Ойбек Барзиев. Мавлоно Лутфийни элга элга танитган олим

Фарғона водийсининг илк илмий тадқиқотчиси, биринчи аспирант ва фан доктори, профессор Содирхон Эркинов 1930 йил 30 январь куни Риштон туманининг (Рошидон) қишлоғида  хизматчи оиласида  таваллуд топди. Отаси  Абдуҳаким ака бадиий адабиёт ва сўз санъатига ошуфта қалб эгаси бўлиб, «Эркин» тахаллусида шеърий машқлар қилган. У Риштон туманидаги адабий йиғинлар ва давраларни иштирокчисига айланган. Шу билан бирга илк бор қишлоқ аҳолисининг эътиборини қозонади.

Содирхон Эркиновнинг ўсмирлик паллалари машъум Иккинчи жаҳон урушининг даври ва сиёсатига  тўғри келади. У ҳали балоғат ёшига етмай туриб, турмушнинг оғир синовли йилларида елкасига осиб олган чарм сумкасидаги хабар ва мактубларни кўтариб олган ҳолда почтачилик хизматида ишлайди.Ўзи туғилиб ўсган шлоқ аҳолисига фронтдан, уларнинг яқинларидан  келган хатларни ўқиб бериб, кимларнидир қувонтирса, баъзан “қора хатлар”ни ҳам эгаларига етказишдек оғир вазифаларни бажариш бу ўсмирнинг масъулияти саналарди. Иккинчи жаҳон уруши поёнига етгач, у почтачилик касбини ташлаб, тумандаги 1-ўрта мактабнинг 10-синфини аъло баҳоларга битиради.

Ўз ижодини пухта ўзлаштириш ниятида Фарғона давлат педагогика институти (ҳозирги Фарғона давлат университети)нинг тил ва адабиёт факультетига ўқишга ҳужжат топширади ва институти талабаси бўлади. Талабалик йилларида ХХ аср ўзбек адабиётининг машҳур ижодкорлари —  Ғафур Ғулом, Шуҳрат, Ҳамид Ғулом сингари шоир ва ёзувчилар ҳамда олимлар билан бўлиб ўтган адабий учрашувлар унинг ижод қилишга иштиёқини янада оловлантиради.

Илк бор ижод оламига кириб келишини  “Мен устоз Бокий (Мирзо Абдулла Насриддинов), Тўхтасин Зоҳидовдан шеърият ва илм сирларини ўргана бошладим. Институтда ўқиб юрган пайтларим кекса доцент Акрам Иброҳимов менга ўта меҳрибон эди. Қўқон педагогика институтига келганим ва Муқимий уй-музейига раҳбар бўлган кезларимда Ином Расулов ҳамда шоир Чархий менга илм ва адабиёт сирларини ўргатдилар. Шу музей ходими шоир Чархий билан ҳамкорликда шеърлар ёзишимиз эсимда”, дея эслайди.

Институтни тугатгач, ёш филолог кадрга Қўқон пединститутида фаолият юритиш учун тавсия берадилар.1953-1956-йилларда М.В.Ломоносов  номидаги Москва давлат университетининг аспирантурасида таҳсил  олади. 1958 йили Тошкент давлат Шарқшунослик институтида  “Лутфий ва унинг “Гул ва Наврўз” достони” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилади. Ҳимоядан сўнг ёш олим Қўқонда илмий-педагогик фаолиятини давом эттиради. Шундан сўнг таниқли адабиётшунос олим Азиз Қаюмовнинг саъй-ҳаракатлари билан мазкур шаҳарда “Адабиёт музейи” очилади, унга олим мудирликка тайинланади.

Ёш олим илмий ишларини давом эттириш учуноиласи билан Қўқондан Тошкент шаҳрига кўчиб келади. Академик  Иззат Султон унга докторлик диссертацияси ёзишни маслаҳат беради.

1950 йиллар. Чапдан Чархий, Муқимийнинг жияни Рўзимуҳаммад, фолклоршунос олим Охунжон Собиров ва Содирхон Эркинов

Содирхон Эркиновнинг илмий фаолияти ўтган асрнинг 50 йилларидан бошланиб, бу даврда ўзбек ва тожик адабиёти бўйича қатор мақолаларини эълон қилади. У ғазал мулкининг султони, ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, “малик ул-калом” (“сўз подшоси”) —  Мавлоно Лутфий асарларини ўзбек ва рус тилларида нашрга тайёрлаб, кенг китобхонларга тақдим қилади. Ушбу нашрлар учун ёзилган сўзбошиларда ва илмий тўплам, журналларда чоп этилган мақолаларида Лутфий асарларининг мазму-моҳиятини янада чуқур бойитиб, шоирнинг ижодий концепциясининг шаклланиши, камол топиш босқичларини қайтадан инкишоф этди. Бу ишларнинг самараси сифатида 1965 йилда унинг «Лутфий» номли монографияси чоп этилди.

Содирхон Эркинов Тил ва адабиёт институти томонидан нашр эттирилган беш жилдлик “Ўзбек адабиёти тарихи”нинг муаллифларидан саналади. Рус тилидаги икки томлик “Ўзбек адабиёти тарихи” тадқиқоти учун ҳаммуаллифликда Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлади.

Олим кўп йиллар давомида Шарқда “Фарҳод ва Ширин” қиссасининг шаклланиши, унинг ўзбек, тожик, озарбайжон, ҳинд, турк ва бошқа халқлар адабиётидаги ўрни масаласи устида жиддий изланишлар олиб борди. 1971 йили «Фан» нашриёти томонидан “Навоий “Фарҳод ва Ширин”и ва унинг қиёсий таҳлили” номли катта тадқиқотининг натижаси бўлган монографияси чоп этилади.

Содирхон Эркинов монографиясида  Алишер Навоийнинг машҳур “Фарҳод ва Ширин” достони, унинг  Шарқ адабиётидаги  «Хамса» анъаналари асосида ёзилганлигини илмий жиҳатдан асослаб, уни форс-тожик,  озарбайжон, уйғур ва турк адабиётларида ўзига хос талқин қилинган Фарҳод образи билан  қиёслаган ҳолда тадқиқ қилади. Шу билан бирга муаллифнинг бу мавзуни  ёритишдаги бетакрор бадиий  маҳоратини ифода этади ва қардош миллатлараро  адабиётлар ўртасида  азалдан  давом этиб келаётган ўзаро адабий алоқаларни ҳам анча  кенг бўлган тасаввур имкониятларини очиб беришга ҳаракат қилади. Монографияда ушбу  масала асосий мавзу сифатида қўйилади. Асарда Навоий анъаналарининг кейинги давр адабиётидаги ўрни масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Китоб нашр этилгач, ўзбек ва Шарқ адабиёти мутахассислари билдирган холис фикрлар, тавсиялар асосида ўз тадқиқотини тўлдириб, 1974 йилда “Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони ва уни қиёсий ўрганишнинг баъзи масалалари” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Олимнинг бу мавзудаги тадқиқотини таниқли адабиётшунос олимлар В.Зоҳидов, И.Султонов, А.Қаюмов, А.Ҳайитметов  шунингдек, озарбайжонлик машҳур профессор Ҳамид Арасли юқори баҳолайдилар.

Олимнинг илмий фаолиятида ўзбек адабиётининг Шарқ халқлари адабиётлари билан алоқаларини яқиндан танишиш ва тадқиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. У  Шарқдаги машҳур хамсачилик анъанасининг Навоийгача бўлган тарихи, Навоий «Хамса»си анъаналарининг кейинги Шарқ адабиётида давом эттирилиш мавзуси бўйича муттасил шуғулланиб келди.

Унинг 1977 йилда чоп этилган “Асрлар оша мушоира”, 1985 йилда нашр этилган “Шарқ адабиётида Фарҳод қиссаси” китоблари ҳам ушбу масалаларнинг қўйилиши ва уларни ҳал этишдаги илмий таҳлилнинг ўзига хос жиҳатлари илмий  асосланганлиги билан ажралиб туради.

1982 йили Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институти ташаббуси билан Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти томонидан нашрга тайёрланган “Асрлар нидоси” (Мумтоз ўзбек адабиётидан намуналар) номли тўплам (мажмуа)нинг чоп этилишида бош муҳаррирлик қилди. Олим мазкур мажмуанинг халққа тақдим қилинишида адабиётшунос олимлар Воҳид Зоҳидов, Азиз Қаюмов, Абдуқодир Ҳайитметов, Суйима Ғаниева ва Ваҳоб Раҳмоновлар билан ҳамкорликда ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндалари ва миллий уйғониш даври вакиллари, жами 30 дан ортиқ ижодкорларининг поэтик меросларини саралаб уларни чоп эттиришда алоҳида жонбозлик кўрсатди.

Илм ўзлаштириш йўлида муттасил изланишда бўлган олим узоқ йиллар мобайнида Тил ва адабиёт институти матншунослик бўлимига раҳбарлик қилади. У Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг тўрт томлик, Ҳамид Олимжоннинг ўн томлик “Мукаммал асарлар тўплами” академик нашрларида ҳам ношир, ҳам муҳаррир, ҳам таҳрир аъзоси сифатида фаол иштирок этади.

Олим 1960 йилдан то 2007 йилгача ЎзФА Тил ва адабиёт институти ҳузуридаги докторлик диссертациялари ҳимояси бўйича Ихтисослашган илмий Кенгаш аъзоси вазифасини бажариб келди. У Тил ва адабиёт институти илмий, ижтимоий  жараёнларида фаол қатнашиб, бир неча аспирантга илмий раҳбар, докторлик ва номзодлик диссертацияларида расмий оппонентлик қилди. Олим ўзининг зийрак кузатувчанлиги ва камтаринлиги, меҳнатсеварлиги, ёш илмий изланувчиларга дўстона муносабатлари билан юксак эҳтиромга сазовор бўлди.

Содирхон Эркинов турмуш ўртоғи Латофатхон ая Абдулҳай қизи билан тўрт фарзандни намунали қилиб вояга етказдилар. Уларнинг фарзанди Афтондил Эркинов ота изидан бориб, юксак мумтоз адабиёт билимдони сифатида профессорлик унвонига эга бўлган ўзбек адабиётини жаҳонга танитиб келаётган олим саналади.

Умр йўлининг барчасини илмий фаолиятга қаратган Риштон туманидан етишиб чиққан илк аспирантнинг профессорлик унвонигача амалга оширган ишлари, адабиётшунослик йўналишида қўлга киритган ютуқлари бугунги кун ёш олимлари учун  ўзига хос ибрат сифатида ёдга олинади.

Ойбек Барзиев,

Фарғона давлат университети доценти,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори