Бакир Юлдуз. Германияда ишлаб чиқарилган (ҳикоя)

Тобутни баракнинг тор-танқис эшигидан олиб чиқишаётганда, турклар ғуж бўлиб олишди. Худди марҳум эшитиб қоладигандай ҳадиксираган шивирлаш эшитилди:
— Олдини туширинглар!
Ҳалиги одам айтгандай қилиб, минг машаққат билан эшикдан чиқишди. Ҳовлига чиқишгач, одамлар енгил нафас олишди. Ёмғир саваламоқда эди, лекин тобутнинг атрофида турган турклар уни ҳатто сезишмасди ҳам. Мўъжазгина ҳовлидан тобутни елкага олиб, йўлга тушишди.
Агар якшанба бўлмаганда итальянлар ҳам, испанлар ҳам мотам маросимини кўрмаган бўлишарди. Тобут кўтарганлар испанлар истиқомат қиладиган баракка яқинлашганда, унинг деразасидан илк томошабинлар кўринди. Марҳумга кўзлари тушиши биланоқ одамларнинг юзи чўзилиб, оқариб кетарди. Улар ҳам бегона юртда бир нечта ўртоқларидан айрилдилар, шунинг учун ҳам она юртдан олисда жудолик жуда ҳам оғирлигини ҳис қилишарди, марҳумнинг руҳи улкан масофани босиб ўтиб, ватанига қайтишга ожизлик қиларди. Марҳумнинг ўзи эса бегона тупроқда абадулабад қолиб кетади, бу ердаги тоғлар ҳам, водийлар ҳам, дарёлар ҳам ўзгача. Мана шу ерда дафн қилинган унинг жасади ўзгача сўзлайдиган, ўзгача фикрлайдиган, шунингдек, ўзгача турмуш тарзи кечирадиган, том маънодаги, бегоналар томонидан босиб-янчиб ташланади.
Марказий барак эшигидан бир испан чиқди-да:
— Ким ўлди, амиго?— деб сўради.
Худди унинг саволини эшитмагандай ҳеч ким унга қайрилиб қарамади:
— Биз ҳам борамиз, амиго! Бундай пайтда испан, турк, деб миллат ажратиш гуноҳ.
Испанлар тезкор одамлар. Мана, зум ўтмай ўн-ўн, бешта одам кўчага югуриб чиқиб, маросимга қўшилди. Ишчи шаҳарчасининг дарвозасидан ташқари чиқишгач, турклар тобутни юк машинасига ортишга йўл қўймадилар.
— Марҳумни мозоргача ўзимиз кўтариб борамиз,— дея маъюс жавоб қилишарди ҳеч қандай насиҳатларга кўнмай.
Ёмғир челаклаб қуйгандай ёға бошлади. Тобут ёмғирда шишиб тобора оғирлашаётганга ўхшарди. Ҳамма суяк-суягигача ивиб кетди. Лекин турклар ўз аҳдларида қатъий туриб:
— Ўзимиз олиб борамиз…— дейишарди.
Фабрика дирекциясининг вакили соябонини тўғриладида, таржимоннинг қулоғига бир нима деб шивирлади, афтидан, ён босишга қарор қилди, шекилли.
— Яхши,— деди таржимон,— марказий кўчагача тобутни кўтариб боришларингиз мумкин, лекину ерда бари бирам уни юк машинасига ортишга тўғри келади.
Юк машинаси тобуткашлар ортидан судралиб келмоқда эди. Марказий кўчага чиққач, тўхташди. Емғир тинай демасди. Агар ёмғир ёғмаганда, турк ишчилари ўзларининг дастлабки аҳдларидан қайтишмаган бўларди.
— Ҳа, майли,— дея рози бўлишди улар ниҳоят,— юк машинасига ортсак, орта қолайлик. Лекин биз бари бир мозоргача борамиз.
Масъул вакил рози бўлгандай бош қимирлатиб қўйди,
Тобут ортилган юк машинаси оҳиста мозор томон йўналди.
Унинг ортидан турклар, испанлар, бир нечта итальянлар боришарди.

* * *

Маросим шаҳар чеккасида жойлашган қабристонга ҳам етиб келди. Тобутни юк машинасидан туширишди. Уни елкага олиб, олдиларига тушиб йўл кўрсатаётган немис чолнинг ортидан қабристон бўйлаб кета бошлашди. Яхшилаб обод қилинган катта-кичик қабрларни ортда қолдириб, улар сув ювиб кетган, ердан пойдевори чиқиб турган эски бино кираверишида тўхташди. Масъул вакил чолдан нимадир сўради. Тўртта одам тобутни кенг-мўл эшикдан ичкарига олиб кириб кетди. Оломон ташқарида қолди: гангиб қолган одамлар энди нима қилишларини билмай туришарди. Ичкарида нима бўлаётганини билиш учун бинога киришмоқчи бўлишувди, лекин таржимон уларнинг йўлини тўсди:
— Сиз ўз ишларингизни қилиб бўлдингиз. Қайтишларингиз мумкин.
Лекин улар кетишга журъат қилишмасди. Улар ҳеч бўлмаса ичкарига кириб кетган ўртоқларини кутишга қарор қилишди.
Бирмунча вақт тобутни кенг хира ёритилган коридорда немис чолнинг ортидан кўтариб боришди. Кўкимтир рангдаги катта-катта харсанг тошлардан қурилган деворлар одамларнинг юрагинн исканжага оларди. Эски кенг мўлгина залга киришди. Кираверишдаги деворнинг қаршисига унча катта бўлмаган супача қурилганди. Тобутни ўша ерга қўйишди. Жасад бузилиб қолмаслиги учун немис чол тобутнинг қопқоғини очиб қўйди. Тобутни кўтариб кирганлар марҳумнинг бошига кўзлари тушиши биланоқ жойларида тирракдек қотиб қолдилар. Оппоқ сочлар тиккайиб турганидан, худди дағалга ўхшаб кўринарди. Марҳумнинг гунафшаранг лаблари эса шишиб кетганидан бир-бирига мингашиб қолганди.
Турклар қимирлашга ҳоллари келмай туришарди. Чол бирпас кутиб турдида, кейин немисчалаб нимадир деб эшикка йўналди. Одамлар уйқудан уйғонгандек чўчиб тушишди. Улар залдан чиқиб кетишаётган пайтда, улардан бири чидолмадида, орқасига ўгирилиб яна қаради. Балки у Рагип амаки тобутдан бошини кўтариб, унинг ортидан қараяптимикин, деб ўйладимикин. Йўқ, ўлик уни қандай қолдирган бўлсалар ўша ҳолда қимирламай ётарди. Шундай бўлса ҳам орқасига ўгирилишга журъат қилган турк ўртоқлари сезмаган ниманидир сезганга ўхшарди. Рагип амакининг чеҳрасида ўз ватанида, ота-боболари тупроғида дафн қилиниш, шунингдек, тобутни қариндош-уруғлари кўтариб, яқинлари йиғлаб бориши истаги қотиб қолганди. Балки, ўртоқлари унинг сўнгги хоҳишини бажо келтиришларини жудаям истаган бўлса керак.
Эшикнинг қулфи шарақлади, Рагип амаки тириклар учун даҳшатли бўлган бу бинода якка-ёлғиз қолди.

* * *

Баракнинг тор, узун коридоридаги ёғоч пол ғижирларди: турклар телевизор қўйилган хонага йиғилишмоқда эди. Аниқ белгиланган вақтда масъул вакил билан таржимон ҳозир бўлишди. Улар эшик олдида гап-сўзлар тинишини кутиб бир оз тўхтаб туришди-да, кейин хонага киришди.
Масъул вакил нимдошгина жилдни очиб, стол устига қўйди. Кейин ўтирди. Таржимон тик турганча тураверди.
— Оғайнилар…— дея гап бошлади-ю, лекин кейинги сўзни талаффуз қилолмай, тупугини ютди.
Шу вақт хонага яна бир нечта ишчилар кириб, бўш жойларни эгаллашди. Таржимон овозини кўтариб яна гапира бошлади:
— Дўстлар, бу ерга нима мақсадда йиғилганингларни биласизлар-а, шундайми?
У ўз саволига жавоб кутиб бирмунча вақт тик турди, Ўтирганлардан бири ҳаммалари учун жавоб берди:
— Ҳа. Биламиз.
— Хўш,—деди совуққонлик билан таржимон,— агар билсанглар, келинглар, гаплашиб олайлик. Эртага Рагип амакининг жасади куйдирилади. Лекин бизга маълум бўлишича, сизлар норози бўлганмишсизлар.
Ишчилар бараварига, шоша-пиша, қизғин гапира
бошладилар:
— Унинг куйдирилишини хоҳламаймиз, хоҳламаймиз…
Таржимон ўтирганларга кўз югуртириб чиқди.
— Ҳамманглар шу фикрдамисизлар? Ялписига-я?
— Ҳа,— дея жавоб қилишди жўр овозда.
— Ким кремацияга қарши бўлса қўл кўтаришини сўрайман.
Таржимон санаганда қаршилар хонада қанча турк бўлса шунча эди.
Таржимон масъул вакилга қаради, у бошини бир озгина эгдида, жилддан қоғоз олиб таржимонга узатди. Таржимон матнга кўз югуртириб, унинг мағзини эслаб қолишга тиришганча, эълон қилди:
— Қайғуларингизга ҳамдардмиз. Ўртоқларингизнинг жасади куйдирилишини хоҳламаяпсизлар, шундайми?
Рагип амакини сўнгги бор кўришга мушарраф бўлган ишчи унинг юзида муҳрланган илтижони эсидан чиқармаганди. У таржимоннинг гапини бўлди:
— Агар пулимиз етганда эди, биз ўз ватандошимизни унинг киндик қони тўкилган ерга дафн қилган бўлардик. Биз ноиложмиз, уни самолётда жўнатишга маблағимиз, қурбимиз етмайди. Лекин биз қандай қилиб унинг жасадини куйдирилишига рози бўла оламиз-а?
— Тушунсанглар-чи, ахир, бу барча катта шаҳарларнинг фожиаси-ку!
— Демак, бу ерда ўлган ҳар бир киши албатта куйдирилар экан-да?
— Ҳа. Фақат сизларгина эмас, ўзимизнинг бошимизда ҳам шу савдо.
— Бизнинг шартномамизда бундай модда йўқ эдику.
— Дарҳақиқат, шартномада бундай модда йўқ. Лекин сизлар модомики, бу ерга келиб ишлашга мажбур экансизлар, кўпгина шартларимизни била туриб қабул қиласизлар-ку,— таржимоннинг овозида менсимасликка ўхшаш оҳанг жаранглади.— Нега энди ҳозирги дақиқада бизни тушунишни истамаяпсизлар?
Таржимон жимиб, ўтирганларга кўз югуртирди. Йўқ, улар олдинданоқ барча шартларни қабул қилганликларини эътироф этишни ҳечам хоҳламасдилар. Шу билан бир вақтда худди бу бегона юртга садақа сўраш учун келгандек, уят ҳамда. изза ҳиссини туймоқда эдилар.
Рагип амакини сўнгги бор кўрган ишчи ўртоқларига қаради: улар хижолат ҳамда ўнғайсизликдан бошларини хам қилиб ўтиришарди,
— Менинг Германияда ўтказган кунларим йилларга туташиб кетган,— деди у оҳиста, лекин қатъии оҳангда.— Мен кўп нарсага тушуна бошладим. Аввалига бизни бегона тортларда ишлашга мажбур қилган ватанимиздаги очликнинг сабабларига тушунолмасдим ва уни оддийгина «пешанамиз экан-да», деб қўя қолгандим. Эндиликда, сизлар ҳам фойда кўрмайдиган эшагингиз олдига ҳатто бир тутам ҳам пичан солмаслигингизни тушуниб етдим.
Таржимон айтилганларни масъул вакилга тушунтираётганида, ишчилар уларнинг адресларига айтилган ҳақоратли сўзларнинг мағзига тушуниб етмаганларга тушунтириб, ўзаро гаплаша бошладилар.
Таржимон қўли билан столни тақиллатди. Барча жимиб қолди.
— Биз бу ерга сиёсат ҳақида сафсата сотиш учун йиғилмаганмиз. Гап кремация ҳақида кетяпти. Биз сизларга вазиятни тушунтирмоқчи бўлгандик, лекин сизлар ҳеч нарсани эшитишни хоҳламаяпсизлар. Буни хоҳлайсизларми ёки хоҳламайсизларми, бари бир марҳумнинг жасади куйдирилади. Шаҳаримиздаги қабристон кичкина, шунинг учун биз ҳозир сизлар билан ўртоқларингизни дафн этиш учун янги қабристон очиш ҳақидаги масалани муҳокама қила олмаймиз. Шаҳар атрофига фабрикалар қурилган. Биз ҳатто ўзимизнинг марҳумларимизни ҳам аллақачондан бери куйдиряпмиз. Шундай экан, гапни чўзиб ўтиришнинг нима ҳожати бор?
— Ахир, сиз гапираётган нарса даҳшатли қабоҳат-ку,— дея яна ўрнидан турди ҳалиги ишчи,— ахир, гап ниҳояти биттагина марҳум учун бир парчагина ер топиш ҳақида кетяпти. Биз шу яқиндан бери бегона юртда ишлай бошлаган бўлсак, биринчи бор ўлим билан юзма-юз келишимиз. Шунингдек, куйдириш ҳақида ҳам илк бора эшитишимиз.
Масъул вакил ишчининг гапларининг таржимасини эшитгач, қаншаридаги кўзойнагини тўғрилади. Қейин соатига қараб, бир оз хаёлга толди. Таржимон билан
бир неча оғиз узуқ-юлуқ гаплашди-да, жилдни асабий беркитиб ўрнидан турди.
Таржимон шоша-пиша деди:
— Суҳбат вақти тугади, дўстлар. Эртага иш куни. Сизлар вақтлироқ ётишларинг керак. Еримиз етишмаганлиги сабабли марҳумнинг жасади куйдирилади…

* * *

Эрталабки соат саккизлар чамаси эди. Ёмғир бир неча кундан бери тинмай ёғарди. Иккита хизматчи қабристон қоровули ҳамроҳлигида Рагип амаки ётган залга тез-тез кириб боришди. Улар бу совуқ ҳамда ваҳимали бинода қўрқмай юришарди.
…Рагип амаки тунни турклар қолдириб кетишган ўша жойда ҳамда ўша вазиятда якка-ёлғизликда ўтказди. Ҳатто қўлини ҳам қимирлатмади. Фақат юзи янада буришиб кетганди.
Хизматчилардан бири тобутни беркитди.
Бошқаси унга яқинлашиб:
— Эртага байрам…— деди.
— Пешанасига ўликлар билан ишлаш ёзилганлар учун байрам-пайрамнинг фарқи борми?— дея тўнғиллади кекса қоровул.
Учалалари ҳам кулиб юборишди.
Кейин тобутни кўтариб, ўликхонадан олиб чиқишди.
Тобутни кремация залидаги каттакон мармар плита устига ўрнатишди. Залнинг деворларига Исо Пайғам-бар ва Момо Ҳавонинг расмлари ишланганди. Зал ёп-ёруғ бўлишига қарамай, у ерда сон-саноқсиз шамлар ёниб турарди.
Серҳашам тобут ёнида руҳоний дуойи такбир ўқиб ўтирарди.
— Яна биттасини олиб келдик,—дея руҳонийга мурожаат қилди гўрков.
Руҳоний бошини ўгириб унга қаради-ю, лекин жавоб бермади — уни камбағалгина эгасиз тобут қизиқтирмасди.
Тобутни ғилдиракли столга қўйишди. Кейин тўрт томонидан мих қоқишди. Ҳатто қопқоғини очиб, Рагип амакига самода жилмаяётган Исони кўрсатишни ҳам лозим топмадилар.
Кнопкани босишганди, тобут аста-секин полнинг
остига равона бўлди.
Беш дақиқадан кейин эса юқорига икки сиқим кул чиқаришди. «…Рагип амаки»дан қолгани шу эди.
Хизматчи ойнабанд шкафдан урна олдида, чаққонлик билан унга «Рагип амаки»дан қолган-қутган кулни солди. Ҳали совиб улгурмаган кул силлиқ, юмшоқ оқиб тушарди. Рагип амакининг феъл-атвори ҳам худди шунақа эди. Ҳеч қачон овозини баландлатмас, ҳеч кимга қўпол муомала қилмасди. У сахий қалб эди. Мана шу одам чанг-ғуборга айланганди. Унинг юраги катта юкни кўтара олмади. Юртида қолган оиласи учун ишлаётган лаънати пуллар бечорани адойи тамом қилди. Ўлимидан анча олдиноқ кўзларидаги умид сўнганди… Энди улар қаерда, бу кўзлар? Урнадан топиб кўр-чи?
Хизматчи урнани енгилгина силкитди. Кул тагига чўкди. Рагип амакининг кўзлари билан юраги ҳам тагига тушиб кетган бўлса керак. Худди шунга ўхшаш ҳол ўша куни эрталаб, яъни у ўлган куни бўлган эди. Ёши элликда бўлишига қарамай, унга зарарли газлар ишлатиладиган бинода ишлаш учун иш беришди. Газдан сақланадиган ниқоб қоп-қорайиб кўзини тўсиб қўйди: йиллар давомида ожизланиб қолган юрагига худди қўрғошин қуйилгандай бўлди. Лекин Рагип амаки тишларини гириҳ қилиб, ўзига-ўзи: «Қора кунлар тез орада оқ-ойдиндек ёришади»,— деди. Аммо-лекин у яна бир қора кунни кўтаролмади: тунги сменанинг охирида, жимжит ва машъум дақиқада у юзтубан йиқилди. Ҳатто ўзига ҳам тан олишга қўрқиб юргани, юрак хасталиги уни нобуд қилганди. Урнани сурғучлашдан олдин хизматчи:
— Бу нусха ўзи қаердан экан?—деб сўради. Жилддаги ҳужжатларни титкилай бошлашди. Печка навбатдаги марҳумни қабул қилиб олган дамда:
— Қандайдир турк экан…— деган овоз эшитилди.—Қани, патентли урнани бер-чи!
Кулни яна бошқа урнага ағдаришди. Балки, бу гал ватанига юбориш олдидан Рагип амакининг юраги билан кўзи юқорига чиқиб қолгандир.
Шундан кейин хизматчи урнанинг ҳамма ёғини қараб чиқди. Унинг тагида: «Германияда ишлаб чиқарилган», деган ёзув яққол кўзга ташланиб турарди.

Ҳикоят Маҳмудова таржимаси