1494 йил қаҳратон қиши Фарғона мулкида қалин қорлари, қаттиқ совуқларию, аччиқ изғиринлари билан одамлар ёдида кўп йиллар қоладиган бўлиб ўтиб борарди.
Тонг отган ҳамоно Умар Шайх Мирзо сарой кутволи* Муҳаммад Қавчинни ёнларига олиб, бутун ҳисор ичкарисини айланиб чиқдилар… Эшик оғага муҳим ва керакли вазифаларни топширган ҳукмдор, унга ўз юмушларини бажариш учун изн берди-да, қалъанинг энг четига жойлашган отхона томон йўл олди…
Шоҳрухия ва Ўратепа орасида Султон Аҳмад Мирзо билан бўлиб ўтган сўнгги жангдаги мағлубият алами руҳи – кайфиятини анча тушириб юборгани кечагидай Умар Шайх Мирзонинг ёдида… Омад юз ўгирдими, сипоҳу навкарлар орасида жанговарлик руҳи етишмадими, не бўлганда ҳам ўша мағлубият рўй берди, ўн йилдан ўтибдики, уни ҳали-ҳануз таҳлил қилиб, гоҳо-гоҳо кўнгил ойнасидан ўтказиб туради… Хотира ёзув эмас эканки, ўчириб қутулсанг! Ҳукмдор ҳаётида аламли, изтиробли дамлар эди ўшанда. Синган кўнглини тунги базмлардаги чоғир ва маъжунлар тугул, ҳарамдаги гўзал маликалар ҳам ололмай қолганди…
Салтанатни шуур ва шамшир остида бирлаштириш, бошқариш аввало хон атрофидаги кишилар аҳду садоқатига ва сипоҳу навкарларнинг жанговар руҳиятига бевосита боғлиқлигини, бунга эришмоқнинг бирдан бир йўли ҳар қандай вазиятда кишилар орасида бўлиш эканлигини янада чуқурроқ англаб, бу жабҳада шахсан ўзи масъул бўлган томонларни ўйлаб борар, оёғи остидаги қорнинг мусаффо тонг ҳавосида таратаётган вазмин ғарчиллашлари ҳам қулоқларига кирмасди…
Умар Шайх Мирзога кўзи тушган Ҳасан мирохур* дарҳол қўл қовуштириб, таъзим бажо келтирди. Чорпо оғасининг каллаи саҳарлаб ўз хизмат жойида эканини кўрган подшо сувсар телпагига инган қорни қоқиб, отхона айвонига ўтаркан:
– Мир Ҳасан! Кеча уйингга кетдингму ё отлар бирла қолдингму? – деди мийиғида кулиб.
Ҳукмдорнинг кайфияти андак баланд эканлигини сезган мирохур:
– Аълоҳазрат! Қишнинг баланд авзойи кўриниб турибдур… Қор тўхтай демайдур, совуқ ҳам аламжон тутқон… Шундай ҳавода бир кеча, икки кеча жониворлар ёнида бўлиб турмасак бизларга мирохурлик чикора.., – деди масъулият ҳисси билан.
Унинг жавобидан, бу ерда бажарилаётган батартиб ишлардан, саранжом-саришталикдан мамнун бўлган Умар Шайх Мирзо узун шоти қўйиб, баланд ғарамдан эпчиллик билан беда тушираётган ахтачиларга кўз қирини ташлаб қўйди-да, фақат ўзигагина хизмат қилувчи отлар сақланадиган махсус бўлмага ўтиб борди… Ичкаридан қуритилган пичаннинг киши кўнглини яйратувчи хуш ҳиди димоққа урилди.
Қаторнинг бошида турган Қорабайир ўз эгасини таниб, “Курт-курт” қилиб, суйиб чайнаётган бедасини ҳам ташлаб, охурдан бир силтаб бошини кўтарди-да, қалин ёлларини силкитганча кишнаб юборди…
Ҳукмдор жилмайганча отнинг текис пешонасидаги оппоқ холини меҳр билан силаб қўйди… (Ахир у, олампаноҳнинг жанговар дўсти-ку! Оддий от эмас, жанг кўрган от! Тўғри, бир ғалаба нашидасини, бир мағлубият аламини бирга тотишган…) Кейин бир оз нарида тавозеъ билан турган Ҳасан мирохурга ички қониқиш билан юзланиб:
– Эртагалик шикорга қай бирини тавсия қиласен, Мир, – деганди, у бир зум сукут сақлаб деди:
– Менга қолса, аълоҳазрат, Дўнонни миниб, захирасига Қора булутни олғанингиз маъқулмикин…
– Нечун?
– Нега десангиз, аълоҳазрат, бу асовларда чопмаганингизга ҳам анча бўлибдур. Отлар юракдагиларини айта олмасалар-да, бироқ, сизнинг хизматингизни бажаришни жуда-жуда орзулашган. Аввало, сиз нима десангиз шу, қолаверса, подшоҳим, еттов отингиз ҳам тавсан отлар! Бири-биридан учқур!..
Ҳасан мирохур: “Ахир, қанча суюкли бўлмасин, бир хотинингиз билан доим бирга бўлишлик адолатдан эмас-ку”, демоқчи бўлганди, тилига чиқаришга юраги бетламай, шунчаки жилмайиб қўя қолди.
* * *
Бугун тонг саҳардан Бобуржон ҳам ўз ўрнида эмас. Деразадан қорнинг кўплигини кўриб қувониб кетганидан апил-тапил бет-қўлларини ювди-да, ҳеч кимга сездирмай ташқарига отилди.
Кичик тошҳовуз бўйидаги майдончада “ҳарбий истеҳком” қуриш учун (ўзи ёқтирган машғулотларидан бири) қор тўплашга тушиб кетди. Ғайрати жўшиб ҳаш-паш дегунча бир қанча қорни думалатиб, катта-кичик тўпчаларга айлантириб қўйди. Катталардай кўзлари билан чамалаб, майдон ўртасига белги қўйди-да, тўпларни доира шаклида зич қилиб “иншоот”нинг пойдеворига ўрнатди. Ўзи ясаб олган андавага ўхшаш тахтача билан аввал тепасини, сўнг ён-атрофларини эринмай текислади. Кейин кичикроқ қор думалоқларини олиб, унинг устига ҳафсала билан тахлаб, девор тиклай бошлади.
Бобуржон икки кун тиш оғриғидан азоб чекди. Охири кеча тунда саройнинг хос ҳакими-ҳозиқ Абдумалик Боқи, энг мукаммал муолажаси ҳам фойда бермагач, Пошшо буви розилиги билан, ўша тишни олиб ташлади-ю, кўзлари ярқ этиб очилди. Иродаси мустаҳкамлиги боис табиб олдида ақалли “вой” деб қўймади. Аслида суннатга ётқизганларида ҳам чурқ этган эмас.
* * *
Бобуржон ясаётган “қалъа” деворлари бўйи бир қулочга бориб қолди. Яна кўтариш керак! Бир ўзига анча оғирлик қиляпти. Ишнинг залворидан терлаб-пишиб кетди. Бадани қизиб, эгнидаги қундуз ёқа калта пўстинчасини ечди, ёнига қўйиб, устига бир зум ўтирди-да, сувсар мўйна телпагини бошидан олди. Тўлқин-тўлқин бўлиб кетган қоп-қора сочлари орасидан оппоқ ҳовур кўтарилиб турибди. Бир оз сув ичгиси келганидан рўпарадаги бинонинг бўғотида осилиб турган қатор шаффоф сумалаклардан бир нечасини қор билан уриб туширди. Тиш оғриғи берган азоблар ёдига тушди-ю, уларни қўлига олмади.
“Қорни яна тўплаш керак, кўтариш керак, – деб кўнглидан ўтказди. – Бу баландликдаги девор, қалъа учун етарли эмас! Ҳеч бўлмаганда, ҳозиргига икки баробар қилиб кўтарсам, унда бир нав”. Шуларни ўйлаб, ўрнидан ирғиб турувди ҳамки, узоқдан Хонзода бегимнинг куйинчак овози эшитилди.
– Бобуржон-у, ҳў, Бобуржон!
Хонзода бегим тез юриб келди-да, иниси қилган ишларни кўриб, капалаги учиб кетди.
– Вой-буй! Бу қўрғонни ким қурди?!
– Мен десам ишонасизму, опажон?
– Ахир, кечқурун бетоб эдингиз-ку! Ҳеч кимга билдирмай совуққа нега чиқиб олдингиз?! Пошшо бувимлар билиб қолсалар биласизму, сизни нима қиладилар?!
– Сиз ошкор этиб қўймасангиз бас, у киши билмайдилар.
Хонзода бегим бир оз юмшаб сўйлади:
– Агар у киши билмасликларини хоҳласангиз, дарҳол олдимга тушинг!
– Хўп бўлади, опажон. Яна, ҳеч бўлмаганда, икки-уч қатор кўтариб қўяйин, сўнг…
Амирзода феъл-атворини яхши билган Хонзода бегимнинг ҳам болалиги тутиб кетдими, ё инисига кўмак бергиси келдими, у ҳам қор тўплашга киришди. Иншоот “қалъа” кўринишини олганди. Кўнгли бир оз таскин топган, амирзода шиббалаш ишларини ҳали чиқиб қиламан деб мўлжаллаб қўйди. Мў‘жазгина қор қўрғонга ҳавас билан тикилганларича опа-ука ичкарига юрдилар. Муюлишга етганларида Хонзода бегим орқасига ўгирилиб:
– Бобуржон, биласизму бу қурган қўрғонингиз узоқдан нимани эслатади?
– Йўқ,опажон, айтинг-чи!
– Ахси қалъасини! – деб қўйди эгачи ички ифтихор билан жилмайиб.
* * *
Чошгоҳга бормай саройнинг бош дарвозаси олдида ноғора ва карнай садолари янгради. Ўткир унли Жакбар жарчининг отда юриб:
– Олампаноҳ шикор ихтиёр этдилар! – деган жарангдор овозаси узоқ-узоқларгача эшитилиб турарди.
Бир муддат ўтиб, ҳайбатли бош дарвоза ланг очилиб, арк ичидан тавсан отларини гижинглатганларича бир гуруҳ суворийлар чиқа бошлади. Саф аввалида, кўркам араби Дўнон отида, подшо ҳазратлари –Умар Шайх Мирзо кўринди.
Олампаноҳнинг белини олтин тўға қадалган энли сарғиш чарм камар сиқиб ушлаб турганига қарамай, йўғон, дум-думалоқ қорни эгарнинг қошигача ёпган эди. Совуқдан серсоқол юзлари лоладай қизариб кетган. Ўнг тарафда садоқатли бекларидан бири, қалин ўсиқ қошларига қор иниб қолган Ширимбек борарди. Эгарнинг қошини маҳкам тутган бек сал энгашган ҳолда қандайдир қизиқарли воқеани айтиб бераётган бўлса керак, олампаноҳнинг юзида ним табассум. Бугунги шикорда қатнашишдан пинҳона бош тортганми, доимо хоннинг чап тарафини суқилиб бўлса ҳам эгаллаб юрувчи Аҳмад Танбалнинг қораси кўринмайди. Ўрнини тулки мўйнасидан мўғулча қалпоқ кийиб олган, кўзлари айёрона қисиқ Шайх Мазидбек эгаллаганди. Ундан кейин мошгуруч соқоли ёқимтой юзига ярашиб турган Хожа Ҳусайнбек кўринди. Унинг кайфияти бир қадар баландлиги қайсидир қўшиқни паст овозда хиргойи қилиб бораётганидан ҳам билиниб турарди. Сафда Ҳасан Яъқуббекни, Қосимбек қавчинни, Вайс Лоғарий ва бошқа бир неча бекларни таниб олиш қийин эмасди.
Хайрият, Бобуржонга ҳам шикорда қатнашиш учун рухсат берилибди. Боз устига, олампаноҳнинг энг суюкли оти Қорабайир устида ўтирибди.
Ҳалига қадар Қорабайирга подшо ҳазратларидан бўлак ҳеч кимга миниш учун рухсат берилган эмасди! Буни бўлғуси тахт ворисига бўлган улуғ ишончга ишора деб тушуниш керак! Бобуржоннинг ёнида икки қадрдон дўсти: қўлидаги чакас*га бир жуфт шунқор қўндириб олган, қотмадан келган чувак юзли ёш қушчи Муҳибали, лўппигина кулча юзи совуқдан қизарган, жилмайганча қизиқ-қизиқ ҳангомалар сўзлаб бораётган (саройда жидди ҳазил устаси Хурсандбек тоғойининг ўғли) Абобакр кўзга ташланади.
Шикор режасига кўра, аввал, биринчи манзил қилиб Иламиш*нинг сўл соҳилига яқин жойдаги хон ҳазратларининг ёзги кичик чорбоғи белгиланганди. Бобуржонлар Умар Шайх Мирзо бошчилигида шохлари қалин қордан эгилиб ётган, баланд дарахтлар ўраб турган чорбоғ ҳудудига кириб келганларида атроф саранжом-саришта қилиниб, ёзги катта айвон атрофлари, йўлаклар қордан очиб қўйилган эди. Улар билан кетма-кет баковуллар, қушбеги ва қўрчилар тасарруфидаги отлиқлар, кўчма ошхона анжомлари, ов қуроллари, ўқ-ёйлар солинган садоқлар юкланган аравалар, кейиндан ўнга яқин зотдор този итларни етаклаб бош иторчи – Қобил совуқ кириб келди.
Подшоҳ ҳазратлари чавгон майдонига ўзи учун тикилган, салобатли тиллоранг хос чодирга кўз қирини ташлаб қўяркан, зинбардор кўмагига ҳам эътибор бермай салобат билан отдан тушди. Нақшиндор ўрма қамчиси билан тизгинни унинг қўлига тутқазаркан:
– Қорнинг тингани хўп яхши бўлди! Бу, излар кўриниб, шикор бароридан келиши нишонаси, жаноблар! – деб қўйди. Ҳамма бир овоздан ҳукмдорнинг гапларини маъқуллагандай бўлишди… Хоннинг сўзлари сайдгарлар қалбида жанговарлик руҳини уйғотиб қўйганди…
Айрича илҳомланган Шайх Мазидбек ҳукмдорга юзланиб:
– Аълоҳазрат! Рад этмасалар, бир таклифим бор эди, – деб қолди.
Ҳукмдор шикорга алоқадор муҳимроқ бирон маслаҳат айтармикан дегандай, унга жиддий тикилиб:
– Хўш, бек, қандай таклиф экан? Эшитайлик-чи?– деди.
– Олампаноҳ рози бўлсалар, совуққа қарши, бир коса чоғир-у, бир бўлак яхна гўшт бирла тадбир ўткариб олсак, бахайр иш бўлурмиди дегандим…
Бу таклиф нафақат чоғир аҳлига, балки хоннинг ўзига ҳам маъқул тушиб турган бўлса ҳам, у тақводор беклардан Али Дарвешга қараб:
– Бу масалада Хуросон ўғлонининг фикри қандай экандур? Тадбир дегани, дағи, сабуҳий бўлиб қолмайдиму?! – деди. Хоннинг майин мутойибасидан ҳаммалари мириқиб кулиб олишди.
Али Дарвеш шоша пиша хушомад қилгандай:
– Аввало, олампаноҳ қарши бўлмасалар, бу тадбир чоғир аҳли учун амри вожибдур… Иккиламчи: ҳадемай ош вақти кириб келадур, сабуҳий муддатининг ўтканиға эса анча бўлибдур, – деб қўйди.
Подшоҳ ҳазратлари ҳам бир оз жилмайгандек бўлиб: “Боболаримиз, маслаҳатли тўй тарқалмабдур”, – деганлар экан, деганча Бобуржонни ёнига олиб, хос чодири томон илдам юриб кетди…
Кўп ўтмай улар шоҳона либосларини улоқчиларнинг махсус кийимларига ўхшаш кийик теридан тикилган, қалин пошнали михчўп, онтарма этик, чарм шим, майин эчки юнги солиниб, пишиқ қилиб қавилган тугмали камзул, енглари калтароқ қора чакмонга алмаштириб чиққанларида айвончадаги катта чорпоя устида дастурхонлар солиниб, ҳамма нарса муҳайё қилиб қўйилган эди…
Офтобачи чаққонлик билан эгила бориб, ҳукмдорнинг қўлига илиқ сув тутди. Болалар ўйинни афзал кўришиб, қор бўрон билан овундилар ва дастурхонга яқин келмадилар.
Тадбирдан кейин, аълоҳазрат бош асосий катта суворийлар сафи ўнгга, дарё бўйлаб юқорига, Бобуржонлар эса, устоз Алп Баҳодир саркорлигида, оқим бўйлаб пастга қараб йўл олдилар…
Болалар ҳеч қанча юрмасданоқ қорда қуён, кийик, яна сал нарида тўнғиз изларига дуч келишди…
Муҳибали қўлидаги ёғоч қўндоқ – чакасда ўтирган икки шунқордан бирини Бобуржоннинг билагига қўндириб, қушларнинг бошидаги қалпоқчаларни авайлаб олиб қўйганди, уларнинг ўткир кўзлари бирданига ёруғликка чиқиб, оппоқ қор қоплаб олган борлиққа мослашолмай, бир зум бир нуқтага тикилиб қолдилар… Бир оз ўтгач, ўзларига келиб жонландилар… Муҳибали қўлидаги қушни қулоғига (овчилар ирими билан) бир нималарнидир пичирлаб-тайинлаб, учириб юборганди, у қанотларини патирлатиб, тиккасига ҳавога кўтарила бошлади…
Бир дақиқа ўтар-ўтмас Бобуржон ҳам қўлидаги шаҳбозни бир силтаб қўйиб юборди. Худди келишиб олгандай, иккала қарчиғай икки тарафга учиб кетишди.
Муҳибали қўйиб юборган қуш ҳеч қанча вақт ўтмасданоқ шиддат билан пастга шўнғиди… “Воажабо! Қандай жонзотни кўриб қолди экан”, деб қўйди Муҳибали. Қуш қанотларини икки ёнига маҳкам қимтиб олиб, шундай учқурлик билан пастлаб борардики, (кейинги суҳбатларда Абобакр: “Мен ўқ тегдимикин деб ўйлабман” деб, айтиб юрди), уч-тўрт сониядаёқ кўзга кўринмай қолди… Ҳайрон бўлган Муҳибали ва амирзода дарҳол отнинг тизгинини шунқор човут солган томонга бурди. Амирзода ҳам дарҳол Қорабайир бошини ўша тарафга тўғрилади. Не кўз билан кўришсинки, шунқор кичикроқ чуқурликда йирик бир қуённи панжалари остида маҳкам чангаллаганча қўйиб юбормай, ўлжасини тортиб олмоқчи бўлаётган тулки билан олишаётган экан… Қуш чўқиб олган бўлса керак, тулкининг тумшуғидан тинмай қон оқарди… Муҳибали жиловни қўйиб юбориб, тулкига қарата ўқ узди, тегмади. Бобуржон ҳам тезда камонини олиб отди, ўчакишгандай у ҳам хато қилди. Айёр тулки ўлжадан умидини узган бўлса ҳам, бунча кўп қуролланган тарафдорлар олдида қочиб қолишни ҳам унутган эди… Шу пайт тулки биқинига ўқ санчилди. Мерган Алп Баҳодир эди.
Устоз шошилмай қуролини жойига қўйди-да, отдан сакраб тушиб, ўқ заҳридан мажолсиз қолган тулкини бошига чўқмор билан енгилгина уриб тинчитди… Тулки тўртала оёғини чўзганча қор устида жон берди. Шунқор, шундан кейингина кўтарилиб, воқеаларни синчковлик билан кузатаётган Муҳибалининг олдига қўнди. Муҳибали қушнинг чангалидаги қуённи бўшатиб оларкан:
– Тулкига олдирмайман деб, жонивор товушқонни шундай чангаллабдики, тирноқлари танасига кириб кетибди-я! – деб қўйди.
Ҳамма ҳозиргина рўй берган воқеа билан машғул бўлгани учун Бобуржон учирган иккинчи шунқор унутилган эди. Ўлжаларни йирик каноп иплар билан тўқилган ов халтасига ташлаб боришар экан, узоқдан, ер бағирлаб учиб келаётган шунқорни кўриб севиниб кетишди… Қарчиғай тўғри келиб, чангалида семиз қирғовул билан Бобуржон миниб олган Қорабайир устига қўнди. Ўлжани кўрган амирзода, қувончи ичига сиғмай, “Офарин, шаҳбоз!”, деб қўйди.
Овда бай очилганидан кўнгиллари тўлган, кайфияти баланд сайдгарлар пастга кетаётганда, Бобуржон устозига юзланиб сўради:
– Устоз, шунча мўлжаллаб урғон бўлсак ҳам, мен ва Муҳибали отғон ўқ нега нишонга тегмайдур?
Алп Баҳодир сиполик билан шогирдига қараб:
– Аввало, амирзодам, ҳар қандай вазиятда, мумкин қадар ўзни тўхтатиб, сўнг совуққонлик билан камондин ўқ узиш талаб қилинади. Эсингизда бўлса, бу тўғрида аввал ҳам сўйлағонмен. Қани, қўлингизни кўрсатингчи, – деб қолди.
Бобуржон шошиб иккала қўлини ҳам ёзиб кўрсатганди, устоз:
– Қани, камон отиш пайти бармоққа тақиб олинадиган зиҳгер? Унингсиз камонни яхши отиб бўлмайдур! Ҳуд, нохун*сиз тамбурдан яхши куй чиқариб бўлмағондек, ҳар қанча мўлжални тўғри олғонингиз билан камондан ҳам яхши отиб бўлмайдур, – деб таъкидлаб қўйди.
Хижолат бўлиб кетган Бобуржон ҳам, Муҳибали ҳам шоша-пиша чўнтакларидан зиҳгерларини қидириб қолишди…
Шунқорлар шу тариқа, кетма-кет тўрт-беш маротабадан овга солинди. Улар бирор марта ҳам ўлжасиз қайтмадилар… Ҳатто бир сафар ўзларидек йиртқич, абжир сассиққўзан ва йириккина каламуш ҳам тутиб келтирдилар. Кемирувчи ўлимга маҳкум қилиниб, сассиққўзан қўйиб юборилди.
Муҳибали таклифи билан энди қушлар, дам бериш учун, қафасларига солиб қўйилди.
Мана, ниҳоят ўқ-ёй билан ов қилиш пайти етиб келганди. Суворийлар шу мақсадда яна ҳам қуйироққа, қиши билан одам қадами етмаган овлоқ жойларга қараб жилиб кетдилар… Соҳилдаги юлғунзорлар орасида туёқлари билан қорни титкилаб, қуриган майсаларни еб юрган бир тўп хонгул кийиклари кўзга ташланди. Имконни қўлдан чиқармай дарҳол ширға* қилиниб, атроф мумкин қадар ўраб олинди. Кийиклар хатарни сезиб, атрофга тум-тарақай қоча бошладилар… Шу пайт, бири кутилмаганда Бобуржон ёнидан ўқдай ўтиб кетди. Бу, амирзода ҳаётидаги биринчи катта ов, йирик жонзотлар билан биринчи тўқнашув эди. Бобуржон ҳар қанча ўзини қўлга олиб отмасин, кийик биринчи ўқига чап берди. Садоғидан иккинчи ўқни олиб улгурмай кийик бўйнига ўқ санчилди. Амирзода чапдастлик билан Қорабайир бошини кийик қочган томонга буриб, жиловни бўшатди-да, пошнаси билан биқинига салгина ниқтаб қўйди… Жонивор худди шуни кутиб турганми, бамисоли қуюндай елиб кетди. Қорабайир шиддатини кўрган Алп Баҳодир таъқиб қилаётган иккинчи кийикни ташлаб, дарҳол амирзодага ёрдам бериш учун ошиқди. Бўйнидаги найза захмидан кийик қадамлари секинлай бошлаганди… Бобуржон ҳаяжонини босиб, хотиржамлик билан иккинчи ўқни узди. Ўқ тўғри нишонга тегди! Кийик тамомила ҳолсизланиб қолаётгани боис туёқларини қордан суғуриб олиши ҳам қийинлашиб борарди… Кетма-кет келаётган Алп Баҳодир, ўлжага яқин келиб қолган бўлса ҳам, олишувнинг якуний қисмини амирзоданинг ўзига қўйиб берди. Бобуржон отни тўхтатиб, эпчиллик билан сакраб тушди-да, ўзини базўр юриб бораётган кийик устига отди. Икковлари ҳам йиқилиб, ярмигача қорга ботиб кетдилар… жонивор жон талвасасида бошини силтаб юборганди, шохининг учи Бобуржоннинг пастки лабига келиб тегди. Алп Баҳодир буни кўрмай қолган бўлса ҳам:
– Амирзодам, кийик ҳеч қаёққа қочолмайдур, фақат шохларига эҳтиёт бўлсангиз бас! – деб таъкидларди. Чиндан ҳам қувонмай, ҳаяжонланмай бўладими, ахир, амирзода бундайин катта шикорларда илк бор бевосита иштирок этаётган бўлса!
Кийикни қорда босиб, бор кучи билан ушлаб турган Бобуржон, устози овози эшитилиб, кўнгли таскин топгандай бўлди… Устоз дандон сопли пичоқ билан ўлжа томоғига тиғ тортиб қўйди. Шундан сўнггина кийик бир икки мажолсиз ҳаракатлар қилиб, қор устида жон берди. Амирзода устоз узатган бурғуни чалмоқчи бўлганда пастки лаби заҳм еганини билди. Бурғу овозини эшитган ёрдамчилар дарҳол ўлжа ташийдиган катта ёғоч чаналарни чаққонлик билан судрашганча чопиб келишди.
Совуқ авжи ҳар қанча баланд бўлмасин, Бобуржоннинг ғайрату шижоатига заррача таъсир қилолмай, фақат икки юзини лоладай қизартириб қўйганди, холос. Устоз Алп Баҳодир Бобуржоннинг ўзига айтмаса ҳам, отда катталардек эркин, ҳар қандай вазиятда мувозанатни йўқотмай ўтирганидан хурсанд бўлиб, ҳў ўша, Чиндан келтирилган ёғоч тўпчоғида орттирган тажрибалари қўл келаётганини эслади. Ички бир қониқиш билан шогирдига қараб, мийиғида жилмайиб қўйди…
Ҳаммалари бирин кетин, аввалги жойга келишганда ҳеч ким кўринмасди…
Бобуржон қоровул турган ёрдамчилардан Муҳибали билан Абобакрни сўради.
Ёрдамчилар улар пастга қараб, бир кийикни қувиб, от чоптириб кетишганини айтишди.
Бобуржон устозига қараганди, у кетдик деган ишора қилди. Амирзода билан Алп Баҳодир отлари бошини дарҳол ўша томонга буришди…
Бир жойда қордаги излар иккига айрилгандай кўринди… Отда чопиб бораётибоқ бирров кўз уриштириб олишди-да, Бобуржон тўғридаги, Алп Баҳодир эса чапдаги изни қоралаб кетди.
Бобуржоннинг ўнг томонида Иламишнинг ҳайҳотдек ўзани, чап тарафида эса қалин тўқайзор ястаниб ётибди. Кундузи бўлишига қарамай, бу жойларга одам боласининг бир ўзи кириб бориши хавфли эди. Чангалзор қалинлигидан ҳар ер-ҳар ерда, жонзотлар “ясаб қўйган” омбирга ўхшаш пастқам дарчаларни, тор, энсиз йўлакчаларни учратиш мумкин эди. Фикри-хаёли дўстларида бўлган амирзода шиддат билан чопиб бораётиб кичикроқ очиқ жойда бир неча бўри эндигина қўлга туширган кийикни қор устида тортқилашиб ғажишаётгани устидан чиқиб қолди, Қорабайир хатарни олдиндан сезиб қолган чоғи (тизгини тортилмай туриб), қулоқларини чимирганча таққа тўхтади.
Бобуржон вазиятни англаб, филҳол қиличини суғурди-да, ҳеч иккиланмай йиртқичлардан ҳимояланишга киришди.
Бўрилар тўртта: қалин, пахмоқ жунлари ҳурпайиб ўсиб кетган каттаси – она бўри, қолган учтаси – анча улғайиб қолган болалари экан. Она бўри ўлжасини қизғанганидан қон оқиб турган ўткир тишларини кўрсатиб, хириллаганча отга яқинлаша бошлади… Баҳайбат калласини осилтириб олган йиртқич оғзини очганча рўпарадан ташланди. Буни кутган Қорабайир қаттиқ кишнаб юборди-да, бир силтаниб орқа оёқларида туриб олди.
Навбатдаги ҳамлани ҳушёр туриб пойлаётган Бобуржон шай қиличини ўта чаққонлик билан йиртқичнинг бўйни аралаш бошига тортиб юборди.
Ахсикентнинг дунёга донғи кетган моҳир усталари ясаб берган дамашқий пўлат шамшир бўрининг, териси билан этинигина эмас, балки бирмунча мустаҳкам устихонини ҳам қирқиб, ўнг қулоғи тагидан бўйнининг анча жойини очиб қўйган эди.
Кутилмаганда елдай учиб келган Алп Баҳодир чаққонлик билан қилич солиб, рамақи жони билан хириллаб турган бўри бўйнини узиб ташлади.
Ҳаяжонлар бир оз босилгач, Бобуржон Алп Баҳодирга юзланиб сўради:
– Устоз, вазиятдан хабар топиб келдингизму ёки тасодифан?
– Нега энди тасодифан бўларкан, амирзодам, ахир, Қорабайир сирли кишнаб, хатардан воқиф қилиб қўйди-ку! – деб хотиржам жавоб қайтарди Алп Баҳодир.
Устоз ва амирзода шогирд жанг майдонини қолдириб, бир-бирларига меҳр кўзлари билан тикилганларича ёнма-ён ҳамроҳлари томон елиб кетдилар.
Улар аравалар турган жойга етиб келганларида подшо ҳазратлари Бобуржон ва шерикларини чорлаш учун жўнатган иторчига дуч келишди… Катталар сал аввалроқ шикорни тугатиб, бир талай ўлжалар билан чорбоққа келиб бўлишган экан. Тиллоранг хос чодир рўпарасидаги очиқ жойга ёқилган катта гулхан атрофини ҳукмдор бошлиқ сайдгарлар ширға қилиб эгаллаб олишибди.
Шундайгина текислаб қўйилган қор устига айлана қилиб ёзилган нам ўтказмайдиган юпқа чарм дастурхонларда ёз меваларидан тортиб барча нозу неъматлар тўкиб ташланган…
Ўлжалар ортилган ёғоч чана дарҳол ҳукмдор қаршисига келтирилди. Хон ёшлар қўлга киритган ўлжаларни бир-бир, синчковлик билан кўздан кечирди. Ҳамма- ҳаммасини – қуёндан кийиккача, тулкидан бўрсиққача ҳавас билан кўриб чиқди. Бир пайт улар орасида ётган қирғовулга кўзи тушиб, уни дарҳол қўлига олди-да:
– Ўҳў-ҳў!.. Бу ишинглар кўп ажиб бўлиптур! – деди, баланд овозда. Мамнун бориб амирзода елкасига қўлини қўйиб: – Биз кўпчилик бўлсак ҳам биронта парранда уролмадик, тўғрими, жаноблар, – деганди, барча сайдгарлар чин дилдан: – Тўғри, тўғри, аълоҳазрат! – деб таъкидлашиб, ёш овчиларни рағбатлантирдилар. Ҳукмдор қирғовулни дастурхончи қўлига тутқазаркан: – Баковулга бер! Жасталасин! – деб қўйди амирона. Сўнг энгашиб, из тушмаган қордан бир ҳовуч олди-да, аввал кафтлари, кейин сермўй билакларига ишқалади. Хизматкор хоннинг ҳовур чиқиб турган қўлига эгилиб сочиқ тутди. Чоғир сал бўлса-да ўз кучини кўрсатиб, ҳукмдорнинг бутун баданини қиздириб, бағрини кенг, кўнглини эса янада юмшатиб улгурганди…
Икки ўқли узун аравада бир жуфт марал, бир неча хонгул кийиги, беўхшов боши отнинг калласидан ҳам улканроқ, сўйлоқ тиши қонга беланиб тўнғиз ва бошқа ҳайвонлар ётарди. Тўнғиз деган маҳлуқни умрида биринчи марта яқиндан кўраётган Бобуржон ҳайратланиб турганди Мир Ғиёс тоғойи:
– Амирзодам! Бу тунқусни атайин жаноб Бобоқули Бобо Алибекка атаб отдук! – деди, уни ибодат қилмай юришига писанда қилиб… Бу гапдан бир неча киши пиқирлаб кулиб юборди.
Бобуржон болаларча самимият ва жиддийлик билан:
– Тоғойи! Ахир ислом кишиси учун тунқус гўшти ҳаром қилинган-ку! – деб қўйди таажжубланиб.
Нохуш мулоқот қулоғига чалиниб қолди чоғи, хон Мир Ғиёсга юзланиб:
– Жаноб бек! Даврада йўқ кишини ғийбат қилиш йигитга ярашмас! – деб танбеҳ берди.
Ноўрин ҳазилидан хижолат бўлиб кетган бек, икки қўлини кўксига қўйиб, ҳукмдордан узр сўради. Вазиятни юмшатиш учун Алп Баҳодир суҳбатга қўшилиб:
– Жаноблар! Тунқус отғонинглар кўп яхши бўлибдур. Бунинг гўштини амирзодамизнинг палангчаларига берсак, айни муддао бўлур, – деганди, бу таклиф ҳаммага маъқул тушди. Аслида бу тўнғиз, овчи итлардан бирини, сўйлоқ тишлари билан қорнини ёриб, ўлдиргани боис, ўлимга маҳкум қилинган экан.
Шу пайт уларни ўраб турган беклардан бири луқма ташлади:
– Амирзодам, қирғовул хўп чиройлик ҳам семиз эркан! Уни лочин бирла ушладингларму ё камондан отиб олдингларму?
– Тоғойи, саволингизга бу киши жавоб бергани маъқул, чунки дўстим Муҳибали шу ишнинг устаси саналадур.
Бобуржон ийманиб турган қушбоз овчини ўртага тортди.
Катталар салобати босиб қолдими, Муҳибали зўрға:
– Албатта, қуш билан тутилди, жаноблар, – дея олди, холос.
– Лочинларингизни бир кўрайлик-чи? – қизиқишиб қолди беклар.
Муҳибали шунқорлардан бирини чакасига қўндирганча олиб келгач, улар:
– Бу лочинму ё қирғийму? – деб сўрашди.
– Жаноблар! – Муҳибали иштиёқ билан сўзга киришди. – Аввало, бу қушнинг номи сизлар айтғонча лочин ҳам, қийғир ҳам, қолаверса, сор ҳам эмас! Китобларда бу қушнинг номи шунқор деб ёзилғон, амалда ҳам худди шундай! Шимол тарафларда буни яна итолғу деб ҳам аташар экан. Лочин дегани бундан ушоқроқ бўлиб, у билан кичикроқ жонзотлар овланадур! Устозим айтишларича, қийғир ва сор бирла ов қилинғони ҳали ҳеч бир жойда ёзилмағон эмиш.
– Уқоб эмасму унда? – деб сўраб қолди кимдир.
– Йўқ тақсир! Уқоб ҳам эмас! Уқобнинг жуссаси бундан кўра улканроқ бўладур!
Кимдир:
– Қалпоқ қушга нега кийдириб қўйилғон? Боши совуқ еб қолмасун дебму? – деб сўраганди, енгил кулги кўтарилди.
Муҳибали ўта босиқлик билан давом этаркан:
– Йўқ, жаноблар бу қуш, совуқ ўлкаларнинг қуши бўлганидан хейли маҳкам совуқларга ҳам чидайдур! Қалпоғи кўзларини тўсиб туриши учун хизмат қиладур, шундай турса, қуш ҳеч нарсадан чўчимайдур!
– Оёқларидаги тушови нега қўйилғон, айтиб беринг?
– Жаноблар, бу жуда йиртқич қуш! Осмонда ҳам, ерда ҳам ўлжасига бир усулда ташланади, яъни аввал оёқлари билан тепиб, зарба беради ва ағанатишга уринади. Қайиш тасма, ўлжасини тепганда, оёқлари керилиб ёки олдинма-кетин бўлиб кетмасликдан сақлайдур, қолаверса, зарба кучини оширадур! Мана, қаранглар, у халқа билан маҳкамланган.
Муҳибали қўли билан қушнинг зарангдай қаттиқ оёқларига боғланган юпқа темир ҳалқачаларни кўрсатиб қўйди.
– Булар учун энг катта ўлжа қандай жонзот?
– Ҳозирча қушларимиз ёш, катта бўлганларида кийик боласини ҳам бемалол овлай оладур…
Беклар хурсанд бўлишиб:
– Э-ҳе, қаранглар-а, жаноблар, қуш овининг ҳам ўзига яраша кўп хилват томонлари бисёр экану билмай юрган эканмиз, мана билиб олдик, – деганча қуллуқ қилишди. – Умрингиз зиёда, мартабангиз баланд бўлсин, укажон. Келгусида улуғ қушбеги бўлинг!
Ё тавба! Чин юракдан қилинган дуо ижобат бўлганини… Кимдандир шоҳнафас чиқиб кетган бўлса ажаб эмас. Чунки ўша чувак юзли, қотмадан келган, оғир-босиқ йигитча – Муҳибали, бир умр Бобуржоннинг садоқатли дўсти, суянган ҳамроҳи, махсус овчиси бўлиб юрган, ҳамда вазири аъзамлик лавозимига эришган!*
* * *
Болалар учун ичкарида алоҳида жой ҳозирланган эди. Суҳбат тугагач, Алп Баҳодир бош бўлиб, ўт ёқиб илитиб қўйилган катта, кенг хонага кириб бордилар. Ичкарида нам тортиб кетган устки кийимларини ечиб ташлаб, қўлларини ювишганча, дид билан безатилган дастурхонга ошиқишди. Эрталабдан бери совуқда от чоптириб юравериб қоринлари очиқиб кетган бўлсалар ҳам устознинг дастурхонга қўл узатишини кутишиб турган сайдгарларга қараб Абобакр:
– Жаноблар, бировга ифшо қилмайман деб сўз берсанглар, биргина илтимосим бор эди, – деб қолди.
Ҳамма қизиқиб: “Қандай илтимос экан, айтинг, айтинг?! Ҳеч кимга айтмаймиз!”, – деб ваъда беришди.
– Ундай бўлса, жаноблар, ҳали шикор пайти, отдан йиқилганимни ҳеч кимга айтманглар, – деганича дўстларига жавдираб қараганди, ҳамма рози бўлди.
– Бўпти, бўпти, хотиржам бўлинг, гап шу ерда қолади – дея, Бобуржон ваъдани ҳамманинг номидан мустаҳкамлаб қўйди. Шундан сўнггина улар хотиржам бўлиб дастурхонга қўл узатдилар…
* * *
Ташқарида катталар базми қизигандан қизиб борарди. Атрофни ларзага солувчи шодон қаҳқаҳалар, ҳайқириқлар, сокин, мусаффо ҳавода узоқ-узоқларга ҳам эшитилиб турарди. Айниқса, подшо ҳазратларининг кўнгиллари чоғ, кайфиятлари осмон қадар баланд эди. Қўлидаги коса тўла чоғирни кўтариб, сипқориб қўйди-да, газак учун бир бўлак кабоб гўштини оғзига солиб, қўлларини артди. Сўнг қорда ялангоёқ “чавгон майдонини юз қатла айланиб бераман” деб, беклар билан шартлашган Қосимбек қавчинни зимдан кузатаркан, мушти билан кафтига бир урганча:
– Тасарруфимда шундай азамат йигитлардан икки-уч пора бўлғонда эрди… Улуғ Бобом орзу қилғон Чинни ҳам олғон бўлур эдим! – деб қўйди ғурур билан.
Подшох олдига чўзиқроқ шаклдаги заррин чинни идиш келтирилди. Дастурхончи сочиқ билан авайлаб қопқоқни очганди, оппоқ буғ кўтарилиб, шар¬қона пазандачилик талаби бўйича юксак маҳорат билан лоларанг қилиб бутунича пиширилган ҳалиги семиз қирғовул кўринди. Антиқа таомдан димоғни қитиқловчи хушбўй ҳид таралиб турарди. Умар Шайх Мирзо ундан бир чимдим олиб, татиб кўраркан, дастурхончига қараб:
– Таҳсинга лойиқ! Ол буни, ҳамманинг оғзи тегсун! – деб тайинлади. Сахийлиги тутиб: – Бу иши учун баковулга бир қўчқор берилсин! – деб юборди.
Бунақанги базмларда олампаноҳ меҳри дарё каби жўшиб кетар, кўнглига ёқиб қолган кишисига энг қимматбаҳо, ноёб нарсаларни ҳадя этиб юборар, кейин мутлақо ачинмас эди. Сахийлик, бағрикенглик, қўли очиқлик каби олижаноб хислатлар аълоҳазратга улуғ боболаридан мерос бўлиб ўтгани шубҳасиз. Шундан бўлса керак, Улуғ хон ота – Юнусхон Умар Шайх Мирзони уч куёвидан ортиқ кўрар, улар худди ота-боладай бўлиб кетишганди.
Умар Шайх Мирзо баланд ҳимматли ва эзгу ниятли подшоҳ эканлигини шундан ҳам билса бўлардики, Юнусхонга аввалига Ўш, сўнгра Марғилонни иноят қилиб юборди.
Бобуржонлар ўтирган хонага кириб-чиқиб турган хизматкорлардан бири: –Жаноблар, беклар бирла шартлашган Қосимбек тоғойи чавгон майдонини яланг¬оёқ кезаётир, – деб хабар берди. Қизиқарли томошани кўргани ҳаммалари ташқарига чиқдилар.
Бобуржон қорда чопаётган Қосимбек қавчинга кўзи тушиши билан устозига юзланиб:
– Устоз, йўқ демасангиз мен ҳам чопсам? – дея таклиф айтди, қоп-қора кўзларини пирпиратиб.
Алп Баҳодир шогирдининг юзидаги ғайрат-шижоат ифодасидан завқланаркан, “майли, ўзингиз биласиз” дегандай елкаларини қисиб қўйди.
Бобуржон филҳол этикларини ечиб, пойчаларини шимарар экан, буни кўрган беклар ёқа ушлади.
Бир зум ўтиб ҳалиги хизматкор шошиб келиб, «Тоғойи, сизни олампаноҳ йўқлаётган эмиш», деб қолди. Алп Баҳодир ўша заҳотиёқ тавозе билан ҳукмдор ҳузурига борди.
Умар Шайх Мирзо бир оз ташвишли оҳангда сўради:
– Сиз рухсат бердингизму, жаноб Алп Баҳодир?
– Ҳа, олампаноҳ! Ташвишланишга мутлақо ўрин йўқ! Амирзодамнинг муборак таналари бундай совуқларга чиниқиб улгурган, иншоолло, қайтага яна чиниқади.
Аълоҳазрат ички қониқиш билан билинар-билинмас жилмайиб қўйди.
Бобуржон Қосимбек қавчин ёнида эндигина беш-олти давра айланганди ҳамки, мусобақа тугаб қолди.
Дастурхончилардан бири шу ернинг ўзидаёқ Қосимбек қавчин беклардан ютиб олган ўнакларни тўплашга тушди. Қаторда аълоҳазрат ҳам патнисга бир нарса ташлагандай бўлди.
Ғолиб йирик-йирик кепакийларни териб оларкан, «қолгани ўзингга», деб қўйди, хушомад билан патнисни кўтариб турган дастурхончига. Ҳазилкаш беклардан бири деди:
– Жаноб Қосимбек! Ютуқни дастурхончи билан эмас, балки амирзодамиз бирла бўлишингиз лозим эди! Нега деганда охирги давраларингизга у киши ёрдам бериб юборди-ку!
Бу ҳазилдан ҳаммалари мириқиб кулишди. Сўнг Қосимбек қавчин Бобуржонга таъзим айларкан, Умар Шайх Мирзо ўтирган тарафга маъноли бир қараб қўйиб:
– Амирзодам ҳозир ҳеч қандай моянага муҳтож эмаслар! Бу кишининг улушларини, худо хоҳласа, катта бўлганларида ҳалол хизматим билан қайтараман, –деди самимий.
Бу жавоб Умар Шайх Мирзога ҳам маъқул тушгандай бўлиб, аста бош ирғаб қўйди ва муғанний ҳофиз Хожа Ҳусайнбекни суриштирди.
Хизматкорлар бир зумда Хожа Ҳусайнбекни баковуллар ёнидан топиб келишди. У таъзим билан хон қошига келаркан, кўтаринки руҳда сўз қотди:
– Олампаноҳ, амрингизга мунтазирмен!
– Биз, ахир сизни нимага ҳам тилар эрдук, тамбурингиз шу ердаму? Қани, бир кўнгилларни эритинг-чи!
Хожа Ҳусайнбек табассум билан таъзим қилди.
– Бош устига, олампаноҳ! Қўлимиздан келғонча!
– “Навои тамбурий”дан бошланг! Сафтисига «Ушшоқ»ни чаласиз!
Тамбурдан садо таралгач, атроф сув қуйгандай жимиб қолди. Кетма-кет бир жуфт куй, учта мумтоз қўшиқ ижро этилди. Ширали овоз чиндан ҳам дилларни ром қилди, хусусан, хоннинг баҳор тошқини каби жўшган юрагини янада тошириб юборди.
Даврадаги хуш кайфиятни бузмаслик учун ҳаракат қилган офтобачи узоқдан от чоптириб келаётган чопар Абдулваҳоб шиғовулни таниб, рикобдорга кўзи билан имо қилиб қўйди. У даврани ташлаб, шошиб чопар истиқболига пешвоз чиқди.
Шиғовул отдан тушиб, рикобдор юзига ҳам қарамай, бир бош ирғаб, тизгинни тутқазди-да, илдам қадам ташлаб, хон ҳузури томон юриб кетди… “Муҳим хабар келтирган” деган ўй билан ҳеч ким уни тўхтатишга ботинолмади. Тўрт-беш қадам қолганда, қорга тиз чўкиб энгашиб, таъзим бажо келтирди. Сўнг ҳукмдорга найсимон қилиб ўралган муҳрли хат тутқазди.
Умар Шайх Мирзо хатни ғилофидан чиқарди, у ёқ-бу ёғига разм солгач, қошларини чимирганча, шошилмай ўқий бошлади…
Мутолаа чоғида ҳукмдор чеҳраси икки карра жиддийлашиб, икки карра ёришди. Охири хизматкорни чақириб буюрди:
– Бобуржонга етказ!
Хат Улуғ хон ота Юнусхондан эди.
Бир зум ўтгач ичкаридан болаларча шодон қийқириқ эшитилди. Чунки Улуғ хон икки набираси учун чилла чиқиши билан ўтказадиган ақиқа тўйига Бобуржонни ҳам лутфан таклиф қилганди!.. Юнусхон элга берадиган тўйлар бир-икки ҳафтасиз тугамас, катта кўпкариларсиз, дорбозларсиз, курашларсиз, қолаверса, кўзга кўринган мутриблару таниқли қўғирчоқбозларсиз ўтмас эди.
Бобуржон муҳтарам бобоси мактубидан боши кўкка етгудек севинди. Сўнг ўзи бир парча қоғозга шоша-пиша икки энлик хат ёзди: “Отажон! Рухсат этсангиз, шомга қолмай саройга етиб борсам. Бугунги сабоқларим қолиб кетишини истамасмен. Сизни суйиб ардоқлагувчи Бобур”.
Умар Шайх Мирзо хатни ўқиб жилмайди, ахир, не бахтки, бугун бир эмас, икки хат олди. Бири Тошкандан, иккинчиси Андижондан! Қисқа мулоҳазадан сўнг бирдан қиёфаси жиддийлашди.
– Йўқ! Бирга келдик, бирга қайтамиз! Қани йигитлар, бугунга етар, сафаримиз қариди… Илоҳи омин, худо омадимизни берсин!..
Шикор аҳли йўлга чиққанда кечки қора совуқ забтига ола бошлаганди.
_________________
* Кутвол – Қалъа бошлиғи (комендант).
* Мирохур – Подшоҳ отхонасининг бошлиғи.
* Чакас – Ов қушлари қўниб турадиган ёғоч қўноқ.
* Иламиш – Қорадарёнинг ўша даврлардаги номи.
* Нохун – Тамбур чалган пайтда кўрсаткич бармоққа тақиб олинади (медиатр).
* Ширға – Ўлжани давра қилиб исканжага олиш.
* Бобур Мирзо вафотидан кейин, буюк Бобурийлар салтанатига ҳукмдорлик қилган Акбаршоҳ, бобосининг улуғ дўсти деб билиб, Муҳибалини Деҳлининг ҳокими вазифасига тайинлаган. Бу улуғ инсоннинг ёруғ дунёда қилиб ўтган ишлари бугина эмас… Ўша Муҳибали, Низомиддин Али Халифаи Фаробий номи билан, қуш овининг сир-асрори тўғрисида, ўз даврида (16 аср ўрталарида) дунёга машҳур “Бознома” деб номланган фундаментал рисола ҳам ёзиб қолдирган.