Зуҳра Очилова (1975)

Зуҳра Очилова 1975 йилда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. Шоиранинг “Мовий ифор” номли китоби нашр этилган.

ТОМЧИМАН

Яратиқнинг мужгонидаги
Томчисиман “мен”ликлар ичра.
Томчиман, агар томчиласам
Куртакланар новдалар қониб.
Рангланар ўт, гиёҳ, чечаклар
Яшилланар томчимдан ҳаёт.
Сувларда инади жўшқинлик,
Қиёфага кирар ҳарсанглар.
Товланади нурлар томчимда,
Аксланади сайроқлар ажиб.
Томчиман, кулиб томчиласам
Ғамгинлигин унутади ғам.
Пайдоланар кўнгилларда ишқ,
Киртайган маҳзун қароқларда.
Файзланар томчимдан олам…

ҚАЙТАЛАНИШ

Тушкунликнинг қаҳратонида,
Музлаб қолган эди умидим.
Қақшатгач адашган руҳимни,
Ҳаётни хушламай ўкиндим…

Нимадир рўй берди дафъатан,
Истаб қолдим яшашни қайта.
Табассумни ўрганди дардим –
Сева олгум ҳаётни қайта.

Мени эъзоз айлар бир нигоҳ
Ўлмоғимга қўймаса керак.
Тиклаяпман ўзимни қайта,
Гуллаб берар баҳорга юрак.

ЧИЗГИ

Савр туни. Ҳатто ой сокин,
Юлдузлар чамани кўрсатар чирой.
Ел тавоб қилади ойнинг кўксини,
Анда топиладир дил учун ҳам жой.

Ой сийнасида тунайди мамнун,
Теракларнинг шовуллаган нафаси.
Асотирлар қайтар ой ёғдусида,
Чинқириб юборар қайғу қафаси.

Намоён этади мувозанатни,
Ой шуъласида соялар шакли.
Мавжланади ҳусни зийрак ҳисларнинг,
Бунда мавҳумотнинг йўқ сира дахли.

Савр тунин ажиб тиниқлиги бор.

ИСТАК

Сукунат товушини,
Ҳарсанглар йиғисини,
Ғорларнинг кулгусини,
Яна шамол қалбини
Эшитгим келди бугун.
Дарахтларнинг тафтини,
Зангор кўк уфурини,
Қушларнинг сафосини,
Ҳис қилгим келди бугун.
Меҳнатдан завқланишни,
Камтарликни тупроқдан,
Ҳаётдан мўминликни,
Эзгуликни савобдан
Уқмоқ истадим ҳар кун.