Бахтиёр Исабек 1945 йилда Қозоғистон Республикасининг Чимкент вилояти, Султон Работ қишлоғида туғилган. 1961-1966 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги педагогика университети) тарих-филология факультетини тамомлаган.
Илк меҳнат фаолиятини 1966 йили Ўзбекистон Фанлар академиясида лаборант сифатида бошлаган. 1968-1993 йилларда собиқ ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да ўқитувчи ва доцент лавозимларида фаолият юритган.
Унинг илк китоби 1984 йилда Иристой Қўчқортоев билан ҳамкорликда ёзилган ва нашр этилган “Туркий филологияга кириш” қўлланмасидир. 1995 йилда “Сайрам” рисоласини, 2006 йилда эса Қозоғистондаги ўзбек мактабларининг 10-синфи учун “Ўзбек тили” дарслигини ёзган. Шунингдек, “Султон Работ”, “Эрк йўлида”, “Туркологияга кириш”, “Қизиқарли она тили”, “Ўғузнома”, “Яссавий ҳикматлари луғати” каби ўнлаб асарлар муаллифи ва “Яссавий насабномаси ва Амир Темур” китобига сўзбоши ёзган.
Бундан ташқари, Туркистон ва Марказий Осиё бўйича тарихчи ва шарқшунос олим Боймирза Ҳайитнинг “Туркистон Россия ва Хитой оралиғида”, Фуод Кўпрулунинг “Турк адабиётида илк мутасаввифлар”, Лев Гумилёвнинг “Қадимги турклар” асарларини ҳамда қозоқ ёзувчиси Ўлжас Сулаймоновнинг “Аз и Я” китобини ўзбек тилига таржима қилган.
Олимнинг шу кунга қадар бешта илмий асари ва 200 дан ортиқ мақолалари чоп этилган. У Маҳмуд Қошғарий номидаги халқаро мукофот соҳибидир.
Бахтиёр Исабек 2025 йил 9 ноябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

