Архитекторлар уйидаги дўстим телефон қилиб қолди. Ниҳоят, янги лойиҳалар кўргазмаси очилибди. Мен бу хушхабарни кўпдан бери кутардим. Дарров йўлга тушдим.
Намойиш залининг марказий қисмига қўйилган “Ўзбекистон” (“Эзгулик”) деб аталувчи улкан шаҳар боғи лойиҳаси мени ҳаяжонга солди. Ширин хаёллар болаликнинг нурафшон, беғубор сўқмоқлари томон етаклаб, кун бўй тинчлик бермади, қўлимга қалам тутди…
Мен у одамни биринчи бор кўрганимда ҳаётнинг паст-баландидан бехабар ўйинқароқ бола эдим. Балки аввалроқ ҳам кўргандирман, лекин ўша кунги учрашув менда унутилмас таассурот қолдирган.
– Ҳой, ўғлим, қани яқинроқ кел-чи! – Бобомникига ўхшаш беозор, салобатли овоз эшитилган томонга ўгирилдим-у, қалин патила соқолидан тортиб, эгнидаги кийимларигача қордай оппоқ, жуссаси баланд кишига кўзим тушди. Унинг қорачадан келган хиёл чўзинчоқ юзларида, босиқ жилмайишида одамни тез ўзига жалб қилиб оладиган сеҳр аломати бор эди.
Бошидаги хийла уринган дўппи ҳам, олди очиқ яктагини сириб, устидан боғлаб олган белбоғи ҳам ўзига ярашган. Чамаси бобом тенги эди. Бироқ қаддини бардам тутиб, қиров қўнган қалин қошларини хиёл чимириб туриши ҳали бардам-тетиклигидан далолат берарди.
Қария кулимсираб орадаги жимликни бузди.
– Ҳа, мунча тикилиб қолдинг, болам! Бу маҳаллаликка ўхшамайсан, шекилли? Кимнинг ўғлисан?
– Азимбой буванинг набирасиман, – дея нарироқдаги бобомларнинг кўкиш дарвозасига ишора қилиб қўйдим.
– Ие, ўзимнинг оғайнимни-я! Катта йигит бўлиб қопсан-ку! – Чол яқинроқ келиб пешонамдан ўпди. – Отинг нима?
– Шарофиддин, – дедим-у, қаердандир пайдо бўлиб қолган кучукчага кўзим тушди. У эркаланиб чолнинг оёқларига суйкана бошлади. Миржалолнинг ҳам шундай лайчаси бор. Жуда ҳавасим келди:
– Буважон, кучугингизнинг оти нима?
– Оқтош, болам.
– Менга беринг!
Чол сукут сақлаб қолди. Кейин:
– Жон деб берардим-у, менга жуда ўрганиб қолган-да! – деди Оқтошдан кўз узмай, – яхшиси, сенга бошқасини топиб бераман… Ҳа, айтганча, мана сенинг тегишинг! – У киши ғижимлаб тутган яктагининг узун бари ичидан икки дона қирмизи олма чиқариб менга узатди, сўнг, – ўртоқларинг кўринмайди! – дея атрофга бир назар ташлаб қўйди.
Олмалар бир томони садафдай оппоқ, иккинчи томони шафақдай нимқизғиш эди. Худди кечки қуёш нурида жилоланаётгандек. Уларга маҳлиё
бўлиб, раҳмат дейиш ҳам хаёлимга келмабди.
Худди шу пайт осмондан тушгандай болаларнинг ғала-ғовури бутун кўчани босиб кетди:
– Деҳқон бува, менгаям, менгаям!
– Мана, бунисининг қизили йўқ экан-ку!
Чол ҳузур қилаётгандай болаларга жилмайиб қарар, босиқлик билан уларни тинчитмоқчи бўларди:
– Ҳозир, ҳозир, ўғилларим, ҳаммангизга етади!
Кейин билсам, бу киши ҳар куни азонлаб елкасида кетмони билан маҳалла кўчасидан Қичқириқ анҳори томон ўтар, ғира-ширада эса яна орқасига қайтар экан. Ҳатто маҳалла кишилари орасида: “Деҳқон бува кўчадан ўтадиган маҳал”, “ишдан қайтадиган маҳал” деган гап юрар, бу саҳармардон ёки кеч оқшом маъносини англатаркан.
Бобомникидан икки ҳовли нарида турадиган таниқли шоирнинг ўғли Миржалол ана шундай деб таъкидлади:
– Бува салом берган болани яхши кўрадилар. Шунинг учун у кишини кўришинг билан ассалому алайкум дейишни унутма! Анаву Тарзан бор-ку, ҳар куни азонда кўчага чиқиб, бувани кутиб туради, салом-аликни қилиб, яна ухлайверади. Ҳатто буванинг боғига ҳам тез-тез бориб туради.
– У кишининг боғи борми?
– Ҳа, Қичқириқнинг бўйида мевазори бор. Тарзаннинг гапига қараганда, у ерда пишиб ётган олмаю анжир, шафтолию нокларни кўриб одамнинг оғзи очилиб қолармиш.
Мен ҳам Миржалолни қойил қолдирмоқчи бўлдим:
– Бизнинг қишлоқдаги ҳовлимизда ҳам катта боғимиз бор.
Аслида, ҳовлимиз бу ердан унча олисда эмас. Пиёда, далама-дала юрса, сал ортиғи билан ярим соатли йўл.
Мен бу ердаги маҳалланинг ўзимга тенгқур болалари билан унча-мунча танишлигим бор. Чунки олдинлари ҳам тез-тез келиб турардим.
Айниқса, бобомнинг бел суяклари орасида қолиб кетган “осколька” оғриғи қўзғаб, ётиб қолганларидан бери бир оёғим шу ерда бўлиб қолган. Чунки оилада тўнғич фарзандман. Сал бўш қолдим дегунча ойим, Толариққа чоп, ўғлим, эр-хотин қўлтиқлаши-иб ишга кетган бўлса, ҳайҳотдай ҳовлида бобонгнинг ўзи қолгандир, дея мени бу томонга зинғиллатади. (“Эр-хотин” дегани тоғам билан Умида келинойим бўлади. Иккови ҳам ўқитувчи. Келинойим олдимиздаги, тоғам қўшни маҳалладаги мактабда дарс беради. Негадир тоғам хотини атрофида “пой-патак” бўлавериши ойимга ёқмайди. “Эркак эркакдай бўлса!” дейди-ю, лекин ўзи… Қўйинг, бу ёғини айтмай қўяқолай).
Врачлар бобомнинг дардини енгил қиламиз деб уч маротаба операция столига ётқизишган. Аммо иложини қилишолмагач, у киши тақдирга тан бериб, майли, азоб тортсам ҳам энди касалхонага бормайман, деб айтган.
Қиш ўрталарида “осколька” яна азоб бера бошлади. Ойим югурмаган жой қолмади. Аллақандай табибларни олиб келиб кўрсатди, улар берган, кимлардандир топиб-тутиб келган ҳар хил ўт-ўланларни хавончада туйиб, нималар биландир аралаштириб, бобомнинг белига боғлади, исириқни чой ўрнида дамлаб ичирди, фойдаси тегмади. Қўшни маҳаллалик “Оқотин” деган афсунгар кампир олдига бориб фол очирди…
Шаҳар ҳовлида бобом, тоғам, келинойим – уч киши яшашади. Бувимни яхши эслолмайман. Баъзан ойим ачиниш билан айтиб қўядиган ушбу гаплар қулоғимга чалиниб қолади: “Биз қизларни ювиб-тараб, уйли-жойли қиламан деб адойи тамом бўлди, тилаб-тилаб олган ёлғиз ўғлининг орзу-ҳавасини кўролмай кетди бечора онагинам”.
Бобом мени жуда яхши кўрар, баъзан “сиз”лаб гапирарди: “Келганингиз жуда яхши бўпти-да! Умидахон келинойингиз ишдан қайтгунларича отамлашиб чой ичайлик. Самоварни қўйиб юборинг!”
У, айниқса, кейинги пайтларда жуда ғалати бўлиб қолган. Мен билан худди чойхонадаги чоллардай чойни “майдалаб” гурунглашиб ўтиришни яхши қўради. Ҳозир шаҳарга қўшилиб кетган мана шу маҳалла ўрнида бир пайтлар иккита колхоз бўлганини, ҳўкиз-омоч билан ер ҳайдаб буғдой экишларини, у пайтлар Қичқириқ худди дарёдай ёйилиб оқиши-ю, унинг атрофидаги чексиз нокзор, ёнғоқзор боғларни, яна урушда бошларидан кечирган ғаройиб воқеаларни эринмасдан сўйлайверади. Қўйиб берса, кечгача олдидан жилмасам…
Аммо баъзан зерикиб кетаман. Чой дамлаб келмоқчи бўламан-у, кўча томон ўзимни ураман. Орқамдан бобомнинг ҳай-ҳайлаган овози эшитилади… Тўғри, у кишига ҳам қийин! Қимирламай, бир жойда ёнбошлаб ётавериш осонми! Ачиниб кетаман. Дарвоза остонасига етганда оёғим тортмай орқага қайтган пайтларим ҳам бўлади. Масалан, кеча шундай қилдим. Бобом “мунча ўйинқароқ бўлмасанг, сендай пайтимизда мол боқардик, отамиз ёнига кириб, теппа-тенгига кетмон чопардик” деган одатдаги насиҳатомуз гапларини бошлаб юбормасидан олдин индамайгина каравот ёнбошига келиб ўтирдим ва яна “Кукушка”ни айтиб беринг, дея ялиндим.
Айниқса, мана шу ҳикоя жуда қизиқ. Уни бобом шундоқ қойилмақом қилиб сўзлардики, тинглаб, худ¬ди кино кўраётгандай мазза қиласиз. Ўрмондаги баланд дарахтлар устига “ин” қўйиб олиб, пойлоқчилик қиладиган душман “Кукушка” деб аталаркан. Бобом ана ўшаларнинг овозини “ўчириш” учун кўплаб операцияларда қатнашган.
Лекин ҳовлига темир илмоқни елкасига осиб олган маҳалла монтёри кириб келди-ю, бобомнинг гапи оғзида қолди. Кечаси қаттиқ шамол туриб, ҳовлимиз чироғи ўчганди.
Монтёр бобом билан салом-алик қилгач, дарвоза ёнбошидаги ёнғоққа ишора қилди:
– Анов шохлар симни кўтариб қўйибди, энди сал шамол турса чайқалади-да, симни узаверади. Ўша тепа шохни кесиш керак,
– Маҳкамбой! – бобомнинг вазмин овози эшитилди, – ҳунарингиз савобли-ю, қиладиган ишингиз унинг тескариси-я! Баҳорда қўшним Тошпўлатнинг шундоқ кўчага соя ташлаб ётган катта субҳон ўригини чўлтоқ қилиб кетибсиз. Энди навбат бизга келдими!
Маҳкам ака ҳам бўш келмади:
– Ўрикни горсетнинг спецбригадаси кесиб кетган… Энди мен ҳадеб чироқ ўчиб қийналаверманглар деяпман-да!
Бобом сал шаштидан тушди:
– Симни ҳов наридан тортиб берсангиз бўларди. Биласиз, бу дарахт биздан болаларга ёдгорлик!
– Таърифини эшитганман. Лекин қурғур у симёғоч ораси узоқ-да! Майли, сиз учун йўлини қиламиз, Азимбой ака.
Маҳкам монтёр аллақаердан бир ўрам сим кўтариб келиб, бобом айтганидай қилиб тортди. Тушликни бирга қилдик.
Гап орасида монтёр бобомдан сўради:
– Бу ёнғоқ кўчатидан кўпайтиряпсизми?
– Энди ҳафсала қайда дейсиз! Одамнинг бир жойи оғриб турса, кўнглига ҳеч нарса сиғмас экан, Маҳкамбой. Лекин Деҳқонбой анчагина кўпайтирди, барака топкур!
– Ҳа, ўтган йили икки тупини менга ҳам бергандилар. Кўча эшик олдига ўтқазганман. Ҳозир анча бўй чўзиб қолди…
Бобомлар ҳовлисидаги улкан ёнғоқ яқин-атрофдаги бошқаларидан фарқ қилади: барглари ихчам, меваси дум-думалоқ, мағзи оқиш, ширин. Кеч пишади. Қишлоқдаги томорқамиз этагида ҳам уч тупи ўсиб турибди. Бобомнинг ўзлари ўтқазган эканлар. Уларни бекорга “Мозорбосди” деб айтилмайди, қизиқ тарихи бор. Тахминан у шундай бошланарди: “Ўшанда Ғарбий Украинанинг Закарпатье атрофларидаги шаҳарлар асосан немис қўшинларидан тозаланган бўлса-да, ҳали душман бутунлай таслим бўлгани йўқ эди. Қалин ўрмонларга яшириниб олиб, қаттиқ қаршилик қиларди. Баъзи аҳоли пунктлари қўлдан-қўлга ўтиб турарди.
Бизнинг бўлинма зиммасига унча катта бўлмаган шаҳарчага туташ ўрмондаги душманнинг жазо отрядини тугатиш вазифаси юклатилганди. Лекин операция плани шошқалоқлик билан пухта ўрганмай тузилган эканми, қаттиқ зарбага учраб чекинишга мажбур бўлдик. Қуролдош шеригим иккимиз туни билан йўл юриб, бу ердан унча узоқ бўлмаган тош йўлга чиқиб олишга, ўрмон ичкарисида душманнинг катта кучи яшириниб ётгани хақида шаҳардаги штабга хабар етказишга ошиқардик. Аммо йўлдан адашиб, қалин ўрмоннинг ичкарисига кетиб қолганимизни сездик… Эҳ, у ерда шундай ўрмонлар бўладики, мабодо, адащиб қолсанг, умр бўйи айланиб юраверишинг мумкин. Икки кун деганда егулик бирон нарсамиз қолмади. Уч кечаю уч кундуз оч-наҳор кездик. Устига-устак, кузнинг аёзли кунлари бошланиб, шивалаб ёмғир ёғарди. Ўчакишгандай бошпана бўладиган биронта;ертўла ёки ёғоч кулбага йўлиқмасдик. Ҳаммаёқ, кийимларимизгача шалаббо… Шундай силламиз қуриб, умидсизликка учраганмизки, майли, бирон иссиқроқ жой топиб, ўша ерда ўлсак розимиз, дейишгача бориб етганмиз.
Тўртинчи кун тушга яқин катта сайҳонлик қаршисидан чиқиб қолдик. Унинг ўртасида одатда ўрмончи ёки овчилар учун ясаб қўйиладиган қароргоҳ борга ўхшади. Қувониб кетдик. Бироқ қанча машаққатлар билан лой кечиб у ерга етиб келгач, бомба ўпириб юборган, ичи ҳалқоб сувга тўлиб қолган катта чуқурликни кўрдик. Ҳафсаламиз пир бўлди, орқага қайта бошладик. Худди шу пайт осмон гумбазини зириллатиб самолёт овози эшитилиб қолса бўладими. Зум ўтмай, тепамиздан “Юнкерс” учиб ўтди. Ўзимизни ўт-ўлан панасига олдик. Хайрият, сезмади, йўқса патиллатиб ўқ отган бўларди. Самолёт кўп ўтмай яна пайдо бўлди, жуда пастлаб ўтди. “Ниманидир сезди, бу баччағар”, деб қўщдик ва шитоб билан яна ўрмон ичига чопдик.
Кечга яқин бир кичкина сўқмоқ, ундан кейии тош йўл қаршисидан чиқиб қолдик. Оёқларимизга қайтадан куч-қувват кирди, баданларимизга иссиқ югургандай бўлди. Атроф жимжит. Қатнов деярли йўқ. Йўлнинг чап томони кета-кетгунча қалин ўрмон, ўнг тарафи эса паст-баланд қир-адир эди. Бу ерларни дарров танидик: икки ҳафтача олдин шаҳарга олиб борувчи мана шу йўл учун шиддатли жанглар қилиб, қўлга киритгандик.
Бир пайт узоқдан оқшом сукунатини бузиб, гувиллаган овоз эшитила бошлади. Ўзимизни панага олдик – йўл четига қаторасига экилган дарахтлар орасига яшириндик.
Шундоқ қаршимиздан қандайдир машина катта тезлик билан ўтиб кетди. Унинг ичида уч-тўртта фашист қораси кўринди.
“Наҳотки, бу ерларни яна қўлдан чиқарган бўлсак!” Хаёлимиздан яшиндай бўлиб шу фикр ўтди-ю, ҳафсаласизгина ерга чўккаладик. Шу пайт тиззалаларимиз кўзига ғадир-будур нарсалар урилгандай бўлди, оёқларимиз остидан “қирс” этган овоз эшитилди. Шеригим кафтлари билан хазон ораларини пайпаслаб, қўлига нималарнидир олди.
– Ие, манавуни қара, ёнғоқ!
Бу атрофдаги катта йўллар бўйида мевали дарахтлар борлиги, баъзан уларнинг ҳосили солдатларимизга асқотаётганлиги ҳақидаги гаплар аҳён-аҳён қулоққа чалиниб турарди. Демак, ёнғоқзор устидан чиққанмиз.
Ҳамроҳим қўлидаги ёнғоқлардан бирини олиб кафти билан чақди. Мағзи намиққан, таъми тахирроқ эди, аммо биз учун шу топда бундан лаззатли егулик йўқ эди. Шеригим ҳали баргларини тўкиб улгурмаган катта ёнғоқ танасини қучоқлаб олди:
– Қара-я! Шуларни экканларнинг отасига минг раҳмат!
Жонивор бошини еб ҳосил қилган чоғи, меваси ер билан битта бўлиб тўкилиб ётарди. Роса ёнғоққа тўйдик. Чўнтакларимизни ҳам тўлдириб олдик.
Бу ерда узоқ ушланиб туриш ҳавфли эди. Тош йўлни “қоралаб” кета бошладик.
Кузнинг зимистон изғиринли кечаси. Қоп-қора юлдузлар бодроқдай сочилиб ётибди. Баъзан совуқ шамол туриб, атрофдаги дов-дарахт баргларини шитирлатиб тортқилайди, шох-шаббалар тебраниб инграётгандай бўлади. Чўнтагимиздаги ёнғоқ шалдираб тиззамизга урилади…
Бир пайт орқадан “пақ” этган овоз эшитилиб, осмонга мушак кўтарилди. Ўша томом чарақлаб кетди. У биздан бир чақиримча нари, тахминан сўқмоқ йўл атрофида отилганди. Демак, ортимизда одам бор!
Ўрмон оралаб яна ичкарироқ кириб кетдик…
Ниҳоят, бешинчи кун саҳарга яқин, култепага айланиб ётган қишлоқ харобаси қаршисидан чиқиб қолдик. У ердаги ярим вайрона кулба ичидан бошпана топдик. Икки кун қолиб кетдик.
Назаримизда, шаҳар шу яқин атрофда жойлашгандай эдй. Бироқ унга етиб олгунча узоқ вақт тентираб юрдик. Егулик ёнғоқларимиз ҳам саноқли қолганди. Охиргисини тўрттадан бўлишиб олдик. Очлик яна силламизни қурита бошлади. Бир кун ўтди, икки кун ўтди… Ниҳоят, тонгга яқин шаҳарча харобалари кўзга ташланди… Бизни очлик – ўлимдан сақлаб қолган охирги икки жуфт ёнғоқни эҳтиётлаб сақлашга, эсон-омон юртга қайтсак, Қичқириқ бўйларига экамиз, деб ният қилдик…”
Бобом ҳикоясини қайта тинглагандай бўлиб, баҳайбат ёнғоқ шохларига тикилганча хаёл суриб ўтиргандим, бир даста дафтар кўтариб Умида келинойим келиб қолди. Негадир йиғлаганми, кўзларида ёш. Буни бобом дарров пайқади:
– Ҳа, қизим, ким хафа қилди?
– Анов, Равшан амаки! Синфимдаги болаларнинг коптоги боққа кириб кетган экан, пичоқ билан ёриб берибди. Шундай қилмасангиз бўларди деб, балога қолдим. Аввал бирон туп дарахт экиб кўкартир, кейин гапир, олифта, деб сўкса бўладими!
– Айтмадингизми, ўзингиз бирон туп кўчат ўтқазганмисиз, боғни боғ қилиб қўйган Деҳқон бува бўлади деб!.. Ҳа, энди унинг феълини биласиз-ку, оти Равшан бўлгани билан ичи зимистон. Хафа бўлманг!
Бобом менинг бетоқат бўлаётганимни ниҳоят сезди:
– Бор, ўйнаб келақол, сенга жавоб. Равшан қоровул кўзини тўрт қилиб кутиб турибди.
Мен зинғиллаганимча ўзимни кўчага урдим.
Айниқса, бу йилги ёзги таътил жуда кўнгилдагидай бошланди. Кундаги “сигирга қара, ўт юлиб кел, укангни кўтар” деган гаплар йўқ. Таътилни мазза қилиб Толариқда ўтказадиган бўлдим.
Бу ер ростданам зўр-да! Болалар дурустроқ жон куйдириб ишлашни билишмайди. Умуман, ҳадеб ишга буюраверадиганнинг ўзи йўқ. Уларни тежаб-тергайдиган Тарзан! Маҳалланинг тўрт-беш боласи кўчага чиқиб, тўпланди дегунча, у пайдо бўлади, ҳамманинг инон-ихтиёри ўшанинг қўлига ўтади!
“Тарзан”. Ғалати ном. Унинг асли исмини ҳеч ким аниқ билмайди. Баъзи болаларнинг гапига қараганда, бир вақтлар қайсидир хорижий кинодан таъсирланиб юрган отаси уни шундай деб атаган эмиш.
Тарзан қоп-қора, чайир, ҳабашга ўхшаган жингалак соч, юзлари чўтир бола. Ёши бошқаларникига нисбатан улуғроқ бўлса ҳам, салобати йўқ. Лекин қачон қарасанг гердайиб юради. Гапига кирмаганни “ўйин бузуқи”га чиқариб, уриб қолиши ҳам мумкин.
Бир куни нимадандир гап қочиб ўзига бир ярим баробар келадиган Миржалолнинг қулоқ-чаккасига шапалоқ туширди. Мен Энди Миржалол уни боплаб адабини берса керак, деб тургандим, негадир рақибига қарши қўл кўтармади. Ўкраб йиғлаганича алам билан “Ачаво-от! Лўли!” деди-да, уйига қочди.
Шундан кейин даврада унинг қораси кўринмай қолди.
Бир хафтача ўтгач, Тарзаннинг ўзи Миржалолни уйидан чақириб чиқди, худди ҳеч қандай гап-сўз ўтмагандек, яна иноқ бўлиб кетишди.
Мен гап орасида Миржалолдан ўшанда Тарзанни нега ундай деб сўкдинг, дея сўрагандим, у бепарвогина қўл силтаб, бизнинг маҳаллага келиб қолган-да, ўшатдан, деганди.
Нима бўлганда ҳам Тарзан ҳаммани ўз атрофига йўл-йўриқ кўрсатишга, улар ўртасида ҳамжиҳатлик ўрнатишга уста эди. Маҳалладаги болалар, айниқса, узун ёз кунларини Тарзансиз тасаввур қилишолмасди. Шунинг учун унинг “темир интизоми”га кўникиб қолишганди.
Тарзаннинг кундалик ўз тартиби бор эди: у худ¬ди мактабдаги физкультура ўқитувчисидек, бола¬ларни қатор турғизиб қўйиб, икки қўлини белига тираганича уларга рўбарў туриб олади, худди машҳур саркардадай буйруқ билан “бугун амалга ошириладиган” режаларни эълон қилади. Бу режалар ҳар куни бир хилда қайтарилаверади. Яъни копток тепиш, тунука банка қўйиб чиллак ўйнаш, қоқ пешинда эса Қичқириқнинг юқорисидаги Тегирмонбошига бориб чўмилиш ва ҳоказо…
Айниқса, терлаб-пишиб, тупроқ чангитиб ҳолдан тойганингдан кейин, бир чақиримча наридаги эски тегирмон шаршарасида мириқиб чўмилишга, не етсин!
Тарзаннинг яна бир қилиғи бор: у кўпчилик болаларни лақаб билан чақирарди. Жумладан, кўчанинг нариги бетидаги жинкўча ичидан чиқувчи Собир – “Чапақай”, гузардан келадиган озғин, дароз, бўй-бастига хос ингичка овозли Умар – “Чилтон”, Миржалол эса – “Шоирча”, хўппасемиз, баданлари билқиллаб турадиган Зуфар – “Луччак”…
Тарзан менга ҳам аллақачон қойилмақом биронта лақабни нишон қилиб ёпиштирган бўларди-ю, бироқ боксёр акаси билан тоғамнинг яқин оғайнилиги ҳурмати юзасиданми, исмимни айтарди.
Мен бобомникига Қичқириқнинг нариги томон далалари шаҳарга туташ колхоз марказидан келардим…
Бир куни кутилмаганда Тарзан беш-олти чоғли болани йиғиб:
– Эртага ҳеч қандай ўйин бўлмайди. Ҳашарга – Деҳқон буванинг боғига, мева теришга борамиз, – деб эълон қилди.
Жуда хурсанд бўлиб кетдим. Чунки бува кун бўйи тер тўкиб ишлаб келадиган ўша ширин-шарбат мевазор боғ афсонавий маскан бўлиб кўз ўнгимда гавдаланарди, у ерни бориб кўришга жуда иштиёқманд эдим. Ҳатто мавриди келганда Тарзанни четга тортиб, йўлинг тушса мени хам олакет, демоқчи бўлиб юргандим. Мана энди ўзи таклиф қилиб қолди.
Бироқ ниятим амалга ошмади: эртаси азонлаб, қишлоқдан ойим келиб қолди. “Бир парча ерни ҳам эплаб қаролмаган” тоғамни роса койиган бўлди. Кейин, сен зумраша шунча кундан бери нима қилиб юргандинг, дея барча маломатни менинг бошимга ёғдирди. Қўлимга дастаси чўлтоқ кетмонни тутқазиб, қани чоп, помидор экиб қўямиз, деди.
Ишни то бир ёқлик қилгунимизча вақт алламаҳал бўлди. Буванинг боғига бориш қайда дейсиз!
Кеч пешинга яқин гўшт олиб келиш учун гузарга чиқсам, Дамир қассобнинг дўкони олдида на¬риги маҳаллада жойлашган болалар уйининг аравакаши Мустафо амаки турибди. Бу одамни маҳалла болалари қатори мен ҳам яхши танийман. У паст кўчадаги нон заводи томондан отни “ҳайт-ҳайт”лаб чиқиб келганда, арава ўртасига қаққайтириб ўрнатилган, тўрт томонига “Хлеб” сўзи ёзиғлиқ катта кўкиш сандиқ ичидан чиқадиган буханка нонларнинг ёқимли ҳиди атрофни тутиб кетар, биз болалар қувониб, арава орқасидан эргашар, дам-бадам қичқиришиб: “Мустафо амаки, иссиқ нондан ташлаб кетинг!” деб қий-чув кўтарардик.
Шунда қишин-ёзин ялтироқ айвонли шапкасини ўсиқ қошлари устигача бостириб кийиб юрадиган аравакаш тизгинини тортиб, баданлари тўқ жигарранг барқутдай саман отга “ди-ир-р” дерди-да, кўкиш брезент чакмоннинг ички чўнтагидан қоғоз чиқариб, тахлоғини ёзар, сўнгра бизга қарата силкитарди:
– Э, жужуқларим, бирон буханка-да бермейим. Ҳаммаси мана бу фактураға ёзилған. Мен законни бузалмейим! Шу аснодаги жон куйдириб тушунтиришдан сўнг биз индамай қолардик. Бироқ эртасигами, индинигами аравада қийшайиб ўтириб олган амаки кўринди дегунча унга нон ташлаб ўтинг, дея ялинишни канда қилмасдик.
Чунки Мустафо аравакашнинг иссиқ нонидан кўра бизларни одам ўрнида билиб, атайин отни тўхтатиб, сидқидилдан айтадиган гаплари ҳаммамиз учун ҳузурлироқ эди, уни қанча эшитсак, шунча завқланардик.
Мен дўконга яқинлашиб келганимда Мустафо амаки жиғибийрони чиқиб қассобга гап уқдираётган экан:
– Англашолмадим! Қўшнингга ўзинг сўйла! Ҳали бала-бақшаға, ҳали детдомга эпсини улура берса-ю, законний документ алмаса, унинг патриотлигина ким ишонажак. Бу вақтда эпсини қағаз документ ҳал қила. Ана, бир араба алма олиб китейим. Документа йўқ! Эҳ, мен айта-айта чарчадим! – Мустафо амаки қўл силтади, йўлак чеккасидаги қалин толлар соясига тортиб қўйилган арава томон кетди. Аравада одатдаги фенер сандиқ ўрнида бир хирмон бўлиб йирик-йирик сархил олмалар уюлиб ётарди. Яна икки-уч яшикда бошқа мевалар ҳам бор.
Шубҳасиз, Мустафо амакининг гапи Деҳқон бува хусусида кетаётган эди. Мевалар унинг боғидан. Ҳашарчилар роса ғайрат қилишгани шундоқ кўриниб турибди. Улар билан мева теришга боролмаганлигимдан ачиндим.
Гузардан қайтатуриб катта альбом қўлтиқлаб олган Миржалолга дуч келдим. Бугун пионерлар уйига борадиган куни бўлганлиги учун у ҳам ҳашарда қатнашолмабди. Миржалол рассомликка қизиқади, сураткашлик тўгарагига боришни канда қилмайди.
Эртаси кун одатдаги йиғиладиган жойимиз – мактаб боғининг кўчага ёндош этагида ўнтача бола тўпландик.
Кеча ҳашарда қатнашмаган Миржалол билан яна икки-уч бола қатори Тарзан мени ҳам ачитиб ўтса керак деб ўйлагандим, йўқ, умуман бу тўғрида гап бўлмади. Даккини Зуфар эшитди, холос.
Бир пайт “Луччак”ни қидираман, ҳеч қаерда йўқ! – Тарзаннинг узун бўйни чўзилиб, олдинга чиқиб турган кичкина боши “ҳиқ” этгандай орқага силтаниб кетди. Андак сукутдан сўнг, қўлларини ҳавода ўйнатиб, сўзида давом этди. – Атрофга разм солдим: нарироқдаги макка поялари чайқалиб шалдир-шулдир қилади. Бориб қарасам, энасини эмган бузоқчадай, лаб-лунжидан сут оқизиб бу акам чиқиб келяпти! Қўлида чала-чулпа ғажилган уч-тўрт думбул сўта. Нима қилиб юрибсан, десам, қорним очиб кет¬ди, дейди. Иннайкейин донолик билан сафсата ўқиди. “Дони қотиб улгурмаган сўтанинг “сути” фойдали бўлармиш, адалари айтганмиш! Вой, сени кароматинг-дан ўргилдим, пишириб есанг ҳам алам қилмасди деб тургандим, шунинг устига бува келиб қолдилар. Бу акамнинг қўлидаги сўталарни кўриб, аттанг, дони сал қотган бўлганда, шўрвага солардик, қўрга кўмиб пиширардик, дедилар. Ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмадим. Ахир, бу ўғрилик! Эгасидан бесўроқ бир нарсани олиш, албатта шунга киради! Хуллас, ёрдамга борганимиз ҳам бир бўлди, бу мечкай оғайнимизнинг сўтахўрлиги ҳам… Ўша ерда бу воқеани ҳеч кимга ошкор қилмагандим. Мана энди эшитиб қўйинглар демоқчиман. Қани ўзи нима деркин!
У ер-бу ердан Тарзанни қўлловчи “қани-қани” деган овозлар эшитилди.
Зуфар чайналиб, нимадир дегандай тўнғиллади Жўрабоши чимирилиб . ўрнидан туриб кетди:
– Бу ерда қизлар йўқ, уялмасдан, қаттиқроқ гапиравер.
– Иккинчи қайтарилмайди.
Тарзан:
– Қани кўрамиз, – дея суви қуриб қолган ариқ бўйидаги қалин ажриқ босган дўнгликка энди чўккалаганди, шу заҳоти орқадан ола-тасир шовқин эшитилиб қолди:
– Баччағарлар, қўясанларми, йўқми… – Олмазор оралаб бедапояни босиб-янчиб мактаб қоровули Равшан ака чопиб келарди. Унинг Чингизхонникига ўхшаш япалоқ, қоп-қора башарасидан ҳар қандай одам ҳам қўрқади. Ҳаммамиз тумтарақай бўлиб қочдик. Қоровул шу билан иккинчи маротаба қувлаши эди. Чунки кунлар исиган сари каттагина мактаб боғидаги “семеренка” навли олмаларга маза кириб, баъзилар боғ оралайдиган| бўлиб қолганди.
Деҳқон бува деярли ҳар куни қайрилган оппоқ яктаги барида олиб келиб, маҳалла болаларига улашиб ўтадиган мева-чевалардан мен ҳам қуруқ қолмасдим.
Бир куни Миржалол расм дафтарини очиб менга ўгирди:
– Топ-чи, бу ким?
Бир бетни тўлдириб қора қаламда ишланган Деҳқон буванинг сурати. У гўё қўлидаги меваларни мана сизларга, олинг, болаларим, дея узатаётгандай эди.
– Буванинг худди ўзлари! Ўхшатибсан! – Мен расмга узоқ тикилиб қолдим…
Ўша куни негадир Тарзан кўринмади. Шунинг учун бўлса керак, футбол ўйини ҳам унча қизимади. Ҳали ҚУЁШ Тиккага келмаёқ уй-уйга тарқалдик.
Бобом зерикиб ўтирган экан, почтальон ташлаб кетган янги газеталарни ўқиб бердим.
“ Ташқарида нима гаплар?” Баъзан бобом кутилмаганда шундай савол бериб қолар, мен кўчада кўрганларимдан сўзлардим: “Миржалолнинг адаси сизга салом айтиб юборди. Гузар ўртасидан катта ариқ қазишяпти –газ келармиш. Анову Гурунчариқдаги сопол буюмлари заводининг омбори ёниб кетибди, кўчадан роса пожарний машиналар ўтди…”
Худди шу пайт ҳовли тўридаги қари нок шохларига қўниб олган ола ҳакка икки-уч бор “сайраб” қўйди. Бобом ўша ёққа ўгирилиб:
– Меҳмон келяпти, шекилли, самоварга тезроқ ўт ташланг, Шарофиддинбой, – деди.
Ажаб, бизникига меҳмон келишини қарға қаёқдан биларкин! Бобомнинг ғалати одатлари бор-да. Пиёлада чой шамаси тикка туриб қолса ҳам, кимдир келяпти, дейдилар. Лекин, қизиғи шундаки, орадан кўп ўтмай ўша “кимдир” – қўни-қўшни тенгдошлариданми, почтальонми, тоғам ёки келинойимми, дарвозадан кириб келади.
Бугун ҳам худди бобом айтганларидай бўлди. Ҳали самоварга олов қалаб улгурмагандим, кўча эшик қанотлари очилиб, остонада икки кишининг қораси кўринди. Олдиндагисини дарров танидим. Маҳалла комитетининг раиси Жалил ака. У бизникига тез-тез кириб туради. “Фронтдош оғайни, чойхонада йўқлигингиз жуда билиняпти-ку! Қачон кўчага айланиб чиқасиз? Туринг энди, ҳадеб эркалик қилиб ётаверманг!” дея ҳазил-ҳузул гап қилади, бобом кўнглини кўтаради.
Маҳаллаком раиси ёнида келаётган шляпали, бежирим кийиниб, галстук таққан кишини танимадим. У, шубҳасиз, бу маҳалланинг одами эмас. Елкасига фото¬аппарат осиб, жигарранг сумка кўтариб олганига қара¬ганда уни биронта амалдор бошлиққа ҳам ўхшатиб бўлмасди.
Меҳмон киравериш ҳовли яланглигини қоплаб ётган ишкомга, сўриларда осилиб турган олтиндай сап-сариқ узум бошларига ҳайратланиб қараб қолди. Раисга нимадир деди.
Жалил ака ғоз юриш қилиб келаркан, бобомни кўрсатиб “хазяин” деб қўйди.
Меҳмон илтифот билан бобом қўлларини олиб кўришди. Ҳол-аҳвол сўраган бўлди. Кейин омонатгина кўрпачага ўтирган бўлди.
– Москвалик ёзувчи. Атайин сизларни излаб кепти. Аломат янгилик! Кўриб ҳайрон бўласиз, ҳа!
Меҳмон сумкасини очиб, ундан эҳтиётлаб ялтироқ темир рамкага солинган сурат олди, бувамга узатди.
– Ие, бу биз-ку! Манаву, Деҳқонбой! – ҳайратла¬ниб расмдан кўз узолмай қолди бобом.
– Ҳа, топдингиз. Йигирма беш йилча олдин Берлинда тушгансизлар. Матбуотда босилиб чиққан! – Меҳ¬мон қўлидаги икки бет қилиб босилган ўзбекча фронт газетасини ёзиб кўрсатди. Унинг охирги саҳифасида “Фронтдошлар” деган катта мақола босилган, ўртада эса айнан шу сурат кўзга ташланарди.
Жалил ака чойни шопириб қўяркан, одатига кўра, овозини баланд қўйиб деди:
– Ҳа, оғайни, расм ҳам тарих! Унга муҳрландинг-ми, номим абадий қолди деявер. Айниқса, тагидаги сўзларни ўқи, тагидаги сўзларни! “Ўзбек жангчилари Азим Шарипов, Деҳқон Ражабовлар қарийб тўрт йиллик фронт йўлларини босиб ўтиб, ниҳоят душман уяси – Берлинга етиб келдилар”, деб қўйибди. Энди уёғини сўрасангиз, шу расм билан довруғларингни оламга дос¬тон қилган ҳарбий фотомухбир Соколов мана шу меҳмонимизнинг отаси бўлган. Бу киши ўз отаси ҳақида, унинг сизларга ўхшаш “қаҳрамон”лари тарихи ҳақида китоб ёзмоқчи!
Бобом газетадаги суратдан кўз узолмас, ўзича жилмайиб қўярди. Унинг елкасига қўл ташлаб турган ки¬шини танидим, бу киши Деҳқон бува эди.
Бир пиёладан чой ичишгач, меҳмон бобом билан суҳбатга тушиб кетди, унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзиии ён дафтарга ёзиб ола бошлади.
Шу пайт негадир хаёлимга Жалил аканинг “Расм ҳам тарих! Унга муҳрландингми, номим абадий қолди деявер” деган сўзларини эсладим-у, Миржалол кўз ўнгимда гавдаланиб кетди. Уларникига қараб чопдим:
– Бизникига Москвадан Деҳқон бувани йўқлаб ёзувчи киши келди. Альбомингни ол, анаву чизган суратингни кўрсатамиз, – дедим уни шошилтириб, – нега имиллайсан, тезроқ бўлсанг-чи, кутиб туришибди.
Миржалол иккиланиброқ орқамдан йўлга тушди.
Олдинма-кейин ҳовлига кириб келганимизда меҳмонлар ўринларидан қўзғалишган экан. Жалил ака тик туриб олганича бобомга гап уқтиряпти:
– Мана шундай гаплар! Ана, кўрдингизми, шунча йиллардан кейин яна ёшариб кетгандай бўлдингиз! Ҳа, дарвоқе, шошиб турганимизнинг боиси бор. Ўғлимни Деҳқонбой олдига жўнатганман. Боғи эрамда девзира гуручдан палов қиляпти. Меҳмондорчиликни ўша ерда давом эттирамиз. Анжир ҳам пишиб, роса қиёмига етган, деб эшитамиз. Бир борайлик-чи.
– Ҳа, Деҳқонбойни боғсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Уни фақат ўша ердан топиб, гап оласиз, холос! – дея бобом Жалил аканинг гапини маъқуллади. – Мендан салом айтинглар!
Шу пайт мен Жалил акага яқинроқ келиб, Миржалол Деҳқон буванинг суратини ишлаганини айтдим. Альбомнинг биринчи, бетини очиб кўрсатдик.
– Ўзи-ку! Қўлида олмалари ҳам бор. – Жалил ака меҳмон диққатини расмга тортди ва ғурур билан: – Вот герой! – деб қўйди.
Меҳмон альбомдаги сурат билан Миржалолни расмга туширди.
Биз уларни Қичқириқ томонга олиб борадиган сўқмоққача кузатиб қўйдик. Орқага қайтаётиб, мактаб боғи рўпарасига келганимизда қалин олма шохлари орасидан мўралаб турган Равшан акага кўзимиз тушди.
– Ҳой, болалар, – у бўғиқ овоз билан Миржалол иккимизни чақириб, кейин аста сўради. – Анови комиссиями? Нимани текширяпти?
– Боғларни текширяпти. Сизни ҳам текширади ҳали! – дедим мен атайин товушимни баландроқ қўйиб.
– Оббо тилинг кесилгур, зумраша-ей!
Мен индамадим. Бир пайтлар Умида келинойимни хафа қилган бу одамдан боплаб “ўч” олганлигимдан хурсанд эдим.
Уйга кириб келганимда меҳмон эсдалик учун қолдирган рамкали суратни бобом менга узатди:
Ичкарига киритиб қўй. Ҳали келинойинг келса айтамиз, уйнинг тўрига илиб қўяди.
– Бува, бу суратга қачон тушгансизлар? Ёнингиздаги Деҳқон бува, а?
– Ҳа, топдинг.
– У киши билан фронтда танишганмисиз?
– Йўқ, олдин ҳам таниш эдик. Яқиндагина сенларга ўхшаб Қичқириқ бўйларида кўча чангитиб юрардик…
Бобом шу куни Деҳқон бува ҳақида янги бир ҳикоя сўзлаб берди:
– Деҳқонбойнинг отаси тегирмончилик қиларди. У чақалоқлигидаёқ етим қолган ёлғиз ўғлини еру кўкка ишонмасди, то бешинчи синфга ўтгунча, мактабга опичлаб олиб келиб, опичлаб олиб кетарди. Бир куни Тегир-монбошига буғдой олиб келдим.
Тегирмончи ғаладонга менинг халтамдаги донни солди-да, зинҳор айланиб турган тошга яқинлашманглар, тортиб кетиши мумкин дея тайинлаб, ўзи қаёққадир кетди. Тегирмонда Деҳқонбой билан қолдик. Мен уни мактабда тез-тез кўриб турардим. Лекин ўйлаганимдек эркатой, димоғдор бола эмас экан… Шу куни бир-биримиз билан яқиндан танишиб, ўртоқ бўлиб қолдик… Ҳовлимиз Тегирмонбошига яқин бўлгани учун Деҳқонбой тез-тез бизникига келиб турарди. Қишнинг узун кунлари эса тегирмон биносида улар ота-бола истиқомат қиладиган кичкина ҳужрада сандални бозиллатиб дарс тайёрлардик.
Деҳқонбойнинг отаси айланиб турган тошга яқин келманглар, деб кўп тайинларди. Минг афсуски, уруш бошланибди деган куннинг эртасига тегирмончи Ражаббойнинг чопони баридан тош “ямлаб” кетибди деган шум хабар тарқалиб қолди. Дафн маросимида у маҳаллаю бу маҳалланинг тумонат одами иштирок этди. Шундан кейин Тегирмонбошидан файз кетди. Деҳқонбой бир кун ҳовлини қўшниларга қолдириб, (паст маҳаллада уларнинг бир даҳлиз-уйли кичкина ҳовлилари бор эди) фронтга жўнамоқчилигини айтди. Военкоматга аризани биргаликда ёздик.
Шундан кейин даҳшатли уруш бизни ўз домига тортиб кетди. Неча марта ўлим билан юзма-юз тўқнашдик. Лекин пешонамизга омонлик деб битилган экан, мана шу кунларга етиб келдик… Уёғини сўрасанг, – дея сўзини давом эттирди бобом, – Деҳқонбой мени бир марта нақ ўлим чангалидан қутқариб қолган: сувнинг энг каттаси ўзимизнинг Қичқириқ бўлса керак деб юраверган эканмиз. Не-не дарёлар, кўллар бор эканки, кўриб оғзимиз очилиб қолди. Улардан кўприк орқали, қайиқларга тушиб ўтиб олардик. Бироқ Днепр дарёсига келганда “кечиш”га тўғри келди. Бундай пайтда ўйлаб ўтирмайсан, ҳамма қатори ўзингни ўту чўққа ураверасан. Менам қизиқ устида ўзимни Днепрга ташлаворибман… Бир маҳал лопиллаб оқиб турган сув оёғимни осмондан келтириб, ўз домига тортса бўладими. Миямдан яшиндай чақнаб “немис билан олишиб ўлсам ҳам алам қилмасди” деган фикр ўтди… Шу заҳоти де, кимдир елкамга чангал солди. Жонҳолатда унга ёпишдим. Чўкаётган одам чўпга ҳам умид қилади деганлари рост! Дарёнинг нариги бетидан немис тинмай ўқ ёғдириб турибди. Шунга қарамай, минг азоб билан елкасига ўнгариб, мени қутуриб оқиб турган дарёдан эсон-омон олиб чиққан шу Деҳқонбой амакинг бўлади! Ўшанда биз немиснинг уясигача бирга кириб борамиз, энди ўлишга ҳаққимиз йўқ, деб аҳду паймон қилгандик. Ниятимизга етдик: тақдир тақозосими ёки камдан-кам одамларга насиб бўладиган бахтли тасодифми, салкам тўрт йил ўлим билан олиша-олиша Берлинга кириб бордик. Деҳқонбойнинг номи тилдан тушмайдиган бўлиб қолганди. У жангларда мардлик, жасорат кўрсатганлиги учун қатор орденлар билан тақдирланган “пе¬редовой” солдат эди.
Ўша куни эрта тонгда сараланган немис қўшинлари эгаллаб турган мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, шаҳар марказига ҳужум бошлашимиз керак эди. Кечга томон қайсидир фронт газетасидан мухбир келиб, иккимизни суратга туширди… Орадан уч-тўрт кун ўтгач, газетада сурат билан биз ҳақимизда мақола чиққани эсимда… Мен ҳам яраланган эдим. Бечора Деҳқонбой эса, ҳуши бор-йўқ бўлиб ётарди… У кўча жангида немис танклари қуршовида қолган… чалажон ҳолда ёнаётган танк остидан тортиб олгандик… Шундан кейин у билан анча вақт госпиталда ётдик. Аммо дардини даволаб бўлмади…
Буёққа келгандан кейин ҳам ман-ман деган докторлар қаради. Шифо топмади. Ўн йилдан зиёд азоб чекди. Ниҳоят, Деҳқонбойнинг ирода кучи устунлик қилди. Дардни енгди, меҳнат билан овуниб, ўзини-ўзи даволади… Э-ҳа, болам, бу одамнинг бошидан не савдолар ўтмаган. Айтаверсам, катта китоб бўлади…
Бобомнинг бу гапларидан сўнг Деҳқон бувага бўл¬ган ҳурматим янада ортиб кетди.
– Нега ҳар куни эшигимиз ёнидан ўтадилар-у, бизникига кирмайдилар! Энди уйга юринг, деб олдингизга бошлаб келаман!
– Деҳқонбой мавридини топиб, ўзи кириб келади, ўғлим! Яхшиси, унинг кўнглига қараган маъқул! Ҳадеб одамларга ўзини кўз-кўз қилавермайди…
Бир куни азонда бобомнинг ким биландир ғўнғир-ғўнғир гаплашаётган овозидан уйғониб кетдим. Кўрпадан бошимни чиқардим-у, Деҳқон бувага кўзим тушди.
Ўртада қизғин гурунг кетарди:
– Қаранг-а, истаб сўраб топиб кепти, барака топкур. Командиримизнинг суратини кўрсатди, танигандай бўлдим. Ҳозир у ҳарбий архивдами, каттакон бўлиб ишларкан…. Ўзи ҳам боғни айланиб кўриб жуда хурсанд бўлиб кетди! Жаннат қиливорибсиз, отахон, вақтини топсам, ўша собиқ командирларингизни ўзини бошлаб келаман бу ерга деди… Эҳ, Азимбой, одамдан тирноқ қолсин экан-да! Мана, отасининг орқасидан…
– Деҳқон оғайни, ўксинманг! Сиз у маҳаллаю бу маҳалланинг энг ардоқли фуқаросисиз! Номингиз катта-кичикнинг тилидан тушмаса, болалар сизга кўзи тушиши билан Хизрни кўргандай атрофингизда гирдикапалак бўлса, бундан ортиқча бахт борми дунёда. Қўйинг, шундай нарсаларни ўйлаб, кўнгилни сиқманг! Ахир, дўхтирлар ҳам шундай дейди-ку!
Баланд қилиб қўйилган ёстиқларга суяниб олган бобом анча бардам кўринар, юзларида майин табассум балқиб турарди.
Бир пайт у бошини яланглик томон хиёл буриб:
– Кучук пайдо бўп қоптими ҳовлида! – деб қўйди.
– Ҳа, менга қарашли, — Деҳқон буванинг ҳам чеҳраси очилгандай бўлди. – Ҳамроҳ топиб олганман, Азим¬бой. Бир куни эрталаб денг, эшикни очишим билан тўғри олдимга келиб, оёғимга суйканиб турибди. Кет дейишга тилим айланмади. Орқамдан эргашиб боққа борди, кейин қайтиб келди. Шундай қилиб, ҳамроҳ топиб олдим. Бунга жуда ўрганиб қопман. Сал қораси кўринмаса, қаердасан, Оқтош, деб излашга тушаман. Дарвоқе, мулла Азим, бел қалай, бел?
– Э, нимасини айтасиз. Ҳеч қўйиб юбормаяпти. Яна ғимирлаб-қолди. Баъзан зирқиратади, қовурғаларимни ёриб, чиқиб кетаман дейди, касофат!
– Ҳа, темирнинг заҳри ёмон бўлади. Ўзи шифосини берсин! Менинг ҳам бошимда баъзан шундай оғриқ турадики, кўзимга дунё қоронғи бўлиб кетади. Наҳот қиладиган ишларим чала-чулиа қолса деб, ваҳимага тушаман.
– Деҳқонбой, қўйинг, бу гапни айтиш сизга ярашмайди. Ёруғ дунёдан бошқаларга қараганда сизнинг ҳақингиз кўпроқ, – бобом энди суҳбатдошининг кўнглини кўтармоқчи бўлди шекилли, гап мавзуини бошқа томонга бурди. – Бир пайтлар бўш-баёв йигитлар эдик. Уруш бизни тоблади. Эсингизда бордир, тегирмон атрофлари нокзор, ўрикзор боғ бўларди. Қичқириқнинг икки томони кета-кетгунча чексиз буғдойзор эди. Туяларга сомон ортиб шаҳарга борардик. Туяни трамвай изи ўртасига тушириб олиб “чуҳ”лаб кетаверардик. Бир марта трамвайчи аёл қўнғироқ чалиб нималардир деганида сиз қамчини ўқталиб, “мунча чийиллайсан, маржа, ана катта йўл, ўтиб кетавер”, дегандингиз. Мен қотиб-қотиб кулгандим. Вой, тавба, дейман баъзан ўзимга-ўзим. Ўша йигит, яъни сиз Берлиннинг катта кўчасида немиснинг икки танки билан яккама-якка олишгансиз-а! Ахир, шунинг ўзи қаҳрамонлик эмасми!
– Ўшанда уруш ҳаммага келган тўй эди. Қўлига қурол олиб, жонини тикиб жангга кирган ҳар бир солдат қаҳрамон бўлган, – Деҳқон бува шу гапларни айтди-да, бир дақиқа жимиб қолди. Кейин хиёл бошини кўтариб бобомга ўгирилди, – юракка тугиб қўйилган ниятларим армон бўлиб қолаётганлиги алам қилади. Мана, тегирмонни сақлаб қололмадим.
– Энди, биродар, – дея бобом Деҳқонбувага ўгирилиб қаради, — фаровон кунлар келиб, одамлар от-аравада тегирмонга буғдой ташиш ўрнига, тайёр нон, тайёр унга ўрганадилар. Шундай бўлгандан кейин қу-
тегирмон тошини қалдиратиб юргизиб бўлармиди. Замон ўзгарди, замон!
Бува қалин қошларини чимириб, бобомга ўткир назар ташлаб қўйди. Унинг бу қарашида эътироз аломати бор эди.
– Менимча, бу ерда замоннинг ҳеч қандай дахли йўқ, – деди у ўзига ярашган салобатли овозда. – Тегирмон тарновидан гувиллаб сув тушиб турса, замон орқага кетиб қолмайди! Қайтага болалар, ёш-яланг замоннинг қадрига етадиган, аввал билан ҳозирни таққослайдиган бўлиб ўсади. Эҳ, йўлим тушиб Тегирмон бошига бориб қолсам, юрагимда санчиқ туради. Қаровсиз, ташландиқ бўлиб ётибди. Бир пайтлар ўша ерда ҳо- вузи билан парк қурилади деб, менга бирон туп дарахт экишга рухсат беришмаганди. Мана, орадан ўн йил ўтди, ҳали парк қурилади. Ҳаммаёқни ўт босган. Менга қўйиб берса, шунча йил ичида ўша истироҳат паркини савоб учун бир тийин олмай, ўзим қилиб берардим. Бутун Ўзбекистоннинг жамики мевасидан иборат боғ бўларди. Атрофини гир айлантириб ёнғоқзор қилардим, ҳа, ёнғоқзор. Бунинг қадрини иккимиз яхши биламиз! Бошқаларга ҳам билдиришимиз лозим эди. Афсус, хоҳлашмади: “Қўйинг, бундай майда нарсалар билан вақтимизни олманг, деҳқончилик бизнинг ишимиз эмас”, дейишди… Ҳатто мен ўша боғ ўртасида шовва билан тегирмонни ҳам қол-дирган бўлардим. Гурунчариқдаги Равшан чўтирнинг мойжувозини кўчиртириб келиб, ёнбошига қурдирардим.
Бобом суҳбатдошининг гапини бўлди:
– Деҳқонбой, у мойжувоз аллақачон бузилиб кетган-ку!
– Ҳа, бузилиб кетган, – деди бува таъкидлаб. – Лекин бузилмаслиги керак эди. Равшан чўтир ўйламай иш қилди. Ҳовлисининг бир бурчида юриб турса у очдан ўлмасди, зиғир ёғининг қадрига етадиганлар ҳали ҳам топилиб қоларди.
– Финотделдан келавериб ҳоли жонига қўймагандан кейин иккита ҳўкизини сотиб, жувозини бузди-ю, қутулди. Чўтир ҳам бало, майда-чуйда асбоб-ускуналари билан бўйинтуруқларини музейга топшириб, мўмайгина пул олибди. Энди тинчгина мактабда қоровуллик қилиб кун кечираётганмиш.
– Ҳа, ҳозир ҳамма ўзининг тинчини ўйлайдиган бўлиб қолди.
Шу пайт ошхона томонда куймаланиб юрган келинойим бир косадан овқат келтирди. Сўнгра тўлатиб сап-сариқ мева терилган тарелкани дастурхон ўртасига қўйди.
– Бай-бай, жониворни товланишини қаранг! – Бо¬бом анжирдан кўз узмай бошини сарак-сарак қилиб қўйди. – Асалга айланиб кетибди-ку! Роса парвариш қипсиз.
– Йўқ, анжир унча парваришталаб нарса эмас. Сувидан хабар олиб турсангиз бўлди. Бу иккинчи йилги ҳосили! Шредер боғидан Маҳмуджон берганди. Ўн тупгина. Серемева янги нави экан, бирам ўсиб кетдики… Бошини еб ҳосил қилди. Буни эрталаб еганга не етсин! Шунинг учун азонлаб сизни йўқлаб келдим.
– Ҳизрсифат одамсиз-да. Кеча эслагандик, мана бугун ўз оёғингиз билан кириб келдингиз.
Менинг ҳам жуда анжир егим келиб кетди. Боз устига Деҳқон бува бу ажойиб мевани хўп келиштириб мақтарди:
– Биласизми, анжир барча мевалар ичида энг шифобахши экан. Айниқса, қуритилгани дўхтирлар берадиган ҳар қандай доридан ҳам фойдали, энг оғир ички касалликларга ҳам даволиги аниқланибди. Поясидан
сизиб чиқадиган “сути”нинг ўзида бир олам хосият бор экан. Тиш ўтмас қари молнинг чандир гўштига озгина томизиб юборилса, маза кириб ҳил-ҳил бўлиб кетармиш. Маҳмуджон шундай дейди…
Мен аста кўрпадан суғурилиб чиқдим-да, ҳовли тўрига кетдим.
Ювиниб қайтиб келсам, бобомнинг ўзи ёлғиз ўтирибди.
Мен Деҳқон бувага қуюқ салом бериб, бобом олдида у киши билан янада яқинроқ танишиб олмаганимга ачиндим.
…Дарвоқе, бугун якшанба. Умида келинойим уйда. Шунинг учун у кўчага чиққанда (қишлоқдан ойим келиб қолмаса!) ўзимни эркинроқ ҳис этаман.
Бобом эрталаб чой устида, саратон кирди, энди иссиқ заптига олади дегандилар. Айтганларидай кун терак бўйи кўтарилмаёқ атрофни тандирдай қиздира бошлади.
Бундай пайтда Тегирмонбошидек сўлим ер ҳеч қаерда топилмаса керак.
Бир тўн бола эрталабдан шу ердамиз. Тарзан бугун бизларни одатдагидан барвақтроқ бошлаб келган. Шовва суви шундай муздакки, дастлаб унга яқинлашишга одам сесканади. Кейин кўзни чирт юмиб, калла ташлашдан бошқа илож қолмайди. Шунда офтобда мисдай қизиб кетган вужудингиздан пов этиб буғ кўтарилгандай бўлади. Қийқириқ, шовқин-сурон авжга минади. Сал ўтмай яна ҳамма ёқ сув қуйгандай жимжит бўлиб қолади: барчамиз тегирмон рўясидаги ялангликда қуёшга тобланиб ётган бўламиз. Шуниси қизиқки, атроф ташландиқ, қаровсизга ўхшаб кўринса ҳам, вақти-вақти билан кимдир бу урни супуриб-сидириб қўяр, ҳузурини эса бизлар кўрардик.
Тушга яқин Тарзан қорнини силаб турди-да, тупроққа беланиб ётган жойидан мушукдай сапчиб туриб кетди. Ҳаммамиз бирон нарса чақиб олди шекилли, дея унга хавотирланиб қарадик. Бироқ Тарзан бизларни мазах қилгандай муғамбирона жилмайди ва кутилмаганда янгилик эълон қилди:
– “Зу” ўйнаймиз.. Ким ютқазса, уйидан егулик олиб келади ёки нима қилиб бўлса ҳам қорнимизни тўйғизади. Чунки қоринлар шилиниб кетяпти.
Жўрабошининг ўзи атрофини қалин ўт-ўлан қоплаб кетган тегирмонга кираверишдаги сўқмоқ бошида туриб ҳакамлик қиладиган бўлди. Биринчи бўлиб мен “зу”ладим. Кейин Миржалол “зу”лади. Умар сурнайдек овоз чиқарганича ҳаммадан ўтиб кетди.
Энг ортда қолган дум-думалоқ, миқтидан келгам Зуфар бўлди. У ўн беш-йигирма қадам чопмаёқ ели чиқиб кетган пуфакдай шалвиллаб тушди… Уни юзларига уриб аранг ўзига келтириб олдик. Сўнгра Тарзан жабрдийданинг кўнглини кўтарган бўлди:
– Ҳечқиси йўқ, “луччак”. Одам шундай қилиб пишийди! Ютқаздинг, нима ҳам дердик, уйга борасан-да! Бахтингга йўлда Мустафо амаки учраб қолса, яхшилаб ялинсанг эриб кетар, қоғозини кўрсатиб закончилик қилиб ўтирмас. Лекин иссиқ булка нонни муздай сувга ботириб лўмбиллатиб ейиш ҳам бошқача бўлади!
Зуфар кетди. Аммо алламаҳалгача дараги бўлмади.
Биз егуликдан умидимизни узиб, кийимларимизни киймоқчи бўлиб тургандик, кутилмаганда йўл бошида қоп орқалаган Зуфарнинг қораси кўриниб қолди. Унинг кетидан Деҳқон бува келар, аҳёнда бува елкасидаги кетмон юзига тушиб, чақнаб кетаётган қуёш аксидан кўзларимиз қамашарди.
Ҳайрон бўлдик. Тегирмон бир пайтлар бувага қарашли бўлганлигини билардиг-у, аммо у кишини бу томонларга келишини энди кўришимиз.
Ҳузуримизга энг биринчи Оқтош етиб келди. Ҳар мақомга тушиб офтобга тобланиб ётган биз болаларни кўрди-ю, қулоқларини диккайтирганича туриб қолди, сўнг тумшуғини чўзиб “вов-вов”лади.
Нарироқдан буванинг овози эшитилди:
– Бас қил, Оқтош! Кўрмаяпсанми, ўзимизнинг танишлар-ку!
Биз дув этиб ўрнимиздан турдик. Деққон бувага салом бердик.
– Ваалайкум ассалом. Оббо азаматлар-ей, кутавериб роса қоринларинг очгандир! Мана ҳозир сизларни зўр бир таом билан меҳмон қилайликки, мазаси умрбод оғизларингда қолсин. Буни йилда бир-икки марта тўйиб есаларинг илиги тўла, бақувват йигит бўласанлар. – Деҳқон бува Зуфар елкасидан қопни олиб, яланглик четидаги қалин ўт-ўланлар орасида бор-йўқлигини билинмай кетган эски ўчоқ қаршисига қўйди. Кейин залварли кафтларини бир-бирига ишқаб олди-да, кетмон билан атрофни тозалашга тушиб кетди. Бизлар ҳам қараб турмадик. Ким ўт юлди, ким йиғилган хас-хашакларни нарироқдаги жарликка обориб ташлади.
Бирпасда қачонлардир сомонли лой билан бежирим қилиб сувалган ўчоқ кўзга ташланди-қолди. Унинг ичида эса… бўйра хивичига пахта ўраб ёқилган сон-саноқсиз шамчироқлар. Чала ёнганлари кўп. Айримлари тагигача куйган, қорайиб буралиб қолган.
Буванинг қошлари чимирилди:
– Қайси бетавфиқнинг қилган иши бу! – дея кетмон билан ўчоқ ичини тозалаб, хас-чўпларни бир четга улоқтириб ташлади.
Зуфар макка сўталарини ҳафсала билан тозалаб, бува бир четга ёзиб берган белбоғ устига териш билан овора эди.
Тарзан унинг холироқ қолганидан фойдаланиб қитмирлик билан гап отди:
– Бўш келма, профессор! Бир куни келиб, сўтанинг аҳамияти ҳақида китоб ёзасан! – Кейин қиқирлаб кулди-да, миқ этмаган Зуфарга яқинроқ келиб, зуғум қилгандай сўради: – Тўғрисини айт, уйинг қолиб макка пишгандир деб буванинг олдиларига борганга ўхшайсиз-а?
– Йўлда учратиб қолдим. Ўзлари шу томонга келаётган эканлар… Кейин мени боққа олиб кетдилар. Сўта қайирдик.
Тарзан бошини сарак-сарак қилиб бизларга ўгирилди:
– Девонанинг ишини худонинг ўзи ўнглайди деганлари ш бўлса керак!
Тегирмоининг қийшайиб қолган эшиги яна ғийқиллаб овоз чиқарди. Ичкаридан бир қўлида чўлтоқ супурги кўтариб Дсҳқон бува чиқиб келди.
Ҳаш-паш дегунча яланглик супуриб-сидирилди. Сув сепилди. Атроф анча эпақага келиб қолди.
Ўчоққа гуриллатиб олов ёқиб юбордик.
Қўрга кўмиб пиширилаётган маккажўхорининг думбул доначалари “қарс-қарс” қилар, атрофни одам иштаҳасини қитиқловчи ёқимли ҳид тутиб кетганди.
Новнинг нишаб ёнбошида ўн чоғли киши ўтирса бўладиган супага ўхшаш текислик ер барра майсалар билан қопланиб ётарди. Ўша жойга қанорни ташлаб буванинг белбоғини дастурхон қилиб ёздик.
Бу ерга ўтириб олиб бундоқ қарасангиз, тегирмон чархпалагининг бақа тўнлар қоплаб олган арава гупчагидай ўқию атрофида омонат илиниб турган беш-олтита паррак кўринади. Нариги ёғи қоронғилик. Ўша томондан зах салқин шабада эпкини уфурар, саратоннинг жазирамасида бу жонга ҳузур эди.
Бува қўрга кўмиб пиширилган маккажўхориларга ишора қилиб, Тарзанга қараб деди:
– Қани энди, Деҳқонча, буёғига ўзинг бош-қошсан. Мен боққа борай. – Сўнг ўзи Қичқириқ бўйлаб кетган сўқмоқдан йўлга тушди. Оқтош пилдираганича унга эргашди.
Бува “Тарзан”ни Деҳқонча деб чақиришини шу купи билиб олдим…
Уёғини сўрасангиз, думбулхўрлик жуда аломат бўлди. Саккиз чоғли бола салкам ярим қоп маккажўхори сўтасини ғажиб юборибмиз. Ўзи ҳам роса иштаҳа очар, ейишли бўлган экан. Думбул эмас, думбадай, еган сари егинг келаверади.
“Зиёфатбоши” Зуфарнинг нафси ёмонлиги бошига битган бало бўлди. Қорни дўмбирадай бўртиб, худди|ёстиқ боғлаб олганга ўхшаб қолди.
Роса сувга пишдик. Бўлмади.
Инқиллатиб-синқиллатиб уйигача етаклаб келдик-да, дарвозадан ичкарига киритиб юбордик.
Тарзан жуда хавотирга тушиб қолди. Ўзи ундан хабар олиб турадиган бўлди, чунки яқин қўшниси!
Хайрият, эртаси хушхабар эшитдик: “Луччак”нинг ҳайвонот боғида фельдшер бўлиб ишловчи отаси кигизга ўраб думалатибди. Тарзан ҳам ёрдамлашворибди. Сурги ичираётганида қип-яланғоч Зуфарни қорнидам босиб, чакагидан ушлаб турибди.
Маҳалладан файз кетди. Бир ҳафта давомида Тарзансиз қолдик: аллақаерда бошқа хотини билан яшовчи отаси уни олиб кетиб, аравасини берибди. Яқинда мактабинг очилади, дафтар-китобга оз-моз пул ишлаб ол-гин, дебди.
Тарзан бир неча кун давомида “шара-бара” сотибди, одамлардан шиша йиғибди. Хуллас, дурустгина ишлабди. Айтишига қараганда, папка, ҳар хил китоблар, зўр костюм-шим олганмиш. Ҳали Тегирмонбошида сенларга халфана қилиб беришга ҳам қурбим етади деб турганди, кўчада сароби тортилиб, бир жуфт шалпангқулоғию сурнайдай бурнининг ўзи қолган Зуфарнинг қораси кўринди.
У, ўша кунги “зу”да ютқазиб қўйганлиги, кейин нима еб, нима ичганлиги ҳақида уйдагиларга оғиз очмабди. Тарзан бу гапларни эшитгач, мамнуният билан Зуфарнинг елкасига қўл ташлади.
– Ўзинг хомроқ бўлсанг ҳам, ироданг пишиқ! Яша, ўғил бола шундай бўлиши керак!
Мактаб қоровули Равшан ака бизларни олмазор боғ ёнбошидаги футбол ўйнайдиган майдончага йўлатмай қўйди. У сим каравотни ташқарига чиқариб олиб, эртадан-кечгача боғни қўриқлашга ўтганди.
Шундан кейин биз учун ўйин майдони Қичқириқ бўйларидаги катта ажриқзор бўлиб қолди.
Ўша оқшом футбол ўйнардик. Мен дарвозабон эдим. Бирдан йўл ёқасида ўйинимизни шавқ-завқ билан кузатиб турган бувани кўриб қолдим. Бундай пайтда янгиликдан, энг аввало, “онабоши”ни хабардор қилиш керак. Йўқса, ўйин бузилиши ҳеч гап эмас. Чопиб бориб унга айтдим. Ўйин тўхтади. Бир зумда Деҳқон бува атрофини ўраб олдик.
У ҳаммамизни ариқ бўйидаги майсалар устига ўтқазди. Ўзи ҳам қаршимизга чўккалади. Тол хивичларидан жўнгина қилиб тўқилган саватча ичидан қалин япалоқ барг олиб, устига беш-олтитадан анжир қўйди, барчамизга тарқатиб чиқди.
Шарбати пўстига уриб кетган меваларни шошиб-пишиб ерканмиз, бирдан нигоҳим бувага тушди: у ҳар қачонгидек ярқиратиб ювилган катта кетмонининг йўғон дастасига суяниб олганича, биз болаларга гўдакларча беозор ҳайрат ва ҳавас билан қараб турар, кўзларида эса ёш милтилларди… Ғалати бўлиб кетдим. Лекин шу онларда бувадаги бу ҳолатни ҳеч ким сезмаслигини жуда-жуда хоҳлардим. Нимагалигини ўзим ҳам билмайман!
Хайрият, кўнглимдагидай бўлди: болалардан биронтаси, ҳатто ҳаммамиздан кўз-қулоқ Тарзан ҳам буни сезмади.
Анжирни еб бўлиб, тўс-тўполон қилиб яна ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб кетдик.
Ғира-ширада уйга тарқалишимиздан олдин Тарзан барчамизни тўплаб шипшитгандай деди:
– Миямга зўр фикр келди. Лекин мазза қиламиз! Хоҳлаганлар роса бир соатдан кейин эшигимиз олдига келсин. Қолган гап сир, кейин айтаман!
Уйга қайтяпман-у, Деҳқон буванинг бояги хомуш бизга тикилиб ўтириши, ғамгин қарашлари кўз олдимдан нари кетмасди.
Бобомга шуларни гапириб берганимда, у киши қаттиқ хаяжонга тушса керак, деб ўйлагандим, лекин ундай бўлмади. Анча вақт сукут сақлаб турди-да, паст овоз билан:
– Э, бевафо дунё, келиб-келиб ўз жафойингни шу бечорага раво кўрдинг-а! Қандай йигит эдики, кўзига ёш олибди деса, хеч ким ишонмасди, – деб қўйди.
Бола эканмиз, бобомнинг бу гапларига унча тушуниб етмаганмиз… Дақиқа ўтмай хаёлим чалғиб, Тарзанним бояги “сирли” гапларига кетиб қолди. “Албатта, қизиқ бир нарсани ўйлаб топган бу шумтака. Йўқса, фақат хоҳлаганлар келсин, демасди”.
Вақт бир соатдан ўтиб қолганди. Келинойим келтирган овқатдан апил-тапил едим-да, тоғамнинг ҳай-ҳайига қарамай, кўчага чопдим.
Тарзан дарвоза олдида бўйиига арқон боғланган Оқтошни ушлаб турар, ёнида Миржалол билан гузарлик Боқи деган бола бор, ЭДИ холос. Тўртовлашив Қичқириқ томон кетдик.
Мен Тарзан нима учун Деҳқон буванинг кучугини етаклаб олганини тушунолмасдим. Сўраганим билан барибир нима гаплигини айтақолмайди.
Тегирмонбоши қоронғи тушиши билан бунақа ваҳимали бўлади, деб ўйламагандим. Пастга отилаётган шояванинг суви пасту баланд бўлиб гувиллар, ерга қадар осилиб тушган дов-дарахт шохлари кечки шамолда теб- раниб, инграгандай овоз чиқарар, қийшайиб қолган эски эшик ғийқиллаб очилиб-ёпилар, ичкаридан аллақандай қўрқинчли махлуқлар чиқиб келаётгандай туюлар, хуллас, буларнинг ҳаммаси бир-бирига қўшилиб, одам юрагида чексиз қўрқув уйғотарди.
Тарзанга қойил: бизни Оқтош билан бир четда қолдирди-да, ёлғиз ўзи тегирмон яланглигига қараб кетди. Аста юриб, атрофни кўздан кечира бошлади.
Бир пайт у қайтиб олдимизга келди, ҳаммамиз илҳақ бўлиб кутаётган “сир”ни очди:
– Кеча қўшнимиз Тўра “шеф”никига “Оқотин” келиб, ҳар пайшанба кечқурун Тегирмонбошига еттитадан шам ёқиб туришни айтибди. Гўё унинг тушига Деҳқон буванинг отаси Ражаб тегирмончи кирганмиш, оппоқ либосларга ўралиб келиб “ёлғиз ўғлим бошига тушган кулфат туфайли зурриётсиз ўтди. Энди унинг пешонасига ёзилган фарзанд шу бечоралар хонадонига ато қилсин, Тўравойнинг чироғини ёқсин” деганмиш!
– Вой-бўй, шунча гапни қаердан биласан? – дедим Тарзаннинг бундай билағонлигидан ҳайратга тушиб.
– Сенларни одам қилиш учун кўп нарсадан кўз-қулоқ бўлиб туриш керак! – дея менга қўлини бигиз қилиб ўқталди, сўнг бир лаҳза сукут сақлаб, сўзида давом этди. – Уёғини сўрасанг, қўшнимиз Нор буви билан ойим гурунглашиб ўтирганида эшитганман. Бундоқ қулоқ солсанг, “Шеф” ҳар куни ичиб келиб, бу бойликлар кимга қолади, туғасанми-йўқми деб хотинини ургани-ю, анаву магазинчи Шоди ака қиз туғибсан деб хотинига кун бермаётганигача гапиришади, дунёнинг ғийбатини қилишади! Энди гапнинг индаллосини айтадиган бўлсам, бугун пайшанба – Тегирмонбошига шам ёқиладиган кун! Бунга йўл қўймаслигимиз керак! Чунки бу ер мозор ёки ҳеч қандай муқаддас жой эмас. Айтган инсу жинслари ўша “отин”нинг уйидан бери келмасин! Ҳозирча Оқтошни қоровулликка қолдириб ўзимиз боққа ўтиб келамиз. Анжирхўрликка! Аммо биронталаринг сирни очмайсан. Мен кучукни озгина айлантириб келай деб бувадан сўраб олганман!
Тарзан узун арқоннинг бир учини ўчоқ ёнбошидаги қари тол шохига боғларкан, ўзича ҳиринглаб кулди:
– Ўша шам ёқмоқчи бўлганлар келиб кўрсин-чи, ўтакаси ёрилиб ўлар! – у чўнтагини кавлаб яна бир “каромат” кўрсатди: тўртбурчак батареяга резинка билан боғланган лампочкани ёқди-да, олдиндан тайёрлаб келган шекилли; ўчоқ ичига ўрнатиб, тепасидан бир казон ташлаб қўйди. Бу манзаранинг уч-тўрт қадам нарироқдан кўриниши ҳақиқатан ваҳимали эди.
Тарзаннинг ишбилармонлигига таҳсин ўқигандай:
– Қойил сенга,— деб қўйдик бараварига.
Кунчиқар томондан катта мис лагандай бўлиб ой кўтарила бошлади. Биз Тегирмонбошини тарк этиб, илонизи сўқмоқдан йўлга тушдик. Орадан шамол аралаш сувнинг бўғиқ гувиллаши билан Оқтошнинг ғингшиган овози эшитилди.
Мен ажирхўрлик учун қаерга кетаётганимизни сезиб, озгина юрганимиздан сўнг, Тарзаннинг йўлини тўсдим:
– Буванинг боғигами! Эгаси йўқ жойда нима қиламиз. Эртага у кишининг ўзи билан борсак яхши эмасми? Кейин ўзинг ҳам эгасидан бесўроқ маккажўхори олган Зуфарни роса таъзирини бергандинг-ку.
– Вой-бў-ўй, ўроқда йўқ, машоқда йўқ боғнинг хўжайини ҳам чиқиб қолди-ку! Оббо қишлоқи-ей! – Тарзан кетаётган жойида таққа тўхтади. Қоронғида яхши кўринмаса-да, унинг япалоқ юзлари тиришиб, уккиникидай кўзлари менга қандай ғазаб билан тикилаётганини сезиб турардим. Шундоғам пакана гавдаси худди устига оғир юк қўйилган пружинадай қисқариб, белимга тушиб қолди.
Бўйнинг узунлиги ҳам савлат, ҳам шижоат. Дарозроқ бўлсанг, тилинг ҳам бурро.
– Нима деб ҳақорат қиляпсан йилпиштовоқ! Бизни ўғирликка ўргатмоқчимисан, – дедим бўш келмай, унга тақлид қилиб, қўлларимни белимга тираб.
Худди шу пайт қулоқ-чаккамга тош урилгандай бир зарб тушиб қолса бўладими. Йўл четидаги кўлоблатиб сув қўйилган бедазорга учиб кетдим. Бутун борлиқни тутиб кетган бақаларнинг “сайраши” тиниб қолди.
Анчадан кейин ўзимни ўнглаб, кийимларимни тузатган бўлдим.
Дўппим қаёққадир учиб кетган. Ҳаммаёғим шалаббо. Ўнг тирсагим шилинган шекилли, жизиллаб ачишарди.
– Ўғирликка бошлаб кетаётган эмишман! – Тарзан хезланиб яна менга яқинлашиб келаётганди, Миржалол йўлини тўсди:
– Қўйсанг-чи, бўлди энди.
Боқи бедазорни пайпаслаб дўппимни топиб, икки-уч бор кафтига урди, бошимга кийдирди.
Кутилмаганда Тарзан сал юмшагандай менга буйруқнамо гап қотди:
– Қани олдинда юр, сенларни қаёққа бошлаб кетаётганлигимни бориб биласан.
Индамай йўлга тушдим. Бу унга тан берганим эди.
Бора-боргунча миқ этмай кетдик.
Бир пайт қаршимизда тўсатдан ердан чиқдими, кўкдан тушдими, катта иморат пайдо бўлди.
– Ана, буванинг боғи ёнига “дом” қурилиб, одамлар кўчиб кела бошлаган. Эртага улардан анжир қолармиди! – Тарзан сон-саноқсиз деразаларидан нур ёғилиб турган баланд бинога ишора қилиб, сўзида давом этди. – Сенларни бир анжирга тўйдирай-да, шу баҳонада боғдан ҳам хабар олиб қўяйлик, деб ўйлагандим. Манави бўлса… майли, кечирдим.
– Сенам кечира қол энди, – Миржалол менга яқинроқ келди.
– Ўғил болачасига яраш-яраш қиламиз! – Боқи Тарзан иккимизнинг қўлимиздан тутди…
Қичқириқ устидаги осма кўприкдан ўтиб, пастликда катта майдонни эгаллаб ётган боғ ичига шўнғидик.
– Мана бу ерни мевазор дейди. Олма, нокми, шафтоли, узумми, ҳаммасидан топилади. Ҳў, ўртада анжирзор. Боғ атрофига гир айлантириб ёнғоқ экилган! – Тарзан бизни боғ оралаб кетган ёлғизоёқ йўлдан бошларкан тушунтириш берар, ўзини бу ернинг ҳақиқий хўжайинидай қилиб кўрсатиш учунми, атайин томоқ қириб “ўҳу-ўҳу”лаб қўярди.
Бир чети Қичқириқнинг нишаб қирғоқларига туташиб кетган мевазор узра рўпарадаги янги иморатдан чироқ шуълалари ёғилар, шунинг учун йўлак бўйини қоплаб ётган нок шохларидаги йирик мевалар баралла кўзга ташланиб турарди.
– Мана, етиб ҳам келдик! – Тарзан кичкинагина шийпонча қаршисида тўхтади. Сўнгра лойсувоқли супа четига ўраб қўйилган шолчани ёзиб юбориб, мезбонларга хос тавозе билан, – ўтирларинг, – деб қўйди.
Супанинг нарироғида худди Тегирмонбошида кўрганимиздек катта-кичик иккита ўчоқ. Уларнинг бирида қопқоғи ёпиқ қозонча, иккинчисида қора қумғон.
Ихчам айвончага ўхшатиб қурилган олди очиқ шийпон тўридаги ёғоч қозиқда узун чопон осиғлиқ.
Боғ устига ёпирилай деб турган баланд иморатнинг деразаларидан эшитилаётган музика аралаш ғала-ғовурни ҳисобга олмаганда бу ер сукутга чўмган яшиллик оламига ўхшаб кўринади.
Бир пайт дарахтлар оралаб боғ ичига шўнғиб кетган Тарзан жиғибийрони чиқиб келиб қолди. Қўлидаги бир даста анжир шохларини тап этиб олдимизга ташлади:
– Мана сенларга анжирнинг аҳволи! Бир лаънати анжирзорни пайҳон қилиб, новдаларини синдириб, мевасини терибди. Равшан ака милтиқ кўтариб бекор қоровуллик қилмас экан! Эҳ, шундай бўлишини билгандай кеча бувага қолганларини ҳам териб қўяйлик десам, увол бўлади, сал шира боғласин дегандилар, – чуди ҳозирнинг ўзида бу номаъқулчиликни
қилган кимсани топиб олмоқчидай, кўп қаватли иморатга бошдан-оёқ қараб чиқди, сўнг ўзича ғудурлади. – Агар қўлимда милтиқ бўлгандами, ўзим билардим! Миржалол дик этиб, супадан пастга тушди:
– Ҳой, сал ўзингни бос! Одамдан азиз бўптими? Анжир емасак емабмиз!
– Гап унда эмас. Меваси билан ўзини, бола-чақасини боқиб турган дарахтни кесган одамдан яхшилик чиқмайди, улар нонкўр бўлади, деганлар Дехқон бувам.
– Балки бу шохларни синдирган анови қўшни махалла болалари бўлса-чи! – Чўккалаб ўтирган жойида гап ташлади Боқи.
– Ота-онаси келиб, ажратиб олмагунча роса савалаб, адабини бериш керак!
Миржалол Тарзаннинг елкасига кафти билан бир туртиб, унинг гапига қўшилган бўлди:
– Ҳа, бу деганинг тўғри. Милтиқ билан эмас, хивич билан! Энди, оғайни, анжир бизга насиб қилмаган экан, боғдан ҳам хабар олдик. Кетамиз. Оқтош бечора ғингшиб ётгандир.
Тарзан майли дегандай бош қимирлатди…
Вақт алламаҳал бўлганда Тегирмонбошига келиб, яна бир кутилмаган ҳодисанинг устидан чиқдик. Оқтош арқонга чирмашиб, гужанак бўлганича ётар, у худди одамга ўхшаб оғир-оғир инқиллаб овоз чиқарарди.
Тарзан нима бўлганига ақли етмай, итни бошидаш силаб турғизмоқчи бўлувди, бирдан сесканиб қўлшш тортиб олди:
– Боқи, гугуртни чақ!
Тарзан панжаларининг қип-қизил қонга беланганини кўриб инграб юборди:
– Оқтош, сени ким урди, ким бу аҳволга солди? Энди Деҳқон бувамга нима дейман.
Худди шу пайт нарироқдаги нақ белга урадиган ўт-ўланлар орасида шарпалар ғимирлади. Миржалол қўлидаги таёқни куч билан ўша томонга улоқтирганди, вангиллаган овоз эшитилди, сўнгра шовванинг юқори томонига қараб бир тўда ит чопиб кетди.
– Оқтошни дайди итлар талабди. Роса олишган-у, дош беролмагаи!
Боқининг салмоқланиб айтган бу гапида жон бор эди.
Ўша кеча мақаллага Оқтошсиз қайтдик.
Эртасига эрталаб ойим билан отам келиб, дала ҳавоси дардга шифо, деб бобомни қишлоқдаги ҳовлимизга олиб кетишди.
Ростданам бобом шифо топди шекилли, у киши икки ҳафта давомида бирон марта “осколька”дан но¬либ гап очмади. Ҳатто ҳассага таяниб ҳовлини бир айланиб чиққач, “одам қаторига қўшилиб қолдим шекилли, пешонада бўлса, яна бир-икки йил яшасам керак”, деб қўйди.
Шанба куни эди. Кетиш учун онамдан “рухсат” олдик. У нонушта пайти дастурхон устида ўзича уддабуронлик билан гап уқдирган бўлди:
– Отажоним-ей, анча дуруст бўп қолдингиз. Энди йўқ демай, бу томонларга хам тез-тез чиқиб туринг. Бу ерам ўз уйингиз! Дунёнинг ташвиши ҳеч қачон тугаган эмас, ҳар нарсага куюниб, сиқилаверманг. Ўз вақтида хўп куйиб-пишгансиз, етар!
Ёш боладек бошини эгиб ўтирган бобом, унга ер тагидан бир қараб олди-да, қани омин, дея фотиҳага қўл очди.
Кун исиб кетмасидан отамнинг эски “Москвич”ида шаҳар ҳовлига қайтиб келдик.
Келинойим билан қишлоқдан олиб келган сабзи-пиёзларни қазноққа ташигунимизча бобомнинг авзойи бузилиб қолганини кўрдим. Худди онам айтган “дунё ташвиши” унинг бошига тушгандай эди. Одатдагидек баланд ёстиққа ёнбошлаб олган тоғамга жиғибийрони чиқиб гап уқдирарди:
– Биласан, бир парча ҳовлисида кун бўйи қамалиб ўтиролмайди… Ўзини меҳнат билан овутиб юрарди. Кошки идорама-идора эшик қоқиб, палончиман деб кўкрагига урадиган одамлар тоифасидан бўлса! Менинг аҳволим бу. Маҳалла қаёққа қараяпти! Жалилвой-чи?
– Дада, ҳаммасини айтдик. Жалил ака бормаган идора қолмади. Генпланнинг бошлиғи билан ҳам учрашдик. У ер заводга қарашли. Лойиҳа учун буюртмани ҳам завод берган, ўшалар хал қилади, дейди. Завод директори эса, генплан тасдиқлаган нарсани ўзгартиришга ҳаққимиз йўқ деб айтади. Қаерга борсак, “Анави давлат еридан фойдаланиб келаётган чолми!” деб айтишади. Қонундан келишади. Қонун шундай бир нарса эканки…
– Ўша қонунчилар ҳозирги боғ ўрни бир пайтлар селхона бўлиб ётган жарлик эканлигини билишмаса керак-да! Дехқонбой у ерни текислагунча жонини жабборга бериб юборганди-ку! Агар у ўз манфаатини кўзлаб, шу ишларни қилганида эди, дарахтлар ҳосилга кирар-кирмас боғ атрофини сим тўр билан чирмаб ташлаган, анаву Равшан чўтирдай қўлига милтиқ олвол- ган бўларди. Унга нима ҳам керак, нафақа олса, ёлғи бир жон бўлса! Нега энди ўша цехни сал нарироққа қуриш мумкин эмас экан?!
– Мумкин. Қичқириқнинг бу бетида ҳам, этагида ҳам анча бўш ерлар бор. Менимча, завод лойиҳани ўзгартиришдан манфаатдор эмас.
– Демак, катта боғни пайҳон этилишидан манфаатдор.
– У ерда бог борлиги ҳеч қайси ҳужжатда қайд этилмаган. Планда яйдоқ саноат қурилиш зонаси деб кўрсатилган. Шунинг учун ҳам Раҳимов ҳақ бўлиб чиқяпти.
– Жалилнинг ўғли прораб ошнанг Турсунбой қизиқ бир гап айтиб берганди. Яқинда булғорлар шаҳримизга мактаб қуриб беришмоқчи бўлган экан, лойиҳа бўйича уч туп мевали ниҳолни кесишга тўғри келиб қолибди. Шунда барака топкур ўша қурувчилар лойиҳани ўзгартиришни илтимос қилишибди. Бу дарахт ҳисобда йўқ эди, дейдиганлар топилмабди. Лойиҳа, ўзгартирилибди… Нега энди ҳозир яшнаб турган бутун бир боғни сақлаб қолиш мумкин эмас?!
– Дада, биласиз, Раҳимов обрўли одам. Катталарнинг назарига тушган раҳбар. Уни шаҳарда ҳамма билади. Айтгани айтган, дегани деган. Сопол буюмларнинг бозори чаққон эмиш. Ҳар икки гапининг бирида миллионлаб фойдадан гапиради. Бу сўзлар кимга ёқмайди дейсиз. Кеча бувани райисполкомдаги Каримова ҳузурига чақиртирибди. Арзимас дарахтларингизни деб оммани бизга – яъни Совет ҳукуматига қарши қўзғатиб қўйибсиз, бу қилмишиигиз учун ҳали жавоб берасиз, боғингизга кимларни таклиф этиб, зиёфатлар уюштираётганингиздан ҳам хабаримиз бор, дебди. Хонада унинг сўзларини тасдиқлаб директор Раҳимов билан яна бир милиционер йигит ўтирганмиш. Деҳқон бува Каримовага “қизим”, деб мурожаат қилган экан, мен сизга қиз эмас, ҳукумат раҳбариман, исм-фамилиямни айтиб чақиринг, дебди.
Бобомнинг пиёла тутган қўллари титраб кетди:
– Ўз мавқеини пеш қилиб, пўписа урадиган ундай раҳбарларга гаи уқдириш қийин. Худо кўрсатмасин, ўшанақалар каттароқ ишга ўтириб қолса борми, уёғини кўраверасан!
– Куни кеча денг, ўша ердаги янги иморатга кўчиб келганлардан айримлари бувани боққа киритмабди. Ҳар бир дарахт учун давлатдан пул олгансиз, бу ер энди бизга қарайди, даъвойингиз бўлса райисполкомга му- рожаат қилинг, дейишганмиш. Мактабдан келатуриб олдиларига киргандим, кайфиятлари йўқроқ!
– Ишдан қайтишингда уйига киргин-да, ўзинг бошлаб кел. Керак бўлса, уни етаклаб райисполкомдан каттароқ жойга чиқаман.
Шу пайт негадир ғарибгина ўз ҳовлисида мунғайиб ўтирган бува кўз олдимда гавдаланди. Унинг олдига чопиб бориб хабар олгим, кўнглини кўтаргим келди. Бироқ буванинг уйини аниқ билмасдим. Яхшиси, Тарзан билан бирга борганимиз маъқул. Айтганча, Тарзаннинг бу воқеалардан хабари бормикан! Ўзини ҳам анчадан кўрганим йўқ. Ҳозир уни топишим керак.
Шу хаёллар билан ўрнимдан турдим-у, апил-тапил ювиндим. Кўчага чиқиб, Тарзанларнинг ҳовлиси томон чопиб кетдим.
Аксига олгандай уйида йўқ экан. Мактабда фаррош бўлиб ишловчи қорача, юм-юмалоқ онаси “ошнанг икки кун бўлди, бадар кетган, Равшан амакига ўхшаб, мактаб боғида қоровуллик қиляпти”, деди.
Бир томондан Тарзан яхши ўйлабди. Хоҳлаган одам кириб пайҳон қилавергандан кейин боғнинг боғлиги қолармиди!
Тўхта, ундай бўлса нега бувани ўз боғига киритишмабди!..
ҲАР ҳолда аввал Тарзан билан учрашишим керак. Йўлни Қичқириқ томон олиб борувчи сўқмоққа қараб солдим.
Шанба куни бўлганлиги учунми, баланд иморат олди одамлар билан гавжум эди. Боғ этагидан моторнинг бир маромда тариллаб турган овози эшитиларди.
Иккита заранг хода ҳамда шох-шаббалардан иборат таниш кўприкдан ўтиб боғ оралаб озгина юришим билан кутилмаган манзара устидан чиқдим: хандақ орқасида ковшини қучоққа келиб қолган ёнғоққа тираб бульдозер турибди. Унинг ёнбошида қўпорилган беш-олти туп ўрик ва сертомир илдизлари қорайиб чиқиб қолган анжир туплари ётибди.
Миқтигина ялангбош одам зўр бериб Деҳқон бувага нималарнидир тушунтирмоқда.
Сал нарироқда юзлари худди грим суртилган артистларникидек қип-қизил, бароққош, ўртабўй киши қўлларини орқасига чалиштириб олганча, безовталик билан уёққа икки қадам қўяди, буёққа икки қадам.
Боғ тўридаги бульдозер қаршисида бежирим кийинган бўлса ҳам қилтириқлигидан либоси ўзига унча ярашмай шалвираброқ турган шляпали бир йигит кўзга ташланар, у семизгина папкани қўлтиқлаганича ҳайкалдай қимир этмасдан турарди.
Яна сал наридаги майдончада қиялатиб қўйилган, иккита оқ енгил машина турибди. Шу одамларга қарашли бўлса керак.
Бир пайт бароққош киши юришдан тўхтаб, Деҳқон бувани биринчи бор кўраётгандай унинг оёғидаги эскигина калишидан тортиб тердан унниқиб кетган яктаги, бошидаги одмигина дўпписигача бир сидра қараб чиқди. Кейин ялангбош кишидан сўради:
– Ўртоқ Раҳимов! Бу одам қаердан келиб қолган? Маҳаллага нима алоқаси бор? Асли шаҳарликми?
Директор бирон калима айтиб улгурмай, Деҳқон буванинг ўзи бароққошга сўз қотди:
– Мен сизни таний олмаяпман. Кўринишингиздап жуда бообрў одамга ўхшайсиз!
– Ҳа, бу киши ўртоқ Толмасов. Министрликдан! – деди Раҳимов шоша-пиша. Кейин қўшиб қўйди: – Маҳалла номидан редакцияга ёзган шикоятингиз юзасидан…
– Аввало, мен ҳеч қаерга шикоят ёзган эмасман.
– Нега ўзингизни гўлликка соласиз? Мен ёздирганман дейверинг-да! – Раҳимов масхараомуз жилмайди, овозини баландлатиб қўшиб қўйди. – Лекин ким ёзган бўлса ҳам бу ерлар заводники, яъни давлатники! Давлат ери дахлсиздир.
Деҳқон бува бўш келмади:
– Майли, шундай бўлсин! Лекин мен бу ҳурматли раҳбарнинг гапига ҳайрон бўлиб турибман. Саволни бошқаларга учирма қилиб ўтирмай, ўзимга бераверса бўларди-ку. Айтинг бошлиғингизга, шаҳарликман. Нима демоқчи?!
Толмасов бирдан чимирилди:
– Жуда сиёсатдон экансиз-ку, бобой! – дея бувага зуғум билан қаради. Бироқ “бобой” юзидаги бепарволик, ҳатто менсимаслик аломатини кўргач, хийла паст тушишга мажбур бўлди.
– Отахон, мени тўғри тушунинг. Айтилган гапни тескари талқин қилманг! Мен мана шу жойнинг – дав¬лат ерининг қонуний эгаси – ўртоқ Раҳимовдан, сизнинг бу ерга, – Толмасов қошларини чимириб, кўрсат-кич бармоғини бигиз қилиб, боғ томон силтади, – қачон келганингизни сўраяпман. Тўғрими?
– Ҳа, ҳа, худди шундай дедингиз! – Раҳимов мулойимгина қилиб бошлиғининг гапини маъқуллади. Кейин кўзларини олайтирганича Деҳқон бувага ўгирилди. – Шундай деяптилар, билиб қўйинг!
– Иккинчидан, – дея давом этди Толмасов бувага яқинроқ келиб. Давлат ерини мусодара қилиб, ўзлаштириб олишга нима ҳаққингиз бор? Бу жиноят! Яна раҳбарларни обрўсизлантириш мақсадида улар устидан бошқаларга шикоят ёздирганингиз ортиқча.
– Тўғри! – деди. Раҳимов унинг гапларини маъқуллаб.
Толмасов энди ўзининг баланд келаётганини сезди-да, кўзларини қисиброқ, овозини пастлатиб, гапга якун ясамоқчи бўлди:
– Жуда пихи қайрилган одам экансиз. Ўртоқ Раҳимов айтганида ишонмагандим. Нега, янги бинолар, янги объектлар қурилишига, халқ фаровонлигига тўсқинлик қиласиз? Нега, ўз манфаатингизни халқ ман-фаатидан юқори қўясиз?!
Бува ёқасини ушлаб:
– Ё тавба! – деб юборганди, бароққош шитоб билан чолга ўгирилди, жеркиброқ деди:
– Тавбангизни уйингизда қилинг!
Деҳқон бува негадир бу гапга унча эътибор бермади. Қўлларини кўкрагига босганича директорга рўбарў келди:
– Наҳотки, шу яшнаб турган боғни пайҳон қилишга кўзингиз қияди, ахир, ҳамманинг ризқ-рўзи-ку. Уволи тутмайдими, Раҳимов!
Директорнинг баттар фиғони чиқди:
– Мунча кўп гапирдингиз! Уйингизда тинчгина оёқни узатиб ётсангиз бўларди, тинмаган чол! Уволи тутмайди.
Толмасов энсаси қотгандай яна Деҳқон бувага яқинроқ келди:
– Менга қаранг, бобой, ақлингиз жойидами! Гапни жуда кўпайтириб юбордингиз-да! Анави хандақда ётган бола сизникими?
Деҳқон бува бир оз сукутдан сўнг “ҳа, шундай” дегандек бош қимирлатиб қўйди.
– Нечта болангиз бор?
Бува сесканиб кетди. Раҳимов хунуккина тиржайиб, юзини бир четга бурди. Бува бундай оғир терговни кутмаган чоғи, бир лаҳзада бўйин томирлари бўртиб, кўзлари катта-катта очилди. Сўнг оғир хўрсиниб:
– Жуда кўп, ўртоқ Толмасов, – деди.
– Болани кўпайтиравериш мумкин, ҳа, мумкин! Лекин тарбиясига ҳам жавобгарсиз. Яхшиси, унинг қўлидаги қуролни олинг! Йўқса, ота-бола қамалиб кетасиз!
Деҳқон бува юракларингга балли-ей, дегандай Толмасовга бир қараб қўйди:
– Хотиржам бўлинг, унинг қўлидаги қурол эмас, шунчаки эски милтиқнинг қўндоғига водопровод трубасидан ўрнатиб олган. Кечаси шу ерни қўриқлаб чиқибди.
– Ундай бўлса, ўртоқ Раҳимов, демак, масала ҳал бўлди. Чақиринг анави редакция вакилини. Нега трактор тўхтаб турибди, айтинг, юргизсин.
Директор қорнини, силкитганича ўзига ярашмаган эпчиллик билан нарига чопиб борди. Тракторчига нималардир деди.
Бува кетмонини қўлига олиб, хандақ томонга қараб қичқирди:
– Қайдасан, болам, қани юр, кетамиз!
– Йўқ, бу ердан ҳеч қаерга кетмайман, ҳайдаса ҳам кетмайман! – бу бўғиқ овоз Тарзанники эди. Унинг болаларча нохос йўғон, дўриллаган товуши бульдозер қаршисидаги юмалатиб қўйилган дарахтларнинг шох-шаббаси орасидан эшитилар, Тарзан худди бирон нарсани пойлаётгандай, хандақ ичига яшириниб олганди.
Трактор бир наъра тортди-да, олдинга сапчиб, шохлари шиғил ҳосилга бурканиб ётган ёнғоқ дарахтини қўпора бошлади. Худди шу пайт пастдан муштдай тошми, кесакми учиб чиқиб, бульдозернинг олди ойнасини чилпарчин қилди.
Раҳимов бувани бурдалаб ташлагудай бўлиб, унинг олдига чопиб келди:
– Бу безорилик учун жавоб берасиз ҳали! – кейин нарироқда қаққайиб турган шляпали кишига жазаваси тутиб гапира бошлади: – Ҳой, мухбир ука – ўртоқ Намозов! Қаёққа қараяпсиз? Манави шикоятвознинг башарасига қаранг, яхши таниб олинг. Ҳали пилатон ёзасиз, пилатон! Ёзмасангиз сиздан хафа бўламиз!
Мухбир ҳушёр тортиб ёнидан блокнотини олмоқчи бўлганди, бир кесак келиб унинг елкасига тегди-ю, бошидаги шляпаси учиб кетди. Шунда у ингичка овозда:
– Ий-й! – деб орқасига мункиб кетгандай бўлди. Қўлидагм папкаси оғирроқ акан чоғи, шитоб билан ерга тушиб, нималарнингдир синган овози эшитилди. Шунда мухбир иш расво бўлди дегандай, муштдеккина тепакал бошини сарак-сарак қилиб, ерга энгашди, папка ичидаги сопол бўлакларини ерга тўкди. Бунгача кесакпаррондан Толмасов ҳам, Раҳимов ҳам безовталаниб ўзларини паналашга тушиб қолишганди.
Раҳимов баттар жазаваси тутиб: .
– Телефон борми бу атрофда, телефон! – дерди.
Биқинидан яна бир зарба еган мухбир:
– Милиция чақиринглар, милиция! – дея бўкириб бошига чарм папкасини тутиб, дарахтлар ичига шўнғиб кетди.
Девдай бақувват тракторчи кабинадан сакраб ерга тушди. Олма шохларига қўйилган йўғон тирговичлардан бирини юлиб олди, дув тўкилган меваларни босиб-янчиб, ҳандақ тепасига келди:
– Ташла қўлингдагини, ҳароми, ҳозир абжағингни чиқараман, – деди ва ёғоч ўқталди-ю, ўзи пастга сакради. Зум ўтмай, мушукдай эпчиллик билан милтиққа жон-жаҳди билан ёпишиб олган Тарзанни юқорига судраб чиқди. Тупроққа белаб, биқинига икки-уч бор тепди.
– Ҳой болам, – дея тракторчи томон чопти Деҳқон бува жонҳолатда, худди ҳозирнинг ўзида рўй берадиган бирон кор-ҳолга балогардон бўладигандай. – Ўлдириб қўясан-ку! Боланг тенги-я!
– Бола эмас, бало экан. Менинг ўғлим бўлганда аллақачон калласини узиб ташлардим. Қаранг, яп-янги тракторни нима қилди?! Яна бу зумрашангиз кимларга тош отяпти, биласизми ўзи?
Деҳқон бува босиқлик билан:
– Биламан, – деди. – Лекин сен бир нарсани билмас экансан! Бу боланинг озми-кўпми шу ерга меҳнати сингган. Сен уни оёқости қиляпсан. Шунинг учун ўзини тутиб туролмади, қизиққонлик қилди. Холисанлилло айт-чи, умринг бино бўлиб, ўзинг бирон туп дарахт ўтқазганмисан, унинг мевасидан одамларни баҳраманд қилганмисан? Шу саволни анави бошлиқларингга ҳам айтиб кўр-чи!
– Ҳой қария, – бутун вужуди тердан бўғриқиб кетган Раҳимов кўнгли озиб бораётган одамдай пойма-пой қадам ташлаб Деҳқон бувага яқинроқ келди, – бўлди энди, шармандага шаҳар кенг деб ҳадеб ҳаддингиздан ошаверманг! Индамаса, жуда бошга чиқиб оляпсиз! Қурилиш худди мана шу боғ устига қурилади, вассалом! Мен атайин проектни шу ерга туздирганман. Чайлангизда ўтириб, меҳмонингиз бўлиб, боғингизни планировка қилишганда ҳам билмаган экансиз, энди билиб қўйинг!
– Раҳимов! – бува асабийлашиб, бақириб юборди. – Ноинсоф! Илоё сени мана шу боғларнинг уволи тутсин! Агар шундай бўлмаса, гўримда тик тураман! Қани юр, болам, энди бу ерда бизнинг қиладиган ишимиз йўқ! – Чол Тарзанга ўгирилиб қўлидан тутмоқчи бўлганди, у ўкириб мен бу ердан ҳеч қаерга кетмайман, дея силтаниб ўзини четга олди.
Бува унинг устига бостириб кела бошлади:
– Юр, деяпман сенга!
– Кетмайман! – Тарзан ўжарлик билан косовдай қоп-қора чайир билакларини Деҳқон буванинг узун, бақувват бармоқлари орасидан бўшатиб олмоқчи бўлганди, кутилмаганда, юзига тарсаки тушди. Кейин… Деҳқон бува қўлларини муаллақ тутганича, нима қилиб қўйдим дегандай Тарзанга ачиниш билан бир лаҳза қараб қолди. Сўнг, индамай орқасига қайтди.
Тарзан итоаткорона унга эргашди…
Улар қийшайиб, ташландиқ ҳолга келиб қолган чайла-шийпон ёнидан ўтиб, Қичқириқ томон кўтарилиб кетдилар.
Янги қурилган баланд иморат рўясидаги майдонда томошагўйлик қилиб турганларнинг пичинг аралаш айтган узуқ-юлуқ гаплари қулоққа чалина бошлади.
– Ай-яй-я! Бобойга қийин бўлди!
– Анчагина даромаддан қолди.
– Мол аччиғи – жон аччиғи деганлари шу-да!
Шу дақиқаларда пиқ-пиқ йиғлаб кетаётган Тарзанга эргашиб борарканман, унга жуда ачиниб кетдим. Қадамимни тезлатиб олдига яқинроқ келдим-у, нима деб юпатишни билмадим.
…Қичқириқ дўнглигидаги даҳана бўйига чиққанимизда, учовимиз тўхтаб боққа кўз ташладик.
Мевазор этагидан чанг-тўзон кўтарилар, одамларнинг ғала-ғовури тракторнинг наъра тортиб тариллаши билан айқаш-уйқаш бўлиб эшитилиб турарди.
Шу пайт бизни ҳайрон қолдириб, Деҳқон буванинг юзларида хотиржамлик, ҳатто беғубор табассум акс этгандай бўлди, Тарзан икковимизни елкамизга қўлини қўйди:
– Чамамда ҳаммасини бузишмаса керак. Барибир биздан бир парча бўлса ҳам боғ қолади-ку!…
Шу куни бува тарки одат қилиб, биринчи марта маҳалла кўчасидан анча барвақт уйига қайтди.
Бир ҳафтадан кейин газетада “Фаровонлик йўлида” деган мақола босилиб чиқди. Унда сопол буюмлари заводи директори Раҳимовнинг корхона коллективи ўз маҳсулотини бир ярим маротаба кўпайтириш йўлида зўр уюшқоқлик билан ҳаракат қилаётганлиги, хом-ашёга дастлабки ишлов беришга мўлжалланган янги цех қурилиши бошлаб юборилганлиги тўғрисида гаплари бор эди.
Мақола сўнггида Қичқириқ маҳалла комитети “раҳбарлиги бошлиқ айрим тор тушунчали” кишиларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам тилга олиб ўтилганди.
Газетанинг қарийб ярим бетини эгаллаган мақолани ҳижжалаб ўқиб берарканман, бобом охиригача индамай эшитди. Кейин бирдан “Ёлғон! Бу ғаламислик ўша Раҳимовнинг ўзидан чиққан”, деди.
Шундан кейин бу мақола хусусида ҳеч қандай гап-сўз бўлмади. Кечқурун ишдан қайтган тоғам ҳам, келинойим ҳам индашмади.
Фақат эртасига эрталаб, ҳовлига жилмайиб, қўлтиғига бир даста газета қистириб олган Жалил ака кириб келди. Бобом унга кўзи тушиши билан:
– Ҳа, раис! Хурсанд кўринасиз? Танқид ёққан шекилли, – деб қўйди.
– Ие, оқсоқол, қизиқ экансиз-ку, номимиз газетга тушади-ю, хурсанд бўлмайликми!
– Агар шунга суюнаётган бўлсангиз хато қиласиз, менимча, номингиз тушмаган. Фақат маҳалла комитети аъзоларига шама қилиб, тош отилган.
– Йўқ. Гапингизга қараганда, сиз ҳаётдан орқада қолиб кетибсиз. Маҳаллий матбуотни қўятуринг, – Жалил ака одатдагидай каравот четига омонатгина ўтирди-да, омин тинчлик-омонлик бўлсин, дея юзига фотиҳа тортди. Сўнг газеталардан бирини ёзиб, бобомга рўпара қилди:
– Сиз мана бунда ёзилганини ўқингу, мазмунини чақинг! Сарлавҳаси “Боғбон”. Унда жилмайиб турган қария ўзимизиинг Деҳқонбой бўлади. Рассом ҳам ўзимиздан: маҳаллий! – Жалил ака газетани хонтахта устига қўйди-да, ўрнидан турди. – Мен энди Деҳқонбойнинг олдига борай. Мазаси йўқ эмиш! Оламга “Боғбон” деган донғинг кетд. Ётавермай тур энди, ўзингни кўрсат дейман!
Ўша куни Миржалолнинг номи ҳам маҳаллада довруғ бўлди. Гўё ҳамма унга қараб: Деҳқон буванинг суратини чизган машҳур рассом мана шу бўлади, деяётгандай эди.
Бироқ оқшомга яқин тарқалган совуқ хабардан бутун маҳалла бир қалқиб кетгандай бўлди.
– Миржалол, – дедим кечқурун унинг олдига чиқиб, – бизникига юр, тоғам Деҳқон буваникига кетди. Умида келинойим йўқ. Ўзим қўрқиб кетяпман. Айвойда бирга ётамиз, – дегандим, у дарров рози бўла қолди.
Битта кўрпага ўралиб олиб, алламаҳалгача гурунглашиб ётдик. Мен Деҳқон буванинг ўша кунги аҳволини, даҳана бўйига чиққач, кетмонини ерга қўйгани, Тарзан иккимизнинг елкамизга қўлларини ташлаб ўз боғи билан хайрлашганини бирма-бир айтиб бергандим, Миржалол таъсирланиб кетди шекилли, кўрпани устидан отиб, ўтириб олди ва оҳиста “Мен албатта у кишининг суратини яна чизаман”, деб қўйди. I
Эртасига маҳалланинг одатдаги ҳаёти бошланди: атрофдан қушларнинг чуғур-чуғури эшитилар, кимнингдир ҳовлиси этагидан зағизғоннинг овози қулоққа чалиниб қолар, ола ҳакка димоғдорлик билан “қа-қағ”лаб кўча томонга шох эгган қари нокнинг мевасини ҳар чўқиганда атрофга шубҳали аланглар, ҳосили олтиндай сарғайиб турган беҳи новдаларидан гув этиб чумчуқ галалари учар, аҳён-аҳёнда мактаб қоровули Равнин аканинг “ҳайю-ҳайт, ҳайю-ҳайт” деган бўғиқ овоз эшитилиб қоларди. Бугун дам олиш куни бўлганлиги учунми, кўчада одам сийрак, кечаси билан тўкилиб: чиққан зарғалдоқ шафтолилар у ер-бу ерда кўзга ташланар, уларни авайлаб териб йўл-йўлакай еб кетадиган ҳафсалали йўловчилар ҳали ҳовлисидан ташқарига чиққанича йўқ эди.
Бир пайт кўчанинг нариги бошида келаётган сон-саноқсиз одамлар тўдасини кўриб қолдик. Ўртада тевараги оппоқ мато билан ўралган тобут лопиллаб кетмоқда эди.
Атрофдаги ҳовли дарвозалари бирин-кетин очилиб хотин-халажнинг қий-чуви, кимларнингдир “бечора отахон, жойингиз жаннатда бўлсин” деган овозлари қулоққа чалинарди.
Одамлар оқими яқинлашиб келганда унинг орқасида туртиниб-суртиниб кетаётган Боқига, дадасининг қўлидан ушлаб олган Зуфар “луччакка” ва Тарзанга кўзимиз тушди… Тарзан ҳам бизларни кўрди, дум-думалоқ кўзларини Миржалол иккимизга тикиб, нега деворга қапишиб турибсанлар, қани юр, деган ишора қилди.
Мен учун ғалати туюлгани шу эдики, кўчани лиқ тўлдириб кетаётган одамлар сон-саноқсиз – кўп бўлса ҳам улардан ҳеч қандай садо чиқмасди, бир-бири билан ҳатто имо-ишора қилиб ҳам гаплашишмас, фақат бетартиб оёқ товушларигина эшитилиб турарди.
Бир этаги кўчага туташ мактаб боғи олдидан ўтаётганимизда ичкаридан гумбурлаб милтиқнинг кетма-кет отилгани ва қоровулнинг дўриллаган овози эшитилди:
– Баччағарлар, саҳармардонда ҳам… – Равшан ака шохлари ерга қадар ёйилиб тушган олмазор ичидан отилиб чиқди-ю, хаёлига келмаган манзарани кўргач, бир лаҳза ўзини йўқотиб қўйди, сўнг ариқ бўйидаги қовжираган ажриқзорга ўтириб қолди. Шошиб-пишиб нималардир дея пичирлаганича қўлларини фотиҳага ёзди. Лекин унга ҳеч ким эътибор бермади.
Шу куни биринчи марта кўзимиздан тирқираб ёш чиқди. Бу қилган “шўхлик”ларимиз эвазига аҳён-аҳёнда ота-оналаримиз томонидан “сийлаб” туриладиган уриш-сўкишлар ёки ўзаро жиққамушт бўлиб ёқалашишлар маҳсули эмас, балки ногаҳон пайдо бўлган илк изтиробнинг аччиқ ёшлари эди.
Марҳумни қабрга қўйишдан олдин кимдир йиғилганларга қараб:
– Ҳалойиқ, Деҳқонбой қандай одам эди? – дея мурожаат қилди.
Ҳар томондан:
– Яхши одам эди, – деган овозлар эшитилди.
Шу ерда биринчи марта Деҳқон буванинг тўрт йил жанггоҳларда қон кечиб, душман билан қаҳрамонона жанг қилганлиги, қатор орден ва медаллар нишондори эканлиги тилга олинди.
Миржалолнинг отаси унга бағишлаб ёзган марсиясини ўқиди.
Биз қабристондан қайтарканмиз, ўзимизни катталар қатори улғайиб қолгандай, худди шу дақиқаларда болалигимиз билан умрбод хайрлашаётгандай ҳис этдик.
Орадан кўп йиллар ўтди. Энди мен ҳам шаҳарликман. Қишлоғимиз ўрнида баланд қурилган иморатлар қуриб, янга квартал номини олган. Қичқириқ ҳамон тўлиб оқиб турибди. Лекин унинг юқори оқимидаги Тегирмонбошининг қуруқ номигина қолган, холос.
Деҳқон бува барпо этган ўша мевазорнинг кичик бир қисми сақланиб турибди. Уни боғ деб бўлмайди. Ўт-ўлан босиб кетганидан чакалакзорни эслатади. Ҳар ким ўзига қарашлисини сим-тўр, темир-тунука тўсиқлар билан ажратиб олган.
Шу “чорбоғча”лар шом тушиши билан гавжум бўлади. Қалин дарахтлар орасидан узуқ-юлуқ музика овозлари эшитилади, тахтакачга шитоб билан урилаётган динамо тошларининг қарсиллаган овози қулоққа чалинади. Кимдир зотдор итини бу ерда силаб-сий сайр қилдиради.
Мен ҳар куни ишга шу таниш бино ёнидан ўтиб бораман. Унда истиқомат қилувчи, ишлашни ҳам, ҳордиқ чиқаришни ҳам биладиган, кундалик ҳаётидан мамнун ҳамшаҳарларимга, чўлтоқланиб қолган, кўплари ғовлаб кетган дарахтларга қарайман-да, беихтиёр қачонлардир худди ана шу ялангликдан туриб, Деҳқон бувага қараб айтилган “Ай-ай-я, бобойга қийии бўлди” қабилидаги масхараомуз гаплар қулоқларим остида қайта эшитилиб кетгандай бўлади. Ҳа, бувага ўшанда жуда қийин бўлганди! Сўнг унинг босиқлик билан айтган “Барибир, бир парча бўлса ҳам биздан боғ қолади. Ўшани авайлашса, унга қараб туришса бўлгани…” деган гапларини эслайман…
Ҳозир Деҳқон буванинг қабри ёнида икки туп ёнғоқ кўкка бўй чўзган. Уларни боғдорчилик илмий текшириш институти ёш олими – ўша ўзимизнинг “Боғбонча” эккан… Ҳаётнинг қизиқлигини қарангки, ёнғоқлар ўн қадамча нарироқда дабдабали қора мармартош ўрнатилган қабр устига соя ташлаб турибди. У ерда Раҳимов ётибди…
Миржалол республиканинг етакчи меъморларидан, Шаҳардаги қатор маъмурий бинолар, майдон ва хиёбонлар унинг лойиҳаси асосида барпо этилган.
Кўп йиллардан бери марказий шаҳар истироҳат боғининг янги тарҳи устида иш олиб бораётганлигидан хабардор эдим. Баъзан, жуда чўзиб юбординг-да, бу ишингни қачон ниҳоясига етказасан десам, ҳали қиёмига етгани йўқ, бу лойиҳа шундай мукаммал бўлиши керакки, унча-мунча мунозарага ўрин қолмасин, Деҳқон бувадай шаҳримиз гражданига муносиб ёдгорлик бўлсин, дерди.
Мана, ниҳоят ўша боғ лойиҳаси кўпчилик муҳокамасига қўйилди. У Қичқириқ атрофлари учун мўлжалланган бўлиб, одатдаги манзарали дарахтлар ўрнини ранг-баранг мевали ниҳоллар, турли буталар ўрнини жамбилу райҳонлар эгаллаши керак. Яъни Ўзбекистон табиатининг, боғларининг бор гўзаллиги, саховати шу ерда намоён бўлиши лозим. Катта асосий хиёбон ўртасида эса, ёшгина йигитнинг елкасига қўлларини қўйиб, узоқларга кўз тикиб турган пурвиқор бобо-деҳқоннинг ҳайкали… Хиёбон атрофини чойхоналар, болалар майдончалари, турли мева ҳамда қандолатпазлик маҳулотлари сотиладиган чиройли дўкончалар эгаллаган. Орқароқда эса… Очиқ музей: тегирмон гувиллаб юриб турибди…
Мен дўстим Миржалолнинг бу хайрли ниятлари амалга ошишига ишонаман. Чунки покиза туйғулар маҳсули бўлган Эзгулик ҳақиқатдай пойдор ва муқаддас бўлади. У барибир рўёбга чиқади.