Зокиржон Бойхонов 1962 йилда Наманган вилояти, Уйчи туманида туғилган. Тошкент қишлоқ хўжалик институтини тамомлаган. “Ҳисларимдан тизган маржонлар”, “Кўнгил ёғдуси”, “Онажоним Наманган” каби китоблари чоп этилган.
ЁР ЙИҒЛАДИ
Ёр йиғлади, дил йиғлади, кўз, йиғлама,
Кўз ёш қилсам қуёш кулар, ой ҳам кулар.
Лабларимдан қочиб кетгин, сўз, йиғлама,
Учиб етсанг осмондаги юлдуз кулар.
Томчи ёшинг қаро ерга туширмасдан,
Қақраб ётган юраккинам ичиб олди.
Нозик ҳисни наҳот энди тушунмасман,
Дил тубида ёшга тўлиб уммон қолди.
Юрагингдан сизиб чиққан кўз ёшларинг,
Юрагимни чок-чокидан узиб кетди.
Ёшга тўлган ўшал маъюс қарашларинг,
Нигоҳимни олиб бирга сузиб кетди.
ДИЛИМ ЁНАР
Дилим ёниб тор кўчангда қолиб кетди,
Сени ўша бойнинг ўғли олиб кетди.
Ёшга тўлган нигоҳларим толиб кетди,
Тиллоси кўп бўлса ҳамки бой боласин,
Териб бермас сенга ҳеч ҳам тоғ лоласин.
Ойдан ойдин эди ойдай юзларинг-а,
Оҳ, нечундир маъюсланди кўзларинг-а.
Ким тинглайди энди мунгли сўзларинг-а?
Тиллоси кўп бўлса ҳамки бой боласин,
Териб бермас сенга ҳеч ҳам тоғ лоласин.
Зарларининг ичида зўр зар бўласан,
Кунлар ўтиб, болишига пар бўласан.
Алам қилар, ёр меҳрига зор бўласан,
Тиллоси кўп бўлса ҳамки бой боласин,
Териб бермас сенга ҳеч ҳам тоғ лоласин.
АРМОНЛИ ИШҚ
Гул юзига қайғу солган из
Тик турар-у, гўё чўккан тиз.
Кулиб туриб йиғлайди, эссиз,
Илк севгиси армон бўлган қиз.
Сабабини билмайди тайин,
Эркаларди у майин-майин.
Оппоқ куни тун бўлгандайин,
Илк севгиси армон бўлган қиз.
Айта олмас ширин сўзини,
Яширади маъюс кўзини,
Гуноҳкордай сезар ўзини,
Илк севгиси армон бўлган қиз.
Орияти зорланар чир-чир:
“Юрак кўнгин, номини ўчир”.
Суратини кўришдан чўчир,
Илк севгиси армон бўлган қиз.