Шуҳрат Шокир (1987)

Шуҳрат Шокир 1987 йили Тожикистоннинг Ленинобод вилояти, Исфара раёнида туғилган. Хўжанд давлат университети ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. Ҳозир ўқитувчилик қиляпти.

«ЎРИК ГУЛЛАРИ» ТУРКУМИ

Дурдонага бағишлайман

Энди тўкилмасман, завол билмасман
Яшиллик ахтариб юрмасман бекор.
Тунларни сипқориб, тонгда ўлмасман
Остонамга йўқлаб келибсан такрор.

Келгинди баҳорлар пойида мулзам
Тиз чўкиб турмасман бахтим сўроқлаб.
Ўрик гулларидай тўзғимасман ҳам
Тийиқсиз шамоллар келганда йўқлаб.

Энди бахт етти ёт бегона эмас,
У бизнинг кулбадан кетолмас ҳатлаб.
Ахир бу гал мунис баҳор сенимас,
Сен мунис баҳорни келдинг етаклаб.

* * *

Умидлар узилди,
Кўнгил бузилди,
Билмайсан менинг ҳам аҳволим ёмон.
Сени ранжитганим зўр гуноҳ бўлди,
Бир қошиқ қонимдан кечгил, сингилжон.

Ниятлар оқ эди,
Мен қаро қилдим,
Бир бутун кўнгилни не бало қилдим?
Ҳеч ким йўқламаган ғариб бошимни
Минг битта балога мубтало қилдим.

Мен кимман,
Мен битта дарбадар холос,
Ўрик гулларига қарайман маъюс.
Сени телбалардай соғинганим рост
Юпун орзулардан кечолмай ҳануз

Кечир, деёлмадим
Қўлингдан тутиб,
Билмайсан, менинг ҳам тош кўнглим ярим.
Эртага йиғлайман кўзимга суртиб
Баҳорнинг нораста шаббодаларин.

Энди менинг умрим
Бир тугал армон,
Юпун куз оралаб кечар йўлларим
Бир кун мени адо қилар, сингилжон
Тушларимга кирган ўрик гуллари.

* * *

Куз ҳам кетаётир
Қайгадир шошиб,
Унинг шўришига қулоқ солмадик.
Лоақал хазондай видо айтишиб,
Бир қадар эркинроқ йиғлаёлмадик.
Мен илғай олмадим,
Йўлларим туман,
Мени соғинганлар қандай сўлдилар.
Кун кеча бошимда қийғос гуллаган
Ўриклар хазонин тўкиб бўлдилар.
Қайга элтар мени
Туман йўлларим,
Бу шўр ғавғолардан тўйган бандаман.
Йигирма йил кечди, дил ҳануз ярим,
Умримни беҳуда совургандайман.
Сенсиз бу боғларда қолдим телбадай,
Ҳеч кимса мен учун қайғурмас тайин.
Майли, хазон териб
Йиғласам йиғлай,
Хазонларни қучиб ўлсам ўлайин.

* * *

Мен тирилдим,
Энди фарёдим тақир
Ўриклар умидвор гуллаётган пайт.
Энди ўлмоқ қийин,
Яшамоқ оғир,
Сен жонимга ора кирасанми, айт.
Саргардон шамоллар қичқирган туни,
Бечора жонимни ҳовучлайман жим.
Дарбадар умримда мен ёлғиз сени
Ўрик гулларидан ортиқроқ суйдим.
Яшайман, теграмда бир сур оломон,
Битта ҳам дарёдил йўқдир, ўйласам.
Дарёдай бош олиб кетарман сарсон,
Бу хароб масканда итдай ўлмасам.
Кетарман,
Йўлимдан чиқар қаҳратон.
Жонимга кўз тикар совуқ бир таҳқир.
Ёзғириб алвидо айтганим ёлғон,
Мен сени севаман, севаман ахир.
Ишқ ҳануз тўкмаган кўз ёшинг сенинг,
Мен ҳануз ичмаган заҳролуд қасам.
Сен бахтли эмассан, бахтсизим менинг,
Мен бахт қўшиғини ўксиб тингласам.

* * *

Мен кетай,
Сен кетгил йўлларни бузиб,
Бизга кун туғмаган тунлардан нари.
Биз кетар йўлларда паришон тўзиб,
Беҳол тўкилади ўрик гуллари.

Мен кетай,
Сен кетгил паноҳ ахтариб,
Учраган ҳар жондан жон ҳақин сўраб.
Тўрвасин йўқотган гадодай ғариб
Боши берк кўчалар турар довдираб.

Мен кетай,
Сен кетгил беқарор, сармаст,
Йўллар бамисоли сўнаётган шам.
Бир биридан айро икки майпараст
Ичганимиз ишқмас, минг йиллик қасам.

Мен кетай,
Сен кетгил, паришон тўзиб,
Тупроққа қоришар ўрик гуллари.
Кетамиз мен сендан, сен мендан безиб,
Бизни кутмаётган манзиллар сари.

* * *

Сени ўзим учун
Асрай олмадим
Дунёнинг ўзидай қадимий ғуссам.
Сенга айтар бўлак сўзим қолмади,
Хафа бўлмайсанми унутгил десам?
Энди сени ўзи асрасин Худо,
Ташла,
Ер кўтарсин дардларингни ҳам,
Сен менинг кафтимдан тўкилган дуо,
Ижобат бўлмаган тиловатимсан.
Мен эса текинга сотилган сирман,
Бу норасо умрим бир чақага тенг.
Сенсиз кўчаларда бир мусофирман,
Сенсиз эртакларда жолугарман мен.
Билмайсан,
Мен ҳануз ғурбат чекарман
Ёлғонлар бўғзида қотган фирибгар.
Лабларинг таъмини олиб кетарман
Қақраган лабимда қиёмат қадар.
Бўлганича бўлди,
Етмайди сабрим
Қилган гуноҳимни ювмоқликка ҳам.
Мунглиғ муножотим, бедаво дардим,
Бахтли бўласанми сени унутсам?..

* * *

Осиймиз, гумроҳмиз
Бир худо гувоҳ,
Сен кетдинг, мен кечдим баридан атай.
Бир кун бошимиздан тўкилгай гуноҳ
Кеч кузнинг толиққан хазонларидай.
Йиғлама фариштам,
Бошимиз омон,
Дуолар ижобат бўлар бир куни.
Майли унга қадар бўзрайсин осмон,
Офтоб унутгандир офтоблигини.
Билмадим,
Қайдадир ҳатто бизга ҳам
Бир куни тонг чоғи бахт бургай юзин.
Фақат унга қадар тополсак чидам,
Фақат унга қадар тилолсак тўзим.
Баҳорга энг аввал ким етар гумон,
Ким эса қисматга кўниккай бадар.
Кўзларидан ўпгил тавоф қил чунон,
Бахтга мендан олдин етолсанг агар.

* * *

Менинг бисотимда
Тўлмаган кўнгил,
Бир чақага қиммат туйғуларим бор.
Турган битганим шу, дуойи бад қил,
Қўлингдан келмаса, Худога ёлбор.

Худога ёлборгин,
Худо бўлгай ёр,
Кўзларинг кулмаса, толеинг кулсин.
Менинг кечиб бўлмас гуноҳим бисёр,
Сен кечиргин, Худо мағфират қилсин.

Баҳорни соғиниб
Яшадим дилдан,
Сурдим бахт ҳақида бир ширин ўйлар…
Умидимни уздим, десам ортимдан
Ёвқараш қилдилар кароматгўйлар.

Умидимни уздим,
Кетарман зимдан,
Мени суйганлардан кечарман атай.
Боши очиқ қолган дарахтлар билан
Сўзлаша бошлайман туғишганимдай.

Ҳали бир бокира
Кунларим келгай,
Афсоналар айтар ўрикзорлар ҳам.
Шоир бўлолмаса бир дарахт бўлгай
Дарахтларни қучиб йиғлаган одам.

Менинг бисотимда
Тўлмаган кўнгил,
Ҳеч ким тушунмаган туйғуларим бор.
Турган битганим шу, дуойи бад қил,
Қўлингдан келмаса, Худога ёлбор.

* * *

Эртага эртаги битади ишқнинг,
Туғёнлар тўғонин бузар эртага.
Қақраган бўғзимдан сизмаган бўзлар
Кўзларим қатидан сизар эртага.

Эртага япроқлар титрар тилаксиз,
Томирларим ёрар машрабий қоним.
Бу тор йўлларимга сиғмай тентирар
Кўксимга сиғмаган бир ҳовуч жоним.

Эртага муножот инграр менимдай,
Сукунат кўксини тирнаб телбаҳол.
Мосуво ишқ ҳақда тўқиб бир алёр
Моҳтоб самоларга келтирар малол.

Дунёлар дунёга сиғмас эртага,
Туннинг қароғида дийдирар шабнам.
Эртага эртаги битади ишқнинг,
Эртага эртагим битар менинг ҳам.

* * *

Бу кеча тиландим, баридан кечиб,
Маъюс кўзларингга кўмилсам бир зум.
Кўз ёшинг сипқориб сархуш ўлардим,
Оғушимга сингиб йиғласам юм юм.

Муслима, кўзларинг қаро тилсимдир,
Неча аср йиғлай пойингда мулзам.
“Дўстмиз”, деган шивир кўнглимга сиғмас,
Дўстпараст эмасман билсанг жуда ҳам.

Ярим тун. Хонамда кезар замҳарир,
Сукунат товшидан топмадим ором.
Сониялар тиғи гуноҳкор қулдай
Умрим лаҳзаларин айлар қатли ом.

Мен эса… мен эса баридан кечиб,,
Маъюс кўзларингга кўмилсам бир зум.
Кўз ёшинг сипқориб сархуш ўлардим,
Оғушимга сингиб йиғласанг юм юм.

* * *

Сен кетма,
Сен кетсанг дунёнинг ярми қаҳратон,
Яримиси Чўли Ироқдир.
Сен кетма,
Азизам, мендан ҳам ёмон
Дунё сенга дилинтиқроқдир.
Сен кетма,
Сен кетсанг ҳар нафасимдан
Таралур минг битта дарвиш сурони.
Сенинг кетишингга кўникмасимдан
Баҳор ҳам йиғмоқда кўчу кўронин.
Сен кетма,
Бизни деб бир чақага тенг
Дунёда гуноҳлар гулласа нима.
Бахт қушим, беозор мусичам менинг,
Дил тошим, кўз ёшим синглим Насима.
Сен кетма,
Сен кетсанг фасллар кетар алмашиб,
Япроқлар тўкилар куни битмасдан.
Куз ҳам кўр гадодай кетади шошиб
Боғларга қаҳратон етиб етмасдан.
Сен кетма,
Сен кетсанг, кетарман гирён,
Изларингни кўмиб битмагунча қор.
Майли, бу боғларда кулсин қаҳратон,
Майли, бу боғларга қайтмасин баҳор.

* * *

Ярим тун қалқийди мунғайган кўнгил,
Руҳимда кўз очар сарбадор жунун.
Шошилма сукунат сўйлаган ғамгин
Минг биринчи эртак битмасдан бурун.

Насима, боқ туннинг кўксини ёриб,
Моҳтоб иккимизга кўз солар зимдан.
Мен кечсам куларми кимнингдир бахти
Минг биринчи кеча топган бахтимдан.

Гизлайди саросар томирда хуним,
Қатоғон қилинар қалбимдан сурур.
Хотир кулбасидан кетмас бу тунлар
Тепамда Исрофил чалмагунча сур

Майлига, ишқ ҳаққи кечарман ишқдан,
Руҳим тирнасада сарбадор жунун.
Фақат кет кўксимда туғилган фарёд
Ночор кўзларимга кўчмасдан бурун.

Насима…

* * *

Намхуш сочларинга дафн айла мени,
Рихлат майин ичсам кўзинг ёшидай.
Ташна лабларимга бос қўлларингни
Пойингга тиз чўксам жон талошида.

Субҳидам кўз очса саҳархез сабо,
Тун қаро чодрасин судраса ҳолсиз.
Сенинг нафасингдан топардим тўзим,
Қошимда япроқдай титраётган қиз.

Сарпойчан дунёда то сўнгги нафас
Ёзғирдим, тонгларга боқдим умидвор.
Тепамда арғимчоқ мисол тебранар
Умидим осилиб ўлаётган дор.

Намхуш сочларингга дафн айла мени,
Рихлат майин ютсам кўзларим юмиб.
Субҳидам кўз очса саҳархез сабо,
Муаттар ҳидларга ётай кўмилиб.

Намхуш сочларингга дафн айла мени…

ДЎСТИМ ОЗОДГА

Қуламасдик оғочдай гирён,
Хиёнат қуртлари ўлсайди.
Дўст деган тупроқдай меҳрибон
Тоғлардай устувор бўлсайди.

Залолатдан бўлмасдик зада,
Қалбларга диёнат тўлсайди.
Шайтони лаинмас, ўртада
Фақатгина Худо бўлсайди.

Иддао
Нафратланиб боқманг,
Гарчи осийман,
Ёмонлик тиламанг, Худо барҳақдир.
Бошингизга бало бўлдими дейман
Менинг манглайимга битилган тақдир.

Ҳар нечук мен сиздан
Кўпроқ ўкиндим,
Эркинроқ сўзладим сиздан бир қадар.
“Кимсан?” деганларга “Шоирман, дедим,
“Мен Шуҳратман”, дедим, мағрур дарбадар.

Ўтинч
Бўғзимда шамолнинг ёзғириғидай
Бир нидо уйғонар, оташин нидо.
Овозимни бўғманг бир бор қичқирай,
Менинг йўқсил қалбим бўлмасин адо.

Қўрқманг, сокин осмон кетмайди титраб,
Юлдузлар тўкилиб кетмайди нохос.
Йиртилса қақраган бўғзим йиртилар,
Йиртилса сукунат йиртилар холос…

Орзу
«Муслим дарахтлар» туркуми
Шамоллар чинқирар юракни эзиб,
Ночор ваҳмлардан тўладир қалбинг.
Суронлар ичинда боряпсан тўзиб,
Тўзётган муаззам тупроқлар каби.

Қул эдинг, қул бўлдинг,
Ҳанузам қулсан,
Нокаслар қўлига қарарсан мулзам.
Қарғишларинг қолиб кетди муаллақ,
Ижобат бўлмади дуоларинг ҳам.

Шамолдай бир умр кездинг дарбадар,
Кўрган- кечирганинг Худодан кўриб.
Жанозанг ўқийди муслим дарахтлар
Жон берсанг саждага бошингни қўйиб.

Иқрор
Кўзларим кўрмиди,
Ҳақни кўрмадим,
Гуноҳлар ёқамдан тутгунга қадар.
Энди тинглаюрман дарддан тўлғаниб
Муножот айтганин муслим дарахтлар.
Тоқатлар тўзғиган
Беором кунлар,
Бедор ўтган тунлар заҳматин туйдим.
Сўлдилар қанчалар нафармон гуллар,
Нафармон орзулар гулдай тўкилди.
Руҳимда такбирлар сурони тинди,
Нур сўнди қалбимнинг қат қабатида.
Ҳаловат ахтариб тунлар кезиндим
Ҳаром оғушларнинг салтанатида.
Судрадим қашқирлар ғажиб ташлаган
Ўлакса мисоли манфур жисмни.
Қасам ичдим, минг бор буздим қайтадан
Англаб етгунимча муслимлигимни.
Англадим нокаслар топтаган дунё,
Бу ғаддор дунёда бир нур борлигин.
Тазарру айладим, кечиргин, Худо,
Куйиб кетмоқдадир бутун борлиғим.
Тазарру айладим кўзларим гирён,
Фитратимда бордир Ҳақнинг сийрати.
Руҳимда такбирлар солгайлар сурон
Жисмимга тупроқлар тўкилган пайти…
Кўзларим кўрмиди
Ҳақни кўрмадим,
Гуноҳлар ёқамдан тутгунга қадар.
Энди тинглаюрман дарддан тўлғаниб
Муножот айтганин муслим дарахтлар.

Бузулғон ўлкага
Дарахтлар тиловат
Қилар тўлғониб,
Оятлар ўқийди тупроқлар барҳақ.
Тош қотиб ухлайди баридан тониб
Худонинг қаҳрига учраган бу халқ.
Гуноҳлар кўз ёрар зулмат тафтидан,
Шарорат бўй чўзар осмонга қадар.
Қолиб кўр касларнинг касофатига,
Тунлар ҳаром бўлар кунлар бесамар.
Бунда хиёнатлар
Топгайдир ривож,
Бунда музаффардир шайтон лашкари.
Хотинлари кезар ярим яланғоч,
Даъюсга айланиб борар эрлари.
Қонида жўш урар шаҳвоний жунун,
Номаҳрам юзларга боқар ҳирсланиб,
Ҳатто ой- юзлари тўлмасдан бурун,
Исматидан жудо гулрўй қизлари.
Алпларин кўр қилар
Фисқу фужурлар,
Айшу ишратларга тикар жонини.
Мудрайди шуури, виждони ўлар,
Ароққа алишгай хонумонини.
Залолат тегрангда қиларкан ханда,
Бир зум бош устингдан аримас хатар.
Тупроқлар тўлғонар бу хор масканда,
Зор қақшаб йиғлайди муслим дарахтлар.

Тавба
Туғилган эдим мен
Ёруғ юз билан,
Муслимлик бор эди фитратим аро.
Минг йилдир тазарру қилмадим дилдан,
Минг йилдир яшадим Ишқдан мосуво.
Гуноҳлар гуллади бошимда маним,
Мустаҳиқ бўлдимми қаҳрингга, ё Раб,
Ҳаром оғушларда булғанди таним,
Кўр бўлдим касофат касларга қараб.
Кимларни суйдиму,
Қилдим илтижо,
Кимларнинг юзига боқдим сурланиб,
Тоқатларим тўзиб бўлганда адо,
Чалажон лошимни базўр судрадим.
Ўлди Ишқ,
Юраклар урҳоси тинди,
Кўксимда нафармон гуллар сўлдими,
Ғаюрлар ичинда
Ғаюрлик қилдим,
Нокаслар ичинда нокас бўлдимми?..
Билмадим,
Залолат, зулматлар аро
Қалбимни тарк этди иймон нурлари.
Бир сўз излаюрман мен мотамсаро,
Тўрвасин йўқотган кўр гадо каби.
Гумроҳлик анқиган тунлар қаърида
Бир нажот ахтариб ўртанар қалбим.
Таборак сурасин оятларидай
Табаррук бир сўзни топмадим, Тангрим.
Энди кўз ўнгимда
Қартаяр кунлар,
Ўлаётган гадодай юраклар юпун.
Энди қайтармикан ул ёруғ нурлар
Кўзимга тупроқлар тўлмасдан бурун…

Шукрони неъмат
Яхшиям халқ бордир,
Бир дайди
Ўққа учраб йиқилсанг агар.
Гўштингни қашқирлар емайди,
Кўзингни чўқимас қарғалар.

Жаннатдан қувилган Одамдай
Ўз уйингга сиғмассан бироқ
Яхшиямки, бордир шу дамда
Жасадингни сиғдирган тупроқ.

Умидсизлик
Хўрликлар битмади, бу пурғам
Тупроққа баддуо теккандай.
Чидар энди қирқ бирига ҳам
Қирқига бардоши етганлар.

Эркни орзу қилмас оғудай
Қашшоқликни сипқорган эрлар.
Қуллар чиқар ўз тупроғида
Қорни нонга тўймаган элдан.

Муножот
Тангрим, афу этгил,
Аламзадаман,
Бир хунук ғам етди дилнинг тубига.
Барчага тик боқиб ўсган бандаман
Нокаслар юртида,
Хорлар юртида.
Руҳимни бодларга чулғаб яшадим,
Дарахтлар дардини илғасин бир дам.
Бошимдан зиёда бўлса ҳам дардим,
Ҳаром оғушларга бўлмадим маҳрам.
Баъзан гуноҳ қилдим,
Қулоқ солмадим
Кўксимда титраган дил фарёдига.
Тавба қилсам фақат ўзингга қилдим,
Ёлворсам, ёлвордим сенинг пойингда.
Букун эрта тонгдан
Ҳасратга тўлиб,
Чорладим етти ёт ҳаловатларни.
Кимга ташлай ахир бошимдан олиб,
Бошимга ёғилган маломатларни?..
Тангрим, афу этгил
Аламзадаман,
Ҳеч кимга ишонмай дил фарёдини,
Барчага тик боқиб ўсган бандаман
Фақат сенга айтиб муножотимни.

* * *

Ўзим билан ўзим
Қолдим дафъатан,
Мени тушунганлар йўқолди изсиз.
Эвоҳ, афтодаҳол турган дарахтлар,
Ҳеч қачон сиз мени англаёлмайсиз.
Ўзи нима гуноҳ қилдим,
Эрта кеч
Бир бутун кўнгилни қилгандим орзу.
Худодан ўзгага сиғинмадим ҳеч,
Ҳеч кимга ёмонлик соғинмадимку.
Кўксимни титратган бир дардчил садо
Бўғзимни куйдирди, мардона турдим.
Бир соҳиби кўнгил бўлсайди, ҳатто
Этагида минг йил намоз ўқирдим.
Тобора тубанлаб
Бормоқда қадрим,
Нечун яшолмадим бир зум хотиржам.
Мен уни ҳаммадан кўпроқ севардим,
Уни деб ўксиниб йиғлолмасам ҳам.
Бир кўнгил қолмади
Борсам дараклаб,
Кўксимга бошини қўйгувчи сўзсиз.
Эвоҳ, афтодаҳол турган дарахтлар,
Ҳеч қачон сиз мени англаёлмайсиз.

* * *

Тирилдим
Тупроқнинг қат қабатида
Илдизлар тўлғониб кўз ёрар кунлар.
Кечдим бир умрлик ҳаловатимдан
Қалбим чулғаганда муаззам нурлар.
Тирилдим,
Юрагим улғаяр, ё Раб,
Титроққа тўлдирар жону жисмимни.
Бедор кечаётган тунларга қараб,
Эслайман дарбадар, кўр кечмишимни.
Бу кўзлар бунчалар ғамгиндир,эвоҳ,
Осойиш топмасман
Энди тупроқдай.
Суйдим бу кўзларни
Худойим гувоҳ
Илдизлар тўлғониб кўз ёрар чоғда.
Энди юрак ютиб, ичарман қасам,
Такрорлаб муаззам дарахтлар исмин.
Қиёматга қадар умид узмасман,
Умид узилгунча жоним узилсин.
Боқарсан,
Кўзларинг гирён бу дарддан,
Лабларинг шивирин тинглаюрман жим.
Сен йиғлама,
Шаҳват, шароратлардан
Зада бўлган маним қалбим йиғласин.
Бу нурлар покдомон,
Бу нурлар алвон,
Йироқдир ғаюрлар,
Ёт нигоҳлардан.
Қонимда гизламас энди қаҳратон,
Халосман урҳолар оҳу воҳлардан.
Энди ўлмай туриб
Кетмасман йироқ,
Майли ҳаловатсиз кечса ҳам тунлар.
Қиёматга қадар порласин бироқ
Қалбимни ёритган муаззам нурлар…

* * *

Ҳар нафас мусулмон миллатим дедим.
Шавкат Раҳмон.

Қиёматни кутар тупроқлар унсиз,
Ишқдан айро тушган юраклар ўлган.
Биргина бегуноҳ бордир шубҳасиз,
Биргина Қудрат бор пок Яздон деган.

Қурту қумурсқалар урчиган кунда
Иймон гавҳарлари хомталош бўлган.
Гумроҳлар авлиё бўлган заминда
Биргина Ҳикмат бор Ал Қуръон деган.

Худодан бехабар бечоралар бор,
Миллат деб бир- бирин гўштини еган.
Кези келса айтинг у нокасларга
Биргина Миллат бор Мусулмон деган.


ОПАМ НАФИСАГА

Умидимни етаклаб келдим,
Остонада турибмиз бирга.
А.Қутбиддин

Менинг борим
Сенинг кўзларингга тенг,
Бугун бораяпман баридан ҳатлаб.
Қувон, эшигингни қоқиб борсам мен,
Тирикликни нодон дўстдай етаклаб.
Қувонгин, сен менинг дардимни туйма,
Майли,
Дориломон кезар кўзларимда мунг.
Муштипарим менинг ҳолимга куйма,
Қадримга йиғлама, азизам менинг.
Қадримга йиғламай қўйганман,
Ҳамон
Кўз ёшим қадрлаб шеърлар тўқийман
Энди гуноҳимни ювгали ҳар тонг
Этагингда намоз ўқийман.
Ўз бахтимни сўрайман шунда,
Бермасман ҳеч тақдиримга тан.
Мен биламан, энг оғир кунда
Биров кечирмаса, сен кечиргайсан.
Каромат қилгайсан
Менинг бахтимдан.
Менинг толеимдан сўйлайсан эртак.
Мен ҳам ишонаман қувониб зимдан,
Ҳар ҳолда бахтга ёр бўлолсам керак.
Менинг бахтим
Сенинг кўзларингга тенг,
Букун бораяпман баридан ҳатлаб.
Қувон, эшигингни қоқиб борсам мен
Тирикликни итдай етаклаб…

* * *

Қайга ҳам кетардим,
Ва сенсиз кимнинг
Ошиён этардим кўнгил тўрини.
Сени излаб, сендайин музлаб,
Мен ўтказдим сарсон умримнинг,
Саргардон умримнинг салкам ярмини.
Мен ҳамон излайман икки қатра нур,
Зулматлар оралаб сен нега жимсан?..
Сен менга ой каби қадрдон ахир,
Сен менинг тупроқдай меҳрибонимсан.
Бу кеча тўкилар энг сўнгги хазон,
Ҳаловатсиз тунлар дастидан нолиб.
Мудраган боғларни ўрар қаҳратон
Кифтидан тўзғиган чопонин олиб.
Бу кеча минг йиллик тоқатлар бекор,
Иблисдай қорайган осмонлар ғаним.
Бу кеча дарбадар умримда илк бор
Қўрқаман зулматда ёлғиз қолгани.
Қайга ҳам кетардим,
Мудраган боғда
Мени чорлаётган қайноқ нафасдан.
Мен келаман бизга таниш сўқмоқдан,
Мен келаман ҳатто баҳор келмасдан.