«Бўстон» жамоа хўжалигига телевидениедан деҳқонлар ҳақида кўрсатув тайёрлаш учун келишди.
Хўжаликда ер билан тиллашадиган кишилар кўп экан. Улар орасидан бир кам етмиш ёшли Хўжавой миробни танлашди. Ёшига нисбатан эпчил ва чаққон бу қорамағиз одам андак асабий экан, «Йўқ, кинога тушмайман, мен артист эмасман. Далада ишим кўп» деб туриб олди.
Кўпчилик бўлиб аранг кўндиришди.
Бошига «Голливуд» деб ёзилган оқ шапка кийиб олган режиссёр йигитча олифта ҳаракатлар билан қўлларини силкиб, суратга олиш жараёнини батафсил тушунтирди. Видеокамерани елкасига қўйиб олган оператор, микрофонини худди балиқчиларнинг қармоғидек чўзганча турган овоз ёзувчи, сатҳига зарқоғоз ёпиштирилган тахтасини судраб юрган ёритувчи ва бошқа ёрдамчилар ишга киришиб кетишди.
Аксига олиб деҳқон буванинг соқоли ўсиб кетган экан, суратга олишни тўхтатиб, сартарош чақиртиришга тўғри келди. Сартарош бола тажрибасизроқ экан, Хўжавой миробнинг башарасини уч-тўртта ерини кесиб олди, кейин пахта «экиб» чиқди. Буни кўрган режиссёр «Чўрт побери!» деб бақириб юборди. Телевизорчилар ўзлари билан ҳар эътимолга қарши гримчи олиб келишган экан. Ниначидеккина сатанг қиз бирпасда деҳқон бобонинг юзини «текислаб» қўйди.
Сценарий бўйича Хўжавой мироб дала бўйлаб ўтиб келиши, йўл-йўлакай тўхтаб, теварак-атрофга чексиз фахр ва ғурур билан қараб қўйиши, кейин бир кафт тупроқ олиб завқ билан ҳидлаши энди ниш ура бошлаган ғўзаларга меҳр билан тикилиб қолиши керак экан…
Хўжавой мироб «бунақа қилиқларни қилолмайман» деганига қарамай, съёмка бошланди ва шу заҳоти тўхтади.
Деҳқоннинг чанг-чунг этиги, бошидаги эскириб кетган дўпписи, эгнидаги яктаги кўрсатув рассомига тўғри келмади.
Деҳқон бува «йўқ, мен далада шунақа ишлайман, ростини олаверинглар» деб туриб олди. Ахийри бўлмади. Жамоа хўжалигининг раиси яп-янги костюмини, кимдир кўйлаги билан галстугини, яна кимдир туфлисини ечиб бериб, Хўжавой миробни куёвболадек кийинтириб қўйишди.
Тасвирга тушириш юракни сиқадиган иш экан. Хўжавой мироб беш-ўн марта қайта-қайтадан даланинг у бошидан, бу бошига бориб келди. Уззукун кетмон чопгандек қора терга ботиб кетди.
Ниҳоят, съёмка тугади. Хўжавой мироб вақтини олганлари учун тўнғиллаб жомакорларини кийиб олди. Костюм-шим, туфлию галстук эга-эгасига қайтарилди…
Энг қизиғи, бир ҳафтадан кейин юз берди.
Қишлоқдагилар «Хўжавой миробни телевизорда кўрамиз» деб хурсанд бўлиб юргандилар. Бўлмади. Маълум бўлишича, ўша куни кассетанинг тасмаси айланмай қолган экан. Узр сўраб, «яқин кунларда бориб қайтадан съёмка қиламиз», дейишибди.
Буни эшитиб, Хўжавой мироб даланинг чекка-чеккасида бекиниб юрган эмиш…