СЎЗБОШИ
Бу ҳикояни ўқиб, унда М.В.Фрунзе ўлимига боғлиқ воқеалар тасвирланган, деган хаёлга бориш мумкин. Шахсан мен Фрунзе билан таниш эмас эдим, уни бор-йўғи икки мартагина кўрганман, холос. Ўлимига доир тафсилотлар менга бутунлай қоронғи. Бундан ташқари, уларнинг аҳамияти ҳам йўқ. Сабаби, бу ҳикоя ҳарбий комиссарнинг ўлимига бағишланган репортаж эмас. Бу ҳақда ўқувчини огоҳлантириб қўйишни бурчим деб биламан. Зеро, ҳикояни ўқиганлар ҳаётда бўлиб ўтган ҳақиқий воқеалар ва тирик одамларни излаб юрмасинлар.
Борис ПИЛНЯК
Воронскийга, дўстона
Биринчи боб
Эрта тонгда шаҳар бўйлаб завод гудокларининг чинқириғи янгради. Кўчаларни тун бўйи босиб ётган кулранг туман судралиб борар, ёмғир майдалаб ёғар эди. Секин-аста тарқала бошлаган бу тонгги совуқ туман ҳавонинг очиқ бўлишидан эмас, аксинча, бугун ҳам диққинафас, оғир, ёмғирли кун келишидан дарак берарди. Гудоклар анча вақтгача қичқириб турди, дастлаб секин, битта, иккита, учта, сўнг кўплаган чинқириқлар тонг олдидан ҳордиқ олаётган шаҳарнинг кулранг осмонига сингиб кетди. Завод гудоклари янграр, шаҳар чеккасидан тинимсиз келиб-кетиб турган поэздларни тортувчи паровозларнинг бўғиқ вишиллаб чийиллаган товуши тўхтовсиз эшитилиб турарди. Буларнинг ҳаммаси оғир туманга ўралган шаҳарнинг ўпкаси ишлаб турганини, у нафас олаётганини билдирарди. Ана шу соатларда таҳририятларнинг босмахоналаридаги босув дастгоҳлари янги газеталарни босиш билан машғул эди. Кўп ўтмай газета боғламларини кўтарган ўсмир болалар босмахона ҳовлиларидан бўм-бўш чорраҳаларга чиқишиб томоқларини қирганча:
— Хитойда Инқилоб! Командарм Гавриловнинг келиши! Командарм касал! — деб кўчани бошига кўтарганча қичқиришга тушадилар.
Айни шу дақиқаларда жанубий вокзалга бир поэзд кириб келди. У махсус поэзд бўлиб, энг охирига кўкиш бўёқлари товланиб турган салон-вагон тиркалган эди. Унинг зиналарида индамас қўриқчи аскарлар тик қотиб турар, деразалари қалин пардалар билан тўсиб қўйилганди. Туни билан тўхтамай юриб келган бу поэзд вокзал биносига секингина кириб, ҳеч қандай сас-садосиз заҳира йўлга ўтиб тўхтади. Перрон бўм-бўш эди. Эшиклар ёнида ёқасига яшил банд тақилган махсус милиция соқчилари қатор тизилишиб туришар эди. Енгига ромблар қадалган учта ҳарбий салон-вагон олдига юриб келди. Баравар чест бериб саломлашдилар, келган кишилар бўсағада тўхтади, қўриқчи вагон ичига қараб кимгадир шипшиб мурожаат қилди, сўнг мазкур уч киши зинадан кўтарилиб, парда орқасида ғойиб бўлди. Вагонда электр чироғи ёнди. Вокзал томидан телефон сими тортаётган икки ҳарбий алоқачи вагон атрофида ғимирлаб юрарди. Мавсумбоп эски палто кийган, аммо бошидаги мўйна телпаги модадан қолган яна бир киши вагон ёнига келди. У ҳеч кимга чест бермади. Бошқалар ҳам унга эътибор қилишмади.
— Николай Ивановичга Попов келди деб айтинглар, — мурожаат қилди у.
Қизил аскар унга хушламай қараб, бошдан-оёғигача разм солиб чиқди, эски бошмоғини кўздан кечирди, сўнг оҳиста жавоб берди:
— Ўртоқ қўмондон ҳали тургани йўқ.
Попов қизил аскарга дўстона кулимсиради, негадир сенсираб, аввалгидан ҳам мулойим гапирди:
— Майли, укажон, сен ичкарига кир, киргинда унга ҳалиги Попов келди, деб қўйгин.
Қизил аскар ичкарига кирди-ю, тез қайтиб чиқди. Шундан кейин Попов вагонга кўтарилди. Салонда пардалар тушириб қўйилгани ва электр чироғи ёниб тургани учун ҳамон тун ҳукмрон эди. Поэзд жанубдан келганиданми, салон жануб ҳавосига тўла эди: анор, апелсин, нок, аъло навли шароб, аъло навли тамаки ҳиди анқиб турар, қуёш нуридан чароғон ўлканинг нафаси уфурар эди. Стол устидаги чироқ ёнида очиб қўйилган китоб ва тарелкада ярми ейилган ёрма бўтқаси турар, бўтқадан нарида ечиб қўйилган тўппонча ғилофи ва узун тасма илондек чўзилиб ётарди. Столнинг нариги чеккасига бўш шишалар териб қўйилган. Енгига ромба қадалган бояги учта ҳарбий стол қаршисига — девор тагига қўйилган тери қопланган ўриндиқларда папкаларини ушлаган кўйи салобат босганидан ювошгина бўлиб жим ўтиришарди. Попов стол олдигача келди, палтоси ва телпагини ечиб, ёнига қўйди ва очиқ турган китобни олиб, кўз югуртира бошлади. Вагон ходими кириб, ҳеч кимга эътибор бермасдан стол устини йиғиштиришга тушди: шишаларни бир бурчакка элтиб қўйди; анор пўчоқларини патнисга олиб, столга дастурхон ёзди, тахсимчада битта стакан, кичкина қадаҳ, иккита тухум, туз, дори солинган шишача келтириб қўйди, парда бурчагини кўтариб ташқарига қаради ва дераза пардаларини бир чеккага қараб сурди, парда боғичлари ғирчиллаб аранг силжиди, электр чироқлари учирилди: салонга ёмғирга тўйинган намчил тонгги куз ҳавоси ёпирилиб кирди. Аммо ҳамма нарсада қандайдир хафагезаклик бордек туюлар эди, бурчакда шароб идишига яшик ва узунасига ўралган гилам кўзга яққол ташланиб турарди. Қўлига салфетка ушлаган вагон хизматчиси эшик ёнида ҳайкалдек туриб олди. Одамларнинг юзи бу совуқ тонгда сарғимтил кўринар, таралаётган хира нур қонли сариқ сувни эслатарди. Остонада вагон хизматчиси ёнида ҳарбий ходим пайдо бўлди: сафар идораси ишга тушди, телефон жиринглай бошлади.
Ана шунда ётоқхонадан қўмондон чиқиб келди. У ўрта бўйли, кенг яғринли, сарғиш киши бўлиб, узун сочлари орқага таралганди. Яшил мовутдан тикилган ва енгига тўртта ромба қадалган ҳарбий гимнастёркаси ғижимланиб кетган эди. Шпорли этиги ярқиратиб мойланганига қарамай, ейилиб кетган пошналари кўп заҳмат чекканидан дарак берарди. Бу фуқаролар урушидаги барча қаҳрамонликлар, минг, ўн минг, юз минглаб кишиларнинг қисмати, минг, ўн минг, юз минглаб кишиларнинг ўлими, азоб-уқубатлари, майиб-мажруҳлиги, совуқ, очарчилик, ўлат, сафар изғиринлари, тўплар наъраси, ўқлар ҳуштаги, тунги гулханлар ва бўронлар, тинкани қуритадиган сафарлар, ғалаба сурури, мағлубият аламлари, яна ва яна ўлимлар билан номи чамбарчас боғланган, не-не машаққатларни елкасида кўтариб, номи афсонага айланиб кетган инсон эди. У армиялар, минглаб одамлар устидан қўмондонлик қилган эди. У ғалабалар, ўлимлар, порох дудлари, синган суяклар, тилка-пора бўлган гўштлар устидан қўмондонлик қилган эди. У қозонган ғалабалар фронт орқасида кўтарилган саноқсиз қизил байроқлар ва минглаб одамларнинг суронли наъралари билан нишонланар, бу ҳақда радиолар бутун дунёга жар солар эди. Бу ғалабалардан кейин қумлоқ рус далаларида чуқур ўралар қазилар ва бу мудҳиш ўраларга минг-минглаб одамларнинг мурдалари кўмиб ташланар эди. Бу одамнинг номи уруш ҳақидаги афсоналар, саркардалик даҳоси, тенгсиз жасорат, мардлик, матонат билан чулғаниб кетган эди. Бу одам минглаб ўзига ўхшаган кишиларни ўлимга жўнатиш ёки сақлаб қолиш ҳуқуқига эга эди. Ҳозир эса салонга кўпчилик қатори ўрта бўйли, кенг яғринли, хушфъел, семинария талабаларидек толиққан қиёфадаги киши кириб келди. Унинг чаққон ҳаракатлари ҳарбий ёки отлиқ аскардан кўра кўпроқ оддий фуқароникига ўхшаб кетарди. Бояги уч ҳарбий уни кўриши билан тик туриб тошдек қотди. Улар учун бу киши армия деб аталадиган улкан машинанинг бошқарувчиси, уларнинг тақдири, биринчи навбатда ҳаёти учун, юксалишлари ёки юзтубан кетишлари учун амру фармон берувчи, ўлим ва фалокатлардан асровчи ҳокими мутлақ қўмондон эди. Қўмондон уларнинг олдида тўхтади, қўл бериб кўришмасдан эркин тураверинглар, дегандек ишора қилди. Ахборотларни тикка турган ҳолда эшитди: улар бир қадам олдинга чиқиб, тик қотган кўйи шахдам овозда қисқа ва аниқ маълумот беришарди. Қўмондон ахборотларни мутлақо эътибор бермасдан эшитгач, уларнинг қўлларини сиқиб қўйди. Ниҳоят, у ёлғиз турган стакан олдига келиб ўтириши биланоқ вагон хизматчиси пайдо бўлди ва ялтироқ чойнакдан чой қуйиб берди. Қўмондон қўлига тухумни олди.
— Ишлар қандай? — сўради у ҳеч қандай расмиятсиз, бепарво оҳангда.
Ҳарбийлардан бири маълумот берди, янгиликларни айтиб бўлгач, эҳтиёткорлик билан сўради:
— Соғлиғингиз қандай, ўртоқ Гаврилов?
Қўмондоннинг юзи дарҳол ўзгариб кетди, у норозилик билан гапирди:
— Мана, Кавказга бориб келдим, даволандим. Энди тузалдим, — сал ўйлаб тургач, — энди соғман, — деди ва яна жим қолди. — Шундай буйруқ беринглар, ҳеч қандай тантаналар, ҳеч қандай фахрий қоровуллар бўлмасин, умуман… — Тағин жим қолди. — Сизларга жавоб, ўртоқлар.
Уч ҳарбий кетиш учун ўрнидан турди. Қўмондон жойидан қўзғалмай, қўл узатди — улар салондан оҳиста чиқиб кетишди. Қўмондон салонга кирган пайтда Попов унга салом бермаган ва китобни варақлаганча ўтираверган эди. Қўмондон ҳам унга қараб қўйган бўлса-да, худди пайқамагандек, саломлашмади. Ҳарбийлар чиқиб кетгандан кейин ҳам қўмондон у билан салом-алик қилиб ўтирмасдан худди кеча кечқурун бирга бўлишгандек, парвосиз сўради:
— Чой ичасанми, Алёша ё шаробми?
Попов жавоб беришга улгурмасдан ёрдамчи кириб келиб, “ўртоқ командарм”га ахборот бера бошлади: — Автомобил платформага туширилди, идорага мактублар келяпти, бир мактуб биринчи рақамли уйдан, уни котиб олиб келди — махфий мактуб — штабда хонадон тайёрлаб қўйилган. Табриклар йўлланган кўплаб хатлар ва телеграммалар бор.
Қўмондон вагонда тураман, деган жавоб билан ёрдамчини чиқариб юборди. У ҳозир ўз армиясига эмас, бегона шаҳарга келганини яхши ҳис қилар эди: унинг ўз шаҳри ва армияси бу ердан минглаб чақирим нарида, у шаҳарда, у ердаги округда ишлари, ташвишлари, машғулотлари, хотини қолди. Вагон ходими Поповнинг жавобини кутиб ўтирмай столга чой ва шароб учун стакан қўйди. Попов бурчакдан чиқиб, қўмондон ёнига ўтирди.
— Соғлиғинг қандай ўзи, Николаша? — сўради Попов туғишганлардек меҳрибонлик билан.
— Соғлиғим — ҳар галгидек тузук, соғ-саломатман, — аммо азизим, тобутим ёнида фахрий қоровулликда туришингга тўғри келадими дейман, — деди Гаврилов, у ҳазиллашяптими, жиддий гапиряптими — билиб бўлмасди: ҳар ҳолда овозида аччиқ киноя бордек туюларди.
Бу икки киши — Попов билан Гаврилов — эскидан қалин дўст эдилар. Улар олис ёшликдан фабрикада яширин ташкилотга аъзо бўлган, Орехово-Зуэвода тўқувчилик қилган даврларидан бери бирга эдилар. Ёшликда Клязма дарёси кириб ғойиб бўладиган Клязма ўрмонлари орқасидаги Покров шаҳрига элтадиган йўл бўйида — кимсасиз Покров монастрида тўгаракчи “иштонсиз” тўқувчи ёшларнинг йиғилишлари, тақиқланган китоблар, худди инжилдек авайлаб “Дон чақириқлари” ва “Искра”ни ўқиганлари, ишчи казармалари, йиғинлар, учрашувлар, бешинчи йилда ишчиларнинг боши узра визиллаб учган казак ўқлари ва қамчилар ўйнаган стантсиядаги катта майдонлар; кейин биргаликда Богородскийдаги қамоқ азоблари, сўнг инқилоб йўлини танлаган болшевикларга хос — сургун, қочиш, яширин ҳаракат, Таган қамоқхонаси, қочиш, хорижга кетиш, Париж, Вена, Чикаго; ўн тўртинчи йилдаги қора булутлар, Бриндизи, Салоники, Руминия, Киэв, Москва, Петербург — ўн еттинчи йил момақалдироқлари: Смолний, Октябр, Москва Кремли устида тўплар наъраси ва уларнинг бири — Ростов-Дондаги Қизил гвардия штаби бошлиғи, иккинчиси Тула пролетарлар ҳаракатининг етакчиси; бири — уруш, ғалабалар, тўплар, одамлар, ўлим қўмондони, иккинчиси — губкомлар, исполкомлар, ВСНХ, конферентсиялар, мажлислар, лойиҳалар ва докладлар иштирокчиси. Иккиси учун ҳам ҳаётнинг маъноси, яшашдан мақсад буюк жаҳон инқилобини амалга ошириш, бутун дунёда адолат ва ҳақиқат ўрнатиш йўлида курашишдан иборат. Улар бир-бири учун бир умрлик дўст: Николаша, Алексей, Алёшка бўлиб қолган эдилар. Улар учун амал, мартаба, мансаб даражасининг аҳамияти йўқ эди.
— Менга очиқчасига айтавер, Николаша, касалинг оғирми? — сўради Попов.
— Биласанми, менда ошқозон яраси пайдо бўлган ёки бўлиши мумкин. Ўзингга маълум-ку, оғриқлар, қон қусиш, оғир жиғилдон қайнашлари — бари ўтиб кетди, — қўмондон Алексейга энгашди. — Мени Кавказга жўнатишди, даволашди, оғриқлар тузалди, ишга тушдим, ярим йил ишлаганимдан кейин яна кўнгил айниш ва оғриқлар бошланди, яна Кавказга бордим. Ҳозир яна оғриқлар ўтиб кетди, ўзимни синаб кўрай деб бир шиша шароб ичдим… — Қўмондон сўзлашдан тўхтади: — Алёшка, шароб ичишни хоҳласанг, ана, тахта тагида турибди. Сенга деб бир қути олиб келганман. Оғзини оч.
Кафтлари билан бошини чангаллаб ўтирган Попов жавоб берди:
— Йўқ, мен эрталабдан ичмайман. Гапиравер.
— Аҳвол мана шундай, соғлиғим жойида. — Қўмондон жим қолди. — Айт-чи, Алёшка, мени нега бу ёққа чақиришдийкин, билмайсанми?
— Билмайман.
— Буйруқ олдим — Кавказнинг ўзидан тўғри етиб келиш ҳақида, ҳатто хотинимнинг олдигаям боролмадим. — Қўмондон жим қолди. — Ким билсин, нима бўлаяпти? Армиядаги ишлар жойида, съездлар, бошқа тадбирлар йўқ… Ўзинг Кавказда бўлганмисан? Ҳақиқатан ҳам ажойиб ўлка, — бизда уни шоирлар ярим кунлик жой деб аташади, — бу сўзнинг маъносини яхши тушунмайман, ҳақиқатан ҳам ҳар гал ярим кун тургандек бўламан. Бордиму қайтдим!.. — Анор ейсанми, Алёша? Менга мумкин эмас, ёрдамчиларимни сийлаяпман. — Яхши қиламанми?
Қўмондон армия ҳақида гапирди, у тўқувчилигини аллақачон унутган — Қизил Армия саркардаси ва қизил генералга айланганди; қўмондон Орехово-Зуэво ҳақида, у ерда ўтган дамлар ҳақида жўшиб гапирар экан, чамаси қай тарзда тўқувчи бўлганини, ана шу кезларда дарё ёқасида яшайдиган ўқитувчини севиб қолгани, уни деб ялтиллатиб мойланган этигига чанг юқтирмаслик учун мактаб олдигача ялангоёқ боргани ва мактаб зинаси ёнига келгандагина қайта кийгани, унга атаб ипак боғич боғланган гулдаста ва кетворган а-ля шляпаси сотиб олгани, сўнг гап-сўзлари ўқилган китоблардан нарига ўтмагани, оқибатда ўқитувчи рад этгани туфайли орзиқиб кутилган роман рўёбга чиқмаганини эсламади, албатта. Тўқувчи-қўмондон саранжом-сариштали яхши одам бўлиб, ҳазиллашишни севар ва ҳамма нарсадан кулгили вазиятлар чиқара биларди, у дўсти билан ҳазил-ҳузул қилиб чақчақлашиб ўтирар экан, вақти-вақти билан нега чақирилгани эсига тушиб, безовталиги ошар, ана шунда яна соғлом тўқувчига айланиб, бемор қўмондон ҳақида гапира бошларди: “Амалдор, фелдмаршал, сенатор эмиш! Маржумак бўтқасини емайман дейди-я… Ҳа, оғайни, тсека* одамларни ўйнатади, қўшиқдан сўзни олиб ташлаб бўлмайди-ку!” — деб жим бўлиб қоларди.
— Николаша, нимадан шубҳаланаётганингни очиқ тушунтириб берсанг-чи? — деди Попов. — Фахрий қоровул деб валақлаганинг нимаси?
Қўмондон дарров жавоб қайтармади, сўнг оҳиста:
— Ростовда Потапни учратиб қолдим (у ўн саккизинчи йилнинг “шонли қаҳрамонлари”дан бўлган машҳур инқилобчини партиявий лақаби билан тилга олди), шунда у айтдики… мени операцияга ётишга кўндиришга уринди, ярани кесишми ёки тикиб қўйиш дейсанми, хуллас, шу нарсага қилган даъвати менга шубҳали туюлди. — Қўмондон жим бўлиб қолди. — Мен ўзимни соғлом ҳис этаяпман, бутун вужудим операцияга қарши турипти, хоҳламайман, шундоғам яхши тузаляпман. Оғриқлар йўқолди, ҳатто семира бошладим, яна ким билади дейсан… — кап-катта одам, қария, амалдор, — қорнимга қараб ўтирибман. Уят. — Қўмондон жим қолди, сўнг очиқ турган китобни қўлига олди. — Толстойни — қарияни ўқияпман — “Болалик ва ўсмирлик”ни, — қария қотириб ёзган-да, турмушни нозик ҳис қилади, қонниям… Мен қонни кўп кўрдим, аммо… операциядан ёш бола сингари қўрқаман, тилиб ташлашларини хоҳламайман… Қария одам қони нималигини яхши англаган.
Ёрдамчи кириб, тик турганча штабдан маълумотлар келтиришгани, биринчи рақамли уйдан қўмондон учун машина юборишганини, у ерга бориш зарурлигини, янги телеграммалар олинганини, жанубдан жўнатилган юкларни олиш учун кимдир келганини айтиб, батафсил ахборот бера бошлади. У стол устига бир тўда газеталарни қўйди. Қўмондон ёрдамчига жавоб берди ва шинел келтиришни буюрди. Қўмондон газетани ёйиб кўрди. Муҳим воқеалар ёритиладиган жойда: “Қўмондон Гавриловнинг келиши” деган сарлавҳа бор эди. Учинчи бетда эса “Бугун қўмондон Гаврилов ўз армиясини вақтинча тарк этиб, ошқозонидаги ярасини операция қилдириш учун пойтахтга келди”, деб ёзилганди. Яна шу хабарда “ўртоқ Гавриловнинг соғлиғи ташвиш туғдиради”, аммо “профессорлар операция яхши ўтишига кафолот бермоқдалар”, деб илова қилинганди. Инқилобнинг эски жангчиси, аскар, қўмондон, саркарда, минглаб одамларни — уруш тақдирини ҳал қилиш учун ўлимга маҳкум қилинган одамларни жангга юборадиган ва қон билан ғалаба қозонадиган Гаврилов стул суянчиғини орқага сурди, қўли билан пешонасини артиб, Поповга диққат билан тикилиб туриб гапирди:
— Алёшка, эшитаяпсанми? — булар беҳуда эмас. — Ҳ-ҳа. Нима қилиш керак? — ва қичқирди: — Соқчи, шинелни келтир!
Соат кундузги ўн бир бўлган эди, шаҳар бўйлаб куннинг яшил лойқаси судралар, очиғини айтганда, бу яшил лойқа кўзга кўринмасди, чунки кўплаб бинолар қад кўтарган бир парча ер устида шаҳар машиналари — аравакаш отларни, трамвай ва автобусларни, уйлардаги йиғиштирилмаган тўшакдан тортиб, қирғоқ бўйлаб машқ қилаётган аскарларгача, бухгалтерлик заллари ва ҳарбий халқ комиссарияти хоналарининг баланд шифтларига қадар ёйилган сукунат — ҳамма нарсани чир айлантирадиган, бураб ташлайдиган, одамларни дастгоҳлар, столлар, идоралар, автомобиллар ёнига, кўчага дарёдек оқизиб борадиган шаҳарнинг мураккаб машиналари сурони остида кундузги кулранг ҳаво, ёғингарчилик, пилчиллаган яшил лойқа билинмай кетар эди.
Иккинчи боб
Шаҳарнинг икки катта кўчаси туташган, автомобиллар, одамлар, от аравалар турнақатор бўлиб кесиб ўтадиган жойда — панжаралар ортида устунли муҳташам иморат қад кўтарган эди. Панжаралар ортидаги бу иморат юз йиллардан бери мана шу ерда тинч мудроқ босган кўйи жим туради. Иморат пештоқларига ҳеч қандай лавҳа илинган эмас.
… Туш чоғида мана шу биринчи рақамли уй олдига усти ёпиқ “Ройс” машинаси келиб тўхтади. Соқчи эшикни очди, лимузин ичидан қўмондон тушди.
… Уйнинг нариги чеккасидаги хона ойналарида пардалар ярим тушириб қўйилган; дераза орқасида серҳаракат кўча кўзга ташланади; хонада камин ёниб турибди; столда — қизил мовут устида учта телефон аппарати бўлиб, уларнинг қўнғироқлари каминдаги тараша чирсиллашига қўшилиб, хона сукутини бузарди, хонага ўрнатилган учта телефон аппарати — шаҳарнинг учта қон томирига айланиб, сукунат қаъридан туриб шаҳар устидан ҳукмронлик қилар, шаҳардаги ҳамма янгиликлар ана шу шоҳ томирларга келиб тушар эди. Стол устида бронзадан қуйилган ҳашамдор ёзув асбоблари турар, қаламдонга ўнга яқин қизил ва кўк қаламлар солиб қўйилганди. Хона деворида, ёзув столи орқасида бир жуфт қулоқчинли радио осилган, қабулхона қўнғироғию “ҳарбий тревога” тугмасигача қатор саф тортган эди. Ёзув столининг қаршисида чарм ўриндиқ. Стол орқасидаги ёғоч стулда эгилмайдиган одам ўтирарди. Дераза пардалари ярим туширилган, ёзув столидаги яшил абажурда электр чироғи ёниб тургани учун эгилмас одамнинг юзини кўриб бўлмас эди.
Қўмондон гилам устидан юриб келиб, чарм ўриндиққа ўтирди.
Биринчи — эгилмас одам:
— Гаврилов, сен билан инқилоб тегирмони ҳақида гаплашиб ўтирмаймиз. Афсуски, тарих ғилдираги, айниқса, инқилоб ғилдираги, мен шундай ўйлайман, кўп ҳолларда ўлим ва қон билан ҳаракат қилади. Қон билан ўлим нималигини яхши биласан. Иккимиз оч-яланғоч қизил аскарларни Екатериновга бошлаб борганимиз эсингдами? Сенда милтиқ бор эди, менда ҳам. Снаряд тушиб, отинг нобуд бўлди, сен пиёда қолдинг. Қизил аскарлар орқага қоча бошладилар, уларни тўхтатиш учун қўлингдаги наган билан биттасини отиб ташладинг. Командир, қўрқоқлик қилганимда мени ҳам отиб ташлар эдинг ва буни мен тўғри деб ҳисоблайман.
Иккинчи, қўмондон:
— Эй, сен бу ерга қандай жойлашиб қолдинг, министрга ўхшайсан-а? Бу ерда чекиш мумкинми? Мен кулдонни кўрмаяпман.
Биринчи:
— Чекма, кераги йўқ. Соғлиғингга тўғри келмайди. Мен чекмайман.
Иккинчи, кескин, тез:
— Ортиқча ҳашамсиз гапиравер, нимага чақирдинг? Дипломатчилигинг кимга керак? Гапир!
Биринчи: — Шунинг учун чақирдимки, сени операция қилиш зарур. Сен инқилобга керакли одамсан. Профессорларни чақирдим, улар бир ойда оёққа туриб кетади дейишмоқда. Буни инқилоб талаб қилади. Профессорлар кутиб ўтиришибди, сени кўришади, текширишади. Буйруқ бериб қўйганман. Ҳатто битта немис ҳам келди.
Иккинчи: — Нима десанг деявер, мен барибир чекаман. Менинг шифокорларим операциянинг кераги йўқ, ўзи битиб кетади, дейишди. Ўзимни соғлом ҳис қилаяпман, ҳеч қандай операция керак эмас, мен хоҳламайман.
Биринчи қўлини орқасига қўйди, девордаги тугмани босди, котиб овоз чиқармай кирди, биринчи сўради: “Қабулга турганлар борми?” — Котиб бош силкиди. Биринчи ҳеч нарса демасдан котибни чиқариб юборди.
Биринчи:
— Ўртоқ қўмондон, тўрт минг одамни аниқ кўриниб турган ўлимга юбориш керакми, йўқми, деб баҳслашганимизни эслайсанми? Сен жўнатишга буйруқ бердинг. Тўғри қилдинг. — Уч ҳафтадан кейин ўрнингдан туриб кетасан. Мени кечирасан, буйруқ бериб қўйганман.
Телефон жиринглади, у шаҳарники эмас, ички — ўттиз-қирқта симлардан бири эди. Биринчи дастани кўтарди, тинглади, қайта гапирди: — “Нотами, франтсузларгами? — албатта расмий, кеча келишганимиздек. Бирга хонбалиқ овлаган пайтларимизни эслаб турасанми? Франтсузлар жуда тегманозик бўлишади. Қандай? Ҳа, ҳа, бураб қўй. Ҳозирча”.
Биринчи:
— Мени кечирасан, ўртоқ Гаврилов, бошқа гапга ўрин қолмади.
Қўмондон папиросни охиригача чекди, қолдиғини кўк ва қизил қаламлар орасига тиқиб қўйиб, ўрнидан турди.
Қўмондон:
— Хайр.
Биринчи:
— Ҳозирча.
Қўмондон қизил гиламча устидан юриб остонага чиқди, “Ройс” уни сершовқин кўча бўйлаб олиб кетди. Эгилмайдиган одам хонада қолди. Ҳузурига бошқа ҳеч ким кирмади. Қўлида қизил қалам ушлаб, энгашмаган кўйи қоғоз титиб ўтирди. Тугмачани босди — котиб кирди, унга топшириқ берди: “Қаламдон ичидаги қолдиқни олиб ташлаш чорасини кўринг”. Яна қизил қаламни ушлаб, қоғозларни ўқишга тушди. Бир-икки соат ўтди, мансабдор қоғозларни титди, ишлади. Фақат бир марта телефон жиринглади, у тинглаб жавоб берди. “Туркистондаги товарсиз ўпқонни бекитиш учун икки миллионлик калиш ва мануфактура. Ҳа, ўз-ўзидан равшан. Ҳа, боравер. Ҳозирча”. Товуш чиқармай хизматчи кирди ва ойна ёнидаги столга патнисда устига салфетка ёпилган бир стакан чой билан бир парча яхна гўшт қўйиб кетди. Эгилмайдиган одам котибни яна чақириб сўради: “Махфий маълумот тайёрми?” — Мансабдор катта қоғозни олиб, ташқи ишлар халқ комиссариати, ОГПУнинг Сиёсий ва Иқтисодий бўлимлари, Ташқи Савдо халқ комиссариати, Меҳнат халқ комиссариатига боғлиқ рукнларни анча вақт кўздан кечириб ўтирди. Шундан кейин хонага бирин-бирин учликка* мансуб одамлар — ҳукм юритувчилар кириб келишди.
Туман қуйқасига беланган сарғиш тун шаҳар бўйлаб судралиб борарди. Соат учларга яқин йўлкалар ва ҳаво кўкиш, кулранг тусга кира бошлади.
Соат тўртда шаҳарнинг хўл фонарлари фоҳишаларнинг им қоқаётган кўзларига ўхшаб ёна бошлаган, кўчалар одамга тўлиб, автомобилларнинг шовқини, завод гудоклари ва поэздларнинг чинқириғи, трамвайларнинг тарақ-туруғи ҳамма ёқни тутган паллада чеккадаги иккинчи уй олдига бир неча автомобил келиб тўхтади. Уй қоронғилик пардасига чулғанган, айни шу қоронғилик рутубатли нам ҳавони иситиб берадигандек туюларди. Уйнинг дарё қирғоғидаги кенгликларга қараган деразалари сўнгги шафақ нурларида товланар, шафақ у ёқда, кенгликлардан нарида тирқишдан таралаётгандек ёйилиб, қотиб қолган қон томчиларига ўхшаб кўринар эди. — Эшик олдида пешбанд боғлаб, пийма кийган фаррош ғимиллар, икки миллитсионер тик қотиб турарди. Ичкарида — уйга кираверишда ҳам икки милитсионер бор эди. Иккита Қизил Байроқ нишонини таққан қизил қўмондон новдадек силлиқ, чаққон икки қизил аскар ҳамроҳлигида даҳлизга кирди. Ҳордиқ пайти бўлгани учун хоналарда сукунат ҳукм сурар, фақат узоқ бурчакдан ҳамширанинг ниҳоятда паст овозда дарё қирғоғида тўлқинларга тикилиб ўтиришни қўмсаб куйлаётган қўшиғи аранг эшитиларди. Қизил командир ва қизил аскарларни остонада оқ халатли киши кутиб олди. “Ҳа-ҳа-ҳа, биласизми?” — шу заҳотиёқ ҳамширанинг дарё тўлқинлари ҳақидаги қўшиғи тинди. Қабулхона деразалари дарё қирғоғига қараган бўлиб, парда тутилмаган эди. Деворлар оқ бўёқлар билан бўялган, шифтдаги электр чироғидан оқ нур тараларди. Телефонлар кўринмасди. Хона катта ва бўмбўш эди. Ўртада оқ клеёнкали стол, унинг атрофида темир йўллардагига ўхшаш суянчиқлари баланд клеёнкали стуллар қўйилганди. Девор ёнида оқ чойшаб ёпилган диван ва ёғоч курсилар. Бурчакдаги чаноқ устига ўрнатилган ойнабанд токчаларга ҳар хил ҳажмли турли-туман идишлар, симобли шиша, яшил совун солинган банка терилган, ёнига охорланмаган сариқ сочиқ осилган эди. Биринчи автомобилда профессорлар, терапевтлар, жарроҳлар келишганди. Белбурма камзул ва қора нимча кийган одамлар қабулхонага киришди, бу одамлар дарҳол камзулларини ечиб, оқ халат кийиб олишди. Деразалардаги қон ранг шафақ шуълалари ўлди. Одамлар кириб салом беришар, уларни баланд бўйли, серсоқол, хушфеъл, қалин сочли хўжайин кутиб олар эди. Фан, айниқса, тиббиёт олимлари, аксари ҳолларда негадир бадбашара кўринади: ё ёноқлари яхши ўсмаган, ё ниҳоятда бўртган бўлади, оқибатда ёноқлар қулоқдан ошиб кетади; кўзларига ҳамиша кўзойнак қўндирилган, кўзойнак эса ҳатто кўз халтасини энг чеккасида осилиб турган бўлади; тақдир кўпчилигини сочдан сиқиб қўяди, сийрак соқоли бўйнида ўсади, баъзиларининг сочи ёноғи ва иягидагина эмас, бурнида ёки қулоғида ҳам димиқиб ўсаверади, айни шу ҳолат туфайли бу олимлар давраси жинни-ғинни одамлар тўдасига ўхшаб кўринади, гўё ҳар бир олим албатта телбаваш бўладигандек бу телбавашлик эса уларни бағоят ўқимишли қилиб кўрсатадигандек эди. Аммо бундай телба-тескарилик ҳозир қабулхонада кўзга ташланмасди. Хўжайин сифатида кутиб олаётган жарроҳ профессорнинг қалин туклари бурнида ҳам тиккайиб турар, бурун учига қўндирилган кичик кўзойнагигина уни телбаваш қиёфада кўрсатарди. Ўттиз беш ёшлардаги, ялтирбош, камзул кийиб, пенсне таққан, кўзлари ичига ботиб кетган профессор Лозовский мезбон қаршисига келди.
— Ҳа-ҳа-ҳа, биласизми?
Ялтирбош серсоч хўжайинга сурғичли муҳри бузилган конвертни узатди. Серсоч киши ичидаги қоғозни олди, кўзойнагини тўғрилаб, ўқиди, яна кўзойнагини тўғрилади, таажжубланди ва қоғозни учини кишига узатди.
Ялтирбош тантанали оҳангда:
— Махфий қоғоз, кўряпсизми, буйруқ ўрнида. Уни менга эрталаб келтириб беришди. Тушуняпсизми?
Биринчи, иккинчи, учинчи одам паст овозда шоша-пиша гапга тушиб кетишди.
— Консилиумга ҳожат бормикан?
— Мени шошилинч тарзда юборишди. Университет ректори номига телеграмма жўнатишибди.
— Биласизми, қўмондон Гаврилов — ҳалиги… айни шунинг ўзими?
— Ҳа-ҳа-ҳа, нима дейсиз, — инқилоб, армия қўмондони, формула, — ва — мар-ҳа-мат.
— Консилиум.
— Жаноблар. Гавриловнинг ўзини кўрдингларми — қанақа одам экан?
— Ҳа-ҳа-ҳа, биласизми, биродар.
Тик тушиб турган электр нурида соялар тебранади.
Шафақ сўниб, дарё қирғоғидаги ялангликни зулмат босди. Бири иккинчисининг халатидаги тугмани ушлаб, учинчиси наригисини қўлтиғидан олиб хонада юриб гаплаша бошладилар. Биринчи, иккинчи, учинчи баланд овозда, шошилмай, хотиржам мулоқотга киришмоқда эди.
— Профессор Оппелнинг жарроҳлар съездида ички секретсия безлари ҳақидаги нутқида мен ўн икки бармоқли ичакка оппонентлик қилдим.
— Бугун Олимлар уйида…
— Раҳмат, хотиним соппа-соғ, катта колит безовта қилиб туради. Екатерина Петровна яхшими?
— Павел Иванович, “Жамоатчи шифокор”да мақолангиз…
Ниҳоят, эшик орқасида қизил аскарларнинг милтиғи шарақлаб, пошналари тарақлади, қизил аскарлар кириб, тик қотиб туришди, остонада баланд бўйли, новдадек хипча, кўкрагига Қизил Байроқ ордени тақилган ёшгина йигит пайдо бўлди ва эшик ёнида жой эгаллагандан кейин, — қўмондон шиддат билан кириб келди, қўли билан сочини орқага тараб, гимнастеркаси ёқасини тузатди ва:
— Салом, ўртоқлар. Ечинишга буйруқ берасизларми? — деб сўради.
Шунда — профессорлар стол атрофидаги клеёнка тортилган стулларга ўтириб, тирсакларини столга тирадилар, қўлларини чалиштириб, кўзойнак ва пенснеларини тўғрилагандан кейин беморни ўтиришга таклиф қилдилар. Пакет келтирган пенснели ялтирбош сочи қалин кишига мурожаат қилди:
— Павел Иванович, сиз примус интер парес сифатида, ўйлайманки, раислик қилишга қаршилик билдирмассиз? — Ечинишим керакми? — сўради қўмондон ва қўллари билан ёқасини ушлади.
Консилиум раиси Павел Иванович қўмондоннинг саволини эшитмагандек бўлиб, раислик ўрнига ўтирар экан, оҳиста гап бошлади:
— Ўйлайманки, бемор касаллик аломатларини қачондан бошлаб ҳис қилганини, қандай патологик белгилар аниқланганини бизга айтиб беради. Шундан кейин беморни кўришга ўтамиз.
… Профессорларнинг мазкур кенгашидан кейин шифокорларга хос тушуниб бўлмайдиган хат билан ёзилган бир варақ қоғоз қолди, қоғоз сариқ, чизиқсиз эди, у пала-партиш йиртиб олинган, бунинг устига, сифатсиз ёғочдан тайёрланган ва мутахассислар, инженерларнинг далолатига кўра етти йилда чириб битадиган матоҳ эди.
Профессор фалончи фалончи, проф. фалончи фалончи, проф. фалончи фалончи (этти марта такрорланади) иштирокида ўтган консилиум қарори.
Бемор фуқаро Николой Иванович Гаврилов ошқозон ости оғриғи, қусиш, жиғилдон қайнашидан шикоят қилади. Хасталик ўзи сезмаган ҳолда икки йил олдин бошланган. Фақат амбулаторияда даволанган ва курортларга борган, аммо фойдаси бўлмаган. Беморнинг илтимосига мувофиқ юқоридаги шахслар томонидан консилиум ўтказилди.
Статус праэсенс. Беморнинг умумий аҳволи қониқарли. Ўпкаси — Н. Юрак томони бироз кенгайгани сезилади, томири тез уради. Оз миқдорда неурастениа. Ошқозонидан бошқа аъзоларида паталогик ўзгаришлар кўринмайди. Беморда улcус вентриcули тахмин қилинади ва уни тез операция қилиш зарур.
Консилиум беморни операция қилишга профессор Анатолий Кузмич Лозовскийни тавсия этади. Проф. Павел Иванович Кокосов операцияда ёрдамчи бўлишга розилик билдирди.
Йил, число, етти профессор имзоси.
Кейинчалик, операция бўлиб ўтгандан сўнг, шахсий мулоқотлар пайтида профессорлардан биронтаси ҳам операция қилиш зарур деб қатъий фикр билдирмагани, аксинча, яра жарроҳлик аралашувисиз тузалиб кетади деган тўхтамда бўлгани аниқланди — аммо бу ҳақда консилиумда ҳеч ким гапирмаган, фақат камгап немисгина операцияга ҳожат йўқлигини айтган, ҳамкасблари индамагандан сўнг у сўзини ўтказишга уринмаган, айни чоқда, консилиумдан кейин Олимлар уйига кетишаётганда кўзлари соч чакалаклари остида қолган профессор Кокосов автомобилга ўтирар экан, профессор Лозовскийга: “— Хўш, биласизми, сизга айтсам, агар шу касаллик укамда бўлганда, операция қилиб ўтирмасдим” деган, бунга профессор Лозовский: “— Ҳа, албатта, аммо… аммо, бу хавфсиз операция…” — деб жавоб берган. Автомобил тариллаб юриб кетган. Лозовский палтосининг барини тўғрилаб яхшилаб жойлашиб олгандан кейин шофёр эшитмасин деб шивирлаб гапирган:
— Гаврилов деганлари қўрқинчли одам экан, қилт этмасдан “эчинишга буйруқ берасизларми?” дейди-я, мен ҳам аслида операцияни ортиқча деб биламан, — аммо, ўртоқлар, сизлар уни зарур ҳисобласанглар, менга вақтини ва жойини айтсанглар бас, операция қилинадиган жойга дарҳол етиб бораман”. — Фикри аниқ ва қисқа.
— Ҳа-ҳа-ҳа, биродар, биласизми, — болшевик, биласизми, нима ҳам қила олардик, — деган Кокосов.
Айни шу куни кечқурун, шу соатда, кинода, театрларда, варетеда, қаҳвахона ва пивохоналарда минглаб одамлар ғужғон ўйнаган, ўйинқароқ автомобиллар кўчадаги кўлмакларни чироқлари билан ёритиб, йўл чеккаларидаги фонарлар шуъласи ғалати кўринаётган одамлар тўдасини қоронғиликдан юлиб олаётган пайтда, театрлар замон ва маконни бирлаштириб, греклар, оссурияликлар, рус ва хитой ишчилари, Америка ва СССР республикачилари ҳақида сафсата сотаётган, актёрлар бутун ҳунарини ишга солиб томошабинларни дарғазаб бўлишга ёки гулдурос қарсак чалишга мажбур қилаётган айни шу паллада шаҳар устида, кўлмаклар, уйлар тепасида мазкур шаҳарга кераги бўлмаган ой кўтарилиб чиқди: булутлар илдам югуриб боришар, осмондаги кўк булутлар ва қора ўпқонлар узра оппоқ ой қўрқиб кетгандек шошилар, қочар, қаэргадир улгуриш, қаэргадир кечикмаслик учун ошиқар эди.
Айни шу дақиқаларда биринчи рақамли уйдаги эгилмас одам ҳамон ўз хонасида ўтирарди. Деразалар қалин пардалар билан тўсилган, камин ёниб турар эди. Бино сукунат ичра ўлган, бу сукунат юз йиллардан бери давом этиб келаётгандек туюларди. Эгилмас одам олдида немис ва инглиз тилларида ёзилган қалин китоблар очиқ турарди, — у сиёҳли ручкада рус тилида чиройли дастхат билан немис лаинен-Постига ёзиб ўтирарди. Олдидаги очиқ китоблар давлат, ҳуқуқ ва ҳокимият ҳақида эди.
Хонага шифтдан ёруғ тушиб турар ва энди бу кишининг башарасини кўриш мумкин эди: у ҳафақон, ҳатто, айтиш мумкинки, бағритош одамдек кўринар, бутун диққати бир нуқтага йиғилган, толиққанлиги сезилмасди, одам китоблар ва блокнотларни титиб узоқ ўтирди. Сўнг тугмачани босган эди, олдига стенографистка кирди. У ўқиб туриб, ёздира бошлади. Нутқидаги асосий урғу СССР, Америка, Англия, ер юзи ва СССР, инглиз стерлинглари ва рус буғдой пудлари, америка оғир индустрияси ва хитой ишчи қўлларига қаратилган эди. Одам баланд овозда, ишонч билан гапирар, ҳар бир жумласи пухта, аниқ бўлиб қуюлиб келарди.
Шаҳар узра ой кезар эди.
Айни шу дақиқаларда қўмондон катта меҳмонхонада Поповнинг ҳужрасида ўтирарди, бу ерга ўрнашган коммунистлар ўн саккизинчи йилдаги қўзғолон пайтида бир-бирига мадад бериши учун кўчиб келишганди. Хона кенг, яхши жиҳозланганига қарамай ҳамма меҳмонхоналар каби бу ер омонат манзил эканлигини, вақти келиб уни тарк этиш лозимлигини сездириб турарди. Улар уч киши эдилар: Гаврилов, Попов ва унинг икки ёшли қизчаси Наташка. Попов диванда чўзилиб ётар, Гаврилов Наташкани тиззасига ўтқазиб ўйнатиб ўтирар эди. Гаврилов гугурт ёқди; болалар сирли нарсаларга ҳайрат билан боқишади, ана шу ҳолатнинг ўзида ҳам одамни ҳайратга соладиган нимадир бор. Наташка лунжини шишириб, лабларини чўзар ва оловни пуфлаб ўчиришга уринарди, аммо дами етмас эди. Ниҳоят, гугурт ёниб битгандан кейин Наташканинг мовий кўзларида сирли бир ҳаяжон, шодлик ва қўрқув акс этар, буни кўргач, яна битта гугурт чўпини ёндириб, Наташкани хурсанд қилмасликнинг иложи йўқ эди. Кейин Гаврилов Наташкани ухлатмоқчи бўлди, тўшаги ёнида ўтириб: “Сен кўзларингни юм, мен қўшиқ айтиб бераман”, — деди ва куйлашга тушди, у дуруст куйлай олмас, қўшиқни ҳам шу заҳоти ўзи тўқиб чиқарганди:
Эчки келиб куйлади:
“Ухла қўзим ухла, ухла”, —
сўнг жилмайиб, Наташкага ва Поповга айёрона қараб қўйди, миясига тўсатдан келиб қолган ва “ухла, ухла, ухла, ухла” сўзларига оҳангдош мисралар топиб, келишмаган овозда яна куйлади:
Эчки келиб куйлади:
“Ухла, қўзим, ухла,ухла, ухла…
Аммо сийиб қўймагин тағин…
Наташка кўзини очиб жилмайди, Гаврилов эса сўнгги икки мисрани келишмаган (аслида ниҳоятда ёмон) овозда Наташка ухлаб қолгунча куйлади.
Кейин Гаврилов билан Попов иккаласи чой ичишди. Попов оқ эмал билан “ўртоқ Поповга Октябр Инқилобининг 5 йиллиги шарафига Лисев заводининг ишчиларидан совға” деб ёзилган қизил чойнакни кўтариб бориб ошхонадаги кубдан қайноқ сув қуйиб келди. Газета устига стаканлар, тарелкада ёғ ва пишлоқ қўйди, бир халтачада қант, бошқасида нон бор эди. Попов: “Николка, ёрма бўтқа пишириб берайми?” — деб сўради.
Бир-бирига қарама-қарши ўтиришди, паст овозда оҳиста гаплашишди, шошиладиган жойи йўқ эди, чойни кўп ичишди, Гаврилов гимнастёркасининг ёқасини ечиб қўйиб тахсимчада ичди. Ҳар хил майда-чуйдалар ҳақида гаплашиб ўтиришди. Иккинчи стакан ичилгандан кейин Попов яримлаб қолган идишни суриб қўйди ва анча жим тургандан кейин дардини айтди:
— Николка, мени Зоям кетиб қолди, қизалоқни қўлимга тутқазиб, қандайдир бир инженерникига кетди, ким билсин, илгаридан дон олишиб юрганми? Уни қоралаб, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб ўтирмайман, аммо хайр-хўшламай, узр сўрамай, қанжиқ итдек қочиб кетганини айтмасам бўлмайди. Мени ҳеч қачон севмаган эди дейишгаям тилим бормайди, имтиёзлардан роса фойдаланиб, барибир шойи пайпоқлар, атр-упалар, пудраларга учиб қочиб кетди. Алам қилар экан, уни фронтда сассиқ ўрадан чиқариб олиб, авайлаб асрадим, парваришладим, севдим, тентак бўлиб, бағримда ушлаб юрган эканман, у эса оқсуяк экан, бегонага илакишиб, беш йил меҳрибонлик кўрсатган одамга тупуриб кетди…
Попов бу можарога доир майда-чуйдаларни, айнан майда-чуйда бўлганлиги учун дилни ғаш қиладиган тафсилотларни батафсил сўзлаб берди. Гап болаларга бориб тақалганда Гаврилов қариб қолган ва ўзи учун дунёда ягона бўлган хотинини тилга олди. Наташа ҳақида кўп гаплашишди, айниқса ҳозир, Попов уни тувакка ўтказишни ҳам, алла айтиб ухлатишни ҳам билмайдиган пайтда нима қилиш лозимлиги ҳақида маслаҳатлашишди. Попов унга Водовозов, Монтессори, Пинкевичларнинг китобларини кўрсатди ва қўлларини кенг ёзди. Бутун суҳбат давомида совиб қолган чойни ичишди.
Ой шаҳар устидан шошилиб борарди. Шаҳар кўчалари бўшаб, тунги ҳордиқ олаётган, қишлоқларда хўрозлар чақираётган, одамлар кечки таомни ҳазм қилиб, кундузи бажарилган ишларнинг ҳисоб-китобини тамомлаб, эрлар, хотинлар, ошиқлар, маъшуқалар тўшакда ором оғушига чўмган паллада Гаврилов Поповникидан чиқди.
— Менга ўқиш учун бирон нарса бериб тур, фақат биласанми, содда бўлсин, яхши кишилар, ишқий саргузаштлар, оддий муносабатлар, оддий ҳаёт, қуёш ҳақида, одамлар ва оддий инсоний севинчлар ҳақида бўлсин.
Бундай китоблар Поповда топилмади.
— Мана сенга инқилобий китоблар, — деди ҳазиллашиб Гаврилов. — Хўп, майли, мен яна бир марта Толстойни ўқийман. Бал пайтидаги эски қўлқоп ҳақида жуда қотириб ёзган. — Гавриловнинг юзи қорайди, жим қолди, сўнг оҳиста давом этди: — Мен сенга, Алёша, вақтни беҳуда сарфламайлик деб айтишни хоҳламаган эдим. Бугун мен бошлиқлар ва касалхонадаги профессорлар олдида бўлдим. Профессорларнинг ақлига тасанно. Аммо тилиб ташлашларини хоҳламайман, бутун вужудим бунга қарши. Эртага пичоқ остида ётишим керак. Сен касалхонага кел, эски даврларимизни унутма. Болаларим ва хотинимга хабар берма. Алвидо! — Гаврилов Поповга қўл узатмай, хонадан чиқди.
Меҳмонхона олдида усти ёпиқ машина турар эди. Гаврилов ўтириб, буюрди: — “Уйга, вагонга!” — ва машина тор кўчалар бўйлаб ғизиллаб кетди. Ой кичкина сўқмоқлардан ўтиб, катта йўлга тушди; йўлни кесиб ўтган ит акиллаб, қора сукунат бағрида ғойиб бўлди. Вагон зинасидаги соқчи қўмондон ўтаётганда тик қотди. Йўлакда ёрдамчи пайдо бўлди, вагон хизматчиси бошини чиқариб қаради, — вагонда электр чироғи ёнди, — ва вагон чекка ўлкаларда бўладиган теран сукунат қаърига чўмди. Қўмондон ётоқ купега ўтди, этигини ечиб, тунги шиппак кийди, гимнастёркаси ёқасини ечди, — “чой” деб буюрди. Салонга ўтиб, стол чироғи қаршисига ўтирди, хизматчи чой келтирди, аммо қўмондон унга қўл теккизмади; қўмондон “Болалик ва ўсмирлик”ни узоқ ўқиб ўтирди, хаёл сурди. Ўрнидан туриб ётоққа кирди ва катта ён дафтар кўтариб чиқди, соқчига: “сиёҳ келтиринг”, деб буюрди, кейин шошилмасдан, ҳар бир жумлани пухта ўйлаб, ёзишга киришди. Биринчи хатни ёзиб тугатди, ўқиб кўрди, ўйлаб қолди, конвертни елимлади. Иккинчи хатни ёзди, ўйлаб турди, елимлади. Учинчи хатни ҳам ёзди, негадир шошилиб, жуда қисқа ёзди, ўқимасдан елимлади. Вагонда тилсиз сукунат. Зинада соқчи қотиб қолган. Йўлакда ёрдамчи ва хизматчи тик туради. Ҳатто вақт ҳам қотиб қолгандек. Оқ жилдларга солиниб, манзиллари ёзилган мактублар қўмондон олдида узоқ ётди. Ниҳоят у ҳар учала хатни катта пакетга солиб елимлади ва пакет устига “Ўлимимдан сўнг очилсин” деб ёзиб қўйди. Шахт билан ўрнидан туриб, ётоққа ўтди, гимнастёркасини ечиб, уйқудан олдинги ювинишга киришди, ечинди, ётиб, чироқни ўчирди. Вагон уч-тўрт соатгача зулмат ва сукунат қўйнида қолди. Саҳар яқинлашиб келарди. Агар шу пайтларда хизматчи ётоққа мўралаб қараганда, хайратдан лол қолган бўларди, бунга сабаб: қўмондон бош қўйиб ётадиган жойда папирос лаҳча чўғ бўлиб, қизариб турарди, бу ўринда хайратланадиган нарса шуки, одатда, қўмондон мутлақо чекмас эди.
Қўнғироқ қаттиқ жиринглади, хизматчи югуриб кирди. Қўмондон саркардаларга хос амр қилди:
— Кийинамиз. Иссиқ шинел. Гаражга қўнғироқ қилинг, — пойга машинаси, усти очиқ, икки кишилик, — ўзим ҳайдайман. Советлар уйига боғланинг, Поповнинг хонасига.
Телефонга келган Поповга қўмондон шундай деди:
— Алексей. Ҳозир олдингга бораман. Эшик олдига чиқиб тур. Гаврилов гапираяпти. Кечикма.
Юз от кучига эга икки кишилик пойгачи машина елпиғичдай ёзилиб, шиддат билан иккинчи тезликда жойидан қўзғалди, кескин бурилиб, оқ нур дастасини босиб ўтди, — шофёр чеккага қочиб қолди, — қўмондоннинг ўзи рулда эди, — сигнал берди ва машина кўлмакларни сачратиб, тор кўчалардан, дўконлар ва ташкилотларнинг лавҳалари ёнида шамолдек учиб, кенгликлар сари интилди. Попов карахт аҳволда мудраб турарди. Ғилдирак резинаси яхшигина йиртилган машина тезликни пасайтириб, Советлар Уйи олдида тўхтади. Попов индамасдан ўтирди. Машина кўчаларни, серсув кўлмакларни, фонар чироқларини ортда қолдириб ела бошлади. Ҳаво оғирлашиб борди, у шамолга айланиб машинага урилар, ҳуштак чалар, муздек совиб, тикандек санчилар, — чорраҳалардаги фонарлар чироқларини силкитиб қолар, қаршидан бирин-кетин милитсионерлар югуриб чиқар ва ҳуштагини чалганча орқада қолиб кетишарди. Машина уйлар ва кўчалар гирдобидан чиқиб, бор кучи билан олға интиларди, дастлаб ташландиқ бўлиб ётган кенгликлар, трамвай йўлларида учрайдиган сийрак дўконлар, сўнг зулмат босган қора далалар ортда қола бошлади. Машина энг катта тезликда учиб борарди. Шамол ва ҳаво ақлдан озгандек ташланиб, баданни кесар, нафасни бўғар эди. Машина остидаги йўл силлиқ оқ рўмолга ўхшаб қолди, ўйдим-чўнқирлар, унда-бунда дуч келадиган тош уюмлари мутлақо сезилмас, фақат йўлда катта чуқурчалар чиқиб қолганда машина бир неча сажен ерга кўтарилиб борар, шунда ғилдираклар остидан учиб чиқаётган қум-шағал шовқини босилгандек бўларди. Бир, икки, уч марта машина чироқлари қишлоқ уйларидаги деворларга тиралиб ўтди, қўй қамалган қўтонлар ва итлар ҳуриб чопган қишлоқлар бир чеккада қолиб кетди. Икки тепалик орасидаги жарликда машина чироқлари кулранг паҳмоқ куз туманига ўралиб қолди, шунда туманнинг учиши, шиддат билан ҳаракатланиб чийиллаши, изғирин бўлиб увиллаши, қор бўрони сингари юзга санчилиши мумкинлигини пайқашди. Гаврилов рулга эгилиб ўтирганича бутун диққат-эътиборини фақат олға, олдинга қаратган, ҳар бир хатти-ҳаракатини аниқ ҳисобга олган ҳолда машинани тез, чаққон бошқариб борарди. Попов аллақачон машина тубида тутқични чангаллаб, букилиб, ҳеч қаёққа қарамай қалтираб ўтирар эди. Машина шу алфозда бир соатга яқин вақт ичида юз чақирим йўл босди. Қандайдир кўҳна ўрмонзор олдига етганда машина тезлигини камайтириб бориб, мадорсизланиб, тинчиб қолди ва шамоллар, совуқ қиялаб ёғаётган куз ёмғирини ўз ҳолига қолдириб бирдан тўхтади. Попов ўриндиққа қайта жойлашди.
— Папиросингдан бер, Алёшка, — деди Гаврилов.
Попов зўрға гапирди:
— Бундай ҳунарларни нима кераги бор, бутун ичак-чавоғим узилиб тушгандек бўлди. — Ма, чекиб ол, шайтон йўлдан урдими?
Гаврилов чекди, ўзини суянчиққа ташлаб тин олар экан, хаёлчанлик билан деди:
— Жуда толиққан пайтимда, ақлим ва хаёлларим ўзимга бўйсунмай қолганда машинани оламан-да, мана шундай учаман. Бундай учиш мени ва хаёлларимни тартибга солади. Мана шу учиш пайтида бўлиб ўтган гап-сўзларни, ибораларни, ҳатто товуш оҳангини, чекиб ташланган папирос рангини ҳам икир-чикирларигача эслай оламан. Хотирам яхши эмас, жанг-жадал пайтидаги энг масъулиятли воқеалар ҳам ёдимда қолмайди, буни кейинчалик менга гапириб беришади. Аммо мана бундай учиш дақиқаларини яхши эслаб юраман. Ҳозир машинани телбаларча ҳайдадим, тўқсон тўққиз фоиз мажақланиб кетишимиз мумкин эди, аммо менинг ҳар бир ҳаракатим аниқ ҳисоб-китобли, шунинг учун бу содир бўлмади. Мен тушуниб бўлмайдиган аниқлик кайфияти билан мастман. Ростини айтсам, мажақланиб кетганимизда, менга яхши бўларди. Қани, гаплашайлик энди.
Гаврилов қолдиқни чаққонлик билан улоқтириб юборди, ўриндиққа суяниб ўрнашди, хаёлга толди, чамаси — ўз-ўзини тинглаб, мағрурлиги билан фахрланиб ўтирар эди.
— Сирасини айтганда, индамай қўяқол, ҳали биз кўп гаплашамиз. Ўтир! Энди қайтамиз. Бундай учиш, бундай шиддат менга ёқади. Мана шундай юксак кайфият учун яшасанг, шунга интилиб умр ўтказсанг арзийди. Умр йўлимизнинг ўзи бир-биримизга ҳаётимиз ҳақида гапириб беради. Ўтир! Баъзан жим ўтиришга тўғри келади! — деди Гаврилов ғурур билан.
Машина шовқини яна оламни тутди — у қайтишда ҳам шамолни, вақтни, туманларни, қишлоқларни орқада қолдириб, туманларни ва вақтни рақсга тушишга, қичқиришга, қочишга, Поповни яна тиз чўкиб, эгилиб, дуч келган жойни чангаллаб ушлаганча ичак-чавоғини авайлашга мажбур қилиб учиб кета бошлади.
Шаҳар чеккасидаги тепаликдан ўтаётганда — пастликда туман босган, лойқа чироқлари хира шуъла сочиб турган, шовқин-сурон ичида тинимсиз гувиллаётган — ниҳоятда бахтсиз қиёфадаги шаҳарни бир неча дақиқа кўриш мумкин эди.
Бўзарган тонг отиб, завод гудоклари шаҳар бўйлаб тарала бошлаган пайтда машина ҳарбий қисмга етиб келди.
Учинчи боб
ГАВРИЛОВНИНГ ЎЛИМИ
Биринчи қор, ерни куздан чиқариб, қишга узатадиган, кузги пилчиллаган лойгарчилик, туман, изғирин, тўкилган хазонлар ва кўчалардаги ахлатлар орасига чегара тортадиган, ҳар доим тунда ёғадиган биринчи қор кеча ёғиб ўтди — ва қишнинг биринчи шахдам қадамли оппоқ кунида шовқин-суронлар гум бўлиб, сокинлик дамлари — одамлар қайишни маҳкам боғлаб, кейинги ишлар ҳақида шошилмай ўй сурадиган вақтлар бошланди.
Биринчи қор Гаврилов ўлган кунга тўғри келди. Оқ сукунат қўйнига чўмган шаҳар оқ рангга беланиб, тинчиб қолди, шаҳарга қор билан кириб келган читтаклар дарахт шохлари ва деразалар олдидаги қорларни тўзғитиб чирқиллашади.
Профессор Павел Иванович Кокосов ҳар доим соат еттида ўрнидан турарди, операция бўладиган куни ҳам шу вақтда уйғонди. Профессор адёлдан бошини чиқариб йўталди ва жун босган қўлини столга узатиб, одатдагидек пайпаслаб кўзойнагини топди, уни бурни устига қўндириб, сочларини тўғрилади. Дераза орқасидаги қайин устида қор титкилаётган читтак кўринди. Профессор халат кийди, оёғига хонаки туфлисини илиб, ваннага йўл олди. Профессор Кокосовнинг хонадонидаги пастак шифт ҳозир урф бўлмай қолган эди, бу уйида профессор кам деганда йигирма йилдан бери яшаб келарди, ҳар ҳолда йигирма йиллик тўй олдидан бўш вақтларни ана шу шифтдаги ҳамма сарғайган пардалар, илиғлик суратлар, чарм муқовали китоблардаги чангни ҳафсала билан артиб, тозалаб чиқишга сарфлаш лозим… Профессор уйғонганда хона жимжит эди, у пишқириб ваннадан чиққан пайтда хотини Екатерина Павловна чой қошиқни шарақлатиб, профессор учун чойга қант аралаштирмоқда эди, ошхонада самовар пишиллаб қайнаб турарди. Профессор халат ва туфлида чойга ўтирди.
— Хайрли тонг, Павел Иванович, — деди хотини.
— Хайрли тонг, Екатерина Павловна, — деди эри.
Профессор хотинининг қўлини ўпиб, қаршисига ўтирди, кўзойнагини сочи устидан яхшилаб жойлаштирди, шунда кўзойнак орқасидан попларникига ўхшаб кетадиган, ҳам самимий, ҳам муғамбир, ҳам содда, ҳам ақлли кичкина кўзлари кўринди. Профессор чойни шошилмасдан ичиб, ниманидир айтишга чоғланди. Аммо одатдаги эрталабки чой ичиш жараёнига телефон халақит берди. Телефон бемаврид жиринглаган эди. Профессор телефон жиринглаётган хона эшигига кескин назар солди, таажжуб билан ёши ўтинқираб, тўлишиб қолган, япон кимоноси кийган хотинига қаради, — ўрнидан туриб, янада таажжубланган ҳолда телефонга қараб йўналди. Профессор қартайган дўриллоқ овозда телефонга гапирди:
— Хўш, хўш, мен сизни эшитаман. Ким қўнғироқ қилаяпти ва нима ишингиз бор?
Телефондагилар штабдан гапиряпмиз деб айтишди, штабдагиларга операция тўққиз яримда бошланиши маълум, штабдагилар сўрашяптики, бирон ёрдам керак эмасми, профессор учун автомобил жўнатсакмикин дейишяпти. — Шунда профессорнинг бирдан жаҳли чиқди, пишиллаб, трубкага тўнғиллади:
— … Мен, биласизми, айрим одамларга эмас, жамиятга хизмат қиламан, ҳа, ҳа, ҳа, биласизми, биродар, — клиникага ҳам трамвайда бораман, би-биродар. Мен ўз бурчимни, кечирасиз, виждонан бажараман. Бугун ҳам трамвайда бормаслигим учун сабаб йўқ деб ҳисоблайман.
Профессор гапни бўлиб, трубкани тарақлатиб жойига қўйди. Тўрсайиб, пихиллаб столга, хотини ёнига, қайтиб келди. Тўнғиллаб, мўйловини силади ва тезда тинчланди. Яна кўзойнак орқасидан мулойим, ақлли кўзлари кўринди. Профессор секин гапирарди:
— Дракини Лужи қишлоғидаги мужик Иван касал бўлиб қолган, уч ҳафта печ устида инқиллаб ётади, қариндош-уруғи билан маслаҳатлашиб, земство касалхонасидаги доктор Петр Ивановичга боради. Петр Иванович Иванни ўн беш йилдан бери билади, Иван ҳам Петр Ивановичга ана шу ўн беш йил ичида ўн бештача товуқ олиб борган, Петр Ивановичнинг ҳамма боласини танийди, ҳатто жаҳли чиқиб бир ўғлининг қулоғини чўзиб ҳам қўйган. Иван Петр Ивановичга товуқ билан таъзим қилади. Петр Иванович уни кўради, эшитади ва зарур бўлса, шошилмасдан, хотиржам, ишни кўзини билиб, операция қилади, сирасини айтганда, мендан ёмон қилмайди. Операция яхши чиқмаса, Иван ўлиб кетади, хоч тиклаб қўйишади, вассалом… Ёки менинг олдимга анови Анатолий Юревич Свинитский келади. Бошидан нима ўтган бўлса ҳаммасини айтади. Мен уни кўраман, етти марталаб қайта кўраман, уни текшираман ва хулосамни айтаман: — Бораверинг, биродар… Агар менга “операция қилинг” деса — қиламан, ўзи хоҳламаса, ҳеч қачон зўрламайман.
Профессор жим қолди.
— Консилиумлардан ёмон нарса йўқ, Екатерина Павловна. Мен Анатолий Кузмични хафа қилгим келмайди. Анатолий Кузмич мени хафа қилишни хоҳламайди. Бир-биримизга хушомад қиламиз, бир-биримизга илмимизни кўрсатмоқчи бўламиз, бемор бўлса, карахт, худди болшевикларнинг намунали кўргазмасидек, музикали томоша, ҳеч ким касални дурустроқ билмайди, — “кўряпсизми, Анатолий Кузмич, кўряпсизми, герр Шиман…”
Профессор жим қолди.
— Бугун мен ўз касалхонамда болшевик, қўмондон Гавриловнинг операциясида ёрдамчи бўламан.
— У, ановими, — деди Екатерина Павловна, — ҳалиги… болшевикларнинг газетасида… даҳшатли исм! — Нега сиз операция қилмайсиз, Павел Иванович?
— Ҳа, ҳеч қандай ваҳимали жойи йўқ, албатта, — жавоб берди профессор. — Лозовский қилса нима бўпти, ҳозир ёшларнинг даври келган, улар ўзларини кўрсатишлари керак. Умуман олганда, охир-оқибатда, ана шу консилиумлардан кейин ҳам беморни ҳеч ким яхши билмайди, гарчи барча улуғларимиз уни пайпаслаб, нурга солиб, эшитиб кўришганига қарамай. Энг муҳими, одамни билишмайди, одам эмас, формула билан қизиқишади, — биринчи сонли фалончи генерал деб ҳар куни газетага ёзишиб, одамларда қўрқув уйғотишади. Операцияни қандайдир бошқача ўтказишга уриниб кўр-чи, бутун Европага жар солиб, онангни кўрсатишади.
Профессорни яна жаҳли қўзиди, пишиллади, пишқирди, столдан туриб ошхона эшигига қараб қичқирди: “Маша, этик!” ва кийиниш учун хонасига кетди. Қошларини, соқолини, мўйловини, сочини таради, бурма камзул, самовардек ялтиллатиб тозаланган этик кийди, чўнтагига тоза дастрўмол солди ва извош келдими деб деразадан қаради, извош эшик олдида турар, йигирма йилдан бери профессор Кокосов ошхонасида яшаётган кучер Иван ўриндиқдаги қорни тозаламоқда эди.
Профессор Анатолий Кузмич Лозовский яшайдиган уй Кокосовнинг хонадонига ўхшамас эди. Агар Кокосовнинг хонадони ўтган асрнинг охири ва бошларидаги рус шаҳарларига хос бўлса, Лозовскийнинг уйи минг тўққиз юз еттинчи йилдан тўққиз юз ўн олтинчи йилгача урф бўлган анъаналарни ўзида мужассамлантирганди. Бу ерда оғир пардалар, катта диван, дубдан ясалган столга шамдон ўрнига қўйилган яланғоч бронза аёл ҳайкалчалари, деворларга асл гиламлар, улар устига илинган “Санъат олами” кўргазмасидан олинган иккинчи навли суратлар бор эди. Лозовский диванда ёлғиз ўзи эмас, ёш, чиройли хотини билан ухларди; охорланган безакли кўйлаги полга тушалган гилам устида ётарди. Лозовский уйғониб, хотинининг елкасидан секин ўпди ва бардам туриб, парда боғичини тортди. Оғир сурп парда бурчакка сурилиб, хонага кундузги ёруғлик кирди. Ҳаётдан ўзича лаззат олишга ўрганган Лозовский кўчага, қорга, осмонга шодон боқди, бўйдоқ кишилар сингари хонага қаради ва пижама кийди, оёғига лакланган хонаки туфли илиб, ювинишга боришдан олдин хонани йиғиштиришга киришди — столни тозалади, ярим ичилган қизил шаробни китоб жавонининг пастки токчасига қўйди, кулдон, сиёҳни, ён дафтарча, китобларни олди. Электр чойнак симини токка улади, чойнакка кофе солди, хотини бемалол ухларди, бу аёл севиш, садоқатли ёрига ўзини бахшида этишни бахт деб биладиган хотинлар тоифасидан эканлиги кўриниб турарди. У уйғонди, кўзларини ишқалаб:
— Азизим, — дея хушнудлик билан кўзини очди, чароғон қиш кунини, дарахтларга инган қорни кўриб, ўрнидан қўзғалар экан, қўлларини ибодат қилаётгандек қовуштириб шодон қичқирди: — Азизим, биринчи қор, қиш, азизим…
Профессор узун, оппоқ қўлини хотинининг елкасига қўйди, бошини ўзига тортиб:
— Ҳа, ҳа, қиш, баҳорим, марваридгулим, — деди.
Шу пайт телефон жиринглади. Профессорнинг телефони диван тепасига — гилам устига осилган эди. Профессор дастакни олиб, “ҳа, ҳа, сизни эшитяпмиз” деди. Штабдан қўнғироқ қилишган экан, профессорга автомобил юборайликми деб сўрашди.
Профессор жавоб берди:
— Ҳа, ҳа, марҳамат! Операциядан асло ташвишланманглар. У аъло даражада ўтади, бунга ишончим комил. Машина масаласида, операциядан олдин баъзи ишларим бор эди. Ҳа, ҳа, марҳамат, соат саккизга.
Профессор хурсанд бўлиб трубкани илиб қўйди ва хотинига ғурур билан:
— Марваридгулим, кийин, менга машина юборишади, сени сайр қилдириб, уйга келтириб қўяман. Тез бўл! — У хотинини қучоқлаб, елкасига бошини қўйди. Ўта бахтиёр одамларгина одатда ўзларини шундай тутадилар.
Вақт чорак кам саккиз эди. Бахтиёр эр-хотин шоша-пиша кийинишди. Профессор кийинар экан, хитой пиёласига қаҳва қуйди. Хотини табассум қилиб, охорланган кўйлагига илма тугма қадаб қўйди. Уйдан чиқиш олдидан профессор тантанавор қиёфада, аммо бироз салобат босган ҳолда, юқорида айтилган ўттиз-қирқта телефон тармоғига эга бўлган телефон тизимига уланиб, суриштира-суриштира биринчи сонли уйдаги хонага боғланди, у иззат-ҳурматини жойига қўйиб, бошқа янги топшириқлар борми, деб сўради, телефон трубкасидаги шиддатли овоз операция тамом бўлиши биланоқ маълумотнома ёзиб келишни буюрди. Профессор: “Жуда яхши, бажарамиз”, — деди ва трубкага таъзим қилиб, бир муддат эгилиб турди. Дарвоза олдида машина дудутлади.
Операция куни, эрталаб, операцияга қадар Гавриловнинг олдига Попов келди. Ҳали тонг отмаган, чироқлар ўчирилмаган эди, аммо гаплашишга улгуришмади, ҳамшира охирги марта ҳуқна қилиш учун Гавриловни ваннага етаклаб кетди. Гаврилов ваннага бораётиб шундай деди:
— Ўқиб қўй, Алёша, Толстой “Ўсмирлик”да ком-ил-фо ва ком-ил-фо эмас деб ёзган. Қария қонни яхши ҳис қилган! — Бу Гавриловнинг ўлим олдидан Поповга айтди сўнгги сўзи эди.
Попов аёз шитирлаб турган тонгги сукунат ичида уйига қайтар экан, катта кўчани қўйиб, кичик тор кўча орқали жар ёқасига чиқди — нарида, дарё орқасидаги қор босган кенгликда — уфқ ортида, кўкиш туман қаърида ой ўлиб бормоқда, шарқ эса қизарган, қон қусган, совуқ эди. Попов шаҳарга дала орқали ўтиб бориш учун дарё ёқасига тушди — шарқ шафақ ичида ёнар эди. Гаврилов шу чоқда ойна орқасидан дарё қирғоғига қараб турарди — у Поповни кўрдимикин? Касалхона халатида, ваннадаги ойна олдида орехово-зуэволик тўқувчи, номи урушда афсонага айланиб кетган, минглаб, ўн минглаб, юз минглаб кишиларга раҳнамолик қилган, минглаб, ўн минглаб, юз минглаб кишиларнинг ўлимига, майиб-мажруҳлигига, азоб-уқубатларига, совуқ, очарчилик, сафар изғиринлари, жазирамаларига, тўплар гумбурлашига, ўқлар ҳуштагига ва тунги шамолларга, гулханларга, ҳужумларга, ғалабаларга, мағлубият, қочиш ва яна минглаб ўлимларга кўникиб кетган одам турарди. Ванна деразаси олдида қўлини орқасига қилиб осмонга тикилиб, ҳаракатсиз турган бу одам қўлини олдинга чўзиб терлаган дераза ойнасига “ўлим, ҳуқна, ком-ил-фо эмас” деб ёзди ва ечина бошлади.
Операция олдидан жарроҳлик хонаси ва Гавриловнинг бўлмаси орасидаги йўлак шивирлашиб гаплашаётган, шовқин чиқармай у ёқдан-бу ёққа питир-питир юраётган одамлар билан тўлди. Кечқурун Гавриловнинг қорнига ширани сўриб оладиган ва ошқозонни ювадиган учи эгик кулранг каучук найча туширишди, кўнгил айнитиши ва руҳиятга таъсир этишидан ташқари, бу ғалати асбоб унга одамнинг иззат-нафсини таҳқирловчи нарса бўлиб туюлди. Эрталаб операциядан олдин сўнгги ҳуқна қилишди. Гаврилов жарроҳлик хонасига касалхона халати, дағал матоли иштон ва кўйлакда (тугма ўрнига боғич тикилган), яланг оёғига касалхона рақами ёзилган туфли кийган ҳолда кирди (оҳорланган ич кийимлари эрталаб охирги марта алмаштирилганди), ранги ўчган, озиб қолган, толиққан эди. Хона даҳлизида спирт солинган руҳли узун қутичалар шақиллаб қайнар, оқ халатли кишилар жим туришарди. Жарроҳлик хонаси жуда кенг бўлиб, поли, деворлари, шифти бошдан-оёқ оқ мой бўёқ билан бўялган эди. Хона ниҳоятда ёруғ, бир томони яхлит ойнадан иборат бўлиб — у дарё томонга қараган. Хона ўртасида чўзинчоқ оппоқ жарроҳлик столи. Бу ерда Гавриловни Кокосов билан Лозовский кутиб олишди. Кокосов ҳам, Лозовский ҳам оқ халатда, бошларида ошпазларникига ўхшаган оппоқ қалпоқ, Кокосов ҳатто соқолини ҳам оқ мато билан ўраб олган, фақат киприги қалин кўзларигина очиқ эди. Девор бўйлаб оқ халат кийган кишилар туришарди. Гаврилов ҳамшира ҳамроҳлигида хонага кирди. Профессорларга индамасдан итоаткорона таъзим қилиб, стол олдига келди, қўлларини орқага қўйиб ойнадан дарё томонга тикилди. Иккинчи ҳамшира руҳланган узун қутичада стерилизатсия қилинган жарроҳлик асбобларини олиб келди.
Лозовский Кокосовдан шивирлаб сўради:
— Бошлайверамизми, Павел Иванович?
— Ҳа, ҳа, биласизми, — жавоб берди Кокосов.
Профессорлар қўлларини қайта-қайта ювиб, оқ симоб кукунига ишқалаб, ёд суркадилар. Хлороформатор ниқобини кўздан кечириб, пуфагини ушлаб кўрди.
— Ўртоқ Гаврилов, бошлаймиз, — деди Лозовский. — Қани, марҳамат қилиб столга ётинг. Туфлини ечинг.
Гаврилов хижолат бўлгандек, ҳамширага қараб, кўйлагини ечди, у эса Гавриловга оддий буюмга қарагандек боқиб, ёш болага жилмайгандек кулимсиради. Гаврилов столга ўтириб, олдин бир, кейин иккинчи туфлисини ечди ва чаққонлик билан ётди, бошидаги ёстиқни тўғрилаб, кўзини юмди. Шунда ҳамшира одатий чаққонлиги билан оёқларини қайишга боғлаб, уни столга маҳкамлаб қўйди. Хлороформатор кўзини сочиқ билан бекитди, оғиз ва бурнига вазелин суркади, юзига ниқоб кийгизиб, қўлидан тутиб кўтарди, томирини ушлади ва ниқобга хлороформ сепди, хонани хлороформнинг тишни қамаштирадиган ширин ҳиди тутди. Хлороформатор операцияни бошлаш муддатини аниқлади. Профессорлар индамай ойна олдига бориб туришди. Ҳамшира стерилизатсия қилинган скалпел, салфеткалар, ҳар хил қисқичлар, пинтсетлар, ниналар, шойи парчалари сингари нарсаларни чиқариб, стерилизатсияланган дока устига териб қўя бошлади. Хлороформатор яна хлороформ қуйди. Хонани сукунат босди. Шунда бемор бошини қимирлатиб ингради.
— Нафас ололмаяпман, боғични ечинг, — деди Гаврилов тишларини тақиллатиб.
— Марҳамат, бир оз сабр қилинг, — жавоб берди хлороформатор.
Бир неча минутдан кейин бемор ҳам гапириб, ҳам куйлай бошлади:
— Муз эриди, Волга очилди, олтиним менинг, олтиним, мен, қизалоқ, сени севиб қолдим, — куйлар эди қўмондон, сўнг шивирлади: — сен ухла, ухла, ухла. — Жим тургач, кескин: — Клюква киселини бошқа берманг, ҳеч қачон, жонимга тегди, бу ком-ил-фо эмас. — Жим қолди, сўнг жанг пайтидагидек қатъият билан бақирди: — Чекинишга йўл йўқ! Бир қадам ҳам! Отиб ташлайман… Алёша, оғайним, барча тезликлар очиқ, ҳатто ер кўринмайди. Мен ҳаммасини эслайман. Ана шунда инқилоб нима, у қандай куч эканини англайман. Менга ўлим қўрқинчли эмас. — Сўнг яна куйлашга ўтди. — Урал орқасида яшар дурадгор, олтиним менинг, олтиним…
— Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Ухлай олмаяпсизми? — Гавриловдан секин сўради хлороформатор.
Гаврилов ҳам одатдаги товушда, аммо секин, муғомбирона жавоб берди:
— Ёмон эмас, нафас ололмаяпман.
— Яна бир оз сабр қилинг, — деди хлороформатор ва хлороформ қуйди.
Кокосов ташвишланиб соатига қаради, касаллик тарихи устига эгилиб, қайта ўқиди. Ҳар хил наркотикларни қабул қила олмайдиган организмлар кўп бўлади, — Гавриловни йигирма етти минутдан бери ухлатишолмаяпти. Кокосов кичик ассистентини чақириб, кўзойнагимни тўғрилаб қўй дегандек юзини тутди. Хлороформатор хавотир ичида Лозовскийга пичирлади:
— Балки хлороформни қўйиб, эфирга ўтсакмикин?
Лозовский жавоб берди:
— Хлороформ билан яна бир марта уриниб кўрайлик. Акс ҳолда операцияни қолдиришга тўғри келади. Ноқулай.
Кокосов атрофига жиддий қараб, ташвишли кўзларини ерга қадади. Хлороформатор хлороформ қуйди. Профессорлар жим туришарди. — Қирқ саккизинчи дақиқага борганда Гаврилов батамом уйқуга кетди. Шунда профессорлар охирги марта қўлларига спирт сурдилар. Ҳамшира Гавриловнинг қорнини яланғочлади, ориқ қобирғалар ва озода қорин кўзга ташланди. Профессор Кокосов операция қилинадиган майдон — ошқозон ости ўрнини кенг-мўл қилиб мойлаб, спирт, бензин ва ёд суртиб чиқди. Ҳамшира Гавриловнинг оёғи ва бошини ўраб қўйиш учун чойшаб узатди. Ҳамшира профессор Лозовскийнинг қўлига ярим банка ёд қуйди. Лозовский скалпелни олиб, тери устида юргизди. Қон сачради, кесилган тери бир томонга сурилди; тери остидан сарғайган, қават-қават бўлиб кетган эт, қон томирлари ва ёғ пардаси кўринди. Лозовский одам этини яна чуқурроқ кесиб, ялтиллаб, оқариб турган бинафшаранг қатлам — мускул пардасини ажратди. Кокосов айиқдек гавдасига номуносиб чаққонлик билан ҳар хил қисқичларни ишлатиб, қон томирларини қисиб қўйди. Лозовский бошқа пичоқда қурсоқ пуфагини қирқди. Лозовский пичоқни қўйди, — стерилизатсияланган салфетка билан қонни артди. Кесилган жойдан ичаклар ва оқиш-кўкимтир ошқозон қопчаси кўринди. Лозовский қўлини ичак устига қўйиб, ошқозонни ағдариб ушлади — ана шунда ошқозоннинг ялтираб турган эти орасида, яра бўлиши кутилган жойда, — худди мумдан ясаб қўйилгандек оппоқ, бузоқбоши тухумини эслатадиган чандиқ кўринди, — у яра битиб кетганини, операция беҳуда ўтказилаётганини очиқ-ойдин кўрсатиб турарди.
Аммо айни шу пайтда, айни шу пайтда, айни шу паллада, Лозовский Гавриловнинг ошқозонини қўлида ушлаб турган маҳалда:
— Томир! Томир! — деб қичқириб юборди хлороформатор.
— Нафас! — беихтиёр унга жўр бўлди Кокосов.
Ана шунда Кокосовнинг ўта ёвуз, ўта қўрқинчли кўзлари худди сочлари орасидан, кўзойнаги остидан отилиб чиққандек, отилиб чиқиб, атрофга судралиб кетгандек бўлди, Лозовскийнинг кўз халтаси четидан жой олган кўзлари эса қаншарини босиб, янада қисилиб, ичкарига кириб, даҳшатли даражада ўткир ягона кўзга айланиб қолди. Беморнинг томири сезилмас, юраги урмас, нафас олмай қўйган, оёқлари совиб борарди. Юрак инқирози бошланганди. Хлороформни қабул қилмаган бадан хлороформ билан заҳарланган эди. Энди бу одам ҳеч қачон ҳаётга қайтмайди, бу одам энди ўлиши керак, сунъий нафас олдириб, кислород бериб, камфара, физиологик эритма юбориб чинакам ўлим ҳолатини бир соат, ўн соат, ўттиз соатга чўзиш мумкин, ундан нариси имконсиз, натижа шуки, одам ҳушига келмасдан ўлади. Гавриловнинг операция столида, пичоқ остида ўлиши аниқ бўлиб қолганди. — Профессор Кокосов ҳамширага юзини ўгириб, олдинга чўзди, ҳамшира кўзойнагини тўғрилаб қўйди, профессор ўшқирди:
— Ойнани очинглар! Камфара! Эритма таёрлансин!
Гунг ассистентлар янада гунг бўлиб қолди. Кокосов индамасдан стол устига эгилиб, жарроҳлик асбобларини кўздан кечирди. Лозовский ҳам Кокосов ёнида эгилиб турарди.
— Павел Иванович, — деди Лозовский жаҳл билан шивирлаб.
— Хўш? — жавоб берди Кокосов баланд овозда.
— Павел Иванович, — деди Лозовский янада секин, энди жаҳл оҳанги йўқ эди.
— Хўш? — такрорлади Кокосов баланд овозда ва қатъий буюрди:
— Операцияни давом эттиринг!
Иккала профессор қаддини кўтариб, бир-бирига қарашди, бирининг кўзи сочлари орасидан отилиб чиқиб турарди. Лозовский бир муддат худди зарбадан қочаётганда чора топган одамдек, Кокосовдан узоқлашди, кўзлари иккига ажралиб, адашиб қолгандек бўлди, — сўнг улар яна бирлашиб, ўткир нигоҳга айланди, — Лозовский шивирлади:
— Павел Иванович!
Ва қўлини чандиқ устига қўйди: у ярани тикиш ўрнига шиллиқ пардани кўклаб, терини тортиб сиқиб, юқори қаватини тўрлаб қўймоқда эди. У қичқирди:
— Қўлини бўшатинг, сунъий нафас!
Операция хонасидаги катта ойна очиқ, хонага биринчи қор совуғи ёпирилиб кирар эди. Беморга камфара пуркалди. Кокосов хлороформатор билан бирга Гавриловнинг қўлини ечди ва юқорига кўтариб, сунъий нафас олдиришга урина бошлади. Лозовский ярани тўрлаётиб яна бақирди:
— Физологик эритма!
Ва асистент аёл ўлаётган одамнинг қон босимини кўтариш мақсадида папирос йўғонлигидек келадиган иккита игнани бемор кўкрагига санчиб томирга минг кубик эритилган туз юборди. Беморнинг юзида ҳаёт асари йўқ, лаблари кўкариб, бинафшаранг тусга кирган эди.
Кейин Гавриловни столдан кўтариб, ғилдиракли аравачага ётқизишди ва палатасига олиб киришди. Юраги ҳамон уриб турар, нафас оларди, аммо у ҳушига келмади, балки охирги дақиқагача, камфара юборилган ва сунъий эритма билан тузланган юраги сўнгги марта ургунга қадар у ўзига келмаса керак, ўттиз етти соатдан кейин— камфара ва врачларсиз қолдириб кетилгандан кейин у ўлди: сўнгги дақиқаларгача олдига икки профессор ва бир ҳамширадан бошқа ҳеч ким киритилмади, аммо қўмондон Гавриловнинг ўлганлиги расман эълон қилинишидан бир соат олдин ёндош палатадаги тасодифий қўшни бу палатада ғалати товушни эшитди: у худди турмадаги маҳбуслар деворни тақиллатишига ўхшар эди. У ёқда, палатада тириклай ўлдирилган, камфара билан тўйинтирилган машҳур одам ётар эди, тиббиётда ғалати бир қоида бор, беморнинг жарроҳлик столида, пичоқ остида ўлишига йўл қўйилмайди, палатани профессорлар қаттиқ қўриқлаётганига яна бир сабаб, бу ерда қўмондон, фуқаролар урушининг, буюк рус инқилобининг қаҳрамони, номи афсоналарга айланиб кетган, ўзига ўхшаган одамларни ўлимга юбориш учун чексиз куч-қудратга ва чексиз ҳуқуққа эга бўлган инсон ўлиб ётар эди.
Операция соат саккиздан ўттиз дақиқа ўтганда бошланган бўлса, Гавриловни ғилдиракли столда жарроҳлик хонасидан олиб чиқишганда соат ўн бирдан ўн бир дақиқа ўтган эди. Йўлакда қоровул профессор Лозовскийни йўқлаб биринчи рақамли уйдан икки марта қўнғироқ қилишганини маълум қилди ва кўп ўтмай яна қайтиб келиб, уни телефонда кутишаётганини айтди. Лазовский телефон олдига борди, у биринчи рақамли уй билан гаплашаман деб ўйлаган эди. Телефонда эса: “Азизим, мен сени орзиқиб кутаяпман”, — деган товуш эшитилди. Бир дақиқа ичида Лазовскийнинг тишлари ғижирлаб кетди, чамаси, қаттиқ сўкиб юборишга чоғланди, аммо ҳеч нарса демасдан трубкани отиб юборди. Профессор телефонли хонага яна қайтиб кирди, ойна ёнига бориб, биринчи қор манзарасига тикилди, бармоқларини тишлаб, гўшакни кўтариб, ўттиз-қирқта тармоғи бор телефон тизимига боғланди ва гўшакни таъзим қилиб операция муваффақиятли ўтганини, аммо бемор жуда ҳолдан тойганини, улар, врачлар аҳволи оғир деб ҳисоблашаётганини айтди, ҳозир боролмаслиги учун узр сўради. Юқорида, жарроҳлик хонаси билан бемор палатаси оралиғидаги йўлак, эрталаб одамлар шивирлашиб югуриб юрган жой ҳозир бўшаб қолган, ҳеч ким кўринмас эди.
Гаврилов ўлди, профессор Лозовский палатадан оқ қоғоз кўтариб чиқди, бошини эгиб, бемор, армия қўмондони, фуқаро Николай Иванович Гаврилов, минг афсуски, соат бирдан ўн етти дақиқа ўтганда ҳаётдан кўз юмди, деб қайғули ва тантанали равишда маълум қилди.
Орадан уч соату чорак минут ўтганда, яъни тунги соат икки бўлганда касалхона ҳовлисига қизил аскарлар ротаси кириб келиб, барча йўллар ва зиналарни қўриқлай бошладилар. Қўмондон жасади ётган палатага бизга таниш марказий штаб ходимлари — қўмондонни вокзалда кутиб олган уч ҳарбий кириб келди, улар учун Гаврилов армия деб аталувчи улкан машинанинг асосий етакчиси, уларнинг ҳаётига қўмондонлик қилувчи раҳнамо эди; энди улар қўмондоннинг жасадига командирлик қилиш учун келган эдилар. Бу пайтда қишлоқларда хўрозлар қичқира бошлаганди, осмонда булутлар судралар, уларнинг изидан толиқиб қолган тўлин ой шошилиб борарди. Бу пайтда усти ёпиқ “Ройс”да Лозовский шитоб билан биринчи рақамли уйга кетмоқда эди; “Ройс” бургут расми солинган дарвозадан ичкарига кирди, соқчилар ёнидан ўтиб, уй олдида тўхтади; соқчи дарчани очди; Лозовский қизил мовут қопланган стол устида учта телефон турадиган, ёзув столи орқасидаги деворда қўнғироқ тугмачалари аскарлардек саф тортган таниш хонага кирди. Хонада Лозовский билан бўлиб ўтган суҳбат бизга қоронғи, аммо у уч дақиқагина давом этди; Лозовский хонадан даҳлизга, даҳлиздан ҳовлига қандай чиққанини билмай қолди, палто билан шляпасини кўтариб олган бу одам Гофман қаҳрамонларини эслатарди; автомобил жойида йўқ эди; Лозовский маст одамдек чайқалиб борар; бу сокин тунда кўчалар кимсасиз эди, кўчалар ҳам Лозовский билан бирга чайқалиб борар, бу сокин тунда кўчалар кимсасиз эди, кўчалар ҳам Лозовский билан бирга чайқаларди.
Ой нур сочиб турган кимсасиз тунда кўчалар Лозовский билан бирга чайқаларди. Гофманга айланган Лозовский биринчи рақамли уйдан чиқди. Биринчи рақамли уйдаги хонада эгилмайдиган одам қолди. У стол орқасида муштини столга тираганча тик турар, боши эгилган эди.
Узоқ вақт ҳаракатсиз турди. Бу одам қоғозлари ва формулаларидан ажралиб қолганди. Ниҳоят, у қўзғалди. Чаққон ҳаракатлар билан орқадаги тугмани босди, телефон трубкасини кўтарди. Навбатчига: “Пойгачи, очиқ”, — деб буюрди. Телефонда учликдаги шерикларидан бири билан — чамаси у ухлаб қолганди — гаплашди, овози жуда заиф чиқди: — “Андрей, азизим, одам ҳаётдан кетди, — Коля Гаврилов ўлди, жанговор дўстимиз энди йўқ. Потапга қўнғироқ қил, азизим, биз айбдормиз, мен билан Потап”.
Эгилмайдиган одам шофёрга буюрди: “Касалхонага”.
Кўчалар чайқалмасди. Ой булутлар орасидан шошилиб типирчилаб, кезарди, автомобиллар кесилган новдага ўхшаб ер бағирлаб судраларди. Касалхона биносининг нотинч ойналари қора зулмат қўйнида хира ялтирарди. Қора йўлакларга соқчилар қўйилган. Уй сукунатга чўмган, ўлим бор жойда сукунатга чўкмай бўладими? Эгилмайдиган одам — қора йўлак бўйлаб қўмондон Гавриловнинг палатасига кириб борди. Одам кириб борган палатада каравотда қўмондон Гавриловнинг жасади ётар — нафасни бўғадиган даражада камфара ҳиди анқир эди. Ҳамма палатадан чиқиб кетди, палатада эгилмайдиган одам ва Гавриловнинг жасади қолди. Одам жасаднинг оёқ томонида каравотга ўтирди. Гавриловнинг қўллари чойшаб устида танаси бўйлаб чўзилиб турарди. Одам жасаднинг ёнида букилиб сукутга ботиб узоқ ўтирди. Палата сокин эди. Одам Гавриловнинг қўлини олди, уни сиқиб:
— Алвидо, ўртоқ! Алвидо, биродарим! — деди ва бошини эгиб, ҳеч кимга қарамай палатадан чиқди, “форточкани очиб қўймайсизларми, нафас олиб бўлмайди”, — деди ва қора йўлак бўйлаб тез юриб зинадан пастга тушди.
Бу пайтда қишлоқларда хўрозларнинг сахарги қичқириғи бошланган эди. Одам индамасдан машинага ўтирди. Шофёр буйруқни кутиб бурилиб қаради. Одам жим эди. Одам ўзига келди ва буюрди: “Шаҳар ташқарисига! — Энг катта тезликда!”
Машина турган жойидан шиддат билан қўзғалди, елпиғичдай ёйилиб, шуъла сочиб, тор йўлкалар, лавҳалар, кенг кўчаларни орқада қолдириб катта тезликда учиб кетди. Ҳаво шу заҳотиёқ машинага ўзини урди. Кўчалар, уйлар, чироқлар ҳаракатга тушди, фонарлар чироқларини силкитган ҳолда шиддат билан орқага чопа бошлади. Машина бутун кучи билан шаҳар ташқарисига интилар, гўё ўз вужудидан чиқиб кетгудек бўлиб пишқирар эди. Шаҳар атрофига қатнайдиган трамвайларнинг симлари, қўйлар маъраб, итлар вовуллаб чопган қишлоқ кулбалари орқада қолди, текис йўлда ғизиллаб кетаётган ғилдиракларнинг товуши ҳам эшитилмайдиган бўлди. Ўнқир-чўнқирлардан ўтаётганда машина кўтарилиб, ҳавода учиб кетаётгандек туюларди. Ҳаво, шамол, вақт, ер ҳуштак чалар, увиллар, инграр, сакрар, учар эди; ҳамма нарса ҳудудсиз шиддат комида учиб кетаётган шу паллада фақат булутлар ортидаги ой ва машинада хотиржам ўтирган одамгина ҳаракатсиз, жим қотган эди.
Бир неча кун олдин Гаврилов билан Попов келган ўрмон чеккасига яқинлашганда одам “Тўхта!” деб буйруқ берди ва машина замон, макон ҳамда шамолни ўз ҳолига қўйиб, ер ва булутлар ортидаги ойни қувишдан тўхтаб, тезлигини камайтирди. Одам бир неча кун олдин айни шу ерга Гаврилов келганини билмас эди. Одам машинадан тушди ва индамасдан, секин юриб ўрмон ичига кириб кетди. Ўрмонни қор босган, тепасида ой шошилиб борарди. Одамнинг ёнида гаплашадиган ҳамроҳ йўқ эди. Одам ўрмонда узоқ вақт қолиб кетди. Қайтиб келиб, машинага ўтирар экан, буюрди:
— Орқага қайтамиз. Шошилмай ҳайданг.
Тонг отганда машина шаҳарга етиб келди. Шарқ томондан қип-қизил совуқ қуёш кўтарилмоқда эди. Пастликда — бинафшаранг, кўкимтир ҳамда сарғиш туманга ўралган шаҳар ётарди. Одам у томонга совуқ назар ташлади. Бу паллада осмондаги ой ўрнида кўзга аранг ташланадиган, эриб бораётган кичик муз парчаси қолган эди. Қор босган жимликда шаҳар шовқин-сурони эшитилмасди.
Сўнгги боб
Кечқурун, қўмондон Гаврилов дафн этилган, ҳарбий оркестрнинг мис карнайлари янграб, мотам байроқлари эгилган, маросимга келган минглаб таъзиячилар қуршовида совиб бўлган инсон жасадини совуқ ер қаърига топшириб қайтишгандан кейин — Попов ўз хонасида мизғиб қолди ва алламаҳалда уйғонди, соат неча бўлганини билиб бўлмасди. Хона қоронғи ва жимжит эди, Наташа йиғларди. Попов қизи устига энгашиб уни кўтариб олди ва хона бўйлаб кезиб юрди. Ойна орқасида югуришдан чарчаган оппоқ ой кўриниб турарди. Попов дераза олдига келиб, сокин тун қўйнида йилтираётган қорга тикилди. Наташа Поповнинг қўлидан чиқиб, дераза токчасига ўтди. Попов чўнтагига Гаврилов касалхонага ётишдан олдин кечаси ёзган сўнгги мактубни солиб қўйган эди. Мактубда шундай ёзилганди: “Алёша, биродарим! Мен ўлишимни сезиб турибман. Сен мени кечир, ёш бола эмассан-ку. Қизингни тебратиб ўтириб, шундай фикрга келдим. Хотиним ҳам қариб қолди, сен уни йигирма йилдан бери биласан. Унга ёзиб юбордим. Сен ҳам ёз. Бирга яшанглар, турмуш қурсанглар ҳам майли. Болаларни ўстиринглар! Кечир, Алёша”.
Наташа дераза токчасида турарди, Попов бирдан кўриб қолди: у лунжини шишириб, лабларини найча қилар, ойга қараб, уни мўлжалга олар ва пуфлар эди.
— Нима қилаяпсан, Наташа? — сўради ота.
— Ойни сўндираяпман, — жавоб берди Наташа. Савдогар хотиндек тўлишган, толиққан ой булутлар орасидан сузиб борарди.
Айни шу пайтда шаҳар машиналари уйғониб, завод гудоклари чинқира бошлади. Гудоклар — битта, иккита, учта, — кўплаб гудокларнинг чинқириғи оҳиста, аммо узоқ янграб турди ва кулранг шаҳар шовқинига сингиб кетди. Бу гудоклар билан бирга ой музлатиб қўйган шаҳарнинг қалби нола чекаётганини ҳамма билиб турар эди.
Русчадан Ортиқбой Абдуллаев таржимаси.
________
* Ц е к а — Марказқўм.
* Машъум “тройка” назарда тутилмоқда (тарж.).