Хорхе Луис Борхес. Фунеснинг мўъжизавий хотираси (ҳикоя)

Мен уни биринчи марта кўрганимда, қорамтир “эҳтиросгул”ни ушлаб турарди. У гулга қараб туриб нималарни кўра олиши фақат ўзигаю, худогагина маълум эди. Оддий одамлар умр бўйи эрта тонгдан қоронғу тунгача томоша қилсалар-да, у кўрган нарсаларни тасаввур ҳам қила олмайдилар. Эсимда, эҳтироссиз, ҳиндуларга хос сиймоси кучли таассурот уйғотарди. Унинг ҳаракатчан бармоқлари озғин қўллари ҳамон кўз олдимда. Бир қўлида “Шарқий соҳил” рамзи туширилган чой қути, деразасида эса кўл манзараси тасвирланган қамиш дарпарда ҳам эсимда. Шошмасдан, ўзига хос оҳангдаги овози, гапиришлари аниқ ёдимда. Мен уни бор-йўғи уч марта кўрганман — охирги 1887 йилда. Уни кўрган одам, албатта, у ҳақда бирор нарса ёзиши керак, деган фикрга мен ҳам қўшиламан. Мен берган маълумотлар, эҳтимол, энг қисқасидир, лекин дангал, рўй-ростлиги билан нашр қилинаётиган китоблардаги бошқа маълумотлардан қолишмайди. Мен бир аргентиналик мискин одамман. Уругвайда одат бўлган, айниқса, гап уругвайликлар тўғрисида кетганда, мадҳиябозлик, мақтовларга тўла бўлган жанрда ёза олмайман, мен бу жанрда нўноқман. “Ёзувчи”, “Пойтахтлик олифта”, “Ипак мулойим” каби ҳақоратомуз ибораларни Фунес менга нисбатан қўлламаган бўлса-да, унинг нигоҳидан мени шу тоифали одамлар қаторига қўшиб қўйганлиги кўриниб турарди. Педро Леонардо ўз мақоласида Фунесни мўъжизакор, “Аллақандай туғма қобилиятли Зардушт” деб таърифлайди: Мен баҳслашиб ўтирмайман, Инуче унинг Фрай-Бентослик ҳамқишлоғи эканлигини, тузалмас дарди — саводсизлигини ҳам унутмаслик керак. Фунес ҳақида дастлабки хотираларим. Мен уни саксон тўртинчи йили март ёки февраль ойининг оқшомларидан бирида кўрган эдим. Ўша йили ёзда отам мени Фрай-Бентосга олиб борганди. Амакиваччам Бернардо Аэдо билан Сан-Францискодаги хўжалигимиздан қайтаётгандик. Биз отда хиргойи қилиб келардик, кўтаринки кайфиятимизнинг сабаби фақат бунинг ўзи эмасди. Кундузги диққинафасликдан сўнг осмонни момақалдироқдан дарак берувчи улкан қорамтир булутлар қоплади. Уларни жануб шамоли ҳайдаб келар эди. Дарахтлар шамолда ғувиллай бошлади. Мен кучли ёмғирда яйдоқ чўл ўртасида қолиб кетмасайдик, деган хавотирда эдим, биз гўё момақалдироқ билан қувлашмачоқ ўйнардик. Кўп ўтмасдан биз икки четига баланд қилиб ғишт ётқизилган йўлакли кўчага етиб олдик. Бирдан қоронғи тушди, тепа томондан тез-тез ташланган қадам товушларини эшитиб, бошимни кўтариб қарадим: бир йигит тор йўл бўйлаб, худди энсиз девордан югураётгандек чопқиллаб кетарди. Оқарган, юзи жиддий, қўлида эса сигарета, чолворда, чексиз қора булутлар соясида югураётганлиги ёдимда қолган. Бернардо кутилмаганда ундан “Соат неча бўлди?” деб сўради. У тўхтамасдан, осмонга ҳам қарамасдан жавоб берди: “Тўрт минути кам саккиз, дўстим Бернардо Хуан Франциско”. Унинг овози ингичка ва кинояли эди.
Мен паришонхотир одамман, агар амакиваччам ўша гапларни қайтармаганда, эсимдан ҳам чиқиб кетган бўларди. Ҳар учала исмини масхараомуз атаганига у гўё бепарводек, шу ерлик эканидан фахрлангандек сезди ўзини.
Биз учратган йигит Эренео Фунес бўлиб, у ғалатироқ феъли борлиги, биров билан дўст тутинмаслиги, қачон ундан вақтни сўрасанг, худди соатдек аниқ билишлигини сўзлаб берди. У, шу ерлик Мария Клементина Фунес исмли дазмолчи аёлнинг ўғли экан, баъзан одамлар унинг отаси шу ерлик шифокор инглиз О’ Коннор, баъзилари эса Сальто департаментида яшовчи от ўргатувчими ёки қассобми дейишар экан. У онаси билан шаҳар четидаги “Лаврлар” хўжалиги орқасида истиқомат қилар экан.
Саксон бешинчи ва саксон олтинчи йилларнинг ёз ойларини биз Монтевидеода ўтказдик. Саксон еттинчи йили биз яна Фрай-Бентосга бордик. Табиийки, мен ўша ерлик барча таниш-билишларимни ва ниҳоят, хронометрчи Фунесни ҳам суриштирдим. Айтишларича, уни Сан-Франциско хўжалигида бир ўргатилмаган от улоқтириб ташлабди, шундан у фалаж бўлиб, умрбод тўшакка михланиб қолганмиш. Бу хабарни эшитишим биланоқ, мени аллақандай сеҳрли ҳиссиётлар чулғаб олди: ўша амакиваччам Бернардо билан отда кетаётганимизда югуриб бораётган Фунесни учратганимиз, амакиваччамнинг у ҳақда айтганлари — қачонлардир ҳаётимда бўлиб ўтган бу узуқ-юлуқ лавҳалар гўё тушда кечгандек эди. Фунес умуман ўрнидан туролмай, ҳовлидаги кактусгами, ё шифтдаги ўргимчак инигами тикилиб ётганлигини айтишди. Кечқурун у каравотини деразага яқинроқ суриб қўйишга рози бўларкан. Бошига тушган мусибатни тан олишга ғурури йўл қўймас, бу унга насиб этган бир марҳамат, деб ҳисоблармиш. Мен уни икки марта дераза панжараси ортида кўрдим — худди умрбод жазо ўтаётган маҳбусдек таассурот қолдирди. Биринчи кўрганимда у кўзлари юмилган ҳолда ҳайкалдек қотиб ўтирар, иккинчи марта ҳам худди шу ҳолатда, лекин нигоҳи сантолинанинг хушбўй пояларига қадалган эди.
Ўша пайтда мен бироз ғурур билан лотин тилини ўрганишга киришгандим. Чамадонимда лотин тилидаги Ломоннинг “De uirris illusribus” “Машҳур кишилар ҳақида”, Кишернинг “Thesaurus” — “Хазина хона”, Юлий Цезарнинг “Шарҳлар” китоблари ҳамда менинг лотин тилидан камтарона билимимга тўғри келмайдиган (ҳозир ҳам бу имкониятга эга эмасман), Плинийнинг “Historia haturalis” — “Табиат тарихи” китобининг бир жилди ҳам ётарди. Кичкина шаҳарчада янгилик тезда овоза бўлиб кетади. Иренео Фунес ҳам ўзининг олисдаги ранчосида туриб, мен бу ерга ажойиб китоблар олиб келганлигимни тез билиб олган. У менга тантанали равишда хат йўллаб, унда саксон тўртинчи йилнинг еттинчи февралидаги учрашувимиз, афсуски, қисқа бўлганлигини эслатиб ўтган ва ўша йили вафот этган амаким дон Григорио Аэдонинг Итусаингога қилган сафари ҳақида жасорат кўрсатиб, ҳар икки ватанига шуҳрат келтирганлигини мақтаб ёзган. У мендан илтимос қилиб, китобларимдан бирортасини луғат билан бериб туришимни сўраган. “Ҳозирча лотин тилини билмайман, аслият тилини луғатдан фойдаланиб билиб оламан”, — деган. У китобни тез орада яхши сақлаган ҳолда қайтаришга ваъда берган. Хат жуда аниқ ва чиройли ёзилган эди. Андрес Бельо* тавсия қилган имло луғатида “i” ҳарфи ўрнига “y”, “j” ўрнига “d” ишлатилган эди. Дастлаб, у мени масхара қиляпти, деб чўчидим. Амакиваччаларим Иренео худди шундай усулда ёзарди, деб мени тинчлантиришди. Билмадим, бу безбетликми, билимсизликми ёки аҳмоқликми: энг мураккаб бўлган лотин тилини фақат луғат ёрдамида ўрганиш мумкинми? Унинг бу хом-хаёлини чиппакка чиқариш учун унга Кишернинг “Парнасга бир поғона” китоби ва Плинийнинг китобини юбордим.
Ўн тўртинчи февраль куни Буэнос-Айресдан телеграф хабарини олдим. Унда менинг зудлик билан етиб боришим зарурлиги, отамнинг аҳволи “унчалик яхши эмас”лиги айтилганди. Худо ўзи мени кечирсин-у, ўша пайтдаги бошимга тушган ғам-ташвишни бўрттириброқ кўрсатиш, Фрай-Бентос аҳолиси олдида ўзимни стоиклардек жасоратли қилиб кўрсатиш истагими, мақтанчоқлигим туфайлими, хуллас, ҳақиқий мусибатимни ўша пайтда тўлиқ ҳис қила олмадим. Нарсаларимни чемоданга жойлаштираётиб, “Парнасга бир поғона” ва “Табиат тарихи” китоблари йўқлигини пайқадим. “Сатурн” пароходи эрталаб йўлга чиқиши керак эди, шунинг учун Фунесникига йўл олдим. Кундузги диққинафаслик кечқурун ҳам тарқамаганлигига ҳайрон бўлдим.
Озодагина ранчода мени Фунеснинг онаси кутиб олди.
У менга Иренеоннинг хонаси уй ичкарисида эканлигини, агар хона қоронғу бўлса, ҳайрон бўлмаслигимни тушунтирди. Иренео соатлаб чироқ ёқтирмас экан. Мен тош ётқизилган патио — ҳовлидан йўлак орқали иккинчи ҳовлига ўтдим. Ток новдалари девор бўйлаб ўсиб ётарди. Анчагина қоронғи эди. Тўсатдан Иренеонинг ингичка, кинояли овозини эшитиб қолдим. Овоз қоронғиликдан келар, лотин тилида саркашлик ва қониқиш билан айтилаётган бу сўзлар ибодатми, мадҳиями, билиб бўлмасди. Лотин тилида эшитилаётган бу сўзлар, афсуски, тушунарсиз ва адоқсиз эди. Кейинчалик кечаси билан бўлган суҳбатимиздан маълум бўлдики, бу сўзлар “Табиат тарихи”нинг еттинчи китоби, йигирманчи боби, биринчи абзацидаги сўзлар бўлиб, у боб хотира ҳақида эди, охирги жумласи қуйидаги сўзлар экан…ut nihil non jisdem verbis redderebur auditum.**
Овозини ўзгартирмасдан Иринео мени хонасига таклиф қилди. У каравотда чекиб ётарди. Мен унинг юзини то тонг отгунга қадар кўра олмадим, фақат сигарета чўғи ялтиллаб турарди, холос. Хонада нам-лик ҳиди сезилиб турарди. Ўтириб олгач, ундан телеграмма олганим ва отамнинг бетоблиги ҳақида гапириб бердим.
Ҳикоямнинг энг қийин жойига келяпман. Китобхон (ўқувчи) аллақачон тушунган бўлиши керак, бу ерда ярим аср олдин бўлиб ўтган диалог — суҳбатдан бошқа бирор сюжет йўқ. Мен буни аниқ-тиниқ жонлантиришга ожизман, лекин Иренеодан эшитган гапларимни имкон борича аниқроқ қилиб тасвирлашга ҳаракат қиламан. Ҳикояни биринчи шахс номидан бера олмаётганлигим унинг чиройли ва жонли чиқишига путур етказди, лекин ўша тундаги менинг аҳволимни тасаввур қилиш ўқувчиларга ҳавола.
Иренео “Табиат тарихи”да қайд қилинган ажойиб хотира эгаларини лотин ва испан тилларида бирма-бир санаб ўтишдан бошлади: Эрон шоҳи Кир ўз қўшинидаги ҳар бир жангчини нома-ном билишлиги; Митридат Евпатор ўз салтанатида йигирма икки тилда одил судловни ўтказиши; мнемотехника*** ихтирочиси Симонид, бир марта эшитган нарсасини аниқ эсида сақлаб қолувчи Метрадор (Эпикурнинг шогирди) бўлганлигини айтиб берди. Бундай оддий нарсаларни, наҳотки, ажойиб ҳодиса деб ўйлашади деб Иренео, чиндан ҳам ҳайрон бўларди.Ўша ёмғирли оқшомга қадар, яъни уни оқ айғир кўтариб отган кунгача у ҳамма қатори саводсиз қовоқкалла ва хотирасиз бир кимса бўлганини гапириб берди. Мен унга вақтни ажойиб тарзда аниқ айтиб бериш қобилияти, исмларни эсда сақлаш иқтидорига ишора қилмоқчи бўлгандим, у ҳатто эшитгиси келмади. Ўн тўққиз йил у худди тушдагидек яшаган: қараб туриб кўрмаган, қулоқ солиб эшитмаган, деярли ҳамма нарсани унутган (эсда сақлаб қололмаган).
Отдан йиқилгач, у ҳушини йўқотган, ўзига келганда эса идрок этиш ҳиссиёти шу даражада бой ва аниқ бўлганки, у нафақат атрофдагиларни, балки ўтмишда бўлган воқеа-ҳодисаларни ҳам энг майда-чуйда тафсилотларигача жонлантира олган. Бироздан сўнг у фалаж бўлиб қолганлигини билган. Фалаж бўлиб қолганлигини ўзи учун арзимаган жазо, деб билган. Унинг ҳиссиёти ва хотираси бехато бўлиб қолган.
Бир қарашда биз дастурхонда учта қадаҳнигина кўрамиз, у эса ток новдаларию баргларини, узумларгача кўриб турган. У бир минг саккиз юз саксон иккинчи йилнинг ўттизинчи апрели тонгида жануб томондан сузиб келган булутларнинг шакли, испан қоғозсозлиги маҳсули бўлган китоб варақларидаги чизиқларни, Кебрачо яқинидаги жангдан олдин Рио-Негро дарёсида сузиб кетаётган қайиқ эшкагидан пайдо бўлган жимжимадор кўпикларни, гарчи биринчи марта кўрган бўлса-да, фикран уларни таққослаб ҳам кўра олган. У кўриб турган манзара фақат шунчаки хотира бўлмасдан, балки бутун вужуди билан ҳис қила оладиган даражада аниқ бўлган. У кўрган барча тушларини, ҳатто мудроқ ҳолатда кўрганларини ҳам, хотирасида тиклай олган. Икки-уч марта у ўтмишдаги бир кунини тўла равишда тиклаб кўрган, лекин буларни жонлантириш учун ҳам тўла бир кун кетган. У менга: “Ёруғ олам пайдо бўлгандан бери яшаб турган барча одамларнинг хотираларини жамлаганда ҳам менинг хотираларим кўпроқ”, — деди. Яна у: “Менинг тушларим сизнинг уйғоқ пайтингиздаги сингаридир”, деди.
Тонг ота бошлаганда, у яна “Менинг хотирам, оғайни, худди оқар сувга ўхшайди”, деб айтди. Қора тахтага чизилган айлана, тўғри бурчакли учбурчак ёки ромб шаклларини биз қанчалик аниқ тасаввур қила олсак, Иренео ҳам отнинг ёки тоғ ёнбағирларида ўтлаб юрган ҳайвонларнинг чигаллашиб кетган ёлларини, аланганинг товланишидан ҳосил бўлаётган рангларни, кулнинг ҳар бир заррасини жасаднинг то дафн қилингунга қадар ўзгаришини худди шундай аниқ тасаввур қила олган. Билмадим, у осмонда қанча юлдуз борлигини кўрган.
У айтиб берган нарсалари ҳақиқатлигига мен ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам шубҳа қилмаганман. У пайтларда кинематограф ҳам, фонография ҳам йўқлиги ҳаммага маълум бўлса-да, лекин ҳеч ким Фунес билан тажриба олиб бормаган. Ҳаётда биз кўпинча кейинга қолдириш мумкин бўлган нарсаларни орқага суриб келганмиз, балки, қалбимиз тубида, гўё барча нарсаларни биламиз, абадий яшаймиз, эртами-кечми ҳар бир инсон ҳамма нарсани билиб олади ва бажаради, деб ўйлаймиз.
Қоронғуликда Фунес гапини давом эттирди.
Айтишича, 1886 йилда у рақамлашнинг оригинал усулини ўйлаб топган ва бир неча кун мобайнида у йигирма тўрт мингдан ошган. У, бир марта ўйлаганини умрбод эсида сақлаш қобилияти борлиги сабабли, уларни ёзиб қўймаган. Уни бунга рағбатлантирган омиллардан бири шу бўлдики, у “ўттиз уч песо” иборасини қўллаш учун икки рақам ёки уч сўз зарурлиги, бир сўз ёки бир рақам билан ифода қилиб бўлмаслиги уни афсуслантирган. Бу маъносиз тамойилни у бошқа рақамларга нисбатан ҳам қўллаган. Масалан, “етти минг ўн уч” ўрнига “Максимо Перес”, “Етти минг ўн тўрт” ўрнига “Темир йўл”, бошқа сонларни эса “Луис Мелиан Лафинур”, “Олимар”, “олтингугурт”, “чиллак”, “кит”, “газ”, “қозон”, “Наполеон”, “Августин де Ведиа” деган ибораларни ишлатган. Ҳар бир сўз алоҳида белгиланган — худди шу тамғага ўхшаш, охирги катта сонлар эса жуда мураккаб бўлган. Мен унга бу маъносиз сўзлар йиғиндиси умуман рақамлар тизимига тўғри келмаслигини тушунтирмоқчи бўлдим. Мен унга “365” рақамини айтиш учун биз уни таҳлил қилиб — учта юзлик, олтита ўнлик ва бешта бирлик сонини назарда тутишимизни, унинг “негр Тимотео” ёки “ҳайфсан” каби атамаларида бу нарса йўқлигини тушунтирмоқчи бўлдим, лекин Фунес мени тушунмади ёки тушунишни истамади.
XVII асрда Локк**** тилнинг имкониятига кўра, ҳар бир нарса, ҳар бир тош, ҳар бир қуш ва ҳар бир новда ўз шахсий номига эга бўлиши мумкинлиги ҳақида таклиф киритган инкор ҳам қилган) эди. Фунес ҳам худди шунга ўхшаш тилни ўйлаб топмоқчи бўлган, лекин сўзлар жудаям умумлашиб кетишини, икки хил маъноли бўлиб қолишини ўйлаб, бу фикридан қайтган. Ҳақиқатан ҳам Фунес нафақат ҳар бир ўрмонни, ундаги дарахтларни, уларнинг ҳар бир баргини эсида сақлаб қола олган, балки бирор баргни кўриб қолганда ёки тасаввур қилганда ҳам уларнинг барчаси хотирасида тикланаверган. У ўзининг ўтмишидаги саёҳатларини етмиш мингтагача чегаралаб, уларни рақамлаб чиқишга қарор қилган. Бу нарса чексиз ва бефойда эканлиги уни бу ишдан тўхтатиб қолган. У болалигидаги хотираларини таснифламоқчи бўлганда, бу ишни то ўлимига қадар ҳам охирига етказа олмаслигига кўзи етган.
Унинг юқоридаги икки режаси телбаликдан бошқа нарса эмас, лекин унда буюкликни элас-элас эслатувчи пинҳона нимадир бор. Улар бизга Фунеснинг ақл бовар қилмас даражадаги оламини бироз бўлса-да, тасаввур қилишимизга имкон беради. Эсдан чиқармаслигимиз керак, Афлотуннинг ғоялари унинг учун тушунарсиз эди. “Ит” сўзининг тушунчаси тур сифатида жуда кўп шакл, жусса ва бошқа кўринишларни қамраб олишлигини тушунишга у қийналарди: итнинг ёнидан кўриниши (профил) билан олд томонидан (анфас) кўриниши итнинг номини ўзгартиришга ҳеч қандай асос, бўла олмаслиги унга ёқмасди. Ҳар гал кўзгуга қараб ўзи ҳайрон бўларди.
Свифтнинг ҳикоя қилишича, Лилипутия императори соатнинг дақиқани кўрсатувчи миллари ҳаракатини кўриб турар экан: Фунес аста-секинлик билан ўтадиган ҳар қандай емирилиш, бузилиш, тишнинг чириши, чарчоқнинг ривожланишини кўра олган. У ўлимнинг ҳам, намликнинг ҳам аста-секин кириб боришини сезиб турган. Фунес сон-саноқсиз кўринишга эга бўлган бу ўзгарувчи турфа оламнинг чидаб бўлмас даражадаги турланишлари ўткинчилигини аниқ-тиниқ кўриб турувчи ёлғиз томошабин ва башоратчи эди. Бобил, Лондон ва Нью-Йорк ўзларининг шиддатли манзаралари билан инсон тафаккурини лол қолдиради. Лекин улардаги тиним билмас, тумонот одамларнинг бирортаси ҳам ўзининг кулбаи вайронасида эрта-ю кеч воқеликнинг чидаб бўлмас даражадаги қайноқ ва оғир юкини бечора Иренеочалик ўзида ҳис этмаган бўлса керак. Унинг уйқуси жуда қийинлик билан кечарди. Ухламоқ — дунёни унутмоқ, демакдир. Фунес чалқанча ётар, қоронғуликда қўшни уй деворидаги буралган, ёрилган ҳар бир чизиқларни тасаввур қиларди. Хотирасининг ҳар бир майда-чуйда, арзимас тафсилотларигача аниқ ва равшан ҳис этиб турган.
Шаҳарнинг шарқ томонида ҳали қурилиши битмаган, янги – унга нотаниш бўлган иморатлар қад кўтараётганди. Фунес уларни ёппасига қоп-қора зулматдек тасаввур қиларди, ухлаш учун у кўпинча шу томонга ўгирилиб ётарди. У яна ўзини дарёда оқиб кетаётгандек ҳис қилар, оқим уни ўз домига тортиб, гўё эритиб юборарди.
У ҳеч қандай қийинчиликсиз инглиз, француз, португал, лотин тилларини ўрганиб олди. Лекин, фикрлашга унчалик қобилияти йўқ, деган гумоним бор. Фикрлаш — бу фарқларни вақтинча унутиш, умумлаштириш, мавҳумлаштириш дегани. Турли-туман нарсалар қалашиб ётган Фунеснинг бу оламида эса фақат тафсилотлару бевосита аниқ маълумотларгина бор.
Эрталабки қуёшнинг нурлари хонани ёрита бошлади. Шундагина мен унинг юзини кўрдим, тун бўйи унинг овозинигина эшитдим, холос. Иренеонинг ёши ўн тўққизда, 1868 йилда туғилганди (ҳозир эса 1887 йил эди). У, худди бронзадан қуйилган ҳайкалдек қадимги Мисрдан ҳам, у ердаги эҳромлару пайғамбарлардан ҳам қадимийроқ бўлиб туюлди. Мен ортиқча ҳаракат қилишдан қўрқардим, менинг ҳар бир беҳуда ҳаракатим, ҳар бир сўзим унинг аёвсиз хотирасида абадий қолиб кетишидан қўрқардим.
Иренео Фунес икки йилдан сўнг, 1889 йилда ўпка силидан вафот этди…

Русчадан Маҳкам Маҳмуд таржимаси

___________
* А н д р е с Б е л ь о — венесуэлалик ёзувчи, Лотин Америкаси филологияси асосчиларидан.
** Лотинча. Мазмуни: бир хил сўзлар қулоққа ёқимсиз эшитилади.
*** М н е м о т е х н и к а – хотирлаш санъати усули.
**** Инглиз файласуфи.