Уни бизнинг бўлимимизга реанимация бўлимидан ўтказишди. Авваллари таниш эмас эдик. Кўринишидан жуда билимдон кўринарди. Ўрта бўйли, қотмадан келган, юзлари оппоқ, чиройли бу йигит уст-бошига эътибор билан қарарди. Халати ғижим бўлмаслиги учун ўтираётганда орқасини белига қайириб ўтирарди. Иккаламизнинг навбатчилик кунларимиз кўпинча бир кунга тўғри келиб қолар, бўш вақтимизда гурунглашиб ўтирардик. “Нега бизга ишга ўтдингиз?” — деган саволимга “Бўлим бошлиғи билан чиқиша олмадим” — деб қўл силтаб қўйди. Мен ишондим. Ўша бўлим бошлиғини ўзим ҳам унча хуш кўрмасдим-да.
Бизнинг бўлим тез тиббий ёрдам бўлими. Бемор ҳаёти учун шошилинч чоралар кўрадиган вазиятлар кўп бўлади. Бир-биримиздан маслаҳатлар олиб турардик. Бир куни фелдшерларимиздан бири унинг оғир беморга ёрдам бераётиб шошиб қолганини айтиб, таъна қилганида, унинг тарафини олганман. У кўп гапирарди. Айниқса, халқаро аҳвол тўғрисида гап кетганда айниқса сўзамоллик қиларди.
Бир куни кўп чақириқ бўлди. Кечаси билан тинмадик. Биримиз келсак, иккинчимиз кетамиз. Тузук ўтириб суҳбатлашолмадик ҳам. Кечаси навбатдаги чақириқдан келиб, кароватга энди чўзилган эдим, у ҳам кириб қолди. Ўзимни ухлаганга олиб ётдим. У негадир кароват устидаги кўрпаларни ағдариб кўрди, устини қўли билан супурди. Сўнг дарров ётмади-да, менинг бошимга келиб, тик туриб қолди. Менга қараб турибдими ёки деразага қараб турибдими, билиб бўлмасди. Хона ичи қоронғи эди. Анча турди. Кўнглимда аллақандай хавотир пайдо бўлди. У кимнидир пойлаётгандек эди. Сўнг навбатчи мени шошилинч чақириққа боришимни айтиб “уйғотиб” кетди. Қайтиб келганимда у ухлаб ётган экан.
Яна бир куни иттифоқнинг тарқалишидан гурунг қилиб ўтирган эдик, у бирданига “Барчасига мен айбдорман” — деб қолди. “Нега ундай деяпсан?” — дедим ҳайрон бўлиб. У эса “Бошдан қаттиқ турмадим-да. Бўш қўйдим” — деди.
Мен ҳеч нима демасдан, кулиб қўя қолдим. Ичимда “Тавба! Бунга бир гап бўлганми ўзи?!” деб қўйдим. Суҳбатимизни навбатчи бузди. Шошилинч чақириқ тушган эди…
Сўнгра у ишга бир келиб, бир келмайдиган одат чиқарди. Гапнинг очиғи, ҳар биримизнинг ўзимизга яраша турмушимиз, ташвишларимиз бор. Ишдан ташқари кунлари ҳар ким ўзи билан ўзи овора. Унинг уйида нима гап, қандай яшайди, буниси менга қоронғи эди. Бир куни кўчада “тез ёрдам” машинасида кета туриб, уни кўриб қолдим. Уст-боши абгор, соқоллари ўсган, қўллари кир эди. Тўхтаб, нега ишга бормай қўйганини сўрадим. У аллақандай олазарак, қайғули қиёфада эди. Осмонга хавотир аралаш қараб, “Аҳвол чатоқ, ундан қочиб юрибман. Бир жойда туриб қолсам, дарров кўриб қолади”, деди-да кўчанинг у бетига чопиб ўтиб кетди. Мен унда қандайдир руҳий ўзгариш бўлаётганини сезгандай бўлсам ҳам бунга ишонгим келмас эди. Шундан сўнг умуман ишга келмай қўйди. Унинг бизда ишлайдиган бир ҳамқишлоғи бармоғини калласига бигиз қилиб, “анақа бўлиб қолибди” — деди. Ҳеч ишонгим келмасди. Ёнингда бирга ишлаб юрган одамнинг бирдан “анақа” бўлиб қолиши ақлга тўғри келмайдиган ҳодиса эди мен учун.
Бир куни кўчада ёмғир ёғиб турганига қарамасдан, кўйлакчан, оёғида шиппак билан юрганини кўриб, ачиниб кетдим. Ишхонамиздаги бошқа одамлар ҳам уни у ер-бу ерда кўришганини, озроқ чой пули беришганини айтишди. Эшитишимизча, ота-онаси касалхонага ётқизамиз деса, кўнмас экан. Хотини боласи билан кетиб қолибди. Кейинроқ ота-онаси уни уйдан чиқармай қўйибди, деб эшитдик. Сўнг аста-секин эсдан чиқа бошлади…
Бир йиллар ўтган эди чамаси, бирдан у ишхонамизга кириб келди. Кулиб турарди. Тоза кийинган. Юзлари оппоқ, бироз тўлишган ҳам.
— Мана, дўхтур, касалхонада даволаниб келдим. Худога шукур, энди яхшиман, — деди қувониб. Биз ҳам хурсанд бўлдик. У анча суҳбатлашиб ўтирди. Гаплари маъноли. Дўхтур сифатида кузатиб, унда телбаликнинг бирон белгисини кўрмадик. У тузалган эди. “Мен энди ишласам деяпман. Лекин бош ҳаким менинг тузалганимга ишонармикин? Ишга олармикан?” — деди хавотирланиб. Биз унга далда бердик… Шу кунлари мен касбим бўйича малака оширишга Тошкентга кетадиган бўлиб қолдим. Икки ойдан сўнг келдим. Ўшанинг қишлоғидан бўлган фелдшеримиз менга бир эски дафтар тутқазди.
— Кимники бу?
— Ўша дўхтурники, — деб унинг исмини айтди. — Сизга бериб қўйишимни сўраган эди.
— Ўзи яхшими?
— Ўлди!
— Йўғ-э? Нима қилди?
— Билмадим. Бир куни тўсатдан унинг уйидан шошилинч чақириқ тушди. Бордик. Беҳуш ётган экан. Укол қилдик. Сал ўзига келди-да, “Овора бўлманглар, заҳар ичганимга олти соат бўлди, фойдаси йўқ” — деди. Сўнг ёстиғининг тагида дафтар борлигини ва уни сизга бериб қўйишимни сўради. Зудлик билан реанимация бўлимига олиб келдик. Дўхтирлар роса уринишди. Вилоятдан ёрдам чақиришди. Барибир бўлмади… Ўзи ишлаган бўлимида жон берди…
Анчагача ўзимга келолмадим. Ҳеч ишонгим келмасди. Ўша, “Мен тузалдим. Энди ишламоқчиман”, деб кулиб келган кунидаги ҳолати кўз ўнгимда турарди. “Нега? Нега ундай қилдийкин?” Унинг дафтарини варақлаб туриб, бу саволларимга жавоб топгандай бўлдим. Бу унинг кундаликлари эди. Лекин тартиб билан ҳар куни ёзилмагани билиниб турарди. Ёзилган кун, ойлари ҳам қўйилмаган. Ҳар хил рангли қалам билан ёзилган. Ёзганлари ҳам узуқ-юлуқ. Ўқий бошладим…
“Умр ўтмоқда. Ҳаёт китобининг ярми ўқиб бўлинди. Лекин нима қолди? Ҳеч нарса. Шуларни ўйласанг, хафа бўлиб кетасан. Тўғри-да. Ўн йил мактабда ўқийсан. Сўнг олийгоҳ. Сўнг иш, иш, иш… Бир хил, зерикарли.
Бир ўқитувчимиз бўларди. Тил-адабиётдан дарс берарди. Адабиёт дарсини китобда қандай бўлса, шундайича ўтарди. Ўзидан ҳеч нарса қўшмас эди. Шеър ўқиганини кўрмаганман. Бирон нарсани тушунмай сўраб қолсак, аччиғи чиқарди-да, “Мен мана бу китобдаги нарсани тўлалигича тушунтирдим-ку, бундан ортиғининг нима кераги бор?” — дер эди. Шу ўқитувчи тўсатдан мактабни ташлади-да, намоз ўқий бошлади. Совет даврида совет ўқитувчисининг бундай қилиши ғайритабиий эди. Одамларга қўшилмай қўйди… Бир йилдан сўнг юрак касалидан ўлибди, деб эшитдим…
Одам бир қумурсқа. Ғимир-ғимир. Мен ҳам ўшаларнинг бириман. Мана, юрибман ғимирлаб. Баъзи одамларга қойил қоламан. Ишга боради. Уйга келади. Уйда тирикчилик билан машғул бўлади. Томорқа, мол-ҳол. Ғимир-ғимир… Қарабсизки, умр ўтиб турибди. Хўш, шу билан бўлдими? Шунинг нимаси қизиқ? Тавба! Нимаси қизиқ шу яшашнинг? Лекин кўплар нолимайди. Индамай ўти-иб кетади.
Нима қилдим ва нима қилиш керак деб ҳеч ўйлаганмисиз? Сизда мақсад бўлганми? Мақсад! Ана шу нарса йўқ бизда. Кўп одамда йўқ. Тонг отса, кун ботса — бўлди. Ғимир-ғимир. Хўш, бунинг нимасига қониқасиз? Ҳали замон ўлим шарпаси бошингизда кеза бошлайди. Анови куни бир катта одам менга “Нега бунча шошасан?”, деди. Мен “вақт ўтиб кетяпти”, дедим. “Шошма” деди. Бир кундан сўнг излаб борсам, гурунг орасида менга ўзимнинг гапимни такрорлаяпти, ярамас.
Ариқ бўйидаги қумурсқа уяси. Уясига кеча-кундуз нима топса ташийди. Илон изи бўлиб, тинмасдан ташийди. Уясини сув босиш хавфи туғилган эди, энди бошқа ерга — ҳовлининг бошқа бурчагига таший бошлашди. Минг азоб билан. “Тоғу-тошлар”ни ошиб, ҳориб-чарчаб ташишди. Ёз бўйи шу аҳвол. Қишда эса тинчийди. Одамлар эса ҳеч қачон тинчимайди. Баланд-баланд уйлардан эрталабдан тўда-тўда бўлиб чиқишади, кечқурун тўда-тўда бўлиб қайтишади. Кимлардир кечаси билан кўчада ғимирлайди. Қумурсқаларни кузатиб ўтириб бирдан осмонга қарагим келди. Худди биров бу ёққа қара дегандек бўлади. Қарасам, чексизликка кўзим тушади. Сўнг биз қумурсқаларни кузатиб тургандек, бизни ҳам кимдир — биздан миллион марта катта одам кузатиб ўтирганини ҳис қиламан. Биз кўзига қумурсқача, балки ундан ҳам кичик, бир микробдек кўринсак керак. У кузатмоқда. У ҳамма нарсани кўради…
Орқага қараб ҳаёт дафтарининг қанчадан-қанча варақлари оппоқлигича қолиб кетганига кўзим тушиб, юрагим орқага тортиб кетади. Э воҳ!
Одамлар ўз умрининг абадий эмаслигини бирон жанозага борганда билади. Бировни қабрга қўйиб қайтаётганда ўйлайди — шу экан-ку умр. Унда нега уришамиз-сўкишамиз? Кимнингдир кўнглини қолдирамиз. Нега қумурсқадай ғимирлаб яшаб ўтдик? Бошқача яшасак бўлмайдими?
Бу дунёга келган ҳамма одам узоқроқ яшасам дейди. Кўр ҳам, шол ҳам. Тўқсондан ошган қўшни кампирнинг икки кўзи кўр бўлиб қолди. Кейин оёқдан қолди. Ўпкаси шамоллаб, шиғиллаб турибди. Юраги бир-бир уради. Кампир эса менга ёлвориб йиғлайди. Сўқир кўзларидан ёш келади: “Ёрдам бер, болам”, дейди. Ўзи ҳар куни “Эй Худо, менинг жонимни ол”, деб нолийдиган инсон, ўлими кўзига кўринганда “Ёрдам бер, укол қил, яна яшайин”, дейди-я… Яшаш шунчалар ширинми? Ё тавба! Азоб билан туғиласан, азоб билан ўласан… Нимаси ширин? Одамлар гўё сеҳрлангандай-а. Худди кўкнор ичгандай фикрлашади. Ҳаёт ширинмиш… Гап бу ҳаётда нима қилдим ва нима қилолмадим деб ўйлаб яшашда эмасми?!
Биздан олдин яшаб ўтган алломаларга ҳавасим келади. Минг асрлардан бери биламиз. Ўз вақтида улар шундай абадий қолишини билишганмикин? Минг йил олдин ҳам қариялар ёшларни “Булар бўш, қўлидан ҳеч иш келмайди”, деб камситишган. Ҳозир ҳам шу гап. Ҳаётнинг ишлари хўп қизиқ-да. Ортингга қарасанг, олдингдагини кўрасан. Ўша, ўша. Бари такрорланади. Фақат кўриниши бўлакча. Минг йил аввал ҳам ҳасад, кўролмаслик, нопоклик, порахўрлик бўлган. Ҳозир ҳам бор. Хўш, нима ўзгарди? Ҳеч нарса! Араванинг катта ғилдираги айланаверади. Вақт ўтаверади. Одамлар ўзгармаган. Юракдаги ҳислар ўзгармаган. Кийимлар ҳам. Офатлар ҳам. Касалликлар ҳам. Хўш, нима ўзгарди? Машиналар аввал йўқ эди дейсизми? Авваллари дегани қачон? Чегара қаердан бошланади? Биз ўқиган ва билган тарихнинг бошигачами? Ундан аввалчи? Миллиард-миллиард йиллар аввал-чи? Ундан ҳам аввал-чи? Айланиб ётибди-ку бу олам. Уф-ф… Одамларнинг ақли у ёғига етмайди. Чексиз… Биз майда одам бу чексизликда…
Бўғзимга бир ҳайқириқ тиқилиб келади. Ҳей одам! Ҳаёт — бу кураш! Индамай мумсик бўлиб юргандан кўра, биров-яримнинг кўзига, майли ёмон кўринсанг ҳам, кулгу бўлсанг ҳам, ҳайқириб яшамайсанми! Борлигингни билдир, ўзинг ҳис қилгил борлигингни. Ана шунда мен яшадим деб айтсанг бўлади. Бўлмаса сен ҳеч нима, ўликсан… Ғимирлаб юрадиган оддий бир қумурсқасан. Анови тепага қараб, сени кузатиб ўтирган катта одам “бу қумурсқалар ҳам ўйлармикин, ўзининг нима учун яшаётганини идрок қилармикин” деб хаёл суриб ўтиргандир…”
Кундаликнинг сўнги варақларида узуқ-юлуқ қайдлар бор эди:
“…Ўзимдан ўзим уялиб кетяпман…”
“Даволаниб келганимдан бери анча яхшиман. Аввал қандай эдим, билмайман. Яхши деб отам айтаётибди. Энди ишласам бўлар. Китоб ўқияпман. Анча нарсалар эсдан чиқибди…”
“Ишхонага бордим. Ҳамма мен билан хурсанд бўлиб кўришди. “Яхши бўлдим” деган гапимга кулиб қўйишди. Ишонишмаётир, шекилли. Лекин бош ҳаким “Майли, ишга оламиз. Фақат аввал малака оширишдан ўтиб келасиз. Анча янгиликлар бор”, деди…”
“Уйдагилар ўқишга бораман десам кулишади. Қандай ишонтирсам экан…”
“Ишхонага бордим. Қораев чўнтагимга пул тиқди. Мен уялдим. Олмадим. “Олаверинг, ҳар доимгидек, чин кўнгилдан”, деди кулиб. Мен ерга кургудек бўлдим. Демак, олдинлари олган эканман-да… Қандай шармандалик…”
“…Хотинимни олиб келаман деб қайнотамникига бордим. Уйига киргизмади. “Кет, тентак”, деди…”
“Эй одамлар мен соғман…”
“Отамнинг чўнтагидан пул ўғирлаб, марказга тушиб келдим. Хонада каламушлар китобларимни ғажиб ташлабди. Шунга дори олиб келдим. Каламуш дорини егач, хона ичида роса югурди. Сўнг типирчилаб-типирчилаб жон берди. Ўлиш шунча қийинми-а?! Бечоранинг ичи куйиб кетди, шекилли…”
Бу кундаликдаги сўнгги ёзув эди…