Омон Мухтор. Мезон (ҳикоя)

Бу аслида, устозларимиздан бири узуқ-юлуқ тарзда айтиб берган воқеа. Мен айрим кузатувларимни қўшиб, уни тартибга келтирганча, эътиборингизга ҳавола қиляпман.

* * *

— Сиз билан суҳбатлашмоқчи эдик.
— Ҳозир вақтим йўқ, — дедим.
Усти ёпиқ, қишки гулхонада айланиб юрган эдим. Гулхона тўрига ўтиб, ўпкамни босолмай бир оз йиғлаб ҳам олдим. Кимнингдир афт-башарасини кўриш кўнглимга сиғмаётган эди.
Эшик олдида қотган ўрта ёш, ориқ-озғин, новча киши ярим ўгирилиб, ёнидаги хотинини ташқарига чиқартирди. Кейин, ўзи ҳам орқага тисарилиб, индамай эшикдан чиқа бошлади.
— Тўхтанг, — дедим.
Унинг юзи қоқ суякдан иборат, кўзлари ичга ботган, фақат эгнидаги зангор кўйлак сал унга ранг берган эди. Қандай чиқиб кетаётган бўлса, шундай мутелик билан тўхтади.
— Тадбирга чақиришганми?
У бош силкиди.
— Вилоятданмисизлар?
У яна тасдиқлади.
— Майли. Мен ҳам етиб бораман. Ўша ерда гаплашармиз, — дедим.
Баъзи катта йиғинлар шаҳар этагидаги боғда, янги қурилган ҳашаматли кошонада ўтар эди. Мен бугун бирор соат олдин келиб қолиб, боғни айланган, эшиги очиқ гулхонага кириб кетган эдим. Биров кўзи тушиб, эр-хотинга дарагимни айтган бўлиши керак.
Гулхонадан чиқиб устимдаги чангни қоқдим. Оқар сувда юз-қўлимни ювдим. Ниҳоят, икки ён терак бўй чўзган хиёбондан кошонага қараб кетдим.
Йиғин замонавий шаклда расмиятсиз, дастурхон атрофида ўтаётган эди. Бир неча дўстларим мени қуршаб, ичкарига бошлашди. У ён-бу ён қарадим. Ҳалиги эр-хотин чеккада, яна бир аёл ва икки чол ўтиришибди. Уларни ёнимга чақиришнинг ҳам, ёнларига бориб ўтиришнинг ҳам иложи йўқ.
Мажлис-зиёфатга чалғигандек бўлдим.
Лекин давра совушини кутмай дўстларим билан кошонадан чиққанимда, мендан олдинроқ чиқиб пойлаб турган эр-хотинга кўзим тушди.
Атроф қуюқ дарахтзор.
Хилват бир йўлкадаги харакка бориб ўрнашдик.
— Хўш? — дедим. Булар мухлис, шунчаки танишиб, икки оғиз гаплашмоқчи деб ўйлаган эдим. Фикрим тезда ўзгарди. Ориқ-озғин киши биқинига хотини туртиб қўйиб, кутилмаганда:
— Бошимизга кулфат тушди. Биргина қизимиз бор. Ундан айриладиган бўлиб турибмиз, — деди.
— Нега? Касалми?
— Касал эмас. Соғ ҳам эмас, — деб қизиқ гап қилди у. — Кейинги кунлар бошқача бўлиб қолган. Маҳал-бемаҳал уйдан чиқиб кетади. Қаерга кетди, қандай юрибди, билмаймиз. Кундан-кун сўлиб бораяпти. Жони суғуриб олингандек.
— Бировни яхши кўрадими?
— Бу аниқ, — кўзлари ичга ботган киши хижолат чекиб қизарди. — Айтиш ноқулай бўлса ҳам… бир йигит билан учрашиб юрган. Йигит уни ташлаб, дугонасига уйланган… Ўзини бир нарса қилиб қўймасин, деб қўрқаяпмиз. Бизга ёрдамингиз керак.
— Қишлоқдан келсак, аҳвол шу, — деди то ҳамон оғиз очмаган хотин. — Уни олиб кетолмаймиз. Ўзимиз ҳам кетолмай турибмиз. Илтимос.
Воқеа оддий эди. Шоир айтмоқчи:

“Бевафо кўп экан дунёда,
Муҳаббат йўқ экан дунёда…”

Аммо эр-хотин менга Ҳазрати Хизргами, бошқа бирон ҳожатбароргами юзлашгандек, ҳуркак ва илтижоли тикилишган эди.
Сўнгги йиллар ичида одамлар орасида танилиб, барча “Шароф домла! Шароф домла!” деб арбобга айланиб қолганимдан буён мендан бировлар ёрдам кутиб, баъзан мурожаат қилишади. Олдинлар сезмаган эдим, дунёда дарди-ҳасратини кимга айтиб чора-нажот топишини билмай, гангиб юрган киши ҳам оз эмас экан. Аламли жойи, улар менинг ўзим қанчалик ҳимояга муҳтож эканлигимни ақлларига сиғдиришолмайди.
Ана, қаттиқ хасталаниб, толиққан вужудимда ҳаёт ва ўлим жанги бораябти. Тезда касалхонага ётишим керак, бу иш нима билан тугайди, ёлғиз Худога аён! Боя боққа келганимда гулхонага кириб йиғлаб олганимнинг ҳам сабаби шу эди.
Ҳозир паришонланган эдим:
— Мен у қизни танимасам, билмасам.
— Сизни домлам деганди.
— Бизда ўқийдими?
— Учинчи курс, — деди ориқ-озғин киши.
— Исми нима?
— Байрамжон.
Кимдир биз, домлаларни ҳар қандай талаба (ёки толиба)ни дарҳол эслайди, деб ўйласа, адашади. Билим даргоҳи бир дарё. Гоҳо ўқиётган билан битирганни ажратолмайсан. Кўпинча исми-ю, афти-ангори “алоҳида” келади, яхлит тасаввур қилиш қийин. Бунинг устига, олимларга хос хаёлпарастлик ва арбобларга хос учраган кишини эслаб қолишга имкон йўқлиги!
Мен эр-хотинга таскин бериш ўрнига, Байрамжонни ҳеч кўз олдимга келтира олмаётганимданми, ўз аҳволим оғирлигини унута олмаёганданми, негадир асабийлаша бошлаган эдим. Ўзимча ўйлаётган эдим: “Бир йигит билан бир қиз (тўғрироғи, бир йигит ва икки қиз)нинг махфий муносабатига қандай аралашасан?! Улар буни истайдими?! Бунга сенинг ҳаққинг борми?!”
— Мен у қизни барибир эслолмадим. Суриштириш керак, — дедим эр-хотинга. Кейин, бехос жаҳлим чиқа бошлади. — Бу қанақа гап?! Ўзини тутолмаса! Ҳар нарсага сапчийверса… Ҳаёт бу!
Эр-хотин ортиқ индамай ўринларидан туриб, эгилиб-энкайишди.
Яна орқага тисарилишди.
Кетишди.

* * *

Мен аччиқ-алам устида юрган Байрамжонгаю унинг ота-онасига қайси йўсинда бўлмасин, меҳрибонлик кўрсатишни истар эдим. Айниқса, бўйнимга вазифа юкланган, бировнинг хиёнати бу оила учун жабрга айланган эди.
Лекин ўша кунлар, эртасигами ёки индини, касалхонага ётдим.
Соғлиғим оз-моз ўнглангач, университетдан воз кечишимга тўғри келди. Кексалар айтмоқчи, қолган умримизни роҳат-фароғатда ўтказайлик, деб уйда ётиб имкон даражасида илм билан шуғулланишга киришиб кетдим. Олим ва арбоб сифатида мартабам менга етарли эди.
Шу тахлитда орадан беш-олти йил ўтди.
Худо кечирсин, Байрамжон ҳақидаги гапни буткул унутиб юборган эдим.
Дунёнинг ишлари қизиқ. Қайсидир байрам арафаси эди, кўчада ясан-тусан қилган қизларга кўзим тушди. Ёнимда бораётган бир дўстим ҳам завқланиб қараб, байрамжон-да, деди. Шу асно шаҳар этагидаги боғ, аҳволим оғир пайтда менга учраган эр-хотин лоп этиб ёдимга тушди. Буниси майли. Дарсхонада барчадан орқада сал қисиниб ўтирадиган, жўн бир саволга жавоб берганда ҳам дув қизарадиган қиз беихтиёр кўз олдимга келди-қўйди. Ўша қизнинг тақдири кейин нима бўлди экан, деб ўйлаб хаёлим қочгандан-қочди.
Шу кундан бу савол менга “ёпишиб олиб”, ҳаловатим йўқолди. Назаримда, таъсирчан Байрамжон тоқатсизлик қилиб, фожеа рўй берган эди. Вақтида чора-тадбир кўриб унга ёрдам бера олмаганимдан изтироб чекаётган эдим… Аммо ўзимни айбдор сезиш баробарида, оқланишга ҳам уринмоқда эдим. Хўп, сен қўлидан бир иш келадиган ҳолда эмасдинг! Қолаверса, дунёдаги барча бедодликларни бартараф этиш сенинг вазифангми?! Бунинг устига, парда ортида бўлган муносабат (муҳаббат савдоси) ҳар ким “бурнини тиқавермаслиги”ни талаб қилади. Сенга “вазифа юклаш”нинг ўзи бемаънилик эди. Бунга жиддий қараб бўлмайди! Яна, даҳшатли бир ҳақиқат. Кимнингдир насибаси ўзига суиқасд қилиш бўлса, у бир куни барибир шунга етиб боради, дейишади. (Мен фаталист эмасман, лекин доим менинг ақлим Буюк Ирода олдида ожиз келади. Руҳшунос олимлар таъкидлашича, ҳатто ҳалокатга учрайдиган тайёра-самолётга ҳам одатдагига кўра камроқ одам минар ва улар асосан, бунга маҳкум этилган кишилар бўлиб чиқар экан!) Шу билан бирга, халқда ниятни яхши қил, ҳамма нарса ниятга боғлиқ, деган тушунча бор. (Замонавий тилда айтганда, кўпинча инсон ўз ҳаётини ўзи “режалаштиради”.) Инсонга ҳар ҳолда қисматни ўзгартириш имкони ҳам берилган. Инсон чироқ ёқишга қодир бўлса, рўпарасидаги қоронғи йўл шубҳасиз, ёришади.
Қисқаси, ўтган воқеани эслаш баҳонасида минг хил хаёлга бордим. Неча йил давомида бот-бот, айб менда эмасми ёки мен айбдорманми, деб безовталанганим сабабли ўз ҳаётимга қайта-қайта назар ташлашга мажбур бўлдим. Айтиш мумкин, Байрамжоннинг тақдири ҳақидаги савол ўрнини бора-бора, мен ўзим кимман, қандай одамман, қабилидаги саволлар эгаллай бошлади… “Одам ўзи-ўзини бошқалардан кўпроқ билиши”, бунга зид ҳолатда “сенга тўғри баҳони атрофдагилар бериши” — булар бари ҳавойи гап! Одам ўзи-ўзини билса, минг йиллар бунчалик тубан ва забун яшамас эди! Атрофдагилар тўғри баҳони берса, дунё ҳам боридан батамом ўзгариб кетар эди! Мақсадга кўчсак, — “эй ўзингни ҳолатингни билмаган, Асрорқул!” деган эски ашула — мен олдиндан, ҳар қачон ким, қандай эканлигим бобида фикр юритиб келганман. Аммо энди илк дафъа юзлашгандек, чуқур ўйлашга тушган эдим.
Атрофимдаги кишилар аксари мени “яхши одам”, пиликни кўтаргилари келганда “улуғ одам” дейишади. “Ёмон одам”, ерга уришни истаганда оппа-очиқ “худбин”, “аҳмоқ” дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Умуман, мақтов керак бўлса — мақтов, танқид керак бўлса — танқид учун сўз ҳам, уни амалга оширадиган киши ҳам топилади. Менинг ўзим-чи? Баъзан кўзгуга қарагандек намойишда фақат умримдаги хатолар, гуноҳларни кўраман (ана, нодонлик қилиб бировларга озор берганим ёки аниқ мисол, ёш пайтим машинада бир болани уриб кетиб, мажруҳ қилиб қўйганим хаёлимда жонланади). Юрагимни ғашми, қўрқувми қамрайди. Баъзан аксинча, фақат умримдаги кўркам томонларни кўраман (ана, маломатли йилларда туҳматга қолган қанча одамни ҳимоя қилганим ёки аниқ мисол, икки етим болани фарзандларим сафида тарбиялаб вояга етказганим хаёлимда жонланади). Суюнаман. Худога шукрона келтираман… Одамнинг бутун ҳаёти аслида, соат кафтгирига ўхшаб, ёвузлик ва эзгулик орасидаги тебранишдан иборатми?! Икки елкада икки фаришта ёзиб боргани каби ҳар бир одам ҳаётида бўлган ёвузлик ва эзгуликни ўлчайдиган тош-тарозу борми?! Комил инсон дегани шу соат кафтгири билан тош-тарозини тасаввур қилиб, энг аввал ҳар ким ўз устидан ўзи ғолиб келиши эмасми?! Ҳаётда учраган тўсиқларни, бало-қазони енгиш эмасми?!
Шундай хаёллар оғушида тунлар уйқум ўчиб, азобланиб юрган эдим.
Ўтган кўклам кунлари бир тўп олимлар даврасида сафарга чиқдим.
Яқин-узоқ турли туманларда катта-кичик қироатхоналарда учрашувлар ўтказдик. Ҳаёт кузатувларим, кўнгилдаги “дард”ларимни ўртоқлашиб, кўпдан буён буюрмаган ҳолат — вужудимда қушдек енгиллик сездим.
Ниҳоят, уйга қайтиш тараддудига тушдик. Кимдир:
— Яхши бир мактаб бор. Кўрмайсизларми?! — деди.
Мактаб обод, янги ускуналар билан безалган экан. Муҳими, ўқувчилар ташландиқ ерни боққа айлантириб, музей ташкил этишган экан. Биз илож-ноилож рози бўлдик.
Мактабга борсак, қоровулдан бўлак ҳеч зоғ йўқ. Ўзимиз бинони, боғни томоша қилдик.
Шу пайт узун йўлкадан ҳаллослаб югуриб келаётган бир жувон кўринди.
— Директор! — дейишди мезбонлар.
Жувон ёш бир қизчадек югурмоқда эди. Яқинлаша бошлади.
— Шароф домла!
Не кўз билан кўрайки, қаршимда Байрамжон дув қизариб турарди.
Мен ҳаётимда биронта собиқ шогирдимни учратганимда ўзимни бунчалик бахтиёр сезмаган эдим…