Эргаш Абдулла (1941)

Эргаш Абдулла 1941 йилда Фурқат туманида таваллуд топган. Унинг шеърлари республика рўзнома ва ойномаларида ва коллектив тўпламларда чоп этилган.
«Имконият» шеърий китоби нашр этилган.

ЮПАНЧ

Ҳаётдан кетмайди катта одамлар,
Улар ҳаётники, дунё фарзанди.
Даврга арзанда бўлмаган улар,
Улар учун Давр бўлган арзанда.
Жолаларда қолса гулдек синмаган,
Улғайган барҳақлик сари талпиниб,
Севишни ўрганган Ватанни фақат,
Севишни ўрганган фақат халқини.
Бизлар абадиймиз,
Бизлар ўлмаймиз!
Валиларимиз бор тақдирдан ато,
Кўкрагини очиб тик борди шулар,
Нодирани чопган қиличга, ҳатто!
Не қилардинг каманд бўлса тилингда,
Овозларинг ўлса урилиб тошга?
Нима қилар, ахир,
ҳақ ё ўлим деб
Ўзни алангага отишдан бошқа!
Ҳўқонди латифим, «сиз» деган лафзинг
«Сенга» айланмаган эди не замон,
Ношуд бир кимёгар ишхонасидек
Нега портлаб кетди бу доруломон!
Ёлғиз бир юпанч бор оналардаким,
Боласига ўтар имони кучи.
Туғилганда йиғлар бола шунчаки,
Лекин кетганда-чи?
Билар — не учун!
Бўзламагин энди юракни эзиб,
Чеккан азаларинг кўп қутлуғ ғамдир.
Навниҳолинг буюк дарахтдек эди,
Онажоним, ўғлинг катта одамдир!
Муқаннагинамас ўтда ёнганлар,
Тўмарислар ҳамдир, Раънолар ҳамдирг
Навниҳолинг худди кавсардек эди,
Онажоним, қизинг катта одамдир!
Ўзингни бардам тут, ботир онаси.
Саботга суянур дардда одамлар,
Кетганларнинг бари мангуликники,
Ҳаётдан кетмайди катта одамлар!…

* * *

Бир вақтинг бўпти-да,
уй қизи, бугун,
Кун бўйи зорлигим бекор кетмабди.
Ҳали қанча ёруғ.
Бизнинг соҳилга
Оқшомнинг этаги етмабди.
Хоҳла, оёгингни солгин Кўксувга,
Сув ўтлари титраб ўпсин, яйрасин.
Бори ташвишларни унут бир нафас,
Кўнглингга кўчсин бу қушлар сайраши,
Нафасимдай ўтлиғ бўлмасин шамол,
Хушбўй бўлсин сочинг эркалаган чоқ,
Балки
бу сувларда ўсмас нилуфар,
Лекин у
кўксингда очилсин
оппоқ.
Мен ҳам васфинг айтмай,
ҳис этай фақат
Ҳуснинг ором олган озода онни.
Кейин,
Ҳофиздек бир тантилик қилиб,
Ҳадя қилай сенга Шоҳимардонни…