Мирмуҳсин (1921-2005)

Мирмуҳсин 1921 йил 3 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1981). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1970). Тошкент педагогика институтини тугатган (1942). Илк достони — «Қамар» (1938). «Вафо» (1944), «Қадрдон дўстлар» (1948), «Ирмоқлар» (1959), «Қалб ва фалсафа» (1960), «Шеърлар» (1964) ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. Биринчи ўзбек шеърий романи «Зиёд ва Адиба» (1954) Мирмуҳрин қаламига мансуб. Дастлабки насрий қиссаси — «Жамила» (1956). «Оқ мармар» (1957), «Чўри» (1962), «Тунги чақмоқлар» (1964), «Араб ҳикоялари» (1960), «Чодрали аёл» (1979) қиссалари, «Умид», «Чиниқиш» (1969), «Дегрез ўғли» (1972), «Чотқол йўлбарси» (1977), «Меъмор» (1974), «Илдизлар ва япроқлар» (1982), «Темур Малик» (1986), «Илон ўчи» (1995), «Турон маликаси» (1997) каби романлар муаллифи. Болалар учун ҳам кўплаб шеър ва достонлар, ҳикоялар ёзган («Шералининг мардлиги», «Овчи болалар», «Луқмон ва Ўроқбой ва бошқалар).
Ёзувчи 2005 йил Тошкент шаҳрида вафот этган.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1974), «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1998).


СЕВГИ ХАТИ

Мағрур ўсган саҳро қушидек
Қалб бўйсунмас, эди ёввойи…
Гўдакларнинг ширин тушидек
Кулар эдим, йўқди парвойим.

Сен, азизам, боқдинг кўзимга,
Қўлларинг-ла тутдинг қўлимни.
Ишонмадим ўзим ўзимга,
Туташ қошлар тўсди йўлимни.

Тўғри, жуда соғиндим, оздим,
Сени ўйлаб юрдим эрта-кеч.
Сиримни фош этсам ҳам ёздим,
Ёзмаслигим мумкинмасди ҳеч!

Мен ишлайман уйқусиз… Оппоқ
Қоғоз узра дил ёнар тунлар.
Ўй сураман, бурқади қайноқ
Юрагимдан оҳу тутунлар.

Билсам, ёзган қиссамнинг ўзим
Қаҳрамони бўлиб қолибман.
Сен, азизам, қалбни забт этиб,
Унга сўнмас оташ солибсан.

Севги келмас, севги туғилар,
У туғилди. У бор. У тирик!
У яшайди, ширин туйғулар
Оташ қалбга қуввату тирак.

Севиб қолдим сени жондан ортиқ,
Сен дўст, фақат эмассан бир гул…
Мен севгимдан қайтсам, бу юрак
Бир қоракўл қўзичоқ каби
Кўз очмасдан кетгани маъқул!


ПАЛОВ

(Халқ йўлида)

Эл обод, тўкин-сочин, гўшт-ёғ арзон,
Қирдаги бўрдоқилар чопар ларзон,
Тўйда биқ-биқ…қайнасин катта қозон.
Палов аслин сўрсанг — олис яйлов.

Ишингда қувват берар тўйиб есанг,
Ёқтирмас, ишни йўлда қўйиб есанг,
Ботмайди ўғирлабу ўйиб есанг.
Паловларнинг палови—қази палов.

Палов учун яшаб, қўймагин бино,
Яшаш учун палов егин доимо!
Минг дардга даво дебди Ибн Сино,
Паловни палов қилган оташ — олов.

Паловшерни ейсан сўнгра — шер келар.
Тоғни талқон қилган ботир эр келар,
Пешонангдан милтир-милтир тер келар,
Паловларнинг устаси Али мўйлов.

Ишламасдан ётиб есанг сингмайди,
«Юзта-юзта» отиб есанг сингмайди.
Хасис бўлиб, қотиб есанг сингмайди,
Қалампирлик зўр палов сенга сийлов.

Ўзга, узоқ злларда кездим бир ёз,
Зиёфату базмлар бўлмади оз…
Лекин ҳамма ерда ўзинг беқиёс —
Туркман, ўзбек палови — илик палов.

АРМОН…

Етди унга ҳаёт билан видолашмоқ фурсати,
У энди ётар ҳолсиз, яқинлашар сўнгги дам.
Икки сўз дея олди кўк шишани кўрсатиб:
«Ичмасдим ва чекмасдим дунёда тирик қолсам…»