Бекорчиликданмас, ишим кўплигидан қўлим ишга бормай, ёнбошлаб ётибман. Эринчоқлигим эмас, куюнчаклигим сабабли ташвишлар кўпайиб, оёқ-қўлим боғланган. Ишининг кўзини билмайди, дейишади мени. Нима қилай, мен қилмоқчи бўлган ишларнинг кўзи йўқ.
…Даладаги шолини янчиб олганимизга бир ҳафта бўлди. Сомонига ҳали қўл текизмадик.
Чел-чебирда ўт кўп-у, уйда сигир очлигидан додов* турибди. Уни далага етаклаб кетмоқчи эдим. Қарасам, бўйнидаги ип титилиб кетибди. Ҳовлини айланиб бир қарич ҳам ип тополмадим. Ўтган йили ўн қулоч арқонни қаерга бекитганимни эслай олмай, ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб юбордим. Ҳай, майли дедим-у сигирни қозиқдан бўшатмоқчи бўлдим. Ип тугун бўлиб қотиб қолган экан. Уни омбурсиз ечиб бўлмасди. Омбурни кеча сўраб олиб кетган қўшнимиз уйида йўқ экан. Пухталигим доим ўзимга панд беради. Сигирни қозиққа маҳкам боғлаган ўзим эдим.
Сомон олишга борай десам паншаха синиқ. Уни олиб пайвандчиникига бордим. Пайвандчи ток йўқлигидан устахонасини қулфлаб, сомон олгани кетибди. Сомон мавсумида қўшнилардан паншаха сўраш бефойда. Уларнинг ўзлари менинг паншахам бут бўлишини пойлаб юришибди.
…Сомонсиз қолсак – чатоқ.. Нечта молинг бўлса, шунча арава сомон олиш лозим. Кузда трактор билан бир арава сомон келтирсак, баҳорда унинг чиқиндисини бир арава қилиб чиқариб ташлаймиз.
Шу йил баҳорда мол арзон, ўт қиммат бўлиб, тракторнинг тиркама аравасига ҳакканинг уясидай қилиб юкланган сомоннинг баҳоси 200 мингга чиқиб кетганида, 200 минг сўмга бир ғунажин олган эдим. Ҳаром ўлгурнинг шу кунгача еган сомони ўзининг баҳосидан ҳам ошиб тушди. Ҳозир шуни бозорда 200 мингга олмайди. Шундай қилиб у ўзини ўзи аллақачон еб қўйди. Яхшиям сомон бизда деҳқончилик.
… Нима иш қилсам экан, деб ҳовлини айланиб, боққа чиқдим. Анжир, анорларни ўраб кўмиш учун қамиш ўриб келмоқчи эдим, сувэтик тешик экан. Бунинг устига ёз бўйи офтобда қолиб титилиб кетаёзибди. Энди уни яматишдан фойда йўқ.
Бугунги ишларнинг ҳаммасидан воз кечиб, қўлимни ювиб қўлтиғимга суртмоқчи эдим, дастшўйда сув йўқ.
Кўчадан ҳамма шошиб ўтар, тузукроқ саломлашишга ҳам вақтини қизғанарди. Бошим гаранг бўлиб турганда қадрдон ошнам келиб қолди. Қўшни қишлоқдаги жанозага бориш учун унга велосипед керак экан. “Велосипедни пахта тергани далага хотиним миниб кетди”, дедим.
– Уф!- деди у .
– Келганингиз яхши бўлди — дедим, қўшадиган одам топилганидан хурсанд бўлиб. Юзларини ажин босган, яқинига борса мол ҳуркадиган қаримсиқ улфатим шу дамда кўзларимга чўғдай босилди. – Айни вақтида келдингиз.
Газагига битта пиёзни иккига бўлиб, икковимиз битта шишани бўшатдик. Улфатим ҳаваскор ашулачи эди. Сўнгги пиёлани қўлига олганида шунақанги куйладики, у ҳеч қачон ҳозиргидай ёқимли куйламаганди. Мен ҳам ҳеч қачон бугунгидай яйраган эмасдим.
– Келганингиз яхши бўлди, – дея оёқ-қўлларимни узатиб чалқанча ётиб эснадим. – Куни бўйи беҳудага калла қотирибман-ов. Сигирни далага олиб борганим билан, барибир, чириган ипни узиб пахтага тушиб кетарди. Сомонга бормай тўғри қилдим. Бугунгидай шамолли кунда сомон олиб бўладими?
– Бугун жанозаси ўқилган одамнинг қанча ишлари қолиб кетди экан-а, – деди улфатим бошини чайқаб.
Оғзимиз сўзга қовушмаса ҳам, борган сари гап-гапга қовушарди…
…Ёстиқни кўкрагига босганча кўзи илинган шеригим бир пайт бошини кўтариб, ботаётган офтобга қаради-да, сапчиб ўрнидан турди. Нимадир бирдан эсига тушди, шекилли, “ҳай-ҳай”лашимга қарамай, ҳар оёғи ҳар ёққа тушиб югургилаб кетди.
Лекин у негадир уйига эмас, бошқа томонга қараб кетди.
____________________________
* Додов туриш – ёш боланинг оёқда зўрға туриши.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2023 йил 41-сон

