Ўзбекистон халқ шоири, марҳум Йўлдош Сулаймон ҳар гал Марғилонга ташриф буюрганида “Бу шаҳарга таҳоратсиз кириб бўлмайди”, деган сўзларни кўп такрорлар экан. Албатта, гўзал Фарғонанинг довруқли шоири айтган бундай лутфу эҳтиромда муболаға йўқ. Марғилон қадим-қадимдан исломий маданият ўчоқларидан бири бўлиб келган. Бурҳониддин Марғиноний таваллудининг 910 ҳамда Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги тўйлари муносабати билан кўҳна шаҳарнинг ўзига хос муҳити, марғилонликлар шаънига бундай эътирофлар кўп айтилди.
Хўш, шаҳарнинг маънавий-маданий муҳити, адабий анъаналари қандай ривож топмоқда? Ёзувчилар уюшмаси Марғилон шўъбаси раҳбари шоир Исмоил Маҳмуд билан суҳбатимиз шу хусусда.
— Марғилон азалдан ислом маданияти, инсон шахсини баркамоликка етказадиган маънавиятни улуғлаб келаётган шаҳарлардан бири сифатида эътибор топган. Сиз мана шу беназир муҳитнинг сарчашмаларини нималарда деб биласиз?
— Юртбошимиз Марғилон шаҳрининг икки минг йиллигига бағишланган тантаналарда бу жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Аввало, ислом оламига “Ҳидоя”дек улуғ асарни туҳфа этган Бурҳониддин Марғинонийнинг тафаккур оламини кўз илғамас чўққиларга олиб чиққан шаҳарнинг қутлуғ даргоҳ эканлиги илмий манбалардан яхши маълум. Машҳур фиқҳшунос Маҳмуд ибн Тожиддин Аҳмаднинг “Ал Муҳийт ал Бурҳоний фи фиқхи ан Нуъмоний” асарида “… Бу шаҳарда жуда кўп фозил одамлар таваллуд топганлар”, — дея эътироф этилади. Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган биографик асарлар ичида ўттиздан ортиқ Ал-Марғилоний нисбаси билан ижод қилган алломалар номи бор. Шаҳарда бир даврнинг ўзида етмишдан зиёд “мавлоно” рутбасини олган алломалар яшаган. Шунинг учун ҳам Марғилон Аллоҳини таниган ориф зотлар макони, дея таърифланган.
Руҳий-маънавий баркамоллик маскани бўлган бу кўҳна замин Абубакир Сиддиқ, Ҳазрат Али (р.а) каби чаҳориёрлар зурриёдларининг қадамжолари, орифлар султони Ғавсул Аъзам, Махдуми Аъзам каби буюк салафларнинг авлодлари яшаётган муқаддас маъво ҳисобланади. Мўйи Муборак, Пур Сиддиқ каби ўнлаб тарихий обидалар ҳам бу улуғ шаҳарнинг теран руҳониятидан дарак бериб турибди.
Шу ўринда Марғилондаги Жоме масжиди ходими табаррук ёшли Манархон аканинг ушбу хотираларига эътибор беринг-да: ”Савдогарлик билан шуғулланувчи отам болалагимда бир куни мени ҳам отга миндириб Ўшдан Қўқонга қараб йўл олдилар, — дея эслайди отахон. — Марғилоннинг Тақачилик даҳасига етганимизда, “Қани энди, отдан тушинг ўғлим, бу ерларда отда юриб бўлмайди, Марғилонга кириб келяпмиз”, — деб мени даст кўтариб отдан тушириб қўйдилар. Шу юрганча оёғим қавариб кетди, йиғладим, лекин то Марғилондан чиқиб кетгунимизча отга миндирмадилар, яёв юрдик. Шаҳарнинг қибласидаги Эшонгузар даҳасидан ўтганимиздан сўнггина, “Энди ўғлим, отга минсак бўлади, қани келингчи”, деб мени Қўқонга олиб кетган эди. Марғилон шунақа азиз, муқаддас жой, ука”.
Марғилоннинг ўзига хос маънавий муҳити мана шундай қутлуғ заминда камол топган қанчадан-қанча ориф зотларнинг барокотлари ва ҳидоятлари шарофати билан шаклланган, деб ўйлайман.
— Ўтган асрнинг 50-70-йилларида ўзбек миллий санъати ривожига катта ҳисса қўшган бир қанча марғилонлик машҳур санъаткорлар довруқ таратишган. Шаҳарнинг адабий муҳити ҳақида эса кенгроқ тасаввурга эга эмасмиз. Бу жараён қандай давом этаётир?
—Марғилонда яшаб ижод этган Жаҳон отин Увайсий, йирик мутасаввуф шоир Хўжахон Рожий Марғилоний, ўзидан ўн икки минг шеърий мисра қолдирган, табобат ва нужум илмлари билан жиддий шуғулланган Муҳаммад Умар Умидий каби ёрқин ижодкорларнинг издошлари кўп бўлган. Аҳмад қори Чорчинорий, Фазл Ваҳҳоб қори, Мулла Юсуф Охун Ҳазин, Толий Марғилоний, Мулла Тошболту Ибрат, Насимий Марғилоний, Ходимий сингари эл ёдидан ўчмаган ёниқ шоирлар анъанавий ижодий халқаларни давом эттириб келганлар. Ўтган асрнинг эллигинчи-етмишинчи йилларида ҳам Марғилонда ижод қизғин давом этган-у, бироқ шўро мафкурасини қабул қила олмаган илмпарвар зотлар ўз ижодларини ошкор қилмаганлар. Ижодни ҳам ибодат деб билиб ҳароратли байтлар битган, ҳазрат Алишер Навоий, Фузулий, Машраб, Бедил, Ҳувайдо, Хазиний ижодларига эргашиб, ғазалларига муҳаммаслар боғлаган, ўзлари ҳам ошиқона, орифона ғазаллар яратган ва уларни хос давраларда ўқиб юрган Фаҳмий, Ғолиб Марғилоний, Муфаззал Шоумаров, Абдусамад Охундада (Қоил) каби забардаст қалам аҳиллари ўзларидан бебаҳо ижод намуналарини қолдириб кетдилар. Оллоберди ҳожидаданинг хотирлашича, Марғилонга ташриф буюрган Мулла Шариф Ҳиндистоний-Мавлавий домла Абдусамад Охундада ғазалларини эшитиб, “Ҳай-ҳай-ҳай, нимага биз шу вақтгача бу улуғ зотнинг байтларидан бехабар қолганмиз. Авж нуқталарида битилган-ку”, дея эътироф этган эканлар. Тадқиқотчи Толибжон Рўзибоев Ғолиб Марғилоний ижоди билан танишаркан, ноёб адабий ҳодисага дуч келганини таъкидлайди. Одатда улуғларнинг ғазалларига мухаммас боғланарди, Ғолиб Марғилоний эса Фузулийнинг “Офарин” қасидасига мухаммас боғлаганлар. Тадқиқотчи бу мухаммасдаги мутаносибликларга юксак баҳо бериб, ундан ҳайратга тушади.
Мумтоз адабиётимиз анъаналари руҳида битилган бу каби ҳароратли мухаммасларни, ғазалларни юқорида номи тилга олинган ҳар бир ижодкор меросидан истаганча топиш мумкин. Улар илҳомлари келган чоғи дарров патқалам олиб ишга тушиб кетмаганлар. Таҳорат қилиб, нафл намозларини ўқиб, Яратганга муножот билан кўнгилдаги завқу изтиробни қоғозга туширганлар. Шунинг учун ҳам улар ижодда мукаммалликка, баркамолликка етишганлар. Бу давр адабий муҳитининг зоҳирий ва ботиний жиҳатларини яхлит ҳолда талқин этиш бугунги етук тадқиқотчиларнинг вазифасидир. Бугун биз адабий тўгаракларда ёшларга сабоқ берар эканмиз, ижодий жараённинг, маънавий тарбиянинг шу жиҳатларини ҳам сира эсдан чиқармаслигимиз керак.
— Дарвоқе, ўзингиз бошқараётган Жаҳон Отин Увайсий номидаги адабий тўгарак фаоллари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз?
— Бу тўгаракни ташкил этиш фикри анча олдин — саксонинчи йилларда Тошкентда ишлаб юрган даврларимда туғилган эди. Сабаби, ҳар бир ижодкор ўзи вояга етган шаҳардан яна қайси қаламкаш етишиб чиқаркин деган умид билан ортига қарайди. 80-йилларда Марғилондан Муҳтарама Улуғова билан каминанинг пойтахт нашриётларида илк шеърий китоблари нашр этилганини ҳисобга олмаганда, ўтган йиллар мобайнида бирорта ёш ижодкор илк тўпламини кўтариб марказга келмаган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида улуғ устозларимиз Миртемир, Зулфия, Саида Зуннунова, Туроб Тўла, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов бошчилигида ўтган адабий мушоиралар, анжуманлар, тўгарак машғулотларида қатнашиб юрган кезларимда, насиб этса Марғилонда ҳам шундай адабий тўгарак ташкил этиб, устозлардан олган сабоқларимни ёшларга етказаман, деган ўйлар кечарди хаёлимдан. Аллоҳга шукур, мустақиллик шарофати билан шу орзулар рўёбга чиқди. Мана, саккиз йилдирки, шаҳар болалар ижодиёти маркази қошидаги Увайсий номидаги адабий тўгаракни бошқариб, устозларнинг ўгитларини уларга етказиб келмоқдаман.
Бу даврда тўгарак иштирокчиларидан Дилфуза Содиқова, Наргиза Охунова, Нилуфар Абдуғаниева Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари бўлишди. Зумрад Ваҳобова ва Ўлмасой Нишонова Олий Адабиёт курсини тугатиб марказий нашрларимизда ишлашмоқда. Ёш ижодкорлардан Абдубанноб Мансуров ва Мунира Қўқонова “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси” томонидан ўтказилган республика “Янги авлод” кўрик-танловида совриндор бўлишди. Айниқса, тўгаракда қалами чархланган Наргиза Охунова, Ўлмасой Нишонова, Зумрад Ваҳобова, Назира Мақсуд, Шоира Каримова, Алишер Исоқовларнинг Ёзувчилар уюшмаси томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган Зомин ёш ижодкорлар анжуманларида олий ва совринли ўринларни қўлга киритишлари Марғилон адабий муҳитининг янада жонланишига катта таъсир кўрсатди. Тошлоқ, Охунбобоев, Олтиариқ туманлари, Фарғона ва Марғилон шаҳри ёш ижодкорларидан таркиб топган адабий тўгарагимиз иқтидорли ёшларининг марказий ва вилоят нашриётларида ўндан зиёд илк шеърий китоблари нашр этилган.
— Бугунги кунда Марғилон ойнаи жаҳони ўзининг ўн миллиондан ортиқ томошабинига эга экан. Сиз ана шу маҳаллий телеканал орқали берилаётган туркум кўрсатувларга ҳам бошловчилик қиласиз. Телетомошабинлар бу кўрсатувлардаги қайси мавзуларга кўпроқ қизиқишади?
— Марғилон шаҳрининг 2000 йиллигига бағишлаб ташкил этилган “Шеърият гулшани” номли адабий кўрсатувимиз тезда ўз мухлисларини топди. Унинг асосий йўналиши эл ардоқлаган таниқли шоирлар билан эфир орқали суҳбат қуриш, томошабинларни уларнинг ижод лабораторияси билан ошно этиб, қалб сўзларини мухлисларга етказишдан иборат. Таниқли ижодкорларнинг ҳаётга қараши, воқеликка бўлган ўзига хос муносабати, ўтмиш, бугун ва эртанги кун ҳақидаги теран мушоҳадалари, ўйлайманки, ҳар бир зийрак томошабинни, китобхонни қизиқтиради. Шу йўналишда водийда ва пойтахтда яшаб ижод қилаётган йигирмадан зиёд таниқли қалам аҳллари билан ижодий суҳбатлар ташкил этдик. Ўзбекистон халқ шоирлари Охунжон Ҳакимов, Тўлан Низом, таниқли шоирлар Олимжон Холдор, Малика Мирзаева, Қамчибек Кенжа, Энахон Сиддиқова, Зиёвуддин Мансур, Чоршаъм, Яҳё Тоғалар ижодига бағишланган кўрсатувлар томошабинларга манзур бўлди. Бу суҳбатларни тайёрлаш жараёнида мустақил диёримиз, унинг улуғ инсонлари ва Марғилон каби тарихий шаҳарлар ҳақида янги шеърлар яратилди. Уларни жамлаб, “Шеърият гулшани” туркумида тўплам қилиб чоп этмоқчимиз. Бу мулоқотлар давомида ижодкорларимиз ҳам Марғилоннинг ўзига хос бетакрор сеҳру жозибасини кашф этишмоқда. Эндиги режаларимизда оламдан ўтган машҳур ижодкорлар хотирасига бағишлаб туркум адабий кўрсатувлар ташкил этиш акс этган. Бу хайрли ишни Ўзбекистон халқ шоири, марҳум Чархий домлани ёд этиш билан бошладик. Мақсадимиз ёшларни улуғ аждодларимизнинг бой ижодий мероси билан янада кенгроқ таништириш, айни чоғда, улар яратган юксак маънавият руҳида тарбиялаш ва ижодга рағбат уйғотишдир. Бу борада, марказда яшаб, ижод этаётган нуфузли ижодкорлар, алломаларнинг ташрифига ҳам катта умид боғлаймиз. Бу — қалам аҳлини ўз ўқувчиларига, китобхонларига яқинлаштиришнинг энг қулай имкониятларидан бири, деб ўйлайман.
Халқ кўнглидан жой олган миллий руҳ ва қадриятларимизни тарғиб этиб келаётган Марғилон телевидениесининг ижодкорлар билан бундай ҳамкорлиги биз учун ҳам айни муддаодир.
Водийнинг турли қишлоқларидан студияга келаётган хатларда “Кўзгу”, “Марғилон чинорлари” каби кўрсатувлар ҳам элга манзур бўлаётгани баён этилган. “Шеърият гулшани” кўрсатувларидан келиб чиқиб шуни айтмоқчиманки, маҳаллий томошабинлар мумтоз адабиётимиз намояндаларининг халқона, ҳикматли байтларини жон қулоғи билан қабул қилишади. Машҳур кишиларнинг ҳар бир сўзини ҳаёт ҳикматлари сифатида эътироф этишиб, ҳаёт тарзи, қизиқишларини ўзларига намуна деб биладилар. Шунинг учун ҳам уларнинг тез-тез ойнаи жаҳонда чиқиб туришининг тарбиявий аҳамияти жуда катта.
— Қодирий бобомиз ўзининг энг севимли қаҳрамонларидан бирини айнан Марғилондан танлаганлари бежиз бўлмаса керак. Ўша даврларда Марғилон ўзининг қандай оҳанрабоси билан улуғ адиб эътиборини қозонган, деб ўйлайсиз?
— Абдулла Қодирий ва Марғилон мавзуси битта Отабек ва Кумушбиби муҳаббати билангина кифояланмайди. Абдулла Қодирий, аввало, ўзи билган ва яхши ўрганган мавзуни қаламга олган. Адиб ўзбек халқи ҳаётининг кенг манзараларини тасвирлашни мақсад қилиб олар экан, XX асрда битта хонлик тасарруфида бўлган Тошкент ва Фарғонанинг ўзаро борди-келдилари, савдо-сотиқ, маданий-иқтисодий алоқалар боис шаклланган муносабатларига алоҳида аҳамият берган. Ўз-ўзидан, табиийки, жамиятда муайян мавқега эга бўлган одамлар бу муносабатларда фаол иштирок этишган. Қодирий болалигидан шу муҳитда ўсгани учун ҳам ёшлигида Фарғона ва Тошкентнинг ўзаро алоқаларига доир эшитган таъсирли воқеалар изидан бориб, кўп нарсаларни ўрганган. Шу жараёнда Марғилоннинг ҳаёт тарзи, исломий маънавиятдан баҳра олиб яшаётган халқ турмуши, қиз ўстириш, ўғил уйлантириш, фарзанд тарбияси билан боғлиқ анъаналарининг ўзига хослиги Қодирий эътиборини жалб этган бўлса ажаб эмас. Қодирий Марғилонда идеалидаги образ прототипи сифатида Кумушбибини кўрган бўлиши мумкин. Шу маънода ўзбекона иффат, назокат тимсоли бўлган Кумушбибининг Марғилондан танлангани бежиз эмас.
Марғилонда Абдулла Қодирий қаламга олган юксак ғоя, теран бадиий фалсафа, ўткир маънавий муаммолар илдизи, улуғ руҳоният қатламлари мавжуд эди. Адиб Отабек муҳаббати Кумушбиби тимсолидаги маҳбубада намоён эканини қалб кўзи билан идрок этган. Кумушбиби А.Қодирийгача бошқа бадиий асарларда, достонларда тасвирланган маъшуқа образларидан ўз миллий руҳи, ҳаётийлиги ва ўзбекона ҳаё-ибоси билан кескин фарқ қилади. Давр ёзувчи зиммасига Отабек ва Кумушбиби қалбидаги улуғ муҳаббатни абадиятга муҳрлаш вазифасини қўйган эди. Абдулла Қодирий ўз идрокидаги шу буюк маънавий эҳтиёжга арзигулик тимсолни ахтарди ва уни довонлар оша Марғилондан топди.
Суҳбатдош М.Абдуллаев
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 41-сонидан олинди.