Ўзбек болалар адабиётининг таниқли вакили Илёс Муслим 1909 йилда Бишкек шаҳрида туғилган.
1931 йилдаТошкент педагогика билим юртини тугатган. Шундан сўнг у нашриётда ишлади.
Илёс Муслим 1928-йилдан ижод билан шуғуллана бошлади. Биринчи шеърлар тўплами „Ўсув“ 1932-йилда нашр этилди. У „Турналар“, „Бизнинг мактаб“, „Сенинг совғанг“, „Тиллақўнғиз“, „Кўрик“, „Ишчан асаларилар“, „Ойхон ва райҳон“, „Биринчи совға“ каби 30 га яқин китоб ёзди.
Илёс Муслим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ маорифи аълочисидир.
ДЎСТЛИК
Ер юзидаги амакижонлар,
Шундай илтимос бордир сизларга:
— Чиқарманг қурол, оқмасин қонлар,
Китоб, ўйинчоқ беринг бизларга!
Бизлар уришиб йиртмаймиз ёқа,
Ўйнаймиз доим биз мусобақа.
Турмушимиз шод ўтади шунда,
Ёғлиқ патирлар ёпилар кунда.
Жуда мўл бўлар шоколадлар ҳам,
Столга тўлар мармеладлар ҳам.
Кўпаяр яна ширин кулча-нон
Ҳолва-ю конфет, обакидандон.
Боғларимизда яйраймиз ҳар дам,
Билим оламиз, куйлаймиз бардам.
Дунёда халқлар кун кечирса тинч,
Ота-оналар ташвиш тортмас ҳеч.
Темирйўлимиз обод ва кўркам,
Вагончаларда ўйнаб кетамиз.
Йироқ элдаги болалами ҳам,
Гулбоғимизга таклиф этамиз!
СEНИНГ СОВҒАНГ
Чақнаб турган қувноқ кўзингни
Қўлингдаги ишдан олмайсан.
Дилдан тошиб чиққан сўзингни
Айтиш учун гап тополмайсан.
Жажжигина бармоқчаларинг
Ҳаракатдан тўхтамас бир зум.
Сен чизган гул, байроқчаларинг
Байрам учун совғадир, қизим!
Ишни ҳар кун олиб ёнингга,
Зеҳн қўйиб кашта тикасан.
Энди билсам, онажонингга
Байрам куни совға этасан.
Онанг шунда очар кенг қучоқ,
Гўё кўкка етгандек боши.
Сансан унга доим овунчоқ,
Сен онангнинг кичик йўлдоши!
ЭШМАТВОЙНИНГ ҚИЛИҒИ
Эшматнинг завқи жўшди,
Чанага итни қўшди…
Ҳавас қилди сайрга,
Ётиб олди ит ерга.
Бир ҳийла топди ўйлаб,
Эшматвой кетди ўйнаб.
Таёққа гўштни илди,
Ити кўриб интилди.
Эшмат мақтаниб турди,
Ит гўштни паққос урди.
Кейин ит юрмай қолди,
Ҳамма кулгига олди.
Арқонни ушлаб қўлга,
Эшматвой тушди йўлга..
БEФАҲМ ЭСОН
Карам чопиғига тушганда Эсон,
Ҳеч ерда қолмади экиндан нишон.
Киришди нўш пиёз, сабзи ўтоққа,
Ёввойи ўтдир, деб юлди у паққа.
Атиргул очилсин, деб шошиб-пишиб,
Ғунчасин қои билан очди энгашиб.
Ишкомда узумни тез юлиб олди,
Еб кўрса ғўр экан, уялиб қолди…
ОДОБЛИ ҚИЗЧА
Раъно кичкина ҳали,
Ишига ҳамма ҳайрон.
Қўлда жажжи супурги,
Чиннидек ҳовли, айвон.
Бувиси ва ойиси
Кетишса-чи, тўйларга,
Уйни пойлаб ўтирар
Чиқмай кўча-кўйларга.
Пластилинни олиб,
Ясар баъзан уйчалар.
Уни табриклагандай
Радио шўх куй чалар.
Уйни тартибли тутар,
Чанг қўнмас диванга ҳеч.
Буни кўриб қўшнилар
Мақташади эрта-кеч.
МАКТАБИМ
(қўшиқ)
Она каби меҳрибон
Илм-фанларга макон,
Яйраб ўқийман ҳар он,
Қадрдоним мактабим!
Сенда дарслар хилма-хил,
Ўқиб, ўсамиз ҳар йил,
Севинчларга тўлар дил,
Қадрдоним мактабим!
Аъло ўқишдир бурчим,
Сарф этаман бор кучим,
Ишлайман халқим учун,
Қадрдоним мактабим!
ТУРНАЛАР
Турналар, ҳой турналар,
Пастлаб учингиз!
Бизнинг кўл ва дарёлар
Бағрин қучингиз!
Бизларни хурсанд қилиб,
Келдингиз шу чоғ.
Кўкимизда тизилиб,
Солинг арғимчоқ!
Эркин-эркин учингиз,
Осмонни бўйлаб.
Қўрқмай ерга тушингиз,
Сайрашиб-куйлаб.
Бизлар кўл, денгизларни
Этдик кўп обод.
Сиз ҳам тушиб бизларни
Қилинг жуда шод.