Асад Асил (1941)

Асад Асил 1941 йилнинг 14 июлида Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги Хондайлиқ қишлоғида таваллуд топган. 1966 йил Тошкент Давлат педагогика институтининг педагогика факултетини, 1972 йил Тошкент Давлат университетининг филология факултетини тамомлаган.
Бўстонлиқ, Қибрай тумани газеталари таҳририятларида, кейинчалик “Шарқ юлдузи” ва “Гулистон” журналлари таҳририятларида фаолият олиб борган. Ўзбекистон ёзувчилари ва журналистлари уюшмалари аъзоси.
“Лочин” (1982), “Меҳр” (1984), “Қувонч” (1987) ҳикоялар тўпламлари, “Тоғликлар” қисса ва ҳикоялар тўплами (1992), “Чироғим, мен – Сидқийман, Хандақлиқийман!..” тарихий, бадиий, публитсистик романи (2008), “Алқор, нега кўзинг тўла ёш” воқеий ҳикоялар, эссе ва публитсистикалар (2011) тўпламлари муаллифи.
Ёзувчи ўз ижодининг ўттиз йилдан зиёд вақтини тарихда ўчмас из қолдирган фидойи маърифатпарвар адиб бўлмиш Сидқий Хандақлиқийнинг  ҳаёти ва ижодини ўрганишга бағишлаган. Сидқий Хандақлиқийнинг танланган асарлари тўпловчиларидан бири.

УМР ЭКАН ТЎХТАМАС ДАРЁ

Бекат экан бу кўҳна дунё,
Умр экан тўхтамас дарё.
Алдовлари, макри билан ё
Овунтирар ҳаёт — беҳаё!

Қўлга олдинг измим тушовлаб,
Севги бердинг кўнглимни овлаб,
Сўнг қўлларим-кўзларим боғлаб,
Ўтга отдинг ҳижронда доғлаб…

Билдим кейин: ҳаммага эмас,
Кимларгадир экан бу насиб,
Кўтаролмас одам ғам емас —
Севги эмас унга муносиб…

Биз билмаган кўп нарса бордир,
Бир ўзидан ўзгаларга сир,
Бизга насиб севги бекати,
Бунинг учун Тангрига шукур.

Бекат экан бу кўҳна дунё,
Умр экан тўхтамас дарё…
Шул бекатда бир қўниб ўтдим:
Бир қўндиму, ўтдим-да кетдим!..

* * *

Кун ортидан кунлар етиб бородир,
Оҳ, йил ўтар не-не баҳор-ёз билан!..
Ҳатто хазон фасли кетиб бородир,
Кўпдан бери кўришмадик Сиз билан.

Қўзи-улоқ боқиб юрган қизгина…
Ул кезларга қайтиб бўлмас сўз билан,
Бойғалчалар тақиб юрган қизгина,
Кўпдан бери кўришмадик Сиз билан.

Кўз ўнгимдан қандай ўчсин ул дамлар!
Кўрмагандай ўтардингиз ноз билан,
“Гапирмасин”, — дермидингиз, — одамлар,
Кўпдан бери кўришмадик Сиз билан.

Айтолмайин юрагимда боримни,
Кеча-кундуз ҳамдам эдим соз билан,
Ўтар бўлдим овунч этиб торимни,
Кўпдан бери кўришмадик Сиз билан.

Висол чоғин кута-кута адоман,
Жиндай умид, қилча илинж биз билан.
Куйганларнинг фарёдиман, гадоман,
Кўпдан бери кўришмадик Сиз билан.

На иложки гуноҳкормиз, бандамиз,
Ҳамон хаёл ўша асал қиз билан.
Манзилига етолмай армондамиз —
Қай маконда кўришганмиз Сиз билан…