Бир неча дақиқа жимжитлик ҳукмронлик қилган шаҳидлар хиёбонининг катта йўл ёқасидаги пиёдалар йўлакчасида тўсатдан қаттиқ ғичирлаган овознинг пайдо бўлишию, бу ерга энг яқин ўриндиқда ўтирган аёл кишининг сапчиб ўрнидан туриши ва алам билан қичқириб юборишини бундан саноқли сониялар олдин ким ҳам хаёлига келтирибди дейсиз.
– Вой, тўғноғичим қўлимдан тушиб кетди, – деди аёл ўрнидан туришига ҳамоҳанг янграган овоз билан. – Энди эса у йўқ.
Аёл кейинги гапини пичирлаб айтди. Бироқ унинг қаршисида хижолатомуз турган, кўринишидан қирқ ёшлардаги эркак тўғноғичнинг ҳар томонга сочилиб кетган бўлакларидан бирини ердан олди.
– Минг бор узр, хоним. Мен буни билмасдан босиб юбордим. Ҳатто ўзимни тўхтатиб қололмадим. Илтимос, айтинг, тўғноғичингизнинг нархи қанча?
У чўнтагидан ҳамёнини оларкан, дарҳол етти минг сўм санаб аёлга узатди.
– Бунга янгисини сотиб олинг.
Аёл ҳеч нарса демай, жойига ўтирди. Эркак бу лобар чеҳрада ҳаддан ортиқ қатъийлик аломат-ларини кўрди.
– Ўн учинчи ой тунида рўй берадиган бунақа ғалати воқеаларни кўпинча тасодиф дейишга тилинг бормайди, – аёл икки дона марварид бўлагидек кўзларини эркакка тикди.
– Сиз япон адабиётини ёқтирасизми?
– Ҳа. Бағоят. Ҳатто севишимни ҳам инкор этмайман. Бамбукнинг ичидан топиб олинган митти қизалоқ мени ҳамон ҳайратга солиб келади. Шундай воқеа бўлганига ишонасизми?
– Кекса Такетори (бамбуккесар) кейинчалик уни қиз қилиб олганини эшитганман. Қизча жуда гўзал ва кичкина бўлган. У саватчада яшаган экан.
Бобур исмли бу эркак университетда ўн икки йилдан буён фалсафа фанидан дарс беради. Унинг табиатига хос бўлган синчковлик ҳозир ўзи суҳбатлашиб турган аёлнинг бундан уч йил илгари янги уйга кўчиб келганида бир-икки кун жиҳозларни жойлаштиришга ёллаганини илғашга ожизлик қилаётганди. Қарилик аломатларининг илк белгиларини қовоқлари остидан сезиш мумкин бўлган аёлнинг исми эса Садоқат эди. У кичик бир фермада сут соғувчи бўлиб ишлайди. Аёл бугун тонгда уч йилдан буён йиғиб қўйган пулларига қимматбаҳо кийимлар сотиб олди. Атир-упаларини янгисига алмаштирди. Унинг болаларникига ўхшаш содда юз қиёфаси ва ишонувчанлиги тезда ҳар қандай кишига маъқул тушарди.
Эркак соатига қаради. Яна ўн дақиқа вақти бор. У аёл билан яқиндан танишиш учун стулнинг бир четига ўтирди. Эркак аёл зотидан бениҳоя жирканишига қарамай ҳозир негадир нотаниш ҳамсуҳбатига яқинроқ сурилди. Буни ўзи ҳам тушунолмади.
“Ахир бунақа зиёли аёллар шаҳарда кўп эмас-ку!”, ўйларди у.
“Илиқ баҳор ҳавоси танадаги қонга сингиб кетади. Бундай пайтда инсон қалбида ҳали ном топилмаган юзлаб ҳиссиётлар борлигига ҳеч шубҳанг қолмайди”, – ўйларди аёл.
– Мен маърузага кеч қолаяпман, – эркак ўрнидан қўзғаларкан, норози бир оҳангда деди. – Аксига олиб ҳали уйга қайтмайман. Аммо бугун кечки овқатни биргаликда, меникида тановвул қилсак, нима дейсиз? Мана уй адресим. Сизни кутаман.
Аёл хотиржамлик билан қоғозга қўл узатди. У шу қадар чиройли жилмайдики, бу кулгунинг ўзида ҳам хайрлашиш, ҳам юракка узоқ вақт азоб берувчи эркалик аломатлари бор эди.
Аёл соат кечки еттига яқинлашганда эгнидаги эски кийимларини ечиб, шкафдан бугун сотиб олинганларини кийди. Сўнгра ойнага қаради. Оддий ферманинг сут соғувчиси энди бутунлай бошқа аёлга айланди. У уйдан чиқиб кетаётганида юзлаб жўнатилмаган мактублар солинган қутини оловга ташлашни унутмади.
Кечки овқат алоқаларни янада мустаҳкамлади. Эркак аёлни ўзи тайёрлаган таомлар билан меҳмон қилди.
«Ахир мен бу кунни уч йил кутдим, – ўйларди аёл. – Уйингга фаррошликка келганимда мени нақадар ёмон кўрардинг. Сен бутун аёл зотини ёқтирмасдинг. Мен эса биргина эътиборинг учун ҳамма нарсага тайёр эдим.»
Садоқат уйқу аралаш кўйлагини излаб топди. У уйнинг иккинчи қаватидаги ётоқхонада ухлаётган эркак учун ёзилган сўнгги мактубни йўқ қилишни унутганди. Бир парча қоғознинг сариқ ҳалқа исканжасида емирилиб боришини кузатиб тураркан, майда-майда бўлакларга бўлиниб ерга сочилиб кетаётган қоп-қора қоғоз парчаларида сўнгги бор имкон қидириб ўз уйига отланаётган аёлнинг маъюс қиёфасини кўрди. Энди ҳеч бир одам ўқий олмайдиган сатрлар эса унинг миясига муҳрланиб қолган эди: «Бугун шаҳидлар хиёбонида ғоят таҳликали умидсизлик таъсирида жон бераман ёки мени қутқарасан!”.