Баёний (тахаллуси; асл исми Муҳаммад Юсуфбек Бобожонбек ўғли) (1858— Хива — 1923) — Ўзбек шоири, тарихчи, мусиқашунос, хаттот ва таржимон. Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил кўрган. Сулс, куфий, райҳоний, шикаста хатларини яхши билган, танбур чертиш ва ғижжак чалишда моҳир бўлган.
Баёнийнинг бир девони, Хоразм тарихига оид икки асари ва таржималари сақланган. У мумтоз шеъриятнинг деярли ҳамма жанрларида ижод қилиб, Навоий, Мунис, Огаҳий анъаналарини давом эттирган. Аваз Ўтар билан ижодий ҳамкорликда бўлган. «Девони Баёний» шеърлар тўпламини тузган. Унга кирган шеърларида дунёвий севгини улуғлаган, табиат гўзалликларини содда ва равон ифодалаган, мазлумлар, илм-фан аҳлининг аччиқ тақдирига ачинган.
«Шажараи Хоразмшоҳий» тарихий-мемуар асари билан Мунис ва Огаҳий бошлаган ишни давом эттирган. Бунда Ёфасдан Қўнғирот уруғигача, Абулғозий Баҳодирхондан Асфандиёрхонгача ўтган хонлар ҳукмронлиги даври тарихи ёритилган. «Хоразм тарихи» асари «Шажараи Хоразмшоҳий»даги воқеаларни тўлдирган. Асарнинг аввалги боблари маъно жиҳатдан «Шажараи Хоразмшоҳий»га ўхшаб кетади. Лекин ёзилиш услуби билан ундан фарқ қилади. Асарда, асосан Асфандиёрхон ҳукмронлиги даври ва ундан кейин рўй берган воқеалар тасвирланган. 16 бобдан иборат бу асарнинг 8 бобигина бизгача етиб келган.
Баёнийнинг ҳар икки тарихий асарида ижтимоий-иқтисодий ҳаётга оид жуда кўп қимматли материаллар бор. Жумладан, Хива хонлигининг Бухоро ва Қўқон хонлиги ва хонликка қўшни бўлган бошқа мамлакатлар билан савдо ва дипломатик муносабатлари, меҳнаткашлардан олинадиган ҳар хил солиқлар, Хоразмда яшаган олим ва шоирлар, шаҳарлар ҳаёти, деҳқончилик ишлари тўғрисида бой маълумотлар ёзилган.
Баёний арабчадан Дарвеш Аҳмад («Саҳойиф ул-ахбор», 1901), форсчадан Биноий («Шайбонийнома», 1915), Табарий («Тарихи Табарий») асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Мажмуаи шуарои форсий» тўплами (1900) ва бошқани ҳуснихатда кўчирган.
«Шажараи Хоразмшоҳий» (инв. № 9596), «Хоразм тарихи» (инв. № 7421), «Девони Баёний» (инв. №№ 1120, 7106, 6666) асарларининг қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланмоқда.
ҒАЗАЛЛАР
Жаҳон сув юзида эрур чун ҳубоб,
Бас андин нечук бўлгумиз баҳраёб.
Биноси бўлуб тўрт зиддин анинг,
Эрур ишлари давр аро инқилоб.
Бу зидлар табаддул аён айлабон,
Фитан жойи бўлмиш жаҳони хароб.
Бировни чу хушликда кўрди фалак,
Ҳасад бирла урғуси оташға об.
Етар жаври бирдек гар ўлсун гадо,
Вар ўлсун шаҳаншоҳи молик риқоб.
Анинг хушлиқи барқдек тезрав,
Ғами ҳам ўтар мисли зилли саҳоб.
На иқболидин шод ўлуб ҳуш эли,
Сурури учун қилдилар фатҳи боб.
На идборидин танглик тортибон,
Ғами ранжидин этдилар изтироб.
Чу аҳвол мундоғ эса, соқиё,
Карам айлабон ол юзингдин ниқоб.
Дамадам лаболаб қилиб жомни,
Изин узмайин тут майи лаъли ноб.
Баёний бўлуб маст даврон ғамин
Унутсин юзунгни кўруб беҳижоб.
* * *
Эй биродар, даҳридин кўнглинг мукаддар бўлмасун,
Ҳар дам онда оздин кўп шўр ила шар бўлмасун.
Бўлғил огаҳ ғафлату, бухлу ҳасад, ужбу риё,
Кийну, ширку, шак бори кўнглингда яксар бўлмасун.
Тушмагил асло қаноат иззатидин, гар десанг
Юзларим юз навъ зиллат бирла асфар бўлмасун.
Фоқа аҳли бил — фано иқлимииинг султонидур,
То баногаҳ ул санинг наздингда аҳгар бўлмасун.
Фақрдур фахри наби бас чарх ўзин арз этса ҳам,
Кўнглунг асло мойили мулки Скандар бўлмасун.
Даҳр айши таркин эт токим кўнгул миръотида,
Ранги занги жавр даври зулм густар бўлмасун.
Матлабинг дилдордин бўлса таманнойи висол,
Ёдининг ғайри замиринг ичра музмар бўлмасун.
Бўлмаса дарди фироқ ўтига сабру тоқатинг,
Ҳеч бу йўлда санга жуз ишқ раҳбар бўлмасун.
Чун Баёнийга берур жилва мароёи жамол,
Нега матлуби алардин ҳусни дилбар бўлмасун.
* * *
Чун баҳор айёми келди, тўлди гулдан дашту тоғ,
Фикрати гулдин кўнгуллар қилди майли гашти боғ.
Даҳри дуннинг ишрати марғуб эмасдур ёрсиз,
Айшу ишрат ёрсиз даҳр ичрадур доғ ўзра доғ!
Ул тағофул пешанинг эрса тағофул пешаси,
Нега бўлмастур жунун роғида синам роғ, роғ.
Бошда меҳр айлаб аён, сўнгра бу не бадмеҳрлик,
Бош-аёқингға кўёрман, нетди сунсанг бир аёғ.
Гаҳ қилурсан неча найранглар била ўтимни тез,
Гаҳ тўкарсан нози истиғнодин ул ўтимға ёғ.
Давр жавридур манга бу оҳким бир етмади,
Бахти нофаржомдин келган меҳанлардин фароғ.
Гўшанда мунзави бўлмак тиларман кошки,
Олам аҳлидин манга жо бўлса андоғ бир қироғ.
Ким замона илкига олса фалак ғарболини,
Хоки ғаброни элаб ҳам топмагай мендин сўроғ.
Эй Баёний ким вафосизлардин уммиди вафо
Қилса ҳаққидур жафо дуди била ёқмақ димоғ.
* * *
Ёзғали қаддингни таърифини, эй зебо санам,
Лойиқ улдур қилғаман шоҳи санубардин қалам.
Қоматинг зебо алифдекдурким анинг оллида,
Шохи гулни бори хижлат айлади қаддини хам.
Ёки бош чекди латофат боғида бир тоза гул,
Ким яратди они раҳматдин худойи зулкарам.
Чун сочинг тавсифи таҳририға сурдим хомалар,
Бўлди ҳар сатри анга бир банд занжири қадам.
Етди чун қошингни икки тиғининг авсофиға,
Васф эта олмай таваққуфсиз қалам бўлди қалам.
Оҳ уйи Чин нофидин бўлса муносибдур мидод,
Икки жоду кўзларинг мадҳини айларга рақам.
Юзларингдур мисли ойина мусаффо, чун анга
Бир назар қилса киши кўнглида қолмас занги ғам.
Чунки тоза-тоза гуллар бирла хуррамдур ҳамон,
Даҳр аро андин намуна келди гулзори Эрам.
Ким Баёнийдек бўлуб бу ишқнинг савдосиға,
Тушса ул бўлғуси мажнунликда оламға алам.
* * *
Лабмидур бу ё Хизрнинг чашмаи ҳайвониму
Сўзму Адан баҳрини ё турлук дуру ғалтониму.
Юздурми бу, ё равзаи фирдавснинг навбар гули,
Ё осмони ҳусннинг равшан маҳи тобониму.
Кўнглумни шод этди менинг айлаб висоли ваъдасин,
Ёким бурунғидек бу ҳам бир ваъдаи ёлғониму.
Фазл аҳлидин тўлмиш магар Хоразм мулки сарбасар
Ё бу мамолик арсаси сўз гавҳарининг кониму.
Ҳар ёндин узмай изини эл келтирурлар қоп-қанор,
Бу асрда ашъор, ё билмон тариқ самониму.
Турфа бу дурким борчаси бир-биридин марғуброқ
Ислоҳин эткучи ва ё Хоразмнинг хоқониму.
Токи баён айлар анинг мадҳин Баёний адл ила
Ёким бу шаҳ ўз асрининг шоҳи Ануширвониму.
* * *
Қушлардин ўзни гўё айлар шумор қарға,
Парвоз урар ҳавода айлаб фавор қарға.
Андин ким ўзга қушлар босмоқға ор этарлар,
Завқу сурур ила ар бенанггу ор қарға.
Девор аро хиромон бўлғуси тўъмадин сўнг,
Мастона наъра тортар девонавор қарға.
Деҳқонни мазраида дилтанг этар ҳамиша
Учғуси бир кесакдин гарчи ҳазор қарға.
Олам элин анга бу атвори этди душман,
Эл тошиға ҳадафдур шайтон шиор қарға.
Эй кошки йироқлик сен бирла ўртамизда,
Шарқ ила ғарб бўлса, эй бевиқор қарға.
Қушларни васфиға чун тил очти дер Баёний,
Сархуш бўлурға етмай бўлғай хумор қарға.
МУРАББАЪ
Масканим хоки мазаллатда таҳайюр домидур,
Қисматим андуҳи фурқат шиддати оломидур,
Чунки бу равшан куним ҳижрон қоронғу шомидур,
Бир карам қил, эй шаҳи хўбон, карам ҳангомидур.
Йўлинга менда қадам урмакға қувват қолмади,
Ҳимматим борича бўлди сарфу ҳиммат қолмади
Сабр қилмоқ мунча бўлғай эмди тоқат қолмади
Бир карам қил, эй шаҳи хўбон, карам ҳангомидур.
Ишқи хунхор асру зору, беқарор этмиш мени,
Ихтиёримни олиб беихтиёр этмиш мени,
Чун санинг йўлингда беномусу ор этмиш мени,
Бир карам қил, эй шаҳи хўбон, карам ҳангомидур.
Қайси атворим санга марғуб они билмадим,
Қайси ишни ихтиёр эт дединг они қилмадим,
Қайси ғам тиғидур онинг бирла бағрим тилмадим,
Бир карам қил, эй шаҳи хўбон, карам ҳангомидур.
Ишқинг ўти ўртатиб қилди кўнгул мулкин хароб,
Бўлди ашкимдин равон ҳар ёнға бир дарёйи об
Ўлди чун ҳушимни шавқинг жонға солди изтироб
Бир карам қил, эй шаҳи хўбон, карам ҳангомидур.
Юз қўюб ҳар ён манга юз қўймади жуз дарду ғам
Чораи ҳолимни кимдин истадим кўрдим ситам,
Келдим охир ҳазратингга айлаб уммиди карам,
Бир карам қил, эй шаҳи хўбон, карам ҳангомидур.
Кўр Баёнийнинг наҳофат ичра жисми нолини,
Ранги рўйидин анинг фаҳм эт бори аҳволини,
Чунки ўткарди ғаму кулфатда моҳи солини,
Бир карам қил, эй шаҳи хўбон, карам ҳангомидур.
ҚИТЪА
Гар хор эса ҳар ким ўз элида,
Қайғудин ичида тўла қондур,
Хор эсанг элингда турма зинҳор,
Мағзинг бошинг ичра гар бутундур,
Ҳар дам чекибон туман мазаллат,
Кун дема ҳамул кунингни тундур
Тарк эт бу ватанни кўргил они,
Уд ўз ватанида бир ўтундур.
Ёраб, ато айла Баёнийға ҳуш,
Бўйла мақолотдин ўлсун хомуш,
Нечаки аввал ўзи қилсун амал,
Сўнгра деса элга бўлур бехалал,
Омил эмас эрса бу сўзга ўзи,
Элга қачон қилғай асар бу сўзи.
МУХАММАСЛАР
Бўлуб тоза сабзу ашжорлар,
Бўлуб лоладин дашту кўҳсорлар,
Қурулмишдурур гулга бозорлар,
Бу мавсим ғаниматдур, эй ёрлар,
Не азҳорлардур, не азҳорлар.
Тароват топиб ўзга рангда жаҳон,
Эрур зебу зийнатда рашки жинон,
Наҳрлар эрур ҳар тарафга равон,
Ҳамон ҳар бири чашмаи жовидон,
Не анҳорлардур, не анҳорлар.
Гулистон топиб ўзгача зебу зин,
Назоҳатда бўлмиш чу хулда барин,
Чаманда очилмиш гули оташин,
Раёҳину насрину ҳам ёсумин,
Не гулзорлардур, не гулзорлар.
Анодил шажарларда дастонсарой,
Эрур фохта ноласи дилрабой,
Қилиб қумрилар нолаи дилкушой,
Ани кўрган аҳли ҳолиға вой,
Дилафкорлардур, дилафкорлар.
Кўмунг эмди ғам баҳри гирдобини,
Ёпинг қайғу анвои абвобини,
Муҳайё қилинг ишрат асбобини,
Очинг базми айшу тараб бобини,
Сазоворлардур, сазоворлар.
Тузуб нағманинг аҳли танбур, руд,
Дафу, барбату, чангу, қонуну уд,
Фалакка етишсун фиғони суруд,
Топа олмағанлар бу суҳбатда суд,
Зиёнкорлардур, зиёнкорлар.
Жаҳон ичра бўлманг ғамин зинҳор
Эрур умр бир неча кун мустаор,
Тутуб жоми ман соқийи гул узор
Ичиб дилни хуш айлаган ҳушёр,
Не ҳушёрлардур, не ҳушёрлар.
Паривашлар айлаб чаманга хиром,
Мени аҳд ила қилдилар шод ком,
Бориб тутдилар чун чаманда мақом,
Дедилар хаёлинг эрур асру хом,
Не айёрлардур, не айёрлар.
Нечун қадлигим — қадди шамшодидин,
Кўзум ашки чашмини жаллодидин,
Паришонлиғим зулфининг ёдидин,
Муотаблиғим арзим иродидин,
Дил озорлардур, дил озорлар.
Асири қаду зулфу хол айлаган,
Қадимни букуб мисли дол айлаган,
Наҳофатда жисмимни нол айлаган,
Бу ҳол узра мажнун мисол айлаган,
Не хунхорлардур, не хунхорлар.
Эрур дўстлар бок аро сар баланд,
Бўлуб айшу ишрат била баҳраманд,
Баёнийни ғам маҳбаси ичра банд,
Қилиб айламишлар басе мустаманд,
Ажаб ёрлардур, ажаб ёрлар.
МУНИС ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Лаълинг ғамидин бўлсам озод агар, они
Банда хати бермай ҳеч турмоқни йўқ имкони,
Алҳолки мен кўрдим бу турфа тамошони,
Жонбахш лабинг узра чиқмиш хати райҳони,
Ким кўрди хизр бирла бир ерда масиҳони.
Ғунчани бори умри эрмасдур икки кунча,
Лаълинга баробарлик лофини урор мунча,
Кўрдингму ғурурининг кўрди аламин шунча,
Даъвоға очиб эрди лаб оғзинг ила ғунча,
Бу тарки адабдиндур оғзидин оқар қони.
Ишқингни гирифтори девоналиғ истайдур,
Бу таври била элда афсоналиғ истайдур,
Даврида неча кундин бегоналиғ истайдур,
Шамъи руҳинга, жоно, парвоналиғ истайдур,
Беҳуда эмас ойнинг ҳар кечада даврони.
Токим мени зорингға ишқинг йўлидур маслак,
Орому қарору сабр жисмимдин эрур мунфак,
Чун бўлди кўзинг қасди ишқ аҳлини қатл этмак,
Пайваста қошинг ёси мужгонлик отар новак,
Кўнглум ҳадафи онинг, жоним доғи қурбони.
Кўз тегмасун, эй дилбар, бу тоза ниҳолингға,
Ҳам ҳусну жамол ичра бу навъ камолингға,
То бир назарим тушмиш бу икки ҳилолингға,
Бўлмиш дили тангимда ором хаёлингға.
Зиндон аро тутғондек манзил маҳи канъони.
Ул қайси кўнгулдурким эрмас санга ул мойил
Кимдурки жаҳон ичра ул мадҳинга очмас тил,
Ёдингдин агар гоҳо қолса бўлубон ғофил,
Жонларға жамолингдин огоҳлиғ ўлур ҳосил,
Ҳусн ичра санга бўлмиш ойинаи руҳоний.
Сен жонни тилар бўлсанг они санга бермас ким,
Мақсад гулин авқингдин бу боғ аро термас ким
Шукрингни Баёнийға мунда тил эвирмас ким,
Пайваста яролардин шукрким ажаб эрмас ким,
Гулранги қабо топмиш Мунис тани урёни.
БАЙТЛАР
Илмдан истасанг, нишон йўқтур,
Бор бошида қазонча салласи.
* * *
Суҳбатни гулистонда соз айлабон айланг соз,
Ҳам соқийи гулчеҳра тутсун майи саҳбони.
* * *
Ҳамроз дўст топилса-ю, жонлар фидосидур,
Орзу шулдурки: камина кўнгул муддаосидур.
Хуш суҳбати мажруҳ дилим давосидур,
Мақдами кўзима айни шифо, хоки посидур.
* * *
Мен вафо шиор айлаб топмадим висоли дўст,
Ҳамнишину улфатлар бас жафога ўрганган.
* * *
Нодон севар замона, дод илкидин нетай,
Бошим олиб фиғон ила бир томон кетай.
* * *
Сардорлар ўлди бехирадлар,
Ақл аҳли юраги тўлди қона.
* * *
Тарк эт бу ватанни, кургил они,
Уд ўз ватанида бир ўтундир.
* * *
Эски бузуқ харобада чуғздек айладим ватан,
Биртўзук ошиёна йўқ, келмаса-келмасун нетай.
* * *
Бир табассум бирла хушдил қил, мани десанг агар,
Кўнгли абтар, ранги чун зар, дийдаси тар бўлмасун.
* * *
Кулфат тушуб бошиға, оғу тушуб ошиға,
Келмай киши қошиға, ақрону меҳрибонлар.
* * *
Айбни иқрор айламас,
Ҳеч номус ор айламас,
Панд этсангиз кор айламас,
Сўз садқаи увол экан.
* * *
Жаҳонда камсухан ким бўлди, асрори ниҳон бўлди,
Кимики сўзлади кўп, билки расвойи жаҳон бўлди.
* * *
Агар иззат тилабсан камнамолиғ орзусин қил,
Қаю ажнос бисёр, суди йўқ, зиён бўлди.
* * *
Феълу ҳулқу сўзларида ростлиқ эрмас аён,
Ман мунча ҳайрон, бу не атвор экандур, билмадим.
Қилсалар ҳар ваъда шак йўқ мунда ёлғондур бори,
Мунча ёлғон сўз нега даркор экандур, билмадим.
* * *
Ҳар дам чекибон минг машаққат,
Кун дема утган кунингни тундур.
* * *
Сенсиз манга керакмас рубъи маскун,
Гарчи қарин эса ҳар бир умри жовидона.