Аввал улар қишлоқдаги энг бахтли оила эдилар.
Баланд-баланд тоғларнинг бағридаги гўшада яшайдиган ёшу қари борки, яқиндагина бунёд бўлган оилага — Мансуржон ва Нозималарга ҳавас билан қарашарди.
…Мансуржон панжарани маҳкам сиқаркан, ўша саодатли онларни эслади…
* * *
Тўйдан кейин ўзини жаннатга тушиб қолгандай ҳис қиларди. Ҳаёт унга ўзининг энг яхши лаҳзаларинигина ҳадя қилиб, нохуш ҳолатларнинг барчаси уни четлаб ўтарди гўё.
Ишга “яхши бориб келинг…” деган ёқимли овоз кузатиб қолса, кўп меҳнат талаб қилмайдиган ишидан қайтганда, “яхши келдингизми?” дейилмиш юракни ёқувчи савол ва жонни талвасага солувчи табассумли чеҳра уни кутиб оларди.
Дарвозадан кира-кира, ишга кетганидан буён ўзини интизорлик билан кутиб турган хотинининг кўлларидан тутар, лабларини кулоқларига яқинлаштирганча, “соғиндим” дея шивирларди. Уйда ўтадиган ҳар бир фурсатдан бахт уфурарди. Бу кошонадаги ҳар бир лаҳза унинг учун байрам эди. Қаршисида уялинқираганча ибо билан кулиб турган нигоҳнинг фақат ўзига аталганини ҳис қилар экан, шундай такдирга рўпара қилгани учун Тангрига чексиз шукроналар айтарди. Мана шундай кунларини кўра олмай дунёдан ўтиб кетган ота-онасини эслаганда, бироз ўксиниб қўярди холос.
Ҳаммаси туман марказидаги у ишлайдиган идорага янги ходим келганидан бошланди. Фирма раҳбари Мансуржонни ўз хонасига чорлади. Борди.
— Келинг, ўтиринг, — деди директор ёнидан жой кўрсатганча мулойимлик билан, — ўтиринг, Мансуржон!
Секин бошлиқ кўрсатган жойга бориб ўтирди. Тоқатсизлик билан директорнинг оғзини пойлади. Чунки ходимларини ҳадеб ҳузурига чорлайверадиган бошлиқлар сирасига кирмайдиган Қобилжон Қулиэв не боисдан уни эслаб қолганига ҳайрон эди.
— Бизга янги кадр келганидан хабарингиз бор, — йўтала-йўтала гап бошлади Қобилжон Қулиэв — Энди-и, ука, биласиз, сиз бошқариб келаётган бўлимда икки-уч ойдан буён ишлар жуда суст кетмоқда…
Мансуржоннинг юраги “шиғғ” этди. Нохуш бир воқеанинг содир бўлишини сезиб, кўнглида тушуниб бўлмас талотум бошланди.
— Агар, ишлар шундай кетаверса, фирмамизнинг инқирозга учраши тайин. Шунга … вақтинчалик янги келган ходимимиз Жобиржон сизнинг ўрнингизга би-ир ишлаб кўрса. — Бошлиқ бир муддат керакли сўзни тополмай гапдан тўхтаб қолди. Кейин олдиндан тайёрлаб қўйган гапларини чамалаб олиб, гапида давом этди. — Йўқ, сизни ёмон ходим демоқчимасман. Ишга тушиб олишингиз қийин бўляпти-да. Агар Жобиржон ҳам ишни кўнгилдагидек олиб боролмаса, сизни ўзимиз чақириб оламиз… Агар йўқ демасангиз.
Мансуржон бошлиққа ҳеч нарса демасдан шитоб билан ташқарига жўнади. Уни қишлокдаги баъзи бир бекорчи ўртоқларидан биргина афзаллик томони ҳам марказдаги мана шу иш эди. Тошбақа юриш билан бекатга томон кетаркан, ичида ўзини “бекорхўжалар” сафига биратўла қўшиб қўя қолган бошлиқни сўкиб борарди. Автобусга ўтирганидан сўнг ўзини-ўзи пича юпатган бўлди: “Дипломим бор-ку, ишсиз қолиб кетмасман…”
Дарвозага яқинлашган заҳоти дилхираликларини тамоман унутгандай бўлди.
— Жуда соғиндим, — пичирлади ўзини интизорлик билан кутиб турган паривашга. — Жудаям… — кейин эса ёрининг ўнг кулоғини эркалаганнамо беозор тишлаб қўйди.
— Кўйинг-э, — Нозиманинг юзлари ловуллади. — Кўшнилар кўрса нима дейди…
Нонушта маҳали иккаласи ҳам жим эди. Гап ўртасида Мансуржон бугун идорасида бўлиб ўтган воқеаларни ҳам қисман айтиб ўтди:
— Мени вақтинчалик ишдан озод қилишмоқчи шекилли, — деди у аллақачон юз бериб бўлган гапни келаси замонда сўзлаб.
— Қайтага яхши-да, уйда кўпроқ бўласиз, — дилкашлик билан сўз қотди Нозима.
— Ўрганиб қолувдим-да!..
— Э-э, ташвишланманг, ўзлари чақириб олишади. Сиздай мутахассисни барибир топишолмайди.
Эртаси куни Мансуржон ўзига янги иш топиш мақсадида марказга йўл олди. Дипломини қўлтиқлаганча кирмаган эшиги қолмади ҳисоб. Ҳаммасида бир хил жавоб такрорланди: “Бизда бўш ўрин йўқ!”
Ниҳоят, шаҳарча четидаги бир идорадан умид бағишловчи гап эшитгандай бўлди:
— Бир ойдан сўнг ҳисоб бўлимимиздаги битта ўрин бўшайди. Хабарлашиб туринг!
Деярли бир ой фурсатни уйида, Нозиманинг ёнида ўтказди. Ҳамма-ҳаммаси кўнгилдагидек эди. Фақат авваллари маош оладиган вақти келганда юраги хиёл эзилди. Оила “бюджетига” фақат хотинининг ҳиссаси қўшилгани боис ўзини ноқулай ҳис қилди. Аммо бунақанги гап Нозиманинг хаёлига ҳам келмаслигини у ич-ичидан ҳис қиларди.
Орадан уч ҳафта вақт ўтгач, яна туман марказига борди.
— Бирор ҳафта кутинг-чи, — деди фирманинг бош ҳисобчиси қовоғини уйиб.
Мансуржон бир ҳафтани кун санаб-кун санаб ўтказди. Кейинги душанба келиши билан сабри чидамай шаҳарчага жўнади. Назарида, шошилмаса, ўша “ўрин”ни бошқа биров эгаллаб қўядигандек эди. Минг бир ҳадик билан яна ўша идора эшигини қоқди.
— Икки кундан кейин келинг, — тундлик қилди бош ҳисобчи — Бунча ичингиз танг бўлмаса, ҳали бир ҳафта ўтгани йўқ-ку!
Яна икки кун кутиш керак. Икки кун-а! Хотинининг ишдан келишига эрини кутган ожиза каби кўз тутиб туриш унинг жонига текканди.
Соат санаб ўтказган кунларининг беҳуда кетганлигига у шаҳарчага кейинги борганида амин бўлди.
— Бошқа одам олдик, — деди таниш “мансабдор” умуман бепарволик билан. — Ишни бошқа фирмадан қидиринг!
Шундан кейин жаҳл устида бу одамга нималар деганини эслолмайди. “Бухгалтир” унинг бир ойлик керакли вақтини лоқайдларча чиппакка чиқарганди. Яна қайтадан иш қидиришга ҳафсаласи бўлмай, қайси томонга юришини билмасдан талмовсиради. Доимо шошиладиган уйига ҳам боргиси келмасди. Борса, ҳатто Нозима ҳам унга бекорчига қарагандай нигоҳ билан боқадигандек эди. “Ҳа, Мансур! Кетдикми?” дея сўз қотган киракаш кўшниси Заҳриддин акага ўзи ҳам билмаган ҳолда бақириб ташлади:
— Бормайман ўша қишлоққа! Эшитдингизми, бормайман!
— Мансур! — ҳайратдан қотиб қолди Заҳриддин ака. — Хаёлинг жойидами, ука?!
— Жойидамас! — Мансуржоннинг тишлари ғижирлаб кетди.— Бораверинг!
Заҳриддин ака нималардир деб сўкинганча машинасини нарига ҳайдади.
Мансуржон кеч тушгунга қадар жойидан жилмади. “Энди нима қиламан?” деган савол бутун миясини чулғаб олганди. Бевафо ҳаёт унга берган жамики яхши нарсаларни бирин-кетин тортиб олаётгандек эди.
Уйига кириб борганида хотини хавотир олиб ўтирган экан.
— Ака, — деди у эрининг юзидаги ҳорғинликдан ташвишланиб. — Ишларингиз яхшими, ҳалиги ишингиз ҳал бўлдими?
— Йўқ-да! — Мансуржоннинг томоғига алланечук нарса тиқилди. — Бўлмади-и…
— Оббо, — Нозиманинг кўзларида бепарволик қалқиди. — Шунга шунчами, қуриб кетсин ўша ишлари. Куюнманг!
— Тушунмаяпсан-да, Нозима, — қўлидаги дипломига ишора қилди у, — манави энди умуман кераксиз матоҳга айланиб қолди. Бунинг ҳеч кимга кераги йўқ!
— Қайғурмасангиз-чи, — эрининг кайфиятини кўргач, ўзи ҳам йиғлагудек бўлиб Нозима, — ҳали ҳеч қанча вақт ўтгани йўқ-ку, кўрасиз, ўша ишларнинг ўзи сизни ахтариб келади!
— … бахтимизни ярим қилишди!
Нозима эрининг юзларига ҳайрат билан боқди:
— Бахт деганлари иш, пул билан бутун бўладиган бўлса… билмадим, уни ростданам бахт деб бўлармикан?
Мансуржон ялт этиб хотинига қаради. Хаёлининг икки-уч ҳафталардан бери фақат иш, пул топиш томонларга ўрлаб кетганини ўйлаб, ич-ичидан эзилди. Хотинининг тун каби қоп-қора сочларини, зим-зиё осмон бағрини ўзининг жилоси-ла ёритиб тургувчи ҳилол ойдан-да ойдин, тиниқроқ юзларини силади.
— Менинг энг катта бахтим сенсан! — шивирлади у. — Сенинг исмингдан айро айтилгувчи бошқа барча бахтларга… тупураман, ҳа, тупураман!..
* * *
— Мансур ака, — таниш овозни эшитиб ўзига келди у. — Ака, соғлигингиз жойидами?
Тепасида ҳамхонаси Турсунбой турарди.
Хонадошини кўрганидан кейингина масрур лаҳзаларни эслаб ўкраб юборганини англади.
— Бирор жойингиз оғримаяптими ишқилиб? Нима бўлди, акам?
— Ҳеч нарса, укажон, ҳеч нарса,— ҳамхонасини тинчлантирди у.— Хаёлга берилиб кетибман…
Турсунбой чукур уҳ тортди.
— Уйни ўйлаяпсизми?..
— Ҳаа… Ўзим, мана шу қўлларим билан хароб қилган бахтимни ўйлаяпман…
— Кўйинг… йиғламанг, ака, сизга ярашмайди.
— Сен… сен бемалол дамингни олавер, Турсунбой. Ухлайвер, укам!
— Сиз-чи, ҳадемай тонг отади. Ухламайсизми?
— Мен… мени қўявер, барибир ухлолмайман…
Мансуржон бу жойнинг одамларига умуман ўхшамайдиган шоирсифат ҳамхонасини жойига ётишга бир амаллаб кўндиргач, яна хаёлга берилди…
* * *
Бир ой бахт уфуриб тургувчи лаҳзалар билан яшадилар.
Ўша куни Нозима мактабдаги дарсларини эртароқ тугатиб қайтди. Уйида ёнбошлаганча телевизор томоша қилаётган эрига жилмайиб қаради-да, сумкачасини ковлаб, ичидагини унга узатди.
— Маошим. Сиз олинг.
Мансуржоннинг кулиб турган чеҳраси бирдан тундлашди. Кейин эса хотинидан секин сўради:
— Нима учун мен олишим керак?
— Ният қилувдим…— эрининг ғайриодатий авзоидан ҳадиксираганча жавоб берди Нозима,— сизга костюм-шим совға қиламан деб…
— Нима учун?!
— Нима нима учун? — тушуниксиз саволдан ҳайрон бўлди Нозима. — Шундоқ ўзим. Тўй костюмингизнинг оҳори кетинқирабди. Қайтага яхши бўлади. Алмаштириб киясиз.
— Ма, — пулни хотинига қайтариб узатди. — Костюм-шимгаям пул топилиб қолар. Бунга ўзинг учун бирор нарса оларсан.
Нозима бир пас ҳеч нарсага тушунмай турди, кейин эса пулни олди-да, жимгина нариги хонага ўтиб кетди. Шундан сўнг тонггача у ердан чиқмади.
Мансуржон эртаси куни шаҳарчага отланиб қолди. Кечаги воқеадан кейин у қандай қилиб бўлмасин бирор тайинли иш топишга қарор қилганди. У қилган ишидан туни билан пушаймон бўлиб чиқди. Бориб хотинидан кечирим сўрамоқчи ҳам бўлди. Аммо бунга ғурури йўл қўймади.
Кечаги гаплардан кейин Нозимани икки-уч кун аразлаб юради, деб ўйлаганди. Кийиниб ташқарига чиқаётганида орқа томондан одатий ва ёқимли ўша овозни эшитди.
— Ака… — орқасида туни билан йиғлаб чиққани учунми, бодом қовоқлари хиёл шишинқираган Нозима турарди. — Яхши бориб келинг… — ерга қараганча одатий сўзларини такрорлади у.
Мансуржон ортга бурилиб, хотинига тикилиб турди. Кейин эса унинг яқинига борди. Қўлларидан тутмоқчийди-ю, кечаги гаплари учун ўзини бунга ҳозир ҳақсиз сезиб тўхтади.
— Маошингни ишлатмай тур, менга костюм-шим оламиз… Ўзинг танлайсан!
Нозима ҳеч нарса демасдан эрининг бўйнидан қучоқлаб олди. Сўнгра қилган ишидан уялиб, ичкарига чопқиллаганча кириб кетди.
Шаҳарчадаги ҳаракатлари яна беҳуда кетди. Кеч тушгач, оёқ-қўллари шалвираганча уйга қайтиб келди. Тағин ўша муқимлик, яна ўша бекорчилик…
Кунлар кетидан кунлар, ҳафталар кетидан ҳафталар ўтиб борарди. Бир куни Нозима бир гап айтиб қолди:
— Мактабда ўқитувчилар етишмаяпти. Жуда бўш ўтиргингиз келмаётган бўлса, янги иш топгунингизча мактабда ишлаб туринг. — У “ноўрин гапириб кўймадиммикан” деган хавотир билан эрининг оғзини пойлади. Мансуржон бу гапни эшитиб, бир қалқиб тушганди. Катта идоранинг ҳавосини олиб ўрганган одамнинг қулоғига бу хилдаги гап, албатта, ёқинқирамасди. Тонгача у ёқдан буёққа ағдарилиб шу ҳақида ўйлади.
Эртасига мактабга бориб директор билан гаплашди. Аммо…
— Ҳозирча бунинг иложи йўқ, — деди Қосим Самарович қулоқларини уқалаб.— Сизнинг мутахассислигингиз педагогик соҳага мўлжалланмаган. Яна бир хабарлашиб кўрарсиз, унгача мен ўқитувчилар билан маслаҳатлашиб кўраман.
“Уҳҳ, — оғзини каппа-каппа очди Мансуржон,— хабарлаш, эмиш! Жонга тегди-ку, бу кутиш деганлари!”
Бу пайтга келиб, рўзғордаги ёриқлар ҳам анча катталашиб қолганди. Турмушлари кундан-кун ғариблашиб борарди. Нозима якшанба куни кечлик нонуштага мастава сузиб кирди. Одатда доимий равишда якшанба куни кечқурун палов қилинарди. Мансуржон бир косага, бир хотинига қаради.
— Нега ош қилмадинг?
— Дўконга сал кечроқ борибман, гуруч тугаб қолибди…— Айбдорларча бош эгиб жавоб қилди Нозима.
Мансуржоннинг ичидан зил кетди. У ҳаммасини сезди: Дўконда гуруч борлиги-ю, аммо уйда бунга етгулик пул қолмаганини ва хотини вазиятни унга сездирмаслик учун ёлғонлаётганини англаб етди.
— Нозима, — деди хотинига. — Сен ҳам тош эмассан-ку… Ёрилсанг-чи мундоқ! Дўконда гуруч бор экан де, уни сотиб олишга пул йўқ де! Айтсанг-чи, бир менинг ойлигим ейиш-ичишимизга ҳам етмаяпти де! Гапир… гапир, жоним!..
— Ака-а! — Гўё бақиргудек гапира кетди хотини. — Нималар деяпсиз?! Шуям гап бўлдими?! Агар уйимизда ҳар якшанба ош бўлишини хоҳласангиз… эртанги якшанбада албатта қиламан!..
— Йўқ, — Мансуржон ўрнидан турди. — Эртага қиласан! Бозорга чиқиб ҳаммоллик қилсам ҳам, эртага уйимизда ош пиширилади! Албатта қилинади!
Айтар гапларини айтиб бўлгач, шарт ўрнидан туриб ташқарига йўналди. Нозима киприклари пирпираганча эрининг ортидан қараб қолди.
Эрталаб уйғонганида, эри каллаи саҳарлаб қаэргадир кетганди. Хавотирдан ўзини қўярга жой тополмай қолди. Кеч тушиб, эри кириб келгунигача хаёлидан нималар ўтмади.
Кечқурун даричани очганида, Мансуржон бозордан шу ергача юкларини олиб келган аравакаш болага нималарнидир тушунтирарди. Бола “тушундим” дегандай бош ирғиб, турли хил озиқ-овқатларга тўла аравани ҳовлига томон тортқилади. Мансуржон мамнун қиёфа билан унинг ортидан юрди. Нозима ич-ичидан қувониб кетди. Йўқ, у аравадаги нарсаларни эмас, яқин ўртада чеҳраси бундай очилмаган эрининг айни дамда хурсанд эканлигидан шод эди. Аравакаш бола иш ҳақини олиши билан бозорга қайтиб кетди.
— Нози, — Мансуржон қувноқлик билан қийқирди. — Қозоннинг тагига ўт ёқ, ҳозироқ ошни сайратиб ташла! — У аравадан туширилган масаллиқларга ишора қилди — Мана, ўша сабилдан бир дунё опкелдим!
Уларнинг хонадонига аввалги бахт шу лаҳзадаёқ батамом қайтиб келгандек эди. Нозима ахийри юрак ютиб эридан бу нарсаларни қаэрдан олиб келганини сўради.
— Янги иш топдим, Нози, янги иш! Энди бизникида умуман йўқчилик бўлмайди! Бунақа нарсаларни хоҳласанг, уйиб ташлайман!..
Мансуржон энди ҳар куни тонг-саҳарлаб чиқиб кетиб, кеч тушганда икки-уч даста пул кўтариб келарди. Нозима аввал бошида бунга унчалик эътибор бермади. Аммо бир куни эри ўзига баҳоси оиланинг икки ойлик харажатларига бемалол етгули кундуз ёқали палто олиб келганида оғзи ланг очилиб қолди. Кечки нонушта маҳали эрига ялина бошлади:
— Ака, жо-он ака, айтинг, топган ишингиз қанақа? Яхши ишми, ҳарқалай? Айтақолинг.
— Э-э, — бепарво қўл силтади Мансуржон, — қўявер, яхши иш. Мен ёмонини танлармидим…
* * *
…Мансуржон ютоқиб тамаки тутунини тортар экан, панжара бурчагида хийла кўриниш бериб турган яримжон ойга тикилганча, ўша уйига арава тўла харидлар келтирган кунини эслади…
Бозорга боргач, нима қиларини билмасдан анча вақт ўйланиб турганди.
— Ўҳ-ҳў, — шу пайт кимдир елкасига беозор шаппатилади. — Бизнинг шайтон уя курган маконимизга ҳам қадам ранжида қиларканлар-ку!
Бу унинг мактабдош ўртоғи Ҳайитвой эди. Иккаласи яқин орада умуман кўришишмаганди, қучоқлашиб кетдилар.
— Ҳа, Мансурбек, бозорга кеп қопсан. Харидгами?
— Йў-ўқ, тирикчилик… Пулга зориқдим, жўра, шу занғардан топаманми деб келдим!
Ҳайитвой “ҳазиллашаяптими” дегандай унга тикилди. Эшитганининг чинлигига ишонгач, қийқириб юборди:
— Йўғ-э, сенми?! Қойил, қойил!
— Гапни чувалаштирма, йўлини ўргат, пул топишим керак!
— Шошма-чи, — бамайлихотир сўз қотди Ҳайитвой — аввал иқтисод, кейин сиёсат дейишган!
Бозор атрофидаги ошхоналардан бирига киришди. Ҳайитвой меҳри товланиб кетиб, анчадан буён кўрмаган ўртоғини роса меҳмон қилди. Таомланиш маҳалида Мансуржонга мосроқ иш хусусида ҳам келишиб олишди.
— Бу жуда осон иш, — дерди Ҳайитвой оғзидаги луқмани ҳузур қилиб чайнаркан, — ўзим ҳам яқиндан бери шу билан шуғулланаяпман.
— Айтаётганинг бинойи ишми, ҳартугул?
— Бинойи бўлганда қандоқ! — нашъа қилиб гапираверди ўртоғи. — Мардонов кўчасидаги Павел деган ўрис йигитдан битта сумка олиб, Самарқандлик Камол деган аптекачи болага етказиб берасан, тамом. Қарабсанки, чўнтагингга жарақ-жарақ пул кириб келаверади! Бу таклифни сени ўзимга яқин олганимдан айтаяпман. Бошқа биров бўлганида нонининг ярмини бериб қўядиган аҳмоғини топсин эди!
— Ўша сумканинг ичида… — кўнглидан кечаётган саволларни эҳтиёткорлик билан сўради у, — унинг ичида нима бўлади, ўзи?
— Сумканинг ичида… — бир муддат гапидан тўхтаб қолди Ҳайитвой — … ҳа, майли айтаман, сен ўзимизникисан-ку. Эшит: сумканинг ичида қоғозига “Маде ин Германия” деб ёзилган, ичида эса аслида ўзимизнинг кооперативда тайёрланган арзон дорилар бўлади.
— Яроқсиз дорилар деявер…
— Ээ, ҳов бола, оғзингга қара! Ишонасанми, ўша сен айтаётган “яроқсиз” дорилардан ҳам тузалиб кетганлар сон мингта! Асосийси психология! Беморларга ўша ёзувни ўқиб кўришнинг ўзи кифоя!
— Заҳарланганлар-чи?.. Заҳарланганлар қанча?!
— Қўй, — Ҳайитвойнинг энсаси қотди. — Қўйсанг-чи. Диёнатдан менга маъруза ўқима. Бу дориларни ўзимиз ўтказиб бермаганимиз билан, барибир, ўрнимизга бошқа одам топишади. Қўшилмасанг, ўзинг биласан. Мен жўрачилик маслаҳатимни айтдим. Яхшилаб ўйлаб кўр!
Мансуржон узоқ ўйланиб қолди. Ҳар қанча бу йўлга кирмасликка ўзини ундамасин, хаёлига кеча уйида бўлиб ўтган гаплар келиб фикрини чалғитаверди. Охири, бир тўхтамга келиб ўртоғининг кафтига кафт урди.
— Бўпти… қўшиламан, фақат битта илтимос бор. Хизмат ҳақининг пичасини муддатидан аввал олиб берасанми?
— Ай, Мансур, — Ҳайитвой афтини бужмайтирди. — Бу ишда муддат нима қилади! Бу сенинг фирмадаги ишингмиди? Сумкани олиб келишимиз биланоқ ўша жониворнинг икки дастаси кўлимда деявер! Гап сотмасдан турдик, бўлмаса, ҳа демай хабар бериб қолишади. Унгача мен катталар билан сен тўғрингда би-ир гаплашиб олай…
Ўша кундан бошлаб Мансуржоннинг ҳаёт китобида янги саҳифа очилди.
Даста-даста пул илинжида бу ишга ҳар икки-уч кунда кўл уриб тураркан, қийналаётган виждонига биргина гап билан таскин берарди: “Буни мен қилмасам ҳам бошқа биров қилади-ку… Фарқи пул кимнинг қўлига тушишида!..” Унинг ҳамёни кундан-кун тўлиб борарди.
— Ака, — деб қолди бир куни Нозима.— Негадир кўнглим ғаш. Менга ҳам тузукроқ айтмай келаётган ишингиздан хавотирдаман.
— Э-э, Нози, — кўл силтади Мансуржон — Бунинг ҳеч қандай хавотирли жойи йўқ. Кўнглинг алағда бўлмасин.
— Барибир-да, ҳайронман бу ишни нега мендан ҳам сир тутаяпсиз. Айтақоли-инг, қанақа иш эди у!
— Ҳа, майли, — бироз ўтиб тилга кирди Мансуржон.— Фақат эсингда бўлсин, бу гапни бошқа ҳеч ким эшитмаслиги керак!
Шундан кейин у хотинига бор гапни айтди. Азбаройи, унга бўлган муҳаббатини ҳар қандай бойликдан ҳам устун кўйгани учун шундай қилди. Гап сўнггида ўзининг ҳаракатларини оклай оладиган ягона юпанч сўзини ҳам такрорлади: “Бу ишни мен қилмаганим билан…”
Сир очилиб боргани сари Нозиманинг шаҳло кўзлари ҳам катта-катта очилиб бораверди. У эри хотиржамлик билан таъкидлаётган қилмишдан маъқуллаб бўладиган жиҳатларни ахтара кетди. Аммо ҳарчанд қидирмасин, Мансуржоннинг “Мен қилмасам ҳам…”идан тузукроқ важ топа олмади. Сўнг бирдан ҳушига қайтди-ю, ҳовлиққанча гапира кетди.
— Наҳотки… Шу нопок ишларга кўл ураётган одам сиз бўлсангиз!.. Ишонмайман, йўқ, ишонмайман!
— Ваҳима қилмасанг-чи, — кулимсиради Мансуржон, — ҳали ҳеч ким бу дорилардан зиён кўргани йўқ. Васвасангни йиғиштир!
— Ака, — Нозима эрининг бўйнига осилди. — Жо-он, ака, ўтинаман, ҳамма қатори яшайверайлик. Кўрасиз, тез орада иш ҳам топилиб қолади. Сиз… Сиз бунақа ишга қўл урмаслигингиз керак…
— Бе-э, — лаб бурди Мансуржон — буни қаранглар! Нега шу гапга ёпишиб олдинг! Биров орқамдан кузатаётган бўлмаса, шу иш туфайли турмушимиз яхшиланиб бораётган бўлса… Бўлди. Мени хафа қилмайин десанг, бундай гапни бошқа гапирма!
Нозима ноиложлик билан тилини тишлади. Унинг “бир куни инсофга келиб қолар” дея ўзини юпатишдан бошқа чораси қолмаган эди. Кунлар шу тахлит ўтиб бораверди. Бир кун ҳовли ташқарисидан аллақандай машинанинг “биб”иллаган товуши эшитилиб қолди. Юраги бир қалқиб олди-ю ташқарига шошилди. Даричани очгани заҳоти ҳайратдан оғзи ланг очилиб қолди. Дарвоза қаршисида қип-қизил “Нексия” ял-ял товланиб турар, рулда мийиғида жилмайган Мансуржон турарди!
У хотинининг карахт бўлиб қолганини кўриб, машина ойнасини туширди.
— Ҳой қиз! — қийқирди қувноқ оҳангда.— Очмайсанми дарвозани! Мошин жониворни роса интиқ қилдинг-ку!
Нозима довдираганча бориб дарвозани очди. Кейин ичкарига секингина кираётган машинага сергакланиб разм солди.
— Мана, “Нексия”ли ҳам бўлдик! — ҳайқирди Мансуржон ҳануз жилмайганча.
Шундан кейин Нозима бидирлаганча, бу уловнинг қаэрдан келиб қолганини суриштира кетди.
— Билишинг керак бўлгани шу — бу машина энди бизники!
У хотинининг қолган саволларига мужмалроқ жавоб берди. Кўзларини юмиб, бошини осмонга тутди. Чуқур-чуқур нафас одди. Назарида, бахт қуши шундоққина елкасига кўниб турарди.
Нозима эрининг қилаётган ишларидан қанчалик норози бўлмасин, ишга кетиши олдидан, келганидан сўнг доимий ширин сўзларини канда қилмасди. Бироқ кўзларидан илгариги самимийлик йўқолиб бораётганини ўзи ҳам сезмасди.
Мансуржоннинг ўртоғи билан бошлаган иши кун сайин “гуллаб-яшнаб” борарди. Бир куни у ўзлари бирор марта ҳам очиб кўришга мушарраф бўлмаган дориларни кўрмоқчи бўлди.
— Калланг жойидами сен болани! — бақириб юборди Ҳайитвой. — Ҳо-ов, галварс, сумканинг ичида муҳр бор, йиртилиб кетса, балога қоламиз!
— Ҳайронман, — Мансуржоннинг пешонаси тиришди.— Шу алдам-жулдам дориларни шунчага пуллашса-я! Сиртига тилла суви юритилмагандур!
— Анқов-а, бу ерда сотишаётган нархлари ҳолва. Касалхоналарда бу дориларнинг қанчага кетишини биласанми, бир ҳафтага йигирма миллионнинг остига бориб қўяров!..
Уйида хотини негадир, жуда танг бўлиб кутиб турган экан.
— Бугун уйимизга ким келди, биласизми, йўқ, барибир тополмайсиз! Иш бошқарувчиларингиз келди!
Мансуржон хотини ҳовлиқа-ҳовлиқа айтган хушхабарни бепарволик билан эшитди.
— Хўш, нима учун экан?
— Нега бўларди,— Нозиманинг кўзлари шодлиқдан чақнаб кетди.— Сизни яна ишга қайтариш учун! Ойлигингизни ҳам оширишармиш! Бўлди. Ниҳоят, ҳалиги ишингиздан энди воз кечсангиз ҳам бўлади!
— Ҳечам-да, бошида бўшатишдими, энди ўша ишларини пишириб ейишсин! Бу ёқда бир кунда топадиган пулни деб, бир ой марказга қатнайдиган аҳмоқ йўқ!
Нозиманинг тарвузи қўлтиғидан тушди…
Мансуржоннинг ишлари кўнгилдагидек, силлиқ кетарди.
Унча катта бўлмаган сумкани машинаси билан керакли жойга элтарди-ю, шу оннинг ўзидаёқ икки-уч даста пулни “қуртдай” санаб оларди. Кейинги пайтларда кўнглига тугиб қўйган мақсади, айниқса кишининг ғашини келтирар даражада эди: бозордан сотиб олган каттагина сандиқни пул билан тўлдириш! Устига ҳар куни янги-янги пуллар келиб тушавергани учун сандиқ ичидаги пулларъсатҳи ҳам анчагина кўтарилиб қолганди. Лекин пуллар тахлами сандиқ қопқоғига яқинлашавергани сари ўзи хотинидан сезилмас ҳолда узоқлашиб борарди. Бунга унинг ўзидан ҳам кўра Нозима кўпроқ қайғурарди.
Мансуржон бу “иш”га ўтганига энди уч ойча бўлгани билан маҳалланинг энг бой одамига айланиб улгурган эди. Ҳатто қишлоқдошлари уни ўзаро “Мансур бойвачча” деб атай ҳам бошлашганди. Бойлик орттиришга бутун фикру хаёли билан киришиб кетган бўлишига қарамай, унинг хотинига муомаласи ҳам, муҳаббати ҳам аввалгига караганда заррача ўзгармаганди. Ахир, тўйларига ҳали бир йил ҳам тўлиб улгурмаганди-да!
— Ака-а, энди тўхтатсангиз ҳам бўлар-а, йиққан пулларингиз юзга кирганимизда ҳам адо бўлмаса керак!
— Йўқ, — Мансуржон хотинига кулимсираб қаради.— Ҳали озгина вақт бор.
— Ўша сиз айтаётган вақт қачон келади, ахи-ир. Нима қиласиз бу-унча пулни, тўхтата қолинг энди!
Нозиманинг ялиниши жавобсиз қолди.
Мансуржон “сумка”лар сонини иккитага оширди! Машинасида аллақандай қўшиқни хиргойи қилганча кетар, шоҳона турмушга йўғрилган келажагини ўйлаб борарди. Ўзи уй кинотеатрида севимли филмларидан бирини томоша қилиб ўтирибди. Атрофида фарзандлари чуғурлашаяпти. Нозима эса боёнларникидагина бўладиган қимматбаҳо мебелга ўтирганча болаларига отасига халал бермаслигини уқтиряпти… Ўйлагани сари қалби қувончга тўларди. Аммо бозорда…
Машинадан тушиши билан икки новча йигит келиб икки қўлтиғидан ушлади. Булар Ҳайитвой ва унинг мунтазам шериги Мансуржоннинг кунба-кун қилаётган жиноятларидан хабар топиб, анчадан бери уларни пинҳона таъқиб қилиб юрган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари эди. Фуқаролик кийимидаги бошқа бир баҳайбат жуссали киши қўлини қулоғига танғиганча ўзини таништирди ва ён чўнтагидан гувоҳномасини олиб кўрсатди. Мансуржон ҳеч нарсани эшитмади. Аниқроғи, бир зумда бўлиб ўтаётган остин-устин воқеалар уни гангитиб кўйганди. Ҳалиги киши қотиб қолганидан ҳатто мижжаларини ҳам қоқмаётган бу ғалати одамга пича қараб турди-да, охири овозини баландлатмаса бўлмаслигини англади.
— Сиздан сўраяпман, сумкаларнинг ичида нима бор?!
— Кийимларим…— дея олди Мансуржон бироз ўзига келганидан сўнг зўрға тили калимага келиб.
Орган вакили шубҳаланувчининг сўзларига парво ҳам қилмасдан шерикларига буюрди:
— Тинтиб кўринг!
Мансуржон дорилар солинган сумкаларини аёвсиз тинтишаётганида бошқалар қатори томоша қилиб турмоқдан бўлагига ярамади. Дори олиб келаяпман деб ўйлагани — сумканинг ичидан чиқаётган нарсаларни кўриб унинг ўзи ҳам донг қотиб қолганди. Ҳозиргина аллақаэрдан топиб, ушлаб келинган Ҳайитвой ҳам сумкаларга ва уларнинг ичидан чиқаётган нарсаларга анграйганча тикилиб турарди. Юзасига турли хил дорилар солинган бу сумкаларнинг остки қисмидан яхшилаб ўраб чиқилган мумсимон қоп-қора нарсалар ерга думалаб тушди. Булар оддий тил билан айтганда, қора дори эди… Мансуржон кўзлари тиниб жойига ўтириб қолди.
Қонун ҳимоячиларининг жиноятчилар учун мўлжалланган панжарали машинасига назоратчилар ҳамроҳлигида минишар экан, Ҳайитвойнинг дўстига айтган сўнгги гаплари шу бўлди:
— Сумкаларнинг ичида нима борлигини менам билмасдим! Худо урсин, билмасдим!..
* * *
Барча қилган жиноятлари учун Мансуржонга ўн олти йил беришди! У ҳалидан бери кўллари билан сиқиб олган панжарага бошини қўйди. “Ўн олти йил-а!.. Унгача энди туғилажак фарзандим вояга етади! У… сенинг отанг жиноятчи деган иснодни мурғак елкаларида кўтариб улғаяди! У… уйларида шоҳона мебеллари, уй кинотеатри бўлган болаларга эмас, отаси борларга ҳавас қилиб катта бўлади!” Шу дамда унинг хаёлига беихтиёр суюклиги Нозима келди. “Эҳ менинг соддагинам-а, эҳ менинг беозоргина жоним-а! Сени бахтиқаро қилдим! Гулдай бахтингни, бахтимизни ерга кўмдим!” Қўллари билан гуноҳкор бошини сиқди. Олд томони панжара билан қопланган “кошона”сининг қоронғуда ҳам хиёл сарғиш бўлиб кўриниб турган деворларига бир-бир қараб чиқди. Ҳаётининг энг қайноқ даврлари мана шу қафаснамо жойда ўтиб кетиши эсига тушиб, юрак-бағри эзилиб кетди. Бу пайтда асрларга тенг соатлар пинжидан суриниб тонг отиб келар эди. Қамоқхона нозири аристонларни ўзининг одатий сўзлари билан сийлаганча бир-бир уйғота бошлади.
— Тур! Турларинг ҳамманг! Тепиб уйғотиш керакми?!
Бу пайтда тунги безовталикдан сўнг бирозгина мизғиган Турсунбой ҳам кўзларини ишқалаганча ўрнидан туриб келганди. У туни билан мижжа қоқмай чиққан ҳамхонасини кўрди-ю, ғужмайиб, куюнчаклик билан:
— Мансур ака, чинданам ухламай чиқдингизми, дейман? — дея сўзланди.
— Уйқу қаёқда…
Барча маҳбуслар қатори қамоқхонанинг ҳовлисига чиқаётганларида нозир баланд овоз билан чақириб қолди:
— Уч юз қирқ олтинчи, учрашувга! Ҳов, уч юз қирқ олтинчи, сенга айтяпман! Кармисан!
Мансуржоннинг юраги жиғиллаб кетди. “Нозима… — хўрсинди у,— яна келди…” Ҳар ҳафтада икки-уч марта шу аҳвол. “Бошқа келма” дейишига қарамай, у келаверади. Тўсиқ ортида ростдан ҳам Нозима турарди.
— Нега келдинг, кун оша… шартми шу?..
— Нега келмас эканман?.. — ёшли кўзларини эрига тикди у. — Бегонанинг ёнига келганим йўқ-ку!..
Мансуржон эгнидаги кийимларидан мулзам бўлиб кўзларини олиб қочди.
— Барибир-да… Ўзингни ўйлашинг керак! Бошқа келма!
— Келаман, келавераман! Жонингизга тегиб кетсам ҳам майли, келавераман!
— Бўлди-да энди!— Мансуржон асабийлашди.— Ҳадеб шу гапни такрорлайверасанми! Айтяпман-ку, ўзингниям ўйла. Ҳали… фурсат бор!..
— Кўйинг шунақа гапни. Мен… мен кутаман! Ўн олти йил бўлмаса, юз йил бўлмайдими, умрим тугагунигача кутаман, кутовраман!
Мансуржон титроқ қўлларини юзига босди. Бутун вужудини ана шу титроқ тутиб борарди.
— Бўлди, бошқа гапирма!— дея олди фақат.
Нозима шитоб билан ўрнидан турди.
— Майли, умуман гапирмайман. Аммо барибир келаман. Ўзингизни кўриб турсам бас! Гапириш учун эмас, ўзингизни кўриб кетиш учун, кўнглимга таскин олиш учун келаман, келавераман!!! — Айни юрагидан отилиб келаётган сўзларни шартта-шартта ташқарига чиқарди-да, йиғлаётганини сездирмаслик учун рўмолини юзига тутганча ташқарига жўнади.
Мансуржон хотинининг ортидан то чиқиб кетгунигача қараб қолди. Кўзларига ёш қуйилганча ўзига лаънатлар ўқиди. Сўнгра жамики азобли хаёлларининг кучоғига суқилиб олиб, бор овозида уввос тортди. Елкалари силкиниб-силкиниб йиғлайверди.
Ахир, аввал улар қишлоқдаги энг бахтли оила эдилар…