Ўзининг беқиёс ижоди билан урду адабий тилига асос солган ва ҳинд шеъриятининг мумтоз даврини якунлаган, ҳам Покистон, ҳам Хлндистоннинг фахру ғурурига, ҳар икки миллатнинг тимсолига айланиб кетган оташнафас шоир Мирзо Асадуллохон Ғолиб (مرزا اسد اللہ خان غالب) асли туркистонлик — ўзбекларнинг ойбек уруғидан бўлиб, унинг бобоси Мирзо Қўқонбек Самарқанд амирзодаларидан бўлган отаси Турсунхон билан аразлашиб, XVII аср ўрталарида Ҳиндистонга бориб қолади. Мирзо Ғолиб ана шу кишининг ўғли Абдуллабек ва Бухородан Ҳиндистонга келиб қолган Хожа Ғулом Ҳусайннинг қизи Иззатуннисодан Агра шаҳрида туғилади. Маълум бўладики, ҳинд заминида туғилган бўлишига қарамай, Мирзо Ғолиб ота томонидан — самарқандлик, она томонидан эса — бухоролик. Бинобарин, уни нафақат ҳинд ва урду, балки ўзбек халқининг ҳам шоири дейишга ҳақлимиз.
Маълумки, Ҳиндистонда яшаб ижод этган машҳур форс-тожик шоири Хусрав Деҳлавийнинг келиб чиқиши ҳам асли Шаҳрисабздан бўлиб, ўзбекларнинг лотин уруғидан эди. Шуни назарда тутиб, Мирзо Ғолибга замондош бўлган шоир Наййар ёзган эди: «Ҳиндистонда форс шеърияти лотин уруғидан бўлган туркдан бошланиб, ойбек уруғидан бўлган туркда ниҳоясига етди».
Мирзо Ғолиб назм билан бирга насрда ҳам қалам тебратган. Унинг «Дастанбу», «Меҳри нимрўз», «Панжи оҳанг» каби асарлари урду адабиётининг ноёб дурдоналари ҳисобланади. Мирзо Ғолиб Соиб Табризий, Мирзо Бедил каби буюк салафларига эргашиб, сабки ҳиндий — ҳинд услубида ижод қилган. Бу услубда ёзилган шеърларнинг бадиий жиҳатдан пишиқ, мазмунан теранлиги — бир неча маъно қатламига эгалиги маълум. Шунинг учун ҳам уларни тушунтириш учун қатор-қатор шарҳ китоблари яратилган Шунинг учун ҳам уларни бошқа тилларга таржима қилиш қийин. Ғолибни суханварлик бўстонининг булбули ва маъно шаккаристонининг тўтиси, деб лутф этадилар. Урду мунаққиди Абдураҳмон Бижпурийнинг ёзишича, Ҳиндистонда энг ўқимишли китоблар бу — муқаддас «Веда» ва Мирзо Ғолибнинг девони ҳисобланади.
XX асрда Мирзо Ғолибнинг шуҳрати бутун дунёга ёйилди. Бугунги кунда шоир асарлари нашр этилмаган, унинг номини билмайдиган халқлар жуда оз. Деҳли, Алигарҳ, Ҳайдаробод, Лоҳур ва Карачи шаҳарлари бу забардаст сўз санъаткори ижодини ўрганишда йирик марказлар бўлиб келмоқда. Ҳиндистон ҳукумати, шахсан Индра Ганди ташаббуси билан Деҳлида ташкил этилган Ғолиб уйи ва Ғолиб академиясидаги китоб жавонлари жаҳоннинг турли мамлакатларида чоп этилган шоир ҳақидаги рисолалар ва асарларининг турли тиллардаги таржималари билан тўла.
Ўзбек тилида Мирзо Ғолибнинг «Шайдо» (1965) ва «Ғазаллар» (1975) тўпламлари нашр этилган. Шоир шеърларини урду ва форс тилларидан Ёнғин Мирзо, Раҳмонберди Муҳаммаджонов, Миртемир, Васфий, Чустий, Шоислом Шомуҳамедов, Султон Қўқонбеков, Ҳамид Ғулом, Пўлат Мўминлар таржима қилишган.
ҒАЗАЛЛАР
***
Десам, Ғолиб, ерим — пок ҳоки Турон,
Асил зотим билан бағрим фараҳманд.
Ўзим туркзодаю наслим-да туркзод,
Буюклар қавми бирла асли пайванд.
Уруғ бўлмиш менга ойбеклар аслан,
Камолан ойга нисбат, балки ўнчанд.
Отам касбин десам деҳқончиликдир,
Бобом бўлмиш заминдори Самарқанд.
Ўзим ҳақ файзига шогирд эрурман,
Эрурман фозил инсонларга фарзанд.
Ёнишда ҳамнафасман барқ ила мен,
Саховатда булутлар бирла монанд.
Ғаму андухки бор, шодман алардин,
Фараҳ, бахт йўқ-ки анга доғи хурсанд.
Ҳама ҳешларки ўтмиш, йиғлагаймен,
Тирикликдан куларман бўйла хушханд.
***
Қоши ёси қатлима тадбирдир,
Не ажаб, уй тоқида шамширдир.
Севгида беморлигимни сўрмагил,
Ул Исо кўзгусида тасвирдир.
Мен жунун даштида саргардон эсам,
Ғам дилимнинг пойида занжирдир.
Бу кўнгил вайронадир, фаввора — кўз,
Сел синиқ, бу уйга не таъмирдир.
Ваҳ, қаламнинг ёқасин йиртди Асад,
Чок дил иншоси бу таҳрирдир.
***
Муҳаббат тухмин экдим жонима, андуҳ самар бўлди,
Умидим шуки, қосид, ёрга холимдан хабар булди.
Ёғиб чархи фалакдан бу жафокаш бошима тошлар,
Урушди тошга тошу мисли гулдаста шарар булди.
Кўнгил дарди кўринса кузгуда юз ранг билан, денглар
Хазону соғару дил қонию заҳми жигар булди.
Нигоҳим бўлди овора сени излаб ва лек охир
Қоронғу бўлди олам сенга, дил соҳибназар бўлди.
Жунун аҳлини зоҳид айб этар бўлса ажаб йўқдир,
Жунун занжири зуҳднинг эшигига банди дар бўлди.
Асад, гар ғунча гулнинг шавқатига боргоҳ бўлса,
Дилинг Бедил йўлига гул сочиб, сатринг гуҳар бўлди.
***
Париваш чеҳрасига берса оро,
Қилар ҳайрат билан кўзгу тамошо.
Кетар жоним олиб карвонда ёрим,
Ғуборин кўзларимга айладим жо.
Мени уйқуга элтди дарди ҳижрон,
Хаёли кипригимда бўлди пайдо.
Кулар гул йиғлаганда булбули зор,
Мен у гул хандасидан хору расво.
Фироқ ўқин пари кўксимга отди,
Ажаб, ғам тори узра унди раъно.
Фано даштин тутар маскан муродим,
Анга парво йўқу менга тасалло.
Асад, ожизлигингни англадингми,
Нечун билдинг ўзингни бунча доно?
***
Эгам, исмингни айтмоқ, журъатин бергил забонимга,
Кўнгил — хомуш садаф, дур жилвасин бергил баёнимга.
Тараҳҳум айла мендек бедилу маҳзунга, лутф этгил,
Чароғи субҳ бер шомимга, гул фаслин ҳазонимга.
Қилиб наззора жонимни олурсан, эй пари пайкар,
Куярсан дасту пойингга ҳино олуда қонимга.
Кўриб кўзгуда руҳинг аксини у чашми машшота
Бўлибдир хунфишон, берсин тўзим бу хаста жонимга.
Қиларкан тунда булбул нола, тонг уйқудан уйғонгай,
Умидим тонги уйғонмас нечун бетин фиғонимга.
Камина такрибу сидқин синаб кўрмоққа раҳм айлаб,
Юбординг минг туман ранжу машаққат имтиҳонимга.
Жамолингдан сабоҳ равшан, гулистон бўйла зевардир,
Асадга тор қафас қурдинг, назар сол бу маконимга.
Эркин Воҳидов таржималари
РОЗИМАН
Мен жафо муштоқиман, ҳар не жафа қил, розиман,
Менга зулминг ўтказишдан хўб сафо қил, розиман.
Эй, қамар рашкин оширган ойжамол, ўксинма кўп,
Ошиғинг бисёр тағин минг ошно қил, розиман.
Сен санамсан, офтобсан, балки ортиқсан, баланд,
Ул самодин ҳам баландроқ бир само қил, розиман.
Неча ҳурлар ҳусн бобинда олур сендан сабоқ,
Ғамзаю ишвангни эл ичра бало қил, розиман.
Беқарор кўнглим кўйинг истаб мудом парвоз этар,
Майли, остонангни Каъбадин аъло қил, розиман.
Мақтагай зоҳид ҳамиша боғи жаннат кўркини,
Сен кўчанг гардин менга жаннатбаҳо қил, розиман.
Жаннату дўзахни қўшсанг бир буюк бўстон бўлур,
Сайлу сайронинг учун улкан бино қил, розиман.
Илтифот айлаб менга оби ҳаёт тутгил, ичай,
Ташна кўнглим қондириб, меҳринг ато қил, розиман.
Бул ғазалниким Алойи менга иншо қилдирур,
Энди ҳар ҳукмингни Ғолибга раво қил, розиман.
ҚАЙСИКИМ, САҲРОЮ ДАШТДА
Қайским саҳрою даштда кўп кезибдир зор-зор,
Бошқа ошиқларга жой бермабди дунё – кўнгли тор.
Ишқ ҳавосидан юракка неча ўтлар ёндашур,
Неча оташ тафтидан кўнгил бўлармиш нор-нор.
Мен тушим, ўнгимда сен-ла қанча суҳбат айладим,
Не зарар, не суд кўрибман, барчаси бекор-кор.
Ишқ мактабгоҳида шогирди содиқман ҳануз,
Не саводим чиқди-ю, не тарк қилдим ихтиёр.
Бир ўлим бирлан кафан айбимни ёпгайдир фақат,
Йўқса, ҳар қандай либосда бору йўғим ошкор.
Эй, Асад, Фарҳод неча тоғни кесар полвон эди,
Аммо ошиқлик йўлинда бўлди ул ҳам тор-мор.
ИСТАРАМ
Тоқатим тоқ бўлди ишқдан, чорайи жон истарам,
Меҳр кўрсат, дилрабо, меҳрингни чандон истарам.
Хору хас гулханга тушгач, лов этиб ёнгай бешак,
Мен лабинг завқ ўтида ёнмоқни обдон истарам.
Рашк этурман сенга кўз солса баногоҳ бир рақиб,
Келмоғинг жавлон уриб бул кеча, жонон, истарам.
Кўзларимга жо бўлиб, уйқуни кўздан маҳв эт,
Лаҳза-лаҳза шафқатинг кўрмоқ фаровон истарам.
Мен жамолинг кўргали муҳтожу муштоқман, гўзал,
Бунчалик ғурбатни даф этмоққа имкон истарам.
Нағмайи базми хаёлингдан дилимда минг савол,
Бизга ҳам бўлгайму деб бир лаҳза эҳсон, истарам,
Сен вафо бегонасию, мен, ҳавас ошуфтаси,
Майли, меҳринг соғиниб, ўтмоқни сарсон истарам.
Баски, бизга шафқатингдан бир жило кўрсатмагил,
Лек хаёлинг мавжида сурмоққа даврон истарам.
Ғолибо, гарчи жафолар илгида қондир жигар,
Ранж агар шундоқ ширин, бул ранжни ҳар он истарам.
ЖАСУР ИНСОН КЕРАК
Ишқ майдонига марду ҳам жасур инсон керак,
Бўлмаса, қизғин курашларга чидам бермас юрак.
Мен ўлимдан титрар эрдим ҳар тасодиф чоғида,
Рангу рўйим қаҳрабоси – бул ҳақиқатдан дарак.
Ишқ – вафодан бир рисола ёзгали урдим қалам,
Аммо фикрим кўп паришон эрди, жоним жонсарак.
Томиримда қон оқур, мисли ҳаёт дарёси ул,
Бағримиз водийсини алвон гулистон қилгудак.
Севги дарди қалбимиз ичра абад бўлгайму ҳеч,
Сўнса ҳам қалб, дейдилар, дарди яшар эрмиш бешак.
Ёру дўстлар топмади ҳаргиз жунунимга даво,
Гарчи манзил бўлди менга об-ҳавосиз тор катак.
Бир жасад бўлмиш кафансиз, бул Асад ошиқу зор,
Шафқат айлаб, кўнглига нурини ёғдурсин фалак.
АЁНДИРУ АЁНМАС
Дилимнинг бул шеваси аёндиру аёнмас,
Унинг туйғу, аъмоли гумондиру гумонмас.
Дилбарни бул ғамимдан десам огоҳ айлайин,
Ичимдаги ғулғула баёндиру баёнмас.
Жоним ичра фармонинг, ҳар хизматингга шайман,
Ҳар пардада дил дардим равондиру равонмас.
Аҳли назар қошида дардимни айтсам агар,
Бўсага ташна ул лаб даҳондиру даҳонмас.
Кезарман гулшан ичра, баҳору… ҳеч вақо йўқ,
Гулхан бўлиб кўринган хазондиру хазонмас.
Дарёга тушса қатра, сингиб кетгайдир албат,
Бу қандайин синоат? Зиёндиру зиёнмас.
Баҳор завқи-ла яшнаб, шохда гуллар урар мавж,
Гул косасида бода ниҳондиру ниҳонмас.
Ғолиб, назардан ўтказ атрофда бор сафони,
Парда ортида сирлар аёндиру аёнмас.
ГАР ДЕНГИЗ ЧАЙҚАЛСА
Гар денгиз чайқалса, не аҳволга тушгай хас-хошок,
Худди шундай, ҳар нигоҳингдан танимда жон ҳалок.
Файзиёб бўлсанг агар майнинг оташ дарёсидан,
Сўнгра жисминг музлатур, албатта, ул ваҳшу нопок.
Гар чароғон бўлса хонанг, сенга зулмат хавф эмас,
Чўғ кўрингай кўзларингга музлаган бир парча хок.
Бул ҳароратдан вужудинг яйрагай хушнуд бўлиб,
Барча нохуш туйғулар ҳар ён титилгай чок-чок.
Ушбу айёмни ёмонлаб гап сотишдан фойда не?
Тақдиринг шундоқ бўлишин асли ёзмиш чарх-бебок.
Қўл-оёқ жойида бўлгач, бизга ким заҳмат берур?
Қай маҳал йиқди Фаридунни ўшал Заҳҳок – хок?
Таъбимиз равшанлиги ҳар бир суханда акс этур,
Тут кўнгилни, Ғолибо, ҳар лаҳзада озода-пок.
НЕ СЎЗ ДЕМАЙ
Не сўз демай, эшитиб, эшитмасликка олар,
Субҳу шом ҳолим билиб, ўзин билмасга солар.
Банддан бўшалган оҳу орзу қилурму домни,
Кўнглимизнинг ғизоли шубҳалар ичра толар.
Эй, соқий, шафқат айлаб, бир коса бода тутким,
Жигар қон бўлди ғамдан. Шу сендан илтижолар.
Ёр дийдорин кўришдан бир яхши пайғом кутдим,
Муштоқ бўлиб кўзларим неча шому саболар.
Юздан суриб пардангни ноз билан ўткил, дилдор,
Оинайи жамолинг берсин дилга сафолар.
Кўзимдан оққан ёшнинг ҳисобин қилиб бўлмас,
Унда қон мавж ураркан, жоним не ҳолда қолар?
Гулгун майдан бул кеча ҳузурбахш бўлай лаҳза,
Дейдиларки, паймона кўнгиллар эангин олар.
Андуҳ хуружи, Ғолиб, кўнгилга солмиш ғулу,
Оҳим эшитиб шояд қилса раҳму раҳолар.
ЖАМОЛИНГ ТОРОЖ АЙЛАР
Жамолинг торож айлар ҳар қандайин назарни,
Хироминг помол этур сарв ила санобарни.
Шавқ оташинг ёндириб диллар уйин саросар,
Тийғи захминг ўлдирди неча қалбу жигарни.
Дардингда ўлар бўлдим сендан узоқ тушган чоғ,
Ёндим эшитганим чоғ келишингдан хабарни.
Хабардор бўл азобинг тортган харидорингдан,
Нолам етказур сенга дилдаги бу кадарни.
Шод эдим бу хилватда, олисда шум рақибдан,
Йўлингда уйғоқ турдим кузатиб ҳар гузарни.
Кўзларим ёш тўкарди умидвор илинж ила,
Гарчи сезса-да қалбим бу йўлда бир хатарни.
Эй, бармоқлар, кўзимдан олингиз дарҳол ўзни,
Пок домонин силангиз ўшал моҳи қамарни.
Тўти шакарни истаб, не кўйга солур ўзни,
Ғолиб, сен ўшал лабдан топурсан қанд-шакарни.
НУРЛИ ОФТОБ БОДАСИ
Нурли офтоб бодасин узатган чоғи осмон,
Ранглар намойишидан яйраб кетди гулистон.
Бизнинг офтобимиз-чи, дариғ тутар меҳрини,
Шул боис ҳаётимиз шоми ғариб, нотавон.
Офтобимиз биз учун душману ҳамдард яна,
Шам билан суҳбатимиз тонгга қадар беармон.
Навбат била икки нур кўнгилга солур ёғду,
Кулфату фароғатни бизга тутиб ёнма-ён.
Мана, баҳор гуркираб, олам муаттар ўлди,
Шабнамлар шуъласида гўё акс этди жаҳон.
Май базмида латофат суҳбати авж олғуси,
Қадаҳлар садосидан диллар бўлиб нурафшон.
Ғолиб, сабуҳий завқин кўнгилга солди наҳор,
Нурли офтоб бодасин узатди чоғи осмон.
АҲДУ ЗАБОНИНГДАН ҒАЛАТ
Такягоҳ аҳду забонингдан ғалат бўлди, ғалат,
Ҳам ширин, ўтли баёнингдан ғалат бўлди, ғалат.
Хокисор этдинг рақибим қошида гарчанд мени,
Бу ғалатдир, жон-жаҳонингдан ғалат бўлди, ғалат.
Ғунчага солсанг назар, бўлгай хижолат, чунки ул
Бемисол ширин даҳонингдан ғалат бўлди, ғалат.
Ҳар жафойингким, менга минг бир вафодан ҳам зиёд,
Дил уйи бундоқ гумонингдан ғалат бўлди, ғалат.
Раҳм қил, дарду ситамлардан Ғолиб ўлгай бешак,
Такягоҳ аҳду забонингдан ғалат бўлди, ғалат.
Форс тилидан Жуманиёз Жабборов таржимаси
РУБОИЙЛАР
1
Ҳар пардани, Ғолиб, ўз навоси бордир,
Ҳар гўшани ўз файзу сафоси бордир.
Пок айлади жисмимни жаҳон ташвишидан —
Банголани хуш обу ҳавоси бордир.
2
Умрим бўйи тақдир қўлида хор бўлдим,
Умрим бўйи омадга умидвор бўлдим.
Сармоя йўғ-у, фойда хаёлин қилдим,
Бир ваъда йўғ-у, кўйида кўп зор бўлдим.
3
Мен рози эмасман берсалар жаннатни,
Ҳақ даргоҳидан турли-туман неъматни.
Жон қайта танамга кирса, сарф этгай эдим —
Бир кўргали сени, бу буюк давлатни!
4
Ё Раб, жаҳон аҳлига дили хуррам бер!
Жаннат тилаганга оташини ҳам бер!
Шаддод* хафа ўтди сендан кўрмай ўғил,
Одам мулкин қавмига қилмай кам бер!
_____________
* Шаддод — афсонавий араб подшоҳларидан бирининг номи. У гўё ҳудолик даъво қилган эмиш.
5
Беморман-у, май дардима дармон бўлгай,
Ҳам қуввати дил, ҳам роҳати жон бўлгай.
Отамга* дедим: май ичгали майл айла,
То бода ичиш расми фаровон бўлгай!
__________
* Бу ерда Одам Ато кўзда тутилмоқда.
6
Қўрқув ила кўнглим то банд эрмас эди,
Ҳеч нарсага қаттиқ пайванд эрмас эди.
Орзум мени Каъбаю сафардан ғайри —
Тарки элу хотин, фарзанд эрмас эди.
7
Дунё сен учун айш-ишратистон бўлсин!
Шодлик гули юз рангда намоён бўлсин!
Келди ҳайиту баҳор хуррамлик олиб,
Мендек неча юз жон сенга қурбон бўлсин!
8
Кўз олдида беморни фақат тургай ёр,
Ўз нафъу зиёни-ла иши йўқ зинҳор.
Толибга талаб қилгани не имкон бор?
Йўқ меваси берса-да хино барг бисёр.
9
Суҳан* суви олдида бекор қанду набот,
Тенг келмас унга Нил ила Жайҳуну Фирот.
Ҳинд отли бу бир парча ери оламнинг —
Зулматдир-у гўё, Суҳан — оби ҳаёт.
____________
* Суҳан — Ҳиндистондаги дарё.
10
Ҳар лаҳза азал лутфини ёд этгучи бўл,
Ҳар қанча бало кўпми, қувонч ундан мўл.
Куфр ичра мену Санъон аро фарқ бордир,
Эҳсон бошқа, тоат ҳақи бошқадир ул.
11
Сен орзуни кўп бердинг-у, сармояни кам,
Қошингда қиёмат куни биз бўлсак жам,
Қўй мени ҳолимга — чекиб ҳасрат-ғам,
Мен қилмаган айшларимни ўйлай ул дам.
12
Шодлик базмида хасталарга не қувонч?
Жанг ичра оёғи басталарга не қувонч?
Гар ёғса булутдан покиза май, Ғолиб,
Биз — кўзаю жомшикасталарга не қувонч?
13
Юзинг каби юз йўқ бирор инсонда,
Покиза вужуд ҳам бу каби ҳеч жонда.
Дединг: сира парво қилмагум гап-сўзга,
Ёмонларнинг кўзи лекин ёмон-да!
14
Қашшоқлик оламида аччиқ ҳаёт,
Тоат-да қилолмайсан излаб нажот.
Кошки Ҳақдан ишораи савму салот —
Бўлса эди, фарз бўлганидек ҳажжу закот.
15
Кошки бу жаҳон янгидан ижод бўлса,
Вайрона бу кулбам зора обод бўлса.
Мендан кўра яхши бу тубан оламда —
Ким ўзгани(нг) ғам-қайғусидан шод бўлса.
16
Токай эл ила тинчу саломат бўласан?
Токай нишонаи маломат бўласан?
Ғам кечасининг дедингки тонги бўлмас,
Бундай дема, мункири қиёмат бўласан!
17
Манзил менга ҳам шу қора ер — қайга борай?
Бор тупроғини сочди бошимдан, найлай?
Зар берди-ю ўзгаларга, қўйди менга дом,
У онадир ўзгаларга-ю, менга ўгай.
18
На ханжару ўқ захми ила ўлганман,
На шерни(нг) тушиб чангалига сўлганман.
Тишлайман-у лабларимни, қонин сўраман,
Қон юта яшашдан безор бўлганман.
19
Мен яккахудолик ғамидан озодман,
Ўз поклигима ўзим гувоҳман, шодман.
Сўз ичра салафларга бугун шогирд эсам,
Бас, эрта халафларга* тайин устодман.
__________
* Xалаф — ортдан келаётганлар, авлодлар, ворислар.
20
Ғолиб, менинг катта бобомдир Зодшам,
Шундан яшадим қилич дамида мен ҳам.
Саркардалик ўтди-ю, ёпишдим шеърга —
Бобомнинг синган қиличи бўлди қалам.
21
Қар ким эса йўқчилик туфайли поймол,
Расволик ила ҳам ўнгланар гоҳ аҳвол.
Биз ташналаб-у, хирқа-чи, ботмиш майга,
Соқий, қадаҳинг тешикми — бу қандай ҳол?!
22
Эй, нега чўчийсан бу қадар ўлимдан?
Дил мангу ҳаётними тилар ўлимдан?
Куйдим-ку табиий ҳарорат ўтида мен,
Оғир бу ҳаёт, билсанг агар, ўлимдан!
23
Маълумки, шикоят айламак яхши эмас,
Ёр ҳусни-ю дил дарди — сўзим мавзуси, бас.
Ҳолимни келиб кўрмади-ю, сўрмади ул,
Душман яралаб, ёр эса ўлдирди, абас.
24
Сўзингга сенинг эътимод айлаб бўлмас,
Ёлгон ила ўзни шод айлаб бўлмас.
Сен ваъдани тоғдай уйдинг — орасидан
Бир яхши ваъдани ёд айлаб бўлмас.
25
Тун бўйи агарчи меҳмон қилдим уни,
Бирмунча ўзимга меҳрибон қилдим уни.
Кўнглим сира хотиржам эмасдир, чунки
Васл ичра ўзимдан бадгумон қилдим уни.
26
Минг нарса менга ато этишса — Уники!
Жаннатни пешонамга битишса — Уники!
Мен Унга қилай фидо юз шодлик ила —
Маҳшар куни танга жон етишса — Уники!
27
Дил юзини тирнаб, қондан йўллар очай,
Кўз орқали юзга қонли ёшлар сочай.
Умрим бўйи қора киймасам Каъба каби,
Мўминга* тутиб аза жаҳаннамга тушай…
__________
* Мўмин — Ғолибга замондош шоир.
28
Сўз завқини олам тушуниб етгай эди,
Номим мени қўкдан-да ўтиб кетгай эди,
Дин бўлса агар сўз илми нетгай эди —
Девоним илоҳий китоб этгай эди!
Эргаш Очилов таржималари