Ширинлик олиб келишга кетаётган ота, қизил тош ва бахтли одамлар. Ўн олти ёшли қизнинг қўлида гир айланаётган думалоқ тош унга узоқ вақтдан буён тикилиб турган кўзлар ана шу азалий маънони қайта-қайта идрок этишига имкон туғдирарди. Нуриянинг маҳзун ва тантанавор кулгуси қизил тошнинг бежирим қирраларига урилганча қотиб қолди. У отаси билан илк бор бу ерга келганини яхши эслайди. Ўшанда тўққиз ёшда эди.
– Сен шу ерда ўтириб тур, мен сенга ширинлик олиб келаман, – деганди отаси.
Шундан сўнг ҳовлидаги болаларни тартибга чақираётган пешонаси бўртиб чиққан аллақандай аёл билан отаси узоқ гаплашганини кузатиб турди. Қизалоқ кун ботгунча кутди. Кейин ҳаммасини тушунди.
Нурия меҳрибонлик уйининг ҳовлисида Стендалнинг қалин жилдли китобларидан бирини ўқиркан, беихтиёр қўлидаги тош унинг ичига юмалаб тушиб кетди. Қизалоқ ҳозиргина ўзини ҳайратга солган ёрқин бир фикрни таҳлил этиш мақсадида бироз тин олишга қарор қилдию тошни кафтига қўйди. Гир айланаётган тош энг кичик бармоғининг бошланиш ерига келиб тўхтади. У кафтидаги чизиқларни диққат билан кузатар экан, Стендал қаҳрамони томонидан айтилган ғоят қизиқарли фикрни эсдан чиқарди. Ногоҳ тошнинг кафтдаги охирги чизиққа туташган нуқтасида сирли аланга учқунларини кўрди. Қизалоқ умри бино бўлиб бунақа кучли алангага дуч келмаганди. У миясига урилган дастлабки фикрдан сесканиб кетди. Унинг наздида бу чинакамига даҳшат эди.
Нурия дарвозадан ташқарига чиқди ва тўғри кўча бўйлаб кета бошлади. Кўча тугар-тугамасдан у чап томонга кетган бир кичик йўлни кўрди. Кафтига қаради ва худди шундай кичик чизиқни кўрди. У биринчи чизиққа келиб туташганди. Бу йўл бошқа бир кўчага олиб ўтиши лозим эди. Шундай бўлди ҳам. Кейин у тўғрига юрди. Бироқ кўп ўтмай ушбу кўчага туташган бутунлай бошқа бир йирик кўчага дуч келди. У яна кафтига қаради. Ҳаммаси чизилганидек давом этарди. Нурия ўйлаб ўтирмасдан туташ кўча бўйлаб кета бошлади. Унинг кўнглида пайдо бўлган ишонч ҳозир содир бўлиши мумкин бўлган аллақандай буюк ўзгаришни олдиндан башорат қиларди. Бундай башоратлар одатда тўғри чиқади ва инсон ҳаётида кутилмаган янгиликларни вужудга келтиради. Нурия кўчанинг охирига етиб келганида яна икки томонга кетган йўлни кўрди. Шу ерда тўхтади. Унинг қалби фақат тўғрига юришни амр этаётганди.
“Шошилиш керак, – хаёлидан ўтказарди у. – Бундай ғаройиб онларни сезмай, ҳис этмай яшаётганлар қанча…” Бу йўлнинг энг сўнгги нуқтасида улкан бир бино жойлашган экан. Кўча шу ерда тугарди. Ажабо. Ҳеч нарса ўзгармади. Ҳаммаси хомхаёл экан. Нурия лақмалиги учун ўзидан нафратлана бошлади. Бинобарин бу унинг ҳаётидаги илк янглишиши эмасди. Нурия энди ортига қайтаман деб турганида шундоққина кўчанинг ўнг ёнида суҳбатлашиб турган кишилардан бири унга қаради. У бу одамларга умуман эътибор бермаганди. Қиз ҳаяжонга туша бошлади. Унга тикилиб турган одам отаси эди. Нуриянинг кўзлари алдамаётганди.У бехосдан қўлидаги дастрўмолни тушириб юборди. Қизалоқ нима қилишни билмай жойида қотиб турарди. У ўтган сониялар ичида фикрлашга, аниқ бир қарорга келишга улгурди.
«Отам мени таниди. Аммо у мендан воз кечганига етти йилдан ошди».
Қизалоқ ўгай онаси ҳақида ҳам ўйларди. У ўтган йиллар ичида ёлғиз инсон иложсизликдан ўз истакларини хаёлан бажариши мумкинлигини ўрганган эди. Ҳозир ҳам шундай қилди. Отасини бағрига босиб, тўйиб-тўйиб ҳидлади. Унга айтмоқчи бўлиб юрган ҳамма гапларини айтди. «Мен сиздан хафа эмасман», – деди охирида. Ҳеч қандай жавоб эшитилмади. Нурия ҳар доимгидек фикрларини бир жойга жамлади. Отаси узоқдан ҳамон унга тикилиб турарди.
«Эҳтимол бу бир умр излаб яшаган, ўзим учун муҳим бўлган ўша лаҳзадир, – хаёл сурарди қиз. – Аммо мен кутганимдай бўлиб чиқмади.»
Нурия шиддат билан ортига бурилди. У тезда ўзини қўлга олди ва келган йўли бўйлаб югура бошлади. Айни пайтда қизнинг калласидаги фикрларнинг ҳеч бири отасининг ёнига боришга ундамаётганди. Аниқроғи, унинг вужудида исён кўтараётган ғазаб ва ҳаяжон бунга имкон бермасди. У қанчалик тез югургани сайин ўзини шунча енгил ҳис қиларди.
Қизнинг оёғи бир тошга урилиб йиқилди. Кимдир қўлидан тортиб ўрнидан турғизди. Бу унинг отаси эди.