Матлуба Юсуф Охун. Қўшнилар (ҳикоя)

– Жонга тегдинг сен бола, ҳозир бир нима қилиб қўяман. Йўқол кўзимдан, қаро ернинг тагига кириб кет!

Комилжон ота бош чайқди.

– Шу хотинга эс кирмади, кирмади-я!

Ерсупа устида мош тозалаб ўтирган кампири пинак бузмай, қўл силтаб қўйди.

– Ота йўқ, Россияда.

– Ҳамма ҳам шу, аммо ҳеч кимнинг овози буникидек чиқмайди.

– Аввал ойда-йилда жўнатиб турган пулиниям жўнатмай қўйибди, рўзғор ғор – аламини кимга сочсин?

– Эри нимага дом-дараксиз кетганини билсин эди.

– Буни биламан дейдиган ҳали дунёга келмаган.

Комилжон ота ўрнидан қўз­ғалди.

– Сизнинг нима ишингиз бор?

Комилжон ота кампирининг гапига эътибор бермай, чиқиб кетди.

Қўшни дарвоза олдига борди. Бировнинг эшигини дабдурустдан очиб кириш ноқулай-да. Бўлмаса, мана шу қўшнисининг катталарини ҳам билади, танийди, бу учинчи авлод бўлса кераг-ов шу ҳовлида яшаётган. Яхши-ёмон кунларда кирди-чиқди қилишади, ўртада бегоналиги йўқ. Энди эса…

Шу чоқ дарвоза даранглаб очилиб, аввал ўн икки ёшлар чамаси бола отилиб чиқди, ортидан қўлида кетмон сопи билан сочлари тўзғиган аёл.

– Ҳай, ҳай, қўшни, – Комил­жон ота шошиб қолди. – Кап-катта йигитни қувлаб юрганингизни қаранг-а!

– Жонимдан тўйдирди, сў­лақ­мон­дай бўлиб бир ишнинг бошини тутмай жонимни эговлагандан кейин, урмай нима қилай?!

Бола қочиб кетди.

– Нариги маҳалладаги Мамаш бангини танийсизми? – деди Комилжон ота.

– Йўқ.

– Қурама кампир дегани бўларди, нуқул устига қуроқдан тикилган кўйлак киярди, кўрганмисиз?

– Ҳа…

– Шунинг боласи-да, Мамаш банги!

Кароматхон унинг менга нима алоқаси бор, дегандек тумшайиб ер остидан қаради.

– Шу бола нега банги бўлиб, ҳамма ёғини сотиб, онасини ажалидан беш кун бурун ўлдирганининг сабабини биласизми?

– Йўқ.

– Туғилганидан то катта бўлгунча нуқул қарғиш эшитгани учун!

Кароматхон “ялт” этиб отага қаради.

– Бунинг менга нима дахли бор?

Унинг шартакилигидан отанинг жаҳли чиқди. Аммо ўзини босди.

– Уч болангиз бор, шунча меҳнатингиз бир кун тескари кетмасин десангиз…

– Худойимнинг айтгани бўлади, – тўнғиллади қўшни аёл.

– Апатига шапати, – Комилжон отанинг жаҳли чиқди. – Бугун сиз қарғаяпсиз, эртага улар қарғаганда ўзингизни ўзингиз юласиз, аммо фойдаси бўлмайди. Феълингизни ҳозирдан ўзгартиринг…

– Сизларга насиҳат қилиш жа осон-да, – аёл баланд келди. – Ўзи ўлар бўлсам ўлиб бўлдим, бу ҳаётдан.

Қўшни аёл уйга кириб кетди.

Комилжон ота ноқулай аҳволда қолди. Ортга қайта бош­лади.

– Одамларга нима экан, менинг оғзимга хўжайинми?

Ичкаридан қулоғига чалинган овоз уни мулзам қилди. “Қуриб кетсин, ростдан ҳам қарғаса, ўзининг боласи, сасиган ўзининг оғзи, нега келдим?”.

У ўз ҳовлисига қайтди.

Мошни тозалаб бўлган кампир энди гуруч тераётган эди.

– Чиқишингиздан киришингиз тез бўлди.

– Ҳа, шунақа, – минғиллади Комилжон ота.

– Сиз эса маҳалладагиларни тарбиялайман, деб катта кетасиз.

– Бўлди қил…

Кампир индамай ўз ишига машғул бўлди.

Шундан сўнг қўшни ҳовлидан қаҳрли қарғишлару болохонадор сўкишлар эшитилмай қолди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Комилжон отага кўчада қўшни аёл тўқнаш келди. У дувва қизариб, салом берди. Комилжон ота истар-истамас алик олди.

– Ота, ҳалиги куни ўзимни босолмай қолдим… – чайналди аёл. – Бу рўзғор ўлгур одамни жинни қип ташади.

Унинг кўзидан ёш оқди. Тўлиб-тошиб турган экан.

– Қизим, қайнота-қайнонанг ўтиб кетган бўлса ҳам биздек катталар бор бу маҳаллада, – Комилжон отанинг хаёлидан негадир кампирининг “ўзига эн бўлолмаган, бировга бўй бўлипти”, деган гапи ўтди. – Муаммо бўлса, айтгин.

– Раҳмат, ота, – аёл ёшли кўзларини артди. – Ҳозирги замонда биров билан бировнинг иши йўқ, сал дардингни айтсанг, бирга иккини қўшиб ғийбатингни қилишади. Шунинг учун тил келиб дарди ҳол қилолмайсан киши!

– Билсанг, қизим, авваллари менинг ота-онам, сенинг катта қайнота-қайнонанг, яна ўшанча ота-оналар худди бир туғишгандек бир-бирларининг юмушларига қарашарди, топганини бўлишиб ейишарди, – деди Комилжон ота фойдасиз гапларни гапираётганини сезиб қолиб. – Энди бу рўзғор ғор бўлиб ҳаммани букиб қўйди.

Шу чоқ қўшни аёлнинг қарғиш эшитиб қочиб кетган ўғли кўриниб қолди.

– Қани, полвон, бу ёққа кел, – ота уни чақирди.

Бола дарров югургилаб келди.

–Онангни яхши кўрасанми?

–Ҳа..

–Баракалла. Уйнинг эркаги онасини, опасини, синглисини қўриқлайди. Оғирликларини кўта­ра­ди, керак бўлса, уларни ҳимоя қилади.

Боланинг ҳайрон боқиб турган кўзлари чақнаб кетди. Секин онасига қаради. Кароматхон унинг елкасидан тутди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2023 йил 31-сон