– Кел, ўғлим, яхши дам олдингми?
– Қани суюкли хотинчанг? Ҳалигача ухлаяптими? Кеча-си нима иш қилади унинг? – Она ҳовуридан тушмади.
– Бўлди-да, хотин, – деди Қудрат ака қатъий қилиб. Умид индамади. Онаси билан тортишиш бефойда эканига аллақачон ақли етиб қолган эди. Эри билан изма-из Раъно кўринди. Ҳаммага салом берди. Хижолатдан нима дейишини ҳам, нима қилишини ҳам билолмай кўзини ерга тикиб тураверди. Қайнона алик олмай тескари қараб олди. Қудрат ака келинини ноқулай аҳволдан чиқариш учун гапирди:
– Кел, қизим. Чойинг совиб қоляпти.
Нонушта пайтида ҳамма оғзига талқон солгандай жим ўтирди. Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, оила аъзолари ўз юмушлари билан ҳар ерга тарқалишди. Раъно бир ўзи қолди. Идиш-товоқларни йиғиштириб, ювди. Кейин ўз хонасига кириб, диванга чўкди. Ўйга толди. Икки йилдан бери шу оилада туради, аммо ҳамма нарса унга омонатга ўхшайди. Уни доимо ҳар қаёқдан ўраб турган бу бесўнақай тоғлар, салкам ярим кечасидан чиқиб оладиган жазирама қуёш, қишлоқнинг кўчаларини чангитиб у ёқдан бу ёққа юраверадиган сигир ва эшакЖар, наҳотки унинг бутун умри шулар орасида ўтса…
Раънонинг назарида, буларнинг барчаси туш… Ҳадемай уйғонади ва у ўз шаҳрига, ота-онаси бағрига қайтади. Агар Умид акасини севмаганида эди, аллақачон этагини силкиб кетган бўларди. Эрини ўртоғининг тўйида учратиб, биринчи кўришидаёқ севиб қолган эди. Аввалига онаси уларнинг турмуш қуришига қаршилик қилди. Лекин Раъно ўжарлик қилиб туриб олди. Отаси эса қизига ён босди. Жиддий, мустақил фикрли Умид унга ҳам ёқиб қолган эди.
Тўйдан кейинги пайтлар Умиднинг севгиси Раънога қанот бахш этар, бутун атроф-олам гўзал кўринарди. Лекин вақт ўтиши билан табиат гўзаллиги ҳам, соф тоғ ҳавоси ҳам, ҳаттоки эрининг севгиси ҳам одатий икир-чикирларга қоришиб кетди, унга ҳамма нарса малол кела бошлади. Бунинг устига, қайнонасининг мени ойижон десин, деган талабиям ортиқча…
Бир куни Раъно онасини жуда соғинди. Шаҳарга элтадиган йўлга маъюс қараб турганида эри орқасидан келди-да, елкасидан оҳиста қучди.
– Уйингни соғиндингми?
– Ҳа.
– Раъно, сендан бир нарсани илтимос қилсам майлими? Раъно савол назари билан эрига қаради.
– Онамни “ойижон” дегин. Раъно чуқур хўрсинди.
– Биласизми, онам менинг энг яқин дугонам, сирдошим, маслаҳатчим. Улар жуда ажойиб аёл. Мен эса, афсуски, бирор маротаба уларни “ойижон” деб атамабман.
Умид индамади. Лекин шундан сўнг хотинининг кўнгли билан қизиқмай қўйди. Боши билан ишигашўнғиди.
Раъно қайнонасига ҳеч гап қайтармаса ҳам, юмушларни беками кўст бажарса ҳам уларнинг муносабатлари совуқлашиб кетаверди.
Хаёллар оғушида ўтираркан, бирдан унинг оғзига тахир маза келди. Ўрнидан туриб, ҳовлига одимлади. Аранг экин экилган ергача етиб келиб, тиз чўкди. Сал нарида ўз юмушлари билан андармон юрган қайнона унга синчков қараб қолди.
Кечки пайт Раъно кўча супураётганда, қўшни бола Рустам унинг олдига югуриб келди.
– Раъно, бугун мазанг қочдими дейман. Томдан сени кузатиб турувдим. Рангингда ранг қолмапти.
– Ҳечқиси йўқ. Бирор нарса еб қўйгандирман-да, – жавоб қилди Раъно.
Рустам Жаннат холанинг бир девор қўшниси. 13—14 ёшларга кирган бўлса-да, кўринишидан ёш болага ўхшайди — бўйдан худо бермаган. Лекин шунга қарамай у ниҳоятда чайир, қишлоқ болалари ичида энг “обрўлиси” эди. Раънога бўлган муносабатини ўзи ҳам тушунолмасди. Нима боиганда ҳам, уни жуда ҳурмат қилар, унга қаттиқ боғланиб қолганди. Умидни эса кўргани кўзи йўқ эди. Бу кўнгилчан йигитчаниииг меҳрибончилиги Раънога хуш ёқар, кези келганда, далда бўларди. Бутун қишлоқ бўйича шу болакайгина унинг ягона дўсти деса ҳам бўларди.
– Кел, ҳовлингни супуриб бераман.
– Йўқ. Одамлар нима дейди.
– Нима деса деяверишсин. Касал бўлиб қолмагин дейман-да. Ўзинг нозиккина бўлсанг.
Раъно жилмайди.
– Жуда қизиқсан-да, Рустам.
– Майли. Фақат ўзингни эҳтиёт қил. Анави телба эринг қани? Сенга бир оз қарашса бўлмайдими?
– Бекор ундай деяпсан. Унинг иши кўп.
– Биламан ишини. Ўтган йилги қорнинг ундан кўра фойдаси кўпроқ, — шундай дея, Рустам нарироқда футбол ўйнаётган болалар томон югуриб кетди.
Раъно туни билан безовта ётди. Энди кўзи кетганди, эри туртди:
– Тур, тонг отди.
Раъно эрига норози қараб қўйди, аммо ўрнидан турди. Кўчага чиқди-ю, кулимсиради. Атроф топ-тоза супурилиб, сув сепилган эди. “Рустамнинг иши”, – дарров фаҳмлади Раъно. Уйга қайтиб кирди-да, ҳовлини супуриб, сув сепди. Бир хаёли ётоқхонасига қайтиб ётмоқчи бўлди, аммо ошхонага кириб, нонушта тайёииашга киришди.
Одатдагидай дастурхон атрофида йиғилиб, нонушта қила бошлашди. Раъно қайнонасига кўз остидан қараб қўйди. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ, ҳафсаласи пир бўлди. Чой тайёрлади нима-ю, тайёрламади нима? Бир бурда нонни эндигина оғзига яқинлаштирган эдики, кечагидай аччиқ таъм сезди. Ўрнидан тура солиб, ташқарига шошилиб чиқиб кетди.
– Келинингнинг тоби йўққа ўхшайди, – деди Қудрат ака. -Дўхтирга кўрсатиб келсанг бўларди.
– Унга ҳеч нарса бўлгани йўқ, — зарда билан жавоб берди Жаннат хола. — Ўзи шунақа бўлади.
Умид овқат ейишдан тўхтади. Нари-бери юзига фотиҳа тортиб, хотини ортидан югуриб кетди.
– Ахир шунча кутгандинг-ку буни. Хурсандчилигингни ҳам сезмаяпман. Қарагин, келининг бугун қанчалик ҳаракат қилибди. Бундоқ чеҳрангни очсанг бўлмайдими?
– Қўни-қўшнилар устимдан куляпти, — яна кўзига ёш олди Жаннат хола. – Келининг сени менсимайди, икки йилгача ойижон дегиздира олмадинг, буёғигаям уни йўриғингга юргиза олмайсан, дейишяпти.
Қудрат аканинг кулгиси қистади.
– Бутун қишлоққа жар солиш керакмасди. Ҳовлингда тиқ этган товуш қўшнингникида гулдурос бўлиб акс беради. Сен учун бу шунчалик аҳамиятли бўлса, келин билан очиқчасига гаплашиб қўя қол.
– Айтганман унга. Лекин Раъно жуда ўжар. Балки, сизнинг гапингизга қулоқ тутар, — Жаннат хола эрига илтижоли нигоҳ тикди.
– Йўғ-э… – Қудрат ака довдираб қолди. – Ҳа, майли, уриниб кўраман.
Раъно айвонда эрининг кўйлагини дазмолларди. Қайнотасининг кириб келганини кўриб, ўрнидан қўзғалди:
– Қизим, — гап бошлади у. — Ойингдан хафа бўлма, аслида у жуда меҳрибон аёл. Сени ҳам яхши кўради. Мана кўрасан, фарзандларинг туғилсин, уларни еру кўкка ишонмай ўзи катта қилиб беради.
Раъно индамади. Қудрат ака унинг кўзлари қизарганидан йиғлаганини ҳис этди:
– Балки, онангни соғингандирсан?
Раъно бу гал “ҳа” дегандек бош ирғади.
– Ўғлимга айтаман, сени шаҳарга олиб тушсин. Ота-онангнинг уйида уч-тўрт кун меҳмон бўлиб қайтасан.
Ота-бола ишга кетишди. Қайнона ҳам кийиниб, қаергадир чиқиб кетди. Раъно уйда бир ўзи қолди.
– Раъно, — девор тепасидан Рустамнинг боши кўринди. У девордан бир сапчиб тушди-да, қўйнидан бир неча шафтоли олиб Раънога узатди.
– Ол, булар сенга.
– Раҳмат.
– Энди ҳар куни сенга мевалар олиб келаман. Тузукроқ овқатланишинг керак.
– Нимага ундай деяпсан? – ажабланди Раъно.
– Чунки яқинда она бўласан.
– Қаёқдан олдинг бу гапни? Сенга ким айтди?
– Бутун қишлоқ билади-ку. Ҳамма шу ҳақда гапириб юрибди.
– Мен ўзим билмайман, улар қаёқдан била қолишибди?
– Кеча Жаннат хола бизникига чиқиб менинг онамга айтдила. Ойинг шундай хурсанд эдиларки, ҳаттоки йиғлаб ҳам юбордилар.
– Йўғ-э, – Раъно ишонқирамади.
– Ёлғон гапираётган бўлсам, тил тортмай ўлай, — қизишиб кетди Рустам. – Энди бу ёғига ўзингни эҳтиёт қил.
– Шунинг учун бугун кўчани супуриб қўйган экансан-да? — жилмайиб деди Раъно.
– Мен супурганим йўқ.
– Нега ёлғон гапирасан, ким бўлмаса?
— Фаришталар бўлса керак.
Раъно кулиб юборди.
— Албатта, агар сен — фаришта бўлсанг. Бошқа бундай қилма. Ўзим эплайман. Аммо барибир раҳмат.
— Арзимайди. Лекин сен ҳаммадан кеч чиқасан-да.
— Нима бўпти? Тонг отгунча бошқаларники қуриб бўлади, меники эса салқин бўлиб туради.
Энди Рустам хандон отиб кулиб юборди.
— Ажойибсан-да, Раъно. Ахир гап бунда эмас. Эрта саҳарда парилар уйлар тепасидан учиб ўтади. Қайси уйнинг атрофи супурилган, сув сепилган, эшиклар очиқ бўлса, ўша хонадонга қут-барака ташлаб кетади. Сендан бир нарсани сўрасам майлими?
— Майли.
— Нега қишлоқда ҳеч кимга қўшилмайсан? Ё ўзгалардан фарқинг борми?
— Албатта бор. Акс ҳолда шаҳарни ташлаб, шу худонинг назаридан четда қолган қишлоққа келармидим?
— Бу ер сенга ёқмайдими? — хафа бўлди Рустам.
— Йўқ.
— Нима, бу ердан кетасанми?
— Кетаман. Аммо сен куюнма. Албатта, бу ерларга йўлим тушса, сени йўқлаб тураман. Унгача ўзинг ҳам қанот қоқиб кетмасанг.
— Мен бу ердан ҳеч қаерга кетмайман! — мағрур деди Рустам.
Раъно кечки овқатга дастурхон тузатди-да, ҳовлига югуриб чиқди. Тоғлар орасига яширинаётган қуёшга маҳлиё бўлиб қолди. Унинг сўнгги нурлари таъсирида атроф олтин каби товланареди.
“Бунча гўзал бўлмаса, – хаёлидан ўтказди Раъно. – Шу пайтгача сезмаган эканман”.
Раъно яна аччиқ таъмни ҳис этди. Аммо нохуш ҳиссиёт тезда ўтиб, ёқимли кайфият билан алмашинди. Раъно секин қўлларини кўкси остига қўйди. “Наҳотки мен она бўлсам?” Қайнота уни чойга чақириб, ширин хаёлларини боииб юборди.
Юлдузлар билан қопланган тунги осмон ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда эди. Янги туғилган ой ётоқхонанинг очиқ деразасидан мўралаб, Раънони уйғотиб юборди. Тоғлар ортидан акс берган бойўғли қичқириғи туннинг сеҳрли сукунатини буза олмади.
Остонада Раъно кўринди. Унинг эгнида онаси совға қилган янги иссиқ халат, бошидаги зарҳал рўмоли ўзига жуда ярашган. Раъно зинапоянинг энг юқори поғонасига тиз чўкди-да, қоп-қора тоғлар томон қаради. Ой нури остида улар жуда маҳобатли ва самимий туюлди.
“Мен ва фарзандимни улар ҳар қандай бало-қазолардан асрайди”, — хаёлидан ўтказди. Шу тобда Раъно фикр-хаёлидаги бу ўзгаришдан ўзи ҳам ҳайратга тушди. “Менга нималарбўляпти ўзи?”
… Туннинг саҳарга ўрнини бўшатиб берадиган вақт ҳам келди. Ой ва юлдузлар хира тортди. Раъно ҳамон рўпарасидаги кенг тоғ томон қараб ўтирарди. Бир неча дақиқалардан сўнг унинг ортидан қуёш кўринади, ўзининг илиқ нурларини дунёга тортиқ этади. Бундан Раъно ҳам баҳраманд. Тонгги шафақ кўринди. Янги кун туғила бошлади. Раъно ўзини шу сеҳрли субҳидамнинг бир боиакчаси эканини туйди. Шу пайт у саволига жавоб топди: унда, шу кун каби, аёллик ҳисси туғилаётган эди.
Раъно ўрнидан туриб, пастга тушди. Қадамлари енгил эди. Кўча ва ҳовлини супурди, сув сепди. Кейин ошхонага кириб, нонуштага дастурхон тузатди. Бир оздан сўнг хонага қайнона кириб келди.
– Ассалому алайкум, ойижон! – Раънонинг овози титради. Беихтиёр айтди “ойижон” сўзини. Жаннат холанинг юзлари ёришиб, кўзлари пориллади, лекин дарров жавоб бермади.
– Ваалайкум ассалом, қизим. Яхши ухлаб турдингми?
– Жуда яхши, ойижон. Мен бугун саҳарни кутиб олдим.
– Сенга ёқдими?
– Албатта ёқди. Унинг шунчалар гўзал бўлишини билмаган эканман.
Ошхонага ота-бола кириб келдилар. Қайнона-келиннинг кайфияти нонуштага илиқлик берди. Суҳбат қизиди.
– Раъно, қачондан бери ҳеч қаерга бормаймиз. Юр, ша-ҳарга тушиб айланиб келамиз, – деди Умид эр-хотин ёлғиз қолгач.
– Ойижон нима деркинлар… — Раънонинг овози ўзига ёқди, мулойим, беозор.
– Боринглар, болаларим, боринглар, — деди нарироқда уларни кузатиб турган Жаннат хола. — Фақат овқатгача кечикмай қайтинглар-да. Сизларсиз дастурхон ҳувиллаб қолади.
Ёшлар чиқиб кетиши билан Жаннат хола ҳам қўлига коса тутиб, эшик томон йўналди.
– Ҳа, сен қаёққа, хотин? – Қудрат аканинг овози шаҳдам эди.
– Қўшниларникига чиқиб, биронтасиникидан қаймоқ топиб келай. Келинимиз чучварани жуда яхши кўради.
– Қаймоқнинг бунга нима дахли бор?
– Ахир келинингиз чучварани қаймоқсиз эмайди-да…