Жовид Сарачўғли (Cavit Saracoğlu) 1935 йили Македониянинг Скопье шаҳрида туғилган.
* * *
Хилватда хаёл сурсаму кўз солсам унинг-ла
Руҳ оламининг дўст кўринар панжарасиндан,
Жўшгай юрагим, кошки бир он қолсам унинг-ла
Бир акси садо туйсам унинг тотли сасиндан.
Ҳар ҳолу ишим қутли сўзин амрига солсам,
Васлиқла замон чархини бир тўхтата олсам,
Ваҳдатда бир осуда сарой қурдира билсам
Кўнглимни абад қургучи ул ҳандасасиндан.
Фарҳод каби қўрқмас на тоғу на дала-туздан,
Вуслат дея тап тортмагай ул ҳеч ғаламусдан,
Жон танда ёнартоғ каби портланди бу юздан-
Жонон элига боқмоқ учун уст тепасиндан.
Бир лаҳза севинтир шу ҳақир бандани, ё Раб,
Кўз ёши тўкиб бунда сўроқлар сани, ё Раб,
Ўйлаб турадирман, чақирар деб мани, ё Раб,
Тиқ этса эшик зулфуни гоҳ ел нафасиндан.
Комил кишилар ҳеч тиламас амри маҳолни,
Жоҳилки ўйин деб биладир биздаги ҳолни,
Муштоқи мудом кун-кеча истар у жамолни,
Ҳеч ибрат олурларми башар фалсафасиндан.
Ҳижрон аламиндан неча эллар ёқа йиртар,
Битмай бу фироқ фасли, висол дардлари ортар,
Жовид каби осийни ўзинг авф ила қутқар,
Ғафлат йўлининг нафу ҳаво васвасасиндан.
Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси