Хўжагелди Култегин (1960)

Хўжагелди Култегин (Кожогелди Култегин) 1960 йил 18 февралда Қирғизистоннинг Қорагулжа тумани Алайку овулида туғилган. Замонавий қирғиз шоири, драматург, таржимон, жамоат арбоби, Алиқул Осмонов номидаги мукофот лауреати. Қирғиз Республикаси халқ шоири (2016), Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби (2004).

ОЙЖАМОЛ

Кечанг Ойдир, кундузинг Қуёш,
Югуради юрагим бедор.
Сен яшаган ерда, қаламқош,
Юрганимдан менинг бахтим бор.

Ҳамиша қилганман сабр-тоқат,
Кимлар устимдан кулса ҳам.
Оҳ, нақадар ёқимли фақат,
Қош чимириб боққанинг, санам.

Ноз қилиб юрарсан, нега ер
Сени кўтариб қочмас, ҳайҳот.
Кўнглингни ҳеч оғритмай дер,
Сени ҳамма айлар эҳтиёт.

Ширинсан, оҳ, ухлаб ётганда,
Боқсам, юракларим ўртанар.
Фаришта музқаймоқ тотгандек
Лабларинг бир ширин тамшанар.

Осмонларда учгай хаёлинг,
Ерда қалбга ғавғо соларсан.
Ҳеч шубҳасиз ҳусни жамолинг
Кўзларимда кўриб қоларсан.

Кечанг Ойдир, кундузинг Қуёш,
Югуради юрагим бедор.
Сен яшаган ерда, қаламқош,
Юрганимдан менинг бахтим бор.

ОЛИСДАСАН

Юрагимга ютаман-да… ўкинаман,
Ва айтаман дардли-дардли ғазалларни.
Мендан жуда олисларда бўлганингда
Ёқтирмайман ёнимдаги гўзалларни.

Узоқ жойлар бари менга ўру қирдир,
Гўё пастга эгиб бошин ўқийди шеър.
Ва тескари қўйилган бир соат каби
Сир яширар, дунёда энг қимматли – сир.

Йироқман-у, мастман сочинг ифоридан,
Йироқман-у, хаёлимда дудоқларинг.
Яширсанг ҳам кўрпачангнинг орасига,
Кўринади менга ҳарир пайпоқларинг.

ТИЛАК

Қоғоз билан қалам каби маслаги бир,
Олиб келган хазинаси – маблағи бир,
Қўл-оёғи йўлдош икки ёшни, бироқ
Қўймасайди сўқир турмуш оқсатиб, оҳ.

Кўр – турмуш не? У қаққайган икки жон-тан,
Кўкни, оқни ва қорани аямаган,
Икки оёқ ясаб олиб эр-хотиндан,
Нима бўлса шуни тепган, тепалаган.

Тирикчилик деб суриниб йиқилса ким,
Турмуш деган уни эзиб енга бошлар.
Оёқларни бир юк тортиб турса доим,
Бир-бирига бефарқ, лоқайд бўла бошлар.

Ҳаёт-турмуш икковига йўл берсайкан,
Оёқ эмас, елкасида ўйнолсайкан –
Яшай олган ҳамда яна яшай билган,
Меҳрибон, жафокаш қўл бўлсайкан.

ЎЙЛАГАЙСИЗ БУ ДУНЁНИНГ КАМИНИ

Чингиз Айтматовга

О, Сиз каби тошбағир инсон бўлмас,
Аямайсиз китобхоннинг юрагин,
Шунақа ҳам ёзасизми дард-ғамни?!
Ҳой, бас қилинг, тўхтанг, ахир, бешафқат.

Яраларин тирнаб, тилиб одамнинг,
Маддаларин ёриб ташлаб юракнинг
Бу дунёни даволашни истайсиз.
О, Сиз каби саховатли инсон йўқ,
О, Сиз каби кароматли инсон йўқ.

Ёзганингиз ҳақиқат, ҳам афсона,
Юлдуз мисол порлаб турибди, ана,
Сиз кашф этган рост сўз ҳақиқат бўлиб.
Қиёфангиз жаҳоннинг кўз ўнгида.

Сўзингиздан турибди нур ёғилиб,
Қадимдаги эртак қаҳрамонидек
Бир асрингиз татигайдир бир кунга,
Бир кунингиз татигай бир асрга.

Сиз дунёни кашф этганда илк бора
Дунё сизни кашф этган каби гўё,
Сиз дунёдан ҳайратланганда илк бор
Сиздан ҳайратланди чиндан бу дунё.

Сиз дунёни меҳр билан сийлайсиз,
Ҳамдардликдир ёзувчининг матлаби,
Инсоният орзусини куйлайсиз.
Кенжа ўғлингизни ўйлаган каби
Бу дунёнинг келажагин ўйлайсиз.

ЎШ

Уч мингга кирган ўткир шаҳар,
Севгим изҳор этдим саҳар.
Ёнори билан ёнгим бор,
Анори билан унгим бор.

Йигит-қизлар қўл ушлашиб,
Оқ-Бура оқар ишқи тошиб.
Ким чиқса Тахти Сулаймон,
Юзга чиққандай беармон.

Тоғсиз шаҳарда армон бор,
Тоғли шаҳарда унвон бор.
Ажралмасдир Қирғиздан Ўш,
Қирғиздай дўст-қадрдон бор.

Нақадар буюк тоғлари,
Нақадар сахий боғлари.
Меваси мўл боғдай эл
Эгилиб кўришган чоғлари.

Айланиб Ўшнинг бозорин,
Кечдим асрлар гузарин.
Қовун билан нон ҳидидан
Ҳис этдим жаннат хабарин.

Дўстга дўстни хеш кўрдим,
Қардошликни хуш кўрдим.
Шаҳардан тоққа учган
Гала-гала қуш кўрдим.

Йигит-қизлар қўл ушлашиб,
Оқ-Бура оқар ишқи тошиб.
Ким чиқса Тахти Сулаймон,
Юзга чиққандай беармон.

Қирғиз тилидан ўзбек тилига Ғайрат Мажид ўгирди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 35-сон