Абдуғафур Расулов. Тунда чақнаган юлдуз (2005)

ХХ асрнинг 30-йиллари, айниқса, машъум оммавий қирғин-қатағон пайтида юрак-бағри бутун ёзувчи, санъаткор, арбоб, олим, омилкор қолмади ҳисоби. Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Шайхзодани қамамадилар. Лекин уларни шунчалик хор-зор қилдиларки, инсон зоти бундай руҳий-маънавий азобларга тоб бериши амри маҳол эди. 1937 йилнинг 31 августидан 5 сентябригача Ойбек учун дўзах азобидан қийин кунлар бўлди. Шу кунлари Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси пленумида ёзувчининг сиёсий фаолияти, ижтимоий-маънавий қиёфаси масаласи ўртага қўйилди. Ойбекни миллатчидан олиб миллатчига солишди, нари олиб бориб — бери олиб келишди. Ойбек ўзи билмаган, етти ухлаб тушига кирмаган “гуноҳлари”ни ўзгалар оғзидан эшитиб ҳангу манг бўлди. Бундай вазиятда инсон ўзини ҳимоя қилолмайди, туҳматларни бўйнига олишдан ўзга йўли қолмайди. Пленум қарори бўйича “Ойбек Ёзувчилар союзи аъзолигидан ўчирилди, Тил ва адабиёт институтидан ҳайдалди” (“ЎзАС”, 2005, 21 январ).
1937 йилнинг сентябридан Ойбек ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Ишламаса бўлмайди: уч фарзанди, оиласи бор. Ойбек ўз тенгқурлари орасида интеллектуал салоҳияти кучли олим эди. У фалсафа, эстетика, тарих, иқтисоддан ташқари, жаҳон адабиёти намояндалари асарларини яхши биларди. Ойбек бошига иш тушган пайтда профессор Н.Ф.Дератанининг икки жилдлик “Антик адабиётдан хрестоматия” китоби машҳур эди. Ана шу хрестоматиянинг иккинчи китоби “Рим адабиёти”ни таржима қилиш Ойбек учун катта ижодий мактаб бўлди. Асарга Плавт, Теренций, Катулл, Лукреций, Цицерон, Гораций, Вергилий, Овидий, Тибилл, Сенека, Петроний, Апулей, Лукиан ва бошқа адибларнинг трагедия, комедия, дидактик поэма, лиро-эпик достон, сатиралари киритилган эди.
“Рим адабиёти“ хрестоматияси таржимаси Ойбекка зўр ижод мактаби бўлди: таржимон уч тур ва кўп жанрдаги асарларни бир йўла ўзбекчага таржима қилди, шарҳ ва луғат мағзини чақди. Таржимон деярли барча асарлар охирига “баъзи ўзгаришлар билан” деган иборани қўшганки, бу унинг таржимага ижодий ёндашганлигини кўрсатади. Хрестоматияга киритилган асарлар муаллифлари ҳақида тазкирамонанд маълумотлар берилади.
Таржимон маҳоратини кўрсатиш мақсадида Луций Сенеканинг “Октавия” трагедиясидан кичик бир парчани келтиришни лойиқ топдик:

Октавия:
Энди золим мустабид мени юборар,
Ғамли кўлкаларнинг зулмат юртига.
Нимага мен шўрлик беҳуда йиғлай?
Тақдир кимни лойиқ кўрган бўлса, у
Элтсин ўлимга мени! Кўк тангриларин
Чақираман… Тўхта, тентак,
кўк тангрилари
Сендан нафрат қилишади.
Мен чақираман
Тартарни, ҳам жаҳаннамнинг ўч олар
Илоҳаларин, шундай жазо
ва ўлимга сазовор
Бўлган отам, сени-да чақираман.
Тайёрлангиз кемани, чодирни қуриб,
Узоқ Пандатария соҳилларига
Томон йўл солсин илдам кема ҳайдовчи.

“Рим адабиёти” хрестоматиясининг сарварағига: “Китобнинг таржимасини ЎзССР Маориф халқ комиссарлиги тасдиқ этган” деган ёзув борки, у Ойбекка ўша йиллардаги муносабатдан дарак беради. Ойбек таржимасидаги бу хрестоматия нашр этилганига 66 йил бўлди. Ҳозир университет, институт филолог талабалари жаҳон адабиётини ўрганадилар. Афсуски, ҳозиргача юнон, Рим, Миср, япон, хитой антик адабиётидан ўзбек тилида дарслик, хрестоматиялар йўқ. 1965 йили Москвада Н.Ф.Дератани, Н.А.Тимофеев тайёрлаган “Антик адабиётдан хрестоматия”нинг I-II жилдлари чоп этилган эди. Ойбек таржимасидаги “Рим адабиёти” хрестоматияси ўз қимматини сира йўқотгани йўқ. У ҳозир қайта нашр этилса, китобхонларга муносиб совға бўлар эди.    

* * *

Ойбек ёзувчилар уюшмасидан чиқарилиб, Тил ва адабиёт институтидаги ишидан четлатилганда 33 ёшда — ишлаб, ўқиб-ўрганиб, ижод қилиб чарчамайдиган балоғат палласида эди. У “Антик адабиётдан хрестоматия”нинг II жилдини таржима қилар экан, ўзбек халқининг миллат сифатида шаклланиши жараёнини ҳаққоний акс эттириб берадиган роман концепциясини онгида етилтираётган эди. Санъаткор қандай асар ёзмасин, барибир, шахсий ҳаётининг, оилавий муҳитнинг қайсидир томонларини акс эттиради. Катта эпик асарда ёзувчига таниш, унинг хотирасидан ўрин олган воқеалар, кишилар тасвирланади. “Қутлуғ қон” романида тасвирланган воқеалар ХХ асрнинг 10-йиллари ўртасида рўй беради. Ойбек бу даврларни яхши эслайди. Аниқроғи, ХХ асрнинг 10-йиллари воқелиги, одамлари Ойбек ижодининг ўқ илдизларидан бирини белгилайди. У “Бобом”, “Болалик”, “Бахтигул ва Соғиндиқ”, “Улуғ йўл” асарларида шу даврни тасвирлайди. Демоқчимизки, Ойбек ижодини ўрганганда биографик методни зинҳор унутмаслик жоиз. Француз адиби, олим-мутафаккири Шарл Сёнт-Бёв (1804-1869) биографик методга асос солди. Бу методга кўра, бадиий асарда ёзувчи биографиясига тааллуқли кўп масалалар мавжуддир. Аввало, асар ғоясининг, концептуал асосининг пайдо бўлиши ёзувчи ҳаётидаги бирон масала билан боғланиб кетади. Иккинчидан, ёзувчи билибми, билмайми (ғайришуурий ҳолда) юраги қаъридаги туйғуларни, хотирасига сингиб қолган воқеа, шахсларни асарига кирита бошлайди. Учинчидан, асарнинг ёзилиши жараёнидаги ҳолатлар, манзаралар, ҳодисалар табиий ҳолда асар структурасига сингиб боради. Матёқуб Қўшжонов, Наим Каримов тадқиқотларида, Зарифа Саидносирова хотира-китобида Ойбек асарларидаги биографик томонлар — ҳаёти, турмуши, кайфияти, танишлари, асарлари протиплари ҳақида қизиқарли воқеалар келтирилган. Биз “Қутлуғ қон” асарининг ёзилиши жараёни билан боғлиқ биографик жиҳатларга эътибор қаратмоқчимиз. Бошқача айтсак, ёзувчилар союзи пленумидан (31. VIII—5.IХ.1937) кейинги воқеаларнинг Ойбек тақдири, “Қутлуғ қон” романи биографиясида қандай акс этганини кўрсатмоқчимиз. Образли айтганда, 1937 йилдаги машъум пленум навқирон Ойбекнинг ёруғ кунини қоп-қора тунга айлантирди. Ойбекдаги санъаткорлик, юксак истеъдод зимистон тунда чарақлаган юлдузни — “Қутлуғ қон”ни бунёд этди.
“Қутлуғ қон” романи 1938 йили, қисқа муддатда битилганлиги айтилади. Роман ёзилган жой, фасл ҳақида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, драматург ва режиссёр Рихсивой Орифжонов (“ЎзМЭ”, VI-том, Т., 2003 йил, 566-бет) ҳикоя қилиб берган. Рихсивой ака асли Юнусободнинг Оқота мавзеидан бўлган. “Қишлоғимизда Ойбек домланинг дала боғи бўларди, — дейди у. — Боғдаги кўркам шийпон ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди. Ёз кечалари Ойбек шийпонида керосин чироқ алламаҳалгача ёқиқ турарди. Мен, 12 ёшли қишлоқ боласи Ойбек домла шийпонидаги чироққа тикилиб ётганимча уйқуга кетардим. У вақтларда электр, радио қаёқда, дейсиз. Ҳатто жинғироқли соат ҳам йўқ экан-да, қишлоғимизда. Ойбек шийпонидаги чироқ ўчиши билан қишлоқ аҳли ғимирлаб қоларди: кексалар бомдод намозига тайёрланар, бозорчилар от, эшакни аравага қўша бошлар, яна кимлардир ўз юмушларига банд бўлардилар. Мен болалигимни эсласам, ёз фасли, Ойбек шийпонида пориллаб ёниб турган чироқ хаёлимга келаверади. Кундуз кунлари мол боқиб юрганимизда биронта овлоқ, салқин жойга кўрпача тўшаб китоб ўқиб ўтирган Ойбек домлани кўриб қолардик…”
Наим Каримов “Ойбек” китобида ёзади: “Адибнинг айтишича, у романни қисқа муддатда — саккиз-тўққиз ой мобайнида ёзиб тугатди. Бу 1938 йилнинг ёз ойлари эди“.
Миркарим Осим худди шу даврни эслаб, ёзади: “Мен якшанба куни Ойбекни йўқлаш учун унинг Оқотадаги боғига бордим. Қўрғонча эшигини тақиллатган эдим, Зарифахоним чиқиб, мени ичкарига таклиф қилдилар.
— Ойбек шу ердами?
— Ҳа, шу ерда. Лекин ҳали уйқудан тургани йўқ.
— И-е, соат бир бўлди-ку. Кечаси иккида ётган бўлса ҳам, уйқуга тўйиши керак эди.
— У кўпинча соат уч-тўртгача шийпонда ўтириб ишлайди. Энди турадиган вақти бўлди, киринг ичкарига. — Зарифахоним айвондаги хонтахта устига дастурхон ёзиб, бир чойнак чой келтириб қўйдилар…”.
Зарифа Саидносирова “Ойбегим менинг” китобида 1934 йили Тахтапул ва Юнусобод мавзелари ўртасидаги Оқота деган жойдан (ҳозирги Ғуломмаҳмуд Абдуллаев маҳалласи) боғҳовли сотиб олганликлари, бу жой Ойбекка ниҳоятда маъқул бўлгани ҳақида ёзади. Муаллиф боғнинг кўринишини тиниқ тасвирлайди: “…боққа торгина боғкўчадан кичкина бир эшикча орқали кириларди. Эшикдан бошланган якка йўлнинг ўнг томонида катта ҳовуз, атрофида қизил олма оғочлари терилган… Сўл томонда бир танобча келадиган бедазор… ҳовуздан кейин — қўрғон: унда бир уй ва бир айвон бор. Қўрғон орқаси ва бедазордан бошлаб 18 ишком узум: чарос, қора кишмиш, даройи, соҳиби, ҳусайни, нимранг ва ҳоказо. Беда атрофида олма ва шафтоли оғочлари. Шафтоли май ойидан бошлаб пиша бошлайди. Навлари жуда кўп… 1934 йилдан 1939 йилнинг кузига қадар ҳар ёзни шу боғда ўтказдик”.
Зарифа Саидносирова боғни таърифлаб ёзади: “Ойбек Чимёнда ишлаётган кезларда, унинг дадаси билан маслаҳатлашиб, қўрғондаги уй ва айвон устига катта шийпон қурдирдик… Шийпон жуда кўркам. Боғ томондаги дарахт навдалари шийпонга шундоққина тўкилиб туради. Улар гуллаганда, мевалари пишганда эса кўркини кўриб, кўзингиз тўймайди. Айниқса, кечалари, ойдиндаги манзаранинг гўзаллиги кўнгилларимизни ором ва нашъа билан тўлдиради“.
“Қутлуғ қон” романини ўқий бошлаганингиз ҳамон Ойбек суйган боғ тасвирини кўрасиз: Мирзакаримбой “боғнинг ташқарига қаратилган кичкина эшигига кирди. Йўлчининг кўзига “жаннатдай” катта боғ манзараси очилди, тамоша қилиб, кекса тоғанинг орқасидан юраверди. Орасидан Қўқон арава бемалол юрадиган кенг, узун ишкомлар икки танобдан мўлроқ ерни ишғол этган. Кўм-кўк ток барглари эрталабки қуёшда жилваланади. Боғнинг тўрт томонини ўраган баланд, янги пахса девор бўйлаб шафтолилар ўсади…“.
Ойбек ўз боғидаги бедазорни ҳам унутмаган: “Улар пича юриб, тўрт-беш таноб жойни ишғол этган бедазорга чиқишди.
— Мана, бедам! — қўлини белига тираб, кўзи билан узоққа ишорат қилиб деди Ёрмат. — Ҳафсалангиз бўлса, беданани шунда тутинг-да.
— Йўнғичқа сизникими? Ёш экан ҳали, жуда бақувват ўсибди. — Ёрматга қараб деди Йўлчи”.
“Зарифахоним тарҳини чизган, Ойбекка жуда ёққан шийпон кўринмаяптими”, дейсизми. Мана, ўша машҳур шийпон: “Ёз кечаси қисқа. Йўлчи бир чимдим ухлаб, бегона жойга ўрганмаганиданми, кўзини очаркан, тонг отган эди. Ҳаво салқин ва тоза. Унда-мунда қушлар сайрайди. Йўлчи ўрнидан турди, ариқда юз-қўлини ювиб, ташқари саҳнида бир оз кезди. Меҳмонлар шийпонда шоҳи, атлас, адрас кўрпаларда, бошларини оппоқ ва юмшоқ ёстиқларга кўмиб ухлайдилар… Майин тонг шабадаси ранг-баранг гулларни секин тебратиб, атирларини ҳар ёққа сочади”.
“Қутлуғ қон” романи структурасини мукаммал ўрганган мутахассис асардаги биринчи семиотик марказ Мирзакаримбой боғи тасвири эканини англаб етади. Ойбек боғни тиниқ, аниқ, ишонч билан тасвирлайдики, шу жойни билмаган, кўрмаган одамда бунчалик тиниқ, қатъий матн сира пайдо бўлмас эди. Илк семиотик марказнинг бошланиш қисми, табиийки, романнинг илк саҳифалари, Йўлчининг “Тўпқайроғочга кириб, Жаббор кўса чойхонасида чой ичиши, атрофини синчковлик билан кузатишидир. Ҳар қандай катта асарнинг бошланиши, иложи борича, китобхонга кўп “вазифа бериш”ни тақозо қилади. “Қутлуғ қон” романи саратоннинг сариқ кунида (“ҳамма ёқни олов сели тўлдирган”, “ҳаво аллақандай оқ аланга билан ёнгандай”, “куйиб ётган билқ-билқ юмшоқ тупроқ”) “иссиқда, совуқда обдон пишган”, “баданидан куч ёғилиб турган” Йўлчининг чойхонага кириб келиши, “чувак юзли, эти суягига ёпишган, жиккак… ғирт кўса” самоварчининг дийдиёларига эътибор қаратиши, “куннинг даҳшатли ёнувига қарамай, қалин, қора жун чакмонга ўралган бир қозоқнинг… минут сайин… самоварчига… “Шилимни узат!”, дея буйруқ бериши сингарилар билан бошланади.
Самоварчи Йўлчига қарата:
— Роса мучанг бор экан, иним. Баданингдан куч ёғилиб турибди-я. Қаерликсан, сайрамликми? — дейди. Шу заҳоти у бирдан шанғиллаб қолади: “Ҳой, аравакаш бола, отингни торт, нақ тезагини дўппингга солиб бераман!”…
Деворга суянган лоқайд қозоқ, “…сайрамликмисан?” — дея сўрашиши, “тезакни дўппига солиб бериш” пўписаси-биографик метод нуқтаи назаридан аҳамиятли. Воқеа Тошкентнинг шимол тарафида, қозоқларга яқин жойда, қишлоқда (от, эшаклар тезаги) рўй бераяпти. Романдаги воқеалар ёзувчи Ойбек ёзда дам оладиган, яшайдиган Оқота қишлоғи атрофида кечаяпти. Кўринадики, романнинг бошланиши биографик, топонимик, этник маълумотларга бой. Бадиий асарнинг ҳартомонлама сержозиба, маълумотларга бой, деталларга сероб бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Қизиғи шундаки, орадан 15-20 кун ўтиб Йўлчи яна гузарга — ўша таниш икки чойхона, қассоб дўкони, баққол дўконига чиқади. Энди гузарни ҳам, ён-атрофни ҳам Йўлчи бошқача кузатади. Бу гал унинг диққатини баққол билан ижара аравасининг гупчаги сингани боис қовунини шаҳарга етказа олмаган деҳқон орасидаги савдо муносабати жалб қилади. Қизиқки, бу гал Йўлчи на Жаббор кўсага, на чойхонадаги кишиларга эътибор беради. Уни жиддийроқ муаммолар комига торта бошлайди.
Ижод жараёни юрилмаган йўл бўйлаб боришга, аниқроғи, тунда автоуловни бошқариб бораётган ҳайдовчи юмушига ўхшайди. Ёзувчи асари ғоясини, қаҳрамонлари тақдирини билади. Лекин уйдаги гап кўчадагига тўғри келмайди, дейилганидек, йўл-йўлакай бир қанча масалаларни ҳал қилиб боришга тўғри келади. Ёзувчи, ўзи истамаган ҳолда, янги персонажларни киритишга, айрим ҳолатларни беришга, янги воқеаларни тасвирлашга мажбур бўлади. “Қутлуғ қон”даги бир персонаж, масалан, Йўлчининг иниси Қурбон бойда корандалик қилаётганини айтади. Суҳбатларнинг бирида Унсин тасодифан Эргаш акасини эслаб қолади. “Улуғ йўл” романида эса Йўлчининг иниси Элмурод номи билан китобхонга таништирилади. Гап, албатта, персонажларнинг номида эмас, асар сюжетидаги ўрнида, бош ғояни ёритишдаги вазифасида. Лекин моҳир санъаткор ҳар бир деталга, ҳар бир ҳолатга эътибор қаратади.
Бадиий асар яратаётган ёзувчи табиатни тасвирлайдими, ҳолатларни кўрсатадими, диалогларни берадими, қаҳрамону персонажларга ном қўядими, эмин-эркин ҳаракат қилади. Лекин структура системаси, матндаги ҳар бир ифода, ишора ўз мантиқи, мазмунига эга бўлиши керак. Бошқача айтганда, асарга биографик ёндашилинадими, синчиклаб таҳлил қилинадими, у бошқа тилларга ўгириладими, матндаги ҳар бир белги ўз мазмунига эга бўлиши шарт.

Абдуғафур Расулов,
филология фанлари доктори, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 22-сонидан олинди.