Бугун ёзмоқчи бўлаётганларимдан бирортаси тўқилган эмас. Қандай бўлган бўлса шундай ёзмоқчиман. Бу гапларга ўттиз йил бўлди. Буларни олдинроқ ёзсам ҳикоям қаҳрамони мени уриб ўлдириши аниқ эди.
Негалигини эса ҳикояни ўқисангиз билиб оласиз.
1. Танишув
Университетнинг биринчи курсида ўқирдим. Германиядан мактуб олдим.
«Ассалому алайкум Каримахон. Соғ-саломат ўқиб юрибсизми? Хат ёзаётган ким экан деб таажжубланаётган бўлсангиз керак? Таажжубланманг, мен манзилингизни синфдошингиз, мен билан бирга армияда хизмат қилаётган дўстим Сирожиддин Расуловдан олдим. «Нега манзилимни йигитларга бердингиз?» деб у кишидан хафа бўлманг. Мен Сирожиддинга билдирмай, у кишига ёзган хатингиздан манзилингизни олиб, сизга хат ёзаяпман. Мақсадим сиз билан танишиш. Бир-биримизга хат ёзишиб турсак, нима дейсиз?
Менинг исмим Ўткиржон. Ўзим Самарқанднинг Пайариқ туманиданман. Минг тўққиз юз олтмишинчи йил туғилганман. Мактабни тугатиб армияга чақирилдим. Мана, Германияда йигитлик бурчимни бажараяпман. Армиядан сўнг албатта Самарқандга бориб, институтга кириб ўқийман. Шунда сиз билан тез-тез учрашиб турамиз. Ҳозирча хат ёзишиб турайлик!
Солдатлик саломи билан Ўткиржон».
Ҳайрон бўлиб, хатни бир-икки ағдариб ўқиб чиқдим. Хатжилди (конверти)га қарадим. Ҳаммаси тўғри. Манзилим ҳам тўғри ёзилган. Аммо хатдан ҳеч нарса тушунмадим. Гап шундаки, мен Каримахон эмас эдим. Каримжон, аниқроғи Каримберди эдим. «Бирортаси қўполроқ ҳазил қилибди, шекилли?» дедим-у, унга эътибор қилмай қўя қолдим.
Уч кун ўтиб, дўстим Сирожиддиндан хат олдим.
«Салом дўстим Каримжон. Бизда қизиқ воқеа бўлди. Менга ёзган хатингизни хизматдош бир ўртоғим олиб, конвертидаги «От кого» деган жойидаги «От Турамурадова Карима» деган ёзувни ўқиб, «Сирожидиннинг Тўрамуродова Карима деган синфдоши бор экан», деб ўйлабди. «Синфдошингизми?» деб сўради. «Ҳа», дедим. «Ҳозир нима иш қилади?» деб сўради. «Университетнинг биринчи курсида ўқийди», дедим. «Чиройлими?» деди, «Қизларни куйдириб юрибди-ку?» дедим. «Яхши, яхши», деб кетувди. Бугун «Синфдошингиз Каримахонга хат ёздим, у билан танишиб олмоқчиман», деб қолди. Аввалига ҳайрон бўлдим. «Қайси Каримахонга хат ёздингиз?» десам, «Тўрамуродова Каримахонга-да, университетда ўқийдиган», дейди. «Томингиз кетганми?» десам «Жавоб ёзса ёзар, бўлмаса мендан нима кетди, ёки Каримахон ноз қилармикан?» дейди. «У ноз қилишни билмайдику-я», деб ҳақиқатни айтай дедим-у, бир шумлигим тутди. Каримжон, русчани билмайдиган шу қишлоқи жўрамизни бир бопламаймизми? Кариманинг номидан хат ёзиб юборинг, бир устидан кулайлик. Янаям ўзингиз биласиз. Вақтингиз бўлмаса шарт эмас.
Салом билан дўстингиз Сирожиддин».
Ҳаммасини шундан сўнг тушундим. Ҳазил бўлса ҳазил-да. Кулиш бўлса кулиш-да. Битта хат ёзишга вақт топмай ўлибмизми? Каримахон бўлиб ёзиш керак бўлса Каримахон бўлиб ёзамиз-да. Иккиланмай хат ёзишга киришдим.
«Ассалому алайкум Ўткиржон ака. Соғ-саломат ўз йигитлик бурчингизни адо этиб юрибсизми? Хизматлар оғир эмасми? Германияда ватанимизни соғиниб қолганингиз, зерикканингиз йўқми?
Сирожиддиндан озроқ хафа бўлдим. Манзилимни бегона йигитларга бергани учун ҳали келсин, мендан кўрадиганини кўради. Аммо сиздан хафа эмасман. Қайтанга хурсанд бўлдим. Ўқишда қизлар ҳаммаси ўзларининг йигитлари ҳақида гапиришади. Йигитларидан келган хатларни ўқиб бериб, мақтанишади. Суратларини кўрсатиб, одамнинг ҳавасини келтиришади. Мендан сўрашса жимгина, мунғайибгина ўтирардим. Ахир ҳали менинг йигитим йўқ-да. Энди сиздан келган хатларни ўқиб бераман. «Йигитимдан», дейман. «У Германияда хизмат қилаяпти, яқинда командир бўлади», дейман. Энди дугоналаримдан кам ерим бўлмайди. «Сени ўзи бирортаси сал ёқтирганми?» дейдиган анави Гули таннознинг ҳам, Соҳибанинг ҳам овози ўчадиган бўлди.
Ўткир ака, майли, менга хат ёзиб туринг. Мен ҳам бирорта хатингизни бежавоб қолдирмайман. Кейинги хатингизда иложи бўлса, ҳарбий кийимда тушган суратингизни юборинг, дугоналаримга кўрсатиб мақтанаман.
Салом билан Каримахон».
Германия ҳам яқин бўлган экан-да ўша пайтлар. Шанба куни хат ёзган бўлсам кейинги шанба куни жавоб келиб турибди-да. Тавба қилдим. Германиядан-а? Ҳозир Тошкентга хат жўнатсанг, бир ойсиз етиб бормайди.
«Салом Каримахон! Мен сиздан жуда-жуда хурсанд¬ман. Хатимга жавоб ёзмайсиз деб қўрққан эдим. Энди мендан бахтли одам йўқ. Умримда биринчи марта қиз боладан хат олишим. Раҳмат сизга, Каримахон!
Ишонасизми, хатингизни қайта-қайта ўқийман. Унинг ҳар бир сўзини ёдлаб олдим. Барибир очиб ўқийвераман. Ротамиздаги деярли ҳамма болаларга ўқиб бердим. Кўплари менга ҳасад қила бошлашди. Рост-да, ахир ҳамма солдат ҳам қизлардан хат олавермайди-ку?
Энди менга ҳарбий хизмат ҳам оғир эмас, ватандан олисдалигим ҳам билинмайди. Чунки, энди сиз борсиз, сиздан келадиган мактублар бор. Бу ёғига мактубларингизни кутиб кунлар тез ўтади. Фақат сиз тез-тез хат ёзиб туришни унутманг!
Каримахон, сиз учун махсус суратга тушдим. Ке¬йинги хатимда юбораман. Хайр, соғ бўлинг!
Солдатлик саломи билан дўстингиз Ўткир».
Ҳақиқатдан кейинги хатида Ўткиржон «акам» шапкасини қўррайтириб тушган суратини юборди. Бинойидай солдат экан. Аммо хатида бир ноқулай илтимоси бор экан. У энди мендан ҳам сурат сўраётган эди. Мен ҳам у кишим учун махсус суратга тушганимни, кейинги хатимда юборишимни ёздим.
Бир ҳафта ичида бир нима ўйлаб топарман-да.
2. Энди сизсиз яшолмайман
Ўткиржоннинг кейинги хатидан ҳам сурат чиқди. Энди унга сурат юбормасам инсофсизлик бўларди. Навоийлик курсдошим Лолахондан сочларини олдига ташлаб тушган битта суратини беришини илтимос қилдим. Унинг сочлари ниҳоятда узун эди. Йўғон қилиб ўриб оладиган сочлари ерга тегай дерди. Лолахонга аҳволни тушунтирдим. Аввалига ишонмади. Эртасига Ўткирдан келган хатларни кўрсатдим. Лола дарров Соҳиба, Саида деган доимо бирга юрадиган дугоналарини чақириб, хатларни уларга ҳам ўқиб берди. Ҳаммалари қотиб-қотиб кулишди.
— Битта расмингизни беринг, Каримберди «йигити»га жўнатиб юборсин! — деди кулгудан ўзини тўхтата олмаётган Соҳиба.
— Битта сурат билан давлатингиз камайиб қолмайди, — деди кулавериб кўзлари ёшланган Саида.
— Армиядан келиб, суратимни кўрсатиб, «Мана шу қиз икки йил хат ёзувди», деб бошимни гаранг қилсачи? — деди Лола.
— Сизни гаранг қилмайди, ахир сиз Карима эмас-ку? Карима менман-ку? — дедим мен.
— Майли, расмимни бераман, аммо битта шартим бор, — деди Лола. — Ҳар сафар хат келса бирга ўқиймиз. Бизлар ҳам бехабар қолмайлик.
— Келишдик! — сурат унганига хурсанд бўлиб, дарров рози бўлдим мен.
Эртасига Лола битта қилиб ўрилган бўлиқ сочларини олдига ташлаб тушган суратини олиб келди. Мен унинг орқасига «Ўткиржон акамга эсталик учун Каримахондан», деб ёзиб, хатга солиб, жўнатиб юбордим.
Ўткиржондан келган навбатдаги хат бутун факультетда дув-дув гап бўлиб кетди. Узундан-узоқ ҳол сўрашлардан кейин мана бундай сўзлар бор эди мактубда:
«Каримахон суратингизга қараб тўймайман. Шунчалар чиройли бўладими қиз бола дегани? Сочларингиз соч эмас, шаршара экан. Суратингизга қайта-қайта қарайман. Ҳеч қараб тўймайман. Қараган сайин яна қарагим келади. Суратингизни гимнастёркамнинг чап кўкрак чўнтагида олиб юрибман. У шундоққина юрагимнинг устида туради. Юрагимни иситиб туради. Олиб бир қарайман-у, машинамни ҳайдаб кетаман. Суратингиз менга оқ йўл тилаётгандек, «Ой бориб омон қайтинг, Ўткиржон ака», деётгандек бўлаверади. Биласизми, Каримахон, хатларингизни ўқибоқ сизга муҳаббатим бор эди. Энди суратингизни кўриб, менда ҳеч ихтиёр қолмади.
Мен сизни севиб қолдим, Каримахон!
Севгим чин, ишонинг! Чин солдатлик сўзим!
Хоҳласангиз қасам ичаман. Энди мен сизсиз яшай олмайман.
Сизни соғиниб севгилингиз Ўткирбек».
Орадан кўп ўтмай Сирожиддиндан хат олдим.
Сирожиддин дўсти менинг «ишқимда» жинни бўлганини, юборган суратимни ҳаммага мақтаниб кўрсатиб чиққанини, дамба-дам кўкрак чўнтагидан олиб, томоша қилиб, битта ўпиб, яна қоғозга ўраб, авайлаб чўнтагига солиб қўйишини ёзибди. Мен энди сир очилиб қолмасин, деб Сирожиддинга ҳам Карима бўлиб мактуб ёздим. Биламанки, бу мактубни Сирожиддин дарров Ўткирга кўрсатади. Шуни ўйлаб, хатимга сал-пал «нозларим» дан аралаштирдим.
«Сирожиддин, ҳали келинг, мен сизни ўлдираман, бегона йигитларга манзилимни берганингиз учун. Ўткир акамга айтинг, суратимни ҳаммага кўрсатмасинлар, ахир қиз боламан, уяламан-да. Айтганча, у кишига ишонсам бўладими? Хатларида менга севги изҳор қилибдилар. Мен кўнгил бериб, алданиб қолмайманми? Бир куни ташлаб кетмайдиларми? Мен дугоналаримга у кишининг суратларини кўрсатиб «йигитим», деб қўйдим.
Салом билан синфдошингиз Каримахон».
Кутганимдек бўлди. Бир ҳафта ўтиб-ўтмай Ўткиржондан хат олдим. У энди еттинчи осмонда учиб юрарди.
«Гарчи менга очиқ ёзмаган бўлсангиз ҳам Сирожиддинга ёзган хатингиздан менда кўнглингиз борлигини билиб олдим. Сизга катта раҳмат, Каримахон! Дугоналарингизга расмимни кўрсатиб, «йигитим» деганингизни ўқиб, бошим осмонга етди. Ҳали хизматим тугасин, ҳарбий кийимларим билан тўппа-тўғри ўқиш жойингизга бораман. Дугоналарингиз бир кўриб қўйишсин, мендек садоқатли ёрингиз борлигини! Ҳаммалари ҳавас қилиб қолишади ҳали.
Аммо «Ўткир акам алдамайдими, ташлаб кетмайдими?» деб ёзганингизни ўқиб озгина ранжидим. Яхшилаб суратларимга қаранг, мен ҳеч алдайдиган йигитга ўхшайманми? Мен аввал ҳам ёзувдим, қасам ичиб айтаман, сизни икки дунёда ҳам ташлаб кетмайман! Бир умрлик вафодор ёрингиз бўламан!
Сизни ғойибона қучиб, ёрингиз Ўткиржон».
Ана бўлмаса!
Ҳазиллашамиз деб бошимга бир балони орттириб олмасайдим. Бу ёғи жиддийлашиб кетди-ку?
Университет ҳовлисидаги тўртинчи алоқа бўлимидаги қизлар ҳам «Солдат мактублари» дан огоҳ бўлишди. Улар ҳам почтага кирганимдан менга мактуб бўлса дарров олиб беришиб, «Ўқиб беринг, бизлар ҳам эшитайлик», дер эдилар. Ўткиржондан келган мактубларни поч¬тадаёқ очиб ўқийдиган бўлдим. Почтадаги қизлар роса кулишар, деярли ҳар бир хатда келаётган суратларни томоша қилишарди.
Ўткир «акам» ҳам эринмай суратга тушиб юборарди-да ўзиям. Бир гал суратини юрак шаклининг ичига жойлаштирибди. Юрак атрофига эса «Ўткиржон + Каримахон = Любовь» деб ёздирибди. Бу нарсалар компьютер замонасининг болалари бўлган бугунги ёшлар учун арзимас нарсадир, аммо минг тўққиз юз етмиш саккизинчи йилда бу иш оддий иш эмас, «ўн саккиз ёшли қизни» анчагина ҳаяжонга соладиган иш эди.
Мен ҳам муносиб жавоб қайтармасам ноинсофлик бўлар эди. Лоладан илтимос қилиб, «дарс тайёрлаб ўтирган ҳолимдаги, шоирона ўтириб, хаёл сураётган ҳолимдаги суратларимни» юбордим. Эҳ-ҳе, бу суратларим боргандан кейинги келган хатларни сўзма-сўз кўчирсам ҳикоям ҳикоя эмас, роман бўлиб кетади. Ичагингиз узилиши ҳам мумкин. Аммо мен «йигитим»нинг устидан қаттиқ кулишингизни хоҳламаганим учун ҳам у мактубларни айнан келтирмайман.
3. Ота-онам нима деркан
Ҳар шанба куни қишлоғимизга кетардик. Хатлар ҳам асосан ҳафта охирида, кўпинча шанба кунлари келгани учун қишлоққа янги хат таъсуротлари билан кетардим. Раҳимберди акамиз билан бирга ижара уйда турардик, кўпинча қишлоққа ҳам бирга бориб, бирга қайтардик. Бир гал охирги келган мактуб жудаям кулгули бўлганидан уйга боргунча кулиб бордик ва акам сиримизни отамга очиб қўйди.
— Ҳа, иккаланг ҳам оғизларинг қулоқларингда келаяпсизлар, стипендия олибсизлар, шекилли? — дедилар отам.
— Стипендия олганимиз йўқ, барибир ҳафталик пулимизни берасиз, аммо Каримбердингиз қилиб юрган ишларни эшитсангиз сиз ҳам кулишингиз аниқ, — деди акам.
— Қани, Каримберди нима ишлар қилиб юрибди экан, эшитайликчи? — дедилар отам.
Қанча туртмай, акам барини оқизмай-томизмай айтиб берди. Отам кула-кула эшитар эканлар, бирига ишониб, бирига ишонмай дедилар:
— Қани айтганларинг рост бўлса, бирорта хатини ўқиб берингларчи!
Мен ўшанда урф бўлган «Дипломат» деб аталган сумкамдан Ўткирнинг охирги уч-тўртта хатини олиб, ўқиб бердим. Онамиз раҳматлик ҳам, сингилларим ҳам қотиб-қотиб кулишди. Отамиз раҳматли жуда ҳазил-мутойибага ўч одам эдилар. Водий томонларга борсалар ўша ёқлик отахонларнинг аскияларига ҳам бемалол қўшилиб кетаверар эдилар. Уйимизда отамнинг шарофати билан жанжал-можаро бўлмас, ҳар қандай муаммо ҳам ҳазил-мутойиба билан енгил ҳал қилинар, отам бор даврада ғийбат гаплар, бемаъни сўзлар гапирилмасди.
— Эртага бир кун хизмати тугагач, келса нима дейсан? — дедилар отам кулгудан ёшланган кўзларини артиб. — Бу бечора сени қиз бола деб ўйлаб ғойибона ошиқ бўлибди. Эртага бир кун совчи қўйса нима қиласан? «Хушвақт бобонинг Каримахон деган қизига Пайариқдан совчи келибди», деган гап чиқиб кетса сен ким деган одам бўласан-у, биз нима деб жавоб қиламиз?
Иш бунчага борар деб ўйламаганим учун жавоб беришга шошиб қолдим.
— Йўғ-е, бунчаликка бормас, бу ҳазил-ку?
— Ҳазил ҳазил билан-у, ҳазилинг қимматга тушмасин-да, ишқилиб. Ота-онаси келиб, «Каримангиз икки йил ўғлимизни лақиллатибди, энди битта қизингизни берасиз», деб туриб олишиб, йўқ жойдан битта синглинг Пайариққа кетиб қолмасин яна.
Отамнинг озроқ авлиёлик сифати бор эди. Бир ишни бўлади десалар бўлмай қолмас эди. Икки ҳафта ўтиб, отамнинг башорати тўғри чиқиб қолди-да.
«Ўткирим» дан хат олдим:
«Каримахон, мен бир қарорга келдим. Сизга уйланишга аҳд қилдим. Уйимдагиларга қароримни ёзиб юбордим. Иккаламиз бир-биримизни севишимизни ёздим. Улар «Кўрмай-билмай қандай келин қиламиз?» дейишувди, сизнинг суратларингизни, ишқий мактубларингизни юбордим. Суратингизни кўрибоқ, улар сизни ёқтириб қолишибди. «Сочлари узун, ўзиям иболи, ҳаёли қзга ўхшайди», деб ёзишибди. «Бизлар розимиз, совчиликка борамиз, амммо ноумид бўлиб қайтмаймизми?» деб хат ёзишибди. «Каримахон сизларни уялтириб қўймайди, мен у кишига олдиндан ёзиб юбораман, у киши ота-оналарини огоҳлантириб қўяди, чиройли кутиб олишади. Битта қизларини берса мендай йигитга беришади-да! Насиб бўлса, оқлик олиб қайтасизлар. Фотиҳа тўйини қилиб қўяверинглар, борганимдан катта тўйни қиламиз», деб ёздим. Қалай, Каримахон хурсандмисиз?»
«Хурсандлигимдан» ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Шошилинч чора кўрмасам бўлмайди. «Салкам қаллиғим» га хат ёздим:
«Ўткир акажон, тўғри, мен сизни севаман. Аммо уйин¬гиздагиларни бекорга шоширибсиз. Шартмиди менинг мактубларимни, суратларимни уларга юбориш? Мени шарманда қилибсиз. Уйингиздагилар бизникига боришса ва хатларимни кўрсатишса, отам мени сўйиб қўяди-ку? «Ҳеч ким билан севишмасанг ўқитаман», дегандилар отам. Энди агар мени севсангиз, уйингиздагиларга айтинг, улар келмай туришсин. Қолаверса, мен эндигина иккинчи курсда ўқияпман, ҳали яна уч йил ўқишим керак. Ўзингиз келинг, кейин ўйлаб кўрамиз тўй ҳақида. Мени севсангиз совчиларингизни тўхтатиб турасиз. Билиб қўйинг, совчиларингиз бизникига борса, ҳаммаси тамом!
Севгилингиз Карима».
«Билиб қўйинг», деган жойим таъсир қилибди, шекилли, Ўткиржон «акам» дарров тушуна қолдилар. Совчиларини тўхтатдилар.
Аммо Ўткир менга уйланиш аҳдидан қайтмади. «Иккинчи курсни битирганингизда фотиҳа тўйини қилиб қўямиз, тўртинчини битирганингздан катта тўйни қиламиз», деб хатларида такрор-такрор ёзишда давом этди.
Яна беш-олти марта тўй ҳақида ±зса рози бўлиб юборишдан қўрқдим.
«Ўзингиз келгунингизча тўй ҳақида ёзсангиз, хатларингизга жавоб ёзмайман», деб хат ёздим.
Ана шундан кейингина Ўткир тўй ҳақида ёзмайдиган бўлди.
«Майли, бораман, иккаламиз Самарқандни айланамиз. Менга ўзингиз ўқиётган шаҳарни, университетни кўрсатасиз. Бизнинг «Волга» машинамиз бор. Отам борганимдан кейин машинани бир ҳафта менга берадиган бўлди. Бир ҳафта сизни машинада сайр қилдираман. Сизни тоғларга олиб чиқаман. Қаерга десангиз ҳам олиб бораман. Мени яқиндан билиб оласиз. Хоҳлаганингизча синаб кўрасиз. Мен ҳар қандай синовларингиздан муваффақиятли ўтаман. Кўрасиз, мени янада кўпроқ севиб қоласиз. Ана шундан кейин… Келинг, давомини ёзмай қўя қолай, сизнинг аразлаб қолишингизни истамайман. Ўзи ўтган гал битта хатимни жавобсиз қолдирганингизга касал бўлиб қолдим».
«Ана шундан кейин…» деганда Ўткир «акам» нимани назарда тутган экан, билмадим, аммо қиз бола аразлайдиган иш бўлса яхши иш эмас экан.
4. Синглим билан дугона бўлинг
Ёз ойлари эди. Ўткирдан навбатдаги мактубни олдим.
«Каримахон, суюнчи беринг, синглим Самарқандга, тиббиёт билим юртига ўқишга кирди. Ҳамшира бўлмоқчи. Акушерка бўлар эмиш. Битиргач, доя бўлар экан. «Яхши ўқигин, биринчи дояликни Каримахон кеннойингдан бошлайсан», деб хат ёзиб юбордим. У сиз ҳақингизда ҳамма нарсани билади. Суратларингизни кўрган. У ҳам сизни жуда яхши кўради. «Кеннойим билан танишиб олсак яхши бўларди, бир-биримиздан хабар олиб турардик», деб ёзибди. Ростдан, Каримахон, сиз синглим билан танишиб олинг. Кейинги хатимда суратини, қайси уйда ижарада туришини ёзиб юбораман. У сиз билан танишиб олса, роса хурсанд бўлади. Сиз ҳар ҳолда Самарқандни яхши биласиз, унга кўз-қулоқ бўлиб юрардингиз. Балки битта яхши уйни ижарага олиб, синглим иккалангиз бирга турарсизлар. Отамга ёзиб юбораман, ижара ҳақини иккалангиз учун ҳам отам тўлаб туради. Нима дейсиз?
Шунда менинг ҳам кўнглим тинч бўларди. У сизни сизга ошиқ бўладиган йигитлардан қўриқлаб юрарди. Жавобингизни интиқ бўлиб кутаман.
Сизни соғинган севгилингиз Ўткирбек».
Ҳақиқатдан Ўткирбек кейинги мактубида синглисининг расмини ва манзилини юборди. Исми Настарин экан. Бунақа исмни олдин учратмаганимдан ҳозиргача исми эсимда қолган. «Бир кўрсангиз ёқтириб қоласиз», деб ёзган Ўткирбек муболаға қилмаган экан. Настарин исми жисмига монанд гўзал қиз экан.
Аммо Настарин билан танишиб олишга, дугона бўлишга, айниқса «битта уйда бирга туришга» ҳаддим сиғмади. Ким билади, бориб танишиб олсам, Ўткирбекка куёв бўлиб кетармидим? Аммо Ўткирбекка бўлган «муҳаббатимни» суистеъмол қилмадим. Бориб Настарин билан танишиб олмадим.
«Қандай танишаман, — деб хат ёздим Ўткир акамга. — Уяламан-ку? Синглингиз нима деб ўйлайдилар? «Ўлиб турган экан кеннойим», демайдиларми? Яхшиси ўзингиз келинг, таништириб қўясиз. Ахир хизматингиз тугашига ҳам кам қолди-ку?
Сизнинг йўлингизда интизорингиз Каримахон».
Курсдош қизлар, айниқса, Соҳиба Ўткирбекнинг синг¬лиси билан танишиб олишга кўп ундади. «Балки бахтингиз очилиб кетар?» деди. Саида ҳам «Сир очилмайди, биз Лола билан айтилган манзилга бориб танишиб келамиз», деб Настарин билан танишишга ошиқишди. Аммо мен вазият чигаллашиб кетишидан қўрқиб, Лоланинг бориб танишишига ҳам рухсат бермадим. Ким билади, тағин Лолани бирорта йигит билан кўриб қолиб ғиппа томоғидан буғиб олмасин, «Нега менинг кеннойим билан юрибсан», деб.
Хуллас, мен Настарин билан танишмадим. Содда акаси туфайли ҳаётида кўп ўзгаришлар бўлиб кетишини истамадим.
5. Энди бир ҳийла керак
«Севгилим» билан хат ёзиша-ёзиша учинчи курсга ҳам ўтдим. «Дийдор кўришиш онлари» ҳам яқин қолган эди. Узоғи билан икки-уч ойдан сўнг «Ўткиржоним»нинг хизмати тугаб, ватанга қайтадиган бўлиб қолди. У менинг ҳажримда адо бўлиб, ойларни эмас, кунларни, соатларни санар, «Висолингизга етишимга фалон соат, фалон минут қолди», деб хат ёзар эди.
Ана шундай «Висол онлари яқин қолганда» Сирожиддиндан мактуб олдим:
«Салом Каримжон дўстим. Мана, хизмат ҳам тугай деб қолди. Аммо кетиш онлари яқинлашгани сари юрагимни ваҳима босаяпти. Сабаби, бу Ўткиржон дўстим сизни деб, кечирасиз, Каримхонни деб жинни бўлган. Тайёрлаган альбомини бир кўрсангиз ҳайрон қоласиз. Ҳар бир бетида севгилисининг расми ёки унга атаб ёзилган шеър ёки унга деб чиздирилган суратлар бор. Ҳар бир бетида Каримахон деган исм бор. «Ватанга бирга қайтамиз, мен Пайариққа бормай, сиз билан аввал Ургутга ўтаман, Каримахонни кўраман, кейин ота-онамнинг олдига бораман», деб юрибди. Энди ўзингиз бир ҳийла ишлатиб, бунинг чорасини топмасангиз, Ургутга бориб халқаро жанжал чиқариши турган гап. Жон дўстим, бир иложини қилинг! Ҳазилнинг таги зил бўлиб кетмасин. Агар ҳақиқатни билса, у сизни билмадим-у, мени бир нима қилиб қўйиши аниқ. Бор умидим сиздан.
Салом билан дўстингиз Сирожиддин».
Ана холос. «Етимнинг оғзи ошга етганда тиши синар экан-да». Начора, ҳийла бўлса ҳийла-да. Ўткир «акам»га нолаю фиғон тўла бир мактуб битдим:
«Ўткир ака, ўзимнинг акажоним! «Қиз бола палахмон тоши», деганлари рост экан. Нима қилай, тақдир экан. Мени уйдагилар тоғдаги бир қариндошимизнинг ўғлига бераиган бўлишибди. Кеча ўқишдан борсам «Тоғдаги Маҳкамтош аммангдан келган совчиларга хўп деб юбордик», дедилар онам. Йиғлайвериб, кўзларим шишиб кетди. Мен онамга «Ҳаммасини билар эдингиз-ку, энди мен Ўткир акамга нима дейман? Ким деган одам бўлдим?» дедим. Онам бечора ҳам «Ҳаммасини биламан, қизим, аммо отангнинг феълини биласан-ку, бир сўзли одам, айтган гапини икки дунёда ҳам қайтариб олмайди. Сени деб яккаю ягона синглиси билан юз кўришмас бўлиб кетмайди. Ўткир аканг ҳақида бир оғиз айтсак, иккаламизни ҳам сўйиб ташлайди», дедилар. Мен қишлоқдан йиғлаб-йиғлаб қайтиб келдим.
Нима қиламиз, акажон? Наҳотки севгимиз шундай фожеали якун топса? Наҳотки, иккаламизга ҳам дийдор қиёматга қолса?
Сизни ва фақат сизни севгувчи Каримангиз».
Ўткир «акам»нинг хат ёзишга сабри чидамапти. Ундан телеграмма олдим:
«Каримахон тчк Тўйни нима қилиб бўлсаям тўхтатиб туринг тчк Бизникилар боришади тчк Тўйни тўхтатмасангиз мен ўзимни ўлдираман тчк».
Бечора Ўткир «акам». Телеграммасини олиб йиғлагим келиб кетди. Ўлай агар қиз бола бўлсам унга тегар эдим. Аммо начора, «мени тоғдаги аммамнинг ўғлига беришаяпти-да».
Ўткирга армонли бир мактуб битдим:
«Видолашув мактуби.
Қуш эдим, қанотимни қайирдилар,
Гул эдим, булбулимдан айирдилар.
Ўткир ака, акажоним. Кеча қишлоққа борсам фотиҳа тўйимни қилишибди. Икки ҳафтадан сўнг мени, мен шўрликни келин қилиб олиб кетишар экан. Пешонам шўр экан, Ўткир акажон, пешонам шўр экан.
«Қорли тоғдан наридадир ўзга диёр,
Ўзга юртда келин бўлиб қолишинг бор»
деб Ҳофиз мени айтган экан, акажоним. Қорли тоғдан ошиб кетадиган бўлдим. Аммо сизни бир умр унутмайман, акажоним! Дунёга келиб фақат сизнигина севдим. Шу севгимга юрагимдан содиқ бўлиб дунёдан ўтаман.
Нима қилсам экан-а? Келин қилиб олиб кетишаётганда тоғнинг энг баланд ерига чиққанда бир нарсани баҳона қилиб машинадан чиқсам-у, ўзимни қоядан ташласаммикан-а?
Алвидо, Ўткир ака! Сизни унутмайман! Сиз ҳам мени унутманг, жоним! Ҳар Самарқандга келганингизда «Шу шаҳарда мен учун жонини беришга ҳам тайёр бўлган бир қиз бор эди, исми Карима эди», деб бир боргина эслаб қўйинг, акажоним!
Вужуди қорли тоғларники, қалби эса бир умр сизники бўлган Каримангиз».
О, бу хатим Ўткирбек «акам»нинг умидини мендан узармиди?
Мактубим унинг ёнган юрагига бензин сепди-ку?
«Каримахон, дунёни остин-устун қиламан, сизни келин қилиб олиб кетган тоғликларнинг уйига ҳам, бутун тоғу тошларига ҳам ўт қўяман, ўт!
Германиядан тўппа-тўғри Ургутга учаман. Қайси тоғнинг орасида бўлсангиз ҳам сизни топиб олиб, Пайариққа олиб кетаман. Майли, тўй бўлган бўлсангиз ҳам, майли, … нима бўлган бўлса ҳам. Сиз меникисиз, фақат меники!
Сиз учун дунёга ўт қўйишга тайёр турган Ўткирбегингиз».
Одамлар «Севги, садоқат киноларда, китобларда қолган», дейишади, ишонмаймайман. Мана, сизга ҳаётдаги севги, чин садоқат! Ўткирбекнинг садоқатига қойил қолмай иложим йўқ. Кўрдингизми, тоғларнинг орасидан топиб, яна тоғларга ўт қўйиб, мени Пайариғига олиб кетмоқчи. Ҳатто менга «… нима бўлган бўлса ҳам».
6. Сўнгги мактуб
«Алвидо Ўткирбек ака!
Сўнгги мактубингиз юрак-бағримни қовуриб юборди. Сизни ўйлаб тунлари ухлай олмаяпман. Аммо нима қилай? Тақдиримга тан бердим. Қиз боланинг қўлидан йиғидан бошқа иш келмас экан. Кўз ёшларим дарё бўлди сиздан айрилиб.
Ўткир акажоним, энди хат ёзманг, жонимни қийноққа солманг! Мактубимни олганингизда мен… мен шўрлик ўзга ёр қўйнида бўламан. Энди «Қўйнимда бир ёр-у, кўнглимда бир ёр», деганлари мен бўламан. Бир умр сизни унутмайман!
Алвидо Ўткирбек ака!
Алвидо севгилим!
Мени унутманг, жоним, мен сизни ўлгунимча унутмайман!
Дунёда сиздан бошқага кўнгил бермаган Каримангиз».
«Мен барибир бораман. Барибир сизни у золимнинг қўлидан қутқариб олиб кетаман. Энди менга барибир…».
Мен Ўткирбек акамга сўнгги мактубимни ёздим. (Шундай қилмасам ҳикоя ҳам чўзилиб кетди.)
«Ўткир ака, энди хат ёзманг дегандим-ку? Раҳима опам сиздан келган мактубни олиб келибди. Қўрқиб кетдим. Ахир эрим билса мени ўлдириб қўяди-ку?
Энди ҳаммаси тамом! Сиз билмаган кўп ишлар бўлиб ўтди. Икки ҳафтадирки, мен бировнинг хотиниман, хасми ҳалолиман.
Эрим Турсунбой ака ҳам шу ўтган икки ҳафтанинг ичида менга ёқиб қолдилар. Бир зум ташқарига чиқармасам дейдилар. Аммо қайнонамнинг, аммажонимнинг хизматларини қилишим керак. Бу менинг келинлик бурчим. Ҳаммалари мендан миннатдор. «Бахтли оилалардан биримиз». Хуллас, бахтли яшаяпман.
Ўткир ака, илтимос, энди мени унутинг! Агар мени севсангиз, бошқа мактуб ёзманг! Армиядан кейин Ургутга ёки ўқиш жойимга излаб келманг!
Биламан, сиз мард йигитсиз, «Бечора севгилим эри билан тинч-тотув яшасин», деб мени тинч қўясиз ва бош¬қа мактуб ёзмайсиз.
Агар мактуб ёзсангиз ёки, Худо кўрсатмасин, келсангиз қиёмат бўлади, мени тирик кўрмайсиз!
Алвидо!
Энди сизга номаҳрам, бировнинг аёли бўлган, Карима».
Ўв, биродарлар, бу Ўткирбек дегани мард чиқди. Мени тинч яшасин, деди. Ёш жонига жавр бўлмасин, деди. Бекорга ўлиб кетмасин, деди. Мени тинч қўйди. Бошқа мактуб ёзмади. Охирги мактубининг жавобини Сирожиддинга оғзаки айтибди.
«Майли, ёрим бахтли бўлса бўлди. Каримахон хат ёзма дедими, энди хат ёзмаганим бўлсин! Майли, Ургутга ҳам бормаганим бўлсин! Ўқиш жойига ҳам излаб бормайман. Аммо бир кун учрашасиз, Каримахонга айтиб қўйинг, мен уни бир умр унутмайман! Каримахон сўнгги нафасим чиққунча қалб ардоғимда бўлади! Мен уни абадий севаман!» дебди.
Армиядан келганидан сўнг Сирожиддин билан ярим соатча қучоқлашиб турибмиз-у, иккаламиз ҳам бирор сўз айтолмай, нуқул куламиз. Кейин кула-кула биринчи хатим борганидан охирги хатимни олгунича ва ундан кейинги воқеаларни бирма-бир сўзлаб берди.
— Биласизми, охирги хатингиз келгунича мен билан бирга келмоқчи бўлиб юрган эди. «Бориб эрини ўлдириб бўлсаям Каримахонни олиб кетаман», дерди. Унга жавоб беришган эди, Аммо менга ҳам жавоб беришларини пойлаб, бир ҳафта кутди. Аммо охирги хатингиздан кейин бола бечора адойи тамом бўлди. У ёққа ўтади, ўйланади, чекади, бу ёққа ўтади, чекади, йиғлайди. Нуқул сиздан келган хатларни такрор-такрор ўқийди, суратларга тикилгани-тикилган. Ўзи билан ўзи гаплашадиган бўлиб қолди, бечора. Охири тоқати тоқ бўлиб менга буйруқ чиқишига уч кун қолганда кетиб қолди.
— Ишқилиб бир куни келиб, сиримиз очилиб, шарманда бўлмаймизми? — сўрайман ҳалиям ҳадиксираб.
— «Ургутга оёғимни босмайман», деб қасам ичди, — дейди Сирожиддин. — Менимча, келмаса керак, жуда қаттиқ хафа бўлди.
Ўткирбек ростдан ҳам «Ургутга оёғини босмади».
Мана, орадан салкам ўттиз йил вақт ўтди. Ўткирбек ўзига муносиб ёр топиб, уйланиб, болали-чақали бўлиб кетгандир. Балки, неваралик ҳам бўлган бўлса ажаб эмас. «Ургутга оёғимни босмайман», деб қасам ичган бўлсалар, Самарқандга бир келсалар-у, бир учрашиб, танишсак, бир кулишиб, ёшлик йилларимиз ва ёшликдаги шўхликларимизни эслашсак ёмон бўлмасди.
Ёзганларим эса Ўткирбекни ёшлик хотираларига қайтарганига шубҳам йўқ.